Сон Сам МУН
(XV аср, таржимаи ҳоли номаълум, корейс алифбоси муаллифи)
Ўлимингдан кейин нима бўласан,
Дея мендан сўрсанг – айтарман, эркам:
Пинлай чўққисида шовуллаб турган
Қарағай дарахти бўларман ўлсам.
Бутун дунё қорга тўлса ҳам тўзиб,
Ям-яшил шовуллаб турарман ўзим.
* * *
Шоуян тоғига термулиб туриб,
Шу ва Бога ичдан қилурман ҳавас;
Улар тоғ тагида очликдан ўлди,
Аммо тоғ майсасин емадилар, бас:
Гарчанд майса майин, яшил бўлганди –
Уларга тўкилган шудринг юртдан келганди…
Ди ХВАН
(1501–1570)
* * *
Ҳар баҳор гуллайди тақир тоғлар ҳам,
Оқшом ой чиқади кузда милтираб,
Замонанинг зайли ўзгармас ҳеч ҳам,
Инсонга бу дунё монанддир, ё Раб.
Балиқ чайқалади, бургут сармастдир…
Буларнинг барчаси бежиз эмасдир?
* * *
Агар тоғни йиқса момоқалдироқ,
Кар бўлиб туғилган эшитиб турмас.
Осмонни ёритса офтоб ғам, бироқ –
Кўзлари кўр одам қуёшни кўрмас.
Оҳ, сен кар эмас, кўр ҳам эмассан,
Нега дилимдаги дардни билмассан…
* * *
Водий тўла гуллар – настарин, райҳон,
Ифорин симирмоқ – қанчалар роҳат,
Булутлар сузади чўққилар томон,
Уларга термулмоқ – ажиб фароғат.
Бу дилбар дунёда яшаб, кўриб, воҳ,
Барин яратганни унутмоқ – гуноҳ…
Юн Сон ДО
(1587–1642)
БЕШ ДЎСТ
Дўстларим бор: ям-яшил ғаров,
Қарағай, тош ва яна анҳор.
Агар кўкда ой ҳам кўринса,
Бахтлидирман яна икки бор.
Ишонингиз, айтайин бир сўз:
Менга етар мана шу беш дўст.
Анҳор
Дейдилар: булутнинг ранглари нафис,
Бироқ гоҳо чиқар булут ҳам қора.
Дейдилар: шамолнинг овози мунис,
Бироқ жимиб қолар гоҳо шамол бечора.
Фақат битта неъмат доим ёқадир –
Анҳор мудом гўзал, тинмай оқадир.
Қарағай
Агар иссиқ бўлса – гуллар очасан,
Агар совуқ келса – тўкилар барглар.
Эй, гўзал қарағай, чирой очасан,
Сенга қўрқинчлимас бўрон, шабнамлар?
Биламан: сабаби – илдизинг ерда ётгандир,
Марҳумлар кўмилган жойга ботгандир…
Тош
Воҳ, нега бу гуллар аввал очилар,
Кейин сўлиб қолар бир кун ногаҳон,
Яшил ўтлар аввал ерга сочилар,
Кейин сарғаяди, бўлади хазон?
Бу дунёда ўзинг қиларсан бардош –
Қотганча ётарсан сокин харсангтош.
Ой
Ўзинг самовотда битта парчасан,
Бутун олам аро нуринг сочасан.
Айтинг, қайда бордир бунақа фонус –
Қоронғу кечани айлагай кундуз?
Сизга термулади унсиз, ҳойнаҳой –
Ҳақиқий ҳамдамдир шу бир парча ой!
Ғаров
Дарахт десам сени, дарахтмас асло,
Майса десам агар, эмассан юмшоқ.
Сенинг ичинг покдир – покиза ҳаво,
Устинг эса жуда қаттиқдир бироқ.
Мен сени севаман, қамиш, комилсан –
Менга дардкашсан-ку, мудом яшилсан.
Чхон КИМ
(Ўрта асрлар, таржимаи ҳоли номаълум)
Тоғдаги қишлоққа тун тушди сокин,
Олисдан бир кучук вовуллади, вой…
Уйдан чопиб чиқдим – келгандир ёрим –
Изғирин самода нур сочарди ой.
Эҳ, кўппак, не қилдинг устимдан кулиб –
Кучук увилларди ойга термулиб.
Сон ХОН
(Ўрта асрлар, таржимаи ҳоли номаълум)
Одамнинг тилини ўрмон тушунмас…
Инжиқлик қилмасдан оқади дарё;
Шамолнинг товуши пулга сотилмас…
Ой нури шоҳларга бўйсунмас асло…
Шоирман, дунёга боқмай ўтарман,
Ўлимни жимгина кутиб ётарман…
Сон СУН
(Ўрта асрлар, таржимаи ҳоли номаълум)
Нимани эшитдим – эслай олмайман,
Нималарни кўрдим – кўрмаган каби.
Мен шундан бошқача яшай олмайман,
Ким яхши, ким ёмон – билмаган каби…
Фақат бир нарсага кучим етар, бас:
Май тўла пиёла қўлимдан тушмас.
Хван ЧИН И
(Ўрта асрлар, таржимаи ҳоли номаълум)
Ўз ўрнидан сира қўзғолмайди тоғ,
Дарё ўзгаради ҳамиша, ҳар кун;
Тинимсиз оқади, билмайди чарчоқ,
Бироқ орқасига қайтолмас беун.
Худди шу дарёга ўхшайди инсон –
Кетади, қайтмайди бошқа ҳеч қачон…
* * *
Қачон хафа қилдим сени эй, ёрим,
Сени алдадимми, кечдимми бир бор?
Келаман дегандинг бирор кеч, ахир,
Сен эмас, шамоллар шитирлади, ёр.
Шовқиндан кўчага чиқсам, бемажол –
Хазонларни ўйнаб, қуварди шамол…
Ким Су ЧЖАН
(Ўрта асрлар, таржимаи ҳоли номаълум)
Эй, сиз – мансабларга ўч биродарлар,
Эртанги кун ҳақда ўйлангиз, ахир!
Худди қум ўйнаган бир ёш боладек,
Нафсу мансабларга асирсиз ҳозир.
Эрта қуёш ботар умр осмонида –
Жавоб беражаксиз ҳисоб онида…
* * *
Мовий булутларда кезадирсан сен;
Мен учун оппоқ қор – баридан роҳат.
Мансабу бойлик деб тўзадирсан сен;
Қашшоқлик ва сукут – менга ҳаловат.
Устимдан куласан – мансаб яйратган,
Сенинг устиндан-чи, кулар Яратган.
* * *
Менинг ота-онам ер ва самодир,
Табиат иффати – менинг аёлим;
Чўққилар, дарёлар менга биродар;
Шамол билан ойдир дўсти ҳалолим.
Ўлгунча содиқман ушбу ҳаётга,
Шукр айлаб барчасин яратган зотга…
Ан Мун ЁН
(Ўрта асрлар, таржимаи ҳоли номаълум)
* * *
Шу ойни самода кўргандим олдин,
Ўтган йил ҳам боққан, тўлиб чиройга.
Йил ўтди ва яна бу оқшом ойдин,
Яна термуламан шу гўзал ойга.
Англадим: йил ўтур, инсонлар ўтур,
Ой эса самода сочаверар нур…
Ли Чон ГУ
(XVI аср, таржимаи ҳоли номаълум)
Ишонса ҳам бўлар, ишонмаса ҳам –
Сенинг ишқинг шундай, севишинг шундоқ!
Мен сенга ишонган ўша бахтли дам,
Билардим – телбалик сенга ишонмоқ!
Менга айтгандилар: кўнгил тўлмасди…
Лекин ишонмасдан севиб бўлмасди!
Ким Кван УК
(XVIII аср, таржимаи ҳоли номаълум)
Шу тоғлар меники, дарёларим бор,
Сизлар – бугун менинг бунда бор-йўғим,
Мен бу кун бу ерда асли ҳукмдор,
Менинг сўзларимни бўла олур ким?
Майли, улар мени десинлар бахил,
Сизни ҳеч кимсага бермайман, ахир!
* * *
Қадримни унутдим, шаънни унутдим,
Бойлигим, наслимни чиқардим ёддан;
Кибрни унутдим, ғамни унутдим,
Энди ташвишим йўқ фоний ҳаётдан;
Ўзимни унутдим ўзим, сасламанг,
Мени изламанглар, мени эсламанг…
Ким СОВОЛ
(1902–1932)
1902 йилда Шимолий Пхёнандода туғилган. Сеулдаги коллежда ва Токио тижорат институтида таҳсил олган. Кореянинг энг машҳур шоири. Фаранг символистлари таъсирида бўлган. 1925 йилда Ким Соволнинг “Азалия” (“Чиндалле ккот”) тўплами чоп этилган.
АЗАЛИЯ
Сен жимгина кетдинг – даҳшат эди бу,
сен жимгина кетдинг – мен жим яшадим;
осмон чирпанарди қора қуш каби…
Мен сенинг йўлингга гуллар тўшадим…
Сени кутар эдим тоғ ёнбағрида;
азалия гули қоплаган дунё –
гул тердим кўзларинг қувонсин дея…
Сен-чи, у гулларни кўрмадинг аммо…
Тўкилган гулимни топтаган каби,
тўкилган дилимни эздинг, севиклим…
Ярим тун – йиғлаган қалбим оҳидан
титроққа тушмоқда бу етти иқлим…
Сен кетиб борасан… Боқиб изингдан
сўлмоқда гулларим эзилиб, қақшаб…
Лекин кўз ёшимни кўра олмассан!
Сассиз ўламан шу гулларга ўхшаб…
2020/2
Рус тилидан Карим БАҲРИЕВ таржимаси
Ижтимоий тармоқларда ёйиш: