НАВОИЙ “ДОРУШ-ШИФО” СИ

Табобат илмини чуқур билган кўплаб олимлар қаторида ҳазрат Алишер Навоий ҳам ўз даврида тиббиётга оид изланишлар олиб борган. Шоир ўз даврида Абу Али ибн Сино, Абу Бакр ар-Розийларнинг асарлари билан яқиндан таниш бўлган.

Навоий тиббиёт илмини тарғибот қиларкан, уни юқори поғонага кўтаради. Шоир фикрича, тиб илми энг яхши фанлардан бўлиб, унинг олий мақсади инсон саломатлигини сақлашдан иборат.

Ҳазрат Навоий саломатликни сақлашда киши мизожининг мўътадил бўлиши, у овқатланиш тартибига риоя этиши муҳим эканлигини асарларида айтиб ўтган. Хусусан шоир мизож ҳақида шундай дейди:

Сарсабз эрур ҳамиша бу гулшанда сарвдек,

     Озодаики бўлса мизожида эътидол.

Яъни, кишида мизож мўътадил экан, у ҳамиша нуқсонсиз ва саломат бўлади, агарда мўътадиллик бузилса касаллик келиб чиқади.

ТАОМ ВА ШАРОБДАН ПАРҲЕЗ ҚИЛ

Навоий овқатланишга саломатликни сақлашнинг муҳим омили сифатида қараб, ёқмайдиган овқатларни емаслик ёки ёқадиганларини ҳам ортиқча истеъмол қилмасликни уқтиради.

Киши роса тўйиб кетмасдан аввал ейишни тўхтатиши, еган нарсаси ҳазм бўлмасдан туриб устига яна таом емаслиги лозим, деб ёзади Навоий.

Таомланишда хотиржамлик ва яхши кайфият овқат ҳазм бўлишида катта аҳамиятга эга эканлигини уқтираркан, улуғ шоиримиз хотиржамликда истеъмол қилинган таом нотинчликда ейилган ширин кулчадан афзалроқ эканини айтади.

Шароб ичишни қоралаб, унинг инсон саломатлигига зарар келтиришини, ақл чироғини ўчиришини таъкидларкан, Навоий “шароб тиниқ ва мусаффо бўлиб кўринсада, унинг оловлиги кучлироқ” деб ёзган.

ХУШФЕЪЛЛИК ДОНОЛИКДУР

“Табиб ўз фанининг моҳир билимдони бўлиши, беморларга меҳр-шафқат билан муомала қилиши, донишмандлар сўзига риоя қилиб уларга эргашмоғи, мулойим сўзли ва бемор кўнглини кўтарувчи, андишали ва хушфеъл бўлмоғи керак”лиги хусусида Навоий ўз асарларида алоҳида тўхталган.

Навоий ҳозиқ табибларни юксак баҳолайди, уларни донишмандларга яқинлаштиради, жоҳил ва нодон табибларни эса жаллодга тенглаштиради.

Шоир табобат илмини яхши билгани учун ҳам ўзига хос тиббиёт деонтологиясини яратган.

ҲИРОТДАГИ ШИФОХОНА

Навоийнинг инсонпарварлиги, тиббиёт илмига қизиқиши туфайли Ҳиротда “Доруш-шифо” очилади. Бу шифохона барча талабларга жавоб берадиган даражада бўлиб, унда зарур дори-дармонлар, жиҳозлар, ўқитиш хоналари ва хизматчилар учун ётоқхоналар мавжуд эди.

“Доруш-шифо”да турли жойлардан келган беморлар даволанган, маслаҳат ва даволаш учун машҳур табиблар чақириб турилган.

Навоий танлов асосида энг яхши олим ва табибларни “Доруш-шифо” хизматига олади.

Машҳур тарихчи Хондамирнинг маълумотларига асосланган манбаларда келтирилишича, шифохонада ўз даврининг етук табиблари, Навоийнинг ҳурматини қозона олган ҳакимлар – Мавлоно Ғиёсиддин Муҳаммад табиб, Мавлоно Дарвеш Али табиб, Мавлоно Низомиддин Абдулхай табиб, Мавлоно Муҳаммад табиб,Мавлоно Абдулхай Туний, Мавлоно Муҳаммад Муъин, Мавлоно Қутбиддин Одамлар иш юритишган.

Кейинчалик Ҳирот тиббий мактабидан шундай буюк табиб ва олимлар етишиб чиқадики, номлари қўшни давлатларда ҳам шуҳрат топади. Улар табобат илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшганлар.

Шаҳло ҒАНИЕВА

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x