Соҳибжамол қизгина
Соҳибжамол қизгина, қадду қомат қурчгина,
Нечун қалбингда бунча араз ҳамда ўч, гина?
Лабларинг мисли ғунча – дуога чоғланганми,
Сўзларинг тийғи ханжар – жазога чоғланганми?
Нигоҳингда акс этган нозу карашма, ҳайҳот,
Юрагимга ўт қалаб, айлагай гулхан бунёд.
Тундан-да қаро бу кўз, эй офатижон наргиз,
Уни бир кўрган киши офтобни демас ҳаргиз!
Кулгуларинг жон ўртар, эркалаб чунон ўртар,
Бу қандай жоду айтгин, бағримда бўрон ўртар?
Сарвқомат дилбарим, кундан ёруғ наҳорим,
Қувончим ўзингдирсан, ўзинг менинг озорим!
Соҳибжамол қизгина, қадду қомат қурчгина,
Нечун қалбингда бунча араз ҳамда ўч, гина?
Сени кўрган онимда йўқотаман сўзимни,
Сенсиз қандай яшайман, унутаман ўзимни?
Қувончим ўзингдирсан, ўзинг менинг озорим,
Сарвқомат дилбарим, кундан ёруғ наҳорим!
Сен, фақатгина сен – истагим ёлғиз,
Сен билан яйрамоқ бўлмади раво.
Қонни оғулаган қайғумсан илкис,
Кўксимни чок этган – сен ўша рўё.
Илҳом онларида тушдай бир садо,
Унга муносиб сўз топмадим, афсус.
Сен шараф манбаи, мен-чи, жонфидо,
Иймоним йўлимни ёритган фонус.
Сўнган эҳтиросдек, умид ордона,
Мен айтмаган қўшиқ, ният мардона,
Барчаси улуғвор қалбимда менинг,
Танимни илитиб, ёндирган олов,
Маҳв этиб, азобдан халос этган ёв –
Мамотдек, ҳаётим, севаман сени.
Боқий ҳаёт ҳақида афсона
1
Дунёни забт этиб буюк Искандар,
Бобилда илоҳдек яшар музаффар.
Зоҳид-чи, бир умр чўлу саҳрода
Тангрига сиғинди – бўлди тақвода.
Зулматни қувгандек қуёш бир зумда,
Тун чоғи кўринди ногоҳ маъбуда.
Яқинлашиб деди: “Эй, содиқ бандам,
Тила тилагингни, берайин шу дам!”
Зоҳид деди: “Ҳаёт, гарчи, қайғули,
Лекин етмасайди ажалнинг қўли”.
Маъбуда дер: “Аён ниятинг мутлоқ,
У ҳолда бу сенга, олтинранг ёнғоқ.
Бир кеча ухламай ва сукут сақлаб,
Ёнғоқни чақасан ақлингни чархлаб.
Мағзин еб, пўчоғин отасан ўтга,
Шунда эришасан боқий ҳаётга”
2
Кун бўйи сукутда, тун бўйи бедор –
Зоҳид улуғ ишга бўлди талабгор.
Хушбўй оғочларни ёқа бошлади,
Ҳатто исириқдан мўл-кўл ташлади.
Тақдирлар тангридан этилган ато –
Ақлни пешлайди: қилмай деб хато.
Қалбини ўртади ногаҳон ҳадик:
“Нега керак менга ўзи мангулик?
Кураш оламига қайтиш учунми?
Мангу яшамоқлик?.. Шу куним кунми!
Маъбуда, афв этгил, гуноҳ қилдим мен!
Неъматинг соҳибин энди билдим мен.
Навқирон шоҳимиз мисоли маъбуд,
Камини бу неъмат яна айлар бут.
Милёнлар учун нур, офтоб эрур у,
Милёнлар бахтига яшасин мангу”.
3
Дунёни забт этган буюк Искандар,
Бир сулув ишқида қулдек мунғаяр.
Рахшона – суғд қизи гўзал, бетакрор,
Шу чирой боиси юракда шарор.
Мағрур қиз кўксига қўяр экан бош,
Оғушида эрир, беролмас бардош.
Лекин ўтмасидан бирор дақиқа,
Қиз қалбин чулғайди ғаюр таҳлика.
Ишқу эҳтиросдан намли кўзида,
Чақнайди ёвуз ўт шу вақт ўзида.
Лабидан учади даҳшатли истак –
Ёнғин, ўлим, ғамга эгизак.
Шоҳ ҳам садоқатдан буткул тонади:
Персеполис ёнди! Суза ёнади!
Клитни ўлдирди! Бу ишқ саробми?..
Кундан кун кучаяр дўзах азоби.
4
Маъбудга ёлворди буюк Искандар:
“Вайрон қил, дунёдан қолмасин асар!
Ёхуд изтиробим айлагил осон,
Билайин, у ёрми ва ёки илон?
Бунча кўп тусланар, айтақол яна,
Қалбининг соҳиби менми ягона?”.
Зоҳид пайдо бўлиб қошида шу зум,
Заминнинг шоҳига айлади таъзим.
“Ғанимлар даф бўлсин, шоҳим, йўлингдан!
Туҳфа қабул айла содиқ қулингдан.
Нописанд қарама! Шу митти ёнғоқ –
Маъбуда инъоми! Ғурур ё гуноҳ”.
Сўнгра изоҳ берди, қайдан бу ҳосил,
Маъбуда шартларин айтди батафсил.
“Милёнлар бахтига офтобман десанг,
Мангу ёш бўласан, ёнғоқни есанг”.
5
“Боқийлик манбаи – Ҳақдан иноят!”
Шоҳ ўзин қудратли ҳис этди ғоят.
“Мен мангу яшайман ўктам, навқирон!
Ёрим-чи? Гул каби сўларми нолон?
Усиз ҳаёт нечун? Нимадир жаннат?
Йўқ, йўқ, ўлим афзал! Тириклик – даҳшат!”
Шоҳ карахт югурди Рахшона томон:
“Гулим, мангу яшна, сенга бу инъом!”
Сўнгра айтиб берди, қайдан бу ҳосил,
Маъбуда шартларин айтди батафсил.
“Қуёшим, сен мени севсанг чинакам,
Шу мағиз кифоя иккимизга ҳам.
Йўқса… – тутилар шоҳ. – Ўзинг, майли, бил!
Мана сенга ёнғоқ! Нима қилсанг, қил!”
Қизарди қиз бирдан қон тепиб юзга,
Искандар шаҳд билан қайрилди изга.
6
Рахшона, гўзал қиз, нени ўйларсан?
Шоҳ билан мангулик томон бўйларсан?
Йўқ! Уни куйдирган алам ўзгадир!
Қалбида илоҳ ҳам, шоҳ ҳам ўзгадир.
Азиз деб кўз тиккан, куну тун демай,
Довруғли саркарда, у – Птолемей.
Гарчи йигит севмас, интилмас зинҳор,
Қиз эса жонини беришга тайёр.
“Мангу яшамоқлик… ёрсиз? Асло йўқ!
У боқий яшаса – кўнглим бўлар тўқ!
Сирли ёнғоқ билан қалбин забт этай!
Бўлмаса, на илож, дунёдан ўтай”.
Саркардага уни элтди ўша он,
Ва барча шартларни айлади баён.
Оқшом чўкканида қайта қолди қиз,
Искандар майига заҳар солди қиз.
7
Шоҳ оғриқ зўридан оҳ-фарёд урар,
Рахшона бепарво, жимгина турар.
Кўпни кўрган табиб ночор бош силкир,
Саройни чулғайди тундай хавотир.
Даҳшатли туш янглиғ тарқалар хабар,
Салтанат қайғуда, хўрсинар шаҳар.
Куртизанка ялтир-юлтир либосда,
Шу пайт кириб келар хонаи хосга.
“Кўпнинг бахти учун яша беадоқ!
Шоҳим, мендан ҳадя бу сирли ёнғоқ!
Маъбуда инъоми – есанг мағзини,
Мангу ёш бўласан – айтдим сўзини”.
Искандар дарғазаб: “Қақшагин, бадбахт!
Кимдан олдинг буни? Тўғрисини айт!”.
Қиз қўрқмай гапирди, ҳоли бўлмай танг:
“Уни менга берди сенинг саркарданг”.
8
Искандар ётаркан оғриққа чидаб,
Мўъжиза ёнғоқни турар чангаллаб.
“Абадий яшамоқ, севмоқ севилмоқ!
Ҳаёт эса жангдир! Муҳаббат – алдоқ!
Курашиб яшамоқ алдов тўрида!
Куну тун! Куну тун! Азоб қўрида!
Маъбуда, туҳфангни қилмасман ҳавас!
Мен шоҳман дунёга, қалбимга эмас!
Милёнлаб одамни ўлдириш осон,
Мажбурлаб суйдириш – буниси гумон!
Абадий яшамоқ! Ҳазил-мазах-ку!
Шу ёнғоқ бахт туҳфа этарми мангу?
Бахтсиз, яна ишонч, севгисиз, ҳайҳот,
Мангу яшаш – ўтда ёнмоқ умрбод!
Йўқ, маъбуда! Қайтариб ол туҳфани!
Қутқар, йўқса, дўзах кутмоқда мани!”
9
Тўшакда ўртаниб оғриқдан подшо,
Ёнғоқни кўзига қилди тўтиё,
Сўнг хушбўй ўтинлар чарсиллаб турган
Гулханга неъматни ташлади бирдан.
Гўёки оғриқлар пасайди, тинди,
Қайнаган қонига салқинлик инди.
Ақли тиниқлашди, кетди хомхаёл
Ва тунда жонига етишди завол.
Украин тилидан
Сирожиддин РАУФ
таржимаси
2019/3
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2019/07/03/%d0%b8%d0%b2%d0%b0%d0%bd-%d1%84%d1%80%d0%b0%d0%bd%d0%ba%d0%be-1856-1916/