Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида япониялик хирург биринчи маротаба хурракни жарроҳлик йўли билан даволаган эди. У 23 ёшли беморнинг танглайидаги юмшоқ тўқимадан бир қисмини олиб ташлаб, хурракдан халос этган.
Бундан маълумки, хуррак одатий ҳол эмас, балки касаллик хабарчиси, дея таъкидлашади замонавий шифокорлар. Қаттиқ хуррак отаётган кишининг нафаси бирданига тўхтаб қолиши мумкин экан! Умуман, хуррак отиш нафас олиш билан бирга кечади, уйқу яхши бўлмайди, натижада киши кун бўйи ланж бўлади, боши оғрийди, тез-тез асабийлашади, қувватсизланади.
Бир гуруҳ олимлар хурракнинг сабабларини аниқладилар. Уларнинг кузатишларича, бурун ичидаги ўсимта (полип)лар, муртак безларининг катталашиши, бурун бўшлиғининг яллиғланиши ёки киши семириб кетиши оқибатида хуррак отиш одати пайдо бўларкан. Баъзан болалар ҳам уйқусида хуррак отадилар, бу уларнинг бурун ёки нафас йўлларидаги безларнинг катталашуви сабабли юз беради.
Хурракнинг олдини олиш учун аввало семириб кетишдан сақланинг. Чалқанча эмас, ёнбошлаб ухланг. Уйқудан олдин спиртли ичимликлар ичмаган маъқул, чекишни ҳам ташланг. Ухлатувчи дориларни қабул қилманг, чунки улар мушаклардаги ҳаётий фаолликни сусайтиради, бу эса хурракка сабаб бўлиши мумкин. Бордию, бир неча кун ухлай олмай, нафас олишингиз оғирлашаётганини сезсангиз,ЛОР шифокорига мурожаат этинг. Ана шундагина хурракнинг олдини олган бўласиз.
Улуғбек ЭРГАШЕВ,
тиббиёт фанлари номзоди.