Баҳор деворларнинг офтобрўя этакларидан бошланмайди. Баҳор ариқларнинг кунгай соҳилларидан бошланмайди. Баҳор гўристондан бошланади. Илк майсалар мунгли дўппайган қабрлар ёнбошидан униб чиқади. Тўнғич чучмомалар энг аввал сукутга чўмган қабристон устида маюс қўнғироғини чалади. Бағри қон қизғалдоқлар биринчи бўлиб мана шу ерда очилади.
Ким билсин, табиатнинг марҳумлар руҳига йилда бир марта кўрсатадиган марҳамати эҳтимол шудир… Чўғдек ловуллаган қизғалдоқлар, саф тортган гулсафсарлар орасида мармар тошлар кўринади. Оқ мармар, қора мармар, кўк мармар… “Онажон, сизни то абад унутмаймиз”, “Онажон, қилдингиз бизга жон фидо, э воҳ, тақдир сиздан айлади жудо”, “Онажон, хотирангиз қалбимизда мангу яшайди…”
Оқ мармар, қора мармар… Бу сўзларнинг ҳар битта ҳарфига қанчадан-қанча кўз ёши томганини биламан. Эҳтимол булар инсон боласининг ҳаётда айтган энг рост сўзларидир. Фақат… ҳар гал уларни ўқиганда бир нарсани ўйлайман: мана шу сўзларни юрак-юракдан, изтироб билан айтган фарзанд онаси ҳаёт эканлигида қанчалик кўнглини ололди экан? Хотинига қимматбаҳо пўстин олиб бераётганида, онасига бир кийимлик кўйлак қўшиб олиш ёдидан чиқмадимикан? Ўз уйини чет эл мебели билан тўлдириб қўйганида онасига ақалли бўйрадеккина гиламча совға қилишни унутмадимикан? Қизини туғилган кунида атлас кўйлак, ўғлини велосипед билан қутлаганида онасига оддий бир пайпоқ олиб беришни эсидан чиқармадимикан?
Билмадим… Фақат бир нарсани аниқ айтишим мумкин. Мабодо Тангри марҳумларга қайта жон ато қилсаю оналар тирилиб қолса, ҳаёт пайтида меҳр берганми, бермаганми – барибир фарзандларини мақтаб гапирган бўларди. Оналар ҳатто вафотидан кейин ҳам оналигича қолади.
…Баҳор деворининг офтобрўя этакларидан бошланмайди. Баҳор ариқларнинг кунгай соҳилларидан бошланмайди. Баҳор мана шу ердан бошланади. Қабрлар устида қўнғироқ чалган чучмомалар, ловиллаб ёнган қизғалдоқлар оналарнинг фарзандини юпатиш учун тақдим этган чечаклари бўлса ажаб эмас…
Ўткир ҲОШИМОВ
“Дунёнинг ишлари”дан
https://saviya.uz/ijod/nasr/oq-marmar-qora-marmar/