ШОИРЛИК МАЪНАВИЙ САБОТ ВА САДОҚАТДИР

Туғилган она юрт, ўсиб-улғайган жамият ва ижтимоий-маданий муҳит ижодкорнинг фақат тақдирига эмас, балки унинг эстетик идроки ҳамда ижодига ҳам таъсир ўтказади. Шунингдек, у ёки бу қалам соҳиби шахсиятининг шаклланиши, ижодиётидаги ўзига хос хусусият ва фазилатлар ҳам таваллуд топган жонажон диёр билан мустаҳкам вобастадир. Ўзбекистон халқ шоири, адабиётшунос, публицист, атоқли таржимон Жамол Камол Бухоро фарзанди. У 1938 йилнинг 9 ноябрида Бухоро вилояти Шофиркон туманининг Читкарон қишлоғида дунёга келган. Бўлажак шоир уч ёшли чақалоқ экан, отасидан айрилади. Уни халқ душмани деб отувга ҳукм қилишади.

Ўттиз беш ёшида отам отилди,
Уч ёшли чақалоқ эдим ўшанда.
Ўша тун ошимга заҳар қўшилди,
Тақдир зарбасини едим ўшанда.
Йўқ, деб қичқираман умрим борича,
Лекин қисмат деган турмайди аяб.
Ўттиз беш йилдирки, ҳар ярим кеча,
Мени отишади деворга суяб…

Тақдир бандасига шафқатсизлик ва жабр қилса, сабр ва бардошдан ўзга чора йўқ. Эрининг ҳажрида шоирнинг онаси Хожалбегим ҳам ўттиз беш ёшда вафот этади. Жамол бувиси ва тоғасининг қўлида тарбияланиб, ўрта мактабни аъло баҳолар билан тугатиб, олий ўқув юртига ўқишга Бухорога боради.
“Ўйлаб қарасам, – дейди Жамол Камол, – Бухоро педагогика институтининг тарих-филология факультетига ўқишга киришим ҳаётимда бурилиш нуқтаси бўлган. Бошда тарихчи бўлишга шайландим. Йўқ, адабиёт мени бағридан бўшатмади. Тўлқин устига тўлқин бўлиб, бостириб келаверади:антик адабиёт, ўрта асрлар адабиёти, замонавий адабиёт… Шекспир, Байрон, Бальзак, Стендал, Виктор Гюго, Лев Толстой, Михаил Шолохов – менинг севимли адибларим эди…”
Шоир тўртинчи курсда ўқиётганда Бухорога шоира Зулфия ташриф буюради ва институтда катта учрашув бўлади. Шеърларини унгача инс­титут газетасида чиқариб юрган Жамол Камол кичик ҳажмли илк достони “Жамила”ни ўқиб беришни шоирадан илтимос қилади.
Бу – ўз халқининг озодлиги ва мустақиллиги учун курашган жазоирлик ватанпарвар қиз Жамила Бухеред қиссаси эди. Достон Зулфияга маъқул бўлади ва орадан кўп ўтмай у “Ёш ленинчи” газетасида босилиб чиқади. Шеърият майдонига энди-энди қадам босаётган шоир учун бу, албатта, ижодий ғалаба эди. Шундан сўнг “Шарқ юлдузи” журналида унинг шеър­лари чоп этилади. Адабий жамоатчиликка Жамол Камолни улар кенгроқ танитади.
Инсон умри руҳоний оламдан борлиқ оламига, ундан яна охират дунёсига муборак бир сафардир. Бу моддий оламда у боқий қолмоқ учун эмас, балки ҳақиқий ватани бўлмиш малакут оламига қайтмоқ учун туғилади. Оралиқдаги йўл – синов йўли. Ўртадаги “Майдон” – қувонч ва қайғу, меҳнат ва машаққат, рост ва ёлғон, зафар ва мағлубият, бахт ва бахтсизлик майдони эрур. Хуллас, одамнинг тақдири ва ҳаёт йўли бир сафар, бир ҳижрат мазмунига эгадир. Ҳижрат деганда кўпчиликнинг хаёлида буюк жудолик, сўнгсиз ҳижрон, ғам-ғусса, кўз ёши, бир сўз билан айтганда, бахтсизлик гавдаланади. Тасаввуф тилида эса ҳижрат – ёмон ва тубан феъл-атвор, чиркин сифатларни тарк айлаб, гўзал ахлоқ ва фазилатлар юртига бориш демак. Шоирнинг ичдаги юрти – аслида ана шу юрт. Кўзга кўринмас ана шу ботиний ўлкада нафсдан қалбга, қалбдан латифликка, ундан руҳга, руҳдан Ҳаққа ҳижрат қилади. Ва бундай тилнинг эмас – дилнинг, чекланиш ва торликнинг эмас – кенглик ва сўнгсизликнинг қули, шайдоси бўлиб яшайди. Мана шунда кўнгил – оламга, олам – кўнгилга эшик очиб, сўзни илҳом, туйғуни завқ, фикрни дард бошқаради. Дардли шеър ҳамиша сирли шеър. Буюк озарбайжон шоири Муҳаммад Фузулий ёзади: “Билурменки, сен дардли яратилмишсан. Дард эса шоирликнинг сармоясидир. Шеър ёзиш учун завқ ва сафо лозимдир дема – дарддан сўзла. Чунки сўз мусобақасида ғалаба қозонадиган дарддир”.
Жамол Камол ижодиётининг ҳам сармояси Ҳақиқат ва Ҳуррият дардидир. Мен унинг дил дардларига қарши боргани, энг улуғ армонларига хиё­нат қилганини эслолмайман. Шунинг учун шоир шеъриятида кўпчилик қаламкашларга хос икки қиёфалик офати кўзга ташланмайди.

Шоир сўз айтгани келар дунёга,
Индамай, жим туриш – шоирга ўлим.
Қайси тоққа борай, қайси дарёга
Товушларга тўлиб кетганда кўнглим?

Ана шу ҳолат – ахтариш, изланиш ҳолати. Ана шу ҳолатдан ажралган шоирнинг фикр манзили турғунликдирки, ундан бирор янгилик кутиб бўлмайди. Жамол Камол бундай ҳолдан ўзини асрай билган, Ҳақиқат йўлида астойдил заҳмат чеккан шоир. Унинг “Файласуф билан суҳбат”, “Сувайдо”, “Қўғирчоқлар”, “Клубатра”, “Ҳамлет”, “Хурофот”, “Шоирга”, “Отам” сингари ўнлаб шеърларида эрк ва ҳақиқат ишқи ёниб-ёлқинланади. Чунки у ҳақиқатни ҳақиқат ўлароқ севган. Юракни тасаввурдаги ҳақиқатларга эмас, ҳақиқатнинг ўзига бағишлаган.

Ҳақиқат, мен сени севдим,
сени хор айласа миллат.
Қуюндек боши узра айланур
ҳар кун қабоҳатлар…

Ҳақиқат, мен сени севдим,
ўзинг Роббимсан, Оллоҳим.
Сени дермен, сени, гар келса
бошимга қиёматлар…

Жамол Камол турли шеърий шакл ва жанрларда қалам тебратган ижодкор. Унинг достоннависликдаги сингари ғазалнависликдаги тажрибалари ҳам алоҳида диққатга молик.
Менинг билишимча, куйга, мусиқага тобе сўз – қўшиқ. Сўзга, фикр­га тобе мусиқа эса – шеър. “Шеър – сўз билан ифодаланган мусиқа” деган таъриф менга жуда мақбулдир. Навоий, Бобур, Машраб шеърлари, энг аввало, мана шу фикрнинг тўғрилигини исботлайди. Ахир ҳар бир шеър мисраси, ҳамма нарсадан олдин мавзун, мусиқий бир жумла эмасми? Шеърда ҳижонинг сони эмас, балки унинг саси, оҳанги муҳим-ку! Мусиқа шеърнинг “жавҳари”дан янграб юзага чиқади ва муваффақият воситасига айланади, хоҳ аруз, хоҳ бармоқ вазнида бўлсин, қолган ҳамма иш, ҳамма нарса айни шу мусиқани таъминлашга хизмат қилмоғи зарур. Шунинг учун шеър ўқиш, шеърнинг руҳий оламига кириб мушоҳада қила билиш улуғ бир куйни сўз билан тингловчига етказа олишдек алоҳида салоҳиятдир. Хусусан, арузда битилган шеърларнинг “ноталари” ички ва ташқи оҳанг товланишлари бўладики, буни билиш учун оҳангшунослик зарур, деб ўйлайман.
Эркин Воҳидовнинг арузий шеърлари атрофидаги баҳс-мунозаралар адабиёт аҳлининг ёдидан кўтарилмаган бўлиши керак. Шўро даврида Эркин Воҳидовгача ҳам арузда шеърлар ёзилган. Аммо Эркин Воҳидовнинг қасида ва ғазаллари улардан моҳиятда ва ифодада бутунлай фарқланади. Шу фарқланиш, яъни арузни янгилаш, очиқроқ айтганда, “замонавийлаштириш” тамойили Жамол Камол ғазаллари ва “Қуёш чашмаси” достонида ҳам ёрқин кўзга ташланади. Шоирнинг ошиқона ғазаллари хусусида биров у дер, биров – бу. Бироқ унинг ижтимоий, фалсафий мазмундаги ғазалларига фикри очиқ ўқувчи сира-сира юза қаролмайди.

Мен-ку менман, элга элдек,
Суврату сийрат қани?
Ўтса умри бир умр
Меҳнатланиб, заҳматланиб.
Бир тараф афғон чекарлар
Меҳнату заҳмат билан,
Бир тараф даврон сурарлар,
Роҳатланиб, ишратланиб.
Бир тараф афтодаҳолдир,
Ҳоли кундан-кун ёмон,
Бир тараф довруқ солар
Шуҳратланиб, шавкатланиб.
Бир замонда аҳли давлат
Эл сотар, иймон сотар.
Ғайрилар бирлан мудом
Хилватланиб, улфатланиб…

Бу байтлар Машраб тилидан битилган бўлса-да, шўро зулмидан жони ҳалқумга келиб, эзилиб ётган эл ва найрангбоз замон аҳволини шарҳлайди. Ғазал шаклидаги мана бундай ҳасрат ифодасига мен ҳеч дуч келмаганман:

Талон бўлдинг, элим,
Занжирга тушдинг, нотавон бўлдинг.
Диёнатга тупурган
Шум даюслар озми тарихда?
Ўзингдан чиққанинг ҳам гоҳ
Ўзингга сирмади ханжар,
Мунофиқ тўтилар, зоғлар,
Товуслар озми тарихда?
* * *

Айрим шоирларда ҳис-туйғу жонли-ю, моҳият паст бўлади. Бошқа бирларида ҳис, фикр жойида, аммо шахсият ва маҳорат баландмас. Шунинг учун ўзи сўзидан, холи санъатидан юксалиб кетолмайди. Энг ёмони, Оллоҳ уларни руҳий изтиробдан қисган.
Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон “Кўкси куйик шоир” номли мақоласида “Жамол Камол шеърияти, энг аввало, руҳий қашшоқликка қарши бўлган ёлқинли шеъриятдир… Шоирнинг ҳар бир шеъри, жамиятга руҳ бермоқни истаган тафаккурдан, юксак мақомли илҳомдан тузилган”, – дейди.
Адабиётга олтмишинчи йилларда кириб келган адабий авлод янги ва янгиланаётган ижод жараёнида нимага куч сарфлаш ва ўқувчи нигоҳини нимага қаратишни ҳақиқатда яхши билишган. Улар буюк салафлари Чўлпон, Фитрат, Қодирийлар билан бошланган миллий руҳ ва миллий маслакни давом топтиришга ҳам йўл излашган. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфилар қатори Жамол Камол шеърлари шу жиҳатдан ҳам ёшлар кўнглига ўзгача бир таъсир ўтказган. Шоирнинг илк шеърий тўплами “Олам кирар юрагимга” ҳақпарастлик, эрк ва исён руҳи билан менга жуда мақбул тушган. Ундаги айрим шеърлар худди мен учун – менинг мавҳум ҳолат ва исмсиз изтиробларимни акс эттирмоқ учун ёзилганга ўхшарди:

Нега мен баъзида маъюс, безабон,
Сизга баён этсам, дўст-ҳамдамларим.
Мазмундорлигини пеш айлаб мудом,
Ортимдан юради дарду ғамларим…

Шоир саккизликлари фикр уйғотиб, мушоҳадага ундаши боис улар мени ҳамон қизиқтириб келади.

Анави олимми? Эски таниш-ку,
Ўзини ҳар куни бозорга солар.
Манфаат савдоси билан машғул у,
Манфаат сотар у, манфаат олар…
Илм-фан таназзули, манфаат олди-сотдиси ва кўр-кўрона шахсий содиқлик “малака”си билан ҳам бевосита боғлиқдир.
Жамол Камолнинг нуқтаи назари бўйича, “шеър – ҳаракатдаги ҳиссиёт, ҳиссиётдаги фикр. Ёки аксинча: ҳаракатдаги фикр, фикрдаги ҳиссиёт”. Бунинг тазаҳҳурини эса истеъдод белгилайди. Истеъдоднинг асосий уч белгиси бор. Булар “Сўз туйғуси, ҳақиқат туйғуси, нафосат туйғуси. Ана шу уч туйғу бирлашган жойда чинакам шеър туғилади”. Жамол Камол шеърлари – кўпчилиги шу уч туйғу бирлиги ва мутаносиблигидан яралган. У сўзни нозик ҳис этганидек, ҳақиқат ва гўзаллик туйғусига ҳамиша содиқ. Шарқ мумтоз адабиёти – Жамол Камолга, энг аввало, нафосат, руҳоният манбаи ва муҳташам ижод санъатхонасидир. Руҳониятсизлик, санъат эҳтиросидан маҳрумликни у туркий ва форсий шеъриятга меҳр ва ихлос туфайли ҳам бартараф айлай олган.
Шарқона руҳ, ҳол, маъно ва тасвирлар унинг шеъриятида янгича ранг, оҳанг ва жозиба билан шеърхон кўнглини ром этади. Шоирнинг айтарли барча шакл ва жанрдаги шеърларида ҳассослик, ёрқин бир латифлик ярқираб кўзга ташланиб туради. У Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий каби салафларга издошлик масъулиятини теран ҳис этади. Шу билан бирга у туркий ва форсий шеърият орасида янги бир муҳташам кўприк яратди. Бу кўприк орқали ўзбек китобхони Фаридиддин Аттор, Мавлоно Румий, Маҳмуд Шабустарий, Абдураҳмон Жомий шеърият бўстонига сайр айлаш ва ундан баҳраманд бўлиш имконига эришди. Менинг назаримда, Аттор, Румий таржимони Жамол Камол билан унгача бўлган Жамол Камолнинг тафаккур ва маънавият дунёсида сезиларли эврилиш ва юксалиш содир бўлган. Буни шоирнинг кейинги йилларда яратилган асарларининг нафаси, маъно салмоғи ва ифода усулларидан пайқаш қийинмас.
Жамол Камол собиқ шўро замонида ҳам қуллик, қарамлик, босқинчилик ҳийла-найрангларига қарши шеърлар ёзган.
Мустамлакачилик истибдоди ва сиёсатини мозий орқали фош этиш, замон муаммоларини тарих воситасида бадиий талқин қилиш олтмишинчи йиллар ва ундан кейинги давр адабиётимиз учун ўзига хос бир йўл ва усулга айланган эди. Шоир араб босқини талқинига бағишлаб ёзган “Варахша” достонида тарих “либоси”га ўраб мана нималарни айтганди:

Олам шоҳид ҳар бир юртга босқинчи
Эзгуликни шиор қилиб киради.
Бошлар узра ўйнар экан қиличи,
Шиорини такрор этиб туради.

Мана бу нур дейди, пуркайди тутун,
Мана поклик дейди, булғайди бутун.
Мана тенглик дейди, лекин қул этар,
Тарихингга ўтлар қўйиб, кул этар…

Замин кетар, давлат кетар, дил кетар,
Ўзлик кетар, шавкат кетар, тил кетар…

Бу тарих кўзгусида иккинчи бир машъум тарихни акслантириш жасорати эмасми? Жамол Камолни қарийб ярим асрдан буён биламан. Шунча вақт мобайнида унинг шахсидан кўра ижодиётини, ижодиётига қараганда шахсини кўпроқ кузатганман. Бироқ на ҳаётда, на ижодда тубанлашиб риёкорлик ва ўйинчилик қилганини пайқамаганман. Буни ҳаётда, муносабат ва амалда кўрганим энг ноёб ҳодиса деб ҳисоблайман. Шоир бир шеърида ёзадики:

Тўйми ё маърака, ҳар ҳолда йиғин.
Ёниб сўз айтарди ўртада ўғлон.
Қўшним қўшнисига энгашиб секин,
Шивирлаб дедики, ҳаммаси ёлғон…

Ошнам, сайрайверма, ҳуда-беҳуда,
Иззатнинг сазаси қайтгай, қайтмагай,
Одамлар шивирлаб бир-бирларига,
Ҳаммаси ёлғон, деб яна айтмагай…

Шундоқ бир даврга етишдикки, ёлғон ва қаллобликда босқичма-босқич илдамлаганларнинг сўз ва нутқларини тинглаб, шивирлаб эмас, баралла “ҳаммаси ёлғон” дейилса ҳам улар уялмайдиган бўлишди. Шу боис юртда эзгу фикр, олий тушунча, дахлсиз ҳақиқатларга ишонч ниҳоятда пасайиб ё турғунлашиб кетди. Кўпчиликнинг тилидаги ғайрат билан дилидагиси, орзусидаги эркинлик билан турмушдагиси бир-бирига мувофиқ келмайди. Совет давридан бери сиёсий, мафкуравий тарғиботчилик байроғини қўлдан бермай келаётганларни эса омма онгидаги ўзгариш ҳам, норозилик ҳам айтарли қизиқтирмайди. Чунки улар онг ва идрокдаги турғунлик ҳамда ялқовликдан манфаатдор. Жамол Камол сайланмасининг иккинчи китобидан публицистик мақолалар ўрин эгаллаган. Улардан бири “Фикрсизлик фожиаси” деб номланган. Бу мақолаларнинг аксариятини фикрсизлик қабоҳатини ёндириб, асрий зулматини ёритувчи машъалга қиёсласа, ғалат бўлмайди.
“XV асргача дину диёнатимизда , – дейди шоир “Сурат нимаю сийрат нима?” мақоласида, – сийратпарастлик устун бўлган. Моҳиятга қаттиқ эътибор қилишган. Мирзо Улуғбекнинг боши кесилиши билан сийратпарастликнинг ҳам боши кесилган. Суратпарастлик даври бошланган”. Бу давр ҳозиргача давом этаётир. Лекин суратпарастликнинг оқибати ҳануз жиддий мулоҳаза этилганмас.
Навоий сабоқлари хусусида кўп гапирилади. Лекин мутафаккир шоир “аҳли сурат”га подшоҳликдан “аҳли маъни”га гадоликни нега устун қўйганлиги ўйланмайди. Қанчадан-қанча ахлоқий хасталик, маънавий иллат, маданий фожиалар зоҳирпарастликдан туғилиши умуман хаёлга ҳам келтирилмайди. Авом эса моддий куч ва ҳукмронликдан ўзгасини тан олмайди. Жамол Камолнинг кўз нурини аямай, Шекспир драмаларини таржима қилгани-ю, Ҳазрати Али девонини ўзбекчалаштиргани ҳеч бир одамни сира қизиқтирмайди, у эркинлик “юки”ни кўтаришни хоҳламайди.
Истиқлолдан кейин унча кўп муддат ўтмай Ўзбекистонда ҳам шунга монанд ҳолат ва кайфият юзага келди. Абдулҳамид Чўлпоннинг “Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғулғонсен” чорлови кўнглида акс-садо уйғотган, илм ва ижод аҳли ҳам мутеликка кўниб, “оч қорним, тинч қулоғим” қабилида кун кечиришга ўтиб олишди. Бу хавфли ҳолатга қарши овоз чиқариб сўз айтганлардан бири Жамол Камол эди. 2002 йилда ёзилган “Навоий ва биз” мақоласида у мана нима деган: “Асрлар давомида турғунликда шаклланган ўзбек менталитетининг таркибий бир қисми турғунлик психологияси. Унинг шиорларига диққат қилинг: “Ўзингни бил, ўзгани қўй”, “Ҳозирни ҳузур бил”, “Эплабди, қандини урсин”, “Давринг келди, сур, бегим”, “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан”. Бундай зеҳният билан халқ қандай қилиб тараққиётга эришсин? Асрлар ўтса ҳамки, бир ерда депсиниб тураверади у. Зеҳният бу – халқнинг сифати демак. Токи увадаси чиққан зеҳниятдан қутулмас эканмиз, биримиз икки бўлишига кўзим етмайди”. Турғунлик психологияси миллатнинг ҳануз биринчи душмани бўлиб турибди. Увадаси чиққан зеҳният, ожиз ва биқиқ шуурга суяниб мақтаниш ҳануз жуда хунук, жуда ёқимсиз туюлади. Ҳамма шоиру ёзувчига ишонавермаслик керак. Улар сафида ҳақиқат туйғуси шаклланган, диёнат ҳиссига соҳиблари кўпмас. Жамол Камолнинг бир ғоявий, мафкуравий “майдон”дан иккинчисига сакраб ўтмагани, бир эътиқодни бошқасига алмаштирмаганига тан бериш керак. Кейинчалик ўзини маддоҳлик, хушомад қурбони ўлароқ ҳис қилган шоирга қарата у мана бундай сатрларни тизиши бежизмас:

Шоирим, ўтасан сен ҳам муқаррар,
Гарчи ардоқлисан, гарчи суюксан.
Шижоат туйғуси билан мукаммал,
Шижоат туйғуси билан буюксан!

Лекин сен ҳам агар этиб номардлик,
Сен ҳам ўз-ўзингни ўйласанг фақат.
Демак, соб бўлибди, оламда мардлик,
Демак, рўй берибди қора қабоҳат…

Бу мисралар қарийб қирқ йил муқаддам битилган. Ўшандан буён қанча сувлар оқиб ўтмади. Лекин Жамол Камол шоирлик маслаги, шижоати ва эътиқодига хиёнат қилмаганидек, моддий ва нафсоний эҳтиёжлар илинжида турланиб-тусланишни ўзига раво кўрмади. Бу катта гап, шоирликнинг бош талаби ҳам – шу!

Иброҳим ҲАҚҚУЛ,
филология фанлари доктори, профессор

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/01/16/%d1%88%d0%be%d0%b8%d1%80%d0%bb%d0%b8%d0%ba-%d0%bc%d0%b0%d1%8a%d0%bd%d0%b0%d0%b2%d0%b8%d0%b9-%d1%81%d0%b0%d0%b1%d0%be%d1%82-%d0%b2%d0%b0-%d1%81%d0%b0%d0%b4%d0%be%d2%9b%d0%b0%d1%82%d0%b4%d0%b8%d1%80/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x