Қўзиқориндан заҳарланиш ҳаёт учун хавфли

Кунлар исиб, кўп ёмғир ёғиши оқибатида далаларда, яйловларда, тоғ бағирлари ва ариқ бўйларида, кенг йўллар ёқаларида замбуруғларнинг ўсиб ривожланиши кузатилади. Замбуруғларнинг табиатда 100 мингдан ортиқ тури маълум бўлиб, улар ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсининг оралиғида бўлган алоҳида гуруҳ ҳисобланади.

Она юртимиз заминида замбуруғларнинг 200 га яқин турлари ўсиши аниқланган, шундан 20 га яқин турлари истеъмол учун яроқли. Халқимиз азалдан замбуруғлар (қўзиқоринлар) ни истеъмол қилиб келган ҳамда уларнинг заҳарли ва заҳарсизларини ажрата олган.

Диёримизда баҳор ва куз ойларида қўзиқоринлар кўпайиб, уларни истеъмол қилиш, шунингдек кўча-кўйларда, катта автомагистрал кўчаларида номаълум шахслар томонидан қўзиқоринларни сотиш ҳолатлари кузатилади.

Истеъмол қилиш мумкин бўлган ва заҳарли қўзиқоринларни бир-биридан ажратиш жуда мураккаб. Кўп ҳолларда улар бир-бирига ўхшаб кетади. Оқ қўзиқорин, қизил қўзиқорин, шампиньион ва опёнок турлари истеъмолга яроқли қўзиқоринлардир. Заҳарли (қизил мухамор, кулранг мухамор, сатанин, сариқ сохта қўзиқорин)ларни истеъмол қилганда, тузланган ёки мариновка қилинган қўзиқоринларни рухланган идишларда сақлаганда заҳарланиш рўй бериши мумкин.

“Сморчок” ва “строчок” қўзиқоринларидан нотўғри таом тайёрланганда ҳам киши заҳарланиб қолиши мумкин. Чунки улар таркибида заҳарли гельвелат кислота бўлиб, у сувда яхши эрийди, шунинг учун бундай турдаги қўзиқоринларни истеъмол қилишдан олдин қайнатиб, сувини тўкиб ташлаш керак.

Автомагистрал йўл ёқалари, заҳарли оғулар ҳамда кимёвий моддалар сақланадиган омборхоналарнинг теварак-атрофларида ўсадиган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиш мумкин. Чунки машиналардан чиқадиган ис-газлар ва заҳарли моддаларни қўзиқоринлар ўзига сингдириб олади, демак бундай ҳолатларда истеъмолга яроқли бўлган қўзиқоринлардан ҳам заҳарланиш рўй беради.

Одатда қўзиқоринни истеъмол қилганда бир ёки бир неча шахслар заҳарланади. Қўзиқориндан заҳарланган вақтда касаллик белгилари истеъмол қилинган қўзиқориннинг турига қараб, турлича намоён бўлади. Масалан; қизил мухамор таркибида мускаридин ва мускарин алкалоидлари мавжуд. Қизил мухамордан заҳарланганда касаллик белгилари 1-2 соат ўтгач намоён бўлади. Асаб тизими фаолиятида ўзгаришлар, сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши мумкин, томир уриши (пульс) секинлашади ва сустлашади, беморларда алаҳсираш (галюцинация), титраш, шунингдек кўз қорачиғининг кенгайиши ёки торайиши кузатилади.

Беморларга тез тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-2 кундан кейин соғайиб кетади. Ўз вақтида даво чоралари кўрилмаган вақтларда беморнинг аҳволи оғирлашиб, фожеали якун топиши ҳам мумкин. Бундай ноҳуш ҳолатларни кузатилмаслиги учун ҳар бир шахс заҳарли ва заҳарсиз қўзиқоринларни ажрата олиши лозим. Бозорлар ва савдо дўконларидан қўзиқорин харид қилмоқчи бўлсангиз, гигиеник ва мувофиқлик сертификатлари ҳамда ветеринария-санитария лаборатория мутахассислари томонидан бериладиган маълумотномани талаб қилиш керак бўлади. Қўзиқоринларни турғун савдо шаҳобчаларидан, белгиланган жойлардан тегишли сифатини кафолотловчи ҳужжатлари бор бўлган тақдирда харид қилинг.

Қамариддин БОҚИЕВ,
Республика ДСЭНМ «Овқатланиш гигиенаси» бўлими мудири,
тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали врач.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x