Қалб уйини ёритгай, китоб

Давраларга дадил кириб бориб, турли мавзуларда бемалол суҳбат қура оладиган билимдон кишини кўрсак “кўп китоб ўқир экан”, деган хаёлга борамиз ва бу инсонга нисбатан ҳавасимиз ортади.

Аудиториядаги маърузаларда ўз фикрларини аниқ-тиниқ баён этадиган йигит ёки қизга меҳримиз товланади. Чунки у кун бўйи кутубхонада вақт ўтказади.

Фарзанду набираларининг сўроқ-саволларига ҳеч тутилмай жавоб қайтарадиган бобо ёки бувига нисбатан ҳурматимиз баланд бўлади. Негаки улар улуғ ёшда ҳам китобни қўлларидан қўйишмайди. Гап-гаштакларга бораверишдан кўра, китоб ўқишни афзал биладилар.

Китоб дўконларини эринмасдан айланиб фарзандларига турли китоблар харид қилаётган ота-оналарга ҳар қанча илиқ сўзлар айтсак арзийди. Улар ўғил-қизларининг порлоқ келажагига ҳозирданоқ замин тайёрлашмоқда.

“Мен бемор дардини аниқлаб, кўнглига йўл топиш сирларини китоблардан ўқиб-ўзлаштирганман” дейди таниқли невропатолог шифокор.

Ҳаётнинг асл ҳикматларини фақат китоб ўқибгина теран англаш мумкин. Чунки китоб ҳам сермазмун ҳикмат, ҳам чиройли ўгит, ҳам руҳий қувват ўрнидадир. Барча даврларда ҳам китобнинг қадр-қиммати жуда юқори бўлган.

Бир ривоят эшитгандим. Қадимда бир оқил подшо ўтган экан. Фуқароларидан бири унга арз қилиб, уйидан чиройли ўткир ханжари ва боболаридан мерос қолган китоби йўқолганини айтибди. Шунда подшо халойиққа эълон қилибди:

– Ханжарни топганга минг тилла, китобни топганга икки юз тилла мукофот бор!

Буни эшитган одамлар “Наҳотки подшоҳимиз ақлли ва зиёли бўла туриб ханжарни китобдан устун қўйса-я” деб ажабланишибди.

Подшо шу каби саволларга ўзи аниқлик киритиб, дебди:

– Ханжарни олган одам уни ёмонлик йўлида ишлатиши мумкин, шунинг учун тезроқ қайтариб олмоқ лозим. Китоб эса кимнинг қўлига тушмасин, у фақат инсонларга маърифат туҳфа этади, бундан кўнглим тўқ.

Одамлар ўз подшоларининг ақл-заковатига яна бир карра таҳсинлар айтишибди.

Дунё психологларининг аниқлашича, кўплаб китоблар инсон руҳиятидаги айрим носозликларни даволаб юборар экан. Масалан, мумтоз асарлар китобхонга анча фойдали фикрлар беради, ўзгалар хатосидан хулоса чиқаришга ўргатади. Шунингдек кўҳна асарлар кишига стресс ҳолатлари, неврозлардан тузалиш имконини яратади.

Диққатни тўплаш, мантиққа асосланиш, сабрли ва кузатув ҳислатларини ривожлантириш учун саргузашт асарларини мириқиб ўқиган маъқул экан. Айниқса, бундай асарлардаги чигал сюжетлар ўқувчини ғамгинлик ҳолати ва турли муаммолардан чалғитади. Психозлар ва бошқа руҳий нотинчлик ҳолатларида саргузашт воқеаларни ўқиш тавсия этилади.

Одамни эртанги кунга умид билан қарашга ўргатадиган шеърий асарлар айни вақтда кишининг ўз кучига ишончини оширади. Депрессия ҳолатларида кўпроқ шеърлар ўқиш лозим. Шеър ўқиш инсультдан кейинги тикланиш учун логопедик машғулотларга қўшимча муолажа сифатида тавсия этилади.

Неврологларнинг айтишича, китоб ўқиш мияни машқ қилдиришнинг ўзига хос усулидир. Янги ахборот қабул қилинганда миянинг қисқа ва узоқ вақтли хотира учун жавоб берувчи соҳалари орасида янги алоқалар шаклланади. Ўқиш жараёнида ҳис-ҳаяжон қўзғатувчи тизим ишга тушади. Яхши китоб ўқигандан сўнг одамнинг умумий руҳий фаоллиги ошади. Бу тушкун ҳолатдаги оғир беморлар реабилитациясида айниқса муҳимдир.

Кўп китоб ўқийдиган киши рўй бераётган ҳар бир воқеадан ҳаётий хулосалар чиқара олади, илми ва донолиги билан ҳурмат-иззат топади. Демакки, китобнинг қудрати бениҳоя улкан. Ҳаёт ҳикматларини ўзида жамлаган буюк кучдир, китоб. У қалб уйини доимо чароғон этиб туради.

Дилобар КЕНЖАЕВА, журналист.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x