САБАБЛАРИ. Туғма интранатал зотилжам (пневмония) туғруқ жараёнида (қоғоноқ суви ёки бола туғруқ йўлларидан ўтаётганида) бола ўпкасида юзага келади. Бу касалликни анаэроб бактериялар қўзғатиши ҳам мумкин. Постанал зотилжам эса кўпинча туғруқхонада, чақалоқлар патологияси бўлимларидаги ноқулай шарт-шароит оқибатида орттирилади.
Ҳомиладорликнинг оғир кечиши, сурункали ҳомила ичи гипоксияси, онада инфекцион жараёнларнинг кузатилиши, бош мия ичи шикастлари ва энцефалопатия, кўп бора ўқчиб қайт қилиш ҳамда ҳомиланинг чала ривожланиши ёки ўсишдан ортда қолиши каби ҳолатлар туғма зотилжамга сабаб бўлади.
Онанинг узоқ муддат сурункали дардлар билан қайта-қайта касалхонага ётиши, бемор ётадиган хоналарда санитария-гигиена қоидаларига амал қилинмаслиги, чақалоқлар хонасида малакали ҳамшира ёрдами етишмаслиги ва бошқа бир қанча сабаблар туфайли орттирилган зотилжам юзага келади. Болада зотилжам пайдо бўлишида онанинг жисмонан ва руҳан толиқиши, танасининг заҳарланиши, касалликка қаршилик кўрсатиш қобилиятининг сусайиши сингари омиллар сабабчидир.
КЕЧИШИ ВА АСОРАТЛАРИ. Туғма трансплацентар зотилжам боланинг жағ, мия ва буйракларини зарарлайди. Боланинг туғилиши оғир кечади, биринчи йиғисидан сўнг ҳансираш, ҳолсизлик, апноэ (нафас олишнинг вақтинча тўхтаб қолиши) хуружлари ва шишлар кузатилади. Туғилганидан бир оз муддат ўтиб жигар катталашуви сезилади, бироқ талоғи катталашмаслиги мумкин. Интранатал зотилжамда эса бола туғилганидан бир неча кун ўтиб, безовталик, ҳансираш ва ланжлик кузатилади. Биринчи ёки иккинчи кун охирига бориб тана ҳарорати кўтарилади, диарея, коньюктивит, отит, оғиздан кўпик келиши ҳоллари учрайди. Зотилжамга чалинган боланинг тана ҳарорати кўтарилади, эммай қўяди, кўп ухлайди ёки аксинча, ухлолмай безовталанади. Баъзида талваса тутади, юраги тез уради, онда-сонда йўталиши мумкин.
ДАВОЛАШ. Зотилжамга дучор бўлган кичик ёшдаги болаларни, албатта, болалар шифохоналарининг махсус бўлимларида даволатиш лозим. Катта ёшдаги болаларга эса уй шароитида даволашга рухсат берилади. Лекин бундай ҳолларда поликлиника шифокори ҳар куни бемор болани келиб, назоратдан ўказиши зарур. Беморнинг таомлари юқори калорияли, бироқ енгил ҳазм бўладиган, таркиби етарлича витамин ва минераллар билан тўйинган бўлиши керак. Ёғсиз мол гўшти, жигар, тухум, творог, сутли маҳсулотлар, сабзавотлар, яшил салат барги, ўсимлик ёғи, асал, олма сингарилар боланинг овқатида бўлиши тавсия этилади. Кўпинча касаллик даврида боланинг иштаҳаси йўқолади, бундай вақтларда уни мажбурлаб эмас, балки оз-оздан тез-тез овқатлантириш керак.
Боланинг тўлиқ соғайиб кетишида жисмоний машқлар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бошланишида болага эҳтиёт бўлиб оёқлар учун оддий бўлган гимнастик машқлар – букиш ва ёйиш, оҳиста айлантириш, шунингдек, нафас йўллари машқи – нафас олганда қўлларни кенг ёйиш ва нафас чиқарганда қўлларни бирлаштириш буюрилади.
Райҳон МУДАРИСОВА, педиатр, педагог.