Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда ўлим ва ногиронликка олиб келувчи қон томир касалликлари (шунингдек стенокардия, сурункали юрак етишмовчилиги ва миокард инфаркти сингарилар ҳам) биринчи ўринни эгаллайди. Инсульт ривожланиши учун бош мия қон томирлари деворларидаги ўзгаришлар муҳим роль ўйнайди, вақт ўтиши билан бу аъзоларда эластиклик ва чидамлилик камайиб боради ва йўқолади. Бундан ташқари, баъзи бир метаболик касалликлар, асосан семизлик ва атеросклероз ҳам хавфли ҳисобланиб, биринчиси танага умумий юкламани оширади, иккинчиси эса томирлар деворларидаги ўзгаришларни янада кучайтиради. Бундан ташқари, қон босимининг доимий кўтарилиши ёки артериал гипертензия ҳам инсульт хавфини оширади.
Буйраклар танада асосий сийдик ажратувчи аъзолардир. Улар қонни фильтрлайди, моддалар алмашинуви ва баъзи заҳарли моддалар маҳсулотларини сийдик орқали танадан ташқарига ажратиб чиқаради. Илгарилари бу ҳол буйракларнинг ягона асосий вазифаси ва унинг бошқа вазифалари иккиламчи ҳисобланарди. Аммо, илмий-тадқиқотлар натижаларида кўрсатилишича, инсон танасининг айрим ҳаётий вазифаларини назорат қилишда буйраклар роли ўта муҳим экан. Масалан, биринчидан, юкстагломеруляр аппарат (буйрак нефронлари атрофидаги мураккаб шакл) нинг махсус гормон – ренинни ишлаб чиқариш ҳисобига артериал қон босимини назорат қилиш қобилияти аниқланди. Танада ушбу модда бир қатор реакциялар орқали қон босими ошишига олиб келади. Иккинчидан, шу аппарат яна бир гормон – эритропоэтин – суяк илигида қизил қон хужайралари (эритроцитлар) шаклланишини стимуляция қилади. Бу буйракларнинг қон ишлаб чиқариш (гемопоэз) жараёнида фаол иштирок этишини англатади. Учинчидан, сийдик ҳосил бўлиш жараёнида буйраклар организмда ионлар алмашувига таъсир кўрсатади, айниқса, калий, натрий ва кальций – ушбу катионларнинг ҳар бири кўп биологик жараёнларда фаол иштирок этади.
Буйракларнинг юқоридаги сингари турли вазифаларини ҳисобга олган ҳолда улар инсульт ривожланиши сони ошишига қай даражада таъсир кўрсатишига эътибор қаратилди. Вақт ўтиши билан беморларда олиб борилган илмий тадқиқотларга кўра буйраклари зарарланган беморларда қон томир касалликлари бир неча бор кўпроқ учраши аниқланди. Бу кашфиётнинг аҳамияти шундаки, эндиликда урологик хасталиклари бор беморларда ҳам инсультнинг олдини олиш мумкин. Бу эса ушбу оғир касаллик ҳавфини ва ундан келиб чиқадиган эрта ўлим кўрсаткичларини камайтиришга имкон яратади.
Кўп шифокорлар учун буйрак касалликлари ва инсульт ўртасида боғлиқлик борлиги кутилмаган ходиса бўлди. Чунки илгари хаста буйраклар қон томир касалликларида иккиламчи ролни ўйнайди деб ҳисобланарди. Шунинг учун, баъзи илмий-тадқиқотлардан сўнг олимлар бу ходисани исботлаш учун янги изланишлар олиб боришди. Умумий фикрларга кўра, буйрак касалликлари туфайли кишида инсульт ривожланиши ошиб боради. Демак, организмда буйрак касалликлари туфайли пайдо бўлган қуйидаги ўзгаришлар инсульт ривожланишининг хавфини ошириши мумкин:
- юкстагломеруляр аппарат шикастланиши натижасида артериал қон босимининг ошиши ва ўзгариб туриши;
- эритропоэтиннинг юқори синтези эритроцитоз (қонда эритроцитлар сонини ошиб кетиши) га олиб келади ва натижада қон ёпишқоқлигини ва тромблар ҳосил бўлишини оширади;
- буйраклар танада кальцийни ушлаб қолиб, у қон томир деворлари хусусиятларини ёмонлаштиради ва атеросклеротик бляшкалар (пиликчалар) ҳосил бўлишига имкон яратади;
- сув алмашуви бузилиши танада суюқликнинг ушлаб қолинишига олиб келади, натижада юракқон томир тизимида босим ошади ва тўқималар шиши ривожланади.
Буйрак касалликларида ушбу омиллар мажмуаси бош мия қон томирларида турли ҳил ўзгаришлар ва патологияларга олиб келади. Юқори қон босими ва ортиқча суюқлик таъсири остида томирлар деворида қаршилик кучи таъсири ошади.
Қондаги кальцийнинг юқори даражада бўлиши бошқа томондан артериолаларнинг спазми (торайиши) ни кучайтиради, бу эса бош мия тўқималарида кислородга бой бўлган қон оқимини янада чеклайди. Юқори стресс ва толиқишлар (эмоционал стресс ва бошқалар метеосезувчанлик) ва бошқалар сабабида) даврида инсульт ривожланади, (спазм ёки қон қуйилиши оқибатида бош мия ишемияси кескин ривожланади).
Сийдик ажратувчи тизим касалликларида инсульт оғирроқ кечиб уни даволаш қийинлашади. Ундан кейин бемор ҳолатини янада сезиларли даражада ёмонлаштирадиган мия шиши ривожланиши кузатилган. Агар буйраклар ёмон ишласа – шиш секин бартараф бўлади ва кучайиб бориши ҳам мумкин.
Ҳозирги кунда Тошкент педиатрия тиббиёт институтида ишемик инсультда қон томирлар, бош мия ва буйраклар фаолиятлари бузилишлари ўртасидаги боғлиқликни ўрганиш бўйича клиник ва экспериментал илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Ушбу оғир хасталикда янги бўлган ангиоцеребро-ренал синдромининг клиник кўринишлари, хавф омиллари, ташхислаш, прогнозлаш ва даволаш чоралари ҳақидаги янги маълумотлар кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда.
Хуршида РАСУЛОВА,
невропатолог, тиббиёт фанлари номзоди.