Киши узлуксиз меҳнат туфайли доимий толиқишни ҳис этса, аҳволи ҳавас қилгудек бўлмайди. Бунинг олдини олмоқ учун бир қанча профилактик чораларни қўллаши керак. Масалан кундалик тартибга қатъий риоя этиш, яъни ўз вақтида овқатланиш, ухлаш, меъёрида жисмоний ҳаракат қилиш фойда беради.
Маслаҳат шуки, очиқ ҳавода пиёда сайр қилинг, сув муолажаларидан фойдаланинг (ҳар куни душ ёки ванна қабул қилинг ёки бассейнда сузинг). Таомлар оқсилга бой бўлсин, шифобахш ўтлардан тайёрланган дамламаларни ичиб туринг. Сут маҳсулотлари, кўпроқ мева-сабзавот истеъмол қилиш организмга қувват беради, қабзиятга йўл қўймайди, ичакларни тозалашга ёрдамлашади.
Руҳий изтироблар ва стресслар ҳам киши саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, кўплаб хасталикларни келтириб чиқариши маълум. Шунинг учун киши ҳаёти давомида психопрофилактика билан шуғулланиб туриши керак. Кўнгилсиз муаммолар бўлганда асло ёлғиз қолмасликка ҳаракат қилинг. Сизга хайрихоҳ бўлган инсон билан муаммоларингиз ҳақида ўртоқлашинг. Суҳбатдошингиз маслаҳатлари гарчи унчалик катта аҳамиятга эга бўлмаса-да унинг чин кўнгилдан сизга ёрдам кўрсатишга интилиши, хайрихоҳлиги муҳимдир. Бундай суҳбатдош ўртоғингиз, отангиз, онангиз, яқин дўстингиз ёки умуман нотаниш инсон, йўловчи ҳамроҳингиз бўлиши мумкин.
Муаммолар қанчалик кўп бўлмасин, уй юмушлари ёки хизматдаги ишлар билан шуғулланиб ўзингизни бироз чалғитинг. Ҳеч қачон атрофингиздагиларга ёмон кайфиятингизни сездирманг, ақл билан иш юритинг, жаҳлга эрк берманг. Яхшиси бундай вақтда сукут сақланг ва вазиятни яхшилаб ўрганиб чиқинг. Шунда сиз яна бошқа кўнгилсизликларнинг олдини оласиз. Жисмоний меҳнат ёки бирор жисмоний машқ билан шуғулланинг, чунки жисмонан толиқиш жаҳлдан тушишда ёрдам беради.
Уйқу бузилиши киши организми фаолиятига ёмон таъсир кўрсатади. Шундай экан, аввало, уйқу бузилиши сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш лозим. Уйқу бузилишини даволашда кундалик режимга, соғлом турмуш тарзига риоя қилмоқ зарур. Кечки овқатланиш соат 18-19 лардан ошмаслиги, асаб тизимини қўзғатувчи қаҳва, қуюқ дамланган қора чой ичмаслик керак (кўк чой ичиш мумкин). Уйқудан аввал тоза ҳавода сайр қилиш, телеэкранда ваҳимали кинофильмлар кўрмаслик, албатта мобил телефонни ўчириб қўйиш даркор.
Кўпчилик эрталаб душ қабул қилса кун бўйи бардам юради, айримлар эса кечқурун ётишдан олдин илиқ ваннага тушса мириқиб ухлайди, дори-дармон ичишга зарурат қолмайди. Бир чойқошиқда асал қўшилган қайноқ сут ичиб ётиш ҳам уйқуни яхшилайди.
Турмуш ўртоғингиз, оиладагилар ва дўстларингиз сизни танқид қилишса, уларни ўзгартиришга уринманг, хато қиласиз. Инсонларни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилинг. Ўзгаларнинг ишларига аралашманг. Инсонларнинг фақат яхши хислатларини эсланг ва суҳбат давомида айнан шу томонларига аҳамият беринг. Мақтов сўзларини айтишга ўрганинг, чунки илиқ ва самимий гаплар ҳаммага маъқул келади.
Сиз доимо тетик ва соғлом кўринишни истасангиз қаддингизни баланд тутинг, ён-атрофдагиларга кулиб қаранг, олдинда яхши кунлар кўплигига ишонинг. Унутмангки, ҳар гал уйқудан олдин ҳаётингиздаги энг ширин онларни эсланг, бу кайфият соз бўлишига кўмаклашади.
Суннатулло ТОЛИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш
аълочиси, шифокор.