Орттирилган эндометриоз

Эндометриоз (бачадон шиллиқ қавати бўлмиш эндометрийнинг атрофдаги тўқималарга ўсиб кириши) аёллар касалликлари ўртасида учраши бўйича юқорироқ ўринда туради. Эндометриоз кўпинча орттирилган бўлади. Операция вақтида ёки қорин бўшлиғи атрофида нотўғри муолажалар ўтказилганда (масалан, шифокор рухсатисиз қорин бўшлиғини массаж қилишда, буғлаш, иссиқлик қилиш ва бошқаларда) эндометрий жойидан кўчиб, тананинг бошқа жойига ёки жинсий аъзоларнинг бошқа қисмига тушади ва у ерда вақтивақти билан (ҳайз олдидан ва ҳайз пайтида) суюқлик чиқариб туради. Бу орттирилган эндометриоздир.

Касалликни даволаш учун, аввало, дард сабабини аниқлаш керак. Шу мақсадда кичик чаноқ аъзолари ҳайзнинг 5-7 кунларида ва 20-22 кунларида УТТ ёрдамида текширилади ва магнит резонансли томография орқали эндометриознинг “кичик” соҳаларини аниқлаш мумкин. Бачадон рентгенда кўрилади, кўрсатма асосида биопсия қилинади. Касалликнинг бир қанча турлари эндометриоз ўчоқлари жойлашишига қараб фарқланади.

Жинсий аъзо эндометриозида жинсий аъзо билан қовуқ ёки тўғри ичак ўртасида дўмбоқчалар ҳосил бўлади, қайталаб турадиган қон оқишлар туфайли эндометриомалар қора-қўнғир тусга киради. Борган сари кўп қон йўқолавергач, аёлнинг аҳволи ёмонлашади, камқонлик кузатилади. Шунингдек ёт тўқиманинг ривожланиши чандиқлар (битишма) ҳосил бўлишига ва физиологик жараёнларнинг бузилишига олиб келади.

Ўсимликнинг узун илдизи ҳар томонга тармоқлаб кетганини тасаввур қилинг. Эндометриозда бачадон шиллиқ қавати ҳам худди шу сингари мушак қават ҳужайраларига, тухумдон, бачадон найлари, баъзан эса сийдик пуфаги ва ичакка ўсиб киради. Қон билан тўлган айрим пуфакчалар (эндометриомалар) ўз атрофидагиларга “пайвандланиб”, аста-секин кўп жойни эгаллай бошлайди. Ҳатто, баъзан лимфа қон оқими билан то ўпкагача етиб боради.

Ташхис қўйилгач, яллиғланишни йўқотадиган даво усуллари қўлланилади. Иммун тизими ишини яхшиловчи дори-дармонлар, баъзи ҳолларда гормонал терапия буюрилади. Оғриқ қолдириш учун ностероид препаратлар ҳам яхши фойда беради. Лекин бундай муолажалар касалликнинг ўзини эмас, балки аломатларини йўқотади. Шунинг учун ҳам эндометриозга қарши гормонал воситалар қўлланилади, улар эндометриоз ўчоқлари ҳосил бўлишининг олдини олади. Лекин ҳамма дори-дармонлар қўшимча асоратларга эга. Шу сабабли дориларни аёл ўз-ўзича қўлламасдан шифокор маслаҳатига кўра қабул қилиши шарт.

Агар кичик чаноқда чандиқ ёки эндометриомалар катталашиб кисталар ҳосил бўлса, жарроҳлик амалиётига кўрсатма берилади, шунда бачадон ортиғи (тухумдон ва най) олиб ташланади. Ҳозирги кунда бундай операциялар замонавий лапароскоп усулида бажарилмоқда. Яъни қорин ичига тасвирни катталаштирадиган оптик асбоб киритилади, эндометриознинг энг кичик ўчоқларигача топилади ва олиб ташланади.

Ёш жувонлар билиш муҳимки, ҳомиладорлик эндометриознинг энг яхши давоси ҳисобланади. Чунки ҳомиладорликда организмнинг ўзи зарур гормонларни ишлаб чиқариб, бу борадаги танқислик ўрнини тўлдиради. Кўз ёригандан сўнг эндометриоз ўз-ўзидан ўтиб кетади ва аёл тузала бошлайди.

Зайнабжон ЭЛМУРОДОВА,
Тошкент шаҳар Учтепа туман кўп тармоқли
марказий поликлиникаси акушер-гинекологи.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x