Тишларни тўғри тозаланг

Марварид доналаридек ярқираб туриши учун тишларни доим парваришлаш лозим бўлади. Мунтазам тозаланадиган тишлар касалланмайди, узоқ йиллар хизмат қилади. Тиш ювишда паста ва чўтка танлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга… Хўш, қандай тиш чўткасини ишлатган маъқул?

Британиялик дантистларнинг изланишлари натижаларига кўра, электр чўтка оддий тиш чўткасига қараганда 21%га кўпроқ тишни карашлардан тозалайди ва 11%га кўпроқ милк яллиғланишининг олдини олади. Асосий фарқи шундаки, оддий қўл билан тозалаганда сиз ҳар доим бир хил одатий ҳаракатлар қилиб, тозаланиши қийин бўлган жойларни қолдириб кетишингиз мумкин. Хуллас, агар сиз барибир оддий тиш чўткасида тиш тозалашни афзал кўрсангиз, унда оғиз бўшлиғининг барча бурчакларига етадиган кичик бошчали, ўрта узунликдаги ва меъёрий қаттиқликдаги ворсинкали тиш чўткасини танланг.

Айтиш жоизки, тишларни тез ва пала-партиш ювиш кутилган натижани бермайди. Аксинча тишларни секин, шошмасдан тозалаш лозим. Паста суртилган чўтка билан ҳар битта тишни яхшилаб тозалашга ҳаракат қилинг. Кунига эрталаб ва кечқурун тишларни тозалаш камида 3-5 дақиқа давом этгани маъқул.

Лондондаги Қироллик коллежига қарашли Стоматология Институти мутахассислари овқатланиб бўлгач, дарҳол тиш ювишни маслаҳат бермайдилар, уларнинг тавсиясига кўра, агар мева шарбати ичсангиз ёки ҳўл мева есангиз, ундан кейин дарҳол тиш ювилса, мева кислотаси тиш эмалини юмшатади ва сиз ундаги фойдали моддаларни ювиб ташлашингиз мумкин. Демак, ҳўл мева ва шарбатлар ичгандан 1 соат кейин, бошқа овқатлардан егандан 0,5 соат сўнг (кислота–ишқор баланси меъёрлашгунча) тишларни ювиш мумкин.

Фторид (фтор бирикмаларидан иборат тиш пасталари) касалланишнинг олдини олади. Овқатланиш вақтида тиш эмалида минерал моддалар алмашинуви содир бўлади, шунда минерал моддалар билан тўйинишда фторидлар қатнашиши керак. Шу боис фторидлар концентрацияси 1350 ррm дан кам ва 1500 ррм дан кўп бўлмаган тиш пасталарини танлаш керак. (ррм – parts per million – миллионга нисбатан).

Тишларни истеъмол содаси ва бошқа маҳсулотлар билан чайиш мумкин эмас, бундай қилсангиз худди идишни металл тозалагич билан ишқалагандек бўласиз. Шунда қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тасаввур қилинг.

Тилни ҳам тозалаб туриш керакми, деб сўрайдиганлар бор. Америкадаги Мейо клиникаси мутахассислари оғиздаги ўлик ҳужайралардан, бактериялар ва овқат қолдиқларидан қутулиш учун, шунингдек оғиздан ёмон ҳидни кетказиш мақсадида тилни 1 кунда камида 2 маҳал, тиш билан бирга ювиш керак деб маслаҳат беришади. Америка стоматология ассоциациаси журналида тилни тозалаш ёмон ҳидни 70%га йўқотади дейилган. Аммо, кўпгина экспертларнинг айтишича, бундай тозалашнинг фойдадан кўра, ножўя таъсири кўп экан. Биринчидан, сиз қўпол ҳаракатлар билан тил юзасига шикаст етқазиб қўйишингиз мумкин (ўзингиз сезмаган ҳолда) ва инфекция киритишингиз мумкин. Иккинчидан, нотўғри “тозалаш” натижасида сиз бактерияларни тил терисига чуқурроқ киритиб, таъм сезиш қобилиятингизни йўқотишингиз ҳам мумкин. Умуман, агар сиз бу муолажа керак деб ҳисобласангиз, унда орқа томонида тил тозалашга мослаштирилган махсус резина билан қопланган тиш чўткасини ёки жуда юмшоқ ворсинкали тиш чўткасини танланг, сўнг тилни эҳтиёткорлик билан тозаланг.

Тишларингиз соғлом бўлса, тиш шифокорига 2 йилда 1 марта учранг. Ёш болалар ва 18 ёшгача бўлган ўсмирлар -1 йилда 1 марта боришлари керак. Аммо тишларингизда муаммо бўлса тиш шифокори маслаҳатига қулоқ тутиб, 1 йилда 2 марта учрашинг, бу соғлиғингиз гаровидир.

Дилфуза БЎРОНОВА,
Тошкент давлат стоматология институти доценти,
тиббиёт фанлари номзоди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x