Тиреоид гормонлар ишлаб чиқарилиши учун керакли миқдордаги йод ташқи муҳитдан қонга тушмаса, у ҳолда, гипофизнинг тиреотроп гормони таъсирида қалқонсимон без ҳужайралари бўлиниб кўпая бошлайди, натижада без ҳажми катталашиб буқоқ пайдо бўлади.
Катталашган қалқонсимон безнинг шаклига қараб, буқоқ бир неча хилда (масалан тарқоқ, яъни диффуз, тугунли ва аралаш, фаолиятига кўра гипертиреоз – токсик, яъни фаолияти кучайган, гипотиреоз, яъни фаолияти пасайган ва эутиреоз ёки нотоксик, яъни фаолияти бузилмаган) фарқланади. Кўпинча, эндемик ҳудудларда тарқоқ ва аралаш шаклдаги, фаолияти жиҳатидан меъёрий ёки фаолияти пасайган буқоқлар учраса, спорадик буқоқлар асосан тугунлар ёки аралаш, фаолияти жиҳатидан эса токсик ёки нотоксик бўлади.
Тугунли нотоксик буқоқ онкологик нуқтаи назардан қаралганда энг хавфли касалликлар қаторига киради, чунки вақт ўтиши билан қалқонсимон без саратонига айланиб кетиши ҳам мумкин.
Эрта даврларда саратонга хос белгилар бўлмаслиги мумкин. Кўп ҳолларда, тугунли буқоқ қалқонсимон безнинг саратон касаллиги учун “ниқоб” бўлиб хизмат қилади. Шу сабабдан, тугунли буқоқлар саратон олди касалликлари қаторида саналади ва аниқланган вақтидан бошлаб, уларни дори-дармонлар билан даволашга ҳаракат қилинмасдан балки жарроҳлик йўли билан даволанади.
Буқоқ туфайли қалқонсимон без олиб ташланиши беморни анча қийнаб қўяди, яъни у операция вақтида кўп қон йўқотади, кейин эса мунтазам равишда дори-дармонлар ичиб юришига тўғри келади. Аммо барча зарур дорилардан фойдаланилсада, улар бари бир қалқонсимон без ўрнини босолмайди. Шунинг учун ҳам операциядан кейин бемор ўзини эҳтиёт қилиши ва маълум бир тавсияларга амал қилиб яшаши керак. Масалан офтобда кўп вақт тобланмаслиги, сауна ва ҳаммомлар ҳамда суви иссиқ ванналарда чўмилмаслиги, жисмоний ва руҳий зўриқишлардан сақланиб, оғир юк кўтармаслиги лозим. Бемор ўз кайфиятини кўтариш мақсадида кўнгилочар тадбирларда иштирок этса, ўз севган машғулот билан тез-тез шуғулланиб турса янада яхши.
Бундан ташқари, қалқонсимон безини операция қилдирган беморлар таркибида йод бўлган маҳсулотлар (денгиз балиғи ва денгиз маҳсулотлари, йодланган туз, ёнғоқ)ни камроқ истеъмол қилишлари керак. Чунки организмга тушадиган йодни ҳазм қилиб қайта ишлаб берадиган қалқонсимон без бўлмагач, йодли маҳсулотлар организмга оғирлик қилади.
Беморлар кальций ва витамин D га бой егуликлар (ёғсиз творог ва пишлоқ, тухум, ундирилган буғдой майсаси, ёғсиз гўшт ва балиқ, мева-сабзавотлар)ни истеъмол қилишлари лозим. Агар одам тез-тез қувватсизланиб лоҳасланса, кўп терласа, ҳавога боғлиқ бўлмаган ҳолда исиб кетса ё совуққотса, хотираси сусайиб иш қобилияти пасайса, ҳид ва таъм билиш сезгиси камайса, қўл-оёқлари увишиб қолаверса, оза бошласа ва юрак уриши тезлашса ўзига бепарво қарамасдан албатта эндокринологга мурожат этиши, аниқ ташхис қўйилгандан кейин унинг тавсиясига кўра муолажалар олиб туриши лозим.
Дилором НАЖМУДДИНОВА,
эндокринолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор.