Қандли диабетнинг 1-тури (инсулинга қарамлик) асосан 3 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларда кўп учрайди. 2-тури (яъни инсулинга қарам бўлмагани) асосан 35-40 ёшлардан ошгандан кейин учрайди. Болаларда кечадиган 1-турдаги қандли диабет касаллигига асосан инфекцион вирусларнинг ошқозон ости безидаги Лангерганс оролчасига ҳужум қилиши сабаб бўлади. Эпидемик паротит (тепки), сувчечак, инфекцион гепатит, цитомегаловирус, қизилча вируслари ҳамда ирсий мойилликнинг ҳам бу борада аҳамияти катта.
Инфекцион касалликка чалинганларидан кейин бир ҳафтадан бир ойгача бўлган даврда болаларда қандли диабет шиддат билан бошланиши мумкин. Беморни ташналик, кўп сийиш, доимо очиқиш, озиб кетиш, оғиз қуриши, ҳолсизлик безовта қилади. Ошқозон ости безининг Лангерганс оролчаси тўқималари фалажланиб, қонда қанд миқдори ортади.
Бола овқат еганидан сўнг ҳам очлик ҳисси безовта қилаверади. Бунинг сабаби шундаки, овқат билан организмга тушган глюкоза яхши сўрилмайди. Тўқималар учун зарур бўлган энергия пайдо бўлмаганлиги учун тўқималар доимий очиқиш ҳолатида бўлади.
Энергия (қувват) етишмагани сабабли беморнинг ҳоли қурийди, у кунига 3-5 литр атрофида сув ичади ва шунча сийдик ажратади. Қонда қанд кўп бўлиб, лекин тўқималарга сўрилмагани сабабли организмдаги оқсиллар, ёғлар парчалана бошлайди. Бемор кўп овқат егани билан озаверади. Бир неча ҳафтада 8-10 килограммгача вазн йўқотиши мумкин. Беморнинг териси қичишади, тошмалар тошади, баъзи болаларда фурункулёзлар (чипқон ва катта яралар) кўпаяди, кечқурун сийиб қўйиши кузатилади.
Касалликни вақтида аниқлаб, ташхис қўйилмаса, боланинг аҳволи оғирлашиб, қондаги қанд миқдори ошиб кетади ва у гипергликемиядан то кома ҳолатига ҳам тушиб қолиши мумкин. Қандли диабети бор беморлар албатта инсулин гормонини қабул қилишлари керак. Гормон қабул қилиш билан бир қаторда парҳезга риоя қилиши шарт. Углеводлардан асосан секин парчаланадиган қора нон, гречиха, перловка, сули, картошка, гуруч тавсия этилади.
Сабзавот ва мевалардан бодринг, помидор, карам, бақлажон, қоҳу (салат барги), редиска, укроп, петрушка, кўк олма, олхўри, озроқ смородина, қулупнай, малина, лимон ейишлари мумкин. Шакар, шоколад, асал, мураббо, музқаймоқ, мармелад, торт каби маҳсулотлар ва ширин ичимликлар мумкин эмас. Узум, қовун, ананас, хурмо, шафтоли, нок ва олманинг ширин навларини ҳам емаганлари маъқул.
Боланинг ўсаётганини ҳисобга олиб, қонда қанд миқдорини меъёрда ушлаб туриш катта аҳамиятга эга. Чунки қонда қанд миқдори тез-тез кўтарилиб ёки тушиб турса, бу ҳол оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Инсулин гормони етишмаса, организмдаги бошқа гормонлар ишида ҳам ўзгаришлар кузатилади. Натижада бола жинсий ва жисмоний ривожланишдан орқада қолади. Баъзи ота-оналар бола гормонга ўрганиб қолади деб, дори миқдорини (дозасини) камайтиришга ҳаракат қилишади. Бу салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Умуман, қандли диабет билан оғриган бола доим эндокринолог назоратида бўлиши керак.
Ҳилола ҲАМРОЕВА,
педиатр, педагог.