Ўткир Ҳошимов (1941-2013)

DO`STLARGA ULASHING:

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов Тошкентнинг Дўмбиробод даҳасида 1941 йилнинг 5 августида таваллуд топган бўлиб, болалиги уруш қийинчиликлари, муҳтожликлари даврида кечган. Шу туфайли у ўрта мактабни аъло баҳолар билан битирган бўлса ҳам оилавий шароити юзасидан ишлаб туриб ўқишга мажбур бўлган. Тошкент Давлат университети журналистика факультетининг сиртқи бўлимида ўқиш билан «Темирйўлчи», «Тошкент ҳақиқати», «Қизил Ўзбекистон» каби газеталарда турли юмушларни бажарган.

1966—1982 йилларда «Тошкент оқшоми» газетасида бўлим мудири, 1982—1985 йилларда Ғ. Ғулом номидаги нашриётда бош муҳаррир ўринбосари, 1985 йилдан бошлаб эса «Шарқ юлдузи» журналининг бош муҳаррири бўлиб ишлаб келади. У Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати ҳамда Матбуот ва ахборот қўмитасининг раиси бўлиб ҳам ишлаган.

Ўткир Ҳошимов ижоди публицистикадан бошланган бўлиб, биринчи китоби 1962 йилда «Пўлат чавандоз» номи билан босилиб чиққан. Унинг илк ҳикояси эса 1963 йили «Тўрт мактуб» номи билан чоп этилган. Кейинчалик мазкур ҳикоя асосида «Чўл ҳавоси» (1963) қиссаси яратилган. Мазкур қисса ҳақида устоз Абдулла Қаҳҳордан олинган мактуб, ёш адиб илҳомига илҳом қўшди, далда берди. Шундан сўнг унинг «Одамлар нима деркин», «Шамол эсаверади» қиссалари майдонга келди. Айниқса, адибнинг «Баҳор қайтмайди» (1970), «Қалбингга қулоқ сол» (1973) каби қиссалари ёзувчига шуҳрат келтирди. 1976 йилда мазкур асарлар муаллифи Республика Ёшлар мукофотига сазовор бўлди.

Адиб «Нур борки, соя бор» (1976) романида жамият ижтимоий ҳаётидаги иллатларни, турғунликнинг моҳиятини очиш асносида даврнинг муҳим маънавий-ахлоқий масалаларини кўтариб чиқди. Шундан сўнг у яна бир гўзал асарни — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ойбек мукофоти билан тақдирланган «Дунёнинг ишлари» (1982) қиссасини яратиб, маънавият ҳақидаги баҳсни давом эттирди.

Ўткир Ҳошимов ижодида «Икки эшик ораси» романи алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Унда адиб қарийб қирқ йиллик даврни ўз ичига олган ва бир қатор чигал ҳамда мураккаб тақдирлар мисолида ўз халқининг тарихий қисматини маҳорат билан умумлаштириб берди. Шу туфайли ҳам Ў. Ҳошимов романи 1986 йилда Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди.

Ўткир Ҳошимов ҳикоя жанрида ҳам унумли ижод қилган. Хусусан, унинг «Муҳаббат», «Деҳқоннинг бир куни», «Урушнинг сўнгги қурбони», «Ўзбек иши» каби асарлари ўзбек ҳикоячилиги ривожига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди. Унинг «Қалбнинг оппоқ дафтари», «Муқаддас қасамни бузганлар», «Авлодларга нима деймиз», «Мантиқ қани?», «Давлат сири» каби мақолалари эса сўнгги йиллар ўзбек публицистикасининг ютуқларидан бири бўлди.

Ўткир Ҳошимов моҳир ҳикоянавис, қиссанавис, романнавис ва публицистгина эмас, драматург сифатида ҳам замонавий адабиёт ривожига таъсир кўрсатди. Унинг «Ҳазон бўлган баҳор», «Тўйлар муборак», «Виждон дориси», «Инсон садоқати», «Қатағон» драма ва комедиялари Республика театрлари саҳналаридан муносиб ўрин эгаллаган. «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» (2001) китоби ижтимоий-маънавий ҳаётда муайян из қолдирган.

Ўткир Ҳошимов таржимон сифатида О. Берггольц, С. Цвейг, Мустай Карим, В. Шукшин асарларини ўзбек тилига ағдарган. Унинг энг яхши ва сара асарлари рус ва бошқа тилларга таржима этилган. Адибнинг жами нашр этилган асарлари элликдан ортиқ бўлиб, уларнинг умумий тиражи қарийб икки миллиондан ошади. Ў. Ҳошимовга самарали ижодий меҳнати учун 1991 йили «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» фахрий унвони берилган. «Меҳнат шуҳрати» (1996), «Буюк хизматлари учун» (2001) орденлари билан мукофотланган. 2013 йил 24 май куни Тошкент шаҳрида вафот этган.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x