Софья Андреевна Толстая

Софья Андреевна Толстая 1913 йилда ўз замондошларига: “Ёшлик йиллариданоқ даҳо ва буюк инсоннинг хотини бўлишдек оғир масъулиятни заиф елкаларида кўтарган аёлни келажак авлод маломат қилмайди, деб умид қиламан”, дея мурожаат этаркан, у Лев Толстойдек буюк даҳо билан қарийб ярим аср бирга умр кечирганди. У ўзининг чекига тушган бу қисматни дарҳол англамади: 1862 йилнинг сентябрь ойида ўн саккиз ёшли Соня Берс, ўша вақтларда рус адабиётида унча-мунча донг таратган Лев Толстойга турмушга чиқиб, графиня Толстая номини оларкан, ўзининг тақдири бошқаларникига сира ўхшамаганлигини хаёлига ҳам келтирмаганди. У чиндан ҳам ўша вақтларда нафақат турмуш ўртоғининг ҳаёти, балки келажак авлод ва адабиёт олдида масъул эканлигини билмасди. Софья Андреевна турмуш ташвишларига кўмилган оддий аёллардан эмасди: у оқила, ўзига хос табиатга эга, тиниб-тинчимас, қобилиятли аёл эди. У ҳар томонлама Толстойга муносиб, адабиётни ўткир ҳис этувчи, табиатан ижодкор шахс эди. Унинг Москва университетидаги имтиҳонда уй мураббияси мақомини олиш олдидан ёзган “Мусиқа” номли иншоси энг яхши иншо, дея тан олинган. Унинг турмушга чиқишдан олдин ёқиб юборган “Наташа” номли қиссасини Толстой “анча ҳаётий ва ҳаққоний тасвирлар кўп”, дея мақтаган.[1]

Толстая қадимги ва замонавий рус адабиётидан яхши хабардор бўлган, шеъриятни қадрлаган. Айниқса, Фет ва Тючев шеърларини севиб ўқиган. Ўзи ҳам шеърлар ёзиб турган. 1904 йилда “Шеърий даврлар” туркуми остида уларни чоп эттирган. У, шунингдек, Эпиктет, Платон, Суқрот, Шопенгауэр ва Спиноза каби файласуфларнинг асарларини катта қизиқиш билан ўрганган. Унинг тасвирий санъатга ҳам иштиёқи катта бўлган. У кексайган чоғларида Мольберт асарларини соатлаб томоша қилишни яхши кўрарди. Рассом Геншен Зон 1904 йилнинг 12 июлида акасига ёзган хатида шундай дейди: “Баҳорда бизникига Софья Андреевна келди. У жуда қобилиятли, чунки умрида бирор марта рассомлик билан шуғулланган бўлмаса ҳам, мойбўёқда Лев Николаевичнинг суратини қуйиб қўйгандек ўхшатиб чизди”. Толстая билан танишган Бунин эса уни ўта қобилиятли, оқила аёл, дея эътироф этади: “Толстойлар хонадони билан кўпдан яқинлигим боис шахсий кузатувларимга таяниб шуни айтишим лозимки, – дейди рассом Пастернак, – Софья Андреевна ўз доирасидаги кўплаб зодагон аёлларга нисбатан беқиёс улкан шахсдир. У санъат асарларини нозик ҳис этиши ва жонкуярлиги билан Лев Николаевичнинг том маънодаги жуфтидир. У, дарҳақиқат, катта қалб эгаси”.[2]

Софья Андреевнанинг энг яқин сирдоши, энг катта асари бу унинг кундаликларидир. У айрим узилишлар билан бўлса-да, ушбу кундаликни қарийб ярим аср давомида юритади. Кундаликнинг илк саҳифалари 1862 йилнинг 8 октябрида, у Толстойга турмушга чиққандан икки ҳафта ўтиб ёзилган бўлса, унинг сўнгги саҳифалари 1910 йилнинг 9 ноябрида Толстой вафотидан сўнг якунланади. У кундаликнинг илк саҳифаларига ўз ҳиссиётларини тўкиб соларкан, қисмат унга буюрган вазифани адо қилишга киришганини ўзи ҳам билмасди. Шу тариқа, у ниҳоятда улкан ва муҳим асарга қўл урди.

У Лев Толстойга турмушга чиққан пайтлариданоқ эри бошқаларга ўхшамаслигини, ўзидан ҳар томонлама устунлигини, унинг ўзига хос, сирли, етиб бўлмас олами бор эканлигини ҳис этди ва айнан унинг шу оламга бегоналиги уни кундалик ёзишга, овунишга, ундан юпанч излашга ундади.

Уларнинг оилавий ҳаётидаги дастлабки йиллар барчани қизиқтириши табиий, бироқ кундаликдаги бу йилларга оид маълумотлар бир ёқлама ва оилавий ҳаёт ҳақида тўла тасаввур бермайди. Чунки уларнинг бахтиёрликда, хурсандчиликда ўтган кўплаб кунлари кундаликда қайд этилмайди. Кундаликни ўқиб бораркансиз, бу ҳол, айниқса, турмушнинг илк йилларида ва 1920 йиллардаги Толстаянинг асаб хасталиги туфайли узлуксиз жанжалларда, Толстойнинг уйдан кетиб қолиши ва унинг вафот этиши билан боғлиқ воқеаларда сезилади. Нима бўлганда ҳам, ушбу кундалик буюк ёзувчининг оилавий, маиший, ижодий ҳаётини акс эттиради. У ўқувчига Толстойнинг ҳаёти, ижоди, уни ўраб турган олам ҳақида ўзига хос тасаввур беради.

 

Ойгул Асилбек қизи

 

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015–1

 


[1] Толстой. Мукаммал асарлар. – М.: “Художественная литература”. 1978, 48-жилд, 41-бет.

[2] Пастернак. Турли йиллардаги ёзишмалар. – М.: 1971. 201-бет.

https://saviya.uz/hayot/nigoh/sofya-andreevna-tolstaya/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x