Стефан ЦВЕЙГ (1881–1942) КРИСТИНА

Роман

Қиз бироз тин олгани холаси ва поччасининг ёнига ўтирди. Аммо шу пайт кимдир столга соя ташлаб ўзига таъзим қилаётганини пайқаб қолди. Баланд бўйли, елкадор, малласоч, соқоли силлиқ олинган, офтобда қорайган чеҳрасидан мардонавор ёғду таралиб турган йигит экан. У пошналарини пруссчасига бир-бирига шақиллатганча уриб, одоб билан, соф шимолий олмон лаҳжасида холадан изн сўради.
– Жоним билан, – жилмайди жиянининг бунчалар тез муваффақият қозонаётганидан ғурурланган хола.
Кристина хижолатга ботиб, тиззаларида енгил титроқ билан ўрнидан турди. Башанг кийинган нотаниш йигит ясаниб олган кўплаб гўзал хонимлар ичидан ўзини танлагани гўё юрагига болғача билан зарб берилгандек қизни шошириб қўйганди.
Рақсдан сўнг йигит – у ўзини гладбахлик муҳандис дея таништирди – Кристинани эҳтиром билан столига кузатди. Столларига яна бир киши келиб қўшилганини қиз илк лаҳзаларда пайқамабди ҳам. Бу генерал Элкинс экан. Мана, у ўрнидан туриб, эҳтиром билан қизга таъзим қилди. Очиғи, бу charming girl билан ўзини таништириб қўйишини холасидан илтимос қилгани келганди у. Генерал аслзода хонимнинг рўпарасида тургандек қоматини тик тутиб, бошини бир томонга хиёл эгиб, жиддий турар, Кристина эса чўчиб, ўзини қўлга олишга уринарди. Худойим-эй, бу ниҳоятда улуғвор ва кибор одам билан нимани гаплаша олади? Холасининг айтишича, унинг сурати барча газеталарда босилган, ҳатто кинода ҳам кўрсатишган экан.
Генерал уни рақсга таклиф этганида Кристина хижолатдан донг қотди. Бир муддат ўтгач эса эҳтиёткорлик билан, оҳиста рақс тушаётиб, ҳеч бир тортинишсиз суҳбатга киришиб кетганига ўзи ҳам ҳайратланди.
Рақсдан сўнг генерал Элкинс уни эртага автомобиль сайрига таклиф этганида қиз қандай рози бўлганини билмай ҳам қолди. Уни яна уч-тўрт киши билан таништирдилар. Ўн йил ичида ҳам теварагида шунча башанг, назокатли, оқкўнгил одамни кўрмаганди. Уни рақсга чорлашар, сигарета ва ликёр билан сийламоқчи бўлишар, тоққа чиқиш ва сайлга таклиф қилардилар.
– Ҳаммани ҳайратда қолдирдинг, болагинам, – деди жияни туфайли юзага келган югур-югурдан ғурурланаётган хола.

* * *

Кристина эртаси куни тонгда туриб ёлғиз ўзи тоғ сайрига чиқиб келди. Нонуштага қайтганида генерал Элкинс ёнига келиб, ваъда қилинган автомобиль сайрига таклиф этди. Генералнинг инглизча русумдаги қимматбаҳо машинасида болаларча ғурурланиб кетаётган қиз, эҳтимол, уловнинг эгаси шу бўлса керак деб, ўзига сал ҳасад билан кўз ташлаётган йўловчиларни пайқади. Генерал Элкинс унга теварак-атрофни кўрсатар, маълумоти бўйича географ бўлганидан ҳар қанақа мутахассис каби беихтиёр тафсилотларга бериларди.
Машина тезлигини оширганча, гилам устида бораётгандек юмшоқ ва шовқинсиз олға интилар, кескин кўтарилишлар пайтида ҳам метин кўксидан тиқ этган товуш чиқмасди. Водий борган сайин қорамтир тус олиб, қоялар яқинлашиб қолди ва ниҳоят, ёруғлик кўзга ташланиб, ҳайдовчи тормозни босди.
– Малои довони, – эълон қилди Элкинс ва ўша-ўша эҳтиром ила Крис­тинанинг машинадан тушишига кўмаклашди.
Пастликдаги манзара ажойиб, йўл ғалати тарзда буралиб, шалоладек пастга қуюлар эди. Бундаги тоғлар ҳолдан тойиб, янги чўққи ва музлик­лар бунёд этишга қурби етмай қолгани кўриниб турарди. Қуйига, кўз илғамас водий томон юришди.
– У ёқда, пасттекисликда Италия ҳудуди бошланади, – кўрсатди Элкинс.
– Италия, – ажабланди Кристина, – шунча яқинми, наҳотки шу қадар яқин?
Унинг товушида қизиқувчанлик шу қадар кўп эдики, Элкинс беихтиёр сўради:
– У ерда бўлганмисиз?
– Йўқ, ҳеч қачон! Сиз-чи?
– Мен ўзи қаерда бўлмадим. – Элкинс жиддий, сал қайғули жилмайди. – Дунёни уч марта айланиб чиққанман ва унутманг – мен кекса одамман.
– Қўйсангиз-чи! – чўчиб эътироз билдирди қиз. – Нега бунақа дейсиз!
Унинг эътирози шунчалик сидқидилдан айтилдики, олтмиш саккиз ёшли генералнинг ёноқлари тўсатдан қизариб кетди.
Ортга қайтаётганларида Элкинс камгап бўлиб қолган, хаёлчан, бироз ҳаяжонланаётгандек кўринарди. Меҳмонхонага етиб келганларида эса ҳамроҳига ёрдам бериш учун ҳайдовчини ортда қолдириб, ўзи учун ҳам кутилмаган ғайрат билан машинадан сакраб тушди.
– Ажойиб сайр учун сиздан ғоят миннатдорман, – деди у қиз оғиз очиб, унга ташаккур айтишга улгурмасидан, – кўпдан буён бунчалик роҳатланмагандим.
Чой устида Кристина генерал қанчалар меҳрибон ва илтифотли эканлигини қайнаб-жўшиб холасига сўзлаб берганда, у хайрихоҳлик билан бош силкиди:
– Уни бироз шамоллатганинг яхши бўлибди. Ҳаётда кўп жафо чеккан, хотини ҳали ёшлигида – Тибетда экспедицияда юрганида вафот этган. Бу ҳақдаги хабар вақтида етиб келмагани боис тўрт ой хат ёзиб турган ва қайтиб келганда ўзи битган бир уюм, очилмаган мактубларни кўрган. Битта-ю битта ўғли ҳалок бўлган – олмонлар унинг самолётини Суассон томонда уриб туширган эканлар. Яна десанг, айнан генералнинг ўзи ярадор бўлган куни. Ҳозирда Ноттингем яқинидаги улкан қасрида танҳо яшайди. Хотиралардан қочиш учун мудом саёҳатда юришини тушунса бўлади. Оиласи ҳақида сўз очишни хаёлингга келтирма – бирдан кўзига ёш олади.
Тушликдан сўнг холаси ва поччаси дам олиш учун хоналарига йўл олишганда қизнинг рўпарасида кечаги рақсдаги жуфти, синчков муҳандис-олмон пайдо бўлди ва унга бақувват қўлини узатди:
– Туринг, туринг! Оғайниларим сиз билан танишмоқ истагидалар.
Йигит дабдурустдан ҳамроҳини барчага фройляйн фон Боолен, дея таништирди. Афтидан, поччасининг голландча “ван” ўрнига олмонча “фон” дея талаффуз қилинган исм-шарифи уларда ўзгача ҳурмат уйғотганди. Кристина буни ҳаммаларининг эҳтиром билан ўринларидан туриб қўяётганларидан пайқади. Балки бу иккала сўз оҳанги Германиядаги бой-бадавлат Крупп фон Бооленлар оиласи номини беихтиёр хотираларига туширгандир?
Кристина қизариб кетганини пайқади: “Э худо, нималар деяпти у?!” Бироқ йигитнинг хатосини тўғрилашга юраги дов бермади. Ахир нотаниш, назокатли инсонлар қошида улардан бирини ёлғончиликда айблаб: “Йўқ, йўқ, мен фон Боолен эмасман, фамилиям Хофленер”, деб бўлмайди-ку! Кристина шу тарзда виждонига қарши бориб, бармоқлари титраса-да, ўзи назарда тутмаган ёлғонга йўл қўйди. Бу ёшларнинг барчаси – мангеймлик қувноқ, ўйноқи қиз, веналик шифокор, аллақандай француз банки директорининг ўғли, исм-шарифини Кристина яхши эшитмаган яна бир нечта киши – унга жуда қизиқиб қолишди. Ҳаммалари фақат унга савол беришар ва фақат у билан суҳбатлашарди.
Илк дақиқаларда Кристина ўнғайсизланиб, ҳар сафар улардан бири “фройляйн фон Боолен” дея мурожаат қилганда игна санчилгандек сесканиб тушаверди. Бироқ бу ёшларнинг шўхлиги ва одамшавандалиги аста-секин ўзига ҳам юқди. Тезда уйғонган ўзаро ишончдан у хурсанд эди ва охир-оқибат, ҳангомага сира тортинмай қўшилиб кетди. Ахир ҳаммалари унга дўстона муносабатда бўлса, нимадан қўрқсин?
Сўнгроқ холаси келиб, уни яхши қабул қилганларини кўриб қувонди, “фройляйн фон Боолен” дея чақирашаётганларида эса кўз қисиб, оқкўнгиллик билан жилмайди. Кейин эри тушликдан кейинги одати бўйича покерга берилиб кетганидан фойдаланиб, қизни сайрга олиб чиқди…

* * *

Шундай бир синоат борки, эврилишнинг сирли қудрати исми-шарифингда яширинган бўлади. Дастлабки пайтлар у тасодифан бармоғингга тақилган узукдек, сени ҳеч нимага мажбур қилмайдигандек туюлади. Бироқ идрокинг исминг сеҳрини англашидан аввалроқ, у танингга сингиб, тақдирингга таъсир ўтказганча, маънавий борлиғинг билан чамбарчас боғланади. Аввалига Кристина ўзининг янги номига яширинча бир шумлик билан жавоб қайтара бошлади (“Кимлигимни билганингизда эди! Йўқ, била олмайсиз!”). Бу номга енгилтаклик билан, гўё карнавал ниқобидек муносабатда бўлди. Бироқ, тез орада ўзи истамаган сохта исм-шарифи ҳақида унутиб, ўзини-ўзи алдай бошлади ва уни ким деб қабул қилишаётган бўлса, ўшанга айланди-қолди. Агар биринчи кун оқсуяк оилага мансуб бойвучча, дея ном чиқарганидан бир қадар дилхиралик ҳис этиб, эртасига бу нарса ҳатто иззатталаблик пайдо қилган бўлса, кейинги кунлари бунинг бари гўё ўз-ўзидан маълум ҳақиқатдек туюла бошлади. Агарда кимдир исмини сўраса, Кристина (уйда уни Кристль деб аташарди) деган жўн исм оқсуякларга мос эмасдек туюлар ва қиз сурбетларча: “Кристиана!” – деб жавоб қайтарарди. Мана, шундан буён барча столларда ва умуман меҳмонхонада, қизни Кристиана фон Боолен деб атай бошладилар.
У энди почтачи Хофленерга мутлақо ўхшамайди. Унга ўхшаши амримаҳол. Рангпар, кулни эслатувчи териси тоғ офтоби остида қора­мағизга айланди, бошини мағрурона тик тута оладиган бўлди. Янги либосларда қадам босиши ҳам ўзгариб, ҳаракатлари мулойим, назокатли бўлиб қолди. Ўзининг қадрига етишни ўргангани қадди-қоматидан ҳам сезилди. Табиат қўйнида мунтазам сайр танини янгилаган бўлса, рақслар эгилувчан қилди ва мана, куч манбаи юз кўрсатди: бехосдан уйғонган ёшлик, юрак гуп-гуп урмоқда, кўксинг баланд. Вужудингда бори қайнайди, тўлқинланиб, кўпиради. Ҳали сен туймаган бетакрор ҳаёт қувончини ҳис этиш учун ўзингни тинмай синовдан ўтказишни истайсан.
Кристина энди бир жойда қозиқдай қоқилиб ўтириш, бирон тинчроқ иш билан машғул бўлишни эмас, ҳар дам қаергадир бориб, шўхлик қилишни хоҳларди. Доимо бирон нимага қизиқиб, ўша қизиқувчанлик таъсирида хонама-хона зир югурар, гоҳ у ер, гоҳ бу ерда кўриниш берарди. Ёшлик қуввати қиздан шунчалик уфуриб турардики, тўлқиндек атрофидагиларга ҳам ўтар ва кимки ўзига яқинлашса, шу ондаёқ ўйин-кулги ва шумлик гирдобига тортарди.
Қизда ҳар доим айтадиган гап бор, доим янги бир саргузашт топади. Унинг учун ҳамма нарса ажойиб, ғаройиб, тасвирлашга сўз ожиз. Крис­тина ҳамма нарсага мафтун. Мутлақо бегона тингловчига ҳам маълум эдики, ўзгалар билан ўртоқлашмаса, вужудини тўлдирган миннатдорлик ҳиссини бу қиз кўтара олмайди. У билан муомалада бўларкан, ҳар ким беихтиёр қиздан таралаётган меҳр кучи таъсирига тушиб қолади. Ҳатто мудом мудраб ўтирувчи, тили заҳар махфий маслаҳатчи кампир ҳам у томон лорнетини тўғрилаганда нигоҳига илиқлик югуради. Барча, лорд Элкинс­дан тортиб, то лифтчи-болакайга қадар фройляйн фон Боолен ёқимтой, фусункор ҳилқат эканлиги ҳақида бир тўхтамга келган эдилар. Кристина ўзига нисбатан бу хайрихоҳликни шу одамлар орасида бўлишга ҳаққи борлигининг исботи дея қабул қилар ва бундан янада бахтиёр бўларди.
Қизнинг шахсига қизиқиш ва очиқдан-очиқ хушомад қилишга мойиллик у бундай муносабатини кутишга асло журъати етмаган киши – генерал Элкинс томонидан яққол ифода этила бошлади. Унинг костюми ранги очиқроқ, ёшларга хос, галстуги эса ёрқинроқ бўлиб бораётганини ҳатто холаси ҳам пайқади. Балки қиз янглишаётгандир, лекин Элкинснинг чаккасидаги оқ сочлари ҳам бўялгандек туюлди. У турли баҳоналар билан тез-тез уларнинг столига келар, ортиқча эътиборни жалб қилмаслик мақсадида, меҳмонхона хизматчилари воситасида иккала хонимнинг номерларига ҳар куни гул юборарди.
Бир куни эрталаб, ёмғир сабаб барча сайрлар қолдирилганда у Кристина билан холлнинг бир четига ўтириб, уйи, хиёбони, итларининг фотосуратларини кўрсата бошлади. Суратдаги ғаройиб, баланд қаср нормандлар даврига мансуб бўлса керак. Юмалоқ ҳимоя миноралари деворларига чирмовуқлар чирмашган, ичкарисида атлантлар ва қадимий камини бор кенг-мўл заллар, ромларда оилавий портретлар, кемаларнинг нусхалари. “Менимча, қишда у ерда яшаш зерикарли бўлса керак”, ўйлади қиз ва худди унинг фикрини уққандек, генерал овчи итлар галасини кўрсатганча деди:
– Агар мана шулар бўлмаганда, бутунлай ёлғиз қолардим.
Бу – хотини ва ўғли ўлганига илк шама эди. Унинг нигоҳи ўзининг юзи бўйлаб тортинибгина сирғалиб ўтганини пайқаган Кристина титраб кетди ва шу ондаёқ фотосуратларга тикилди. “Нима учун буларни менга кўрсатмоқда ва нега чўчиётгандек ғалати тарзда мана шунақа инглизча уй ёққан бўлармиди, дея сўраяпти? Наҳотки бадавлат, зодагон киши бу билан нимагадир шама қилиб…”
Аммо ўйлаб олишга бу ерда қайдан ҳам вақт бўлсин – бунга имкон беришармиди! Холлга киришга улгурмай бебош тўданинг бирон аъзоси қизни шартта тутиб олиб, саёҳатга, суратга тушишга, ўйинга ёки гап сотиб, рақс тушишга судрайди. Гоҳида, оқшомги рақсларда, ёки хилват жойда бирон йигит қўрқмай қучоқлаб олганда Кристина қонига ўт тушгандек, танида илиқлиқ туяди. Бу даврадагилар бир-бирига дўстона хушомад қилишга уста, лекин баъзида хушомадлар янада очиқроқ, дадилроқ, эҳтирослироқ тус олади. Бунақа муносабат уни – ҳали бунга одатланмаган қизни баъзан чўчитади. Мисол учун, машина ичидаги ғира-ширада кимнингдир ча­йирдек қўли тиззаларини эркалаб силаса, ёки сайр пайтида биров ҳаддан ташқари мулойим қўлтиқлаб олса, Кристина ўнғайсизланади.
“Ахир ким ўзи мен? Бу одамлар менда нимани кўра қолишди?” – кундан-кун ҳайрати ортиб ўзига савол берарди у. Ҳар куни унга қайта-қайта мулозамат қилишади. Уйқудан кўз очар-очмас ходима лорд Элкинсдан гулдаста олиб киради, кеча холаси чарм сумка ва ниҳоятда гўзал тилла соат совға қилди. Унга нотаниш силезлик ер эгалари, эр-хотин Тренквицлар уйларига меҳмонга таклиф этишди. Жиккак америкалик миттигина тилла ўт олдиргични (бу совға Кристинага жуда ёқиб тушди) беркитиқча сумкасига солиб қўйди. Мангеймлик олмон қиз опасидан ҳам меҳрибон: оқшомлари хонасига шоколадли конфетлар олиб келади ва иккиси тун ярмидан оққунча гап сотиб ўтиришади. Муҳандис ундан бошқаси билан рақс тушмай қўйган.
Йиллар мобайнида кўча-кўйда ён-атрофидан ўтган одамлар қизнинг афтига ҳатто қараб ҳам қўймасди. Шунча йил қишлоқда яшаса-да, ҳеч ким ҳеч нима совға қилмаган, унга қизиқмаган. Эҳтимол, бунга сабаб у ёқда ҳамма камбағалу ғариб эканлигидир. Балки одамлар ғарибликдан толиқишгани боис, бир-бирига шубҳа билан қарашар, ёки қизнинг ўзида илгари бўлган-у, лекин кўринмай турган бирон нарса тўсатдан юз кўрсатдимикин? Балки чиндан ҳам у ўзи ўйлашга журъат қилганидан кўра чиройлироқ, ёқимлироқдир? Фақат бунга ишонишни истамаганмикан? “Кимман, кимман, ахир?”
Кристина баъзи-баъзида танҳо қолганида тинмай ўзига шу саволни берарди. Ғалати, уйда уни эркак зоти қизиқтирмас, ҳарқалай, сира ҳаяжонга солмасди. Аммо бу ердаги йигитлар баъзан унда аллақандай ўзгача қизиқиш ва ҳаяжон уйғота олишини, ҳатто ўзининг кулгиси ҳам қандайдир бошқача янграшини, баъзан ҳадиксираб ортга тисарилаётганини ҳис қиларди. Юзаки қарагандагина дўстона, аслида унчалик хавфсиз ҳам деб бўлмас даврада ўзини аллақандай ноқулай ҳис этар, очиқдан-очиқ ва астойдил тирғалаётган муҳандис ёнида эса сархушликдан боши хиёл айланарди.
Кимё факультети талабаси, ақлли, муғомбиргина, зинда, эҳтиросли, бироқ энг сўнгги дамларда ўзини тута олувчи мангеймлик зийрак қиз қоп-қора кўзлари билан теварак-атрофда нималар бўлмасин, барини бирданига пайқар эди. Меҳмонхонада кўздан пинҳона бирор нима рўй берса, барини Кристина ундан билиб оларди.

(Давомини журналдан ўқийсиз)

Рус тилидан Абдуҳамид ПАРДАЕВ таржимаси

2019/7

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x