DO`STLARGA ULASHING:
Ўзбек шеьрияти ва насрининг кўзга кўринган намояндаларидан бири, сербарака ижодкор Мирмуҳсин (Мирсаидов) 1921 йил 3 майда Тошкентнинг Қўрғонтепа маҳалласида кулол оиласида дунёга келган. Мактабни битириб, 1933 йилда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтига ўқишга кирди. Ўкишни тугатиб (1941), мактаб-маориф ишларида, Республикадаги етакчи газета ва журналларда, радиода масъул вазифаларда хизмат қилди. Хусусан, «Шарқ юлдузи» журналида йигирма йил, «Муштум» журналида эса қарийб ўн йил бош муҳаррир бўлиб ишлади.
Адибнинг ижоди 30-йиллардан бошланган бўлиб, дастлаб «Шералининг мардлиги», «Овчи болалар» (1936) каби шеър ва ҳикоялар тўпламлари чоп этилган. Унинг 1939 йилда яратилган «Камар» комли достони кейинчалик йирик эпик жанрга ўтишида кўприк ролини ўйнаган.
Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги йилларда Мирмуҳсин ижоди тобора кўпқиррали ва серунум борди. У уруш йилларида ўзбек халқининг меҳнат ва жанг майдонларидаги қаҳрамонлигини тасвирловчи шеърлар яратди. Унинг «Эр юрак» (1942), «Ватан» (1942) тўпламлари бу жиҳатдан характерлидир.
Мирмуҳсин достоннавис сифатида ҳам танилди. Унинг «Уста Ғиёс», «Дўнан» (1947), «Яшил қишлоқ», «Қадрдонлар» (1954), «Широқ» ва «Невара» каби бир қатор достонлари чоп этилди. Бу достонларда замондошлар образи яратилиб, уларга хос меҳнатсеварлик, ватанпарварлик за маънавий бутунлик каби фазилатлар улуғланди. Достон жанрида катта тажриба орттирган шоир 1958 йилда «Зиёд ва Адиба» шеърий романини яратди. Худди шу даврдан бошлаб адиб насрий жанрларга ҳам мойиллик билдиради. Унинг «Дорбозлар» (1956), «Жамила» (1957), «Ҳикоялар» (1959), «Қизил дурралар» (1961), «Созанда» (1963) каби насрий китоблари нашр этилди. Унинг бирин-кетин яратилган «Оқ мармар» (1958), «Чўри» (1959), «Тунги чақмоқлар» каби қиссалари эса адибнинг етук шоиргина эмас, моҳир носир ҳам эканлигини кўрсатди. Айниқса, унинг араб дунёсига бағишланган туркум ҳикоя ва қиссалари адибнинг насрий истеъдоди катта имкониятга эга эканлигидан дарак берди. Мирмуҳсин кейинчалик халқаро мавзуда «Чодрали қиссасини ҳам яратди.
Мирмуҳсин моҳир романнввис сифатида ҳам сербарака ижод қилиб келди. Унинг тарихий мавзуда яратилган «Меъмор» (1974), «Темур Малик», «Турон маликаси» (1997) хаби ажойиб эпик полотнолари адабий жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган. Шунингдек, Мирмуҳсин замонавий мавзуларда ҳам қатор романлар яратди. Унинг «Умид» (1969), «Чиниқиш» (1970), «Дегрез ўғли» (1972), «Чотқол йўлбарси», «Илдизлар ва япроқлар», «Илон ўчи» (1995) сингари романлари замон ва замондошлар ҳаётидан ҳикоя қилади. Айниқса, адибнинг «Умид» романи ўз даврида қизғин баҳсларга сабаб бўлган. Унда ёшлар тақдири, бахти ва фожеаси ўзининг аниқ ифодасини топган.
Хуллас, Мирмуҳсин шоир, достоннавис, ҳикоянавис, қиссанавис, романнавис, болалар шоири, журналист, адиб сифатида уч юздан ортиқ асарлар муаллифидир. Адиб қаламига мансуб асарларнинг кўплари рус, украин, қозоқ, инглиз, қирғиз, араб ва бошқа тилларда нашр этилган. Мирмуҳсиннинг бой ва серқирра ижоди эл-юрт томонидан юксак қадрланган. У 1974 йилда «Умид» романи учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. Айни чоғда у Республика халқ маорифи аълочиси, Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1981) ҳамдир. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (1998). Ёзувчи 2005 йил Тошкент шаҳрида вафот этган.