Социологик тадқиқотлар натижасидан маълумки, инсон 45 ёшдан сўнг дори-дармонга, касалхонага ётишга кетадиган сарф-ҳаражатларнинг ақалли 5 фоизини агар болалик, ўсмирлик, ёшлик давридаги жисмоний соғломлаштириш ишларига сарфласа, 80-85 ёшгача дард кўрмай ҳаёт кечиришга замин тайёрлаган бўларкан. Бундан кўринадики, жиддий касалликларнинг олдини олишда оддий жисмоний тарбия машқлари мунтазам бажариб турилишининг аҳамияти катта.
Жисмоний машқларни махсус спорт-соғломлаштириш масканларига бормасдан, уй шароитида бажариш ҳам мумкин. Ҳар куни 15-20 дақиқа ҳовли ё кўча бўйлаб секин югуриш, турникда тортилиш, тоза ҳавода пиёда сайр қилиш ёки жисмоний меҳнат билан шуғулланиш тана учун фойдали.
Тонгда 20 дақиқа жисмоний машқлар бажариб, кейин кун давомида дам олиб ётсангиз ҳам сиз бир кунлик жисмоний фаол ҳаракат қилган ҳисобланасиз. Чунки махсус йўналтирилган машқлар танадаги қон айланишига ижобий таъсир қилиб, аъзоларнинг меъёрий ишлашини таъминлайди, шунингдек моддалар алмашинувини яхшилаб, кўтаринки кайфиятни уйғотади.
“Кексаликда ёшликдагидан кўра кўпроқ ҳаракат қилиш керак” дейишади геронтолог олимлар. Чунки кексалик даврида тана аъзолари ҳаракатида сустлашув бошланади, кўпроқ дам олиш ва тинч ҳаёт кечиришга эҳтиёж сезилади. Аммо танага ортиқча дам бериб аъзоларнинг “дангаса” бўлиб қолишига йўл қўймаслик керак.
Кам ҳаракат қилиш оқибатида юрак-қон томир, асаб, суяк-бўғим касалликлари тез ривожланади. Шу сабабли кексаларнинг енгил ҳаракат машқларини бажариб, кундалик юмушлар билан шуғулланиб юришлари зарурат ҳисобланади. Эрталабки жисмоний машқларни кексалар ўтирган ёки ётган ҳолатда ҳам қўл-оёқлар ҳаракатлари билан енгил машқлар бажариш тавсия этилади. Бунда ҳар бир киши ўз шахсий ҳолатига қараб кўпроқ ёки камроқ машқ бажариши мумкин. Ҳар кунги жисмоний ҳаракат вақти 30 дақиқадан ошмаслиги керак.
Кекса ёшлиларда кечаётган сурункали касалликлар ҳисобга олиниб, шифокорлар томонидан махсус машқлар буюрилади. Узоқ йиллик тажрибаларга таяниб айтадиган бўлсак, ҳаракатчанлик қариликка қарши курашнинг энг самарали воситасидир. Кишилар жиддий дард билан оғриган ҳолларда, яъни барча касалликларнинг ўткир хуружи пайтида, тана заифлашувида, инсульт ёки қон босими ошишининг оғир ҳолатларида, онкологик ва юқумли касалликларда, қандли диабетнинг оғир турларида, юрак-қон томир ва нафас тизими етишмовчилигида оғир жисмоний машқлар бажариш тавсия этилмайди.
Касалликларни даволаш босқичлари ўтказилгандан сўнг шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда махсус машқлар бажариш мумкин. Баъзи бир суяк-бўғим касалликларининг ўткир ҳолатларида ҳам шифокор даволаш жараёнида махсус машқлар буюради. Жисмоний фаол одамга касалликлар яқинлашмайди, чунки унинг иммун тизими мустаҳкам бўлиб, дардни танага ўтказмайди. Демак, доимий жисмоний фаол машқлар билан шуғулланиш ҳар қандай ёшдаги кишилар учун кундалик заруратга айланиши лозим.
Унутманг, эрталабки жисмоний машқлар туфайли:
- бош мия марказларининг тормозланган ҳолати барҳам топади ва уларнинг қўзғалувчанлиги аслига келади;
- одамнинг жисмоний ишга ҳам, ақлий ишга ҳам киришиб кетиши анча осонлашади;
- ўпканинг чуқур бўлимлари етарлича ҳавога тўйинади;
- тунги уйқудан қолган ланжлик йўқолади;
- карахтлик бартараф этилади;
- тана тетиклашади;
- кайфият яхшиланади;
- организм кейинги оғирроқ машқларга тайёрланади.
Дурдона СУЛТОНОВА, шифокор.