Патронаж диспансер назоратининг бир тури бўлиб, аҳолини уй шароитида фаол текшириш ва баъзи бир соғлом ахоли гуруҳида профилактик кўрик мақсадида ўтказилади. Аксарият ҳолларда патронаж хизмати ҳомиладор аёллар, туғилган гўдаклар ёки 3 ёшгача бўлган болалар орасида акушер-гинеколог, педиатр ва умумий амалиёт шифокорлари томонидан бажарилади. Патронаж назорати туфайли ҳомиладорлар ва болалар орасида ўлим кўрсатгичи ва асоратлар камаяди.
Патронаж хизмати йўлга қўйилганлиги натижасида даволаш-профилактик ишлари кўлами кенгайтирилади, хонадонлар шароити соғломлаштирилади, беморларни аввалгидек иш фаолиятига қайтариш яхшиланиб, инфекцияга берилувчанлик камаяди.
Онкологик касалликларда патронаж ўтказилиши даволаш-профилактик усул хисобланади. I “А” ва III клиник (ўсма ташхиси тахмин қилинган ва даволаниб чиқиб назоратда турганлар) гуруҳига кирувчи онкологик беморларда патронаж профилактик йўналишга эга бўлади, I “Б”, II ва IV клиник гуруҳдагилар (ўсмаолди касалликлари ва хавфсиз ўсмалар, радикал даво олган ва касалликни ўтказиб юборган беморлар)ни даволаш мақсадида ўтказиладиган патронаж хизмати ҳам мавжуд. Онкологлар орасида бу масала ечими туман онкологлари зиммасига тушади. Улар беморларни ихтисослашган онкологик шифохонага ётқизиш ва уни амбулатор шароитда даволаш ҳамда ўсмаолди касалликларини аниқлаб, ўз вақтида текшириш усулларини ўтказиш, шунингдек беморларни даводан сўнг назоратдан ўтказиш вазифаларини бажарадилар.
Онкологик беморларда патронаж ўтказишда врач онколог томонидан хавфли ўсмага эътибор бериш катта ахамиятга эга. Барча онкологик беморлар врач онколог томонидан тизимли равишда тўлиқ даволангандан сўнг патронаж текширувидан ва кўригидан биринчи йилнинг ҳар чорагида, иккинчи йилнинг ҳар 6 ойида ва учинчи йилдан бошлаб хар йилда бир марта ўтиб туради. Бунда бемор рецидив ва метастазлардан мустасно бўлиши керак.
Онкологик бемор патронажини олиб боришда ва даволашда врач онкологнинг энг яқин ёрдамчиси патронаж хамшира ҳисобланади. Патронаж хамшира онкологик беморни диспансер ҳисобига олиб аҳволини назорат қилиб боради, даволаниш ва муолажа олиш жараёнларини мунтазам кузатиб туради ва унинг ёнида бўлади. Айтиш жоизки, беморнинг IV босқичда метастаз (саратоннинг барча аъзоларга тарқалиши), руҳий кечинмалари ўз ўрнида ҳамширага ҳам таъсирини кўрсатади.
Патронаж хамшираси нафакат беморлар назоратини олиб боради, шу билан биргаликда қуйидаги вазифаларни ҳам бажаради:
- онколог хонасини бемор қабул қилиши учун тайёрлайди, беморларнинг ҳужжатларини тахт қилиб қўяди, кўрув асбобанжомларини стерилизациядан ўтказади, олинган цитологик текширув материалларини лабораторияга юборади;
- аҳолини профилактик кўрувлардан ўтказишни ташкиллаштиришда иштирок этади ва кишилар орасида санитария-тарғибот ишларини олиб боради;
- воситачи сифатида беморни шифохонага ётқизишда ва амбулатор даволашда асосий ходим сифатида фаол иштирок этади.
Онколог шифокор иш бажариш мобайнида патронаж хамшира учун иш жадвалини тузади, унга тушунтиришлар беради ва иш фаолиятини назорат қилади. Онкологияда патронаж ҳамшираси иш фаолиятида икки ҳолат муҳим аҳамиятга эга. Яъни биринчидан, патронаж хамшираси онколог раҳбарлигида ўзи эркин ҳолда кўп нарсани ҳал қилади ва жавобгарликни бўйнига олади, иккинчидан эса оғир онкологик бемор билан бўладиган муносабатни врач ёрдамисиз ўзи хал қилади.
Бемор билан муносабатда, ташхисни тўлиқ айтиш ва оқибатини сир сақлашда ҳамшира ўз касбий маҳоратини кўрсатиши лозим. Бу аксарият ҳолларда патронаж ҳамширасининг умумий ва тиббий маданиятига, уни дунёқараши кенглигига ва унда беморга нисбатан хамдардлик ҳисси борлигига боғлиқ. Бундай хусусият патронаж ҳамширасига хос бўлиши лозим.
Шунинг учун хам патронаж ҳамшираси онкология фани бўйича алоҳида тайёргарликка эга ҳамда айрим маълумотларни мукаммал билиши мақсадга мувофиқ. Масалан:
- хавфсиз ва хавфли ўсмалар тўғрисида маълумотларга эга бўлиши;
- онкологик касалликларни текшириш ва даволаш усулларини яхши билиши;
- ўсмаолди касалликлари ва уни даволаш усулларини билиши;
- аёллар жинсий аъзоларининг хавфли ва хавфсиз ўсмалари ташхиси ва уни даволаш усулларидан хабардор бўлиши;
- онкологик касалликлар диспансеризацияси хақида маълумотга эга бўлиши керак.
Онкологияда патронаж ҳамширасига амалиётга оид талаблар қуйидагича белгиланган:
- Онкологик касалликлар тўғрисида маълумотга, радикал ва паллиатив даволанган беморлар парваришини таъминлаш.
- Ҳудудий поликлиникаларда онкологик касалликларни хисобга олишда ва ракка қарши курашда бошқа ташкилотлар билан иш олиб бориш.
- Беморларни хисобга олиш ва касаллик кўрсатгичларидан хабардор бўлиш.
- Онкологик касалликларнинг клиник таснифини билиш, шунга караб патронажни тўғри олиб бориш.
Патронаж ҳамшираси ораста, ортиқча безаклардан йироқ, яхши кийинган, уст-боши тоза бўлиб, беморларда яхши таассурот қолдириши керак. Беморга нисбатан муомаласи соз, эътиборли ва берилган вазифани пухта бажариши лозим. Бемор аҳволини тўғри баҳолаш, унинг рухий холатини тушиниш ва тўғри муносабат ўрнатиш масъулияти патронаж ҳамшираси феъл-атворида намоён бўлиши керак. Ҳамшира бемор ва унинг қариндошлари кўз ўнгида беморнинг ҳаётини узайтиришда фидойилик намуналарини кўрсатаётган ҳолатда намоён бўлмоғи лозим.
Аниқроқ айтганда, онкологик касалликларни даволашда, профилактикада, ташкилий ишларда, тарғибот-ташвиқот ва бемор психотерапиясида патронаж хамшираси фаол иштирок этадиган ходим ҳисобланади.
Патронаж ҳамшира фаолиятида касбий масъулият ва ўз ишига меҳр-муҳаббат асосий мезондир. Айниқса патронаж ҳамшира фаолиятидаги тарғибот-ташвиқот иши келтирилган вазифалар ичида асосийси ҳисобланади. Бу йўналишда қилинадиган ишлардан бири, онкологик касалликларни эрта босқичларда аниқлаб тўғри даволаш хавфли ўсмалар ривожланишини бартараф этади, деган фикрни кишилар онгига муҳрлашдир. Хуллас, онкологияда хизмат қилаётган патронаж ҳамшираси зиммасидаги улкан вазифани уддалай олиши учун ўз устида тинимсиз меҳнат қилиши ўқиб-ўрганиши, масъулиятли бўлиши зарур.
Мирза Али Ғофур-Охунов,
Тошкент шаҳар онкология диспансери бош шифокори,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.