Иш жойи қандай ёритилиши керак?

Киши 90 фоиз ахборотни асосан кўзлари орқали олади. Демак, ҳар бир корхонада меҳнат жойи ёритилишини меъёрда ташкил қилиш кишилар саломатлигини таъминлайди, шунингдек марказий асаб тизими фаолиятининг яхшиланишига ёрдам беради. Ёруғлик етарли бўлмаса иш вақтида техника ва ускуналарнинг майда қисмларини кўз илғамай қолиши натижасида бахтсиз ҳодисалар содир бўлиши мумкин.

Ишлаб чиқариш шароитида ёруғлик ишчи-ходимлар саломатлигига зарар етказмаслиги учун у кўзни зўриқтирмайдиган бўлиши ва иш вақтида хонанинг ҳамма қисмларига бир текис тақсимланиши лозим. Аниқроқ айтганда, ёруғлик нурлари кўзга тўғридан-тўғри тушмаслиги керак.

Ёруғликнинг спектрал таркиби шундай танланиши керакки, натижада киши атрофдаги нарсаларнинг рангларини тўғри қабул қилсин. Иш жойларида кескин ажралиб турувчи соялар мавжудлиги ҳам салбий таъсирга эга. Бундан ташқари иш жойлари билан атрофдаги муҳитнинг ёритилганлиги ўртасида жуда катта фарқ бўлмасин. Акс ҳолда киши кўзини бир шароитдан иккинчи шароитга тез-тез ўзгартириб туриши натижасида кўзининг аккомодация (мослашувчанлик) хусусияти бузилиб, кўриш аъзоларида тез толиқиш рўй беради.

Табиий ёруғлик, сунъий ёруғлик…

Табиий ёруғлик манбаи қуёш бўлса, сунъий ёруғлик манбаи электр энергиясидир. Сунъий ёруғлик чўғланма ва люминесцент лампалар орқали амалга оширилади. Табиий ёруғлик бинонинг ён томонидан (деразалар), юқоридан (бунда ёруғлик шедлар орқали) ва комбинациялашган, яъни ҳам ён, ҳам юқори тарафдаги деразалар орқали ёритилади. Иш жойлари кундуз куни фойдали табиий ёруғлик билан ёритилишига алоҳида аҳамият бериш керак.

Агарда бир ҳил ёруғлик оқими берувчи лампалар цех базаси бўйича бир текис ўрнатилган бўлса, буни тенг тақсимланган умумий ёруғлик дейилади. Бордию лампаларнинг ўрнатилишида ёруғлик оқими кўпроқ иш жойларига ёки бошқа зарур участкаларга йўналтирилиб ўрнатилса, бу умумий локаллаштирилган ёруғликдир.

Сунъий ёруғлик ўзининг вазифаси бўйича иш ёруғлигига, яъни корхонада технологик жараён меъёрда бориши учун зарур ёруғлик, авария ҳодисалари вақтида ишлатиладиган ёруғлик ва махсус ёруғликка бўлинади. Авария ҳодисаларидаги ёруғлик ишчиларни эвакуация қилиш ва айрим ҳолларда муҳим ҳудудларда ишни давом эттириш учун ишлатилади. Бу шундай ҳолатки, иш ёриткичи ўчса, портлаш, ёнғин, жароҳатлар содир бўлиши ва технологик жараён узоқ муддатга ишдан чиқиши мумкин. Шундай ҳоллардаги (яъни авария режимидаги) ёритиш иш ёруғлигининг меъёрдан 5 фоизи, шу билан бирга цехларда ва хоналарда 2 лк (люкс)дан ва ташқарида 1 лк дан кам бўлмаслиги керак.

Ишчиларни эвакуация қилишга мўлжалланган ёруғлик хоналарда камида 0,5 люкс, ташқарида 0,2 люксдан (айниқса зиналарда ва йўлакларда) кам бўлмаслиги шарт. Бунинг учун чўғланма лампалар ва люминесцент лампалар ишлатилади. Авария ҳодисалари учун ишлатиладиган ёруғлик тизими алоҳида манбадан таъминланиши керак.

Табиий ёруғлик билан цехларни ёритиш мунтазам бир хилда кечмайди. Чунки метериологик шароитлар, йилнинг фасли ва бошқа бир қанча омиллар бунга халақит беради. Демак, цехларда табиий ёруғликни миқдорий жиҳатдан меъёрлаштириб бўлмайди. Табиий ёруғлик коэфиценти деразаларнинг ўлчамлари, ойна турлари, уларнинг ифлосланиши ҳамда ёруғлик ўтказиш қобилиятига боғлиқ.

Чўғланма ва люминесцент лампалар

Ҳозирги пайтда сунъий ёруғлик асосан икки хил лампалар – чўғланма ва люминесцент лампалар орқали амалга оширилади.

Чўғланма лампаларнинг фойдали иш коэффиценти кичик (3-7%), уларга келадиган энергиянинг жуда озгина қисми ёруғликка, асосий қисми эса иссиқлик энергиясига айланади. Бу лампалар спектри қуёш спектридан кескин фарқ қилувчи ёруғлик беради, шунинг учун бу лампалар ишлатилган ерларда кишининг рангларни фарқлаш қобилияти сусаяди. Лекин бу лампалар тузилишининг оддийлиги, хоҳлаган қувватда ишлаб чиқариш мумкинлиги сабабли кенг миқёсда қўлланилмоқда. Лампаларни ёрдамчи цехларда, фонарсиз биноларнинг техник этажлари, вентиляция камераларида ва кондиционерлар жойлашган хоналарда қўллаш мақсадга мувофиқдир.

Люминесцент лампалар табиий ёруғлик спектрига яқин спектрда ёруғлик тарқатади. Бу ишчилар кўзини камроқ толиқтиради, рангларни идрок қилиш қобилияти ортади. Лампаларнинг электр энергиясини тежашда ҳам афзалликлари бор. Чўғланма лампаларга қараганда ёруғлик чиқарувчи юзалари катта бўлгани учун кўзни қамаштириш қобилияти кам. Люминесцент лампалар паст ва юқори босимли қилиб тайёрланади. Лекин люминесцент лампалар камчиликлардан ҳам холи эмас. Яъни, ёруғлик оқимининг пулсацияли тарқалиши люминесцент лампаларнинг камчилигидир. Бу биринчидан ишчиларнинг физиологиясига салбий таъсир қилса, иккинчидан, страбоскоп тасаввур ҳосил қилади. Бу шундай ҳодисаки, машина ва дастгоҳларнинг ҳаракатдаги қисмлари тўхтаб турган, секин айланаётган ёки нотўғри ҳаракат қилаётган бўлиб туюлади. Бу эса қўшимча хавф-ҳатар туғдиради. Бундан ташқари радио тўсиқлар пайдо қилади, яъни товушнинг тиниқ эшитилишига ҳалал беради ва айрим пайтларда шовқин чиқариб ишлайди.

Қандилларни тўғри танланг

Ёруғликни тўғри тақсимлашда қандилларнинг аҳамияти катта. Уларнинг афзалликларидан бири шундаки, ишловчиларнинг кўзига лампалардан чиқаётган нурларнинг тўғридан-тўғри тушишидан сақлайди. Кўзга нур тўғридан-тўғри тушганда кўз қамашиб, равшанлик катта бўлганда маълум вақтгача кўз олди қоронғулашиб буюмлар ёмон кўринади ёки кўринмай қолади.

Ёруғлик манбаларининг кўзни қамаштириш ҳусусиятини камайтириш қандилларнинг ҳимоя бурчагига боғлиқ. Ҳимоя бурчаги – қандилларнинг пастки қиррасининг горизонтал чизиғи билан лампанинг қиздириш чизиғидан қарама-қарши томонга ўтказилган нур орасидаги бурчакдир.

Конструкцияси бўйича қандилларнинг очиқ, ҳимояланган, ёпиқ, чанг ўтказмайдиган, портлаш хавфидан ҳимояланган турлари мавжуд.

Қандилларнинг махсус турларидан бири ҳисобланган тирқишли световодлар алоҳида эътиборга лойиқ. Булар портлаш хавфи бор корхоналарда ишлатилади.

Хуллас, иш жойларининг меъёрдагидек ёритилиши ишчи хизматчиларнинг тўлақонли меҳнат қилишига имкон яратади, иш унумдорлигини оширади, хизмат вақтида рўй берадиган хавф-хатарнинг олди олади.

Иш жойлари қандай ёритилганлигини аниқлаш учун замонавий ўлчов аппаратлари мавжуд. Шу мақсадда эндиликда янги НТ307 ва HioKi (Япония) рақамли люксметрлар ишлаб чиқарилиб, амалда кенг қўлланилмоқда.

Владимир АСТАФЬЕВ,
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Санитария ва эпидемиология
назорати марказининг етакчи мутахассиси.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x