Тунжер ЖУЖЕН ЎҒЛИ (1944 йилда туғилган) БРУТ ЁХУД ЮЛИЙ ЦЕЗАРНИНГ ҚОТИЛИ

(Трагикомедия)

 

 ИШТИРОКЧИЛАР:

 

МАРК БРУТ

ЮЛИЙ ЦЕЗАРЬ       

ЛОНГИН  КАССИЙ

СЕРВИЛИЙ КАСКА

ПОРЦИЯ КАТОНА

СЕВИЛИЯ

ЛУЦИЙ

КАЛЬПУРНИЯ

 

– Жумҳуриятчи сенатор

– Консул

– Жумҳуриятчи сенатор

– Жумҳуриятчи сенатор

– Брутнинг хотини

– Брутнинг онаси

– Брутнинг боласи

– Цезарнинг сўнгги хотини

Цезарнинг тансоқчилари,

аскарлар, фуқаролар.

Вақт :

14 март – Милоддан аввалги  44-йил, кечаси,

15 март – Милоддан аввалги 44-йил, кундуз.

 

Воқеа жойи – Рим

 

I

 

Кассийнинг гримхонаси

 

Кассийни ўйнайдиган актёр саҳнада кийимларини ечиб, ўзи ижро этадиган образнинг кийимларини кияди ва ролга тайёргарлик кўради. Грим  қилади. Саҳнадаги катта ойнада ўзини обдан кузатади. Кийими ва гримидан мамнун бўлади. Шу кайфиятда саҳна ортидагиларни баланд овозда чақиради.

КАССИЙ. Тайёрмисизлар?!

КАСКА. Ҳозир!

КАССИЙ. Тезроқ бўла қол.

КАСКА.  Ҳали вақт бор. Тайёр бўлиб  қолдим.

КАССИЙ (Ҳазил аралаш). Намунча беғам бўлмасанг. Мен сенатор Кас­канинг қиёфасини кўриш иштиёқидаман. Аммо сен Кассийга парво ҳам қилмайсан.

Каска қиёфасига кирган актёр саҳнада пайдо бўлади. Улар бир-бирининг қиёфаларини синчковлик билан кузатишади.

КАСКА. Хайрли тун, сенатор Кассий.

КАССИЙ. Хайрли тун, сенатор Каска.

КАСКА. Ҳурматли сенатор бу ерга кеч келганимга арзийдиган тайёргарлик кўрибманми?

КАССИЙ. Ҳа! Менинг қиёфам-чи, ёқдими?

КАСКА. Бу қиёфангни сенаторнинг салобатли характери билан уйғунлаштирсанг мукаммал бўлади. Мен негадир ўзимни яхши ҳис қилмаяпман. Қўл-оёқларим бўшашиб кетмоқда. Классик қиёфада илк маротаба саҳнада роль ижро этиш осон эмас.

КАССИЙ. Иккаламиз ҳам анча тажрибага эга актёрлармиз. Бунга ўхшаш ҳаяжонли онларни кўп бор бошимиздан ўтказганмиз. Лекин тан олиш лозим, мени ҳаяжон босмоқда. “Нега?” деб сўрасанг, айта қолай. Бундай мураккаб, серқирра қиёфани мен ҳам илк маротаба яратмоқдаман. Сенатор Кассий билан менинг характерим бутунлай қарама-қарши. Мен суҳбатлашишни ёқтираман. Кассий эса, аксинча, камгап. Мен мазза қилиб, оғзимни тўлдириб қаҳ-қаҳ отишни ёқтираман. Сенатор эса фақат кулимсираб, оғзини очмай кулади. Яъни, менинг ички дунём ташқарида, у эса ҳаммасини ичида сақлайди, писмиқ.

КАСКА. Бу муаммолар мен ўйнайдиган образда ҳам бор. Менга айтгин-чи, мен билан  Касканинг бирор ўхшаш жойи борми? Каска ҳар бир ишни олдиндан қачон, қай вақтда амалга оширишни билади, тартиб-интизомда жуда қатъий. Қарорларга жиддий қарайдиган жумҳуриятчи сенатор. Мен эса умуман бетайинман. Ҳатто электр ҳисобини ҳам ўз вақтида тўлай олмайман. Учрашувларга ҳам камдан-кам ҳолда кечикмай етиб бораман. Хуллас, фарқли томонларимиз ҳисобсиз. Буларнинг барчасига қарамай, режиссёримиз бизларни шу ролларга муносиб кўрди.

КАССИЙ. Режиссёримиз бекорга  ҳар доим такрорламайди: “Ҳақиқий актёр турли қиёфаларга киришга қодир бўлиши керак” деб. Менимча, у ҳақ.

КАСКА (Чўнтагидан телефонини чиқаради). Алло!? Ҳа… Каска либосларини кийдим. Грим ҳам қилдим. Ҳа, жоним, спектакль бошланишини кутаяпман. Йўқ… Ҳали бошлангани йўқ. Спектакль бошланган бўлганида, мен сен билан телефонда гаплашиб туролмасдим. Баъзида гапираётган гапларингга аҳамият бермайсан, жоним. Йўқ. Ёлғиз эмасман. Ёнимда ким ҳам бўларди… Кассийни ўйнайдиган шеригим бор… Тавба..! Кассий эркак! Брутнинг хотинини ўйнайдиган ёш актриса бу ерда йўқ! У билан бирга ўйнайдиган саҳнамиз ҳам йўқ! Нега безовта бўляпсан? Аёлларнинг гримхоналари алоҳида деб неча марта тушунтирдим. Қачон бу аҳмоқона рашкинг тугайди? Зўрға ёдлаган сўзларимни унутиб, саҳнада расво бўлишимни хоҳлаяпсанми? Бўлди, қисқа қил! Менга омад тилаб, бу бўлмағур суҳбатни тугат. Эй…  Билганингни қил! (Жаҳл билан телефонни ўчиради.)

КАССИЙ. Хотинингми?

КАСКА. Бошқа ким ҳам бўлиши мумкин? Репетицияларга баъзан­ келиб туради. Аслида уни репетиция эмас, янги келган ёш актриса қизиқтиради. Ана шу ёш қизчадан мени рашк қилади. Гўё бир-биримизга тикилиб қолганимизга гувоҳ бўлганмиш. Менга туҳмат қилиб, нуқул азоб бергани-берган.

КАССИЙ. Менимча, хотининг ҳақ. Сенга унча-мунча “пашшахон”лар яқинлашолмайди, аксинча, қочишади. Яқинлашса борми, сен уларни омон қўймайсан.

КАСКА. Жа унчалик эмас!

КАССИЙ. Бугунги илк намойишга келмайдими?

КАСКА. Премьерага келармиш! Бизни ёлғон ижромизга тоқати йўқ экан. Бир томошани икки марта кўра олмасмиш.

КАССИЙ. Бўпти… Қўй бу гапларни. Спектаклдан олдин тинчланиб ол. Чуқур нафас олиб, ичингда бироз ушлаб тур. Кейин аста-секин чиқар. Спектакль бошланадиган вақт яқинлашиб қолди. Ўзингни хотиржам тут. Қани, менга айт-чи, спектаклдаги воқеалар қачон юз берган.

КАСКА. 44-йилнинг 14 марти. Кечаси бошланиб, 15 март эрталаб тугайди.

КАССИЙ. Яхши. Аммо 44-йилга аниқлик киритиш керак. Эрамиздан аввалми ёки кейин?

КАСКА. Эрамиздан аввал.

Касканинг чўнтагидаги телефон яна жиринглайди. У телефонни олиб ким эканлигига қарайди. Юзи буришишидан маълум бўладики, яна хотини телефон қилаяпти. Хоҳламай телефонни қулоғига тутмоқчи бўлади. Кассий бунга қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилади.

КАССИЙ. Эрамиздан аввал 44-йилда қўл телефони бўлганмиди? Ё Тангрим! Ўчир шу телефонингни. Умуман яшириб қўй. Ўртага шайтон аралашиб, спектакль пайтида жиринглаб қолса-чи? Ҳушёр  бўлиш керак.

Каска телефонни ўчириб чўнтагига солади. Парда орқасидан томоша залига қарагандай бўлади.

КАССИЙ. Томошабинлар жойлашиб бўлишибди. Ҳозир бошлаймиз. Спектаклни бошламасак, томошабинлар қарсак чалишни бошлашади. (Иккинчи қўнғироқ янграйди.)

КАСКА. Энди яна камида беш марта чуқур нафас олиб, ўзингни ўйинга тайёрла. Бўлақол!

Каска чиқади, учинчи қўнғироқ янграйди. Стол устидаги бир тўп мактубни кўриб чиқмоқчи бўлади, лекин чироқчиларнинг ишораси унинг эътиборини тортади. Шу пайт томоша залидан қарсаклар эшитилади. Касканинг саҳнага чиқиши кечикади. Бундан Кассий безовта бўлади. Ниҳоят актёрлар ўз ролларини ўйнай бошлайди.

КАССИЙ. Қаерда қолди бу одам? Шунчалик ҳам бепарво бўладими? Қани сенатор Каска?!

КАСКА (Ҳовлиқиб кириб келади).Ташқаридаги қарсакларни эшитяпсанми? Худди Римдаги Амфитеатрнинг шовқини-я… Ёмғирдан Помпей театрига яширинганим учун сизнинг ёнингизга кеч қолиб келдим, ҳурматли сенатор Кассий.

КАССИЙ. Чақмоқ чақса-ю селлар келса, ҳатто арслонлар кўчаларда юришса ҳам бу иш амалга ошади, Каска. Чунки эртага юриладиган йўлнинг тошларини бугундан териб чиқиш лозим бўлади. Албатта, камчилик бўлиб эмас, акс ҳолда натижа биз хоҳлагандай бўлмайди. Энг ёмони, биз чиқмоқчи бўлган йўл битта хатолик сабаб фалокатга олиб бориши мумкин. Шахсий ҳис-туйғулар, хусусий муаммолар четда қолиши керак.

КАСКА. Умид қиламанки, бу шошилинч тайёргарлик натижага салбий таъсир кўрсатмайди. Бежизга айтишмаса керак, шошилинч ишга шайтон оралар, деб.

КАССИЙ. Ишнинг шошилинч жойи қолмади. Ўқ ёйдан чиқди. Ҳаммаси режа асосида бўлиши керак. Сен биринчи навбатда мактуб­ларни Брутнинг уйи боғчасига олиб бориб ташла. Ҳар доимгидай… Биров билмасин. Унутма, Брут ҳали ҳам биз ўйлаган ишга очиқчасига қўшилишига қарор бергани йўқ. Синглимга уйланган бўлишига қарамай, менга баъзан ишонмайди. Брут бу мактубларни халқдан келганига ишонч ҳосил қилса, дарҳол келиб бизларга қўшилади. Чунки, Брут орқасида халқ мадад бўлиб турганига инонса, биз сиёсатчиларга осон бўлади. Биз ташкил қилган мактубларнинг “меваси” сифатида, у бизни бу кеча уйига таклиф этади. Шундай эмасми?

КАСКА. Фақат Брут ҳушёрлик қилаётгани йўқ, сен ҳам нимагадир унга барча режаларни очиқ айтмаяпсан.

КАССИЙ. Тўғри. Ўзи секин ҳаммасини тушуниб етсин, ўзи қарор беришини кутяпман. Аслида, у ҳам биз сингари жумҳуриятчи, лекин у Цезарь учун жонини ҳам беришга тайёр. Ҳозирча. Шунинг учун бу мактублар жуда муҳим. Айнан мана шу мактублар Брутни Цезарга бўлган хайрихоҳлигини йўққа чиқаради. Тушундингми, Каска?

КАСКА. Кассий, маълумки, мен ўз вазифамни аъло даражада бажар­япман. Бундан кейин ҳам зиммамга тушган барча вазифаларни шундай бажараман.(Мактубларни олади.) Фақат ёмғир тинсин, бўлмаса мактуб­лар ҳўл бўлиб, ўқиб бўлмас аҳволга келиб қолиши мумкин. Энг муҳими, бу хатларни уй боғчасига шундай жойлаштириш керак бўладики, токи Брут мактубларни халқ қолдириб кетганига ишонсин.

КАССИЙ. Ишимизни ҳар томонлама ўйлаб қилаётганинг жуда яхши.

КАСКА. Биз Брутнинг уйига бориш учун қачон ва қаерда учрашамиз?

КАССИЙ. Тўғри менинг уйимга келасан. Ташқарида кўришиш режамизга зиён келтириши мумкин. Биз уйда кўришиб, тунда, Рим кўчаларига сокинлик чўкканида Брутнинг уйига қараб йўл оламиз. Шундай қилсак, Брут барча мактубларни ўқиб улгуришига имконият яратиб берган бўламиз.

КАСКА. Тушунарли, Кассий. Фақат юрагимда қандайдир ҳадик бор. Ақлим жойида эмас.  Бироз қўрқув ҳам бордек.

КАССИЙ. Сени яхши тушуниб турибман. Рости, менда ҳам хавотир бор. Қўрқув инсонга хос туйғу. Бировнинг хаёлига ҳам келмайдиган ишларга киришмоқдамиз. Албатта, осон эмас. Цезардек одамни қатл қилишни режалаштириш ҳатто хаёлга ҳам келмайдиган иш. (Оғзидан чиққан сўзлардан ўзи ҳам қўрқиб кетади.) Тамом! Бошқа бу ҳақда гап­лашмайлик. Деворнинг ҳам қулоғи бор дейишади… Қани борақол, энди.

КАСКА. Бошладик,  Кассий.

Икки сенатор худди оғир жудоликка учрайдигандек бир-бирига қучоқ очиб хайрлашади. Каска мактуб тўла халтани олиб, аста ташқарига чиқади.

II

 

Брутнинг уйи

 

Брут ролини ижро этаётган актёр тайёргарлик кўрмоқда. Кийимларини тузата бошлайди. Стол тортмасидан бир маска олиб кияди. Бу маска театр дунёсига таниш бўлган кулги ва йиғи акс этган қиёфадир. Ойнага қараб маска ярашганидан хурсанд бўлади.

БРУТ (Томошабинларга). Мен бу спектаклда сенатор Брут ролини ўйнайман. Ташқарида афишани кўргандирсизлар. Аҳамият берган бўлсангиз, томошанинг номи айнан Брут сўзи билан бошланган. “Брут ёхуд Юлий Цезарнинг қотили”. Қисқаси, Брут – спектаклнинг бош қаҳрамони. Мен шу кунгача театрда фақат иккинчи даражали ролларни ўйнаб келганман. Брут роли мен учун шарафли ва масъулиятлидир. Шу образ менга катта имкониятлар эшигини очади ва мен бундан унумли фойдаланишим керак. Хаёлимга ҳар хил бўлмағур фикрлар келмоқда. Цезарнинг ибораси билан айтганда, “Сен ҳам Брутми?”. Хоинликка чорловчи Брут образи учун янгича талқин топа олармиканман? Брут жумҳуриятчи сенатор… Шунча эзмалик етар, ишга киришайлик. Томоша қилинглар. Сўнг ролим муваффақиятли чиқдими-йўқми, сизлар баҳо берасизлар. (Саҳнага Порция чиқиб келади. Порция Брут гапираётганда қотиб туради. Брут томошабинларга гапиради.) Бу аёл менинг хотиним Порция. Кассийнинг синглиси. Театримизга айнан мана шу роль учун таклиф этилди. Бу актриса ўзининг жозибаси ва “маҳорати” билан театримизда узоқ қолмаса керак. Тез орада бу спектаклдаги Порция ролини кўрган кино режиссёрлар ёки рекламачилар уни илиб кетишса ажабмас.

Саҳнадаги чироқлар ўзгариб, шамол ва момақалдироқ товуши остида тарихий саҳнага ўтилади. Ёмғир овози аста тина бошлайди. Порция ҳаракатсиз ҳолатдан жонланади ва Брутнинг орқасидан келиб қучоқлайди. Брут ўз хаёлларига чўмиб тургани учун бу кутилмаган ҳаракатдан чўчиб тушади.

БРУТ.  Оҳ!

ПОРЦИЯ. Римнинг энг келишган, навқирон сенатори. Менинг Брутим.

БРУТ. Қўрқитиб юбординг, Порция! Юрагим ёрилиб кетай, деди. Ёмғир ҳам тинди, кўчаларни тўлдириб оқаётган сувлар тўхтади. Қулоқ сол… Атроф жим-жит… Сукунат.

ПОРЦИЯ. Инсонни безовта қиладиган оқшом.

БРУТ. Тўғри, бугун бошқача бир кечани ўтказяпмиз.

ПОРЦИЯ. Кун бўйи сени ўйладим Брут. Сендай турмуш ўртоғим борлигидан хурсандман. Барчанинг ҳурматига сазовор, кўп китоб ўқийдиган, файласуф, бировни хафа қилмайдиган умр йўлдошим борлиги менинг бахтим. Мен жуда ҳам севадиган инсоннинг битта камчилиги шундаки, у мендан кўра Римни кўпроқ севади. (Кулишади.)

БРУТ. Сен ҳам худди шундайсан. Севги ва ҳурматга сазоворсан. Бошқаларга ўрнак бўладиган инсонсан. Ҳар қандай тадбирда ўзини қандай тутишни, муносиб кийинишни, фақат керакли сўзларни гапиришни яхши биласан. Яқин сафдошим, дўстим Кассийнинг синглиси бўлишинг ҳам муносабатларимизга ўзгача завқ бағишлайди. Хуллас, камчиликлардан йироқсан, гўзалим.

ПОРЦИЯ  (Кулади). Ҳар доим ҳам бундай “тарбияли” бўлиш қўлимдан келмаслигини яхши биласан.

БРУТ. Биламан… Чунки ўзимда ҳам камчилик йўқ эмас. Луций шу атрофдами?

ПОРЦИЯ. Луцийда нима ишинг бор?

БРУТ. Меҳмонлар келишини била туриб,  нега у уйда эмас? Сен кўрмадингми уни?

ПОРЦИЯ. Боғчада дарахтларнинг тагидаги нималарнидир йиғиш­тираётганди.

БРУТ. Мен унга эшикнинг олдида туриб келадиган икки дўстимни кутиб олишини айтгандим.

ПОРЦИЯ. Ким экан у икки дўстинг?

БРУТ. Иккиси ҳам сенатор. Аканг Кассий  билан Каска.

ПОРЦИЯ. Мен бир ойдан бери акам билан кўришганим йўқ… Лекин ­нимагадир мени эмас, сени кўргани келяпти? Сизлар сенатда кў­риш­ганларинг етмайдими? Энди уйни ҳам ишхонага айлан­тир­моқ­чимисан? Балким, бир нималарни режалаштираётгандирсизлар?

БРУТ. Боя айтдим-ку, жуда ҳаяжонли кеча бўлади, деб.

ПОРЦИЯ. Мени соғинмадингми?

БРУТ. Бу нима деганинг? Сени қанчалар севишимни биласан-ку.

ПОРЦИЯ.  Унда нега мендан ўзингни олиб қочяпсан?

БРУТ. Жуда муҳим ишимиз бор.

ПОРЦИЯ. Ҳар куни муҳим иш чиқади.

БРУТ.  Ҳаёт шундай, жоним…

ПОРЦИЯ. Қанақа муҳим иш экан мендан сир тутадиган?

БРУТ. Бундай саволлар билан мени безовта қилма.

ПОРЦИЯ. Бу нима деганинг? Мен сени хотинингман, ҳаммасини билишим шарт.

БРУТ. Бўлди, бу мавзуни тугатдик.

ПОРЦИЯ. Ёки… Хаёлингда бошқа аёл ҳам борми?

БРУТ. Нималар деяпсан?

ПОРЦИЯ. Ўзингни билмасликка олма. Саволимга жавоб бер. Ҳаётинг­да бошқа аёл борми?

БРУТ (Ўйланиб). Жоним, сендай чиройли ва жозибали бошқа аёл борми Римда? Гапирсанг-чи? Агар сендан гўзал аёл бўлганида, шундай савол беришга ҳаққинг бўларди.

ПОРЦИЯ (Бу гаплар унга ёқади. Мулойим бўлиб). Гапларингда жон бор. Бу фикрларинг менга ёқиб тушди. Брут, сен аёлларнинг ички дунёсини яхши биласан. Менинг ҳақиқий баҳомни ва қадримни билганинг учун ҳам айнан сени танлаганман.

БРУТ. Ундай бўлса бошқа бундай бўлмағур саволларни берма?

ПОРЦИЯ. Холам нуқул бир нарсани таъкидлардилар: “Эринг Брут сени жуда севади. Фақат шуни эсингдан чиқарма. Қўшнининг товуғи ҳар доим ғоз бўлиб кўринар экан…”

БРУТ. Бундай фикрлар билан узоққа боролмайсан, Порция.

ПОРЦИЯ. Атрофингга яхшилаб назар сол. Бегона аёлларга илакишиб юрмайдиган эркакни Римда топиш мушкул. Ҳеч бир эркакка ишониб бўлмайди, чунки хиёнат қилиш уларнинг… баъзи бирларининг қонига сингиб кетган.

Эшикдан хурсанд ҳолда Луций кириб келади. Қўлидаги патнисни секин ўртадаги столга қўймоқчи бўлади.

БРУТ. Нима, мева олиб келдингми?

ЛУЦИЙ. Ҳа афандим… Бу “мевалар” худди махсус белгиланган ерларга сочиб ташлангандай… Энг муҳими, шундай даҳшатли ёмғирда бир-иккитасини ҳисобга олмасак, бошқалари намланмабди ҳам. Буларни йиғиб олиш осон бўлмади. Агар тўғри санаган бўлсам, йигирма иккита экан. Сўнгги бир ҳафтада боғдан йиғиб олинган хатларни бир ерга йиғсак, катта китоб бўлиши мумкин.

Саватдаги хатларни ўртадаги столга ёйиб ташлайди ва чиқмоқчи бўлади. Уни бирдан Брут тўхтатади.

БРУТ. Тўхта!  Шошилма. Айтадиган гапим бор.

ЛУЦИЙ. Эшитаман.

БРУТ (Порцияга паст овозда). Мени ранжитма, Порция. Меҳмонларим кетганидан кейин, бу масалаларни гаплашиб оламиз. Учрашув узоқ давом этмайди.(Қулоқларига пичирлайди.)  Бу кеча сен хоҳлагандай бўлади.

ПОРЦИЯ. Яхши, севгилим. Келишингни кутаман. Яна битта гапим бор, фақат жаҳлинг чиқмасин. Баъзан сенсиз қолиб кетаман деб, хавотирга тушаман. Шунинг учун рашк қиламан. Агар сени йўқотсам, яшай олмайман, Брут.

БРУТ. Хавотир олма, ҳозирча ўлиш ниятим йўқ. Аммо… охир-оқибат ҳаммамиз  ўламиз.

ПОРЦИЯ. Хўп… Дўстларингни меҳмон қилиш учун керак бўламанми?

БРУТ. Йўқ, жоним. Бор-йўғи шароб ва мева тановул қиламиз. Бизга Луций ҳамроҳлик қилади.

ЛУЦИЙ. Ҳаммаси тайёр бўлди, афандим. Шароб йигирма йиллик, махсус жойда сақланган.  Меваларнинг энг сараси ҳозир узиб олиб келинди.

БРУТ. Ташаккур, Луций.

ПОРЦИЯ. Сизларга яхши кайфият тилайман, севгилим. Акамга саломларимни айт. Имконини топиб бизлар билан ҳам кўришсин. Давлат ишлари тугамайди.

БРУТ. Айтаман.

ПОРЦИЯ  (Чиқаркан Луцийга қараб). Мен ичкарида бўламан, агар бирор нарса керак бўлса, хабарим бўлсин, Луций.

ЛУЦИЙ. Хўп бўлади!

Порция чиқади. Брут патнисдан битта мактубни олиб Луцийга беради.

БРУТ. Қани мана буни ўқи-чи, Луций. Фақат шошилмасдан.

ЛУЦИЙ (Мактубни ўқийди). Ҳурматли сенаторим, Брут. Бу сатрларни, қалбимдан келган сўзларимни самимият ила ёзаяпман. Мени тушуниб, фикрларимни қўллаб-қувватлашингизга ишонаман. Чунки сиз ақлли, узоқни кўра оладиган инсонсиз. Халқимизнинг, айниқса, камбағал ва ўртаҳол оилаларни фаровон яшаши учун олиб бораётган ишларингизни яхши биламиз. Адолатли сенатор эканлигингизга шубҳа йўқ. Менинг кимлигимни билмоқчи бўлсангиз, мен оддий ҳунармандман. Сиз бизларни ҳар томонлама ҳимоянгизга олганингиз, муаммоларимизни ижобий ҳал қилишингизни эътироф этамиз. Барча ҳунармандлар сизни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирган ҳолда мактубимни тугатаман. Чексиз ҳурмат ва эҳтиром ила бир юртдошингиз.

БРУТ. Кейинги мактубни ўқишинг мумкин.

ЛУЦИЙ. Хўп бўлади, афандим. (Мактубни олиб ўқий бошлайди.) “Муҳтарам Марк Брут… Сатрларимни ўтмишдаги бир нохуш воқеани эслашдан бошлаганим учун узр сўрайман. Дунё гўзали онангиз ва ҳурматли отангиз тилларда достон бўлгулик бахтли яшаганини сиз ҳам яхши хотирлайсиз. Римда барчага намуна бўладиган оила эди… Токи… Цезарь жангдан навбатдаги ғалабаси билан қайтиб келгунича. Бу зафарни нишонлаш учун таклиф қилинган Римнинг энг ҳурматли инсонлари орасида отангиз ҳам бор эди. Бу зиёфат тонг отгунга қадар давом этди. Эрталабгача Цезарнинг зафарига офаринлар айтилиб, тўхтовсиз шароблар ичилди… Эрталаб отангиз уйга қайтиб келганида сиз онангиз билан бирга уни қаршиладингиз. Отангиз сархуш эди. Нуқул “Цезарь буюк одам… буюк аскар, у ҳаёт экан, ҳеч ким Римга ёмон кўз билан қарай олмайди…”, дерди. Кейин, сиз отангизни ётоғига олиб кириб қўйдингиз. Ўзингиз ҳам хонангизга кириб, дам олмоқчи бўлиб турганингизда, бирдан отангиз ётган хонадан онангизнинг қўрқинчли ҳайқириғи эшитилди. Бориб не кўз билан кўрингки, отангиз вафот этганди”. (Жим бўлади.)

БРУТ. Нима бўлди? Нега жим бўлиб қолдинг, Луций? Бу воқеани биламиз. Давом эт.

ЛУЦИЙ (Ўқишда давом этади). “Эртаси кун Цезарь уйингизга келиб, таъзия билдирди. Отангизнинг жанозаси энг юқори талабларда бажарилди. Аммо, Цезарь сизларникига келиб туришда давом этди. Орадан бироз вақт ўтиб, онангиз Цезарь билан бирга яшай бошлади. Бу гапларни ёзишга мажбурман, ҳурматли Брут. Қолаверса, бу воқеаларни сиз мендан ҳам яхши биласиз… Аммо, бу яқинлик, узоқ давом этмади. Раҳмсиз Цезарь онангизни ташлаб, бошқа маъшуқалари билан маишат қилишда давом этади”. (Мактубни ўқишдан тўхтайди.)

БРУТ. Луций, мактубни ўқиб тугат.

ЛУЦИЙ. “Муҳтарам сенаторим. Сизга яхши таниш бўлган бу ҳикояни яна бир марта хотирангизда янгилашга мажбур бўлганим учун узр сўрайман. Аммо сиз билмаган баъзи бир ҳолатларни билдирмоқчиман. Отангизнинг ўлими сабабини ҳакимлар “заҳарланиш”дан деган экан. Гўё емак заҳарланган эмиш. Сизга савол шуки, ҳурматли Брут, агар ҳақиқатан ҳам емак заҳарланган бўлса, нега бошқалар шу таомлардан тановул қилишса-да, заҳарланмадилар?! Цезарнинг чиройли аёлларга бўлган эҳтиросини сиз ҳам яхши биласиз. Қолаверса, Цезарь отангизнинг ўлимидан олдин ҳам онангизни ёқтиргани сир эмас. Шуни ҳам унутмангки, ҳурматли Брут, Цезарь ўз мақсадига эришиш учун ҳар томонлама ўйланган режа билан иш кўради. Мен бу ҳақиқатни билишингизни ва адолатли бўлишингизни хоҳлардим. Ҳурмат билан  римлик бир фуқаро. (Бир муддат сассиз қолишади.) Афандим, кейинги мактубни ўқишда давом этайми?

БРУТ. Қўявер… Ташаккур.  Мен ўзим қолганларини кўриб чиқаман.

Луций ташқарига чиқади. Брут ташвишланади. Саҳна чироқлари ўчиб-ёруғлашади. Саҳна воқеалари ҳозирги замонга ўтади. Брут актёр сифатида томошабинларга мурожаат қилади.

БРУТ. Бу нима дегани? Ўйлашга, фикрлашга мажбур қиладиган саволлар берилди. Худди Ҳамлет сингари файласуфларча фикрлашга тўғри келади. Дунёнинг энг буюк драматурги Шекспир “Юлий Цезарь”ни ёзаркан, бу воқеаларга эътибор бермаслиги мумкинмиди? Ёки бу воқеаларни ундан бир йил сўнг ёзилган “Ҳамлет” трагедияси учун асос қилиб сақлаб қўйдими?

Саҳна чироқлари ўчиб, яна ёришади ва тарихий спектакль воқеалари тўхтаган жойидан давом этади. Брут мактубларни ўқийди. Безовта бўлади. Ташқари эшиги очилиб, Луций кўринади. Брутнинг онаси Севилия кириб келади. 

СЕВИЛИЯ. Хайрли кеч, Луций.

ЛУЦИЙ. Хайрли кеч, хоним афандим.

СЕВИЛИЯ. Ўғлим уйдами?

ЛУЦИЙ. Ҳа, хоним афандим, марҳамат.

СЕВИЛИЯ. Йўқ. Ичкарига кириб келганимни айт. Агар банд бўлмаса, олдига кираман. Акс ҳолда,  Порциянинг ёнида кутиб тураман.

ЛУЦИЙ. Хўп бўлади. (Ичкарига киради). Афандим.

БРУТ  (Ўрнидан туради). Келишдими?

ЛУЦИЙ.. Йўқ, афандим. Онангиз Севилия хоним, келдилар.

БРУТ. Онамми?

ЛУЦИЙ. Агар банд бўлса, Порциянинг ёнида кутиб тураман, дедилар.

БРУТ (Луцийни кутмасдан, ўзи тезда эшикни очади). Келинг, онажон. (Онасини  ўпади). Хуш келдингиз.

СЕВИЛИЯ. Хайрли  оқшом, Брут.

ЛУЦИЙ. Хоним афанди бирон амрингиз борми?

СЕВИЛИЯ. Йўқ, ташаккур.

БРУТ. Меҳмонлар келишса, хабарини бергин.  Онажоним бегона эмас.

ЛУЦИЙ. Хўп бўлади, афандим. (Чиқади.)

СЕВИЛИЯ.  Меҳмонларинг кимлар, Брут?

БРУТ.  Икки сенатор.

СЕВИЛИЯ. Қизиқиб қолдим. Кимлар экан?

БРУТ.  Кассий ва Каска…

СЕВИЛИЯ. Ҳа, шу Кассий, қайинбиродаринг. Цезарь  уни ҳечам ёқтирмасди. Пасткаш ва ишончсиз дерди. Кассий Цезарга  ҳар доим ҳасад қилиб келган. Ҳатто Цезарга нафрат билан қарашини ҳам биламан. Аммо, Цезарь даҳо… Каска… Касканинг ҳам ҳукмдорликка иштиёқи баланд.

БРУТ. Кассий ақлли… Нима қилишини яхши билади, онажон.

СЕВИЛИЯ.  Сен ҳар вақт ҳақсан. Кеч бўлиб қолди. Қандай муҳим иш эканки, тунда келишаяпти…

БРУТ. Мана, сиз ҳам кеч бўлишига қарамай келибсиз.

СЕВИЛИЯ. Бу ер ўғлимнинг уйи… Хоҳлаган пайтда келишим мумкин. Шундай эмасми?

БРУТ. Шубҳангиз борми онажон?  Мен сизни бутунлай бизникида қолишингизни хоҳлаган эдим, лекин ўзингиз рад этдингиз.

СЕВИЛИЯ. Бир уйда икки буйруқ берувчи бўлмайди. Алоҳида яшаганимиз яхши. Нега тунда йиғилаяпсизлар, айтмадинг.

БРУТ. Эртага бўладиган сайлов хусусида келишиб олмоқчимиз. Қили­надиган ишларни белгилаб оламиз.

СЕВИЛИЯ. Тунда, махфий йиғилиш шартми?

БРУТ. Шарт бўлиб қолди, онажон. Ҳа, айтгандай, сизни шундай кучли ёмғир ёғаётганига қарамай, бу ерга келишингизга нима сабаб бўлди?

СЕВИЛИЯ.  Менинг бу ерга келишимга ҳеч қандай ҳаво қаршилик қила олмайди. Бир ҳафтадан бери ғалати тушлар кўраяпман. Отанг тушимда нуқул: “Брут огоҳ бўлсин! Хато ишларга киришмасин!”, деб асабийлашади. Брут, мендан ҳеч нарсани яширма. Цезарни севмаслигингни ва ҳатто, ундан нафратланишингни биламан, ўғлим. Сени тушунаман, ундан интиқомингни олмоқчисан. Мени ташлаб кетганига сабр қилолмайсан. Лекин, огоҳ бўл. Цезарни ҳеч ким менчалик билмайди. У жуда хавфли… Раҳмсиз…

БРУТ. Хотиржам бўлинг. Цезарь  менга ишонади. Аксинча, у мени ҳурмат қилади ва яхши кўради, деб билади. Нафақат Цезарь, балки бошқалар ҳам мени, садоқатли дўсти деб билади. Чунки мен ҳақиқатни – нафратимни ичимга кўмганман. Тушунтира олдими? (Мактублар орасидан отасининг ўлими ҳақидагисини танлаб олади.) Мана бу мактубни ўқинг.

СЕВИЛИЯ (мактубни ўқийди). Буни ким, нима ниятда ёзган бўлиши мумкин?

БРУТ.  Сиз нима деб ўйлайсиз?

СЕВИЛИЯ. Маълумки, буни ёзган кимса, сенинг Цезарга бўлган наф­ратингни яна ҳам кучайтиришни хоҳлаган. Очиқчасига, у сени гиж-гижламоқда. Брут, хабаринг бор, отанг ўлимидан олдин оғир касал эди. Бироз юрса нафаси бўғилиб, йўтал тутиб қоларди. Наҳот бу ҳолатларни хотирламасанг? Ўша фожиа юз берган куни, ортиғи билан шароб ичган экан. Шундан вафот этди. Унинг вафотида бировларни айблама. Мана бу мактубда ёзилган гапларда ҳақиқат йўқ. Сени ёлғонлар билан Цезарга қарши рақиб қилишларини қалбим сезганди.

БРУТ. Нега бунчалик ўзингизни ҳақ деб биласиз, она. Фол очишни машқ қиляпсизми?

СЕВИЛИЯ (актриса қиёфасига кириб, авансаҳнага ўтиб томошабинларга мурожаат қилади). Ёзувчилар – ажойиб инсонлар. Асарларидаги қаҳрамонларнинг характерлари феъл-атворини асосан ўзларидан, баъзи ҳолларда эса танишларидан келиб чиқиб ёзишади. Жужен ўғли ҳам менинг ролимни ўзининг бошидан ўтган воқеалардан келиб чиқиб ёзган бўлса керак. Бир пайтлар ёзувчимиз ишсиз, пулсиз эди. Бошқа шаҳарда ўқиётган қизига пул юбориб туриши керак эди. Кечаси билан ухлай олмай, эрталабгача ётоқда у ёқдан бу ёққа ағанаб чиқарди. Эрталаб бошқа шаҳарда яшайдиган онаси, унга пул юборибди. Телефондаги суҳбатда “Қаердан билдингиз пулсиз қолганимни, онажон?” деган саволига онаси шундай жавоб берибди: “Оналар ўғилларини ҳар замон ҳис қилишади”.

БРУТ (саҳнадаги тарихий воқеа давом этади). Она, сиздан сўрадим. Нега ўзингизни ҳақ деб биласиз?

СЕВИЛИЯ. Оналар ҳамиша ҳақ…

БРУТ. Хотиржам бўлинг… Бирон бир таҳликали ҳаракат қилмайман.

СЕВИЛИЯ. Брут… Цезарь жуда ҳам кучли. Уни қўллаб-қувватлайдиган легиони, аскарлари бор. У қаттиққўл, шафқатсиз… Маслаҳатим – Цезарь билан алоқаларингни бузма, аксинча, яна ҳам яхшилашга ҳаракат қил. Тушундингми?

БРУТ. Тушундим… Огоҳлантирганингиз учун ташаккур. Бу кеча шу ерда қоласизми?

СЕВИЛИЯ. Биласан-ку, мен фақат ўз ўрнимда ухлай оламан. Ўзи шу кунларда бироз чарчаганман, уйқусизман. Мен сени огоҳлантирдим. Энди кўнглим тўлди. Мен борай.

БРУТ. Порция билан кўришмайсизми?

СЕВИЛИЯ. Яна келарман. Порцияга саломларимни айтиб қўй. Хайрли кеч, ўғлим.

БРУТ. Яхши боринг.

СЕВИЛИЯ.  Айтганларимни унутма, ўғлим.

БРУТ. Унутмайман, она.

Севилия чиқади. Брут уни кузатиб қўяди. Кассий ва Каска кириб келади.

ЛУЦИЙ. Хуш келдингиз, афандим.

КАССИЙ. Хуш кўрдик.

КАСКА. Хуш кўрдик.

ЛУЦИЙ. Марҳамат, буюринг,  афандилар.

БРУТ. Хуш келдингиз, дўстларим.

КАССИЙ. Хуш кўрдик, дўстим.

КАСКА. Хуш кўрдик, Брут.

КАССИЙ. Бироз ушланиб қолдик. Кўчалар сокин бўлишини кутдик.

БРУТ.  Яхши қилдингиз. Марҳамат ўтиринглар. Отамдан мерос қолган, йигирма йиллик шаробим бор. Энг яқин дўстлар учун олиб қўйгандим. Сизларга насиб этибди.

КАСКА. Шароб айни муддао бўларди.

КАССИЙ. Асабларимиз жойига тушади.

БРУТ. Эсимдан чиқмасдан айтиб қўяй, Кассий. Порциянинг сизларга саломлари бор. Давлат ишларини бир четга қўйиб, зиёфат қилайлик, дейди.

КАССИЙ. Рост айтибди. Тезроқ ишимизни тугатиб, маишатни бошлайлик.

БРУТ. Жуда яхши. Ишимизни битириб, биратўла қутлаймиз. (Луцийга) Қани, маҳоратингни кўрсат.

ЛУЦИЙ. Амрингиздаман, афандим. (Чиқади.)

БРУТ. Гапни нимадан бошлашни билмай қолдим.

КАССИЙ. Шошиладиган жойимиз йўқ. Бироз шаробдан ичайлик, кейин гаплашаверамиз.

КАСКА. Ҳеч ким халақит бермайдиган хонага ўтсак.

КАССИЙ. Тўғри. Келишиб оладиган масала ўта махфий.

БРУТ. Ҳаммаси тайёр.

Луций қўлида катта паднисни кўтариб кириб келади. Олиб келган ичимлик ва егуликларни столнинг устига қўяди. Шаробнинг катта шишасини зўрға очади. Аввал ўзи синов учун шаробдан қуйиб секин ичади.

ЛУЦИЙ. Ёқимли иштаҳа…

БРУТ. Ташаккур, Луций.

Луций бошқаларга ҳам шаробдан қуйиб беради. Брутнинг ишораси билан уларга таъзим қилиб чиқади. Қолганлар шароб ичиб, маишатини бошлашади.

БРУТ.  Режаларимиз амалга ошиши учун ичамиз. (Ичишади.)

КАССИЙ. Бунчалар ажойиб шаробни илк бор ичяпман десам, муболаға бўлмайди, Брут.

КАСКА. Мен ҳам айни шу фикрдаман. Ҳақиқатан ҳам шаробнинг ажойиб мазаси бор экан.

БРУТ. Ош бўлсин, дўстлар.

КАСКА. Хоҳласангиз, яқинда гувоҳи бўлганим – бир воқеани гапириб бермоқчиман.

БРУТ.  Марҳамат, сенатор Каска.

КАСКА. Икки кун олдин бозор майдонидан ўтиб кетаётгандим. Биласизлар, ўша ерда битта каҳвахона бор. У ерда чамаси етти-саккиз киши, март ойи бўлишига қарамай, ташқарида қуёшда исиниб ўтиришарди. Мен ҳам секин келиб уларнинг ёнидаги столга жойлашдим. Хоҳламасдан уларнинг қизғин суҳбатларига гувоҳ бўлдим. Сиз ҳақингизда гапиришаётганди, ҳурматли дўстим. “Брут мукаммал бир инсон” дейишаётганди. Улар мени сезишмади. Мен уларни биринчи марта кўришим, нотаниш инсонлар эди.

БРУТ. Ташаккур дўстим. Бундай гапларни эшитиш, албатта, кувонч бахш этади. Жуда кўп инсонлардан мактублар ҳам оляпман. Сўнгги ҳафтада келган мактубларнинг сони икки юзтадан кўпроқ. Бугуннинг ўзида йигирма иккита мактуб олдим. Агар адашмасам…

Каска билан Кассий ўзаро сирли қараб қўяди.

КАССИЙ. Брут, сени халқимиз жуда яхши кўришини биламан. Сен билан ҳаммамиз ғурурланамиз.

БРУТ. Қизиқ, бугун боғимизга ташлаб кетилган мактублар кимлардан экан? Шунчалик мақтовларга йўғрилган сатрларнинг муаллифлари кимлар бўлиши мумкин? Имзо? Бир ватандош… Римлик бир фуқаро. Яна имзо… савдогар… халқдан бири… дўкончи… Аҳамият бердингизми, биронта ҳам исм йўқ. Бу ғалати эмасми? Сизларни бу исмсизлик шубҳалантирмайдими, дўстлар?

КАССИЙ (Хавотирга тушиб). Тушунмадим.

БРУТ. Тушунмайдиган бирон нарса йўқ. Бу дегани оммани, халқни жиддий олмаслик керак. Агар мақтовларни ёзиб, ўз номини ёзмаган бўлса, билингки, демак, қандайдир қўрқув бор. Бу омма, Рим халқи, уларни ким бошқарса, ўшанга тобе бўлишга мойил. Ёки шундай кўринишни хоҳлашади. Бу ҳолат, сизнингча ғалати эмасми? Энг ёмони, бу инсонлар, агар фойдасини кўришса, ҳақсизликка, адолатсизликка ҳам кўз юмишади.

КАССИЙ.  Яъни,  бирон ноқонуний иш юз берса, суриштирув  талаб қилинмайди, шундайми?

БРУТ. Шундай! Ахир ўз ишларидан, яшаш тарзидан, ҳузур-ҳаловатидан ажралишни ҳеч ким хоҳламайди.

КАСКА. Яъни айтмоқчисизки, оломон юқоридагилар нима деса, шунга бўйсунади, шундайми?

БРУТ. Йўқ, унчалик эмас. Баъзан, халқ қўзғалса, уни тўхтатиб бўл­майди. Уларга уч танга берилишини айтсангиз, ҳар қандай тўполонга қодир бўлади. Омма деганимиз, яъни, фуқароларни яхши яшаши учун барча муаммо ва тўсиқлар ҳал этилишига ишонтирилса бўлди, улар ҳар қандай қўзғалонга тайёр бўлади. Уларнинг тушунчалари, фалсафаси жуда оддий – қўлларидаги бир қуш, дарахтдаги икки қушдан кўра яхши. Яъни, оч қорним – тинч қулоғим. Бир сўз билан айтганда, бу хатдаги мақтовлар мени заррача қизиқтирмайди.

КАССИЙ. Лекин фуқаролар орасида Римнинг ҳақиқий жонкуярлари бор. Унинг истиқболи учун ҳар қандай мужодалага, тўқнашувга киришга, ҳатто қурбон бўлишга ҳам тайёрлари бор. Ёки мен хато сўзлаяпманми?

БРУТ. Албатта, ҳақиқий ватанпарварлар топилади. Лекин улар жуда камчиликни ташкил этади. Шунга қарамай, шу “озчилик” ўз ҳаракатлари билан ғолиб чиқса, “кўпчилик” уларни тан олиб, қўллаб-қувватлайди… Келинглар, биз ўз ишимизни ҳал этайлик. Эртага биз ва Рим учун муҳим кун бўлади. Сайловда Цезарь мағлуб бўлади. Биз жумҳуриятчилар нима қилишимизни аниқ белгилаб олишимиз керак. Кассий бу борада қилинадиган ишлар бўйича аниқ бир режамиз борми?

КАССИЙ. Ҳа, бор!

БРУТ.  Нега менинг бундан хабарим йўқ?

КАССИЙ. Брут дўстим, ҳозир ҳаммасини яна бир марта келишиб оламиз. Цезарни сенга бўлган ҳурмати бошқаларни бироз шошилтириб қўйди. Лекин ҳаммамиз сен биз томонда бўлишингни хоҳлаймиз.

БРУТ. Ҳаммамиз деганинг кимлар?

КАССИЙ. Олтмиш уч сенатор – жумҳуриятчи биродарларимиз. Яна битта биз билан ҳамфикр сенатор бор. Фақат у қариб қолган ва бироз хас­та. У ҳам охиригача ёнимизда туришини билдирди.

БРУТ. Бу жуда яхши хабар. Қандай қилиб улар бу ишга рози бўлишди?

КАССИЙ. Брут, сенинг хабаринг бор, сенат ҳайъати Цезарга тақдим этилган мартаба ва унвонни бериш учун Вена яқинидаги лагерга сафар уюштиришган эди. Ўшанда Цезарь қандай йўл тутганди? Юксак мақомдаги сенаторлар ҳайъатини ҳурматсизларча ўтирган ўрнида қарши олди. Бу ҳолат барча сенаторларни ғазабга келтирди. “Цезарь ҳозирдан кибрга берилиб, шундай ҳурматсизлик қилса, сайловларда ғолиб чиққандан кейин ўзини қандай тутади?”, деб хавотирга тушишди. Шундан сўнг сенаторлар сайловда Цезарга қарши овоз берадиган бўлди.

БРУТ. Лекин бу етарли эмас. Цезарь ҳокимиятни осонликча бериб қўймайди.

КАССИЙ. Тўғри, бу етарли эмас. Асл ниятимизни сен режамизга қўшилишга рози бўлганингдан кейин айтамиз.

БРУТ  (Кулимсираб). Хўш… Мен рози бўлдимми?

КАССИЙ. Биз шуни билиш учун келдик. Хўш, биз билан бирга бўлишга розимисан, Брут?

БРУТ.  Агар биз бугун, шу ерда бир қарорга келсак, юқорида айтилган барча сенаторлар бизга қўшиладими?

КАССИЙ.  Шубҳасиз!

БРУТ (Чироқлар ўчиб-ёнади. Брут актёрга айланиб, томошабинларга мурожаат қилади). Қайинбиродарим бўлишига қарамай, менга охиригача ишонмаяпти. Агар бу ишда бирон бир хато кетса, яна мени айбдор қилишдан тоймайди. Лекин, мен бу вазиятдан унумли фойдаланишим керак. (Чироқлар яна ўзгариб, актёр Брутга айланади.) Очиқ гаплашайлик. Аввало шуни эътироф этишимиз керакки, Цезарь – буюк инсон. Қаҳрамон!Ўзига ишонган жасур қўмондон. Яна бир қатор ютуқлари бор. Лекин унинг камчиликлари, заиф томонлари ҳам мавжуд. Кибри, ўзига ўта юқори баҳо бериши, аёлларга бўлган хушомади унга зиён келтириши мумкин. Аммо, бу нуқсонлари у билан курашиш учун етарли эмас. Қисқа қилиб айтганда, уни жиддий айблаш учун бизда ҳеч қандай асос йўқ.

КАССИЙ (Брутнинг бу сўзларидан Кассий умидсизликка тушиб қолади). Ундай бўлса, энди нима қиламиз? Қандай қилиб ҳақ эканлигимизни исбот қиламиз?!

БРУТ. Дўстлар, яхшилаб ўйлаб кўрайлик. Агар, бордию эртага сайловларда Цезарь ғолиб чиқса, нима бўлади? У фақат ғолиб бўлиб тахтга ўтирмайди!

КАССИЙ. Тушунмадим?

БРУТ. Тахтга ўтирди дегани, унинг оғзидан чиққан ҳар қандай фикр қонунга айланади, ҳар қандай хоҳиши амалга ошади, дегани. Бошқача айтганда, у диктаторга айланади. Мутлақ ҳокимият ҳар қандай мулойим, раҳмдил инсонни ҳам золимга айлантиради. Катта кучга эга бўлади. Бу сиёсий жараёндаги энг катта хавф – Цезарь умрининг охиригача иқтидорда, ҳокимиятда қолади… Шундайми?

КАССИЙ. Биз ҳам шундай фикрдамиз, Брут.

КАСКА. Энг хавфлиси, Рим халқи аста-секин унинг талабларига кўникиб, Цезарнинг буйруқларни ҳеч қандай қаршиликсиз бажаришга киришади. Бу Рим Республикасининг тугаши демакдир.

БРУТ.  Ҳа… Мен Цезарни яхши кўраман дўстлар, лекин Римни ундан кўпроқ яхши кўраман!

КАССИЙ. Яъни?!

БРУТ. Яъни, бошқа йўл йўқ. Мен битта одамнинг оғзидан чиққан буйруқларга бўйсуниб яшолмайман. Рим кўпчиликнинг фикри билан бошқарилиши керак. Бу Республиканинг асосий ва бош қонуни.

КАССИЙ. Мен ҳам шу фикрдаман!

КАСКА. Хўш, агар ҳаммамиз бир фикрда эканмиз, нима қарорга келамиз?

БРУТ. Цезарнинг диктатор бўлишига, якка ҳокимликка қарши кураш­моғимиз лозим.

КАССИЙ. Эртага сенатда бўлиб ўтадиган сайловда қарши чиқа оламизми? Бу мумкинми, Брут?

КАСКА. Албатта, бу мумкин эмас. Унинг тарафдорлари кўп. Сенаторларнинг кўп қисми унга яхши кўриниб, ўзларининг муаммоларини ҳал қилиш ниятида Цезарга овоз беришади.

КАССИЙ.  Нима қилишимиз керак, Брут?

БРУТ (Бироз ўйланиб). Ўлдирилиши керак! Ҳа, Цезарь  ўлдирилади!

КАССИЙ. Бу фикр ҳозиргача ҳеч ерда очиқ айтилмаган эди, лекин кўплаб жумҳуриятчи сенаторларнинг хаёлларида айланиб юрганди. Бу жуда тўғри фикр. Биз ҳаммамиз сен билан биргамиз! Режа қачон амалга оширилади?

БРУТ. Шу ондан эртанги сайловгача бўлган вақт ичида ўлдирилиши керак. Чунки сайловгача бу ишни амалга оширмасак, у тахтга ўтирганидан кейин, унга яқинлашишнинг имкони бўлмайди.

КАССИЙ.  Бу қандай юз беради, Брут?

БРУТ.  Бундай вазиятларда энг мақбул, синалган йўл – бу заҳарлаш! Лекин бунинг учун на вақтимиз етарли, на имкониятимиз бор. Олдимизда ягона йўл қолмоқда – ханжар ила суиқасд.

КАСКА.  Ким бу ишни бажариши мумкин?!

БРУТ. Бундай жиддий ва масъулиятли ишни бир кишининг зиммасига юклаб бўлмайди. Цезарнинг моҳир жангчи эканини унутманглар. Қолаверса, ёнида қўриқчилари ҳам бор. Хавотир олма, бу ишни сенга топширмаймиз.

КАССИЙ. Кўпчилик бўлиб ҳужум қиламизми?

БРУТ. Ҳа, тўда бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Бир ханжардан қутилиб қолса, бошқаси ўз ишини қилиши керак. Бу жараёнда, ўша кекса сенатордан бошқа ҳамма иштирок этсин. Жумҳурият, ҳурликка фақат ханжар, қурол билан эришиш мумкин.

КАССИЙ. Бу режани қаерда амалга оширамиз?

КАСКА.  Ва қачон?

БРУТ.  Ҳаммага маълум, тонгда Цезарь одатига кўра, очиқ ҳавода айланишга чиқади. Мана шу сайр вақти режамизни амалга ошириш учун энг қулай пайтдир. Энг асосий масала суиқасдда иштирок этувчиларнинг бир жойга яшириниб, пайт пойлашидан иборат. Бу ишни бошқариш сенинг зиммангда, Каска.

КАСКА. Бу ердан чиқишим билан ҳаммани огоҳлантираман. Хотиржам бўлинг. Ҳар бирининг қўйнида ханжари тайёр турган бўлади.

КАССИЙ. Брут, баъзи биродарларимиз эрталабки сайрда иштирок этишади. Мен ҳам баъзан иштирок этаман. Бу сафар тонг отишидан аввалроқ боққа кираверишда кўришамиз.

КАСКА.  Бизникиларнинг ҳаммаси келишилган ерда тўпланади.

БРУТ. Жуда яхши. Цезарь келишидан олдин бизникилар белгиланган жойда тайёр бўлиб туришсин. Маълумки, Цезарь қўриқчилардан олдинда боради. Бурилишда, ёнимиздан ўтиши билан ҳаммамиз бирданига ҳамла қиламиз. Икки дақиқада ҳаммаси тугайди…

КАССИЙ. Жуда яхши ўйланибди. Табриклайман.

КАСКА.  Шундай қилиб диктатордан қутиламиз.

БРУТ.  Қўшимча фикрингиз борми?

КАССИЙ.  Йўқ.  Ҳаммаси яхши ўйланган.

КАСКА. Биз эмас, энди ханжарларимиз гапирсин.

БРУТ.  Ундай бўлса, энди режани амалга оширишга киришамиз.

КАССИЙ. Тўғри. Бугун ухлаш йўқ. Бироздан кейин тонг ота бошлайди.

КАСКА.  Менинг ҳали  қиладиган ишларим кўп.

Кассий ва Каска хайрлашиб чиқишади. Брут шароб ва идишларни олиб, Порциянинг хонасига ўтади.

ПОРЦИЯ  (Қўлига шароб тўла идишни олиб). Брут сенинг борлигинг учун.

БРУТ.  Режаларимиз амалга ошиши учун.

Улар қадаҳларини кўтаради. Саҳна қоронғилашади.

 

III

 

Рим. Сайр хиёбони

 

Тонг отмоқда. Атрофда сокинлик. Брут томошабинлар орасидан секин саҳна томон келади. Юзида маска бор. Хиёбоннинг бир четидан Касканинг боши кўринади. Каска Брутнинг келганини кўриб, ҳаракатга тушади. Яширинган сенаторларга нималарнидир уқтириб, аста Брутга яқинлашади.

БРУТ. Хайрли тонг, Каска.

КАСКА. Хайрли тонг, Брут.

БРУТ. Аҳволлар қалай?

КАСКА. Бизникилар келишилган жойда кутяптилар.

БРУТ. Ҳамма келдими?

КАСКА. Ҳа. Фақат кекса сенатордан ташқари барча шу ерда.

БРУТ. Кассий қаерда?

КАСКА. Сенаторлар билан бирга. Уларни хотиржам қилиб, тўқнашувга тайёрламоқда. Бу сенаторларнинг орасида фақат иккитаси жанг майдонида иштирок этган, холос. Қолганлари ханжарни ишлатишни ҳам яхши билмайди.

Қуёш кўрина бошлайди. Брут Каска билан суҳбатини давом эттириб, Цезарнинг келиш йўлини кузатади.

БРУТ. Цезарь яқинлашмоқда. Уни кўришинг билан ўз жойингни эгалла. Мен уни шу ерда қаршилаб, секин сизлар томонга бошлаб бораман. Тайёр бўлиб туринглар, бирданига ташланасизлар. Бирон бир хато бўлмаслиги керак.

КАСКА. Кўп яша, Брут. Сен бор жойда ҳаммаси яхши бўлади.

БРУТ. Ташаккур, Каска. (Бирдан Цезарни кўриб қолади.) Ана, у келмоқда, ўз оёқлари билан ўлимига қараб келмоқда. Бошида тожи… Ишонч ва ғурур ила одим ташламоқда. Бироздан сўнг бу қиёфадан асар ҳам қолмайди. Бу тожни кўтариб турган бош ҳам танасидан жудо бўлади.

Узоқдан Цезарнинг келишини кузатиб турган Каска, унинг атрофида бирга келаётган кишиларнинг ҳаракатларидан ғашланади.

КАСКА.  Эрталабдан нима ҳақида гаплашишяпти булар?

БРУТ. Халқнинг талаблари тугамайди. Бири боласини қамоқдан чиқаришни сўраса, бошқаси сургундаги эрини қайтиб келишига изн берилиши учун ёлворади. Балки биронтаси иш топиш дардидадир. Яқинлашганда ўз жойингга бориб, бошқалар билан тайёр бўлиб тур. Мен Цезарни сизларнинг пистирмангизга бошлаб бораман.

Цезарь ва ёнидагилар яқинлашиб келаркан, бирданига чақмоқ ургандай Цезарь ўзини ерга ташлаб, типирчилай кетади.

БРУТ. Эй воҳ! Тутқаноғи тутиб қолди.

КАСКА. Энди нима қиламиз?!

Цезарнинг ёнидагилар шошиб қолиб, унга ёрдам беришга ҳаракат қилишади. Цезарни титроқ босиб, оғзидан кўпик кела бошлайди. Қўриқчилар уни маҳкам тутишга уринади.

БРУТ (Каскага).Тангрингга дуо қил, шу кетишда қайтиб келмасин. Қўлимиз ҳам қонга бўялмасди.

КАСКА. Цезарнинг оғзидан кўпик келиб, ерда типирчилаб ётишини ҳеч кўрмаган эканман.

БРУТ.  Бу ҳолат бироздан кейин ўтиб кетади. Кутишдан бошқа чора йўқ.

КАСКА.Чўзиб ўтирмасдан, пистирмадагиларни чақириб, шу ернинг ўзида Цезарни бўғизлаб қўя қолсак-чи?

БРУТ. Ақлинг жойидами? Бу оломон ичида Цезарни севадиганлар, фидойилар бор. Буларнинг кўз ўнгида ўлдира олмаймиз. Тарихда қотил бўлиб қоламиз. Ақлингни йиғиб ол, Каска. Мен ҳозир унинг ёнига бораман. Унга ёрдам бергандай бўламан. Ўзига келганда қайғурганимни, унга ёрдам берганимни кўради. Ҳозир биз хоҳлагандай бўлмайди. У одатдагидай уйга бориб дам олиши керак бўлади.

КАСКА. Яъни?

БРУТ. Бориб одамларимизга тушунтир, тарқалишсин. Лекин биздан кейинги хабарларни кутишсин.

КАСКА.  Вақт жуда кам қолди. Тушдан кейин сенатда сайлов бошланади. Нима қиламиз?

БРУТ. Ҳеч умидсизланма. Нима бўлганда ҳам бу иш сайловгача битади. Бор Кассийга етказ, бироздан кейин Римнинг энг катта хиёбонда кўришамиз. Бехосдан кўришиб қолгандай бўламиз. Ўша ерда нима қилишимизни келишиб оламиз. Тушунарлими?

КАСКА.  Тушунарли, Брут. Кўришгунча…

БРУТ.  Кўришгунча…

Каска сенаторлар яшириниб турган томонга қайтади. Брут эса Цезарь томонга шошиб кетади. Цезарга ёрдамлашади. Цезарь ўзига келиб, тожини қидиради. Уни топиб бошига кияди.

БРУТ.  Шифосини берсин, улуғ Цезарь.

ЦЕЗАРЬ. Ташаккур, дўстим Брут. Душманлар севинмасин, дўстлар қайғурмасин, менга ҳеч нарса бўлгани йўқ.  Яхшиман.

БРУТ.  Шубҳасиз. Фақат уйга бориб бироз дам олишингиз керак. Тушдан кейин қиладиган анча ишларимиз бор.

ЦЕЗАРЬ. Тўғри уйга боришим керак. Фақат дам олиш учун эмас, балки сайловдан сўнг гапириладиган ғолиблик нутқини ёзиш учун.

Саҳнага қоронғилик тушади.

 

IV

 

Рим. Катта боғ

 

Кассий ва Каска қарама-қарши томонлардан келиб, боғ дарвозаси орқасида кўришадилар. Бироздан кейин бу ерга Брут ҳам етиб келади.

БРУТ. Кутиб қолмадингизми?

КАССИЙ. Йўқ.

КАСКА. Биз ҳам энди келдик.

КАССИЙ. Шу томонга юрамизми?

БРУТ. Керак эмас. Ортиқча эътиборни тортмайлик. Шу ерда гаплашайлик. Ишимизнинг охирига келдик.  Чўзиб ўтирмай, эндиги ишларни тезроқ келишиб олайлик.

КАСКА. Хўш…  Нима қилишимиз керак?

БРУТ. Аввал бўлиб ўтган воқеалар билан сизларни таништирай. Цезарни уйигача кузатиб қўйдим. Мен, ҳар вақт унинг ёнида эканлигимни айтдим. Унинг менга бўлган ишончи яна ҳам ортди. “Мен ҳар доим сенга ишониб келганман…” деди. Хайрлашар эканмиз, у мени ичкарига даъват этди. Мен “Тушликкача сизни олдингизга келаман ва биргаликда сенатга борамиз”, дедим. У ҳам рози бўлди. “Агар бирга сенатга кириб келсак, мухолифатдаги сенаторлар ҳам  кимга овоз беришни яхшилаб ўйлаб кўришга мажбур бўлади”, дедим. У эса “Жуда ақллисан”, деди. Тушуняпсизларми?

КАССИЙ. Жуда яхши бўлибди.

КАСКА.  Сизга қойил, Брут.

БРУТ. Энди гапларимга диққат билан қулоқ солинглар.

КАССИЙ. Марҳамат. Айтаверинг.

БРУТ. Мен  ҳозир айтганимдай, Цезарни уйидан олиб, Сенатга бирга бораман. Йўлимиздаги Помпей театрига етиб келганимизда, омма ичидан бир киши  келиб Цезарга хат узатади.

КАСКА. Хатда нима ёзилган бўлади?

БРУТ.  Гўё, фуқаролардан бири ўз муаммосини ҳал этиш учун мурожаат қилган бўлади. Аслида хатнинг матни муҳим эмас. (Ёнидан бир хатни олиб  Каскага узатади.) Мана бу хатни яхшилаб сақлаб қўй. Бирон бир ишонарли одам топиб, Цезарь театрнинг олдига келганда, унга беришини уқтир. Тушундингми?

КАСКА. Цезарь  хатни олмаса-чи?

БРУТ. Ундай бўлса, хатни мен оламан. Цезарга театрга кириб, актёрлар билан кўришишни таклиф этаман. Цезарь театрчилар билан яхши алоқада бўлиши кераклигини билади. Уларни ўзига қарши бўлиб қолишини ҳечам хоҳламайди. Сен эса олдингидай, барча жумҳуриятчи сенаторларни театр биносининг ичида ҳамла қилишга тайёр қилиб қўясан.  Цезарь ичкарига кириши билан ҳамма унга ташланади. Шу билан ҳаммаси ниҳоясига етади.

КАСКА. Яхши. Лекин театрга кирмаса-чи?

БРУТ. Киради. Ҳозир айтдим-ку, актёрлар билан муносабати ёмонлашишини хоҳламайди. Сен менинг айтганларимни қил. Фақат шуни эслаб қол – мени театрнинг олдида кўришинг билан, “ҳаммаси жойида” деган маънода ўнг қўлингни кўтариб қўй. Мен ҳам сенга жавобан қўлимни кўтараман. Кейин кўздан ғойиб  бўласан. Тушунарлими?

КАСКА. Қандай қилиб кўздан ғойиб бўламан?

БРУТ. Ичкарига кириб кетасан.  Буни нимасини тушунмадинг?

КАСКА. Тушундим, Брут.

КАССИЙ. Цезарнинг ёнида ҳар доим қўриқчи аскар бўлади.

БРУТ. Агар аскар ичкарига киришга ошиқса, у ҳам ўз интиҳосини топади.

КАССИЙ. Лекин аскарлар жуда кучли.

КАСКА. Ундай бўлса, аввал қўмондон бўлган сенаторга аскарлар билан шуғулланишни топширамиз.

БРУТ. Яхши, Кассий сен ичкарида туриб бу ишларни бошқарасан.

КАССИЙ. Кўнглингиз тўқ бўлсин. Демак, мен ҳам олдиндан театрнинг ичига жойлашиб оламан.

БРУТ. Ҳаммаси тушунарлими? Саволлар борми?

КАСКА. Мен ҳаммасини тушундим.

КАССИЙ. Бўлмаса мен сенаторларни бу мудҳиш жараёнга тайёрлай. Бироқ, мени қийнаётган бир масала бор. Агар, борди-ю, ишлар биз ўйлаганчалик кетмай, Цезарь тирик қолса, унда нима бўлади, Брут?

БРУТ. Нима халақит бериши мумкин?

КАССИЙ. Борди-ю, уйдан чиқмаса-чи?

БРУТ. Чиқиши аниқ. Бундай фурсатни қўлдан чиқармайди. Ҳозир у сенатдаги нутқини ёзмоқда.

КАСКА. Бошқа йўлдан кетса-чи?

БРУТ. Мен ҳаммасини ўйлаб қўйганман. Ҳар қандай шароитда ҳам у бугун қатл қилинади.

КАСКА. Мен бунга ишонаман.

КАССИЙ. Мен ҳам.

БРУТ. Омадимизни берсин. Қани бошладик.

Бир-бирларига қўл ташлашиб, тарқалишади. Саҳна  қоронғилашади.

 

 

V

 

Юлий Цезарнинг уйи

 

Цезарь стол устида нутқ ёзиш билан овора. Кальпурния сассиз кириб келиб, унинг ёнига ўтиради. Цезарнинг ёзишини бироз кузатиб эҳтиёткорлик билан уни суҳбатга тортади.

КАЛЬПУРНИЯ. Безовта қилмаяпманми, Цезарь?

ЦЕЗАРЬ. Йўқ, Кальпурния… ишларимни тугатдим.

КАЛЬПУРНИЯ. Балки кўнглингиз ичимлик истар.

ЦЕЗАРЬ. Йўқ. Ташаккур… Брут келганда ичармиз.

КАЛЬПУРНИЯ. Яхши. Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз, мени Цезарим?

ЦЕЗАРЬ. Қандай бўлсин? Мендан бахтли инсон бу дунёда топилмаса керак. Бугун қирол бўлишим эълон қилинади. Яна менга нима керак. Бугун бу хабардан дўстларим хурсанд, душманларим эса хафа бўлишади. Мана бу қоғозда эртадан қандай муҳим ишларни амалга оширим керак­лиги режасини тузиб чиқдим. Илк қиладиган ишим, менга содиқ инсонларни мукофотлаш. Биринчи бўлиб дунёга келишимга сабабчи бўлган ҳакимни мукофотлайман.

КАЛЬПУРНИЯ. Жуда яхши ўйлабсиз, Цезарим. Мен шундай буюк турмуш ўртоғим борлигидан фахрланаман.

ЦЕЗАРЬ. Айтганимдай, мукофотлаш борасида бағрим кенг, лекин душманларни жазолашни ҳам яхши биламан. Галани яксон этдим. Ғалабамиз учун зиёфат бошланганида бирдан қўшиқ янгради. Бу қўшиқни айтаётган аскарлар – “Цезарь Галани забт этди, лекин ўзи Никомедга мағлуб бўлди…” деб такрорлашарди. Мени ҳақорат қилган бу кимсаларни кечира олмайман. Нега жимсан, Кальпурния?

КАЛЬПУРНИЯ. Нима тўғрилигини ўзингиз биласиз, менинг Цезарим.

ЦЕЗАРЬ. Ҳаётимда жуда кўп қийинчиликларга учрадим. Инсонларнинг фарқига бораман.

КАЛЬПУРНИЯ. Айнан мана шу қийинчиликларни енгиб, шундай мартабага эришганингиз учун ҳам халқимиз ва мен сиз билан  фахрланаман.

ЦЕЗАРЬ. Бир пайтлар адвокат бўлиб хизмат қилган чоғларимда мени ўзларининг фойдасига ишлатмоқчи бўлишарди. Лекин мен ҳар доим ҳақиқат, адолат ва қонун талабларидан ташқарига чиқмадим. Ҳозир ҳам айнан шундай, қонун нима деса, шуни бажариш тарафдориман.

Эшикдан ичкарига Брут кириб келади.

БРУТ. Айбга буюрмайсиз Цезарь, рухсатсиз ичкарига кириб келганим учун.

ЦЕЗАРЬ. Брут сен учун рухсат шарт эмас. Дўстим учун эшикларим ҳар доим очиқ.

КАЛЬПУРНИЯ. Сизга ҳам чой олиб келай.

БРУТ. Ташаккур, хоним афанди. Вақтни ўтказмай чиқишимиз керак. Сайлов бошланишидан олдин сенатга етиб боришимиз керак бўлади. Бу жуда ҳам муҳим. Цезарим, агар дам олган бўлсангиз ижозатингиз билан йўлга чиқишимиз кераклигини эслатмоқчи эдим.

ЦЕЗАРЬ. Мен ижод қиларканман, дам оламан, Брут. Сенатдаги нутқимни тайёрладим.

БРУТ. Эҳтимол, яна бироз дам оларсиз? Бугун ишимиз кўп бўлади.

КАЛЬПУРНИЯ. Сиз ҳам борасизми, Цезарим?

ЦЕЗАРЬ.  Менсиз сенат йиғилиши бўлиши мумкин эмас. Бу кунни анчадан бери кутаман. Бугун мен учун байрам. Ахир шунчалар шижоат билан ёзган нутқимни Брутга бериб қўймайман-ку, Кальпурния? Бугун мен ва Рим учун жуда муҳим кун. Бу тарихий кунни борлигича ҳис этишни хоҳлайман. Шундай эмасми, дўстим Брут?

БРУТ. Шубҳасиз шундай, буюк Цезарь! Ҳаммаси сиз хоҳлаганингиздай бўлади, афандим!

ЦЕЗАРЬ (Сенатга боришга тайёрланади). Эшитишимга қараганда, жумҳуриятчи сенаторлар ҳарбий лагеримда уларни ўрнимда ўтириб қарши олганимдан норози бўлиб, менга қарши овоз бермоқчи эмишлар. Шу гаплар ростми, Брут?

БРУТ.  Шунга ўхшаган гаплар менинг ҳам қулоғимга етиб келди.

ЦЕЗАРЬ. Мен жумҳуриятчиларни тик туриб қарши  олмаганимнинг сабаби оёқларимда оғриқ борлиги ва бундан қаттиқ афсусда эканлигимни етказишларини сўраган эдим. Ёки уларга менинг узрим етиб бормадими, Брут?

БРУТ. Етиб борди, афандим. Лекин бир-иккита қайсар жумҳуриятчилар учрашувдан кейин сизнинг ҳеч нарса бўлмагандай, бемалол туриб уйга кетганингизни гапиришаётганди.

ЦЕЗАР. Ўша сенаторларнинг исмларини менга айта оласанми, Брут?! Уларни ҳам мукофотламоқчиман.

БРУТ.  Бу ҳолга жиддий қарамаганингиз маъқул, буюк Цезарь. Зотан, улар ҳам айтганларидан пушаймонлар.

КАЛЬПУРНИЯ. Сенатга бормоқчимисиз, Цезарим. Бугун ташқарига чиқмасангиз яхши бўларди.

ЦЕЗАРЬ. Нега энди?!

БРУТ. Кўнглим нотинч, яхшиси бугун ташқарига чиқмаганингиз маъқул. Чунки фол очганимда, Цезарь учун бугун – 15 март куни ташқарида хавф борлигига ишоратлар кўрдим…

ЦЕЗАРЬ. Тўғри бугун эрталаб мен учун хавфли бўлди. Кутилмаганда тутқаноғим тутиб қолди. Ҳаммаси ўтиб кетди. Мана кўряпсан, касалимдан асар ҳам қолмади. Энди сенатга бориб мен учун бахтли кунни яшамоқчиман. Сени тушуниб турибман. Менга суиқасд қилишларидан қўрқяпсан. Бунга ўхшаган гаплар менга ҳам етиб келди. Лекин бу асоссиз гаплар сенаторлар ва менинг орамга низо солиш учун қилинган. Ҳатто бу мунофиқларнинг рўйхатида Брутнинг ҳам исми борлигига қандай ишонай, Кальпурния? Мен бу рўйхатдагилардан Брут, фақат сенинг қайинбиродаринг Кассийдан қўрқаман. Чунки у кўпроқ эшитиб, камроқ гапиради. Ичида нима борлигини билдирмайди. Сохта кулимсирайди.

БРУТ. Кассий ақлли. У Цезарга қарши чиқиш – бу маҳв қилиш эканини яхши билади. У сизга бўйсунади, сизни ҳурмат қилади.

ЦЕЗАРЬ. Яъни, сен айтмоқчисанки, бу рўйхатда қўрққулик одам йўқ.

БРУТ. Шундай.

БРУТ. Ундай бўлса, мардларча уларнинг қаршисига чиқишим лозим. Қўрқувдан ҳар куни ўлгандан кўра, бир марта ростмана ўлган яхшироқ, шундай эмасми, Брут?  Қани,  юр дўстим, менинг байрамимга кетдик!

КАЛЬПУРНИЯ. Брут сизнинг дўстингиз. Бундан кўнглим тўқ. Кеча тушимда бир тўда одамлар Цезарга ташланганини кўрдим. Қўрқувдан уйғониб кетдим ва тонггача ухлай олмадим.

БРУТ.  Тушларнинг тескариси бўлади, дейишади. Демак, ўнларча сенатор Цезарни ғалаба билан олқишлашади. Агар Цезарь сенатга бормаса, ишлар тескарисига кетиши мумкин.

ЦЕЗАРЬ.  Ақллисан, Брут. Бекорга сени дўстим демайман.

КАЛЬПУРНИЯ (Йиғи аралаш Цезарнинг кетишига қаршилик қилмоқчи бўлади). Ёлвораман, кетма Цезарь! Қалбимга қулоқ сол, у мени ҳали ҳеч қачон алдамаган! Сенга қарши тузоқ бор!

ЦЕЗАРЬ (Хотинини  тинчлантиради). Бўлди энди, фолга ишониб, шундай кунда  мен бу ерда ўтира олмайман.

Цезарь ва Брут чиқади.

 

VI

 

Рим. Помпей театри олди

 

Театрнинг асосий эшиклари олдида Кассий ва Каска асабийлашиб кутишмоқда. Касканинг ёнида Цезарга хатни берадиган “халқ вакили” ҳам кутиб турибди. Бироз вақт ўтиб, томошабинлар залидан Брут ва Цезар ёнларида икки қўриқчи билан кела бошлайди. Каска хатни Цезарга берадиган фуқарони ундайди. Кассий театрнинг ичкарисига киради. Шу пайт Каска Брутга қараб келишилганидай ўнг қўлини кўтариб, “ҳаммаси жойида” ишорасини қилади. Брут ҳам қўлини кўтариб қўяди. Каска хотиржам тортиб ичкарига киради. Бироздан кейин Каска театр эшигидан эҳтиёткорлик билан бошини чиқариб мўралайди. “Халқ вакили” Цезарь юриб келаётган йўлда тиз чўкади.

ФУҚАРО.  Буюк Цезарь…

БРУТ. Нима бўлди?!

ФУҚАРО.  Мана бу хатни Цезарга бермоқчиман.

БРУТ (Гўё фуқарони узоқлаштирмоқчи бўлгандай). Бу ерда нима ёзилган? Ёки бирор муҳим сир ёзилганми?

ФУҚАРО. Жуда ҳам муҳим хабар. Бу хатда буюк Цезарь билиши шарт бўлган хабар бор… Жуда муҳим…

БРУТ. Менга бер. Етказаман.

ЦЕЗАРЬ.  Қўйиб юбор, Брут. (Фуқарога) Қани бер-чи.

Аскар хатни фуқаронинг қўлидан олиб, Цезарга узатади.

ФУҚАРО. Буюк Цезарь бу хабарни ҳозироқ ўқинг. Мен фуқаролик бурчимни бажармоқдаман. Билишингиз керак бўлган зарур хабарни ҳозироқ ўқинг. Кейин мендан миннатдор бўласиз.

ЦЕЗАРЬ. Сен нима дейсан, Брут.

БРУТ (Овозини пасайтириб). Менимча, бу хатни зудлик билан ўқишингиз керак. Агар хоҳласангиз, қаршимиздаги театрга кириб, хотиржам ўқиб оласиз. Қолаверса, театр олдидан ўтиб, актёрлардан хабар олмасангиз, улар хафа бўлишади. Сизни театрчиларга бўлган эътиборингизни улар яхши билишади. Жамиятда театрчиларнинг ўрни муҳимлигини ўзингиз кўп бор такрорлагансиз, афандим.

ЦЕЗАРЬ. Сенатга кеч қолмаймизми?

БРУТ. Вақтимиз бор. Бор-йўғи ўн-ўн беш дақиқа вақт кетади, холос. Назаримда, ҳақиқатан ҳам сиз билишингиз керак бўлган муҳим хабар бордек, бу хатда.

ЦЕЗАРЬ. Шундай деб ўйласанми, Брут. Яхши… Бўлмасам бу фуқарони ҳам ёнимизга олайлик, балки унга берадиган саволларимиз пайдо бўлар. Қани юр, дўстим Брут…

Олдинда Цезарь, кейин Брут ва фуқаро, уларнинг ортидан эса икки аскар театр эшигига яқинлашадилар. Биринчи бўлиб Цезарь эшикдан ичкарига киради. Эшикнинг орасида Каска қўлида ханжари билан Цезарга ҳамла қилгани кўринади. Яраланган Цезарь даҳшат ичида ҳайқиради. Кассий ҳам ханжарини Цезарнинг кўкрагига уради. Брут ҳам ханжарини қўлига олади. Ҳар томондан ханжарлар Цезарга урилади. Цезарь ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлади, сўнгги зарбани орқадан Брут уради. Цезарь орқага ўгирилиб Брут қўлидаги ханжарни кўриб, бор кучини йиғиб, даҳшат ичида ҳайқиради.

ЦЕЗАРЬ. Сен ҳамми, Брут!

БРУТ. Ҳа! Сен бундай ўлимга лойиқ эдинг!

Ханжарлар зарбасидан ҳолсизланган Цезарь йиқилиб жон беради. Кас­ка, Кассий ва Брут қўлларида қонга бўялган ханжарлар билан театр эшигидан ташқарига чиқади. Бу орада даҳшатли қотилликни кўрган аскарлар қочиб кетишган эди. Каска қонли ханжарни юқорига кўтариб томошабинлар залига, гўё римликларга мурожаат қилгандай ҳайқиради.

КАСКА. Римликлар! Золимнинг иши битди!  Унинг жонсиз жасади ичкарида ётибди!

КАССИЙ. Тангрининг ўрнини эгалламоқчи бўлганнинг қисмати ўлим!

БРУТ (саҳна олдига келиб). Огоҳ бўлмоқ лозим. Кураш давом этаверади. Чунки, яна янги Цезарлар дунёга келиши мумкин.  Ҳушёр бўлинг! Унутмангки, дарахтнинг қурти ўз танаси ичида яшайди.

 

 

ПАРДА

Турк тилидан Ойбек ВЕЙСАЛ ЎҒЛИ таржимаси

 

2019/5

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x