Карел ЧАПЕК (1890–1938) Ҳикоялар

Оқланмаган башорат ёхуд Карел Чапекнинг яшаётган боғи

 Ҳар бир миллатни дунёга танитувчи омиллар бор. Халқнинг тарихи, жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси, яъни маданияти ва ҳоказолар. Булар сирасида шубҳасиз, адабиёт ҳам нуфузли роль ўйнайди. Масалан, Шекспир Британиянинг, Пушкин Россиянинг, Навоий Ўзбекистоннинг ўзига хос тимсоли бўлганидек, Чехия ҳақида гап кетар экан, биринчилар қаторида Карел Чапекнинг номи тилга олинади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки у ўтган асрнинг биринчи ярмида нафақат чех адабиётида, балки бутун жаҳон маданиятида ёрқин из қолдирган ижодкордир. Чапек замонасининг ўткир ижтимоий ва фалсафий муаммоларини кўтариб чиққан мутафаккир адиб сифатида ном қозонган. У Томас Манн, Герберт Уэлсс, Ромен Роллан, Максим Горький каби сўз санъати усталари билан бир қаторда туради. Ёзувчи бир қатор асарларида инсон ва техника муаммосини бош мавзу қилиб қўяди. Жаҳон аҳлини атом уруши хавфидан (ўтган асрнинг йигирманчи йилларидаёқ) биринчилардан бўлиб огоҳлантирган ҳам Чапек ҳисобланади. Шу ўринда у воқеа-ҳодисаларни реал тасвирлаш санъатини юксак маҳорат билан эгаллагани, айни пайтда ўткир ҳажв услубини пухта ўзлаштиргани ва бадиий башорат қобилиятига эга бўлганлигини қайд этиш даркор.

Таниқли инглиз адиби Бернард Шоу Чапек вафот этгандан сўнг айтган қуйидаги сўзлари диққатга сазовор: “Нега унинг ўрнига мен ўлмадим? Бу иқтидорли ёзувчи шу қадар қисқа умр кўрганлиги ғоят афсусланарлидир!.. Ундан ажралганимизни нафақат яқин дўсти бўлган мен, ёки нафақат Чехословакия, балки у ўз китоблари ва пьесалари билан кўпдан-кўп қувонч келтирган бутун жаҳон ҳис этиб турибди…”

Карел Чапек 1890 йил 9 январда ўша пайтда Австрия-Венгрия тасарруфида бўлган Прага яқинидаги Мале-Святонёвице курорт шаҳарчасида шифокорлар оиласида туғилган. Унинг отаси Антонин курортларда ва атрофдаги конларда шифокорлик қиларди. Кейинроқ у оиласи билан Упице шаҳрига кўчиб ўтади. Чапеклар косиб, темирчи, ғишт терувчи ва бошқа ҳунармандлар яшайдиган кўчада истиқомат қиладилар. Вақти-вақти билан Карелнинг фермерлик билан шуғулланадиган бобосиникига бориб туришарди. Ана шу даврдаги болалик хотиралари ва таассуротлари кейинчалик ёзувчининг турли асарларида ўз аксини топганини кўриш мумкин.

У дастлаб Гралец-Краловдаги гимназияда, сўнгра Брнода ўқиди. Прагада таҳсилни давом эттирди. 1915 йили Карл университетида “Эстетикадаги холис услубни тасвирий санъатга нисбатан қўллаш” мавзусида диссертация ёқлаб, бакалавр даражасига эга бўлди. Фалсафа билан боғлиқ изланишларини Берлин ва Париж университетларида давом эттирди. 1917 йилдан бошлаб эса граф Лажанскийнинг уйида тарбиячилик қилади ҳамда Прагадаги газеталарнинг таҳририятларида ишлайди.

Гимназияда ўқиб юрган пайтлари Карел шеър ва ҳикоялар ёзиб, бадиий ижодга қизиқиши борлигини намоён этганди, кейинчалик эса бу қизиқиш унинг учун бир умрлик ишга айланди. 1916 йилда акаси Йозеф билан ҳамкорликда ёзган ҳикоялар тўплами – “Ёрқин теранликлар” дунё юзини кўрди (Дарвоқе, унинг акаси ҳам истеъдодли қаламкаш бўлиб, рассом, шоир, ҳикоянавис ва драматург сифатида танилганини айтиб ўтиш жоиз. Карел ўз ижодининг дастлабки босқичида Йозеф билан яқиндан самарали ижодий ҳамкорлик қилган). Орадан тўрт йил ўтгач, ака-укаларнинг “R.U.R.” пьесаси чоп этилади. Мазкур асарда машиналар исёни ҳақида ҳикоя қилинади. Муаллифлар пьесада илк бор ўзлари ўйлаб топган “робот” сўзини ишлатадилар. Кейинчалик эса у жаҳондаги барча халқларнинг тил бойлигидан ўрин олдики, ҳар бир адиб ҳам шундай ютуқ билан фахрланиши мумкин.

“Робот” сўзи дунёга келишининг тарихи аслида қуйидагича. Карел юқорида номи тилга олинган пьесада ўзи ўйлаб топган одамсифат механизмларни тасвирлайди. Дастлаб уларни лотинчасига “лабор”, яъни “иш” сўзи билан ифодалайди. Бироқ бу ном муаллифга ёқмайди ва у акаси билан маслаҳатлашиб, мазкур механизмларни худди шундай маъно англатувчи словакча “робот” деган ном билан атайди. Бу эса ғоят муваффақиятли топилма бўлди. Дарвоқе, Йозеф нафақат ҳаммуаллиф, балки мазкур пьесани саҳналаштиришда безакчи рассом сифатида ҳам иштирок этган.

Карел Чапек қирқ саккиз йил яшади, холос. Оғир хасталикка чалингани туфайли шундай бўлди. Йигирма икки йиллик ҳаётини бадиий ижодга бағишлади, қирқ тўртта китоб ёзди. Улар билан танишар экансиз, асарларининг мавзулари, йўналишлари ҳам ранг-баранг эканлигига қойил қоласиз. Ўзи тан олганидай, бунга узоқ муддат газеталар таҳририятларида ишлагани жиддий таъсир кўрсатган. 1917 йил кузидан у “Narodni listy” (“Миллий газета”)да журналист ва танқидчи сифатида фаолият кўрсатди. 1921 йилдан умрининг охирига қадар эса “Lidove njviny” (“Халқ газетаси”)да маданий ва сиёсий муҳаррир бўлиб ишлади. Бу орада театр билан ҳам ҳамкорлик қилди. Газетадаги фаолияти давомида у сиёсий воқеалардан тортиб, жиноятлар-у фавқулодда ҳодисаларгача қаламга олади. Уларни лўнда, тезкор, айни пайтда қизиқарли қилиб ёритишга интилади. Бунинг учун эса универсаллик, бошқачасига айтганда, ҳамма нарсани билиш ва тушуниш, ҳаттоки ҳис қилиш талаб этилади. Бу фазилат унинг асарларида яққол кўзга ташланади. Айниқса, ҳикояларидан газета материалларига хос ана шундай хислатларнинг “ҳиди келиб туради”. Дарвоқе, ёзувчининг қатор романлари дастлаб газета саҳифалари орқали ўқувчиларга етиб борган.

Чапек тириклик чоғидаёқ нафақат Чехословакияда, балки бутун дунёда тан олинган машҳур адибга айланди. 1936 йилда у Нобель мукофотига тавсия этилди. 1925 йилда Чехословак пен-клубининг асосчиси ва 1933 йилгача унинг биринчи раиси бўлди. Айни пайтда у Миллатлар Лигасининг адабиёт ва санъат бўйича қўмитасининг аъзоси этиб ҳам сайланган. Номзоди Халқаро Пен-клуб президентлигига кўрсатилган, бироқ бетоблиги учун унинг ўзи бундан воз кечганди.

Карел Чапек ижодига бағишланган мақолаларни ўқир экансиз, ҳар сафар қизиқ бир қонуниятга дуч келасиз. Яъни муаллифлар ёзувчининг қайси бир йўналишдаги ижодини таҳлил этишмасин, шу соҳадаги асарлари уни дунёга машҳур этганлигини қайд этадилар. Кенг ўқувчилар оммасига у энг аввало, кичик ҳажмдаги ҳажвий ва сатирик новеллалар ижодкори сифатида танилганини эътироф этиш лозим. Жаҳон адабиётида унга Чехов ва О.Генри билан биргаликда “Қисқа ҳикоя устаси” тоифасида дастлабки уч ўриннинг берилиши фикримизнинг далилидир.

Чапек ижодидаги муҳим йўналишлардан бири – ижтимоий зиддиятларнинг кескинлашуви ва дунё бўйлаб одимлаётган фашизмнинг манфур қиёфасини фош этиш ҳисобланади. Адиб янги уруш хавфи вужудга келганлигини ҳис этди ва бу ҳақда башариятни огоҳлантиришга интилди. “Гордубал” трилогияси (1933 йил) шулар жумласидандир. Унинг бу мавзудаги асарлари ичида “Самандарлар билан уруш” алоҳида ўрин тутиши шубҳасиз. Унда инсониятнинг одамларга хос фазилатлардан маҳрум бўла боришига қарши ўзига хос норозилик сатирик руҳ билан суғорилгани янада катта фош этувчи кучга эга бўлишини таъминлаган.

Чапек асарларини ўқир экансиз, инсоннинг ички дунёси мураккаблиги, чин ва сохта ҳақиқат сингари фалсафий-руҳий ҳолатлар қаламга олинганлигига гувоҳ бўласиз. Бунга “Метеор”, “Оддий ҳаёт”, “Бастакор Фолтиннинг ҳаёти ва ижоди” романларини мисол келтириш мумкин. У болаларнинг ҳам севимли ёзувчисидир. Кичкинтойларга аталган шеър ва эртаклари ҳозир ҳам жаҳоннинг турли мамлакатларида машҳур.

Чапекнинг яна бир ўзига хос томони ҳаётда жуда кўп нарсага қизиққанлигидир. Жумладан, у гиламларни коллекция қилган. Ҳатто гиламшуносликда эксперт сифатида ном чиқарган. Булар унинг асарларида ҳам акс этган. “Ноёб гилам” ва “Шарқ” ҳикоялари фикримизнинг далилидир. Ёки кактусларни олайлик. Ёзувчи уларни жуда ёқтирарди, бир қатор ҳикоялари шу мавзуда эканлиги бежиз эмас. “Ўғирланган кактус”, “Кактус ишқибозлари ҳақида” ҳикоялари шулар жумласидандир.

Фақат шугина эмас. Карел Чапек боғбонлик илмининг ҳам билимдони бўлган. Унинг ўзи бу иш билан жиддий шуғулланган. Эрмак учун эмас, балки шу соҳанинг туб моҳиятини ўрганиш мақсадида. Унинг лойиҳаси асосида яратилган боғ ҳозир ҳам нафақат Чехияда, балки бошқа мамлакатларда ҳам машҳур. Адиб қаламига мансуб “Боғбон йили” китоби эса бутун дунёда ўзига хос агрономия дарслиги сифатида тан олинган. Қизиғи, ўта жиддий мавзудаги асар шоирона ва ҳажвий руҳ билан суғорилганлигидир. Бу эса ҳар қандай китобхоннинг эътиборини жалб этмай қўймайди.

Мен ҳам Чапек ижодининг мухлиси сифатида унинг қатор асарларини ўқидим. Ҳикояларининг ўзидан қирққа яқинини ўзбек тилига таржима қилдим. Уларнинг бир қисми “Йўқолган хат” номли тўпламда чоп этилди. Ушбу китоб Чехия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасига тақдим этилди. Чехия­лик дипломатларда ажойиб бир анъана бор экан. Яъни дунё мамлакатларида ватандошлари бўлмиш муаллифларнинг асарлари нашр этилса, уни Прагадаги миллий кутубхонага етказишар экан. Бундан ибрат олиш мумкин.

Ўз вақтида Карел Чапек ижодига беписандлик билан қарашлар ҳам мавжуд бўлган. Бошқа бир чех ёзувчиси Юлиус Фучик шундай деган эди: “Чапек ўз истеъдодини адабиётдаги майда-чуйда нарсаларга сарфлаб, исроф қилди, улар тез орада унутилиб кетади”. Аммо ҳаётда бунинг тескариси бўлди, яъни Чапекнинг ижоди инсонларга хос барча ижобий хислатларни ўзида мужассам этгани ва улар ёрдамида муаллиф башариятга тааллуқли нуқсонларга қарши кураш олиб боргани учун ҳам яшаб қолди.

 

Таржимон

 

  1. ШОИР

 

Эрталаб соат тўртларда Житная кўчасида автомашина ширакайф кампирни уриб юборди, ҳайдовчи тезликни ошириб, кўздан ғойиб бўлди. Навқирон полиция изқувари доктор Мейзлик олдида ушбу жиноятни очиш вазифаси турарди. Ёш полиция изқуварларининг ўз ишига нақадар жиддий ёндашиши эса ҳаммага маълум.

– Ҳм… – деди Мейзлик 141 рақамли полициячига. – Демак, сиз ўзингиздан уч юз метрча нарида автомобилни, ерда узала тушган танани кўрдингиз. Қани айтинг-чи, ишни нимадан бошладингиз?

– Дастлаб жабрланувчининг олдига чопиб бордим, – сўз бошлади полициячи, – чунки унга биринчи ёрдам кўрсатиш лозим эди.

– Аввал машинанинг рақамини аниқлаш зарур эди, – тўнғиллади Мейзлик, – кейин кампир билан шуғуллансангиз ҳам бўлаверарди. Лекин мен ҳам, эҳтимол, шундай қилган бўлардим, – қўшиб қўйди у қалам билан бошини қашир экан. – Демак, машина рақамини пайқамадингиз. Бошқа белгиларини-чи?

– Менимча, – ишончсизлик билан деди 141-рақамли полициячи, – у тўқ рангда эди. Ё кўк ёки тўқ қизил. Машина ортидаги тутун чиқувчи темир найчадан бурқсиб дуд чиқаётгани учун ҳеч нарсани кўриб бўлмади.

– О, худойим! – ҳафсаласи пир бўлди Мейзликнинг. – Энди машинани қандай қилиб топаман? Ҳар бир ҳайдовчини тўхтатиб, “Кампирни сиз уриб юбордингизми?” деб сўраб чиқаманми? Нима қилиш керак, айтинг-чи, қадрдоним?

Полициячи эҳтиром ва лоқайдлик билан елкаларини қисди.
– Ахборот беришга изн беринг, мен бир гувоҳни рўйхатга олганман. Аммо у ҳам ҳеч нарса билмайди, қўшни хонада кутиб турибди.

– Олиб киринг, – хўмрайиб деди Мейзлик хом-хатала тузилган баённомадан бирон нимани илғаб олишга ҳаракат қиларкан, – исмингиз, турар-жойингиз? – кирган одамга одатдагидай мурожаат қилди у бошини ҳам кўтармай.

– Крамик Ян, механика факультети талабаси, – аниқ-равшан сўзлади гувоҳ.

– Сиз бугун эрталаб соат тўртларда номаълум машина Божена Махачковани уриб юборганига гувоҳ бўлдингизми?

– Ҳа. Мен бунда ҳайдовчи айбдор эканлигини айтиб қўйишим керак. Ўзингиз ўйлаб кўринг, кўча бўм-бўш, у ҳеч бўлмаса чорраҳада тезликни пасайтирганда эди…

– Сиз ҳодиса содир бўлган жойдан қанча масофа узоқликда эдингиз? – унинг сўзини бўлди Мейзлик.

– Ўн қадам нарида. Мен ўртоғимни қаҳвахонадан кузатаётган эдим, биз Житная кўчасини кесиб ўтаётганимизда…

– Ўртоғингиз ким ўзи? – унинг гапини бўлди Мейзлик. – У ҳақда бу ерда ҳеч нарса ёзилмаган.

– Шоир Ярослав Нерад, – фахр билан жавоб қилди гувоҳ. – Бироқ сиз ундан ҳеч қандай маълумот ололмайсиз.

– Нега бундай дейсиз? – қовоғини солди Мейзлик, кичик бир хасга бўлса ҳам “ёпишиб олиш”ни кўзлаб.

– Чунки у шунақа фазилатли инсон. Бахтсиз ҳодиса юз бергач, у ёш боладай йиғлаб юборди ва уйига қараб чопди… Шундай қилиб, биз Житная кўчасидан кетиб бораётган эдик, тўсатдан орқа томондан ниҳоятда катта тезликда машина учиб келди…

– Машинанинг рақами?

– Кечирасиз, пайқамадим. Мен фақат тезлик ҳаддан ташқари юқори­лигига эътибор қилдим ва ўзимча…

– Қайси турдаги машина эди? – унинг сўзини бўлди Мейзлик.

– Тўрт тактли ички ёнув двигатели, – билағонлик билан жавоб қилди талаба-механик. – Аммо қандай русумдалигини мен яхши ажрата олмайман.

– Кузови қанақа рангда? Машинада ким бор эди? Усти очиқми ёки лимузинми?

– Билмадим, – хижолатомуз жавоб қилди гувоҳ. – Ранги чамаси қора эди. Аммо, умуман олганда, мен пайқай олмадим, чунки ҳодиса юз берганда, мен ўртоғим томонга ўгирилиб: “Қара, қандай аблаҳлар-а, одамни уриб юборишди-ю, ҳатто тўхташмади ҳам”, деб гапираётган эдим.

– Ҳм… – норози оҳангда тўнғиллади Мейзлик. – Бу, албатта, табиий ҳолат. Бироқ мен сизни машина рақамини пайқаган бўлишингиз керак, деб ўйлаган эдим. Одамларнинг кузатувчан эмаслиги ғоят ажабланарли. Сиз ҳайдовчи айбдор эканлигини тушунибсиз, аблаҳ деган хулосага келибсиз, машина рақамига эса батамом эътибор қилмагансиз. Мулоҳаза юритишга ҳамма уста, сезгирлик билан атрофни кузатишга келганда эса… Ташаккур, жаноб Крамик, сизни ортиқ ушлаб турмайман.

Орадан бир соат ўтгач, 141-рақамли полициячи шоир Ярослав Нерад ижарада турадиган уй қўнғироғини босди. Овоз берган кимсадан шоирни сўради.

– Уйда, – жавоб қилди уй соҳибаси. – Ухлаяпти.

Уйқуси чала қолган шоир полициячини кўриб, кўзлари қинидан чиқиб кетаёзди. “Нима иш қилиб қўйдим экан-а?” – деган фикр ўтди хаёлидан.
Ниҳоят, полициячи уни нима учун маҳкамага чақиришаётганини Не­радга тушунтиришга муваффақ бўлди.

– Албатта бориш керакми? – ишончсизлик билан сўради шоир. – Ахир мен барибир ҳеч нарсани эслай олмайман. Кечаси озроқ…

– Ширакайф бўлгансиз, – унинг сўзини давом эттирди полициячи. – Мен шунақа кўп шоирларни танийман. Кийиниб чиқишингизни сўрайман. Кутиб тураман.

Йўл-йўлакай улар қаҳвахоналар, умуман, ҳаёт ҳақида, фалакиёт тимсоллари, бошқа кўплаб масалалар ҳақида гаплашиб кетдилар; фақат сиёсатга тил теккизишмади. Дўстона ва сабоқли суҳбатга берилиб маҳкамага ҳам етиб келишди.

– Шоир Ярослав Нерад сизми? – савол берди Мейзлик. – Сиз номаълум автомобиль Божена Махачковани уриб кетганига шоҳид бўлдингизми?

– Ҳа, – хўрсинди шоир.

– У қандай машина эканини айта оласизми? Усти очиқми, ёпиқми, ранги, йўловчилар сони, рақами?

– Билмайман, – деди шоир. – Мен буларга эътибор қилмабман.

– Биронта икир-чикир ёки тафсилотни эслашга уриниб кўринг, – маълумот олишга ҳаракат қилди Мейзлик.

– Нима деяпсиз! – ажабланди Нерад. – Мен ҳеч қачон тафсилотларни пайқамайман.

– Марҳамат қилиб айтинг-чи, сиз ўзи бирор нарсани пайқадингизми? – истеҳзо билан сўради Мейзлик.

– Шундоқ, умумий кайфият холос, – мужмал жавоб қилди шоир. – Биласизми нима, ўша узун, кимсасиз, тонготар пайтидаги кўча… Ерда ётган аёл танаси… Тўхтанг! – ногоҳ хитоб қилди шоир. – Мен ахир, уйга борганимдан кейин бу ҳақда шеър ёзгандим.

У чўнтакларини кавлаб, ҳисоб-китоб чипталари, конвертлар, ғижим­ланган қоғоз парчаларини ола бошлади.

– Бу эмас, йўқ, бу ҳам эмас… Ҳа-ҳа, мана шунга ўхшаяпти. – У конверт­нинг орқа томонига ёзилган мисраларни ўқишга киришиб кетди.

– Қани, кўрсатинг-чи, – менсимай деди Мейзлик.

– Рости, бу жуда зўр шеър эмас, – камтарлик қилди шоир. – Аммо хоҳласангиз, ўқиб бераман.

У кўзларини юмиб, қироат билан ўқий кетди:

 

Тун пардасида саф тортганда уйлар,

Мандолинада тонг чалганда куйлар.

Қирмиз юзин очиб келар қизалоқ,

Олис Сингапурга кетгандай учиб,

Пойгачи автода руҳини қучиб…

Тўзонга қулаган узилган лола,

Орзу-умидлари сўнганди бешак.

Ирода, матонат, вайрон хотира,

Бахтсизлик бўлурми, бундан-да ўксик!

О, оққушжон бўйни, қонталаш сийна!

Икки бесабр новда бепарвогина,

Ажал ноғорасин саварди дардли –

Фожиада инсон йўқотди қадрин.

 

– Бори шу, – якунлади шоир.

– Кечирасиз, буларнинг маъноси нима? – сўради Мейзлик. – Гап нима ҳақда кетаяпти ўзи?

– Қанақасига нима ҳақда? Машина туфайли юз берган ҳодиса тўғ­рисида-да. Наҳотки, тушунмаган бўлсангиз?

– Унчалик эмас, – танқидомуз сўз қотди Мейзлик. – Буларнинг ҳаммасидан мен англамоқчи бўлганим: ”Июль ойининг ўн тўртинчи кунида, эрталаб соат тўртда, Житная кўчасида қуйидаги рақамли автомобиль маст ҳолатдаги олтмиш ёшли қашшоқ кампир Божена Махачковани уриб юборди. Жабрланувчи шаҳар шифохонасига жўнатилди, аҳволи оғир”, каби маълумотлар йўқ. Мазкур фактлар ҳақида, пайқашимча, бир оғиз сўз йўқ. Ҳа-ҳа.

– Булар ҳаммаси юзаки фактлар, борлиқнинг хом-хатала тасвири, – деди шоир бурнини қашир экан. – Шеърият эса ички воқеликдир. Шеърият – шоир онгида туғилган эркин, сюрреалистик тимсоллардир, тушундингизми? Бу, мағзини чақиб англанадиган манзаравий ва сасли кўринишлардир. Шундай йўл билан уни тушуниш мумкин, акс ҳолда… – таъкид сўзини якунлади Нерад.

– Марҳамат қилиб, айтинг-чи, – хитоб қилди Мейзлик. – Хўп майли, қани, асарингизни беринг-чи? Раҳмат. Демак, бу ерда нима де­йилган? Ҳм… “Тун пардасида саф тортган уйлар…” Нега саф тортган? Тушунтиринг-чи?

– Житная кўчаси, – хотиржам гапирди шоир.

– Икки қатор уйлар. Тушундингизми?

– Нега энди Миллий проспект эмас? – ишонқирамай сўради Мейзлик.

– Чунки Миллий проспект бу кўча каби тўппа-тўғри эмас, – дадил жавоб берди шоир.

– Хўп, яна ўқиймиз: “Мандолинада тонг чалганда куйлар…” тушунарли. “Қирмиз юзин очиб келар қизалоқ…” Узр, қизалоқ қаердан келиб қолди?

– Тонгги шафақ, – лўнда жавоб берди шоир.

– Ҳа, ундай бўлса, кечирим сўрайман. “Олис Сингапурга кетгандай учиб, пойгачи автода руҳини қучиб…”

– Чамаси, ўша автомобилни тасаввурим шундай қабул қилган, – тушунтирди шоир.

– У пойгачи автомобилмиди?

– Билмайман. У қутургандай тез учиб кетди деган маънода. Худди дунё­нинг нариги четига шошаётгандай.

– Ҳа-ҳа, яхши. Масалан, Сингапурга-а? Лекин нега айнан Сингапурга, худо ҳаққи?

Шоир елкаларини қисди.

– Билмайман, эҳтимол, у ерда малайялар яшаши учун бўлса керак.
– Шоир тутилиб қолди.

– Балки, машина жигарранг бўлгандир, – ўйланиб гапирди у. – У ерда жигаррангга оид нимадир бор эди. Акс ҳолда Сингапур қаердан келиб қоларди?

– Майли, – деди Мейзлик. – Бошқа гувоҳлар машина кўк, тўқ қизил, қора рангда эди, деб айтишди. Кимга ишониш керак?

– Менга, – деди шоир. – Мен тасвирламоқчи бўлган ранг кўз учун ёқимли.

– “Тўзонга қулаган узилган лола”, – ўқишда давом этди Мейзлик. – “… узилган лола” – нима бу, маст кампиршоми?

– Мен бу ҳақда бундай ёза олмас эдим-да! – афсус билан деди шоир. – У аёл киши эди, бор-йўғи шу. Тушунарлими?

– Ҳа-а! Мана бу-чи: “О, оққушжон бўйни, қонталаш сийна! Икки бесабр новда бепарвогина, ажал ноғорасини саварди дардли…” Хом хаёлларми бу?

– Қани кўрсатинг-чи, – деди энгашиб шоир. – Ҳм-м… “О, оққушжон бўйни, қонталаш сийна! Икки бесабр новда… Ажал ноғораси…” нима экан буларнинг маъноси?

– Мен сиздан худди шуни сўраяпман, – киноя билан сўз қотди полиция изқувари.

– Тўхтанг, – мулоҳаза қиларди Нерад. – Нимадир бор, бу тимсолларни ёдимга солган… Айтинг-чи, икки рақами оққушнинг бўйнига ўхшамайдими? Мана, қаранг. Ва у қалам билан 2 рақамини ёзди.

– Ҳа, – энди қизиқиш билан хитоб қилди Мейзлик. – “Қонталаш сийна-чи?”

– Бу, ахир 3 рақами. У иккита чала айланадан таркиб топган. Шундай эмасми?

– Икки бесабр новда ва ажал ноғораси қолди! – тўлқинланиб кетди полиция изқувари.

– Икки бесабр новда, ажал ноғораси… – ўйларди Нерад. – Ажал ноғораси ва чолғувчи новдалар… Балки, у бешдир-а? Қаранг. – У 5 рақамини ёзди. – Қуйи доира ноғорага ўхшайди, устида икки новда, худди алифдай.

– Хўш, – деди Мейзлик варақда 235 рақамини ёзар экан. – Сиз автонинг рақами 235 эканига ишонасизми?

– Рақам? Мен ҳеч қандай рақамни пайқамадим, – қатъиян қарши чиқди Нерад. – Лекин нимадир борки, мен шундай деб ёзганман. Менимча, шеър­нинг энг муваффақиятли жойи шу бўлса керак. Сиз нима деб ўйлайсиз?..

Икки кундан кейин Нераднинг уйига изқувар Мейзлик кириб келди. Бу сафар шоир уйқуда эмасди. Ҳузурида бир қиз борлигидан, у полиция амалдорини ўтқазишга стул тополмай қолди.

– Мен бир лаҳзага кирдим холос, – деди Мейзлик. – ўша автомашинанинг рақами ҳақиқатан ҳам 235 бўлганлигини айтиб қўйиш учун кирдим.

– Қанақа автомашина? – ажабланди шоир.

– “О, оққушжон бўйни, қонталаш сийна! Икки бесабр новда, ажал ноғорасин саварди дардли!” – тўхтамай хитоб қилди Мейзлик. – Сингапур ҳам тўғри ёзилган. Машина жигарранг тусда экан.

– Ҳа-ҳа! – эслади шоир. – Мана, кўрдингизми, ички воқелик нима дегани. Хоҳласангиз, икки-учта шеъримдан ўқиб бераман. Энди сиз уларни тушуна оласиз.

– Бошқа сафар! – шошилиб жавоб қилди полиция изқувари. – Яна шундай ҳодиса юз берганда, хўпми?

  ИГНА

– Ҳеч қачон судга ишим тушмаган, – гап бошлади Костелецкай, – аммо сизга айтсам, ҳаммасидан ҳам менга улардаги синчковлик, арзимаган иш кўрилаётган бўлса-да, амал қиладиган ҳар хил расмиятчиликлар ва тартиблар ёқади. Бу одил судловга ишонч уйғотади. Фемиданинг қўлида тарози бор экан, у доришуносларникидай аниқ кўрсатадиган бўлиши лозим. Агар қилич урса, унга тиғдай ўткирлик ато этсин…

Шу муносабат билан кўчамизда юз берган бир воқеа эсимга тушди.

Машкова деган аёл дўкондан бўлка нон сотиб олди ва энди бир бурдасини ея бошлаган эди, енгилгина санчиқни ҳис этди. Бармоғини оғзига тиққан эди, у ердан… игна чиқди. Қоровул аёл ҳайратдан донг қотди, ке­йин эса “вой-дод” деб юборди: “Худойим-эй, ахир бу игнани ютиб юборишим мумкин эди-я, у эса ошқозонимни тешиб қўярди! Ҳаётим қил устида турган экан-а, мен буни шундай қолдирмайман! Қайси аблаҳ игна тиқиб қўйганини текширтириб билишим керак!”

Шундай қилиб, у тишланган бўлканинг ичидан чиққан топилмасини полицияга олиб борди.

Полициячилар дўкон эгасини сўроқ қилишди, унга бўлка етказиб берадиган новвой ҳам терговда бўлди, аммо табиийки, иккови ҳам игна меники, деб тан олишмади. Иш суд-тергов органларига оширилди, чунки сизга маълум бўлсинким, бу “енгил тан жароҳати етказиш” моддасига мос ткеларди. Суд терговчиси, у виждонан иш юритадиган ва бир нарсанинг тагига етмай қўймайдиган хизматчи эди, дўкончи ва новвойни яна бир бор сўроқ қилди. Улар қасам ичиб, ўзларида бўлкага игна тушиб қолиши мумкин эмаслигини айтдилар. Терговчи дўконга жўнади ва у ерда сотувда игна йўқлигини аниқлади. Сўнгра нонни қандай ёпишларини кўриш учун у новвойхонага борди ва хамир қандай тайёрланишини ҳамда пиширилишини, печь қандай қиздирилишини, бўлкага шакл берилишини, қолипга солиб, то пишгунига қадар томоша қилиб, туни билан ўтириб чиқди. Шундай услуб билан у мазкур жараёнда игналар қўлланилмаслигини аниқлади…

Нон пишириш қандай ажойиб иш эканлигини биласизми? Мен-ку болалигимда кўп кўрганман – чунки марҳум бобомнинг новвойхонаси бўларди. Нон пиширишда икки-учта қарийб илоҳий синоат мавжуд. Биринчиси, хамирни оширгани қўйганда. Уни тоғорага соладилар, у ерда, қопқоқ остида яширин ўзгариш амалга ошади, ун ва сувдан кўпчиган хамир пайдо бўлади. Кейин хамирни куракча билан аралаштирадилар – бу жараён маросим рақсларига ўхшайди – кейин хамирни канопдан тўқилган мато билан ёпадилар ва кўпчигунча ўраб қўядилар. Хамир улуғворлик билан кўтарилади, шишади, матони кўтариб, ичига қарагани юрагинг бетламайди – бу иккинчи сирли ўзгариш… Бу ҳаммаси, мен сизга айтсам, худди ҳомиладорлик сингари гўзал ва ажабланарли, менга ҳамиша хамирда аёлларга хос нимадир бордай туюлаверади. Учинчи синоат эса оч тусдаги ва юмшоқ хамир нонга айланадиган пишиш жараёнидир. Сиз печдан тўқ қизил, олтинранг нонни оласиз, унинг гўдакникидай ширин иси димоғингизга урилади. Бу шундай ажойибки, новвойхонадаги ана шундай ўзгаришлар пайтида, фикримча, ибодатхонадагидай, диний байрамдагидай, қўнғироқлар жаранглаши керак.

Ха, нима ҳақда гапираётгандим? Дарвоқе, терговчи боши берк кўчага кириб қолди; ишни ёпишга йўл қўйиб бўлмайди. У игнани олди-да, кимё институтига жўнатди. У ерда аниқлашсин-чи, игна бўлкага пишгандан олдин тушганми ёки кейин? (У илмий экспертизага муккасидан кетганди).

Институтда ўша пайтда профессор Угер исмли соқолли олим бор эди. Игнани олгач, у сўкиниб қўйди – суддагилар унга ҳар нарсани жўнатавераркан-да; яқинда шундай айниган ички аъзоларни жўнатишибдики, ҳидига мурда ёрадиган жарроҳ ҳам дош беролмади. Институт бу игнани нима кила олади? Аммо профессор мушоҳада қилиб, унга биласизми, илмий нуқтаи назардан қизиқиб қолди. Амалда эса, балки, деди у ўзига, хамирга солиб қўйса ёки бўлка билан пиширса, игнада қандайдир ўзгаришлар ҳосил бўлади, пиширганда ҳар хил физикавий-кимёвий жараёнлар юз беради, буларнинг бари игна юзасига таъсир қилиши – шаклини ўзгартириши ёки оксидланиши мумкин. Микроскоп билан тадқиқ этганда буни аниқлаш мумкин. Шундай қилиб, профессор ишга киришди.

Энг аввало, у бир неча юзта игна – янгиларидан тортиб, то озми-кўпми занглаганларича сотиб олди ва институтда бўлка пишира бошлади. Биринчи тажрибада у игналарни ачитиш жараёни уларга қандай таъсир этишини билиш учун хамиртурушга солиб қўйди. Иккинчисида янги қорилган, учинчисида кўпчий бошлаган, тўртинчисида эса кўпчиган хамирга тиқиб қўйди. Кейин у игналарни бўлкани печга қўйиш пайтида жойлаб қўйди. Сўнгра – пишириш пайтида ҳам. Кейин янги пишган бўлкаларга ва ниҳоят, совиганларига ҳам. Шундан сўнг айнан мазкур тажрибаларнинг назорат туркумлари янгитдан ўтказилди. Умуман, икки ҳафта мобайнида институтда фақат игнали бўлка пишириш билан шуғулландилар. Профессор, доцент, тўрт аспирант ва бир ходим ҳар куни хамир қорар ва бўлкачалар пиширар, кейин эса игналарни микроскоп остида текширишарди. Бунга яна бир ҳафта вақт кетди, ниҳоят, пировардида машъум игна пишган бўлкага тиқиб қўйилгани аниқланди, чунки у тайёр бўлкаларга тиқилган тажриба игналарининг хоссаларига тўла мувофиқ тушди.

Экспертизанинг ана шу хулосаси асосида терговчи игна бўлкага дўконда ёки новвойхонадан дўконгача бўлган йўлда тушган, деган хулосага келди. Ана шунда новвой ё тавба, айнан ўша куни бўлка ташийдиган шогирдини ишдан ҳайдаб юборганини эслади!

Болани чақириб келишди ва у хўжайинига қасдма-қасд бўлкага игна тиқиб қўйганини тан олди. Бола вояга етмаганлиги сабаб танбеҳ билан қутулди, новвойга эса эллик крон жарима солинди, чунки у ўз ходимлари учун жавоб бериши даркор. Мана сизга, одил судлов қандай пухта ва синчковлик билан ишлашига мисол.

Бироқ бу ишнинг яна бир томони бор. Билмайман, биз эркакларга бундай – иззат-нафс ва қайсарлик қаердан келади. Институтда кимёгарлар бўлкалар билан тажрибаларни бошлаганларида, улар нонни ҳақиқий новвойлардай пиширишлари кераклиги тўғрисидаги фикрни мияга қуйиб олгандилар. Дастлаб бўлкалар унча яхши чиқмади, хамири яхши пишмаган, ортиқча иштаҳа ҳам кўзғатмас эди. Лекин борган сари иш яхшиланиб бораверди. Ниҳоят, бу олимлар бўлкаларга кўкнор уруғи, туз ва зира сепадиган бўлишди, зувалани ҳам шундай ишлашардики, қараб ҳавасингиз келарди. Улар фахр билан институтларидаги каби бундай пиширилган ва иштаҳани очадиган бўрсилдоқ нонларни бутун Прагада топиб бўлмайди, деб гапирардилар.

– Сиз буни қайсарлик деб атайсизми, жаноб Костелецкий, – эътироз билдирди Лелек. – Менимча эса бу ерда спортга хос хусусият – ишни намунали бажаришга интилиш кўзга ташланади. Ҳақиқий эркак киши қиймати сариқ чақалик натижа кетидан қувмайди. Унга ўйиннинг ўзи, биласизми, мақсадга эришиш йўлидаги қизиқиш муҳим… Сиз буни арзимайдиган нарса, бу ишга дахли йўқ десангиз-да, битта мисол келтираман.

Мен ҳисобхонада ишлаганимда ва баъзан ярим йиллик ҳисобот тузганимда, айрим ҳолларда рақамлар бир-бирига тўғри келмай қоларди. Бир куни нақд пулдан уч геллер камомад чиқди. Албатта, мен ўша уч геллерни хазинага топшириб қўйишим мумкин эди, аммо бу нотўғри йўл бўларди. Ҳисобчилик нуқтаи назаридан бу спортчиларга хос ҳолат эмасди. Қайси ҳисобда хато қилинганлигини топиш зарур, ҳисоблар эса бизда ўн тўрт мингта эди.

Ва мен сизга айтсам, баланс тузишни бошлаганимда, ҳар доим қандайдир хатони топишни хоҳлардим. Ўшанда баъзан туни билан хизматда қолиб кетардим. Олдимга ҳисобчилик китобларидан бир уюмини қўярдим-да, ишга киришардим. Шунда устунларга сафланган рақамлар кўзимга жуда ажойиб, безаклардай гўзал кўринарди. Айрим ҳолларда устунлардан тик чўққига чиққандай юқорига кўтарилаётган, бошқа пайт улар орқали зинапоядан чуқур ерости кони тубига тушаётгандай бўлардим.

Баъзан ўша уч геллер ҳуркак ва ноёб ҳайвон бўлиб туюлар, ўзимни эса уни – ушлаш учун рақамлардан иборат чакалакзор орқали ўтиб бораётган овчидай ҳис этардим. Ёки изқуварман-у, муюлиш ортида туриб жиноятчини пойлаётгандай бўлардим. Ёнимдан минглаб одамлар ўтар, аммо мен муттаҳамни – ўша ёвузни – ҳисобот хатосини ёқасидан олиш учун ўз дақиқамни кутардим! Яна баъзида шундай туюларди: гўёки балиқчиман-у, қирғоқда қармоқ билан ўтирибман: ана-ана, пўкак қимирлади… э-ҳа, қўлга тушдингми, занғар. Аммо ҳаммадан кўп мен ўзимни тоғлар, водийлар бўйлаб, қалин маймунжон бутазорлари аро дайдиб юрган овчидай тасаввур этардим. Шундай лаҳзаларда ҳаракат ва кучнинг бу ҳиссидан ўзимни шу қадар енгил ҳис этардимки, гўё чиндан ҳам ажойиб саргузаштларни бошдан кечираётган бўлардим, ўз атрофимда ҳаяжонли эркинлик туярдим. Бутун-бутун тунлар бўйи уч геллер ортидан овга чиқардим, топганимда эса унинг арзимаган сариқ чақалиги ҳақида ўйламасдим ҳам. У ўлжа эди ва мен тантанавор ҳамда бахтиёр ҳолда ухлагани кетардим, этикларни ечишга улгурмаёк тўшакка думалардим. Бор-йўғи шу.

Рус тилидан

 Нурбек АБДУЛЛАЕВ

таржимаси

 

 

2019/4

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x