Замонавий тиббиётда канакунжутнинг уруғидан олинган мойи ишлатилади. Уруғи заҳарли, таркибида кўп миқдорда мой, липаза ферменти, оқсил (шу жумладан, ўта заҳарли рицин), рицинин алкалоиди ва бошқа моддалар бор. Канакунжут мойи энг яхши сурги сифатида қўлланади. Бундан ташқари, у терини юмшатиш учун, гинекология ва жарроҳлик амалиётида ҳамда суртма ва бальзамлар таркибига қўшилиб, куйганни, яраларни, лейшманиозни даволашда ишлатилади, мойидан олинган ундецилен кислотасининг суртмаси (“ундецин”) дерматозлар, псориаз ва бошқа тери касалликларида қўлланилади.
Канакунжут ёғидан ўз ўрнида фойдаланилса бир қатор хасталикларга шифо бўлади.
Сўгалларни кетказиш учун кечқурун ётишдан олдин 20 дақиқа давомида канакунжут ёғи сўгалга суртилади.
Янги туғилган гўдакнинг киндиги тезда тузалмаётган бўлса, унда канакунжут ёғи суртиб турмоқ лозим.
Канакунжут ёғи ҳафтасига бир марта киприкларга суртилса, киприклар тез ўсади.
Аёлларнинг кўкрак безига канакунжут ёғи суртилса, сут ажралиши кўпаяди.
Гўдакнинг сочи секин ўсаётган бўлса, унинг бошига канакунжут ёғи сингдириб суртилади. Одатда бундай муолажа ҳафтасига икки марта қўлланилиб, кечқурун суртилган ёғ эрталаб ювиб ташланади. Сочнинг ўсиши жадаллашгач, бундай тадбир ҳафтасига бир марта қўлланиши мумкин.
Бавосил қийнаётган бўлса, тўғри ичакнинг ташқи қисмига канакунжут ёғи суртилади. У шиллиқ қаватни юмшатиб, даволанишга ёрдам беради.
Тик туриб меҳнат қилиш натижасида оёқлар зирқираб оғрийдиган бўлса, ҳафтасига икки маротаба уйқудан олдин оёққа канакунжут ёғи ишқаб суртилгач, устидан пахта матоли пайпоқ кийиб ётилади. Бундай муолажа қўллангач,оёқ териси майин тортиб нохуш оғриқлардан халос бўлиши мумкин
Танангизда яралар бўлса, канакунжут ёғини суртинг, ярадан халос бўласиз.
Шамоллаганда ёки бронхит билан оғриганда 1 ошқошиқ скипидар ва 2 ошқошиқ канакунжут ёғи аралаштирилиб, кўкракка енгил суртилгач, иссиқ мато билан ўралса тузалиш тезлашади.
Гулчеҳра УМАРОВА, доришунос.