Қўнғироқчали болакай

 – Маъсумани ўзим келин қиламан. Битта-ю битта ўғлим бўлса, у топган қиз бизларга эл бўладими, йўқми? Маъсума ўзимники. Аччиқ гапимниям кўтаради, ширин сўзимгаям талтайиб кетмайди. Боримизни саришта қилади, йўғимизга кўнади, – дерди қисматидан нолиб, ёлғиз ўғлига суяниб қолган она.

Маъфират опа ўғлининг қаршилигига қарамасдан, катта орзу-умидлар билан Маъсумани келин қилди.

Орзу-ҳавасли келинчак дарроз ҳамманинг кўнглидан чиқди. Саҳар туриб, чой қўяди, сўнгра ўзлари яшайдиган кўпқаватли уйнинг йўлагини ташқаригача тозалаб, артиб чиқади. Қайнонаси уйғонганда дастурхонда нонушта тайёр бўлади. Шукур ҳам ўзларининг хонасидан оғзи қулоғида чиқиб келади-да, енгилгина тамадди қилиб, ишига – банкка, “Пенсиягаям бир йилгина қолди”, дейдиган қайнона эса мактабга йўл олади.

Кунларнинг бирида Шукур хурсанд бўлиб, икки қўли тўла бозорлик кўтариб кириб келди.

– Ойижон, мени табрикланглар! – деди қўлидагиларни Маъсумага бера туриб.

– Қандай хушхабар олиб келдинг, болам?

– Мени бўлим бошлиғи қилишди.

– Айланай сендан! – онаси ўғлининг пешанасидан ўпди. – Худоё мартабанг бундан ҳам зиёда бўлсин! Илоё, келинимнинг қадами қутлуғ келган бўлсин!

Орадан кўп ўтмай яна қувонч устига қувонч қўшилди.

Тонг маҳали эди. Февраль, айни қишнинг қанқиллаган вақти. Ташқарида қор, ер музлаган, тарновларда сумалаклар осилиб турибди. Бундай кунларда ишга бориш учун эртароқ ҳаракат қилмаса, транспорт ҳам муаммо бўлишини билган Шукур одатдагидек хотини билан бир пайтда туриб, энди эгнига қалин жемперини кийиб, юз-қўлини ювиш учун хонадан чиқмоқчи эди, жойларини йиғиштираётган Маъсума уни тўхтатди.

– Қаранг, сизга бир нарса айтмоқчи эдим-да… – деди истиҳола билан.

Хотинининг бундай ийманиб, нимадир демоқчилиги Шукурнинг кўнглига бирдан минг хил шубҳа солди.

– Айтавер. Тинчликми?

Маъсума қўлидаги ёстиқ қуроқларини силаганча кўз остидан эрига қаради ва гўё тилини ютгандек жим қолди.

– Қандай айтишниям билмайман…

– Айтавер! – Шукур баттар ҳайрон бўлди. – Нима гап ўзи?

– Менинг шўр олма егим келяпти-да… – Маъсума бу гапни айтди-ю, гўё айб иш қилиб қўйгандек ёстиқларни тахмонга қўйиш баҳонасида бирдан юзини яширди. – Тўғри тушунинг, ҳеч чидолмаяпман…

– Нима?! – Шукурнинг вужудини илиқ бир ҳарорат эгаллади. Гўё ҳозир нимадир қилмаса, қувончдан юраги тарс ёрилгудек эди. У бир лаҳза жойида тек қолди. Сўнгра Маъсумани қучоқлаб олди.

– Вой, бундай қилманг-е… – Маъсума кулиб юборди.

– Ё, Аллоҳ, ўзингга шукур! – деди Шукур ва эшикка қараб юра бошлади. – Мен кетдим, айтган нарсангни топиб келаман!

– Устингизга бирор нима кийинг. Ташқари совуқ!

Шукур эгнига курткасини илди-ю, чиқиб кетди. Маъсума эса жилмайганича қолаверди. Сўнгра бирдан деразани очди ва ташқарига қаради. Шукур энди йўлакдан чиққан эди.

– Юзингизни ювмайсизми?

Шукур жавоб ўрнига “эсим қурсин”, дегандек бошини ушлади ва атрофга боқди. Уй олдидаги из тушмаган ердан қор устини сидириб ташлади-да, совуқ қорга юз-қўлини ювди.

– Вой, жинни… – уни кузатиб турган Маъсуманинг эти жимирлаб кетди. – Шамоллаб қолмаса бўлдийди.

Шундагина Маъсума ташқарининг қанчалар совуқлигини, ўзи ҳам совқотиб кетганини сезди ва эрининг ортидан қўл силкиб, деразани ёпди.

Саҳар чиқиб кетган Шукур юз-кўзи қизариб, қулоқлари узилиб тушгудек бўлиб, тушга яқин икки килогина кўм-кўк шўр олма кўтариб келди.

– Ҳа, болам, саҳар чиқиб кетган экансан, тинчликми? – деди Махфират опа уни кўриши билан.

– Келинингиз… – у Маъсумага қараб жилмайиб қўйди. – Олманг ҳам бор бўлсин. Шаҳарда бирорта бозор қолмади. Ҳаммасини кўриб чиқдим, бунақа шўр олма йўқ. Охири бир деҳқонга илтимос қилиб, уйидан олиб келтирдим.

– Раҳмат… – Маъсума олмаларни бирдан ошхонага олиб ўтди ва битта катта, сувлигини артди-ю, “ғарч” эткизиб тишлади. Олма ҳам шўр, ҳам муздек эди, бутун аъзойи бадани титраб, кўзлари юмилиб кетди. Яна бир тишлаганди, эти жимирлаб, тишларигача музлаб кетди – гўё ниятига етди. Хумори босилгандек бўлди. Яна бир тишлади, аммо энди ундай ҳузур қилмади, танаси яйрамади. Бўлди.

У олмаларни ювиб, дастурхонга қўйди.

– Олингизлар.

– Ўзинг емайсанми? – сўради Шукур.

– Едим, бўлди, – хотиржамлик билан жавоб берди Маъсума.

– А, олма топиб келмасам, мени егудай бўлаётгандинг-ку?

Махфират опа “пиқ” этиб кулиб юборди.

– Ҳа, содда болам-а. Бошқоронғилик дегани шу. Икки тишласа бўлди. Кўнгли жойига тушади. – Кейин ёнгинасида ўтирган келиннинг елкасини силаб қўйди. – Айланай сендан. Энди ўзингни эҳтиёт қилгин. Эрталаб “Шукур қани?” десам, “Ишлари бор экан, чиқиб кетдилар”, дегандинг. Гап бу ёқда экан-да. Худойимнинг суйинтиргани рост бўлсин.

Шу кундан Маъсумага эътибор ўзгарди. Махфират хола ҳатто келинининг эрталаб йўлак ювишини ҳам тақиқлади.

– Болам, икки-уч кунда бир ўзимизнинг эшикнинг олдини тозалаб қўйсанг бўлди. Ўзингни кўп уринтирма. Оғир нарсаларни кўтарма. Ана, бирор нарса керак бўлса, ўзим олиб келаман. Бозор-ўчарни Шукуржоннинг ўзи қилаверади. Кўнглинг нимани тусаса, айт, Шукуржон топиб келади.

Шукурнинг ҳам оғзи қулоғида. Ой туғса ҳам, кун туғса ҳам Маъсумага бўлиб қолди. Хотини айтса-айтмаса ҳар куни қўлида нимадир кўтариб келади. Шифохонага бориб, аппаратга тушгач, туғилажак фарзандининг ўғил эканлигини билганида эса ўзини қўярга жой тополмай қолди.

– Исмини Неъматжон қўямиз! – деди шифохонадан чиқиши билан. – Ахир у Яратганнинг бизга берган энг буюк неъмати-ку!

Эрининг қувончидан Маъсума жилмайиб қўйди. У фарзандининг соғ-саломат дунёга келишини, туғилаётганда қийналиш-қийналмаслигини, унинг қандай чақалоқ бўлишини, қандай кулишларини тасаввур қилар, хаёлан алла айтиб, бешик тебратар ва шуларни ўйлаб, аллақандай завқ туярди. Ҳали исм ҳақида кўп ўйламасди ҳам. Шу сабаб, “Ўзингиз биласиз…” деб қўйди.

 

***

Бахт ҳам эгиз, бахтсизлик ҳам: “Биринчи фарзандимиз ўғил бўлар экан”, деган Шукур билан Маъсуманинг ҳам, “Худойим ол қулим деса, ҳеч гап эмас экан-да”, деб суйиниб юрган муаллиманинг ҳам қувончи узоққа бормади. Туғруқхонада туғилган гўдак ўзининг дунёга келганини билдириб жар солиб йиғламади, туғруқхона деворларида бола йиғиси акс-садо бермади. “Балки қоғоноқ суви ютгандир…” деб ўйлаган врачлар унинг оғзига резина ичак тиқиб, иллатларни чиқариб ташлади, ҳатто чақалоқни тескари қилиб, кетига ҳам секингина шапатилашди, аммо гўдак қаттиқ товуш бермади, фақат ожизгина “инг-инг” қилди.

Маъсума доянинг бу ҳаракатларини кўриб турди, аммо ҳеч нарсани тушунмаётгани учун индамади – ўзи билан ўзи эди. Аммо палатага ўтганидан кейин хавотири ошди.

– Бу нимага йиғламайди, ойи? – деб уни кўргани кирган қайнонасидан сўради.

– Билмасам, врачлар соғлом дейишяпти-ку, – ҳайрон бўлди Махфират хола. – Ана, эмишиям яхши-ку…

– Овозиниям чиқармайди, ойи… – йиғламсиради Маъсума. – Фақат паст товушда “хир-хир” қилади. Врачлардан сўрасам, ҳеч нарсани айтишмайди. Яхши, яхши деб қўяди.

– Яхшини яхши дейди-да, болам. – Махфират хола келинини хотиржам қилишга уринди.

Ўша куни Махфират ҳола келинини тинчлантириб уйига қайтди, аммо кўнглига ғулу тушди. Врачлар жўяли гап айтишмагани учун бу ҳақида бировдан сўрашга ҳам ийманди.

Уйига бориб эртасига туғруқхонадан чиқадиган невараси учун жой ҳозирлади. Тоза ва озода хонани яна ялаб-юлқади. Бу уринишларнинг ҳаммаси ўзини овутиш учун эканини ўз кўнглидан яширишга қанча уринмасин, барибир келиннинг: “Бу нимага йиғламайди, ойи?” дегани хаёлидан бир зум бўлсин кўтарилмасди. Бир пайт қараса, Шукур катта бўлган бешик устига бойўғли қўниб, тинмай сайрарди… У “кишт-кишт” деб бойўғлини ҳайдади, аммо қуш учиб кетмади. Шунда кексаларидан эшитган бир гап ёдига тушиб, бойўғлига қаратиб кул сочмоқчи бўлди. Қўлидаги бир лаган кулни бешик устига сочди. Лаганнинг даранглаган овозидан чўчиб кетди. Жон ҳалпида атрофга қаради. Ҳеч қандай бешик ҳам, чақалоқ ҳам йўқ. Не кўз билан кўрсинки, гиламда гуруч сочилиб ётарди…

Аввал пичоқнинг қинига сув солди. Кейин пиёлага тўкди. Мижжаларидан кўзёши қалқиб: “Илоё кўрганларим яхшиликка бўлсин”, деб пиёлани сипқориб юборди. Секин бориб, ўғлининг хонасига қулоқ солди. Жимжит. Шукур ухлаб ётибди.

Она қайтиб ошхонага кирди. Тоза гуручни энди ростмана тозалаш кераклигини англади.

“Тавба… – дея ўйга ботди. – Илоё, неварагинам тинч бўлсин-да. Ҳамма хавотирим шундан. Ўғлим билан келинимни тўйдан олдин ҳамма тиббий кўрикдан ўтказганман, бирор муаммо чиққан эмас. Қон гуруҳлариям бир хил эмас. Аммо чақалоқнинг йиғламай туғилгани қўрқитиб қўйди. Э, художон, мен-ку, ҳаётда кўп азоб кўрдим, кўрганларимга розиман, аммо болаларим қийналишмасин. Уларнинг кўзларида ёш кўрсам, юрагим эзилади, Художон… Ўзинг раҳм қилгин, ё карами кенг Эгам!”

Тонг яқин она ғариб кўрпасини ёш қалқиб турган ёноқларига босди.

 

***

Туғруқхонадан она-болага жавоб беришаётганда бош врач чақалоқнинг отасини чақиртирди. Қўлида гувоҳнома кўтариб юрган Шукур врач хонасига кирди.

– Чақалоққа бугун жавоб беряпмиз, – дея гап бошлади врач босиқлик билан. – Келин ҳам айтган бўлса керак, бола яхши. Ҳеч қандай муаммоси йўқ. Туғруқхонада олиши керак бўлган ҳамма эмлашларни қилганмиз.

– Раҳмат, сизларга.

– Ҳаммаси жойида, фақат бир нарсага тушунмай турибмиз.

– Нимага, дўхтир?

– Чақалоқ йиғламай туғилди, аммо соғлом: юрак уриши, нафас олиши, ҳамма-ҳаммаси жойида. Бизларни ҳалигача ўйлантиргани – унинг йиғламай туғилгани, йиғлаш ўрнига паст товушда “хир-хир” қилиши.

– Ҳа, келинингиз айтди. Биз ҳам шундан хавотирдамиз… – Шукур врачнинг кўзларига нажоткорона тикилди.

– Сизлар эр-хотин қариндошмисизлар?

Шукур айбдорона бош ирғади.

– Ҳа, у холамнинг қизи…

– Сиздай олий маълумотли одам… – врач афсус билан бош чайқади ва қўлидаги ручкасини қоғоз устига ташлади. – Кўнглингизга оғир ботмасин-у, эртага шу ўғлингиз гапирмайдиган бўлса, нима қиласиз?

– Худо сақласин-е…

– Худо сақласин, аммо ўғлингизнинг ҳаракатлари унинг гунг эканлигидан дарак беряпти…

Тамом. Врач яна нима деди, нималарни тушунтирди, бирортаси Шукуржоннинг қулоғига кирмади. У ердан қандай чиқди, Маъсума билан ўғли Неъматжонни туғруқхонадан қандай уйга олиб келди, уларни кутиб турган “айбсиз-айбдор” онасига нима деди, қандай ўқрайиб қаради, ҳеч қайси эсида йўқ. Уларни уйга киритиши билан кўчага чиқиб кетди ва кеч бўлганда оёқда туролмайдиган маст бўлиб кириб келди.

– Ҳаммасига сиз айбдорсиз! – унинг онасига айтган биринчи гапи шу бўлди.

– Болам?.. – Махфиратнинг бирдан кўз олдида марҳум эри билан ўтган дамлари жонланди.

Махфират билан эри ўзларини ўтга, чўққа уришиб етти йил деганда фарзанд кўрди, қоронғи уйи чироқли бўлди. Шукур – ўша чироқ. Эр-хотин яна фарзанд умидида бўлганди, аммо бу қувонч қайта насиб этмаган. Шукур ёлғиз чироқлигича қолган.

Эр-хотиннинг бор умиди шу Шукур эди. Элда қўша тўйлар бўлса, қўшалоқ келинларини етаклаб юрган қайноналарни кўрса, Махфиратнинг яраси янгиланиб, тақдиридан нолиб қоларди: “Худойим менга биргина қиз бўлса ҳам бермади-я…”

– Онаси, солса, биридан ҳам солади. Солуви бўлмаса ўнта бўлсаям бекор. Насиб бўлса, Шукур қирқ йигит татийдиган ўғил бўлади, – деб юпатади эр.

Аёл: “Яратганга шак келтириб қўйдим”, дея тавба қилар ва дарди ичида бўлиб қоларди, аммо хотинига таскин-тасалли берувчи эр аёлнинг пешонасига сиғмади, умр чечаги эрта сўлганди.

Эр ҳам ўртоқларининг тўйига борса ёки бирор зиёфатда бўлса, шундай таранг бўлиб келар, келибоқ, уни айблашга тушарди. Бугун боласи ҳам “Агар ўғлим гапирмаса” деб изиллаб, онани айблаб турибди.

– Болам… – она ўғлини бағрига босди ва унинг бошини силади, кўйлагининг енги билан кўз ёшларини артиб қўйди, – ҳеч ким Худодан зўр эмас. Бошга тушганни кўз кўради. Сабр қилайлик-чи, врачлар ҳам аниқ бир нарса дегани йўқ-ку!

– Деди-да, ойи… – ҳиқиллади Шукур. – Бугун бир профессор: “Ўғлингизнинг ҳаракатлари гунг туғилганидан дарак беряпти”, деди. Нима қилай, ойи? Бу қандай шармандалик бўлди, ойи?

– Ундай дема, болам. Бу шармандалик эмас…

Она бошқа сўз айтолмади. Жимиб қолди. Нариги хонада уларнинг сўзларини эшитиб турган Маъсума эса тиззасида пишиллабгина ухлаб ётган гўдагига термилганича овоз чиқармай йиғларди.

 

***

Ҳам синовли, ҳам умидли кунлар, ойлар ўтаверди. Чақалоқ қалби изтиробга тўла онасининг оғушида улғаяр, бешикда ухлар, қўлда ўйнар, паст товушда ғингшиб йиғлар, қилиқлари чиқиб, қип-қизил милкларини кўрсатиб ўзича куларди. Аммо овози…

Маъсума болани ҳар қанча “Неъмат, Неъматжон…” деб эркаламасин бола қайрилиб ҳам қарамасди. Унинг эшитиш ва гапириш қобилияти йўқлиги аён бўлиб борарди.

Шукур ўғлини неча бор врачга кўрсатди, аммо ҳаммасидан бир хил жавоб олди: “Ўғлингиз туғма шундай. Гапирмайди, эшитмайди…”

Мутахассисларнинг ҳар бир жавоби Шукурнинг бошига тўқмоқ билан ургандек бўларди ва энди у аламини арақдан оларди. У кундан-кунга ўзгариб борарди. Бир кун уйга ичиб келса, бир кун келмайди ҳам.

– Қаерда эдингиз, дадаси? – сўрайди аёли.

– Ай-е, сен гапирма… – жеркиб ташлайди эр.

– Нега бундай қиляпсиз? Ахир боланинг айби йўқ-ку!

– Ҳамма айб ўзимда! Бошидан бу ишга умуман қарши туришим керак эди… Онамнинг юзидан ўтолмадим. Энди эса кеч… – Шукур шундай дея бошқа хонага кириб ётиб олади ва деярли ҳеч ким билан гаплашмайди.

Махфират опа ўғлидаги бу ўзгаришлардан куюнади, ичикади.

– Болам, – деди бир кеч унинг бошига келиб, – сени шундай беоқибат ўстирганмидим? Отанг бўлмаса, ака-уканг, опа-синглинг бўлмаса. Мен, сен ва шу бечора хотининг. Нега уни қийнайсан? У ҳам бу ерда куни ўтмай қолганидан эмас, сен билан мени деб юрибди-ку! Пешанамизда бор экан, бола гунг туғилибди. Аммо ўзларинг соғ-саломат-ку! Нега бундай ношукур бўласан? Балки кейинги фарзандларинг соғлом туғилар…

– Ойи, бошқа гапирсаям сиз гапирманг! – Шукур жеркиб ташлади. – Ҳаммаси сизни деб бўлди.

– Бундай бўлишини туш кўрибманми?..

– Шу аҳвол бўлса, ҳадемай мени туш кўрасизлар…

– Айнима! Қадамингни эгри боссанг, сендан бу дунё, у дунё рози эмасман!

Махфират опа шу гапни айтди-ю, чиқиб кетди. Ўз хонасига кириб марҳум эри қаршисида тургандай ўзи билан ўзи гаплаша бошлади.

– Дадаси, – деди у, – сизсиз ғариб бўлган аҳволимга қаранг. Етти йил деганда Худодан тилаб олган ўғлимиз бугун гапимни олмайди. Юзинг, кўзинг демайди. Мен хато қилган эмишман… Чиндан хато қилдим, хато қилди-им… Энди нима бўлади, дадаси? Бу хатоликнинг бадалини қандай тўлайман? Энди нима қилама-ан, қандай қилама-ан?..

Махфират айтиб-айтиб йиғлар, кўз ёшлари ажин босган юзида тараларди. Бир маҳал кимдир елкасига қўлини қўйди. Бошини кўтарса, чақалоқ кўтарган келини.

– Ойижон… – деди Маъсума бир қўлини қайнонасининг елкасига қўйиб. – Йиғламанг. Бўлар иш бўлди. Ортга йўл йўқ. Сизни ойи деганман. Мени қизим десангиз, йиғламанг. Неъматжон гапирмасаям кўзи кўради, эмаклаб юради, кула олади. Ҳаётимизга қувонч бера олади. Кўзимизни қувната олади. Нега ношукур бўлай? Яратган Эгам ўзининг севган бандаларига синов берар экан. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Ўзидан-ку, ойи.

Тўлиб турган Махфират яна пиқиллаб йиғлаб юборди. Аввал келинини бағрига босди, сўнгра неварасини олиб, пешанасидан ўпди.

– Яхшиям, сен борсан… Садағанг кетай сенинг, болажоним, садағанг кетай…

Неъматжон кулганда, ўз бола тилида “иғи-иғи”лаб нималардир деганда овози чиқмаса-да, кундан-кунга улғайиб борар, энди уйда эмаклаб ўйнар, аммо эшикнинг очилиб ёпилгани ёки кимнингдир унга гапираётганини англамасди, чақирса эшитмасди. Эмаклаб бирор жойга кетиб қолмасин, хаёлимдан қочмасин деб Маъсума унинг бўйнига сўрғич билан бирга миттигина қўнғироқча ҳам тақиб қўйганди. Она шу орқали ўғлининг қаерда эмаклаб юрганини ёки қаерда ўйнаётганини билиб турарди. Аммо Шукурнинг уйга келиши кундан-кунга камайиб борарди. Келса ҳам бировга гапирмас, ўғлини қўлига олмасди. Бу Маъсумага оғир ботарди ва “Бир кун ўзига келар…” деб кутарди.

Ўша “бир кун” Неъматжон ёшига тўлганда келди. Шукур кечқурун ишдан икки қўли тўла бозорлик билан қайтди. Нарсаларни хотинига узатиб, эмаклаб юрган Неъматжонни кўтариб олди ва бир-икки марта осмонга отиб ўйнатди. Чақалоқ оғизларини катта-катта очиб, “ғи-ғи”лаб кулди, ҳузур қилди, яйради, аммо барча болалардай қиқирлаб кулолмади. Ана шунда Шукур кўнгли қолгандай болани қўйиб юборди. Гўдак отасига бир қаради-да, онасини излаб, йиғлаганча ошхона томонга эмаклаб кетди. Бу йиғи фавқулодда ўзгача жаранглади. Бола болалик ҳаққини талаб қилаётгандай, бошқалардан кам эмаслигини уқтираётгандай эди.

Шукур қаршисида турган онасидан кўзларини олиб қочди. Ошхона томонга бир қараб қўйди.

– Нимага бунча безовтасан? Ишларинг жойидами ўзи? Охирги пайтларда уйгаям бир кун келиб, бир кун келмайсан? Ё ишинг шунчалар кўпми? Икки смена ишлаяпсанми?

– Ойи… – Шукур яна нималардир демоқчи эди, аммо гапира олмади. Ўрнидан турди ва эшикка қараб юра бошлади. Ошхона остонасида Неъматжонни кўтарган Маъсума кўзда ёш билан турарди.

– Мени тўғри тушун… – деди у аёлининг юзига қарай олмасдан.

Маъсума ҳеч нарса демади. Ўғлининг елкасига бош қўйганча жим, бир нуқтага тикилиб турарди. Болакай эса “иғи” дея отасига қўл узатди, аммо қўли ҳавода қолди…

 

***

Йиллар ўтди.

Махфират опа нафақага чиққан, уйда мактаб ёшига етган, аммо боғчага ҳам боролмайдиган неварасига қараб ўтиради. Аввалгидек ҳоли ҳам йўқ, оёқлари шишиб, юришга мадорсиз бўлиб қолган. Шукур улардан хабар олмай қўйгач, Маъсума шаҳардаги бир емакхонада идиш-товоқ ювади. Аммо ўғлини ўргатган – нимадир зарур бўлиб қолса, қоғозга ёзиб берса, Неъматжон югуриб уй олдидаги дўкондан олиб чиқади. Дўкон эгаси унинг “тили”ни тушунади.

Неъматжон тўрт ёшга тўлганда Махфират опа неварасининг бўйнидаги қўнғироқчани олиб, кириш эшикка осиб қўйган. Ҳозир Неъматжон уйдан бирор жойга чиққудек бўлса, киргудек бўлса ҳам қўнғироқчани бир уриб ўтади. “Жиринг-жиринг”. Махфират опа шу орқали унинг қаерда эканлигини билиб туради. Аммо невараси ёшига етган, уни тенгдошлари қатори мактабга бера олмаслигидан ичикади. Юраги санчийди. Баъзан туришга ҳам мадори бўлмай “Неъмат, Неъматжон!” деб чақиради. Невара кўзи тушса қарайди, бўлмаса ўйинчоқларни ўйнаб ўтираверади. Аммо бувисининг қийналаётганини кўриб қолса, чопиб келади ва совуқчой тутади, дорисини олиб беради. Кейин нима қилишини билмасдан, унга суяниб ўтиради, баъзан оёқларини уқалаб қўяди. Нималардир демоқчи бўлади, аммо гапиролмайди. Онасининг ишдан келишини кутади.

Ҳаёт шу тарзда давом этади.

Неъматжон бир куни тушга яқин иссиқ нон олиб чиқиш учун дўконга тушди-ю, бино олдида тўп тепишаётган болаларнинг ўйинини томоша қилиб, анча қолиб кетди. Кейин нега чиққани энди эсига тушгандек дўкондан иккита нон олди-да, уйга қайтди. Остона ҳатлаётиб, қўнғироқчасини бир урди. “Жиринг-жиринг”. Тўғри ошхонага кирди. Қараса, бувиси йўқ, нонни қўйиб, кичик хонага ўтди. Бувиси ухлаб қолибди. “Нон олиб келдим”, дея ишора қилмоқчи бўлди, аммо халақит бермади, ёнида телевизор томоша қилиб ўтирди. Кино тугади, зерикди. Ўйинчоқларини ўйнади, ундан ҳам зерикди. Қоронғи туша бошлади, қорни очди. Аммо бувиси ҳалиям ухлаб ётибди.

Неъматжон бувисининг ухлашини томоша қилди. Махфират опа бир текис ётар, нафас олаётгани сезилмасди. У бир муддат қараб турди-да, ҳайрон бўлди, бола қалби билан англадики, тушда ётган одам кечгача ухламайди. Шунинг учун бувининг елкасидан туртди, уйғонмади. Қайта-қайта туртди, фойдаси бўлмади. Юрагига қўрқув тушди. Бувисининг кўрпачадан чиқиб, гиламда турган қўлини олиб силкилади. Йўқ, кўзларини очмади. Қаттиқ-қаттиқ силкиди, хириллаб овоз чиқарди, аммо бувиси уйғонмади. Охири турди-да, эшикка осилган қўнғироқни юлиб олди ва бувисининг қулоғи тагига келиб чала бошлади. Чалди, чалаверди. Аммо бувиси уйғонмади. Қўнғироқни қўйиб, бошини силкилади, елкаларига туртди, аммо бувиси қилт этмади.

Неъматжон қўрқди. Нима қилишини билмай қолди. Ёстиқ тагини кўтариб, бувиси ичадиган дорини олди ва сув ҳам олиб келди. Дорини ичирмоқчи бўлди, аммо бувисининг оғзи очилмади. Шундай бўлса-да, бола дорини бувисининг қуруқшаб бораётган лабига қистирди ва устидан сув қуйди. Сув томоққа кетмади, дори билан қўшилиб, ёқасига оқиб кетди. Бола қўрққанидан “Аи-аи-аи!” – деб бақириб юборди. Бувисини баттар силкилай бошлади. Аммо бувиси ҳеч нарсани сезмас, силкилангани сайин бошидаги рўмоли оғиб борарди.

– Аи-аи-аи! – Неъматжон такрор-такрор бақирди. Сўнг югуриб ташқарига чиқди ва қўшнининг уйини тақиллата бошлади. Эшикни қўшнининг Неъматжон тенги қизчаси очди. Неъматжон хириллаб унга уйларини кўрсатиб ишора қилди, аммо унинг важоҳатидан қўрқиб кетган қизча эшикни ёпиб олди. Уйда бошқа ҳеч ким йўқ эди.

Неъматжон икки эшик орасида бир муддат турди-да, югуриб пастга тушди. Дўконга борди. Ичкарига кириши билан дўкон эгасининг қўлидан ушлаб торта бошлади.

– Ҳа, нега мени судрайсан? – деди бақалоқ дўкончи. Неъматжон уни тортаверди. Дўкон эгаси охири касса олдида ўтирган хотинига: – Чиқай-чи, нима деяпти бу гаранг. Бир гап бўлганга ўхшайди, – деди.

Аёл ҳайрон қараб қолди.

Неъматжон дўкон эгасини етаклаб, уйга кириб келди. Кираётиб, қўнғироқчасини чалиш учун эшик шифтига қўл узатди, қўли ҳеч нарсага тегмади. Шунда қўнғироқни олганини эслади ва бирдан кўрпача олдида турган қўнғироқчасини олиб чалди, бувиси яна уйғонмади. Унинг ҳаракатларини кўриб, дўкон эгаси титраб кетди.

– Тўхта… – деди Неъматжонга ишора қилиб. Дўкон эгаси врачлар каби аввал Махфират опанинг билагини ушлаб кўрди, сўнгра томоғини. Энгашиб, бурнига юзини тутди. Нафас олмаяпти. Вазиятдан қўрқдими, ё бундай ҳолатни биринчи марта кўришимиди, ранги оқариб кетди. Атрофга қаради. Эшик томонга курси қўйилган бўлиб, устида рўмол осилиб турарди. Рўмолни олди-да, марҳумнинг жағини боғлади. Сўнгра Неъматжонга қараб, “Бувинг дунёдан ўтибди…” деган ишорада юзига фотиҳа тортди.

Неъматжон шундагина нима бўлганини тушундими, ҳиқиллаб йиғлаб юборди.

Дўкончи маҳалла раисига қўнғироқ қилди.

Жаноза эртаси куни бўлди. Барча яқинлар йиғилган, ҳамма маъюс. Онасининг жанозасига етиб келган, озиб, сочлари оқариб, жағ суяклари бўртиб қолган Шукур эса тобутга қараб йиғлар, пичирлаб нималарнидир айтар, аммо бошини кўтаролмасди. У бир неча марта ўғлининг ёнига келиб, “Неъматжон, ўғлим…” деди, аммо бола унга ўгирилиб ҳам қарамади. У устига оқ сурп ёпиб қўйилган бувисининг юмуқ кўзларига қараб телбаваш ўтирар, гўё ҳозир қўлидаги қўнғироқчани жиринглатса, бувиси уйғониб кетадигандек, туриб уни бағрига босадигандек гоҳ-гоҳида жиринг-жиринг қилиб қўнғироқ чалиб қўярди…

Ўша куни ҳеч ким Неъматжон билан гаплаша олмади. Дўкончининг таклифи билан маҳалла раиси уни ҳам қабристонга олиб борди. У нималар бўлаётганига гоҳ тушуниб, гоҳ тушунмай қараб турди. Қабрга чим босишаётганида, беихтиёр у ҳам бир чимни босди ва чўнтагидан қўнғироқчасини чиқариб, тез-тез чала бошлади. Гўё шундай қилса, ҳозир бувиси тирилиб келадигандек эди…

Жанозадан қайтишаётганларида Неъматжон Шукурга қараб-қараб қўйди. Энди бувиси йўқ, онаси барибир ярим кечагача ишда бўлади. Бу одам уларнинг уйига гоҳ-гоҳида келиб туришини, ҳар гал унга ўйинчоқлар, егуликлар олиб келишини эслай бошлади.

Марҳумни кузатиб қайтганлар уй олдида ўтиришиб, яна дуои фотиҳа қилишгач, бирин-кетин тарқалиша бошлади. Ана шунда Неъматжон Шукурнинг олдига келди ва қўлидан ушлаб юқорига ишора қилди.

Остонада бир қўлида қўнғироқчаси, бир қўли билан отасининг қўлидан маҳкам ушлаб турган ўғлини кўриб, Маъсума қалқиб кетди…

 

Холиёр САФАРОВ

 

“Ижод олами”, 2018/6

https://saviya.uz/ijod/nasr/qongiroqchali-bolakay/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x