Аритмияда тезкор ёрдам

Юрак ритми маромининг бузилиши аритмия дейилиб, у хуруж қилганда ўз вақтида жиддий чора тадбирлар кўрилмаса оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Ҳамма аритмиялар юрак томон келаётган импульслар пайдо бўлиши ҳисобига юзага келади.

Аритмияларнинг мерцал (титроқ), экстрасистолик (навбатдан ташқари қисқарувчан), блокадалар (тўсиқли – ўтказувчан йўлдан импулс ўтмаслиги) ва пароксизмал тахикардия турлари энг кўп учрайди.

Юрак аритмиялари ичида юрак бўлмачасидан келаётган пароксизмал тахикардияларни ўрни ўзгача, яъни бунда юрак уриши ритмининг сони 1 дақиқада 160-220 маротабани ташкил қилади.

Хуруж пайтида хонани шамоллатиш, беморни ўтқазиб қўйиш, шифокор келгунига қадар унга кислород баллони орқали тоза ҳаво олишига кўмаклашиш, шунингдек, беморнинг руҳан осойишталигини таъминлаш, юзига совуқ сув пуркаш ва бошқа усуллар аритмия хуружини енгиллаштиради.

Пароксизмал тахикардия хуружи пайтида иккита бош бармоқ билан беморнинг иккала кўз олмасини 10-20 сония босиб туриш, бурунни бекитиб кучаниш амали, қаттиқ чимчилаш ва оғриқ бериш муолажалари энг тезкор усул саналади. Юзни совуқ сувга тиқиш, уйқу артерияларини уқалаш ҳам хуружнинг тезда ўтиб кетишига кўмаклашади.

Юрак аритмиясидан қутулиш кўп жиҳатдан беморнинг ўзига боғлиқ. Агар у вақти-вақти билан профилактик даво чораларини босқичма-босқич ўтса ва шифокор маслаҳатларига доимий амал қилса, албатта соғайиб кетади.

Спиртли ичимликлар ичиш ва тамаки чекиш мумкин эмас. Шўр, аччиқ, нордон ва уриниб қолган овқатларни истеъмол қилмагани маъқул. Эмоционал ва физик зўриқтирувчи ишларни бажармаслик керак. Тана ҳолатини тез ўзгартириш ва тез-тез нафас олишдан сақланиш муҳим.

Соғлом турмуш тарзига амал қилиш, тўғри дам олиш, вақтида овқатланиш, меҳнат ва уйқуни тўғри ташкил этиш, даволовчи гимнастика машқлари билан шуғулланиш муҳим шартлардан ҳисобланади. Аритмияга қарши шифокор тавсия этган дори воситаларини қабул қилишни унутмаслик керак.

Беморга асосан буғда, ёғсиз қилиб пиширилган енгил таомлар ва сут маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилиш, суюқликни камроқ ичиш тавсия этилади, овқатни кам-кам ва тез-тез ейиш лозим.

Семириб кетиш касалликни оғирлаштиради, бунинг олдини олишда врач билан маслаҳатлашган ҳолда даво гимнастикаси билан шуғулланиш, уйқудан олдин очиқ ҳавода сайр қилиш, кўпроқ пиёда юриш, енгил юмушларни бажарган ҳолда доимий ҳаракат билан банд бўлиш ҳам наф беради.

Ҳаммом ёки саунага тушиш аритмияга чалинган беморларга мутлақо мумкин эмас, шунингдек, улар ҳавонинг иссиқ кунларида ўзларини эҳтиётлашлари керак. Хасталикка об-ҳаво ўзгарувчанлиги ўз таъсирини кўрсатади. Бундай вақтда тинчлантирувчи ва юрак ишининг меъёрлашишини таъминлайдиган дори препаратлари (масалан, валокардин, корвалол, новопассит, арслонқуйруқ экстракти)ни ичиш даркор.

Касаллик туфайли уйқу бузилса, ётишдан аввал бир стакан илиқ сувга бир чой қошиқ асал солиб ичиш ёки ўн дақиқа очиқ ҳавода сайр қилиш лозим.

Бемор ҳаво ўтказмайдиган синтетик кийимларни киймаслиги, сиқиб боғланадиган қайишларни тақмаслиги керак, кўкракни ўта қисиб турувчи кийимлар дарднинг оғирлаштиришга сабаб бўлиши мумкин.

Доривор гиёҳлар (дўлана, лимонўт, наъматак) дамламаларидан ва табиий кўкатларни кўп ва тез-тез ичиб туриш профилактик чоралардан бири ҳисобланади. Наъматакдан шундай дамлама тайёрлаш мумкин: уч литрли термос ичига бир ҳовуч қуритилган наъматак меваси ва бир ҳовуч туршак солинг, устидан қайноқ сув қуйинг. Буни кечқурун бажарсангиз, эрталабга қадар дамлама тайёр бўлади. Наҳорда ярим стакан ичилади (кун давомида икки стакан ичилади (кун давомида икки стакан ичиш лозим), агар беморда қандли диабет хасталиги бўлмаса, термосга бир ҳовуч майиз солиб юбориш ҳам мумкин. Қаттиқ руҳий изтироблардан сақланиш даркор, чунки ўта руҳий толиқиш ёки руҳий тушкунлик пайтида дард хуруж қилиши эҳтимолдан холи эмас.

Абдуқаҳҳор ФОЗИЛОВ, профессор.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x