Вируслар қўзғатадиган ва табиий шароитда каналар орқали юқадиган ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланган геморрагик иситма билан фақат одамлар хасталанади. Бугунги кунда дунёда 500 ортиқ арбовирус турлари аниқланган. Республикамизда арбовирусларнинг одамларда касаллик қўзғатадиган 20 га яқин турлари мавжуд.
Йилнинг апрель, май, июнь ойларида касалликнинг кўпроқ учраши каналарнинг фаоллиги билан бевосита боғлиқ. Йирик майда шохли ҳайвонлардаги каналар геморрагик иситма вирусини сақловчи ва ташувчилари ҳисобланади. Одамларга касаллик каналарнинг чақиши натижасида юқади. Соғлом одамга шу касаллик билан оғриган беморнинг қони, шунингдек, беморга тери бутунлигининг бузилиши билан кечадиган тиббий муолажалар (инъекция, инфузия, операциялар, қон олиш сингарилар) орқали ўтади.
Вируслар аввало майда қон томирлар-капиллярларни шикастлайди, оқибатда ҳужайра, тўқима ва тана аъзоларида қон айланиш жараёни, уларнинг озиқланиши ҳамда кислород билан таъминланиши издан чиқади. Тана аъзолари, айниқса, ҳаётий муҳим аъзолар фаолиятининг бузилиши эса инсон ҳаётини хавф остига қўяди.
Касалликнинг яширин даври, яъни вируснинг танага кириб, хасталикнинг илк аломатлари рўёбга чиққунга қадар бўлган давр бир неча соатдан 7 кунгача, ўртача 2-3 кун давом этади. Касаллик тана ҳароратининг кескин кўтарилиши (39-40 даражагача), бош оғриғи, мушакларда, бўғинларда, қорин ва бел соҳасида оғриқлар пайдо бўлиши билан бошланади. Беморнинг иштаҳаси йўқолади, дармони қурийди, кўнгли айниб, қусади, ичи суюқ ўтади, юзи ва кўз шиллиқ пардасининг қизариши кузатилади.
Озроқ вақт (бир неча соат ёки кун) ўтгандан сўнг тана ҳарорати тушади ва одам худди соғайгандек туюлади, лекин сал ўтмасдан касалликнинг иккинчи – геморрагик даври бошланади. Бунда бурундан қон келиши, терида нуқтасимон қон йиғилиши, укол қилинган жойларда қон тўпланиши кузатилади. Қон тўпланиши ички аъзолар (ошқозон-ичак, бачадон)да рўй бериши ҳам мумкин.
Бемор одам ажратмалари (қон, қусуқ моддалари, пешоби ва бошқалар)да кўплаб касаллик вируслари бўлади. Агар ўз вақтида шифокорга мурожаат этилмаса, кўп қон йўқотиш натижасида аҳвол оғирлашиб, юрак-қон томир етишмовчилиги ва бошқа аъзолар фаолияти кескин бузилиши натижасида беморнинг ҳаёти фожеали якун топади.
Геморрагик иситма билан касалланишнинг олдини олиш учун маълум бир қоидаларга амал қилиш муҳим. Маслаҳат шуки, каналар фаоллиги ошган давр (апрель июнь ойлари)да чўл ҳудудларига (табиат қучоғига) имкон қадар чиқмаганингиз маъқул. Уй ҳайвонларини боқиш, молхона ва оғилхоналарни тозалашда махсус ҳимоя кийимлари ва қўлқоплардан фойдаланинг.
Каналарни қўл билан терманг, эзманг, оғилхона, молхоналарни доимий равишда каналарнинг кўпайишига қарши воситалар ёрдамида зарарсизлантириб туринг. Чўл ҳудудларидан, бозорлардан майда ва йирик шохли молларни канага қарши ишлов бермасдан туриб уйга олиб келманг, агар молларда кана аниқланса, дарҳол ветеринария ходимларига мурожаат қилинг.
Бордию ёш болага кана ёпишган бўлса, ҳимоя чоралари кўрилади. Яъни дастлаб кана ёпишган жойга 2-3 томчи ўсимлик ёғи томизиб, 10-15 дақиқа кутиш керак. Қўлларга резина, қўлқоп кийиб, пинцет ёки ип ёрдамида секин-аста терига ёпишган кана олиниб, шу жойга пахта таёқча ёрдамида йод суртилади ва устига бактерицид пластир ёпиштирилади. Олинган кана пенциллин флаконига солиниб, оғзи тиқин билан бекилади ва ёқиб ташланади. Ишлатилган резина қўлқоплар 70 фоизли этил спирти билан ишлов берилгач, ечилади ва ёқиб юборилади.
Уй ҳайвонлари жунининг қирқим мавсумига ёш болалар ва ўсмирларни жалб этмаслик керак. Қирқим вақтида фақат махсус кийим (қўлқоп, енг ва пойчалари мустаҳкам беркитиладиган шим, камзул, резина этик)лардан фойдаланиш, шахсий гигиена қоидаларига пухта амал қилиш тавсия этилади.
Ёдда тутингки, қарамоғингиздаги уй ҳайвонларини ёки оила аъзоларингиздан бирортасини кана чақса, қўлларингиз кана қони билан ифлосланса зудлик билан яқин жойдаги даволаш-профилактика муассасаларига мурожаат этинг.
Баҳром АЛМАТОВ,
Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати
марказининг Бош врачи.