Ҳазм қила олмаслик, одатда, ҳаддан ташқари кеч овқатланганда пайдо бўлади. Ўринга ётгач, горизонтал ҳолатда бўласиз ва меъда шираси ҳазм бўлмаган таом қолдиқлари билан қизилўнгачга қайтиб тушади.
Ҳаммасини ўз ўрнига келтириш учун чап томонингиз билан ётинг. Чунки ошқозон чап томонда жойлашган.
Кўп овқат еб қўйгандан сўнг меъда сустлигининг олдини олиш учун ярим чой қошиқ олма сиркаси аралаштирилган бир стакан сув ичинг. У ошқозон шираси кислоталилиги паст бўлганда таомни ҳазм қилишга ёрдам беради. Сиркали сув нордон бўлмаслиги учун унга озроқ асал қўшишингиз мумкин.
Аччиқ таом ортиқча ейилса, бир чимдим зира уруғини чайнаб, ютиб юбориш фойдали. Зира таркибида ичаклар ишини енгиллаштирувчи, кўнгил айнишини камайтирувчи ҳамда метеоризм (қорин дам бўлиши) нинг олдини олувчи ёғ бор.
Ялпизли дамлама ошқозонни тинчлантириб, ичаклар спазми (сиқилиши)ни йўқотади. Бир чой қошиқ қуритилган ялпизни бир стакан қайноқ сувда дамланг. Сал совигач, сузиб, чой ўрнида ичасиз.
Оддий ошкўкларнинг ҳам қимматбаҳо хусусиятлари бор. Улар оғир таомлар ҳазмини енгиллаштиради. Масалан, шивит, кашнич, петрушка, сельдерей, кўк пиёз, шовул кучли қовурилган овқатларга қўшиб ейилса, ошқозонда муаммо келиб чиқмайди.
Ошкўклар истеъмол қилинган озиқ-овқатлар учун зарур ферментлар ажралишига ёрдам беради ва фойдали маҳсулотларнинг ичакларга сўрилишини тезлаштиради. Айниқса картошка, гўшт, макарон қўшиб тайёрланган таомлар, шунингдек нон, тухум ва жуда ёғли овқатлар кўкатлар билан бирга ейилганда яхши ҳазм бўлади.
Демак, қовурилган ва хамирли овқатларни истеъмол қилишдан олдин дастурхонга ошкўкларни майда тўғраб қўйишни унутманг.
Ёдда тутингки, ҳазм аъзолари иши қийинлашса, кейинги бир кеча-кундуз давомида “оғир” таомлар истеъмол қилмай туринг. Бу вақт мобайнида ўзингизча ҳар хил дориларни ичманг, акс ҳолда аҳволингиз баттар ёмонлашади.
Гиёҳли дамламалар (масалан, мойчечак дамламаси ҳазм қилиш тизимидаги зўриқишни йўқотишга ёрдам беради) ёки мева шарбатларини ичинг.
Обдон чайнаб, шошилмасдан овқатланинг. Акс ҳолда ҳазм қилувчи шира керакли миқдорда ажралишга улгурмай, таом яхши ҳазм бўлмайди.
Доимо овқатни кўп еб, меъдага жабр қилаверсангиз ҳам у бўшашиб кетади, бунинг оқибатида эса овқатнинг ҳазм бўлиши бузилади. Ҳар сафар овқатланиб бўлганингиздан кейин меъдангиз албатта бир неча соат дам олсин, вақт-бевақт дуч келган нарсани истеъмол қилаверманг.
Меъданинг ишини тартибга келтириш учун овқатга тузни камроқ солинг, укроп, кашнич, зира, арпабодиённи кўпроқ истеъмол қилинг. Булар овқат ҳазмини яхшилайди. Қайнатилган сабзавотларни, сут, творог, сули бўтқаси ва картошкани пишириб, эзиб еб туринг (улардаги ўраб олувчи моддалар меъда деворини ҳимоя қилади). Фақат янги пиширилган таомларни истеъмол қилинг, қолган овқатни иситиб еманг.
Меъдангиз иши бузилган бўлса, ширин, нордон, илиқ ва жуда совуқ нарсаларни еб-ичманг. Дуккакли овқатларни еманг. Шунингдек дудланган, гўшт, иссиқ нон, пирожний, шоколад, қаттиқ пиширилган тухум, пишлоқнинг қаттиқ турларини ҳам истеъмол қилманг. Албатта, чекишни ташланг. Чунки никотин тилда ва оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватида йиғилиб, сўлакда эриб, меъдага тушади.
Агар сизда овқатни ҳазм қилолмаслик ҳолати такрорланаверса, шифокорингизга мурожаат қилинг.