РОБЕРТ РОЖДЕСТВЕНСКИЙ (1932–1994)

* * *  

Кичик  бир

бешафқат  заминда

Яшаб  ўтар  эди

кичик бир одам,

Кичик эди унинг

иш лавозими

Ихчамгина эди

портфели, ҳатто

Маоши ҳам

шунга яраша.

Кунларнинг бирида –

Сокин саҳарда –

Деразасин чертиб

чорлади, ногоҳ

Кичикдай кўринган

даҳшатли уруш…

 

Кичик бир автомат

берилди унга.

Кичик бир этик ва

кичик бир каска

Кичиккина шинел

бўйига мослаб…

 

Аммо у йиқилгач бехос,

тўсатдан,

Хужумга ташланиб

хайқирган чоғи,

Ёвга ғижинганча

бўлиб қолгач жим

Етмади ер юзин

мармар тошлари

Бўй- бастига ҳайкал

ўймоқлик учун!

 

ЖОКОНДА

 

Қанчалар  кўп

билар мен ҳақда

бу  аёл!..

Сезаман:

Пистирма

ғижирлар

ҳар ён!

Таралгай  шамолнинг хушбўй ифори.

Ранг олар қорамтир шарбатдек  дарё.

У менинг беҳаё  фикримга,

Ёприлар хаёлий,  қиров мисоли.

 

У  жойда – имкон  йўқ  ўтмоқлик  учун,

Жонсиз  ўт-ўланлар,  чакалакзор  ғиж.

У  жойда  изғир  гунг  шафқатсиз  қўрқинч.

У  жойлар  гўёки  ярим  тундан  сўнг

Хувиллаб  қолгандай  суронли  вокзал.

У келиб урилар  кўзга тиғ  каби,

бехосдан  кўринган  шарпа  галма- гал!..

Буларнинг  ҳаммаси  айтилган  унга.

Пичирлаб,

бўрттириб,

ҳайрат  шавқида…

Қанчалар  кўп  билар  бу  аёл

менинг  ҳақимда!..

Шаббода   кўтаргай  боғ  қадларини,

Қутура  бошлагай  мушуклар…

Ва  биз  яна  росладик,  мана

Товусларнинг  нозик  патларини.

Гоҳ  тўю  томоша, гоҳида  аза

Узилиб, узилиб  ўтгайдир  йиллар…

Биз  эса  у  ҳақда –  кўз  қисиб  ҳамон

Дегаймиз: эй  гўзал!

Юр!

Юргин! – шарқироқ   оқимлар  томон.

Юр! – елвизак  сари.

Шошил! – тунги   майхоналар

ланг  очиқ,  ахир!

Бизнинг  измимизда  уларнинг  бари

Чириб  кетмагунга  қадар  бу  аср !..

У  эса  хоҳламас  сўзлашни.

Боқар  юксакдан.

Чорасиз.

Киборли …

Тақдир  ўти  аччиқ,

аримайдир,  бас.

Қанчалар  кўп  билар  бу  аёл,

фақат  индамас.

 

 

ВАҚТ  НИСБАТИ

 

Юлдузлар сочилар тўсатдан

Гўёки бебошвоқ оломон,

Ёзнингми, қишнинг қоқ белида

Куз пайдо бўлгандай ногаҳон.

Гарчандки икки пок юракнинг

Беозор уриши  муҳимдир,

Ундан-да муҳимроқ, сабаби

Муқаррар бу – вақт нисбати.

 

Мен оддий яшадим, жўнгина

Ва бефарқ бўлмадим севгига,

Шеър ёздим сен учун беминнат

Юборгум яна ўн саккиз хат.

Сен бирдан олмайсан уларни

Боиси бу – вақт нисбати.

 

Югургим йўл бўйлаб тонг саҳар

Гар нафас олсам-да оғирроқ,

Ўзимни ишончга тўлдириб,

Тошириб боргайман мен бироқ.

“Севаман” деб қандай қичқирай,

“Севаман” дейишинг маҳолдир,

Олисдир туйғулар, сабаби

Шубҳасиз бу – вақт нисбати.

 

Йўлимни тўсадир кун нури,

Тўсадир бетиним шамоллар.

Қўрқитмоқ бўладир, йўлимга

Ғов бўлиб баҳайбат гунг тоғлар.

Кўз тутма, қўнғироқ қилмайман,

Сабр қил, бу тақдир қисмати,

Мен четлаб ўтаман ғовларни

Беилож қолар вақт нисбати.

 

 

* * *

 

О, шоирлик иши!

На мисралар тўкис,

На сатрлар соз…

Кўниккан ўқувчи,

Чидар оқ қоғоз.

Истаса ўтказар

ғалвирдан сувни,

Истаса ёзайми

Уними, буни,

дея беҳафсала

ўтказар кунни.

Қофия баҳсини

ўйнар истаса,

Ё қилиши мумкин

унинг аксини.

 

Шундай телбаликлар

қиларки, ҳатто

Ҳайратдан танқидчи

оғзини очиб,

Унутар юмишни,

Эс-ҳуши қочиб.

Насиб этган унга

шундайин амал.

Мен-чи, қандай ростгўй

бўлай ҳар маҳал?

Қандай кирсам бўлар

Эшикни қоқмай

Уйларингизга.

Қандай кирсам экан

Қитмирликларсиз

Юрагингизга?!

 

 

Рус тилидан Музаффархон Маматхонов таржимаси

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/05/23/%d1%80%d0%be%d0%b1%d0%b5%d1%80%d1%82-%d1%80%d0%be%d0%b6%d0%b4%d0%b5%d1%81%d1%82%d0%b2%d0%b5%d0%bd%d1%81%d0%ba%d0%b8%d0%b9-1932-1994/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x