Оёқ веналари варикози, яъни веналарнинг кенгайиб чўзилиши ва тугун-тугун бўлиб қолиши асосан мунтазам оғир жисмоний иш бажариш, узоқ вақт тик туриб ишлаш натижасида томирларда қон оқиши қийинлашишидан келиб чиқади.
Кенгайган веналар (варикоз тугунлар) тери остидан бўртиб кўриниб туради, оёқ шишиб оғрийди, бемор юрганида тез чарчайди. Кейинчалик томирларда тромблар (тиқилмалар) пайдо бўлиши мумкин.
Варикоз хасталигини даволаш кечиктирилса, қуйидаги хасталиклар келиб чиқади:
- қон томирларида қон қуюқлаша боради;
- терида турли трофик яралар ҳосил бўлади;
- оёқ вена қон томирида тромбофлебит (вена деворларининг тромблар туфайли яллиғланиши) юзага келади;
- томирлар тромбоэмболияси (касалланган томирнинг тромб тиқилиши натижасида ёпилиб қолиши) кузатилади.
Айниқса оёқ чуқур веналари тромбофлебити варикоз касаллигининг энг оғир асорати ҳисобланади. Варикозни даволаш учун шифокор маслаҳати асосида турли муолажалар олиб бориш лозим. Уй шароитида касалликнинг дастлабки босқичларида оёқларни фақат эластик бинт боғлаб юриш фойда беради.
Консерватив (дори-дармон) усулда даволаш билан бир қаторда оёқ веналари варикози учун склеротерапия, лазерли облитерация ва жарроҳлик амалиётлари қўлланилади. Склеротерапия косметик усул ҳисобланиб, у қўлланилса оёқда ҳеч қандай чандиқлар қолмайди. Лазерли облетерацияда эса вена бўшлиғи лазер нури ёрдамида тўлиқ бекитилади.
Варикознинг олдини олиш учун қуйидаги эҳтиёт чораларини қўллаш мумкин:
- вазнни назорат қилиш, яъни қисқа муддат ичида семиришга йўл қўймаслик;
- қон ҳаракатини чеклаб қўядиган тор буюмлардан воз кечиш;
- пахтали матодан тикилган ички кийимлар кийиш;
- баланд пошнали туфлилардан кўра товонни яхши ушлаб турадиган пойафзалларни танлаш;
- оғир юкларни кўтариш ёки бир жойда узоқ вақт тик туриб ишлашдан сақланиш.
Унутмангки, веналарнинг варикоз кенгайишига хос белгилари пайдо бўлганда аввало шифокорга мурожаат этинг, шундан сўнг доимо эластик пайпоқлар кийиб юринг. Оғир ишларни бажараётганда оёқларни тўқилган эластик бинт билан боғлаб қўйсангиз ҳам бўлади.
Феруза АЙХОДЖАЕВА, шифокор.