Иззат Султон (1910-2001)

DO`STLARGA ULASHING:

Йирик адабиётшунос, истеъдодли драматург Иззат Султон 1910 йил 21 ноябрда Ўш шаҳрида ҳунарманд оиласида туғилди. Отаси вафотидан кейин болалар уйида тарбияланди. 1924 йилда у Тошкентга ўқишга келади. Аввал «Намуна» иш мактаби, сўнгра таълим-тарбия техникумида ўқийди. Техникумни тамомлагач, мактабларда ўқитувчилик қилади.

Иззат Султон 1930 йилда Ўрта Осиё Давлат университетининг ижтимоий фанлар факультетида ўқийди. Самарқанд шаҳрида чиқадиган «Батрак» газетаси муҳарририятида масъул котиб бўлиб ишлайди. 1934 йили Тил ва адабиёт институти аспиран-турасига кириб, уни 1937 йилда тамомлайди. 1943—1948 йилларда давлат раҳбарлик лавозимларида хизмат қилади. 1948 йилдан буён Ўзбекистон Фанлар академияси А. С. Пушкин номли Тил ва адабиёт институти (ҳозирги Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти)да ишлаган.

Иззат Султон 1932 йилдан бошлаб вақтли матбуотда адабиётшуносликка оид мақолаларини эълон қилиб келган. У «Адабиёт назарияси» (1939, 1979) дарслигини яратган. Тадқиқотчининг улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий меросини ўрганишга бағишланган қатор асарлари алоҳида аҳамиятга эга. У кенг қамровли олим, адабиётшунос сифатида халқ оғзаки ижоди, мумтоз адабиёт, замонавий адабий жараён, қардош ва жаҳон адабиёти, адабиёт назариясига оид ўнлаб етук асарларнинг муаллифидир.

Иззат Султон бадиий адабиёт соҳасида ҳам баракали ижод қилган. Илк драматик асари «Бургутнинг парвози» (1939) замондошларини Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш жиҳатидан муҳимдир. Уйғун билан ҳамкорликда ёзган «Алишер Навоий» (1940) асари ўзбек драматургиясининг ютуқларидан бири бўлди. «Номаълум киши» (1963), «Имон» (1960) драмаларида ахлоқ нормалари, замонамиз кишиларининг фазилатлари улуғланган. Ёзувчининг янги дунё билан хурофот олами ўртасидаги курашни, янгиликнинг бу курашда қудратли куч эканини кўрсатган асари «Фидойи»дир (1966). «Кўрмайин босдим тиканни», «Ибн Синонинг болалиги», «Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлари» асарлари унинг ижодида муҳим ўринни эгаллади.

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1995), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1964), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1981) Беруний номидаги Давлат мукофотининг лауреати (1970), «Шуҳрат» медали соҳиби (1992) Иззат Султон 2001 йил 29 июль куни Тошкент шаҳрида вафот этган.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x