Тамаки тутунидаги «заҳар»

Мутахассис олимлар аниқлашларича, тамаки тутуни таркибида 400 га яқин зарарли моддалар бўлиб, улардан 20 га яқини (айниқса никотин моддаси) ўта заҳарли ҳисобланади ва кашанда соғлиғига салбий таъсир кўрсатади.

Баъзилар фильтрли сигареталар никотинни ўтказмайди, деб ҳисоблашади. Бу борада узоқ йиллар изланиш олиб борган олимлар хулосасига кўра, фильтрлар тахминан 40 фоиз никотинни “ютади”, бироқ улар организмга ис гази тушишини 28 фоизга оширади.

Сигарета тутунини биринчи бор ичга тортган ўсмир танасида никотин тезда қонга сўрилиб, бутун организмга тарқалади. Бир неча дақиқадан кейин бош мияга етиб боради, марказий асаб тизими фаолиятини кескин издан чиқариб, нерв ҳужайраларига ўтади. Бундай ҳолатда сўлак оқади, кўнгил айнийди, томир уриши тезлашади, қулоқлар шанғиллайди, одам бўшашади, боши айланади, қўллари қалтирайди, ҳиқилдоқ, қизилўнгач, меъда спазмга учрайди.

Мунтазам тамаки чекиш эркакларни жинсий заифликка олиб келади. Жинсий безлардаги ўзгаришлар ривожланиши натижасида жинсий қобилият сусайиши мумкин. Шунинг учун ҳам кашандаларнинг 11 фоизи мижоз сустлигидан шикоят қилади. Чекиш пайтида ҳосил бўладиган никотин ва бошқа кимёвий моддалар таъсирида сперматозоидлар ишлаб чиқиши ёмонлашади, бу бефарзандликка сабаб бўлиши мумкин.

Кашанда аёлларда тамаки тутуни таъсирида кўпинча ҳайз тартиби бузилиши кузатилади, аксарият ҳолларда танадаги аъзоларда ўсмалар пайдо бўлади. Кашандалик аёл ҳусн-латофатига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Чекадиган аёлларда ҳомиладорлик даври оғир ўтади, туғруқдан сўнг асоратлар учрайди. Ҳомиладорлик даврида чекиш ҳомиланинг шаклланиши ва ривожланишига зарарли таъсир қилади. Бристоль университети (Англия) мутахассисларининг аниқлашича, ҳомиладорлик даврида чеккан аёлларда кўпинча бола муддатига етмай туғилади, ҳомиланинг нобуд бўлиш эҳтимоли 30 фоизга кўпаяди. Ҳомиладорликнинг илк ҳафталарида қориндаги боланинг никотин билан зарарланиши жуда хавфли, чунки унда ҳар хил туғма нуқсонлар (лаблар ва танглай тиртиқлиги, қўл-оёқларда нуқсонлар ) пайдо бўлишига имкон яратилади.

Бундан ташқари, чекадиган аёлларнинг фарзандлари атеросклерозга мойил бўлишади. Улардан туғилган чақалоқларнинг 40 фоизга яқинида томир тортишиши учрайди. Ота-онаси чекадиган болалар ўртасида эса тутқаноқ каби оғир касалликлар кузатилади. Демак, соғ-саломат ҳаёт кечириш учун чекишдан буткул воз кечиш лозим. Чекишни ташламоқчи бўлганларга психологлар шундай маслаҳатлар беришади:

Жисмоний машқлар миқдорини ошириб боринг. Кунига 3 км гача пиёда сайр қилинг, бадантарбия ва сузиш билан шуғулланинг, организмни чиниқтиринг.

Чекиш хумори тутганда иродали бўлинг. Ўзингизга берган ваъдани бузмаслик учун чидамли ва кучли бўлишингизга тўғри келади. Ваҳоланки, кейинчалик бу фазилатингиздан ўзингиз ғурурланиб юрасиз.

Чекишга бўлган кучли иштиёқ аслида 3-5 дақиқа давом этади. Бу вақтда ўзингизни бирор юмуш билан чалғитинг, масалан, китоб ўқишингиз, дўстларга қўнғироқ қилишингиз ёки бир стакан шарбатни аста-секин ҳўплаб ичишингиз мумкин.

Чекишни ташлашга киришган кунингиздан бошлаб, 3-4 ҳафта қаҳва ва спиртли ичимликлар ичмаганингиз маъқул. Тамаки чекишдан воз кечиш саломатлигингизни яхшилашга хизмат қилишини унутманг.

Нигора ТУРСУНОВА,
умумамалиёт шифокори.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x