Нимадир сабаб бўлиб ҳушини йўқотган киши мутлоқ ҳаракатсиз ётади, ҳеч бир саволга жавоб бермайди ва ўзига нима бўлаётганини ҳам англамайди. Чунки бу вақтда миянинг бир қисми маълум вақтга “ўчади”. Бироқ ушбу ҳолатда миянинг нафас олиш, қон айланиши ва турли рефлексларга жавобгар бўлимлари доимгидек ишлайвериши мумкин.
Билиш муҳимки, ҳушдан кетиш олдидан айрим аломатлар кузатилади, яъни бош айланиши, кўнгил айниши, қулоқларда шовқин пайдо бўлиши, бирдан ҳолсизланиши, кўз олди қоронғилашиши, совуқ тер босиши мумкин. Ҳушини йўқотаётган одамнинг ранги оқара бошлайди, пульси секинлашиб, артериал босими тушиб кетади. Кўзлари юмилиб, мушаклар тонуси йўқолади ва у мувозанатини йўқотиб йиқилади. Бундай вақтда зудлик билан биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш зарур.
Масалан:
- кимнингдир ҳушидан кетаётганини кўриб қолсангиз, унинг боши билан урилмаслигига имкон қадар кўмаклашинг;
- бемор ичкарида бўлса хона деразаларини очинг;
- беморни ерга секингина ётқизинг, у ўтирган ҳолатда бўлмаслиги керак.
- Бошининг остига ҳеч нарса қўйманг, аммо оёқларини иложи борича бироз юқорироқ кўтариб қўйганингиз маъқул, бу эса бош мияда қон айланиши яхшиланишига кўмак лашади;
- беморнинг юзига енгил шапатилаб, сув сепинг ёки новшадил спиртини ҳидлатиш орқали уни ҳушига келтиришга урининг. Сирка билан намланган пахтадан фойдаланишингиз ҳам мумкин;
- нафас олаётгани ва пульсини текшириб кўринг, мабодо нафас олмаётган ва пульси урмаётган бўлса, сунъий нафас бериб, юрак соҳасини массаж қилинг;
- ”Тез ёрдам” чақиринг.
Ҳушдан кетишга оддий ҳолат деб қарамаслик лозим. Негаки, ҳушсиз одамнинг бош мия фаолиятида қайтариб бўлмас вазиятлар кечаётган бўлиши мумкин. Шунинг учун уни тезроқ ҳушига келтиришга ҳаракат қилиш зарур. Агар бемор 30 дақиқа ичида ҳушига келмаса, демак жиддийроқ чора-тадбирлар кўрилиши талаб этилади.
Ҳушини йўқотиш кўпинча қуйидаги ҳолларда рўй беради:
- қонда кислород танқислиги кузатилганда;
- мия чайқалганида;
- кучли оғриқ ёки асабий зўриқишдан сўнг;
- ҳаддан ташқари чарчоқ;
- қаттиқ совуққотиш;
- ҳавода кислород камайиб кетиши;
- кучли руҳий ҳаяжонланиш;
- организмнинг сувсизланиб қолиши;
- бош жароҳатлари;
- қаттиқ қўрқиб кетиш;
- жигар ва буйракларда касаллик туфайли кучли хуружлар рўй бериши;
- ичак санчиғи;
- офтоб уриши;
- оғир жарроҳлик амалиётидан сўнг мунтазам тинка қуриши;
- юрак фаолиятининг кескин издан чиққиши;
- нерв тизими иши бирдан ёмонлашиши;
- инфекцион хасталик билан оғриш ҳолатининг чўзилиб кетиши;
- ток уриши ёки бирор нарсадан (масалан кимёвий моддалардан) заҳарланиш.
Каниза ИСАЕВА, шифокор.