Ўткир синуситлар

Бурун ён бўшлиқлари шиллиқ қаватларининг ўткир яллиғланиши ҳисобланган синуситлар қулоқ, бурун ва томоқ касалликлари билан оғриган беморларнинг 25-35 фоизини ташкил қилиши аниқланган. Олимларнинг фикрича, яхши даволанмаган вирусли юқумли касалликлар ва батамом тузалмаган шамоллашлар синуситлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Тасаввур қилинг, бош суягимиз ичида кўплаб бўшлиқлар мавжуд, улар худди ғорга ўхшайди ва ҳаммаси бурун бўшлиғига очилади. Аслида бу бўшлиқлар фақат ҳаво билан тўла бўлиши керак, шамоллаш оқибатида эса бурун бўшлиғи ва бошқа синус бўшлиқларидаги шиллиқ қаватлар яллиғланиб, шишади ва кўп ажралма чиқара бошлайди. Оқибатда бурундан нафас олиш қийинлашади.

Синуситларни келтириб чиқарадиган микроблар – стафилококклар, стрептококклар, энтерококклар, пневмококк ва замбуруғлардир. Клиник кечиши ва белгилиларнинг намоён бўлишига қараб синуситлар қуйидаги турларга бўлинади:

  • Ўткир синуситлар — давомийлиги 4 ҳафтагача
  • Ўртача ўткир синуситлар — давомийлиги 4 – 12 ҳафтагача
  • Сурункали синуситлар — давомийлиги 12 ҳафтадан кўпга чўзилади.

Бурундаги синус бўшлиқлар ўзининг жойлашишига қараб бир нечта турларга бўлинади. Юқори жағ бўшлиғи шиллиқ қаватларининг яллиғланиши (гайморит), ғалвирсимон бўшлиғи шиллиқ қаватининг яллиғланиши (этмоидит), пешона бўшлиғини шиллиқ қаватларининг яллиғланиши (фронтит), асосий бўшлиқ шиллиқ қаватининг яллиғланиши (сфеноидит), шунингдек бир неча бўшлиқлар шиллиқ қаватининг яллиғланиши (полисинусит), бир томонлама бўшлиқлар шиллиқ қаватининг яллиғланиши (гемисинусит), ҳамма бўшлиқларнинг яллиғланиши (пансинусит)лар бир-биридан фарқланади. Клиник кечиши бўйича ўткир ва сурункали синусит, келиб чиқишига қараб – риноген, одонтоген, нозокомиал ва замбуруғли синуситлар ҳам мавжуд.

КЕЛИБ ЧИҚИШИ (ЭТИОЛОГИЯСИ). Бурун ва бурун ён бўшлиқлари шиллиқ қавати ҳимоя функциясининг ҳамда маҳаллий ва умумий иммунитет пасайиши касаллик келиб чиқишига имкон яратади. Инфекциянинг бўшлиқларга ўтиш йўллари турлича: табиий йўллар орқали (риноген йўл), гематоген йўл – ўткир юкумли касалликларда (дифтерия, скарлатина, қизамиқ ва бошқалар), юқори жағнинг яллиғланиш ўчоғи – бўшлиқнинг пастки деворига яқин жойлашган касалланган тишлар бўлиши мумкин (одонтоген гайморит).

Ўткир синуситлар клиник кечишига қараб қуйидаги турларга бўлинади:

Экссудатив тури: а) катарал, б) серозли, в) йирингли.

Ҳосилали тури: а) деворли–гипер пластик, б) полипоз-кистоз.

Альтератив тури: а) холестеатомали, б) казеоз, в) некротик, г) атрофик.

Аралаш тури: а) йирингли-полипоз, б) серозли, в) катарал.

Ўткир синуситлар клиник кечиши давомида бурун ичи анатомияси меъёрий бўлмаслиги, бурун ён бўшлиқлари шиллиқ қаватлари яллиғланиши ва аэрация-дренаж хусусияти бузилиши мумкин. Бўшлиқдаги шиллиқ қаватлар намланади, шишади. Ўзидан серозли суюқлик ажратиб йирингга айланиши ва шиллиқ қаватнинг шиши табиий йўлларнинг битишига олиб келади. Шиллиқ қаватдаги яллиғланиш жараёни периостал қаватга, оғир ҳолларда суяккача ўтиши мумкин. Бу ҳолатда периостит ривожланади, бу эса касаллик сурункали турга ўтишига олиб келади.

САБАБЛАРИ. Ўткир юқумли касалликлар (ОРВИ, грипп), совуққотиш, ҳар-хил шикастланишлар, организмнинг умумий ва маҳаллий юқумли касалликларга курашиш қобилияти пасайиб кетиши ўткир синуситларни келтириб чиқаради.

Ўткир синуситларга ташхис қўйишда беморнинг шикоятлари ҳисобга олинади. Юқори жағ сохасида қаттиқ оғриқ пайдо бўлиши ва зарарланган бўшлиқ томонда бошнинг ҳар хил қисмида оғриқ кузатилиши мумкин. Нафас олиш қийинлашади (бир ёки икки томонлама), бурундан йирингли ажралма келади, ҳид билиш сезгиси бузилади. Тана ҳарорати кўтарилиб умумий ҳолсизлик пайдо бўлади.

Пайпаслаб кўриш ва ускуналар орқали текширув ўтказилиб, беморга ташҳис қўйиш мумкин. Беморнинг бурун ва юқори жағ соҳаси пайпаслаб кўрилганда оғриқ пайдо бўлиши ҳисобга олинади. Ускуналар, яъни риноскоплар орқали текширилганда шиллиқ қават шишгани ва йирингли ажралма борлиги аникланади. Ташҳислаш рентгенография, компьютерли томограф, эндоскопия ва юқори жағ бўшлиғини игна ёрдамида тешиш орқали, шунингдек умумий қон ва сийдик таҳлилига қараб ҳам амалга оширилади.

ДАВОЛАШ. Бир неча турда даво муолажалари ўтказилади. Яллиғланишга қарши терапевтик муолажа ўтказиш, клиник белгиларга қараб даволаш, томирларни торайтирувчи томчи ва суртмаларни қўллаш, ажралма миқдори ва кўрсаткичларини меъёрлаштириш, шиллиқ қаватдаги шишларни йўқотиш шиллиқ қаватнинг емирилишини тиклаш ва касаллик сурункали турга ўтишининг олдини олиш, шунингдек иммун тизим фаолиятини тиклаш, юқори жағ бўшлиқларини тешиш йўли билан ювиш ва дорилар юбориш, физик усулларда даволаш, кўз ва мия асоратларининг олдини олиш борасида жарроҳлик усулларини қўллаш орқали даволаш ишлари амалга оширилади.

ОЛДИНИ ОЛИШ (ПРОФИЛАКТИКАСИ). Спорт билан шуғулланиб, организмни чиниқтириш:

  • сувда (бассейнда) сузиш;
  • гимнастика, бурундан нафас олиш гимнастикаси;
  • югуриш, теннис ўйинларида қатнашиш.

Юқори нафас йўлларини равон қилиб тозалаш, организмга нафас олиш тизимини ва юрак-қон томир тизимини бир хил меъёрда ишлаш яъни (резонатор) функциясини тиклаш.

Организмнинг умумий ва маҳаллий ҳар хил ўткир юқумли касалликларга қарши курашиш қобилияти (иммунитет) ни ошириш.

Ана шуларга мунтазам амал қилиб борилса ўткир синуситлар кишини безовта қилмаслиги мумкин.

Ражаббой МАШАРИПОВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор.

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x