(Ҳикоялар)
Бу йил ўзбек илмий-бадиий фантастикасининг асосчиларидан бири Ҳожиакбар Шайхов таваллудига 75 йил тўлади. Ҳожиакбар Шайхов (Ҳожиакбар Ислом Шайх) 1945 йил 25 мартда Хитой Халқ Республикасининг Шинжон вилоятидаги Чугучак шаҳрида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1997). Ота-боболари асли тошкентлик бўлиб, Шарқий Туркистонга кўчиб кетишган ва 1955 йил ватанига қайтишган. Тошкент Политехника институтининг энергетика факультетини тугатган (1971). Ўттиздан зиёд илмий-фантастик ҳикоялар, қиссалар ва романлар муаллифи. “Рене жумбоғи”, “Залворли одимлар” (1977), “Еттинчи операция” (1979), “Ғаройиб кўланка” (1980), “Олмос жилоси” (1983), “Сўнгги аждарнинг ҳалокати”, “Ҳаётбахш хаёллар” (1985), “Аждодлар хотираси” (1986), “Ёнар дарё” (1986), “Мактаб саҳнаси” (1988), “Сеҳрли қиз” (1989), “Телба дунё” (1990), “Туташ оламлар” (1996), “Жодугарнинг эри” (1999), “Икки жаҳон овораси” (2001) ва бошқа фантастик қисса ва романлари бор. Публицистик асарлар ҳам ёзган (“Фан фидойиси”, 1987; “Замин шайдоси”, 1990). Ёзувчи 2002 йил 27 майда Тошкент шаҳрида вафот этган.
* * *
Болтабой ярим кечаси ётган жойида кўзларини очди-ю, бир зум ҳеч нарса тушунмай, анграйиб қолди. Икки укаси эрон гилами устида маст одамлардай бесўнақай ҳолатда думалаб ётишар, бутун айвон худди даҳшатли зилзила юз бергандай ағдар-тўнтар қилиб ташланган эди. Шунда кеча тунда бўлиб ўтган даҳшатли воқеалар зиммо ёдига тушди. Тўс-тўполон ярим тунда ногаҳон томдан келаётган тарақа-туруқ овозлар билан бошланди. Ака-укалар аввал зилзила юз берди, деб ўйлашди. Сўнгра ҳе йўқ-бе йўқ ўртада турган улкан хонтахта ўз-ўзидан қарсиллаб синиб кетди, унинг гиламга чалпак бўлиб ёпишиб қолганини кўрган ака-укаларнинг ўтакалари ёрилаёзди. Бамисоли кўзга кўринмас ёвуз бир кимса жавонлардаги чинни идиш-товоқларни шиддат билан у ёқдан-бу ёққа улоқтирар, атлас кўрпачаларни ҳафсала билан қийқим-қийқим қилиб қирқар, айвон токчасидаги турфа гул тувакларни аямай гилам устига ағдарар эди. Ўша куни ака-укалар катта бир “иш”ни муваффақиятли якунлаб, одам ўлдиришган, сўнгра олган “мукофот”ларини ювишган ва хилватгоҳдаги чойхонада роса маишат қилиб қайтишганди. Уйга қайтиб, ёстикқа бош қўйишлари билан бошланган бу фавқулодда ҳодисалар боис кайфларидан бирпасда асар ҳам қолмаганди. Болтабой тирриқ кайфиятда ўрнидан турди-да, ташқарига йўналди. Эшикни очиб, остона ҳатлаб ўтди-ю, турган жойида тахтадек қотиб қолди. Не кўз билан кўрсинки, ҳовлиси ўрнида улкан мозор пайдо бўлган, ҳамма ёқни катта-кичик сағаналар, қабрлар, уларнинг устига ўрнатилган турли мақбарача ва ёдгорлик тошлари босиб кетганди. Сал нарида гўрков ёки мозор қоровули бўлса керак, белкурак ушлаган баланд бўйли аллаким ивирсилаб юрарди. Болтабой мармар зиналар орқали пастга тушиб, беихтиёр ҳалиги одам сари юрди. Ажабо, “Адидас” қалпоқ кийган, қоп-қора қошлари худди чимирилгандек юқорига кўтарилган, узун қора чопон ва чарақлатиб мойланган чарм этиқдаги бу кимсанинг юз қиёфаси унга жуда-жуда таниш туюлди. Болтабой унинг рўпарасида тўхтаб, салом берди. Қора чопонли кимса кўзларини чақчайтирганча унга тикилиб, истамайгина алик олди.
– Бу ерда мозор қаёқдан пайдо бўлиб қолди, ака? – деб сўради Болтабой ҳайратини яширолмай.
– Нега у пайдо бўлиб қолиши керак?! – деди “гўрков” жаҳл аралаш ажабланиб. – Нима бало, кайфинг борми? Бу мозор пайдо бўлганига юз йилдан ошган, ука.
Болтабой баттар ҳайратга тушиб, тили аранг гапга айланди:
– Ахир, бу жой – менинг ҳовлим… менинг уйим-ку?..
– Эсингни едингми, ука, – деди “гўрков” энди очиқдан-очиқ энсаси қотиб, унга худди савдойилардек тикиларкан. – Қанақа уй? Қанақа ҳовли?..
Болтабой орқасига ўгирилиб, онг-тонг бўлиб қолди. Энди уйи ҳам ғойиб бўлган, унинг ўрнида эшиги ўймакорлик санъатининг энг нафис усулларида ишланган салобатли, гумбазли, баланд пештоқли дарвозахона пайдо бўлганди.
Атрофга олазарак аланглади. Шу чоғ сал наридаги бўйи ва эни тахминан ўн газ атрофидаги тепаси гумбаз қилинган сағана йигитнинг эътиборини ўзига тортди. Эски мусулмон ғиштдан одам бўйи баландлигида қурилган бу мақбаранинг олди томонида пастга олиб тушувчи мармар зиналар бўлиб, зиналар тугаган майдонча охирида занг босган улкан темир эшик кўзга ташланарди. Унинг ичида қайсидир азиз авлиёнинг мармардан ишланган қабри жойлашган бўлса керак, хаёлидан ўтказди Болтабой. Хойнаҳой бизга ўхшаган шоввозлар уни ҳам аяшмаган, нимани ўмариш мумкин бўлса, ўмариб, нимани бузиш мумкин бўлса, бузиб ташлашган, албатта. Айниқса, шўролар давридаги большавойларнинг бунақа ишларга суяги йўқ эди.
– Қизиқиб қолдинг, шекилли? – Болтабой нохос қулоқлари остида янграган овоздан сесканиб тушди. Ўгирилиб, “гўрков” энди ўзи билан ёнма-ён турганини кўрди. Воажаб: унинг бошидаги “Адидас” қалпоғининг тепа қисми худди икки шохи бордай юқорига туртиб чиққанди. “Нима бало, шайтонми бу?” хаёлидан ўтказди Болтабой бадани жунжикиб.
– Ака, танишиб қўяйлик, – деди йигит унга қўлини узатиб. – Менинг исмим Болтабой.
– Хавотир қилма, Болтабой, – деди “гўрков” худди унинғ фикрини ўқиётгандай. – Камина шу мозорнинг қоровулиман. Ўлжабой деб аташинг мумкин.
– Ўлжабой ака, анави сағананинг ичига бир кириб чиқишнинг иложи бормикан? – сўради йигит журъатсизгина. – Мармар қабрлар, мўмиёланган жасадлар қолганмикан?
– Нима қиласан у ерда? – жавоб берди қоровул жаҳли чиқиб. – Ўлган одамларнинг руҳини безовта қилишнинг нима кераги бор?! Бу жой сенга музей ёки томошахона эмас-ку! Мўмиёланган жасадларни эса, бекор тилга олдинг. Дарвоқе… – Ўлжабой ака худди муҳим бир нима ёдига тушгандай ўйланиб турди-да, сирли оҳангда давом этди: – Дарвоқе, бундан кўп асрлар аввал бу ерда ётган улуғ авлиёнинг қабр тоши тагида илоҳий бир яшм тош ҳам сақланган, дейишади. Жуда ноёб хусусиятга эга сеҳрли тош! Уни қадимда яшаган машҳур алкимёгарлар бунёд этишган экан. Айтишларича, унинг баҳоси йўқ эмиш.
– Унинг нимаси ноёб экан? – сўради Болтабой дарров сергак тортиб.
– Унинг ёрдамида истаган ишингни амалга оширишинг, келажакда кечадиган воқеа-ҳодисаларни олдиндан билиб туришинг мумкин, – деди қоровул бамисоли арзимас бир матоҳ ҳақида сўз юритаётгандай лоқайд оҳангда.
Болтабойнинг кўзлари чақнаб кетди.
– Чинданам ноёб тош экан! У ҳозир ҳам шу ерда сақланадими?
– Билишимча, йўқ, – деди қоровул атайин ўзини гўлликка солиб.
– Бўлмаса қаерда? – яна сўради Болтабой сабрсизлик билан унинг чақчайган кўзларидан нигоҳини узмай.
– Айтишларича, кейинчалик уни Хизр бува деган мангу яшовчи авлиё олиб кетиб, сақлаш учун яна аллақайси бир авлиёга топширган эмиш.
– У қайси авлиё экан? Яшм тош ҳалиям унинг қўлидами? – сўроқ қилишда давом этарди Болтабой борган сари тоқатсизланиб.
– Йўқ, – деди қоровул, кейин товушини пасайтириб, яна сирли оҳангда изоҳ берди: – Ҳозир тош ўша сенга таниш уч опа-сингилнинг уйига яшириб қўйилган.
– Қанақа опа-сингил?
– Дарров ёдингдан кўтарилдими? Уларнинг каттасини кенжа уканг севиб қолгани, яқиндагина оҳ-воҳ қилиб юрганини унутибсан-да?
– Сиз мени қаёқдан танийсиз?
– Э, ука, шаҳарда, қолаверса, бутун жумҳуриятда Болта бойваччани танимайдиган одам бор эканми?!
Бу гапни эшитган Болта бойваччанинг беихтиёр оғзининг таноби қочди. У ифтихор билан тез-тез нафас ола бошлади. Ўлжабой ака боши билан рўпараларидаги сағанага имо қилди.
– У ёққа яқин ўртада деярли ҳеч ким кирмаган, мумкин эмас! Лекин сен… нуфузли одамсан. Агар сағананинг ичига киришни жуда истасанг… марҳамат!
Шундай деб, у Болтабойни чанг босган мармар зиналар орқали пастга бошлади.
Улкан темир эшик қийинчилик билан чийиллаб очилди ва улар нимқоронғи ертўлага қадам қўйишди. Қоровул сал олдинда чўнтак фонари билан йўлни ёритиб борарди. Ертўла ичкарига юрганлари сари кенгайиб борар, лекин бу ерда ҳеч қандай қабр тоши кўринмасди. Бирдан яна зиналар бошланиб, улар тағин пастга қараб йўналишди.
– Мендан ҳеч нарса сўрама, бу ерда савол-жавоб қилиш мумкин эмас! – деди Ўлжабой ака уни аста шивирлаб огоҳлантираркан. – Фақат томоша қил, керакли гапларни ўзим айтиб бераман. Шунақанги ғаройиботларни кўрсатаманки, унақаси етти ухлаб тушингга ҳам кирмаган. Ўзингни йўқотиб қўймасанг бўлгани, ишқилиб…
Ўлжабой ака бу гапларни уқтираркан, улар азбаройи эскирганидан тўкилиб кетган зиналар орқали тим қоронғи ертўлага кириб келишди. Деворлари эски мусулмон ғиштлардан қурилган ертўланинг баландлиги икки газча келарди. Оёқлари остида кўлмак сув шапиллади. Бу ернинг ҳавоси оғир, диққинафас эди. Ногаҳон чийиллаган овозлар эшитилиб, шундоқ ёнларидан девор ёқалаб баҳайбат каламушлар галаси югуриб ўтди. Улар одамларга эътибор ҳам қилишмади. Шунга қарамай, бойвачча кўнгли айниб, қайт қилиб юбораёзди. Ҳамроҳининг аҳволини пайқадими, қоровул дарров унинг қўлидан ушлаб олди. Бу ишни у жуда вақтида қилган экан, чунки бир сония ўтмай Болтабой фонар ёғдуси остида кўнгилни оздиргудек ўлгудай бадбашара махлуққа рўпара келди. У йигитга қаҳр-ғазаб билан тикилар ва улкан жағдор тишларини ғижирлатарди. Азбаройи қўрқиб кетганидан Болтабой ўзини кескин четга олди, агар қоровул бўлмаганида, деворга урилиб, бошини ёриши аниқ эди. Ўлжабой ака секингина кулиб қўяркан, унга тасалли берди:
– Ҳечқиси йўқ. Дастлабки пайтларда кўршапалаклардан мен ҳам қўрқардим.
Ниҳоят, улар узундан-узун бу мудҳиш ертўланинг охиридаги маҳобатли темир эшикка юзма-юз келишди. Қоровул анча-мунча куч сарфлаб эшикни очганидан сўнг улар остона ҳатлаб, ярми ғишт, ярми мармар ушоқлари тўшалган каттакон бўлмага ўтишди. Ертўладан фарқли ўлароқ, бўлма фавқулодда ёрқин нурларга чўмган, деворларга ловуллаб ёниб турган улкан шамлар осилганди. Уларни ким ва қачон ёққанини Ўлжабой ака изоҳлаб ўтирмади. Деворлар ёқалаб кишининг дилига ғулғула соладиган даражада ялт-ялт қилаётган оппоқ устунлар қад кўтарганди. Улар йигирмага яқин эди. Уларнинг бирига яқинлашган бойвачча шу заҳоти даҳшат ичида ортига тисарилди. Булар шиша тобут (саркофаг)лар бўлиб, ичига мўмиёланган эркакларнинг жасадлари жойлаштирилган эди. Уларнинг кийим-кечакларига қараганда, бу одамлар ўрта асрларда яшаб ўтган жангчи сарбозларга ўхшар эди.
Шу пайт мозор қоровули бойваччанинг елкасига қўл ташлаб, бўлманинг ўртасига имо қилди. Болтабой ўша томонга ўгирилиб, тош сандиқни эслатувчи улкан супага кўзи тушди. “Сандиқ”нинг четларига ўймакорлик усулида жимжимадор гуллар сурати туширилган, қопқоғининг сиртига сал-пал хитойчага ўхшаб кетадиган имлода аллақандай нотаниш ёзувлар битилган эди.
– Хосиятли яшм тоши ўз даврида мана шу сандиқда сақланган, – деди Ўлжабой ака йўлдошининг қулоғига шивирлаб. – Уни олиб кетмагунларига қадар бу ерни аждаҳога ўхшаган баҳайбат илонлар қўриқлашган ва бу ерга ҳеч ким яқинлашолмаган. Тошни олиб кетишибди-ю, бу жойнинг ҳам файз-хосияти қолмабди. Анави жасадлар ҳам қўриқчилар саналиб, биров тошга яқинлашса, шиша тобутларни ёриб чиқиб, ўғриликка келган одамнинг жонини суғуриб олишган эмиш.
– Ё тавба! – деди Болтабой ҳайрат бармоғини тишлаб.
– Лекин сен қўрқма! – шивирлаб гапида давом этарди қоровул. – Барибир тошни қўлга киритишга ҳаракат қил. Агар бу ишни уддаласанг, – Болта бойвачча буни албатта уддалайди, бунга ишончим комил, – нафақат юртинг, балки жами мулки оламга ҳукмронликни қўлга киритишинг мумкин.
Болтабой унга анграйиб тикиларкан, айни кўнглидаги гапни топиб айтаётганидан баттар ҳайратга тушганди. Айни дамда хаёлидан: “Нима бало, чинданам шайтонга рўпара келдим, шекилли”, – деган фикр ўтди.
Шу ондаёқ қоровул биқинига туртиб:
– Намунча мижғов бўлмасанг! – дея хитоб қилди сал товушини кўтариб, унинг аччиғи чиққани кўриниб турарди. – Мен ҳам Худонинг бир бандасиман. Лекин оддий банда эмас! Истасанг, авлиё дейишинг мумкин. Чунки мен дунёдаги ҳамма гаплардан хабардорман. Айтайлик, кеча кечаси сенинг уйингда бўлиб ўтган ағдар-тўнтардан…
Болтабой тунги ғаройиб йўлдошининг жавлон уриб ёнаётган шам нурида аллақандай сирли, кўкимтир тусда товланаётган совуқ башарасига янада синчиклаброқ тикиларкан, азбаройи қўрқув ва саросимага тушганидан жағи осилиб қолган эди. У тили зўрға айланиб, сўради:
– Сиз буни… қаёқдан биласиз?
– Айтдим-ку, камина авлиёман, ахир!
– Авлиёлар… турли кароматлар кўрсатишган, дейишади. Чинакам авлиёлигингизни менга исботлаб бера оласизми?
– Жуда кўп савол бераяпсан, – деди қоровул энди аччиқ данак чайнаб қўйгандай афтини буриштириб. – Бунинг оқибати яхши бўлмайди. Авлиёлигимни сенга аллақачон исботлаб бўлдим. Буни уйингга қайтганингда биласан.
– Йў-ғе?.. Уйимда ҳамма нарса яна ўз ҳолига қайтди, демоқчимисиз?
– Савол беришни бас қил, деяпман! Айтдим-ку, ҳаммасини ҳализамон ўзинг кўрасан.
Шу пайт Ўлжабой ака жасад солинган шиша тобутларнинг бирига синчков тикиларкан, ранги бўздай оқариб кетди. Болтабой ҳам ўша тарафга юзланди-ю, қичқириб юбораёзди. Жасаднинг тўсатдан киприклари қимирлаб, бесўнақай қалин лабларида заҳархандали кулги ифодаси пайдо бўлганди.
– Сенга неча бор айтдим-а, ана энди ҳаммаси расво бўлди! – хитоб қилди қоровул афсус-надомат билан баралла овозда. – Жасадлар тирила бошлашди. Сенга аввалдан ҳаммасини тушунтириб берсам бўларкан. Бу ерга кирган ҳар қандай ўғрининг миясида, яшм тош қаерга яширинган экан, деган савол-ўй бўлади. Жасадлар ҳам ана шу савол-ўйга, умуман, савол биотўлқинларига созланган. Бу тўлқинлар жасадларга етиб бориши билан улар тирилиб, ўғрига ҳужумга ўтишади. Уларнинг биттаси жонланса, бўлди, шу заҳоти қолган йигирматасини тирилтиради. Хайр, майли, бўлар иш бўлди, мен уларни чалғитиб тураман, сен қочиш пайида бўл!
Шу пайт ҳалиги киприкларини қимирлатган жасад қўйилган шиша тобут қарсиллаб ўртасидан дарз кетди. Эсхонаси чиқиб кетган Болтабой қимирлашга ҳам ҳоли етмай, ҳайкалдек қотиб тураркан, тобутнинг бир бўлаги тўкилиб тушди, айни дамда ундан аччиқ ва ўлгудай қўланса тутун бурқсиб кўтарилганини пайқади. Тутун тарқалгач, шиша тобут ғойиб бўлгани, унинг парчалари асирликдан қутулиб чиққан сирли мавжудотнинг оёқлари остида ётганини кўрди. Шу заҳоти жасад кўзларини очиб, аввал Болтабойга, сўнгра қоровулга тешиб юборгудек ғазабнок нигоҳ билан тикилди. Бойваччанинг борлиқ вужудини аллақандай ибтидоий бир даҳшат ҳисси чулғади. Иккови ҳам жон-жаҳдлари билан ўзларини эшикка отишга интилишар, лекин қандайдир шайтоний бир куч оёқларини занжирбанд қилиб қўйгандай эди. Шу чоғ Болтабой ўз ҳамроҳининг юзи қандайдир маънисиз, совуқ бир ифода касб этгани, қўллари жонсиздай осилиб тушгани, у бамисоли бўғма илоннинг жодули нигоҳига дуч келган қуёнчадай жасаднинг истиқболига қараб юра бошлаганини кўрди. Ана шундан сўнг юз берган воқеадан бойваччанинг оёқлари акашак бўлиб, ҳуши бошидан учаёзди.
Мозор қоровули худди сеҳрлангандай ўрта асрларда яшаб ўтган, айни дамда ҳайкалдай қотиб турган девдай ҳайбатли жангчи сари юраркан, бошқа шиша тобутлар ҳам қоқ ўртасидан қарсиллаб дарз кетиб, шишалар тўкилиб туша бошлаган, бўлмани улардан бурқсиб чиқаётган кўм-кўк ва ўлгудай бадбўй тутун тўлдирганди. Мана, Ўлжабой ака даҳшатли махлуқ билан юзма-юз келди-ю… ё фалак! – бир сакраб унинг танасига сингиб кетди! Уни ўзига “ютиб” юборган одамхўр “дев” шу заҳоти жонланиб, олдинга бир қадам ташлади. Ўтакаси ёрилаёзган Болтабойнинг оёқларини занжирбанд қилиб турган кўзга кўринмас куч шу ондаёқ йўқолиб, у бир зум ҳам ўйланиб ўтирмай, ўзини ташқарига отди. Қўрқувдан эс-ҳушини йўқотган ҳолатда бу Худо урган ертўладан юқорига олиб чиқувчи зиналар сари шаталоқ отиб югураркан, орқасидан гумбурлаган оғир қадам товушлари қулоғига чалинди. Ортига ўгирилиб қарашга ҳам юраги дов бермай, баттар жон-пони чиқиб, бор овози билан чинқирганча янаям тезроқ югурди. Мана, ниҳоят, халоскор зиналарга ҳам етиб олди. Темир эшик остонасидан ҳатлаб ўтди-ю, уни бор кучи билан беркитди. Шу ондаёқ ичкаридан худди Фантомасга ўхшаб ваҳимали дўриллаган кулги овозини эшитди. Бу кинояли кулги шайтоний кучлар тантанасидан далолат бераётгандай эди.
Ўғриликни ўзига касб-кор қилиб олган Болта бойвачча умрида газет-журнал ўқимаган, ғирт маҳдуд йигит эмасми, ярим тунда кечган бу ғаройиб саргузаштларининг моҳиятини ҳаётининг охиригача англай олмай ўтади… Гап шундаки, “Сирли олам” ойномаси яқинда бир илмий мақола чоп этган, унда ёзилишича, ўрта асрларда алкимёгарлар инсон танасининг бир неча ой яшай олишини таъминловчи модда кашф қилишган, бу тажрибаларга розилик билдирган одамларнинг қони сўриб олиниб, унинг ўрнига инсон жасадини емирилишдан сақловчи махсус суюқлик модда қуйишган. Бундан одам ўлмаган, ўзига хос муроқаба ҳолатига ўтиб, летаргик уйқуга кетган. Мозий олимлари ўзлари бунёд этган ягона нусхадаги илоҳий яшм тошини қўриқлашда, афтидан, ана шундай одамлардан фойдаланишган кўринади.
…Болтабой сапчиб ўрнидан турди-ю, ўзини яна уйида, катта айвонда кўриб, сал кўнгли таскин топди. Икки укаси икки томонида алоқ-шалоқ думалаб ётишарди. Аланглаб ён-верига тикилди, ажабо: ҳамма нарса яна жой-жойида, кеча тунда бўлиб ўтган тўс-тўполоннинг иси ҳам, изи ҳам қолмаганди.
“Қоровул чинданам авлиё экан, шекилли?” хаёлидан ўтказди у ўйчан қиёфада ташқарига тикилиб. Ғафлат уйқусидаги бу оми ва жоҳил йигит шу бугун шайтонлар ва инс-жинслар раҳнамоси Улуспирнинг нақ ўзи билан мулоқотда бўлганини хаёлига келтиришга ҳам қодир эмас эди…
2020/3
Ижтимоий тармоқларда ёйиш: