Спорт турини тўғри танланг

Ота-оналарнинг аксарияти фарзандларини махсус спорт тўгаракларига беришади. Бундай вақтда улар танланган спорт тури боланинг ёшига, жисмоний ҳолатига ва соғлиғига тўғри келадими-йўқми, шу ҳақда ўйлаб кўришлари лозим.

Кичкинтой спорт машғулотларига қатнашидан аввал ота-она бу борада мутахассис маслаҳатини олиши зарур.

ФУТБОЛ, ВОЛЕЙБОЛ, БАСКЕТБОЛ

Таянч-ҳаракат тизими, нафас олиш ва юрак-қон томир тизимлари фаолиятини яхшилайди. Қад-қоматнинг чиройли шаклда бўлишини таъминлайди.

Болани сергакликка ва аниқ ҳаракат қилишга ўргатади.

Футбол, волейбол ва баскетбол машғулотларига болалар 5-6 ёшдан бошлаб қабул қилинадилар.

Бронхиал астма, ўн икки бармоқли ичак яраси, яссиоёқлик, бўйин остеохондрози ва миопиянинг турли даражаси билан оғриган болалар бундай спорт машғулотларига қатнашмаганлари маъқул.

БАДИИЙ ГИМНАСТИКА

Кичкинтойни чаққонлик ва эгилувчанликка ундайди, яссиоёқликдан қутулишга ёрдам беради, боланинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлайди, ҳаракатларнинг нозик ва гавданинг хушбичим бўлишини таъминлайди.

Жиддий хасталиклари бўлмаган қизалоқлар бу спорт турига 4 ёшдан бошлаб қатнашишлари мумкин.

СУВДА СУЗИШ

Сузганда юрак иши енгиллашади, тана чиниқади, сузиш давомида қомат тик ва чиройли бўлади. Болада сколиоз, кўкрак қафаси деформацияси бўлганда ва қандли диабет, семизлик, гастрит, бронхиал астманинг бошланғич босқичларида ҳам сувда сузиш фойда келтиради. Спортнинг бу усули билан болалар уч ёшдан бошлаб кичкинтойларга мўлжалланган бассейнларда шуғулланишлари мумкин.

Тери касалликлари, очиқ жароҳатлари ва яралари бор, шунингдек кўз, қулоқ, томоқ-бурун хасталиклари билан оғриган ва илгари инфекцион дардларга чалинган болалар сузиш спорти билан шуғулланишлари мумкин эмас.

Бундан ташқари сил (туберкулез) нинг фаол шакли, юракнинг ревматик шикастланиши рўй берганда, ошқозон ёки ўн икки бармоқли ичак касаллигидан азият чекаётган кичкинтойлар ҳам сузиш машғулотларига қатнашмаганлари маъқул.

КАТТА ТЕННИС

Бола катта теннисга қатнаша бошлагандаёқ чаққонликка одатланади, диққатни бир жойга жамлашга ўрганади, сезгирлик ва сабр-бардошли бўлишга ҳаракат қилади. Шунингдек, унинг нафас олиш ва юрак-қон томир тизими фаолияти яхшиланади.

Спортнинг бу турига бола 5-7 ёшдан қатнаши мумкин.

Бўйин умуртқасида касалликлари мавжуд бўлган, ошқозон яраси, яссиоёқлик ва кўз касалликларига чалинган болалар катта теннисда иштирок этишлари тавсия этилмайди.

Бундан ташқари, стол тенниси (пинг-понг) болада ҳаракатларнинг ўзаро уйғунлигини рағбатлантиради, нафас олиш тизими фаолиятини яхшилайди. Бу спорт тури машғулотлари 5 ёшдан ошган барча болаларга тавсия этилади.

ЧАВАНДОЗЛИК (ОТ СПОРТИ)

Таянч-ҳаракат тизими касалликларини даволаб юборадиган, руҳий-психик муаммоларни ҳал этишга кўмаклашадиган бу спорт тури билан болакайлар 4 ёшдан бошлаб шуғулланишлари мумкин.

От спорти машғулотларини бошлашдан аввал бола педиатр шифокор ва окулист кўригидан ўтиши зарур.

АЙКИДО

Япон жанг санъати турларидан бири ҳисобланган айкидода бола ўзини ҳимоя қилишни ўрганади. Унинг фойдаси шундаки, иштирокчи чаққонликка ўрганиб, ўзида кўплаб жисмоний хусусиятлар шаклланишига эришади. Гавдаси эгилувчан бўлиб қолади.

Бу спорт турига жиддий касалликлари бўлмаган, масалан миопия, туғма ва орттирилган юрак иллатлари ва умуртқа дардларига чалинмаган болалар 4 ёшдан бошлаб қатнашишлари мумкин.

УШУ

Хитой жанг санъати ҳисобланган ушунинг икки йўналиши (спорт гимнастика ва жанг қилиш йўналишлари) мавжуд. Фойдали томонлари анчагина. Дастлаб машғулотлар болага аниқ ва тез ҳаракатланишни, партнер билан ҳаракатларни режалаштиришни ўргатади.

Ҳаракатларнинг ўзаро мослигини, тасаввурлаш ва фикрлаш қобилиятини ривожлантиради. Ушу гимнастикаси айниқса астма билан оғриган ва юқумли касалликлардан сўнг ҳолсизланган болаларга ижобий таъсир кўрсатиб, уларнинг қувватини тиклашда ёрдам беради.

Спортнинг бу турига оғир операцияларни бошдан ўтказмаган ва юрак-қон томир тизимида жиддий бузилишлар бўлмаган болалар 4 ёшдан бошлаб қатнашишлари тавсия этилади.

ДЗЮДО

Япон жанг санъатларидан бири ҳисобланган дзюдо боланинг тана ва оёқ-қўллари эгилувчанлигини ривожлантиради, кичкинтой мувозанатни сақлаш ҳамда нафас олишни бошқаришни ўрганади.

Дзюдога таянч-ҳаракат тизими, юрак, жигар, кўз касалликлари билан оғриган болалар қатнашмаганлари маъқул. Соғлом кичкинтойлар эса 5 ёшдан бошлаб дзюдо билан шуғулланишса бўлади.

АЛОҲИДА ТАВСИЯЛАР

Спорт машғулотлари учун тренер танлаётганда ҳушёр бўлинг, имкон қадар фарзандингизга масъулиятли ва талабчан устозни қидириб топинг.

Бола спорт машғулотларига якка ўзи эмас, балки дўстлари билан қатнагани яхши. Шунда у турли шароитларга ва одамларга тезроқ кўникади.

Боланинг қайси спорт турига қизиқишини аниқлаш баробарида унинг жисмоний қобилиятларини ҳам эътиборга олинг. Чунки кичкинтой ҳар қанча қизиқмасин, танланган спорт тури унинг соғлиғига тўғри келмаслиги мумкин. Агар бола спорт машғулотларига қатнаётиб жароҳат олса, у то тузалгунича уйда бўлгани маъқул.

Бордию фарзандингизга танланган спорт тури маъқул келмаса, уни мажбурламанг. Чунки машғулотларга яхши кайфият билан қатнайдиган бола ҳам руҳан, ҳам жисмонан тез ривожлана боради.

Маъмура САЛОМОВА,

Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия

институтининг «Спорт ва даволовчи жисмоний тарбия»

кафедрасининг катта ўқитувчиси,

Ҳулкар ҲУСАНОВА,

институт талабаси.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x