Азизиддин НАСАФИЙ КОМИЛ ИНСОН КИТОБИ

ОЛТИНЧИ РИСОЛА

ХИЛВАТ ОДОБИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Алҳамду лиллаҳи роббил-ъаламйин, вал-ъақибату лил-муттақийн, вас-солату вас-саламу ъала анбиёиҳи ва авлиёиҳи хойру холқиҳи, ва ъала алиҳим ва асҳабиҳим ат-тоййибийн ат-тоҳирийн.
Аммо баъд, заифларнинг энг заифи ва фақирларнинг ходими, камина – Азизиддин Муҳаммад Насафийдан дарвешлар – Аллоҳ уларни янада кўпайтирсин – чилла шартлари, зикр тушиш одоблари, тасаввуф аҳли уружи ҳақида бир рисола тартиб бериб, унда чиллада ўтирган пайтда нима емоқ керак, қанча ейиш керак, нимани зикр қилмоқ керак, қандай зикр тушиш кераклиги ҳақида маълумот беришимни сўрадилар. Уларнинг таклифларини қабул қилдим ҳамда хато ва гумроҳликдан паноҳ истаб, Аллоҳ таолодан мадад ва ёрдам сўрадим. Негаки, фақат У нимагаки, истаса Қодир эрур ва сўраганларни ижобат қилишга муқтадир. Бу рисолани “Хилват одоби” деб номладим. Ва ма тавфиқий илла биллаҳи алайҳи таваккалту ва илайҳи унийб.
Аллоҳнинг сўзи: (Бунга) муваффақ қилиш эса, Аллоҳнинг ихтиёридадир. Унга таваккул этдим ва Унга инобат қилдим (ихтиёримни топширдим).

Биринчи фасл

ТОАТ ВА МАЪСИЯТ (ГУНОҲ) БАЁНИДА

Билгилки, тасаввуф аҳли уч нарсага жуда қаттиқ эътибор берадилар: биринчиси – жазба, иккинчиси – сулук, учинчиси – уруж. Жазба кашиш (тортиш, жазб этиш)дан иборат, сулук кўшиш (саъй-ҳаракат)дан, уруж – бахшиш (тортиқ этиш)дан иборат. Кимки бу уч нарсани эгалласа, шайх ва раҳнамодир, кимки бу уч нарсани эгалламаса, ёки бу учтадан биттаси унда бўлмаса, шайхлик ва пешволик ишига ярамас.
Эй дарвеш! Инсонийликнинг биринчи мақомидан сўнгги мақомигача ўн мақом бордир. Ҳар мақомда жазба, сулук ва уружи бордир. Аммо ҳар бир мақомнинг жазбаси бошқадир, ҳар бир мақомнинг сулуки бошқадир, ҳар бир мақомнинг уружи ўзгадир. Ҳар бир мақомнинг тоат ва маъсияти (гуноҳ, ёзуқ)и ҳам бошқадир. Тоат ва маъсиятни танимоқ, яхши-ёмонни ажрата билмоқ улуғ ишдир. Шу сабабдан айтмишларким, мурид бирор ишда ўз шайхига инкор ва эътироз қилмасин. Чунки, мурид ҳар бир мақомнинг тоат ва гуноҳлари нима эканлигини билмайди. Кўп нарсалар бир мақомда тоатдир, аммо ўша нарса юқорироқ мақомда гуноҳдир – ҳасанотул-аброри саййиотил-муқаррабийн (аброрларнинг эзгу амаллари – муқарраб бандалар учун гуноҳдир). Кўп нарсалар бир мақомда гуноҳ ҳисобланади, аммо ундан юқорироқ мақомда ўша нарсанинг ўзи айни ибодатдир. Масалан, имон келтиришдан олдин – илм мақомига эришмоқдан бурун – жоҳил кишининг ейиши, ҳам, юриш-туриши ҳам, ҳатто ухлашлари ҳам фақат гуноҳ кўпайтирувчи амаллардандир. Имон келтирганидан сўнг, яъни илм мақомига эришмоқдан кейин олим кишининг ейиши ҳам, ухлашлари ҳам, ҳатто шаҳватини қондириши ҳам тоат сирасига киради.
Бунинг мартабалари бор, яъни солик шундай бир жойга етишадики, Аллоҳ таоло унинг кўзи ва қулоғига айланар, унинг қўли ва тилига дўнар. Токи нимаики айтган бўлса, Ҳақ айтгани, нимаики амал қилган бўлса, Ҳақ қилгани бўлур. Ҳеч ким унинг гап-сўзи ё қилмишига эътироз этолмас. Мусо ва Хизр алайҳимоссаломнинг ҳикояти бундан хабар берур. Аллоҳ таоло эзгу амалларни ёмон ишларга ва ёмон ишларни эзгу амалларга табдил этар. Бу икки ишни соликнинг иззати ва нияти жиҳатидан амалга оширар.

Иккинчи фасл

ЧИЛЛА ЎТИРИШ ШАРТЛАРИ БАЁНИДА

Билгилки, биринчи шарт – шайхнинг ҳозирлигидир. Фақат шайх ижозат бергандагина чилла ўтириши мумкин. Чилла ўтирган пайтларида шайх ҳам ҳозир бўлиши керак. Шайх ҳар ҳафта ё ҳар ўн кунда унинг хилватхонасига кириб ҳолидан хабар олиши керак, ўшанда мурид шайхнинг дийдоридан янада қувват олади ва мужоҳадада сабр қила олади. Агар бирор мушкуллик туғилган бўлса, шайхдан сўрайди.
Иккинчи шарт – замон ва макондир. Яъни ҳаво жуда иссиқ ҳам, қаттиқ қаҳратон ҳам бўлмаслиги керак, мўътадил ҳаво бўлгани яхши. Чилла ўтирадиган жой одамлардан узоқроқ жойда бўлиши керак, одамларнинг овози ҳам уни чалғитмасин, зикр тушганда унинг овози ҳам одамларни безовта қилмасин. Чиллахона ортиқча нарсаларсиз ва қоронғи бўлсин. Чилла давомида мурид олдига шайх ва ходимдан бошқа ҳеч ким кирмасин.
Учинчи шарт – ҳамиша таҳоратда юрсин. Ҳар бир намозда таҳоратини янгилаб, таҳорат олгандан сўнг икки ракъат таҳорат шукронаси намозини бажо келтирсин.
Тўртинчи шарт – рўзадир. Қирқ кун сурункасига рўза тутмоғи керак.
Бешинчи шарт – кам емоқдир. Оғиз очгандан кейин қанча ейиш ҳар кимга ҳар хилдир. Шунинг учун мурид қанча ейиши лозимлигини шайх ўзи белгилайди.
Олтинчи шарт – оз сўзламоқдир. Бу қирқ кунда шайх ва ходимдан бошқа ҳеч ким билан сўзлашмаслиги керак.
Еттинчи шарт – кам ухламоқдир. Мурид чилла пайтида кечаси икки донг (тахминан тўрт соат)дан ортиқ ухламаслиги керак.
Саккизинчи шарт – хотирни танимоқдир. Хотир тўрт қисмдан иборат – раҳмоний хотир, малакий хотир, нафсоний хотир ва шайтоний хотир. Буларнинг ҳар бирининг хос аломатлари бордир.
Тўққизинчи шарт – барча хотирларни нафй – инкор этишдир. Бу қирқ кеча-кундузда хотирига нимаики тушса, уни инкор этсин ва уни умуман ўйламасин. Раҳмоний хотирни шайтоний хотирдан ажрата биладиган хотиршунос бўлиб, кўнглига келган фикр раҳмоний бўлиши эҳтимоли бўлса ҳамки, инкор этиши лозим. Чунки у шайх амри билан иш тутмоғи керак. Шайхнинг амри ҳеч шубҳасиз раҳмонийдир. Агар бирор нарса хотирига тушса, ёки туш ё рўёда унга бирор нарса кўринса ва хаёлини банд қилса, ёки ечимини тополмаса, шайхдан сўраши керак, ўшанда шайх бу ҳолатга шарҳ бериб, унинг хотирини паришон бўлишига йўл қўймайди.
Ўнинчи шарт – доимий зикрга тушишдир. Беш маҳал намозни ўз вақтида ўқигандан сўнг фақат “Ла илаҳа иллаллоҳ” зикрига машғул бўлсин. Зикрни баланд овозда қилсин ва бошқа ҳеч қандай ишга шуғулланмасин. Ҳамиша ҳузур топишга ҳаракат қилсин. Зикр тушишда нафй ва исбот қилаётганини билиб турсин (мосиваллоҳнинг инкори ва Аллоҳнинг исботи). Соликнинг ҳам мартабалари бор. Энди зикрга тушган соликнинг зикрдаги нафй ва исботи билан зикр тушишнинг охирига етган зокирнинг нафй ва исботи баробар эмас.

Учинчи фасл

ЗИКР ТУШИШ ОДОБИ ҲАҚИДА

Билгилки, чақалоқ учун она сути қандай керак бўлса, зикр солик учун шунча керакдир. Солик зикрни шайхдан талқин йўли билан ўрганмоғи керак. Талқин дарахтни пайвандлашга ўхшар. Зокир зикр тушишдан олдин дастлаб таҳоратини янгилаб олсин. Сўнг икки ракъат таҳорат шук­ронаси намозини бажо келтирсин. Сўнг қиблага қараб ўтириб зикрни бошласин. Баъзилар зикрга тушишда қийналмаслик учун чордана қуриб ўтириш керак, деб ҳисобласалар, айримлар одоб сақлаш учун намозда ўтирган каби чўкка ўтириш керак, деб айтганлар. Бизнинг шайхимиз чордана қуриб ўтирарди. Муридлари ҳам чордана қуриб ўтиришарди. Зикрга тушиш пайтида кўзлар юмуқ бўлсин, дастлабки йиллар баланд овозда зикрга тушсин. Зикр тилдан дилга кўчгандан кейин, дилда зикр айтсин, паст овозда зикрга тушса ҳам бўлур. Зикр узоқ муддатдан кейин сийратга кўчар, дилда жойлашгандан сўнг дил зокир бўлур. Айтилгандек, зикр айтишда ҳозир ва огоҳ бўлишга жаҳд қилсин, ўз илми ва мақоми даражасида нафй ва исбот қилсин; зикрлардан “Ла илаҳа иллаллоҳ” зикрини ихтиёр этсин. Ҳар “Иллаллоҳ” деганда “Илло” сўзидаги алифни чап томонда жойлашган музғага урсин. Музға дард топар. Шундай қилиб айтганда дастлабки кунларда овози бўғилиб қолар, ва музғаси оғрир. Аммо бир неча кун ўтгач, овози очилиб, музғанинг дарди ҳам йўқ бўлиб қолар. Агар бир кеча-кундуз баланд овозда зикрга тушса-ю, овози бўғилмай, музғаси ҳам оғримаса, бу зикр ичга кўчиб, дил ҳам зикрга тушаётганининг аломатидир. Зокир бўлган дарвешлар олдида агар бирор киши бир нафасда “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса, у зикр аҳлиданми-йўқми, қалби зокир бўлганми-йўқми, ўша заҳоти билиб оладилар. Бундай зикрга тушишликнинг хосияти кўпдир, буларни ҳаммасини ёзиб бўлмайди. Буни йиллаб зикрга тушган кишигина билур. Мубтадий (энди бошловчи)лар бу сўзларни имон юзасидан қабул этсинлар ва ишга киришсинлар, оқибат бир кун бу ҳол уларга ҳам маълум бўлғусидир.

Тўртинчи фасл

ТАСАВВУФ АҲЛИНИНГ УРУЖИ БАЁНИДА

Билгилки, валийлар ва набийларнинг табиий ўлимларидан олдин бир ўлимлари бор. Чунки улар табиий ўлимдан олдин мавти ародий (ихтиёрий ўлим) билан ўла оладилар; бошқалар табиий ўлим топгандан ке­йин кўришлари мумкин бўлган нарсани улар табиий ўлимдан олдин кўра оладилар. Ўлимдан кейинги аҳвол уларга аёнлашиб, илм ул-яқин мартабасидан айн ул-яқин мартабасига етишади. Чунки, одамларнинг ҳижоби жисмдир. Руҳ жисмни тарк этгандан сўнг унга ҳеч қандай ҳижоб қолмас.
Набийларнинг уружи икки хилдир – жисм ва руҳ бирлигида ҳам бўлиши мумкин, фақат руҳий меърож бўлиши ҳам мумкин. Валийларнинг уружи эса фақат руҳ орқали сурат топади.
Бу муқаддималар сенга маълум бўлгандан сўнг энди билгилки, бу мавзуда биз пайғамбарларнинг меърожи ҳақида гапирмоқчи эмасмиз, чунки пайғамбарларнинг меърожи барчага маълум ва машҳурдир. Биз тасаввуф аҳлининг уружи ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бу сўзлар солик­ларнинг танбеҳи ва тарғиботи ҳам ҳисобланади, токи соликлар риёзат ва мужоҳидада танбал бўлмасинлар ва ярим йўлда қолиб кетмасинлар. Шоядки улар ҳам бу саодатга эришгайлар ва бу давлатга мушарраф бўлгайлар. Чунки Аллоҳнинг ризоси ва лиқоси (дийдори)дан сўнг бундан, яъни вафот этишдан олдин ўлимдан кейинги аҳволни аён қилиш, жисм қолипини тарк этгандан сўнг бўладиган ҳолатни олдиндан билиш саодатидан ортиқ саодат йўқ.
Эй дарвеш! Соликка ўлимдан кейинги аҳвол олдиндан маълум бўлиши азим ишдир, одамлар эса бундан ғофилдирлар. Йўқса кеча-кундуз беҳуда ишларни тарк этиб, ибодат ва сулукка саъй-ҳаракт қилишарди, токи ўлимдан кейинги аҳволлари уларга кашф бўларди. Ўшанда улар бадан қолипини тарк этганидан сўнг қайси манзилда бўлишларини кўриш имконига эга бўлардилар.
Билгилки, тасаввуф аҳлинининг уружи қуйидагича: соликнинг руҳи соғлиги ва бедорлиги ҳолатида баданидан ташқари чиқиб, ўлимдан кейин унга аён бўлажак ҳолатлар унга ўша лаҳзаларда аён бўлиб, жаннат ва дўзахни ўз кўзи билан кўрар; илм ул-яқин мартабасидан айн ул-яқин мартабасига етишар, билган нарсаларни ўз кўзи билан кўрар. Баъзиларнинг руҳи биринчи фалаккача кўтарилар, баъзиларнинг руҳи эса иккинчи фалакка кўтарилар; шу тариқа, Аршгача руҳлар кўтарилар. Хотам-ул анбиёнинг руҳи Арши аълогача кўтарилди. Чунки ҳар бир руҳ ўзининг аввалги мақомигача кўтарилар, аммо ундан юқорироқ кўтарилолмайди. Қайси руҳ қайси мақомгача кўтарилса, ўша мақомдаги нарсаларни тўлиқ кўради. Руҳ қайтиб жисмига киргандан кейин ҳам кўрганлари барчаси эсида қолади. Улар саҳв ҳолатига тушганларида кўрганларини айтиб берадилар. Уруждан қайтиб тушганларидан кейин айримлар саҳв ҳолатига тушадилар, айримлар сукрда бўлурлар. Негаки уларга таҳуро шаробидан лиммолим қадаҳлар тутқазишади. Соқийлари – Парвардигорнинг Ўзидир. Заифроқ бўлганлари зоҳирларини сақлай олмаслар ва мастлик қилурлар. Шариатнинг зоҳирини тарк этажаклар. Кучлироқ бўлганлари эса, ўзларини тута биладилар, маст бўлсалар ҳам, мастлик қилмаслар ва шариат зоҳирини асрай билурлар. Бу сўзларни фақат бу ҳақда озгина тасаввурга эга бўлган ва жонидан кечган одамларгина англай оладилар.
Айримларнинг руҳи осмонларда бир кун қолиб осмонларни тавоф айлар, айримлариники икки кун, баъзиларники уч кун; айримларнинг руҳи бундан-да кўпроқ – ўн кун, йигирма кун, ўттиз кун, қирқ кунгача осмонларда қолиши мумкин. Бизнинг шайхимиз айтардики, менинг руҳим ўн уч кун осмонларда қолди, сўнг жисмимга қайтиб кирди. Жисмим бу ўн уч кунда ўлик танасидек эди ва ҳеч нарсадан хабари йўқ эди. Бунинг гувоҳи бўлганлар айтдиларки, бу ўн уч кунда сенинг жисминг ўлган кишининг танасидек ҳаётдан асари йўқ эди. Бошқа бир азиз руҳи йигирма кун жисмини тарк этаганини айтиб берганди. Яна бошқа бир азиз киши айтардики, менинг руҳим қирқ кун баданни тарк этганди, сўнгра жисмимга кирди. Бу қирқ кунда нимаики кўрган бўлса, барчаси эсида бор эди.
Ҳар бир кишининг руҳи ўзининг аввалги мақомига уруж қила олиши айтилди. Шунингдек, хотамул-анбиё руҳи Арши аълогача уруж қилади, деб айтиб ўтилди. Тасаввуф аҳлининг бир тоифаси айтишича, Арши аълогача хотамлар – хотамул-анбиё ҳамда хотам ул-авлиё руҳи уруж қила олади. Бу тоифа валийлик мартабасини аъло, деб ҳисоблайдилар. Аммо валийлик мартабаси набийлик мартабасидан қандай қилиб аъло бўлиши мумкин?! Биз бу ақида нотўғрилиги ҳақида “Кашф ул-ҳақойиқ” китобимизда айтиб ўтганмиз. Истаганлар ўша китобдан ўқисинлар.

ЕТТИНЧИ РИСОЛА

ИШҚ БАЁНИДА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Алҳамду лиллаҳи роббил-ъаламийн, вал-ъақибату лил-муттақийн, вас-солату вас-саламу ъала анбиёиҳи ва авлиёиҳи хойру холқиҳи, ва ъала алиҳим ва асҳабиҳим ат-тоййибийн ат-тоҳириийн.
Аммо баъд, заифларнинг энг заифи ва фақирларнинг ходими, камина – Азизиддин Муҳаммад Насафийдан дарвешлар – Аллоҳ уларни янада кўпайтирсин – ишқ ҳақида бир рисола тартиб бериб, унда муҳаббат нима, ишқ нима, ишқнинг мартабалари нечталиги ҳақида маълумот беришимни сўрадилар. Уларнинг таклифларини қабул қилдим ҳамда хато ва гумроҳликдан паноҳ истаб, Аллоҳ таолодан мадад ва ёрдам сўрадим. Негаки, фақат У неники истаса Қодир эрур ва сўраганларни ижобат қилишга муқтадир.

Биринчи фасл

МАЙЛ, ИРОДАТ, МУҲАББАТ ВА ИШҚ БАЁНИДА

Аллоҳ сени икки дунёда азиз қилсин, билгилки, зикр аҳлининг тўрт мартабаси бордир: баъзилари мойиллик мартабасидадирлар, баъзилари иродат мартабасида, бошқа бировлари муҳаббат мартабасида, яна бирлари ишқ мартабасидадирлар. Тасаввуф аҳлидан кимгаки уруж муяссар бўлса, тўртинчи мартабададир. Зокир тўртинчи мартабани эгалламагунча, руҳига уруж муяссар бўлмас. Биз бу тўрт мартабани бирма-бир шарҳини берурмиз, токи зикрга тушган соликлар қайси мартаба эканлик­ларини билсинлар.
Дастлабки мартаба улдурким, зокирнинг жисми хилватхонада, тили зикрга машғулдир, аммо кўнгли бозорда бўлиб, дунёнинг савдоси кўнглида пишар. Бундай зикрнинг таъсири камроқдир, аммо фойдадан холи эмас.
Иккинчи мартаба улдурким, зокир зикрга тушган пайтда кўнгли ғойиб бўлар, зокир машаққат билан кўнглини зикрга ҳозир этар. Кўпчилик зокирлар шу мартабададирлар ва кўнгилларини қийинчилик билан зикрга тўғрилайдилар.
Учинчи мартаба улдурким, зикр кўнглига ғолиб келар ва кўнгилни тўлиқ қамраб олар. Зокир зикр айтмасдан туролмайдиган бўлиб қолади. Агар ташқи оламнинг бирор ишига машғул бўлмоқчи бўлса, иккинчи мартабадагилар кўнгилни машаққат билан дунё ишидан зикрга йўналтирганларидек, бу энди зикрдан машаққат билан дунё ишига йўналтирар. Бу – қурб мақомидир; соликлардан жуда кам кишига бу мақом муяссар бўлур. Бу сўзни қачонлардир севгилиси бўлган одамларгина тушунади. Чунки ошиқ фақат ўзининг маҳбубаси ҳақида гапиришни яхши кўради ҳамда маҳбубаси зикрисиз туролмайди; ошиқ ҳамиша маҳбубасини васф этиши ёки бошқалар унинг олдида севгилисини мақтаб туришларини истайди. Агар севгилисига тааллуқли бўлмаган бирор юмушни бажаришига тўғри келиб қолса, бу ишни минг азоб билан амалга оширади.
Тўртинчи мартабада мазкур – зикр этилувчи кўнгилга ғолиб бўлар. Учинчи мартабада зикр кўнгилни тўлиқ қамраб олгандек энди бу мартабада Мазкур, яъни Аллоҳ таоло кўнгли уйини бутунлай қамраб олур. Маъшуқанинг номи кўнгилда жой олиши билан Маъшуқанинг Ўзи кўнгилга эга бўлиши орасида фарқ бор.
Эй дарвеш! Шундай ҳол ҳам юзланурки, ошиқ шунчалик Маъшуқасига шайдо бўлурки, ҳатто Маъшуқанинг номи эсидан чиқиб, балки Маъшуқанинг Ўзидан бошқа барча нарсани буткул унутиб юборади.
Булар ҳақида маълумот ҳосил қилдинг. Энди билгилки, биринчи мартаба – мойиллик мақомидир, иккинчиси – иродат, учинчиси – муҳаббат ва охиргиси – ишқ мақомидир.
Эй дарвеш! Кимки биров билан суҳбатдош бўлишни истаса, дастлабки истакни мойиллик деб айтадилар, агар мойиллик кучайса, бундай кучли мойилликни иродат дейдилар, иродат кўпайса, муҳаббат бўлур, муҳаббат кучайса ва ҳаддан ошса, ишқ бўлур. Демак, ишқ – кучли муҳаббатдир, муҳаббат – кучли иродат ва ҳоказо…
Эй дарвеш! Агар бу азиз мусофир (яъни ишқ) меҳмонинг бўлиб келса, уни иззатини жойига қўй! Бу меҳмонни иззат қилиш – кўнгил уйини бу мусофир учун бўшатишдир, чунки Ишқ шерикликни хуш кўрмас. Агар сен бўшатмасанг, ўзи бўшатиб олади:

Ишқ омаду шуд чу хунам андар рагу пўст,
То кард маро тиҳиву пур сохт зи Дўст.
Ажзои вужуди ман ҳама Дўст гирифт,
Номест зи ман бар ману боқи ҳама Ўст.

(Маъноси:

Ишқ келди, қон каби вужудимга сингди.
Мени менликдан мосуво қилиб, Дўстга тўлдирди.
Бутун вужудимни Дўст эгаллаб олди.
Менда менликдан фақат ном қолди, қолгани Удир).

Эй дарвеш! Ишқ соликлар Буроқи ва тариқат аҳлининг уловидир. Ақл эллик йилда тўплаган нарсани Ишқ бир лаҳзада унга ўт қўяр ва ошиқни пок ва мусаффо этар. Ошиқ бир лаҳзада эришган нарсага солик юз марта чиллага ўтирганида ҳам эплолмайди. Негаки оқил дунёдадир, ошиқ – охиратда. Оқилнинг назари Ошиқнинг сайрининг қадамига етмас.
Эй дарвеш! Ҳақиқий Ишқ ҳақида ёзолмайман, чунки одамлар буни тушунмай, куфрга ҳукм чиқаришар. Шунинг учун мажозий ишқ ҳақида бир нарса ёзаман, ақл эгалари шундан ўзлари учун хулоса чиқаришади.

Иккинчи фасл

МАЖОЗИЙ ИШҚ МАРТАБАЛАРИ ҲАҚИДА

Билгилки, мажозий ишқнинг уч мартабаси бордир. Аввалида ошиқ ҳар куни ўз маъшуқаси ёдида бўлиб, унинг кўйида овора юрар; дилбарининг уйи унинг қибласи бўлиб, ҳар куни унинг уйини тавоф қилар; шоядки узоқдан бўлса ҳам жамолини бир назар кўрарман, деб, маъшуқасининг эшиги ва деворидан пойлаб юрар. Маъшуқанинг уйи зиёратидан мажруҳ дили роҳат топар ва дилининг жароҳатларига малҳам бўлар.
Ўртада шундай ҳол юз берарки, маъшуқасининг дийдорига тоқати қолмас. Агар маъшуқасини мабодо кўриб қолса, бутун вужудига ларза тушиб, тили гапга айланмас. Ҳушидан кетиб, йиқилиб қолиши хавфи туғилар.
Эй дарвеш! Ишқ бир ўтдирки, ошиқ вужудига тушар; бу ўтнинг макони кўнгилдир. Кўнгилга бу ўт назар йўлидан келар ва кўнгилда ватан тутар.

Гар дил набувад кужо ватан созад дил,
Вар ишқ набошад, ба чи кор ояд дил.

(Маъноси:

Агар кўнгил бўлмаса, Ишқ қайда ватан тутар,
Агар ишқ бўлмаса, кўнгил нима керак).
Бу ўтнинг шуъласи барча аъзоларга етиб, тадрижий равишда ошиқнинг ичини куйдириб, покиза ва соф этади. Ошиқнинг кўнгли шундай нозик ва латиф бўладики, нозиклигидан маъшуқнинг дийдорига чидай олмайди. Маъшуқнинг тажаллийсидан фано бўлиш хавфи туғилар. Мусо алайҳиссалом Ҳақ таолонинг дийдорини истаганда бу мақомда эди. Шунинг учун, Ҳақ таоло Мен сенга Ўзимни кўрсатмайман, демади, балки буюрдиким: Лан тароний, яъни мени кўролмайсан.
Аллоҳнинг сўзи: “Мусо Биз белгилаган вақтда (Тур тоғига) келгач, у билан Рабби бевосита гаплашди. Мусо: “Раббим! (Ўзингни) менга кўрсатгин, Сенга бир назар қилай!”, – деди. (Аллоҳ): “Мени кўра олмайсан. Лекин (ана у) тоққа (бир) боқ! Агар Мен унга бир жилва қилганимда (тоқат қилиб) ўз ўрнида тура олса, сен ҳам мени кўрасан”, – деди. Рабби тоққа тажаллий (кичик бир кўриниш) қилган эди, уни майдалаб ташлади. Мусо (бундан таъсирланиб) беҳуш ҳолда йиқилди. Ҳушига келгач, деди: “Сенга тасбеҳ айтурман, Сенга тавба қилдим ва мен мўминларнинг биринчиси (пешвосидурман)”.
Эй дарвеш! Бу мақомда ошиқ фироқни висолдан афзал билади. Фироқдан кўпроқ роҳат ва осойишталик топади. Ҳамиша ўз ичида маъшуқ билан суҳбат қуради; маъшуқаси баъзида лутф ва навозишлар қилади – унда ошиқ баст мақомида бўлур, гоҳида қаҳр ва ғазаб билан азоб беради – унда ошиқ қабз мақомидадир. Уни кўрган кишилар ошиқнинг қабз ва баст – шодлиги ва хафа бўлишларини кўрадилар, аммо нима сабабдан эканлигини билолмайдилар.
Охирги мартабада ошиқнинг кўнглида маъшуқанинг жамолидан ўзга ҳеч нарса қолмас; маъшуқанинг жамоли ошиқнинг кўнглини бутунлай ўз забтига олар. Ўшанда ошиқ ўзини бошқа кўрмас, ҳамма жойда маъшуқани кўрар. Ошиқ еб-ичаётган пайтда ҳам, ётиб-туришларида ҳам, юриш-ўтиришларида ҳам бу ишларни ошиқнинг ўзимас, балки маъшуқа қилаяпти, деган ишонч билан яшайдиган бўлади. Ошиқ ҳижрон ғамидан халос бўлиб, фироқ андуҳи қолмагандан сўнг маъшуқанинг жамолига одатланиб қолади ва жасорат пайдо қилади ва қўрқуви бартараф бўлади. Маъшуқанинг кўриш қўрқуви бутунлай кўтарилгач, энди агар маъшуқасига учраб қолса ҳам, бошқа илтифот қилмас ва ҳолати ўзгармас. Чунки кўнгилда ватан тутган маъшуқа энди ташқи оламдаги маъшуқадан кўра яқинроқдир. Кўнгилда ватан тутган маъшуқа ошиқнинг кўнглини бутунлай забтига олиб, уни масту мустағрақ қилмиш. Кўнгил ички маъшуқага унсият топганидан кейин унинг ҳолини ташқаридаги маъшуқа ўзгартиролмас ва таъсир кўрсатолмас. Агар бирор киши бу мақомда ташқи оламдаги маъшуқага илтифот қилмаса, унинг ишқи чинга айланмиш, негаки унинг ичи ва таши бир хил бўлибди.
Билгилки, баъзилар айтмишларким, ишқ ўти ошиқнинг ичини куйдириб, бағоят латиф ва руҳоний этмиш, кўнгил мулкини истило қилган маъшуқанинг жамоли ҳам бағоят латиф ва руҳонийдир. Ташқи оламдаги маъшуқанинг жамолида эса жисмоний гўзаллик соҳиби бўлгани учун ички оламдаги маъшуқадан кўра касифроқдир. Руҳоний илтифот руҳониятга оиддир. Жисмоний илтифот жисмоний латофатга оиддир.
Эй дарвеш! Бу заифнинг ақидаси шуки, маъшуқанинг жамоли ошиқнинг кўнгил мулкини бутунлай ўз забтига олиб, бу оламга бошқа нарсалар учун жой ҳам, йўл ҳам қолмагандан кейин ошиқ бу ҳолатда ўзини кўролмайди, фақат маъшуқани кўради. Қачонки икки киши ўртасида муносабат бўлса, ўзгариш ўшанда содир бўлар. Бу мақомда эса, талаб орадан кўтарилади, фироқ ва висол бўлмайди, хавф ва рижо, қабз ва баст ҳам бўлмайди.
Эй дарвеш! Кимки ошиқ бўлмаса, пок бўлмайди, пок бўлмаса, Покликка етишмайди. Кимки ошиқ бўлса-ю, ишқини ошкор этса, пок бўлолмас, негаки кўз орқали кўнглига етган ишқ ўти, тил йўли билан чиқиб кетади. Хомсўз кўнгил ярим йўлда қолиб кетар. Бу кўнгил кейинчалик на дунё ишига, на уқбо ишига, на Мавло ишига – ҳеч нарсага ярамайди.
Эй дарвеш! Бу уч рисола – “Сулук рисоласи”, “Хилват рисоласи” ва “Ишқ рисоласи”га Шероз шаҳрида, шайхларнинг шайхи Абу Абдуллоҳ Ҳафиф – Аллоҳ таоло унинг азиз руҳини муқаддас қилсин – мазори ёнида тартиб бердим. Валҳамду лиллаҳи Роббил-аламийн.

САККИЗИНЧИ РИСОЛА

ТАСАВВУФ АҲЛИНИНГ ОДОБИ БАЁНИДА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Алҳамду лиллаҳи роббил-ъаламийн, вал-ъақибату лил-муттақийн, вас-солату вас-саламу ъала анбиёиҳи ва авлиёиҳи хойру холқиҳи, ва ъала алиҳим ва асҳабиҳим ат-тоййибийн ат-тоҳириийн.
Аммо баъд, заифларнинг энг заифи ва фақирларнинг ходими, камина – Азизиддин Муҳаммад Насафийдан дарвешлар – Аллоҳ уларни янада кўпайтирсин – тасаввуф аҳлининг одоби ҳақида бир рисола тартиб беришимни сўрадилар. Уларнинг таклифларини қабул қилдим ҳамда хато ва гумроҳликдан паноҳ истаб, Аллоҳ таолодан мадад ва ёрдам сўрадим. Негаки, фақат У нимагаки, истаса Қодир эрур ва сўраганларни ижобат қилишга муқтадир.

Биринчи фасл

ТАСАВВУФ АҲЛИНИНГ ОДОБИ БАЁНИДА

Билгилки, адабнинг аввали – доимо пок юрмоқдир. Ҳар бир таҳоратни янгилаганда икки ракъат поклик шукронаси намозини бажо келтирмоқ одобдандир.
Иккинчи одоб – солик ҳамиша ўзи билан жойнамоз олиб юрсин. Қаерга борса, аввал икки ракъат намоз ўқиб, сўнг ўтирсин.
Учинчиси, ўз вақтини тўғри тақсимлай билсин. Ибодат вақти, овқатланиш вақти, ухлаш вақтини қатъий белгилаб олсин, токи умр бефойда ўтмасин.
Тўртинчи одоб – таҳажжуд намозидир. Туннинг иккинчи ярмида туриб, ўн икки ракъат таҳажжуд намози ўқиб, ундан кейингина уч ракъат витри вожиб намозини бажо келтирсин.
Бешинчи одоб – бомдод намозининг авродидир. Бомдод намозини ўқиб бўлгач, қуёш чиққунча авродларни ўқиш билан машғул бўлсин.
Олтинчи одоб – чошгоҳ намозидир. Қуёш чиққандан кейин, икки ракъат ишроқ намозини ўқисин, ўқиб бўлгач, жойнамозни тарк этмасин. Тонгги авродни қуёш кўтарилгунча ўқисин. Ундан кейин туриб, ўн икки ракъат чошгоҳ намозини ўқисин. Сўнг хоҳлаган ишига машғул бўлсин. Тонг отгандан қуёш баланд бўлгунча дунёвий ишлардан умуман гапирмасин. Тасаввуф аҳли бу вақтни жуда азиз тутганлар ҳамда бу пайтда кўп кушойишлар топганлар.
Еттинчи одоб – аввобийн намозидир. Бу – шом ва хуфтон намози ўртасида ўн икки ракъат намоз ўқиш демакдир. Туннинг ибтидоси бўлгани учун бу вақтни ҳам тасаввуф аҳли жуда азиз тутганлар.
Саккизинчи одоб – сафар қилмоқдир. Дарвеш фақат ўз шаҳрида бўлмоғи жойиз эмас. Сафар машаққати ва хорликларини тортиб, турли шаҳарларга сафар қилсин. Ўшанда мусофирлик нималигини билади ва мусофирларни иззат қилишни ўрганади. Яна шуки, сафар туфайли дониш аҳлининг суҳбати ва зиёратига мушарраф бўлади. Агар ақлли ва зийрак бўлса, ҳар бир кишидан бир фойдали нарса ўрганади.

Иккинчи фасл

САФАР ФОЙДАЛАРИ БАЁНИДА

Тағарраб ъанил-автони фий талабин-нажо,
Ва саффир фил-асфори хамсул-фавойид:
Тафарружу қалбин вактисобил-маъийша
Ва ъилмун ва одобу ва суҳбату можид.

Маъноси:

Нажот талабида ватанингни тарк этгил,
Сафар қил, чунки сафарда бешта фойда бордир:
Кўнгил очилиши, рўзғорни таъмин эта олиш,
Илм, одоб ва донишмандлар суҳбати.

Ёлғиз сафар этилмасин. Бирорта йўлдош билан йўлга чиқсин. Сафарда тўрт кишидан ортиқ бўлиш ҳам ёлғиз йўлга чиқиш каби заҳмат келтиради. Ҳар бир мусофир дарвешда ҳасса, сув учун идиш, жойнамоз, тароқ, изор, ва мисвок бўлиши керак. Йўлда албатта бир киши бошлиқ бўлиб, қолганлар бунга сўзсиз бўйсунишлари керак. Бирор хонақоҳга етишганда, дастлаб хонақоҳ ходимини топишсин. Ходим келганда мусофирларни истиқбол қилиб, хонақоҳга олиб кирсин. Ходим кўрсатган жойда этик­ларини ечиб, ковушларини кийишсин. Сўнг ходим таҳоратхона йўлини уларга кўрсатсин. Дарвешлар этик, сув идиши, жойнамозларини ходимга бериб, ўзлари таҳоратларини янгилаб келишсин. Ходим уларнинг нарсаларини бир жойда сақлаб қўйиб, ўзи маъқул кўрган жойга жойнамозларини ёзсин. Дарвешлар таҳоратларини янгилаб келгандан кейин келиб, ҳар бири ўз жойнамози устида икки ракъат таҳорат шукронаси намозини ўқисин; сўнг туриб, жойнамоздан чиқишсин. Хонақоҳдаги дарвешларга салом беришсин. Дарвешлар ҳам уларнинг саломига алик олиб, кўришгани келишсин. Дарвешлар билан бирма-бир қучоқлашиб кўришиб, бир-бирларининг қўлларини ўпишсин. Сўнг яна бориб ўз жойнамозлари устида ўтиришсин. Мезбон дарвешлар нимаики сўрашса, қисқа ва лўнда жавоб беришсин. Сўралмаган нарса ҳақида оғиз очишмасин. Сўнг ходим дастурхон ёзиб, бор нарсасини олиб келсин. Уч кун ўтмагунча, заруратсиз хонақоҳдан чиқишмасин. Уч кундан сўнг ижозат сўраб, ўз юмушлари билан чиқишлари мумкин.
Эй дарвеш! Хонақоҳдаги кишилар ижозатсиз хонақоҳдан чиқмаслар. Ижозат олиб чиққанларида ҳам бозорга бормаслар. Қайси юмуш билан чиққан бўлсалар, ишлари битгач, дарров хонақоҳга қайтиб боришади. Ташқарида таом емаслар ва меҳмондорчилик ё зиёфатга бормаслар. Кўчада тиланчилик қилмаслар, бирор эҳтиёжлари бўлса, ходимга мурожаат қилишар.

Учинчи фасл

ХОНАҚОҲ ОДОБИ БАЁНИДА

Хонақоҳга дастлаб ўнг оёқни қўйиб киришади, чиққанда чап оёқдан бошлашади. Масжид ва табаррук жойларда ҳам шундай қилишади. Ҳожатхонага борганда эса, чап оёқ билан кириб, ўнг оёқ қўйиб чиқишади. Ҳаммом ва золимларнинг уйида ҳам шундай қилишади.
Эй дарвеш! Хонақоҳда кечаси ҳам, кундузи ҳам баланд овозда гапирилмайди, баланд овозда ўқишмайди, юрганда ҳам тўқиллатиб юришмайди. Зикрда бўлган азизлар ёки ухлаётганларнинг хотири паришон бўлиб, уйқулари бузилмасин.
Эй дарвеш! Хонақоҳда бўлган киши агар ходимлардан бўлса, барчага мақбул хизмат қилсин, агар ходимлардан бўлмаса (хонақоҳда ҳар ишга махсус одам тайинланади), ходимлардан ижозат сўраб, ходим эмаслиги шукронасига бирор юмушни бажо келтирсин. Хонақоҳда бирор иш қилмоқчи бўлса, ўша ишга масъул бўлган ходимнинг ижозатидан кейингина машғул бўлсин; бировнинг ишига рухсатсиз аралашмасин.
Эй дарвеш! Хонақоҳ аҳли бир-бирининг ҳолидан мудом хабардор бўлсин. Агар бирор дарвешга касаллик ёки ўзи еча олмайдиган мушкуллик юзланса, биргалашиб, ўша муаммонинг ечимини топишга ҳаракат қилишсин. Улуғлар кичикларга хилватда насиҳат қилишсин. Яъни бир-бирларидан ўз мадад ва кўмакларини дариғ тутишмасин. Бир-бирларининг айбларини ёпиб, ҳунарларини ошириб кўрсатишсин. Агар кичикларда бирор муаммо ё мушкуллик туғилса, улуғларидан сўрашсин. Улуғлар ҳам очиқ чеҳра билан бунга жавоб беришсин. Агар берилган саволга жавоб бериш салоҳиятлари бўлмаса, яхшиси, ҳеч нарса демасин. Чунки билмай жавоб беришнинг зиёни фойдасидан кўпроқдир. Агар сезса-ки, жавоб бермаса, ундан ранжишади, шундай жавоб берсинки, аслида ҳеч нарса демагандай бўлсин. Ҳар бир кишига унинг ақлига яраша муомала қилишсин.

Тўртинчи фасл

ТОРТИШУВЛАР БАЁНИДА

Агар икки дарвеш орасида ранжишга сабаб бўладиган бирор сўз ё амал содир бўлса, ранжиган киши буни кўнглига олмасдан бу ҳолатни иккинчи томондан ойдинлик киритишини очиқ чеҳра билан дарвешлар олдида сўрасин. Агар унинг жавоби асосли бўлиб, дарвешлар унинг сўзини мақбул деб билишса, ўша пайтдан бу ҳақда бошқа гапирилмайди. Агар унинг жавоби асоссиз деб топилса, ранжитган дарвеш пойгакка бориб, тик турган ҳолида қўлларини қовуштириб, бошини эгиб туради. Ранжиган томон узрини қабул қилиб, туриб, бориб уни қучоқлайди. Бошқа дарвешлар ҳам унга мувофиқат қилиб туриб, бориб бир-бирларини қучоқлайдилар. Сўнг биргалашиб ўтирадилар. Ходим дастурхон ёзиб, ўртага бирор егулик қўяди. Агар егулик бўлмаса, бир пиёладан сув ичишади. Агар қиссахон ҳозир бўлса, хуш овози билан бирор нарсани айтиб беради, негаки ёқимли овоз ўртадаги совуқчиликни бартараф қилиш учун яхши воситадир. Тортишиш дарвеш учун оғир ишдир. Аслида дарвеш аҳли адаб билан яшайдилар. Айтилиши керак бўлмаган сўзни айтмайдилар, қилиниши керак бўлмаган ишни қилмайдилар. Можаро пайтиди шайх албатта ҳозир бўлиши керак. Агар шайх бўлмаса, шайх ўрнидаги дарвеш буларнинг ўртасида қозилик қилади. Агар у ҳам бўлмаса, икки киши можарога тушмасдан, шайхнинг келишини кутишсин, акс ҳолда, кудурат кўпаяди.

Бешинчи фасл

САМОЪ ҚИЛИШ БАЁНИДА

Агар бирор дарвеш риёзат ва мужоҳадада сусткашлик қила бошласа, ёки димоғида бирор халал пайдо бўлса, дарров унинг муолажасига машғул бўлиб, мувофиқ ёғлар, яхши таомлар, мўътадил ҳаво билан тадбир этишсин. Бу иллатни олдини олишга ёқимли овоз ҳам мадад беради. Овози хуш ва ҳазин бўлган дарвешлардан бири беморнинг олдида ўтириб, ҳар замонда бирор нарса хиргойи қилиб берсин. Агар ҳеч ким касал бўлмаса-ю, дарвешларнинг хотири малул бўлса, малулликнинг дафъи учун мувофиқ бир вақтда, муносиб жойда, авом кишилар йўқлигида дарвешларнинг бири чиқиб, бирор нарса айтиб бериши жойиздир. Чилдирма чалиб айтса ҳам бўлади. Соликлардан айримларига самоъ мажлисида ҳоллар юзланади ва бу ҳоллардан уларга кўп фойдалар ва кушойишлар топарлар. Бундай кишиларнинг агар замон, макон ва ихвон (дарвеш биродарлар) учлиги жамланса, самоъ қилишлари яхшидир.
Эй дарвеш! Бизнинг замонимизда одати бўйича, хослар ва авомлар бир жойда тўпланишиб, самоъ мажлиси қиладилар. Бу дарвешлар киши эмас, шайхларнинг суннати ҳам эмас, аслида авом кишиларнинг одатидир. Машойих айтмишларким, дарвешлар бундай мажлисларга бормасинлар. Каминанинг фикрича, оқ-қоранинг фарқига борадиган киши бунақа самоъ мажлисига бормасин, чунки ориф кишилар ёш болалар ишини қилмаслар. Ўйин-кулги ёш болаларнинг ишидир.
Эй дарвеш! Дарвешлар муносиб вақт, яхши жой ва фақат дарвешлардан иборат жамоа бўлган пайтдагина самоъ мажлиси қилишлари мумкин, ўшанда машойих суннатини бажо келтирган бўлишади.
Эй дарвеш! Агар самоъ вақтида шайх, ё бирор улуғ киши ҳозир бўлса, расми шуки, агар шайх ё ўша улуғ киши ўрнидан турса, барча дарвешлар шунга мос равишда ўрниларидан туришади. Ҳар бир дарвеш ўз жойида қолиб, ўртага тушмайди. Шайх бирортасини ўртага тортса, ўша киши бир ўзи даврага тушади. Агар уч-тўрт киши, ёки ҳаммани даврага тортса, ўшанда ҳамма ўртага тушишади. Агар шайхнинг салласи бошидан тушса, барча шайхга издошлик юзасидан саллаларини бошларидан оладилар. Агар шайх ўтирса, ҳамма шайхга мувофақат қилиб, ўтиришади. Агар бирор дарвешга ҳол юзланиб ўрнидан турса, шайх ҳозир бўлса-ю, ўрнидан турса, ҳамма ўрнидан туради. Агар шайх ўрнидан турмаса-ю, бошқаларга туринглар, деб айтса, ҳамма ўрнидан туради; агар туринглар, деб айтмаса, ҳеч ким ўрнидан турмайди. Агар дарвеш ўз ҳолига қайтса, дарров ўз ўрнига ўтирсин. Агар бирор дарвешнинг салласи бошидан тушса, шайх ҳозир бўлса-ю, бошидан салласини олиб ташласа, бошқалар ҳам бошларидан саллаларини олиб ташлайдилар. Агар шайх салласини олиб ташламаса, бошқалар ҳам саллаларини олишмайди.
Агар самоъ мажлисида шайх ҳам, бирор улуғ киши ҳам бўлмаса, дарвешлардан бирортаси агар ўрнидан турса, барча дарвешлар бирдамлик рамзи сифатида ўринларидан туришади. Агар бирорта дарвешнинг салласи бошидан тушса, ҳамма бирдамлик учун салласини бошидан олади. Шайхга мувофақат қилиш шарт ва лозимдир, дарвешга мувофақат қилиш карам ва мурувватдир. Агар бирор кишига саллани бошдан олиш қийин бўлса, ёхуд мувофақат қилмаса, унга бошидан салласини олиши кераклигини эслатиб қўйишади.

Олтинчи фасл

ТАОМ ЕМОҚ БАЁНИДА

Дарвешлар дастурхон атрофида одоб билан ўтиришади, ўзларининг аҳволидан доим хабардор бўлиб туришади. Дарвешлар шошилиб бирор нарса емайдилар; қарияларни иззат қиладилар; ёши катталардан юқори ўтмайдилар; катталар бошламагунча бошқалар таомга қўл чўзмайдилар; бошқаларнинг қўлига ҳам, косасига ҳам назар солмайдилар; фақат ўз косаларига қараб, луқмани кичик оладилар; яхшилаб чайнаб ютгандан кейингина янаги луқмани оғизга соладилар; агар дарвешлар бир тавоқдан овқатланишларига тўғри келиб қолса, фақат ўз олдиларидан ейдилар, бошқалар олдига қўл чўзмайдилар. Қўлларидан луқма тушса, чап қўл билан олиб, ё оғизга соладилар, ё дастурхоннинг бир четига қўядилар. Овқатдан олдин қўл ювадилар, овқатдан кейин қўлларини ювиб, оғизларини чайиб ташлайдилар.

Еттинчи фасл

РИЁЗАТ ВА МУЖОҲИДАЛАР БАЁНИДА

Эй дарвеш! Ҳар куни шайхларнинг тақво, парҳезкорлик, риёзат ва мужоҳада, зикр ва авродлар бобида айтган ҳикматларидан бир нарса ўқиш керак. Ҳар бир кишининг ўзининг хилватхонаси бўлсин. Дарвешлар суҳбатидан турганидан кейин ўз хилватхонасига бориб, дарвешларни сўзларидан ўқисин, ёки зикр ва фикрга машғуллик қилсин.
Дарвеш қирқ ёшгача риёзат ва мужоҳадасиз юрмасин. Ёши қирқдан ўтгандан кейин қаттиқ риёзат чекиши мақбул эмас, аммо риёзатсиз ҳам юрмасин. Олтмиш ёшдан ўтгандан кейин риёзат тортмасин. Олтмиш ёшдан кейин суҳбат бардавом бўлсин. Дарвешлар аҳли дил суҳбатисиз яшамайдилар. Дарвеш учун риёзат ва мужоҳаданинг энг улуғи – пирнинг хизматидир. Бундан кейин – пирнинг амрига мувофиқ кам емоқ, кам ухламоқ ва кам гапирмоқ энг улуғ риёзатдир.

Саккизинчи фасл

СУҲБАТ БАЁНИДА

Эй дарвеш! Суҳбатнинг кучли таъсири ва улуғ хосиятлари бор. Кимки нимадир топган бўлса, пирнинг суҳбатидан топгандир. Иш – пирнинг суҳбатидир. Бошқа риёзатлар, мужоҳада, одоб ва шартлар барчаси пирнинг суҳбатига муносиб бўлиш учундир. Солик пирнинг суҳбатига муносиб топилгандан кейин унинг иши тугал бўлибди. Солик ёмон хулқдан буткул покланиб, яхши хислатлар билан ораста бўлгандан кейингина пирнинг суҳбатига муносиб топилур. Пирнинг суҳбатидан эшитган нарсаларни агар англаса, яхши, агар англамаса, қачонлардир англаб олиш умидида имон ва ишонч билан қабул этар. Агар пир ҳали ахлоқи пок бўлмаган ва унинг сўзларини англашга қурби етмайдиган киши билан суҳбат қурса, бунда икки зиён бордир – ҳам сўзловчи зиён тортар, ҳам эшитувчи. Валҳамду лиллаҳи Роббил-ъаламийн.

ТЎҚҚИЗИНЧИ РИСОЛА

БАЛОҒАТ ВА ҲУРРИЯТ БАЁНИДА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Алҳамду лиллаҳи роббил-ъаламийн, вал-ъақибату лил-муттақийн, вас-солату вас-саламу ъала анбиёиҳи ва авлиёиҳи хойру холқиҳи, ва ъала алиҳим ва асҳабиҳим ат-тоййибийн ат-тоҳириийн.
Аммо баъд, заифларнинг энг заифи ва фақирларнинг ходими, камина – Азизиддин Муҳаммад Насафийдан дарвешлар – Аллоҳ уларни янада кўпайтирсин – балоғат ва ҳуррият ҳақида бир рисола тартиб бериб, унда балоғат ва ҳуррият нималиги ҳақида маълумот беришимни сўрадилар. Уларнинг таклифларини қабул қилдим ҳамда хато ва гумроҳликдан паноҳ истаб, Аллоҳ таолодан мадад ва ёрдам сўрадим. Негаки, фақат У неники, истаса Қодир эрур ва сўраганларни ижобат қилишга муқтадир.

Биринчи фасл

БАЛОҒАТ ВА ҲУРРИЯТНИНГ БАЁНИДА

Аллоҳ таоло сени икки дунёда азиз қилсин, билгилки, бу оламда мавжуд ҳар бир нарсанинг ниҳояти ва ғояти бор. Ҳар бир нарсанинг ниҳояти – балоғатдир, ғояти эса – ҳурриятдир. Фақат мисол орқали бу сўзни анг­лашинг мумкин. Мева дарахтда етилиб, ўз ниҳоясига етса, араблар бу мевани болиғ бўлди (пишди, етилди), деб айтишади. Пишган мева шохидан узилиб, ерга тушса, бу мевани араблар ҳур (узилган, эркин) деб айтишади.
Ниҳоят ва ғоят маъносини билдинг. Энди билгилки, ниҳоятнинг аломати – ўзининг бошланиш нуқтасига етишдир. Ўзининг бошланиш нуқтасига етган нарса ўз ниҳоятига етган бўлади. Масалан, буғдой уруғини ерга сочиб парваришлаганларида у кўкариб, кундан-кунга етишиб бораверади. Охир-оқибат бошоғи пишиб, етилади. Ҳар бир нарсанинг меваси унинг уруғидир. Ўзининг уруғини ҳосил қилганида ўзининг ниҳоясига етган бўлади; шу ерда доира тугайди ва етук бўлди. Доира ўзининг ибтидо нуқтасига етиб бормагунича етук бўлмайди; ўзининг бошланғич нуқтасига боргандан кейингина тугал бўлади. Шунингдек, одамнинг жисмининг меваси ҳам унинг нутфасидир. Одам боласи ўспиринлик пайтида вужудида нутфа пайдо бўла бошласа, уни “балоғатга етди”, деб айтишади. Балоғатнинг луғавий маъноси – етишмоқдир, ҳурриятнинг маъноси – озодлик, боғлиқ бўлмасликдир.
Балоғат ва ҳурриятни идрок оламида кўрдинг, энди ақл оламида ҳам шундай деб билавер; идрок ақл суратидир, жисм эса руҳнинг қолипидир, мулк олами малакут оламининг кўринишидир. Донишмандларнинг бири айтмишким, “Инналлоҳа таъоло халақал-мулка ъало мисоли малакутиҳи ва уссиса малакутиҳи ъало мисоли жабарутиҳи лиястадилла бимулкиҳи ъало малакутиҳи ва бимулкиҳи ъало жабарутиҳи”. (Ҳақиқатда Аллоҳ таоло мулк оламини малакут оламига ўхшатиб яратди ва малакут оламини жабарут оламига ўхшатиб яратди, токи мулк олами орқали малакут олами ҳақида ва малакут олами орқали жабарут олами ҳақида билишсин). Яхши сўздир. Мулк ҳиссий вужуддир, малакут ақлий вужуддир, жабарут ҳақиқий вужуддир. Мулк олами ўзларининг бошланғич нуқталарига етиб, доирани мукаммал этмагунча, балоғатга етмаган бўладилар. Малакут оламидагилар ҳам ўзларининг бошланғич нуқталарига етиб, доирани мукаммал этмагунча болиғ бўлолмайдилар. Мулк оламидагилар ўзларининг бошланғич нуқталарига етиб, доирани мукаммал этиб, балоғатга етгандан кейин бу доирадан узилиб, янги ривожланиш доирасига тушмагунча ҳурриятни қўлга киритмайдилар. Малакут оламидагилар ҳам ўзларининг бошланғич нуқталарига етиб, доирани мукаммал этиб, балоғатга етганларидан кейин бу доирадан узилиб, ривожланиш ва камолотнинг янги доирасига тушмагунча ҳур бўлолмаслар. Бу асл сўзни билиш, яъни мулк, малакут ва жабарут оламларининг ўзаро муносабатларини билишда катта сир бордир. Кимки бу сирга огоҳ бўлса, барча илмларнинг эшиги унга очилар ҳамда мулк, малакут ва жабарут оламларини қандай бўлса, шундайлигича англаб олар.
Эй дарвеш! Бу сўзларни келтиришимиздан мақсад – мулк оламидаги балоғат ва ҳурриятдан малакут оламидаги балоғат ва ҳуррият ҳақида билиб олишинг эди. Баъзилар айтадиларким, малакутнинг уруғи табоеъ (табиатнинг кўплиги, мижоз)дир табиатдан келиб, табиатга қайтажаклар. Баъзилар айтадиларким, малакут оламининг уруғи ақлдир, ақлдан келиб, ақлга қайтажаклар. Баъзилар айтишича, улар Худодан келиб, яна Худога қайтажаклар – “Минҳу бадъу ва илайҳи яъуд” (Ундан бошланиб, Унга қайтадилар). “А фаҳасбику халақнокум ъабасан ва иннакум илайно ло таржиъуна фатаъолаллоҳа-мулкул-Ҳаққу ло илоҳа илло ҳува”;
Аллоҳнинг сўзи: “Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда яратдиг-у, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсиз?!” Бас, Ҳақ (ҳаққоний) ва Малик (подшоҳ) бўлмиш Аллоҳ юксакдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир ва (У) улуғ Аршнинг парвардигоридир.
“Куллу шайъин ҳоликун илла важҳаҳу лаҳул-ҳукму ва илайҳи туржаъун”.
Аллоҳнинг сўзи: “Унинг “юзи”дан бошқа барча нарса ҳалок бўлувчидир. Ҳукм Уникидир ва (барчангиз) Унинг ҳузуригагина қайтарилурсиз.
Бизнинг мақсадимиз бу сўзларни келтириш эмас. Ҳамма Худодан келиб Худога қайтишига биз ҳеч қандай шубҳа қилмаймиз. Бизнинг мақсадимиз – балоғат ва ҳуррият мақомларини баён этмоқдир. Қандай айтишса ҳам, бизнинг ғаразимиз ҳосил бўлар. Негаки, биз ҳам ўзининг бошланғич нуқтасига етишган ҳар бир нарса балоғатга етибди, деб айтмоқдамиз.
Улуғ бир кишидан сўрашди: ниҳоятнинг аломати надир? Буюрдиким: ибтидога қайтиш.

Иккинчи фасл

ИНСОННИНГ БАЛОҒАТИ ВА ҲУРРИЯТИ БАЁНИДА

Билгилки, бутун мавжудотнинг асос-уруғи ақл, деган фикрни биз сўзимизнинг қоидасига айлантирганмиз. Чунки пайғамбарлар ва ҳа­кимларнинг якдиллик билан эътироф этишлари бўйича, Аллоҳ таоло яратган илк нарса жавҳар (асл, асос, субстанция) эди. Бу жавҳарнинг номи Ақли аввалдир. Борлиқнинг уруғи Ақли аввал бўлгач, жамийки ақллар нафслар, фалаклар, юлдузлар, унсурлар, маъданлар, наботот ва ҳайвонот – бутун борлиқ Ақли аввалда билқувва (потенциал) мавжуд бўлганлар. Бу буғдой уруғи донасида буғдойнинг илдизи, танаси, бошоғи, меваси билқувва мавжуд бўлиб, тадрижий равишда униб-ўсиб, ўз ниҳоясига етгач, доира тамом бўлишига менгзар. Худди шу каби Ақли аввалдан барча мавжудот пайдо бўлиб, энг охирида инсон пайдо бўлди. Инсондан кейин ҳеч нарса яралмади, маълум бўлдики, Борлиқ дарахтининг меваси – инсондир. Инсон ҳам ақлга эришгандан кейин бошқа ҳеч нарсага эришмади. Маълум бўлдики, дастлабки уруғ Ақл эмиш. Демак, инсон ўзининг ақлий камолотига етганидан кейин ўз ниҳоятига етди, балоғатга етишди ва доира тугади.
Эй дарвеш! Ҳеч шубҳа қилмаки, Аллоҳ таоло Ақли аввалдан кўра фозилроқ, азизроқ ва улуғроқ ҳеч нарса яратмади. Ақл – махлуқотларнинг энг шарафлисидир; яралган нарсалар ичида ақлдан ўзга ҳеч нарса ўзини танимади; яралган нарсалар ичида ақлдан ўзга ҳеч нарса Аллоҳни билмади. Ақлдан донороқ ва Ақлдан яқинроқ ҳеч нима йўқдир. Аммо Ақлнинг мартабалари бордир. Мартабадан мартабагача катта тафовутлар бордир. Кимки ақлнинг бир жузъига етишса, ўзини Ақлнинг камолига етган, деб билади, ҳолбуки бундай эмас. Кимки Ақл ниҳоятига етишса, ақлнинг камолига етишибди. Агар биров охирида Аллоҳнинг нури пайдо бўлди, деб айтса, тўғри айтибди: “Иттақу фаросатил-муъмини фаиннаҳу янзуру бинуриллаҳи таъала” (Имонли кишининг фаросатидан қўрқинглар, чунки у Аллоҳнинг нури билан назар солади. – Ҳадиси шариф). Борлиқдаги нарсаларнинг барчаси Худонинг нурининг мазҳаридирлар. Барча нарсалардан, айниқса, одамлардан зоҳир бўладиган нарса Худодир: Кунту лаҳу самъан ва басарон ва лисанан; бий ясмаъу ва бий юбсиру ва бий ябташу ва бий янтиқу” (У учун қулоқ, кўз ва тилга айландим: Мен билан эшитди ва Мен билан кўрди, Мен билан сув ичди ва Мен билан сўзлади). Бизнинг мақсадимиз бу ҳақда сўз юритиш эмас, балки бизнинг асосий мақсадимиз балоғат ва ҳуррият ҳақида тушунтириш беришдир.
Эй дарвеш! Ақли аввалга етишиб, балоғатга етган киши агар бу доира, яъни бу доиранинг ичидаги нарсалардан узилса, ҳур бўлур; агар жудо бўлмаса ва узилмаса, балоғатга етган ҳисобланар, аммо ҳур бўлмас.
Эй дарвеш! Бор бўлган, бор ва бор бўладиган барча нарсалар бу доирада мавжуддир. Бу доирадан ташқарида ҳеч нарса йўқ. Агар балоғатга етган киши бу доиранинг ичидаги бирор нарсага боғланиб қолган бўлса ёки бирор нарсани кўнгли истаса, у ҳали озод эмас; озод бўлмаган кимса қул ҳисобланар. Масалан, агар хотин ва олтин истаса, ёки бойлик ва амал истаса, ёки боғу бўстон истаса, ё хўжайинлик ва вазирлик истаса, ё подшоҳлик ва салтанат истаса, ё воизлик ва шайхлик истаса, ё қозилик ва мударрислик истаса, ё қурб ва валийлик истаса, ё нубувват ва пайғамбарлик истаса ё шу каби бошқа нарса истаса – бу каби истаклари бор одам ҳали озод эмас. Кимки бу нарсалардан бирортасини истамаса, уни озод деб атаса бўлади.
Эй дарвеш! Зарурат юзасидан қилинган ишларнинг юқорида айтилганларга алоқаси йўқ. Масалан, биров агар қазои ҳожат учун ҳожатхонага борса, ҳожатхонага боришга боғланиб қолмайди, ёки агар биров совуқ ҳавода офтобрўяга чиқса, офтобрўяга чиқишга боғланиб қолмайди. Агар кимдир иссиқ ҳавода сояликка борса, бу билан у сояликка бутунлай боғланиб қолмайди. Боғланиб қолмайди, деганимизнинг далили шуки, агар заҳар танг қилмаса, ҳеч ким ҳожатхонага бормайди; агар совуқ бўлмаса, ҳеч ким офтобшувоқни изламайди; иссиқ бўлмаса, соя қидирмайди. Бу амалларнинг бари зарурат юзасидандир. Бошқа ишларда ҳам агар зарурат юзланса, бу озодлик ва фароғатга монеълик қилмайди. Аммо агар кимдадир иссиқ ва совуқ ҳаводан сақланиш учун карбосдан тикилган тўни бўлса-ю, киймасдан “менга хитой, катон ёки ансорий тўн керак”, деса, озод эмас. У – қулдир. Бошқа ишларни ҳам шу каби деб билгил.
Эй дарвеш! Кимгадир эски тўни – бутдир, кимгадир янги тўн – бутдир; озод кишига иккаласи ҳам бир хил кўринар. Тўн кийишдан мақсад – иссиқ ва совуқдан сақланишдир. Қайси бири билан мурод ҳосил бўлса, ўша етарлидир. Қайси бири билан иш осонроқ кўчса, ўшани талаб қилиши керак.
Эй дарвеш! Кимки “янги тўн хоҳлайман, эскисини хоҳламайман”, деса, кишанга тушгандир. Кимки “янги тўн керакмас, менга эскиси керак”, деса, у ҳам кишанга тушгандир. Кишан олтиндан бўлса ҳам, темирдан бўлса ҳам – кишанлигича қолар. Озод кишида ҳеч қандай банд ё кишан бўлмайди. Кишан – бут эрур. Озод киши барча бутларни синдириб, барча кишанларни узиб, барчасидан кечгандир; кўнгил – Аллоҳнинг уйини бутлардан тозалаб қўйгандир.
Эй дарвеш! Катта бир бут бор, қолганлари кичик бутлардир. Кичик бутлар катта бутдан пайдо бўлар. Катта бут бировлар учун мол-дунёдир, бошқа бировлар учун мансаб-амалдир, баъзилар учун эса халққа мақбул тушмоқдир. Бу бутларнинг энг каттаси халққа мақбул бўлиш истагидир, амалга эришиш бути эса мол-дунё бутидан каттароқдир.
Эй дарвеш! Фарз бўлмаган ишлар, шунингдек, бошқанинг роҳатига сабаб бўлмайдиган ишларга кўникиб қолма! Одат қилдингми, бу иш сенинг бутингга айланар ва сен бутпараст бўлиб қоласан. Масалан, биров ўзича аҳд қиладики, мен бундан кейин уйдан чиқмасман; бошқа бири ўзича қарор қиладики, мен бошқа ҳеч кимнинг олдига турмасман, ва ҳоказо; бу ишларнинг барчаси бутлардир. Шундай одамлар борки, узоқ йиллар бутпарастлик қилиб, яна бутпарастларни танқид қилади. Билмаски, ўзи ҳар куни бутга сиғинади. Кимки бирор беҳуда ишга ўрганиб қолиб, уни ташлай олмаса, озодлик ва фароғат даъвосини қилмасин.
Эй дарвеш! Озод кишининг уй-жойи, боғ-бўстони бўлиши мумкинмас, деб янглиш ўйламагин. Озод кишининг уй-жойи ҳам, боғ-бўстони ҳам, мулк ва салтанати ҳам бўлиши мумкин. Аммо агар унга подшоҳликни берсалар, шод бўлмасин; агар подшоҳликни ундан олсалар, ғам чекмасин. Подшоҳликнинг келиши ҳам, қўлдан кетиши ҳам, халқ уни яхши кўриши ҳам, ёмон кўриши ҳам унинг назарида бир хил бўлсин. Агар халқ уни қабул қилса, халқ мени ёмон кўришини истайман, демасин; агар рад этсалар, халқ мени яхши кўришларини истайман, деб айтмасин. Балоғат маъноси, ризо ва таслим маъноси ушбудир. Кимдаким бу неъматлар бўлса, унга муборак бўлсин!

Учинчи фасл

БУ РИСОЛАНИНГ ХОТИМАСИ
Билгилки, бу рисолада бизнинг мақсадимиз инсон балоғати ва ҳур­риятининг баёни эди. Шарҳини келтирдик. Бошқа донишмандлар ислом балоғати, имон балоғати, ийқон балоғати, аён балоғатига тасниф этганлар, биз мавриди келганда бошқа рисолаларимизда баён этгандик. Такрорига эҳтиёж кўрмадик. Валҳамду лиллаҳи Роббил-ъаламийн.

ЎНИНЧИ РИСОЛА

КИЧИК ОЛАМ КАТТА ОЛАМНИНГ НУСХАСИ ВА КЎРИНИШИ ЭКАНЛИГИ БАЁНИДА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Алҳамду лиллаҳи роббил-ъаламийн вал-ъақибату лил-муттақийн, вас-солату вас-саламу ъала анбиёиҳи ва авлиёиҳи хойру холқиҳи, ва ъала алиҳим ва асҳабиҳим ат-тоййибийн ат-тоҳирийн.
Аммо баъд, заифларнинг энг заифи ва фақирларнинг ходими, камина – Азизиддин Муҳаммад Насафийдан дарвешлар – Аллоҳ уларни янада кўпайтирсин – сўрадиларким, анчадан бери катта оламда нимаики бор бўлса, кичик оламда ҳам бор, деб эшитамиз. Сиздан ўтинчимиз шуким, бир рисола тузиб, унда катта олам нима, кичик олам қандай қилиб унинг нусхаси ва кўриниши бўлади – шулар ҳақида маълумот берсангиз. Уларнинг таклифларини қабул қилдим ҳамда хато ва гумроҳликдан паноҳ истаб, Аллоҳ таолодан мадад ва ёрдам сўрадим. Негаки, фақат У нимагаки, истаса Қодир эрур ва сўраганларни ижобат қилишга муқтадир?

Биринчи фасл

КАТТА ОЛАМ ВА КИЧИК ОЛАМ БАЁНИДА
Аллоҳ таоло сени икки дунёда азиз қилсин, билгилки, Аллоҳ таоло мавжудотни яратганда уларни олам деб атади. Негаки, мавжудот Унинг борлиги, илмининг вужуди, ирода ва қудратига аломат – белгидир.
Эй дарвеш! Мавжудот бир томондан аломатдир, бошқа бир томондан мактубдир. Аломат бўлганлиги сабабли олам деб атади, мактуб бўлганлиги сабабли китоб деб исм қўйди. Сўнгра буюрдиким, бу китобни ўқинглар, Мени, Менинг Илмим, Ирода ва Қудратимни таниб олинглар. У пайтда ўқувчилар фаришталар эдилар. Ўқувчилар ҳаддан ташқари кичкина ва китоб ҳаддан ташқари катта эди. Китоб варақларининг нариги четига ва барча саҳифаларига ўқувчиларнинг назари етмасди. Бу ўқувчиларни ожизлиги жиҳатидан эди. Бу китобдан бир нусха олиб, мухтасар қилган ҳолда қайтадан ёзиб чиқди. Аввалги катта китобни олами кабир – катта олам деб атади, иккинчисини олами сағир – кичик олам деб атади. Аввалгисини катта китоб деб ном қўйди, иккинчисини кичик китоб деб ном қўйди. Катта китобда нимаики бўлса, кичик китобда қисқартирмасдан ва кўпайтирмасдан барчасини ёзиб чиқди. Кимки кичик китобни ўқиган бўлса, катта китобни ўқигандек бўлади. Сўнг Ўз халифасини бу кичик оламга халифаликка юборди. Худонинг халифаси Ақлдир. Кичик оламда Ақл халифаликка ўтирганида кичик оламнинг фаришталари унга сажда қилдилар. Фақат ваҳм (гумон, янглиш тасаввур) унга сажда қилмади ва ибо қилди (бўйсунмади). Худди шундай катта оламда Одам халифаликка ўтирганида барча фаришталар унга сажда қилдилар, фақат Иблис унга сажда қилмади ва ибо қилди (бўйсунмади).
Эй дарвеш! Кичик оламда Худонинг халифаси – ақлдир, катта оламда оқил инсон Худонинг халифасидир. Катта олам биргаликда Худонинг Ҳазратидир. Кичик олам биргаликда Худонинг халифасининг ҳазратидир. Ақл халифаликка ўтирганида нидо келдиким, эй Ақл! Ўзингни англа, ўз сифатларинг ва феълларингни билиб ол, ўшанда Мени, Менинг Сифатларим ва Феълларимни танирсан!

Иккинчи фасл

ХУДОНИНГ ФЕЪЛ (АМАЛ)ЛАРИ ҲАМДА
ХАЛИФАСИНИНГ ФЕЪЛ (АМАЛ)ЛАРИ БАЁНИДА

Билгилки, Аллоҳ таоло агар бу оламда бирор нарсани яратишга ирода қилса, дастлаб Аллоҳнинг илмида мавжуд бўлган бу нарсанинг сурати Аршга келар. Аршдан Курсига келар, Курсидан собитлар (турғун юлдузлар) нурига осилар. Ундан сўнг етти осмонга ўтиб, кейин юлдузлар нурига йўлдош бўлар ва қуйи оламга тушар. Қуйи оламнинг подшоҳи – Табиат бу ғайб оламидан келган мусофирни истиқбол қилур, негаки бу мусофир Худонинг ҳузуридан келмоқда. Сўнгра тўрт унсурдан бу ғайб оламининг мусофирининг аҳволига муносиб биттасини тортиқ қилар. Ғайб оламининг мусофири бу уловга миниб шаҳодат оламида мавжуд бўлар. Олами шаҳодатда мавжуд бўлгач, Худонинг Илми Худонинг Феълига эврулди. Шаҳодат оламида нимаики мавжуд бўлса, унинг жони амр оламидан, қолип (жисм)и эса халқ оламидандир. Худонинг ҳузуридан келган бу жон унга буюрилган ишни бажариб бўлгач, Худонинг ҳузурига қайтиб боради. Минҳу бадъун ва илайҳи яъуд. (Ундан келиб, унга қайтажакмиз). Бу Худонинг феълларининг баёни эди.
Эй дарвеш! Катта оламда Аллоҳнинг феъллари ҳақида билиб олдинг, энди Аллоҳнинг халифасининг кичик оламдаги феъллари ҳақида ҳам билиб ол. Билгилки, кичик оламда ақл – Аллоҳ таолонинг халифасидир. Нафсоний руҳ – Аллоҳнинг халифасининг аршидир, ҳайвоний руҳ – Аллоҳнинг халифасининг Курсиси, ички етти аъзо – етти фалак, ташқи етти аъзо – етти иқлимдир.
Дастлабки маълумотни ҳосил қилдинг, энди билгилки, Худонинг халифаси агар бирор иш қилмоқчи бўлса, бу ишнинг сурати дастлаб ақлда пайдо бўлур. Ақлдан Ақлнинг Арши бўлмиш нафсоний руҳга инар, ундан Ақлнинг Курсиси бўлмиш ҳайвоний руҳга тушар; сўнгра томирларга осилиб, етти фалак бўлмиш етти ички аъзодан ўтар, ички қувватларга қўшилиб, ташқарига чиқар. Агар қўлнинг йўлидан келса, қўл бу ғайб оламининг мусофирини истиқбол этар, негаки бу мусофир Худонинг халифасининг ҳузуридан келмоқда. Тўрт рукндан бир улов мусофирнинг аҳволига яраша тақдим этар. Ғайб оламининг мусофири бу уловга миниб шаҳодат оламида мавжуд бўлар. Худонинг халифасининг билими бўлган нарса Худонинг халифасининг феълига эврулди, яъни Худонинг халифасининг ёзуви бўлди.
Эй дарвеш! Аллоҳ таоло нимаики иш қилса, дастлаб Ўзи қилади: воситасиз, моддасиз, меҳнат қуролисиз; сўнг бу ишнинг сурати бу воситаларга ўтиб, қуйи оламга тушади ва шаҳодат оламида мавжуд бўлади. Биринчи сурат илм вужудидир, иккинчи сурат ғайбий вужуддир. Шунингдек, Худонинг халифаси ҳам нимаики ёзса, ёки нимаики амалга оширса, дастлаб ўзи қилар: воситасиз, моддасиз, меҳнат қуролисиз; сўнг бу нарсаларнинг суратини воситаларга ўтказади ва ташқарига чиқаради, шаҳодат оламида мавжуд бўлади. Темирчилик, ўймакорлик, кулолчилик – барча ҳунар ва амалларни шунга қиёслаб хулоса чиқар. Дастлабки сурат ақлий вужуддир, иккинчи сурат ҳиссий вужуддир. Дастлабки сурат ички вужуддир, иккинчи сурат ташқаридаги вужуддир.
Агар тил йўли билан чиқса, тил унинг истиқболига чиқар, негаки бу ғайб оламининг мусофири Худонинг халифасининг ҳузуридан келмоқда; тўрт рукн – нафас, овоз, ҳарф ва сўздан бу мусофирнинг аҳволига муносибини улов сифатида тақдим этар; бу мусофир уловга миниб, шаҳодат оламида мавжуд бўлар. Шаҳодат оламида мавжуд бўлгач, Худонинг халифасининг билими бўлган нарса Худонинг халифасининг сўзига эврилади. Бу ёзилган нарса сайр этиб, кўз йўлидан Худонинг халифасига етиб борар; айтилган бу сўз сайр этиб, қулоқ йўлидан Худонинг халифасига етиб борар. Минҳу бадъан ва илайҳи яъуд (Ундан келиб, ва Унга қайтажакмиз). Бири – сувора сайридир, бири – кўнгил сайри.
Эй дарвеш! Икки хил сўз бор, бири айтилган сўздир, иккинчиси ёзилган сўз. Иккала сўзда ҳам бу ғайб оламининг мусофирининг жони амр оламидандир; қолипи эса халқ оламидан. Бу икки сўзнинг мусофирлари маъноларидир; сўзнинг шакли эса бу маънонинг муваққат ватанидир. Бу икки хил сўзнинг маъноси Худонинг халифасининг сўзидир.
Эй дарвеш! Исо сўздир, Исо Одамга ўхшар. Демак, Одам ҳам сўздир. Аммо Исо айтилган сўздир – бу жаҳон оғзидан жон осмонига борур; Одам ёзилган сўздир – жон осмонидан қалам Ҳиндустонига келур.
Худонинг феъллари ҳамда Худонинг халифасининг феълларини билиб олдинг, нарсалар оламда қандай пайдо бўлиши ҳақида ҳам сенга маълум бўлди; энди билгилки, ҳар неки катта оламда бўлса, кичик оламда ҳам бор.
Учинчи фасл

КИЧИК ОЛАМНИНГ ФАРИШТАЛАРИ ҲАҚИДА

Билгилки, нутфа (уруғ) онанинг раҳмига тушганида илк жавҳарнинг аёнлашувидир. Тўрт табақага бўлинганида унсурлар ва мижозларнинг аёнлашуви бўлади, бадан аъзолари шакллана бошлаганида, ташқи аъзолар – бош, қўл, қорин, олат, оёқ эса етти иқлимнинг аёнлашуви, ички тана аъзолари – ўпка, мия, буйрак, юрак, ичак, жигар ва ўтпуфак – етти осмоннинг аёнлашувидир. Ўпка – биринчи осмондир, қамар (Ой) фалакининг аёнлашувидир. Чунки Ой катта оламнинг ўпкаси ҳисобланиб, икки оламнинг ўртасида воситачидир. Бу фалакда фаришталар кўпдир, мўътадил об-ҳавога масъул бўлган фаришта бу фалак фаришталарининг бошлиғи ҳисобланади. Димоғ – иккинчи осмондир, Аторуд (Юпитер) фалакининг намудоридир. Негаки, Аторуд катта оламнинг димоғи (мияси)дир. Бу фалакда фаришталар кўпдир, хат-савод ўргатиш, илм-фан касб-ҳунарга масъул бўлган фаришта бу фалак фаришталарининг бошлиғи ҳисобланади. Бу фариштанинг исми Жабраил бўлиб, Жабраил оламдагиларнинг илмига сабабдир. Буйрак учинчи осмондир. Зуҳра фалакининг аёнлашувидир. Негаки, Зуҳра катта оламнинг буйраги ҳисобланади. Бу фалакда фаришталар кўпдир, шодлик-хурсандчилик, шаҳватга масъул бўлган фаришта бу фаришталарнинг бошлиғидир. Юрак тўртинчи осмондир. Қуёш фалакининг аёнлашувидир. Негаки, Қуёш катта оламнинг юрагидир. Бу фалакда фаришталар кўпдир, ҳаётга масъул бўлган фаришта бу фалак фаришталарининг бошлиғи ҳисобланади. Бу фариштанинг исми Исрофил бўлиб, Исрофил оламдагиларнинг тириклигига сабабдир. Ичак бешинчи осмондир. Миррих фалакининг аёнлашувидир. Негаки, Миррих катта дунёнинг ичагидир. Бу фалакда фаришталар кўпдир, қаҳру ғазаб, уруш ва қатлга масъул бўлган фаришта бу фалак фаришталарининг бошлиғидир. Жигар олтинчи осмондир. Муштарий фалакининг аёнлашувидир. Негаки, Муштарий катта оламнинг жигаридир. Бу фалакда фаришталар кўп бўлиб, ризқ-рўзга масъул бўлган фаришта бу фалак фаришталарининг бошлиғи ҳисобланади. Унинг номи Микоил бўлиб, Микоил олам аҳлининг ризқ-рўзига сабабдир. Ўтпуфак еттинчи осмондир. Зуҳал фалакининг аёнлашувидир. Негаки, Зуҳал катта оламнинг ўтпуфаги ҳисобланади. Бу фалакда фаришталар кўпдир, жонларни олишга масъул бўлган фаришта бу фалак фаришталарининг бошлиғи ҳисобланади. Исми Азроилдир. Азроил оламдагиларнинг жонининг олинишига сабабдир. Ҳайвоний Руҳ Курсидир. Собитлар фалакининг аёнлашувидир. Негаки, собитлар фалаки катта оламнинг Курсиси ҳисобланади. Бу фалакда фаришталар кўпдир. Нафсоний руҳ Аршдир. Фалак ул-афлокнинг аёнлашувидир. Негаки, фалакул-афлок катта оламнинг Аршидир. Ақл Аллоҳнинг халифасидир. Аъзолар ривожланмасдан турганларида маъданлар аёнлашувидир, ривожланиш юзланса, наботот аёнлашувидир. Ҳис-туйғу ва ихтиёрий ҳаракат пайдо бўлганда ҳайвонот аёнлашувидир.

Тўртинчи фасл

ОДАМ ВА ҲАВВО БАЁНИДА

Билгилки, катта оламда Одам, Ҳавво ва Иблис бор бўлганидек, кичик оламда ҳам Одам, Ҳавво ва Иблис бор. Катта оламда даррандалар, ҳайвонлар, шайтонлар ва фаришталар бўлганидек, кичик оламда ҳам бу тоифа мавжуд.
Эй дарвеш! Инсон кичик оламдир. Ақл – бу оламнинг Одамидир, жисм – Ҳавво, ваҳм – Иблисдир; шаҳват – Товусдир, ғазаб – Илон, яхши ахлоқ – Жаннатдир. Ёмон ахлоқ – Дўзахдир. Ақл, Руҳ ва Жисмнинг қувватлари фаришталардир.
Эй дарвеш! Шайтон бошқадир, Иблис бошқа. Шайтон табиатдир, Иблис – ваҳмдир.
Эй дарвеш! Суратнинг эътибори йўқдир, маънонинг эътибори бор. Исмнинг эътибори йўқ, сифатнинг эътибори бор. Насабнинг эътибори йўқ, ҳунарнинг эътибори бор. Ит ит суратида бўлгани учун палид ва ифлос эмас, балки, газанда ва даррандалиги учун палид ва ифлосдир. Агар бу сифат одамда бўлса, одам ҳам бу сифат билан бир итдир. Тўнғиз тўнғиз шаклида бўлгани учун палид ва ифлос эмас, балки ҳарислик ва очкўзлик сифати борлиги учун палид ва ифлосдир. Бу сифатлар агар одамда бўлса, одам ҳам бу сифати билан бир тўнғиздир. Шайтон ҳам шайтон шаклида бўлгани учун ифлос ва палид эмас, балки бўйин сунмаслик, ёвузлик ва ёмонликка ҳидоят қилиши учун палид ва ёмондир. Бу сифат агар одамда бўлса, одам ҳам бу сифати туфайли бир шайтондир. Иблис ҳам иблис қиёфасида бўлганлиги учун ҳайдалган ва ражим бўлмади, балки такаббурлик, манманлик ва ҳасад туфайли ҳайдалгандир. Бу сифатлар агар одамда бўлса, одам ҳам бу сифати туфайли бир иблисдир. Фаришта ҳам фаришта қиёфасида бўлганлиги учун пок ва яхши эмас, балки фармонбардорлик, тоат-итоат қилишлик сифатлари туфайли пок ва яхшидир. Агар одамда бу сифат бўлса, одам ҳам бу сифати туфайли бир фариштадир. Бошқа барча нарсаларни ҳам шундай деб билгил. Худонинг халифасининг иши шуки, бу сифатларни ўзига бўйсунтириб олсин ва ҳар бирини керакли жойда ишлатсин. Унинг амр-фармонисиз бирор иш амалга ошмасин. Аллоҳнинг халифаси Сулаймондир; Сулаймон учун бу нарсаларнинг ҳаммаси керак.
Эй дарвеш! Фаришта ва Иблис бир қувватдир. Бу қувват Сулаймонга тобе бўлгунига қадар Иблисдир. Сулаймон уни тутқун қилиб, кишанда сақлар. Сулаймонга муте ва тобе бўлгач, номи Фаришта бўлди. Сулаймон буларнинг ҳар бирига иш берар. Баъзиларини меъморликда, баъзиларини ғаввосликда. Демак, Сулаймоннинг иши – сифатларни йўқ қилиш эмас, балки табдил этмоқ – аксига ўзгартирмоқдир. Сифатни йўқ қилмоқ имконсиздир. Саркашни бўйсинувчи қилур, одобсизни одобли қилур, кўрга кўз бағишлар, карни эшитувчи қилур, ўликни тирилтирар. Ақл – Худонинг халифасидир, одам эса ҳам Сулаймондир, ҳам Исо. Агар бунинг акси бўлиб чиқиб, Сулаймон бўйинсуниб, таслим бўлса, унда Сулаймон ит ва тўнғизларнинг бандиси, дев ва шайтонларнинг асирига айланар. Ҳар куни ўшаларнинг хизматини қилиш, уларнинг орзуларини амалга ошириш, девлар қўлида банди ва ожиз қолмоққа тўғри келар. Дев унинг устидан ғолиб ва ҳоким чиқиб, тахт узра ўтирар, Сулаймон эса тахт пойида хизмат камарини белига бойлар. Илоҳий хулқлардан мосиво бўлиб, девлар ахлоқи унда пайдо ва зоҳир бўлар.
Эй дарвеш! Бундай кишилар одам қиёфасида бўлгани билан, ички олами дев ё шайтон, ит ёки тўнғиздир. Дев (нафс) тахтга ўтириб, Сулаймон (руҳ) унинг хизматида бўлиши катта таасссуфли ҳолдир.

Бешинчи фасл

ЖАННАТ ВА ДЎЗАХ КЎРИНИШЛАРИ БАЁНИДА

Охиратда жаннатда нимаики лаззат ва роҳат бўлса, унинг кўринишлари бу дунёда одам боласида мавжуддир; дўзахда нимаики ранжу азоб бўлса, унинг кўринишлари бу дунёда одам боласида мавжуддир.
Билгилки, ҳар бир нарсанинг овқати ва ичимлиги ўзига мувофиқ бўлур. Ҳар бир нарсанинг лаззат ва роҳати ҳам ўша нарсанинг аҳволига муносибдир. Жумладан, ақлнинг лаззат ва роҳати ҳикматни билиш ва илм ўрганишдадир; жисмнинг роҳат ва лаззати жисмнинг ғизолари ва жисмоний шаҳватлардадир. Нимаики малакут (руҳоният) оламига оид бўлса, унинг лаззат ва роҳати ҳам малакутий (руҳоний) нарсалардадир. Нимаики мулк оламига оид бўлса, унинг лаззат ва роҳати ҳам мулк оламидадир.
Олдингиларни билдинг, энди шуни ҳам билгилки, жисм учун таом ва ичимлик, ҳур ва ғилмонлар моддий кўринишда мавжуддир; ақлнинг ҳам ақлий таом, маънавий ҳурлар ва ғилмонлари бордир. Ақл – Сулаймондир, қуш тилини билади, барча у билан суҳбатлашадилар, барчанинг тилини тушунади; Худонинг ҳикматини барчада топади. Шу сабабдан, лаззат ва роҳатдадир.
Эй дарвеш! Мавжудотнинг ҳар бир намунаси – қушлардир; улар бу Сулаймон билан сўзлашадилар; ҳар бири аслида нима эканлиги, яратилганлигининг ҳикмати нима эканлиги ҳақида айтиб беради. У (Ақл) барчанинг тилини тушунади, барчанинг ҳикматини англайди, ҳикматни топиш ва англашдан лаззат ва роҳатдадир. Бу Сулаймон агар хуш ифор ё гўзал жамол лаззатини орзу қилса, ниманики ҳидласа, барча нарсадан Худонинг бўйини ислайди, нимага назар солса, барча нарсада Худонинг жамолини кўради. Суҳбат лаззатини орзу қилса, барча мавжудотнинг намуналари унинг наздида гўзал қасрлар ва кошоналардир. Бу қаср ва кошоналарда ҳурлар ва парилардир. Ҳеч ким уларга етишмаган, барчалари бокирадир. Бу қаср ва кошоналарда Сулаймондан ўзга ҳеч кимга йўл йўқ. Бу Сулаймон ушбу қаср ва кошоналарга кириб, бокира ҳурлар ва париларнинг бўйнига қўлини ҳалқа қилар, уларнинг суҳбатидан лаззат ва роҳатда бўлар. Бу шундай лаззатки, бунда паришонлик, пушаймонлик бўлмас; қанча суҳбат давом этса, лаззат ва роҳат кўпроқ бўлур. Бу суҳбатдан жаннат ҳурлари ва ғилмонлари туғилар.
Эй дарвеш! Бу қаср ва кошоналар айримларининг жисмоний вужуди бордир, айримларининг ақлий вужуди бордир; айримларида лафзий вужуддир, баъзи бирларида китобатий вужуддир. Китобатий вужуд мушкин хайёмдир. Жумладан, мен ушбу кофурий саҳрода мушкин хайма урганман.
Эй дарвеш! Бу уч рисолани Исфаҳонда тўплаб, туздим. Ўнинчи рисола тугади. Ушбу биринчи жилдда ўнта рисола ёзилди.
Валҳамду лиллаҳи Роббил-ъаламийн.

Ҳуд, 88-оят.

Давоми. Бошланиши аввалги сонларда.

Форс тилидан
Нажмиддин Комилов,
Олимжон Давлатов таржимаси

2019/3

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/07/03/%d0%b0%d0%b7%d0%b8%d0%b7%d0%b8%d0%b4%d0%b4%d0%b8%d0%bd-%d0%bd%d0%b0%d1%81%d0%b0%d1%84%d0%b8%d0%b9-%d0%ba%d0%be%d0%bc%d0%b8%d0%bb-%d0%b8%d0%bd%d1%81%d0%be%d0%bd-%d0%ba%d0%b8%d1%82%d0%be%d0%b1%d0%b8-2/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x