Бурун-халқум муртак безининг катталашуви аденоид дейилиб, 2 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Баъзан катталарда ҳам кузатилиши мумкин.
Аденоид ўсиб катталашганда бурун-халқум гумбазини тўлдириши ва ён деворлари бўйлаб пастга, эшитиш найларининг халқум оғзигача тарқалиши мумкин.
ПАЙДО БЎЛИШ САБАБЛАРИ. Бурун-халқум муртаги тўқималарининг патологик ўсиши одатда мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларда, юқумли касалликлар билан оғригандан кейин пайдо бўлади. Масалан, скарлатина, дифтерия, қизамиқ, ангина, грипп каби касалликларнинг келиб чиқиши шу жараён билан боғлиқ.
Баъзида ирсий сабаблар, шунингдек тез-тез шамоллашлар, ота-оналарнинг ўз фарзандларининг чиниқишларига, спорт билан шуғулланишларига ва вақтида тиббий кўриклардан ўтишларига эътиборсизлик билан қарашлари ҳам аденоидларга имкон яратади.
АЛОМАТЛАРИ. Аввало бурундан нафас олиш бузилади, бола оғиздан нафас ола бошлайди. Бемор бўшашган ва паришонхотир бўлиб қолади.
Аденоид туфайли организмда кислород етишмаслиги рўй беради ва бунда қуйидаги ҳолатлар кузатилади:
- бош оғриғи;
- умумий мадорсизлик;
- уйқусизлик;
- тез-тез чарчаш;
- баджаҳллик;
- эшитиш қобилиятининг пасайиши;
- юқори жағ тишларнинг нотўғри ривожланиши.
ТУРЛАРИ. Аденоидлар уч даражада фарқланади: I даражада аденоидлар димоғ суягининг 1/3 қисмигача ёпиб туради, II даражада 1/2 қисмигача ва III даражада 2/3 қисмигача ёки деярли бутунлай бекитади.
I даражада аденоид боланинг уйғоқ пайтида бурундан нафас олишини сезиларли даражада қийинлаштирмайди, лекин уйқу пайтида веналарнинг қонга тўлиши туфайли уларнинг ҳажми озми-кўпми кенгаяди. Шунинг учун касаллик анамнезида боланинг ухлаш вақтида оғзи очиқ бўлиши аниқланса, бу аденоид борлигидан далолат бериши мумкин.
РИВОЖЛАНИШИ. Муртак ҳажмининг катталашиши шу даражага етадики, айрим ҳолларда бурун-халқум бўшлиғини, хоаналарини, эшитув найини, бурун халқумни тўлиқ эгаллаши мумкин. Бундай ҳолларда беморда, қулоқни тез-тез сурункали шамоллаши эшитиш қобилияти кескин пасаяди, товуш жарангдорлиги ўзгаради, манқалик, тери ва юмшоқ пардаларнинг оқариши содир бўлади.
Бурун орқали нафас олишнинг ўзгариши бузилишидан сўнг, бурундан доимо сероз суюқлик оқиб туради, бурун бўшлиғи тез-тез яллиғланиб синуситлар пайдо бўлади.
АСОРАТЛАРИ. Болаларда касалликлар узоқ давом этганда юз скелетининг ривожланишида бесўнақай бузилишларга олиб келади. Доимо осилиб турадиган пастки жағ тор ва чўзинчоқ бўлиб қолади, юқори жағда эса қаттиқ танглай нотўғри ривожланади. У баланд ва тор бўлиб шаклланади, тишларинг нотўғри жойлашиши туфайли прикус бузилади.
Аденоидлар нафас функциясига, мия қон айланишининг айрим механизмларига салбий таъсир қилади. Хотира заифлашиб ҳар хил нерв-психик ўзгаришларга олиб келади.
Бурун-халқум муртагининг гипертрофияси билан касалланган болаларда вақт ўтиши билан кўкрак қафаси шаклланишининг бузилиши (ғоз кўкраги), камқонлик, кўз тубидаги доғ ўлчамининг катталашиши кузатилиши мумкин.
ДАВОЛАШ. Консерватив даво ўткир шамоллаш вақтида қўлланилади, қолган ҳолатларда аденоид фақат жароҳлик усули билан олиб ташланади.
Консерватив усул муртаклар оз-моз катталашганда ёки операция қилиб бўлмайдиган ҳолларда қўлланилади. Беморга антигистамин препаратлар ва кальций глюконат буюрилади.
Катталашган муртаклар бурундан нафас олишни қийинлаштириб қўйганда операция зарур бўлиб, у кўпинча 5-7 ёшларда қилинади. Бироқ бурундан нафас олиш анча қийинлашганда, эшитиш қобилияти пасайиб кетганда ва аденоидлар туфайли бошқа патологик ҳодисалар рўй берганда аденотомия кўкрак ёшидаги болаларда ҳам амалга оширилади.
ЖАРРОҲЛИКДАН СЎНГ. Операциядан кейин болани болишли каравотга ёнбош билан 25-30 дақиқа ётқизилади, шу билан бир вақтда унга муз бўлакчасини ютиш ёки музқаймоқ ялашга рухсат берилади (бу тана ҳароратининг пасайиши ва қон кетишининг тезроқ тўхтатишига ёрдам беради).
Операциядан 2 соат кейин беморга суюқ, совуқ овқатлар берилади. Ўткир, иссиқ қовуриб пиширилган овқатлар, мурч, сирка қўшилган, шўр таомлар бериш мумкин эмас, чунки бундай вақтда бурундан қон кетиб қолиши мумкин. Шундай овқатланиш тартибига бемор 4-5 кун давомида риоя қилиши керак.
СОҒАЙИШ МАШҚЛАРИ. Аденоид олиб ташлангандан кейин бола бурундан тўлиқ нафас ололмайди. Чунки у узоқ вақт давомида оғзидан нафас олишга ўрганиб қолган бўлади. Шифокор ва ота-оналар кўмаги билан махсус “бурундан нафас олиш гимнастикаси” бир ой давомида бажариб турилса, бола бурундан тўлиқ нафас олишга ўрганади.
Бурун гимнастикасининг қуйидаги усули тавсия этилади:
1-машқ: бемор кўкрагини бироз чиқариб (тиришмай) ва қорнини бироз киргазиб, тўғри туради; (товонлар 90 даражали бурчак остида бирлашган). Бемор қўлларини кўкрак қафасининг қуйи қисмига тираб, оҳиста бурнидан нафас ола бошлайди, шу билан бирга, қорин олдинга қаппайиб чиқиб турмаслиги керак.
Нафас олиш вақтида қўллар остида қовурғалар айрилаётгани яққол сезилади. Нафасни бурундан аста чиқариш лозим.
2-машқ: бемор худди ўша ҳолатда турибди. Фақат қўлларини орқасига қилиб олган ва иккала кафтини билаштирган; қорнини имкон қадар ичкарироқ тортиш керак. Бурун орқали секин нафас олинади; бунда кўкрак қафаси кенгаяди ва ўпкалар бир маромда ҳавога тўлади. Шундан сўнг албатта бурундан оҳиста нафас чиқарилади.
3- машқ: бемор худди ўша ҳолатда, аммо кафтларини энсасига қўйган. Бунда бармоқларнинг учлари ўрта чизиққача бориб тақалган; бурун орқали чуқур нафас олиш билан бир вақтда аввал олдинга узатилган тирсаклар икки тарафга аста ёйилади. Секин нафас чиқарилганида, тирсаклар аста бошланғич ҳолатига қайтарилади.
4-машқ: худди ўша ҳолат, аммо қўллар икки ёнбошга эркин туширилган. Нафас олинганда, бадан билан 12-15 даражали бурчак ҳосил қилгунга қадар, қўллар оҳиста орқага ҳаракатлантирилади; шу вақтнинг ўзида, шошилмай, бемор оёқлари учида бироз кўтарилиб, иложи борича қорнини ичига тортиб, ўша вақтдаёқ кўкрагини шиширади. Нафас чиқарилганда эса, оҳиста бошланғич ҳолатга қайтарилади.
Ражаббой МАШАРИПОВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.