Гиперфаоллик синдроми

Невролог шифокор, тиббиёт фанлари доктори Марҳамат ЁҚУБОВА билан суҳбат.

– Болалардаги гиперфаоллик синдромининг келиб чиқишини шифокор олимлар турли тахминлар билан изоҳлашган. Уларнинг айримлари буни бош миядаги патологик ҳолат дейишса, баъзи олимлар эса боладаги диққатни жамлаш етишмовчилиги аслида гиперфаоллик эканини таъкидлашади. Сиз бу синдромнинг пайдо бўлиши хусусида ўз мулоҳазаларингизни билдирсангиз.

– Гиперфаоллик синдроми болаликда бошланадиган ривожланишнинг неврологик бузилиши бўлиб, диққатни бир жойга жамлашнинг қийинлиги, гиперфаоллик (ўта фаоллик) ва бошқариш қийин бўлган таъсирчанлик каби белгилар билан намоён бўлади. Кузатишлар натижасига кўра бу синдром ўғил болаларда қизларга нисбатан кўпроқ учрайди.

Синдромнинг пайдо бўлиш сабаблари аниқ маълум эмас. Лекин қуйидагилар болада гиперфаоллик ривожланишига сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланади:

  • экологик шароитнинг умумий ёмонлашуви;
  • онанинг ҳомиладорлик даврида инфекцион касалликлар билан оғриши, кучли дорилар таъсири, бўлажак онанинг тамаки чекиши ёки қаттиқ қайғу-изтиробда юриши;
  • онадаги сурункали касалликлар;
  • муддатидан эрта туғруқ, наркоздан заҳарланиш, кесар кесиш;
  • туғруқ асоратлари;
  • чақалоқнинг юқори тана ҳарорати билан кечадиган касалликка чалиниши ва унга кучли таъсир қилувчи дорилар берилиши.

Шунингдек, боладаги астма, пневмония, юрак етишмовчилиги, буйрак касалликлари ҳам бош мия меъёрий ишига салбий таъсир қилувчи ва оқибатда гиперфаоллик синдромига туртки берувчи омиллардан ҳисобланади.

Бундан ташқари, ушбу синдромга сабаб бўлувчи айрим психологик ва ижтимоий-психологик омиллар ҳам мавжуд.

– Айнан ана шундай омиллар ҳақида ҳам билишни истардик.

– Масалан, қуйидаги ҳолатларда:

  • оиладаги катталар ўртасида ўзаро низо-жанжаллар узлуксиз давом этганда;
  • хонадонда моддий аҳволнинг ёмонлиги;
  • боланинг тенгқурлари билан чиқишолмаслиги;
  • мактаб дастурларини етарлича ўзлаштиролмаслиги;
  • кўп ҳолларда руҳий тушкунликка тушиши.

Бу сингари психологик-ижтимоий омиллар туфайли гиперфаоллик синдроми келиб чиқиши мумкин.

– Кўпинча мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга гиперфаоллик синдроми ташхиси қўйиларкан. Бу синдром аломатлари қандай фарқланади?

– Ўта таъсирчанлик асосий белгилардан биридир. Бу ҳол боланинг қизиққонлиги, серҳаракатлиги билан ифодаланади.

Таъсирчан болалар вазиятларга шошма-шошарлик билан жавоб қайтаради, буйруқ ёки гапни охиригача эшитиб ўтирмайди, натижада улар пала-партиш иш қилади, феъл-атворида енгилтаклик кўзга ташланади, кўпроқ беғам бўлишади.

Гиперфаол болалар ўзлари қилаётган иш ёки қандайдир вазият салбий, зарарли ва ҳатто хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини илғамайдилар. Тенгдошлари орасида “ўзларини кўрсатиб қўйиш” учун кераксиз хавф-хатарга дучор бўлишдан, турли ҳарҳашалардан тап тортмайдилар. Шу сабабли, гиперфаол болалар баъзан бахтсиз ҳодисаларга ҳам учраб туришади.

– Нима сабабдан бу синдром “диққатни жамлаш етишмовчилиги” деб ифодаланади?

– Чунки ушбу синдромга чалинган болаларда паришонхотирлик ҳолати кузатилади. Улар диққатини бир жойга жамлашга қийналишади. Оқибатда ўқиш жараёни билан боғлиқ вазифалар, бажараётган ишларида хатоларга йўл қўяверади.

Бирор-бир вазифани бажараётганда ёки ўйин ўйнаётганда бола диққатини жамлолмай чалғиб кетаверади. Бундай болага гапираётган одамга бола унинг гапини тингламаётгандек туюлади. Кўпинча дарс ва уй вазифаларини охиригача бекаму-кўст бажара олмайди. Аслида бу нарса унинг хулқи билан боғлиқ бўлмаслиги мумкин. Бундай болалар узоқ вақт ақлий зўриқишни талаб қиладиган ишлардан қочади.

Мактаб ва уйда керак бўладиган буюмлар, масалан, ўйинчоқлар, ўқув қуроллари, китобларни йўқотавериш, кўп нарсаларни эсидан чиқариб қўйиш гиперфаоллик синдромига чалинган болага хос. Бундай бола уйқу пайтида ҳам тинчимасдан у ёндан бу ёнига ағдарилаверади, тўшак ва кўрпани ўриндан тушириб юборади.

– Гиперфаоллик синдромини даволаш чоралари борми?

– Синдром комплекс тарзда даволанади. Бунда ҳар бир боланинг ҳолатига индивидуал ёндошилади.

Боланинг феъл-атворини ижобий томонга ўзгартириш мақсадида психотерапия, педагогик ва нейропсихологик усуллар қўлланилади.

Даволаш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

  • ота-оналар ва педагоглар болаларга уйда ёки мактабда мураккаб талаблар қўймасликлари керак;
  • кундалик ақлий ва жисмоний вазифаларни қисқа ҳамда яққол тушунтириш зарур;
  • болаларнинг ҳар кунги ҳатти-ҳаракатларида тартиб-интизомни шакллантириш лозим;
  • бола билан хотиржам ва юмшоқ оҳангда сўзлашиш маслаҳат берилади;
  • ҳар кунги суҳбатларда болага “йўқ, асло мумкин эмас” деган сўзларни қўлламаган маъқул.

Гиперфаоллик синдромини даволаш ота-оналар ва невропатолог шифокор ҳамкорлигида олиб борилади.

Айрим вақтларда зарур дори-дармонлар ҳам буюрилади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, гиперфаоллик синдромининг ўз вақтида олди олинмаса кейинчалик бола ҳаётида жиддий муаммолар келиб чиқиши ва бу ҳолат жамият учун ҳам ташвиш туғдириши мумкин.

Г. Жамилова ёзиб олди.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x