Сенинг дардинг — менинг дардим

Эл оралаган эл билади бу донишманд элимиздан нақл.

Элининг дардини, тутумини, ўй-фикрини, орзу-истагини билган киши эса эл деган вужуднинг бир аъзосига айлана боради.

Тасаввур қилинг, оддий бир ишчи бетоб бўлиб қолди, уни кўргали раҳбари келди. “Ҳолингиз қандай, нима ёрдам керак?” деди. Ишчи учун шунинг ўзи етарли. Кўнгли тоғдек кўтарилади, энди тезроқ соғаяди, ишга қайтганида яхшироқ ишлайди. Энг муҳими, раҳбарининг одамшавандалигини бир умр унутмайди, гапириб юради.

Отам тўқсон ёшида ҳам тетик, бақувват эди. Пахтанинг қадри инсондан ҳам баланд турган шўро замонида катта йўлларнинг бўйидаги симёғочларга “Териб ол” деган қутилар осиб қўйилар, йўл четидаги тўкилган пахталар ўқувчиларга тердирилиб ўша қутиларга солинарди. Уйимиз катта йўлга яқин эди.

Бир куни қишлоғимиздаги каттаю кичикни бир жойга йиғадилар. Жўрабой Тишлиқов деган киши колхоз раиси эди. Йиғилганлар орасидан отамни топиб ёнига чақиради. “Ҳар тонгда мана шу отахоннинг йўл четидаги тўкилган пахтани териб юрганини кўраман. Сизни бу юмушга ким буюрди?” деб сўрайди. “Бекорчиликда эрмакда бўтам, ноннинг увоғиям нон деганларидай пахтанинг ҳам уволи бор” жавоб беради отам. Раис хурсанд бўлиб ҳамманинг олдида отамга бир жуфт пойафзал ҳадя қилади. Шу баҳона кейинчалик ҳамма кекса отахонлар йўл бўйидаги пахталарни териш ташаббуси билан чиқадилар. Раисни ҳамма ўшанда кўрган, яхши, эътиборли одам сифатида ҳамон эслаб юришади. Отам “машинасидан тушиб мен билан кўришдия, камсуқум экан, барака топсин” деб умрининг охиригача шу одамни алқаб ўтди.

Бу бир раҳбарнинг бир одамга йўл-йўлакай эътиборига кичик мисол, холос. Агар ҳамма раҳбарлар халқ билан доимо юзма-юз бўлса, уларни тингласа, муаммоларини ҳал этишга кўмаклашса, эл дардини ўзиники деб билса одамларнинг давлатга, жамиятга ишончи ортади.

Эли билан ҳар нафасда бирга бўлган, дардини, қувончини ўзиники деб билган ҳар қандай раҳбар халқнинг дуосидан бебаҳра қолмайди. Кўпчиликнинг кўл дуосидан унади, ўсади, номи мангуликка дахлдор бўлади. Буни тарихга бир назар ташлаган одам яққол кўради. Давлатимиз раҳбари элпарварлик, халқпарварлик туйғулари йўғрилган нутқида ана шуларга эътиборни қаратди. Халқнинг “тили учида турган”, кўнглидан кечаётган ўйлар Президентимиз томонидан айтилди. Нафақат айтилди, халққа муносиб турмуш шароити яратиш, ҳаёт даражасини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами янада кенгайтирилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Юртимизда кескин ўзгаришлар даври бошланди. Энди кўпчилик бир кишининг қабулида сарғайиб турмайди. Муаммолар, камчиликлар йиллаб занглаб ётмайди. Раҳбар шахслар халққа бўлган эътибори ва қилаётган хизматлари учунгина ана шу мансабда эканликларини англаб етадиган вақт келди.

“Туман ҳокими неча марта алмашган бўлса шу пайтгача бирортасини кўрмаган эдик, энди бунисини кўрдик”.

“Банк ходимлари тадбиркорлик қилмоқчи бўлсангиз марҳамат кредит берамиз” деб эшигимизни тақиллатиб келишди”.

“Кексаларни ўйлаб чиқарилган қарорни ўқидингизми, ана эътибор, мана эътибор”.

“Янги қурилаётган арзон уй-жойлар ҳам шинам, қулай, бизбоп экан, ўшандан олмоқчимиз”.

“Ҳоким маҳалламизга келиб қабул ўтказди. Қанча одамларнинг муаммолари шу ернинг ўзида ҳал бўлди қўйди”.

Бугун эл оғзида ана шундай гаплар. Бугун давлат органлари халқ билан юзма-юз бўлиб кўпчиликнинг кўнглидаги гапларга қулоқ тутаётир. Муаммоларнинг жойида ҳал қилинишига эришилаётир. Очиқ мулоқотлардан кўзланган мақсад эса инсон манфаатидир.

Самарали меҳнат қилиш учун зарур шароитлар яратиш, муносиб иш ҳақи тўлаш, сифатли таълим ва тиббий хизмат, дам олиш учун имтиёзлар, замонавий уй-жойларга бўлган эҳтиёжни қондириш айнан ана шу мақсадларда қилинаётган саъй ҳаракатлар сирасига киради.

Ота-боболаримиз кўпчилик, эл манфаатини ўйлаб қилинган эзгу ишларни бир сўз билан “савоб” деб атаганлар. Мактаб, йўл, кўприк қурганлар, илм тарқатганлар, китоб ёзганларни алқаганлар. Юртимизда элнинг, ҳар биримизнинг манфаатимиз учун қайғуриб эзгу, савоб ишлар қилинаётган экан унда ҳаммамиз иштирокчи бўлишимиз зарур. Меҳрнинг жавоби муҳаббат бўлади.

Жойларда халқ билан мулоқотлар давом этар экан, унда фақат муаммолар, камчиликлар ўртага ташланмайди. Унда таклифлар, маслаҳатлар бўлади. Халқ билан маслаҳатли қилинган ишларнинг оқибати эса хайрлидир.

Жон ўрнида жоним элим,
Сендан айро эмас йўлим,
Айиради фақат ўлим
Сенинг дардингменинг дардим.

Баҳор ХОЛБЕКОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Сирдарё вилояти.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x