Ўт-тош хасталиги профилактикаси

Мутахассис олимлар кузатишларига кўра, ўт-тош касаллиги асосан холецистит (ўт пуфаги яллиғланиши), сафро димланиши ва липидлар алмашинувининг бузилиши оқибатида келиб чиқади. Масалан, организмдаги яллиғланиш ўчоқларидан микроблар қон ва лимфа томирлари орқали ўт йўлларига тушиб, уни таъсирлантиради, оқибатда сафро (ўт) таркиби ўзгаради, шундан сўнг бу жойда билирубинлар чўкмаси юзага келади ва тош пайдо бўлади. Сафро димланиб қолганда ва липидлар алмашинуви издан чиққанда ҳам худди шундай ҳолат рўй беради.

Ўт-тош хасталигининг олдини олиш мақсадида аввало жигар ҳолатини яхшилашга эришиш ва ўт (сафро) ажралишини жадаллаштирувчи чора-тадбирлар кўриш лозим. Бунинг учун тўғри овқатланишни ташкил этиш, муҳими ёғли ва кучли қовурилган таомларни чекланган миқдорда истеъмол қилиш лозим. Чунки қаттиқ қовурилган маҳсулотларда жигар тўқималарига салбий таъсир қилувчи альдегидлар, кетонлар ва акрелоин моддалари мавжуд бўлади.

Демак, таомларни асосан ўсимлик ёғида қайнатиб ёки димлаб пишириш керак. Кунига тўрт-беш марта оз-оздан овқатланиш фойда беради. Агар киши илгари холецистит билан оғриб ўтган бўлса, тўғри овқатланиш орқали бу хасталикнинг асоратлари бартараф этилади ва ўт-тош хасталиги юзага келишининг олди олинади.

Бундан ташқари, таомларни қайноқ ёки муздек ҳолида истеъмол қилмаслик керак. Чунки қайноқ таомлар ҳалқум ва ичаклар учун зарарли бўлса, муздек ичимликлар меъда йўлларида спазмни (сиқилишни) юзага келтириб, оғриқ қўзғатиши мумкин.

Юмшоқ ва қайнатиб пиширилган овқатлар ўт-тош хасталиги профилактикасида муҳим ўрин тутади. Масалан, қовоқ, картошка, лавлаги, қизил карам солиб тайёрланган шўрвалар, эзилтириб пиширилган гуручли ёки ёрмали бўтқалар ейиш фойдали. Гўшт ёғсиз бўлиши керак. Шунингдек, нордон бўлмаган ҳўл мевалар ва улардан тайёрланган компот ҳамда киселлар жигар ишига ижобий таъсир кўрсатади.

Бордию, бемор ўт-тош хасталиги туфайли жарроҳликни бошдан ўтказиб, эндиликда ўт пуфагисиз яшаётган бўлса, кун давомида оз-оздан овқатланиши зарур. Чунки оғир овқатлар қийин ҳазм бўлади ва бу нарса ўт пуфаги вазифасини бажараётган аъзоларни зўриқтиради. Шуни унутмаслик керакки, енгил овқатланиш ва бадҳазм таомларни чеклаш орқали киши ўз танасидаги бошқа хасталиклардан ҳам фориғ бўлиши мумкин.

Сурункали холециститга чалинган беморлар ўт йўлларида тош пайдо бўлмаслиги учун қуйидаги маҳсулотларни жуда кам миқдорда истеъмол қилганлари маъқул:

  • ёғли гўшт, балиқ ва парранданинг ёғли турлари;
  • кремли тортлар, пирожний, шоколад;
  • қаҳва ва какао;
  • ўткир зираворлар;
  • шовул;
  • қўзиқоринлар;
  • қора нон;
  • шўр (тузланган сабзавотлар) ва нордон мевалар;
  • пиёз, саримсоқ, шолғом, редиска;
  • ёнғоқ, писта ва бодом;
  • тухум сариғи, балиқ ва гўшт консервалари;
  • газланган ичимликлар.

Зуҳра Қўчқорова, мутахассис.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x