Эргономика нима?

Хонада бола эркин ҳаракат қилиши, ўйнаши, яхши дам олиши ва дарс тайёрлаши учун жиҳозлар унинг ёшига мос тарзда ўрнатилиши муҳим аҳамиятга эга. Унутманг, таъмирлаш даврида девор рангларини тўғри танлашдан тортиб, мебелларни тўғри жойлаштиришгача ҳамма-ҳаммаси нафақат хонанинг шинам кўринишига, балки боланинг соғлом ўсишига ҳам хизмат қилади.

Эргономика атамаси авваллари ишлаб чиқаришга оид бўлиб, «ишчининг соғлиғини муҳофазалаш, хавфсизлик ва меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида ҳамма нарса қулай, қўл остида, тоза бўлиши учун иш жойини илмий асосда ташкил этиш» маъносини билдирарди. Кейинчалик уй қурилишида, таъмирлашда, хоналарда маиший-техник ҳамда электр жиҳозларини ўрнатишда, мебелларни тўғри жойлаштиришда, хуллас хонадонда мукаммаликни вужудга келтиришда эргономика сўзини қўллаш русум бўлди.

Демак, эргономиканинг асосий жиҳатлари қуйидагича:

Хавфсизлик

Маълумки бола ўйнаб юриб, кўп йиқилади. У қаттиқ лат емаслиги учун болага стол, шкаф, каравот олаётганда четлари қиррали бўлмаган, айлана шаклдаги, юмшоқ предмет билан қопланган, хавфсиз, қулай жиҳозлар сотиб олиш мақсадга мувофиқ. Уларнинг орасидан ўтадиган жой камида 60-80 см бўлиши керак. Хонада чироқлар ва электр симлари боланинг қўли етмайдиган ва кўринмайдиган тарзда ўрнатилиши шарт. Вақтинча ишлатилмаётган розеткаларга албатта пластмасса қопқоқлар ўрнатинг.

Экологик тоза бўлсин

Бола учун диван-каравот, матрас, кўрпа-тўшак сотиб олаётганда (имкон бўлса мебелнинг ҳам) таркибига эътибор беринг, улар қанчалик экологик тоза хом ашёдан тайёрланган бўлса шунчалик соғлиққа зарарсиз ва сифатли бўлади. Лекин жуда қиммат нархдаги жиҳозлар ҳам олманг, чунки бола беихтиёр унга бўёқ текказиши, чизиши ёки қириши мумкин. Жуда арзонига ҳам алданиб қолманг, чунки арзон маҳсулот таркибида синтетик ашё кўп бўлиши мумкин.

Ёшига мос шкаф танланг

Бола шкафдан мустақил нарса олиб, кейин жойига қўйиши осон бўлса, у тез тартибга ўрганади. Хонада ортиқча нарсалар ёйилиб ётмайди. Шкаф ичидаги хоначаларга (полкаларга) мос келадиган енгил қутилар ясаб беринг. Қутилар турли рангда бўлса, бола уларга нарсаларни солишда адашмайди, кийимларини, ўйинчоқларини алоҳида-алоҳида сақлашга одатланади.

Ранглар ҳақида ўйланг

Болалар учун мўлжалланган хонада: девордаги гулқоғоз, дераза пардаси ҳамда кўрпа-тўшаклар (катта ҳажмда бўлгани учун) эътиборни кам тортадиган; ўртача ҳажмдаги жиҳозлар, масалан шкаф ва стол мўътадил рангда; кичик-кичик деталлар эса, мисол учун стул, табуретка, тумбочка, тортма, қути ва бошқалар (кўзга тез ташланиши учун) ёрқин рангларда бўлгани маъқул.

Зеҳни ўткир бўлади

Бола ўйнаб ўтирганда ҳаёлан турли жойларда бўлади: коинотда, космик кемада, ўрмонда, жанг майдонида, танкда, денгизда, кемада, хуллас фантазиясининг поёни йўқ. Агар хонада расм чизиш учун катта қоғоз, бўёқ, кист ёки доска ва рангли бўрлар «доим шай» турса, бола ҳар куни расмлар чизади, беихтиёр, ўзи билмаган ҳолда ақлини чархлаб боради.

Соғлом, кучли бўлиши учун

Албатта турник ясаб беринг. Кўзга ташланадиган, қулай жойда турник бўлса, дарс қилиб чарчаганда, у ёқдан бу ёққа ўтганда бола турникка осилаверади. Натижада қўл пайлари яхши ривожланади, танада қон айланиши фаоллашади, умуртқа поғонаси чўзилиб, бўйи яхши ўсади.

Алоҳида ҳудудлар

Жиҳозларни жойлаштираётганда боланинг хонасини уч қисмга: ўйнайдиган, дарс тайёрлайдиган ва ухлайдиган ҳудудга тақсимлаб ўрнатиш унинг интизомига ҳам ижобий таъсир қилади. Агар бу жараёнда фарзандингиз ҳам фаол қатнашиб, нарсаларни ўзига қулай қилиб олса, шу хонанинг эгасидек ҳис қилади ва масъулияти ортади.

Омон ХОЖИМУҲАМЕДОВ,
муҳандис.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x