Перитонит

Перитонитда қорин бўшлиғи деворини ва унда жойлашган аъзолар – меъда, жигар, ичакларни қоплаб турадиган юпқа парда (қорин пардаси) яллиғланади. Кўпинча яллиғланиш касалликлар (масалан, ўткир холецистит, аднексит, аппендицит) қолдирган асоратлар сифатида намоён бўлади. Қорин бўшлиғига йиринг ҳосил қилувчи микроблар тушиши натижасида ички аъзолар зарарланади.

Меъда ва ўн икки бармоқ ичакнинг яра туфайли ёрилиши ёки чурранинг қисилиши ҳам баъзан перитонитни келтириб чиқаради. Сабаби номаълум бўлган перитонитлар ҳам учрайди. Бундай вақтда беморни синчиклаб текшириш эвазига хасталикни келтириб чиқарган омиллар аниқланади. Унутмаслик керакки, болаларда аксарият ҳолларда перитонит кўричак ёрилиб кетгани эвазига юз беради.

Шунингдек, кичик ёшли қизалоқларда диплококкли перитонит деб аталмиш ўзига хос касаллик ҳам кузатилади. Касаллик қориннинг пастки қисмида қўққисдан кучли оғриқ пайдо бўлиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, бир неча марталаб қусиш, баъзан ич кетиши билан намоён бўлади. Қизалоқнинг умумий аҳволи ёмонлашади, у йиғлаб безовталанади, тинимсиз инграйди. Оғирроқ ҳолатларда қорин соҳаларида, айниқса, пастки ва ўнг томонида кучли оғриқ, мушаклар таранглашиши кузатилади.

Перитонитда учта асосий босқич фарқланади:

  • Реактив босқич (хасталик бошланганидан 24 соатгача);
  • Токсик босқич (хасталик бошланганидан 48 соатгача)
  • Терминал босқич (хасталик бошланганидан 72 соатгача).

Реактив босқичда бемор аҳволининг ёмонлаша боришига қарамасдан организмнинг захиравий кучлари сафарбар этилиб ўзига хос кураш олиб боради. Токсик босқичда организм захиравий кучлари заифлашади ва заҳарланиш белгилари намоён бўлади. Терминал босқичда заҳарланиш олий нерв фаолиятига таъсир кўрсатиши ҳисобига умумий аҳвол ўта оғирлашади. Барча аъзо ва тизимлар фаолияти сусая бошлайди. Қорин қаппайиб, ичак тутилиши аломатлари пайдо бўлиши мумкин. Беморга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилиши шарт.

Перитонит, айниқса, эрта ёшли болаларда жадал ривожланиб, оғир кечади ҳамда ўз вақтида ташхис қўйилмаса оқибати аянчли кечади. Қорин пардасининг йирингли яллиғланиши (перитонит)да оператив даво, яъни жарроҳлик амалиёти қўлланилади. Бунда қорин олд девори кесилиб, қорин бўшлиғини дори-дармон билан ювиш учун найчалар қолдирилади. Бемор операциядан сўнг бир-икки ҳафта шифокорнинг қатъий назоратида бўлади. Аслида ҳар қандай дардни ҳам даволагандан кўра, олдини олган маъқул. Касаллик бошланишида тиббиёт муассасаларига қанча эрта мурожаат этилса, даво натижалари шунчалик хайрли якун топади.

Нилуфар СОБИРЖОНОВА, мутахассис.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x