Ояр ВАЦИЕТИС (1933–1983) ЭЙНШТЕЙННОМА

(Достон)

 

1

Уни кимга тенгламоқ мумкин? Галилейгами?
Йўқ.
Гарчи тириклайин қовурганлар
Ҳар икковин ҳам.

Фақат ўз бошидан кечирган билар
ёлғон ва палидлик ўчоғи ичра
фикрларининг
нечоғ буралиб
жизғанак бўлишлигини.

Уни кимга тенгламоқ мумкин?
Жордано Бруногами?
Йўқ.

Гарчи замонамиз инквизацияси
юз минглаб Эйнштейнларни
ёқиб юборгандир гулханларида.
Унтер-ден-Линденда бўлган эди
бу инквизация.

Уни қиёс этсаммикан юлдуз билан ё?
Йўқ.
Гарчи юлдуз каби суюкли эди у.

Бу оддий севги эмас.
Зотан қай биримизнинг
хотинимиз ё қаллиғимиз – юлдуз?
Йўқ.
Ҳеч қачон юлдуз бўлмаган.
Барибир юлдузларга кўнгил қўямиз.
Ўн саккиз минг олам севгиси билан.

Кимга тенглай?
Бу саволнинг ўзи не учун?
Эйнштейнни фақат Эйштейнга
тенглаш мумкинлигини
ҳар бир ҳужайрамиз билан
сезиб турибмиз.

Инсоният уфқидан
сузиб ўтди момиқ оқ булут.
Эйнштейн пешонаси узра эса
оппоқ сочлар булути.

2

Нечун скрипкасин ёдга оламиз?
Скрипкада қанақа нисбийлик назарияси
яшай олади?

Синдириб кўрсангиз
скрипка шаклидаги ҳаводан бошқа
ҳеч вақо
топмайсиз ундан.

Энди эса
инсоният учун
ядро физикасидан ҳам
мавҳум ва муҳимроқ
алланима бордай унинг ичида.

Руҳан қанча катта бўлса қай одам,
ўзида бошқа бир одам яратмоқ учун
шунчалар жон-жаҳд ила
интилаверар.

Шуҳрат чўққисида бўлса ҳам
Ван-Гог
янги Ван-Гог учун нақадар
аёвсиз талашганини
эслаб кўринг бир.

Агар қай ерда илму-фан
тирикчилик манбаи эмас
ҳақиқий илму-фан бўлса,
у ҳам санъатдир.

Турли галактикалар,
эҳтимолким, санъат,
илм-фан – бошқа-бошқа
галактикаларга мансуб ҳосила.
Эҳтимол, антигалактикаларга
Мансубдир улар.
Аммо
нима бўлганда ҳам
Планеталардир улар.

Портретдаги Эйнштейн
скрипкасин чала бошласа,
ракеталар қалдироғин эшитаман мен,
ўзга оламларга учиб бораётган
инсонни кўраман.

3

Танаффус қиламиз.
Матбуот конференциясига
йиғилинг, одамлар!

Кошкийди,
ақл-идрок ҳам
ҳамнафас бўлса бизга бу ерда.

Танишинг:
Ян Майданек – чех,
Хильда Равенсбрук – олмон аёли,
Хаим Маутхаузен – жуҳуд.
Улардан ташқари
бир неча миллион
ватандошларимиз ҳам шу ерда.

Кўланкалар коллонасида турганларнинг
ҳаммасини бир-бир таништиришнинг
ҳеч имкони йўқ.
Зотан, саволларга улар эмас,
сен жавоб берасан,
эй ақл-идрок!

Не иш билан оворасанки,
ўт ўчирувчиларинг ёнғин тугагандан кейин
култепа устига келгайлар доим?

Кузатув минорангдан туриб
ҳеч нарса кўрмаётган бўлсанг мабодо,
мана сенга
турли даврлардан қолган суяклар,
харобалар ва
тўкилган қонлар.
Ушбу қоришма
қурилиш қилмоқчи бўлсанг,
Ойгача ҳам етади.

Лоркани нишонга олиб,
Моцартни заҳарламоқ бўлишганини
кўрмоқлигинг шарт, англамоғинг шарт.

Нима бўлди,чурқ этмай қолдинг,
эй ақл-идрок?

Нечун Ғарбий фронт гулдурослари
Роллан овозидан баландроқ бўлиб,
нима учун Фучик нидоларини
эпиграфлар бўғиб ташлади?

Ультратовуш бугунга келиб металл қирқаётир,
сен эса, эй ақл-идрок,
мум тишлаган соқов мисол турибсан!

Тағин жим қолдинг,
бу эса доим
бирор фалокатнинг даракчисидир.

Танаффус тугади,
савол-жавоб ҳам.
Мақсадимиз – яқиндагина Эйнштейн
океан ортида жон сақлаб қолиши мумкинлигини
билдирмоқ эди.
Энди эса ҳеч ерда нажот қолмади унга.

4

Йўқ, самовий нусхалар ҳақдамас гапим.
Қўлларнинг ўрнида қанотлар ўсган,
кўзлари ўрнида чироқлар ёнган Эйнштейнни
тасаввур айланг.

Ҳолбуки, сенинг
икки қўлинг ва
икки кўзинг бор, яъни йиқилсанг
қўлинг синиши ва ёки
сўқир бўлиб қолишинг мумкин.
Жазо – муқаррар.

Буюклик тубанлик билан
ҳақиқат мавҳумот билан тўқнаш келган он:
тергов қиларлар:
– Сенинг ҳам худди биз каби
иккитагина қўлинг борлигига қарамай,
нечун кўп нарсага эришмоққа
журъат этдинг сен?

Маҳкумсан!

Жисман мавжуд бўлганинг,
Синадиган қўлларинг,
кўр бўлиб қолиши мумкин бўлган
кўзларинг учун
такрор ва такрор
кўксингни ўқларга тутасан,
гулханларда ёнасан,
крематорий мўриларидан
буралиб-буралиб
тутунинг кўкка ўрлагай.

Худони рад этдинг, деб ўкирарлар!
Иблисга шериксан, деб ўкирарлар!
Ирқинг паст, деб ўкирарлар!
Аслида эса –
Бруно,
Лорка,
Эйнштейнсан.

Ўзларини қодир ҳақдай биларлар,
Буткул бебошликлар қиларлар.

Буюклик хиёнат саналгай бунда,
Аммо, тақво деганлари шу.

Инсоният
энкайганча милтиқ ўқталиб,
шамшир силкитиб,
ракеталар билан қўрқитиб,
турғунлик –
завол маъбудига,
тошга
сиғинаётир.

5

Сени қачон топамиз,
эй бутун оламнинг
янгича тортишиш қонуни?
Неча ёруғлик йилидир,
сенгача бўлган масофа?
Эйнштейн, айт-чи,
бу қанча бўлади ер вақти билан?

Гўдаклар азоб ичра
таваллуд топиши керакми?
Бу – мумкин эмас.

Аммо бундай уқубат асрлар ўтиб,
бир одатий ҳол бўлиб қолди.

Кўпаймоққа жазм айлаб,
катта хато қилган экан
энг биринчи ҳужайра.
Менимча бўлинмоқни у
ўйин деб билган.
Гапим унга қаттиқ тегдими?
Ўртанаверсин.
Бу бир буюк тарихий ондир!

Мана, неча асрларким ҳар бир кашфиёт
шундай уқубатлар билан туғилаётир.

Катта хато қилган
энг биринчи ҳужайра.
Қабул айла, эй одамизот,
шодлик билан дунёга келган
дастлабки шодлик локомотивини
яралган ҳолича сен шодлик билан.

Қабул айла, эй одамизот,
муборак қўллар яратган
Паганини мусиқасини
худди шундай муборак қўлларинг билан.

Бу – сенинг буюклигинг,
Сенинг илк қадамларинг,
Бу – сенинг умринг…
…шармисорлигингмас.

Телескопим юлдузларга йўналган эди.
Уни бураяпман ўзимга томон.

Кун кечиргум фақат нон билан.
Бармоқларим элар ойнинг нурини,
бироқ, ҳаётимни кўп қадрлайман,
уни тортиб олгайлар
фақатгина мени бурдалаб.

Ҳеч кишига керак бўлмаса умрим,
мен яшамай ўтган эканман.

Рус тилидан Шерназар Қўшназаров таржимаси

2019/7

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x