(Роман)
Жаҳон классик адабиётининг машҳур намояндаларидан бири, серб ёзувчиси Бранислав Нушичнинг ушбу романида эрининг вафотидан ўн уч ой кейин туғиб қўйган Аника, беваникига қатнаб юрадиган қишлоқ оқсоқоли, поп ва баққолнинг ҳеч бири оталик масъулиятини бўйнига олмаслиги, шу сабабли рўй берган машмашалар, ўша давр Сербия ижтимоий ҳаётидаги муаммолар ҳажвий йўсинда ғоят қизиқарли ҳикоя қилинган.
БИРИНЧИ БОБ
Бу бобда эри ўлгани сабабли Аника тул бўлиб қолади.
Бошқа муаллифлар, одатда, ўз романларини тамомлар экан, кимнидир ўлдиради, заҳарлайди ёки шунчаки ўз ажали билан ўлишига йўл қўйиб беради, менга эса, тул керак бўлиб қолгани учун Аниканинг эри роман бошидаёқ ўлиб қўяқолади. Энди эса, мен бу ишни атайин қилмаганимни ойдинлаштириш учун ҳаммасини бир бошдан айтиб берай…
Крманлик Аникани прелепницалик Алемпийга узатишганида крманликлар узоқ вақтларгача: “Энг сулув қизни бошқа қишлоққа бериб юборишди! Наҳотки, ўзимизда йигит бўлмаса?!” – деб куйиниб юришди. Ҳамма бу фикрда якдил эди, фақат эшитган бир гапига ўнни қўшиб-чатмасдан туролмайдиган Янагина қўшимча қилиб қўярди: “Майли, Прелепницада яшайқолсин, энди уезд бошлиғи ҳам тунагани ўша ёққа борсин!”. Бу билан у ҳамқишлоқлари аллақачонлар унутиб юборган гапни уларга эслатиб қўйишни хоҳлаган бўлса керак-да. Кана буви ҳам ўтган замонлар, ҳеч бўлмаганда Йоцконинг ташландиқ тегирмони ҳақида оғиз очди дегунча, ҳар гал ҳикояни нуқул бир гапдан бошлар эди: “Аниканинг онаси Мага ёш бўлган вақтларда уезд бошлиғи қишлоғимизда тез-тез тунаб қолгувчи эди, Йоцконинг тегирмони ҳақида бўлса, чоршанба ва жума кунлари бу ерда ун торттирмаган яхши, дейишарди…”
Қолаверса, Кана буви, ҳатто, марҳумлар тўғрисида ҳам яхши гап айтмайди, уларни кечалари текинга қўриқлаб чиқади… Янани бўлса-ку, тили заҳарлиги учун уезд бошқармаси олдида йигирма беш дарра билан сийлашганини билмайдиган кишининг ўзи йўқ. У вақтларда калтак жазоси бекор қилинмаган эди, энди калтак жазосини худо раҳмат қилган бўлсин.
Лекин нима дейишса ҳам, Алемпий билан Аника икки ярим йил аҳил яшашди. Эҳтимол, улар қартайгунга қадар шундай яшаган бўлишарди, аммо Алемпий узоққа бормади, ўлди-қўйди.
Алемпий нима сабабдан ўлганини аниқ айтиш мушкул. Биров у нок дарахтидан йиқилиб ўлди деса, бошқаси кўз тегди, дейди, учинчиси бўлса, бу гапга асло қўшилмайди, ҳеч қанақа кўз теккани йўқ, бу ишда кимнингдир қўли бор, дейди… Хуллас, унинг ўлимининг асл сабабини ҳамма гапни бир бошдан айтиб берганимиздан кейингина билиб оласиз. Тунни мурданинг қошида ўтказган қариндош-уруғлар ва дўстларнинг тўқиб-бичганларини олиб ташласак, бор гап мана бундай: Алемпийни шаҳарга, уезд бошлиғи ҳузурига чақиришди, у бу ерда гоҳ-гоҳ ўзганинг ўрмонидан ўтин тайёрлашдек аҳмоқона одати учун жавоб бериши керак эди. Модомики, одам дегани бутун кунини шаҳарда ўтказганидан кейин вақтни бекор кетказмаслиги керак-да. Шунинг учун Алемпий бироз мева олволиб, шаҳарда сотишга қарор қилди. Ният жуда аъло, аммо Алемпийнинг ҳисоб-китобига халақит берадиган биргина арзимаган сабаб бор – унинг боғи йўқ эди. Бу арзимаган сабабни бартараф қилиш учун у қўлига саватни олди-да, бировнинг боғига кирди ва нокка тирмашиб чиқди. Шунда уни қоровул кўриб қолди, нокдан тортиб туширди ва шундай шафқатсизлик билан саваладики, Алемпий уйига аранг етиб олди. Ўшандан бошлаб кўкраги оғрий бошлади: олдинига эркакча, кейин эса мушукчасига йўталадиган бўлди. Энг сўнгида бўлса, ё худо, мени ўзинг кечиргайсан, йўталиш эмас, вишиллашга ўтди ва худди бировни хафа қилиб қўйишдан қўрққандек, шивирлайдиган бўлиб қолди. Бирон гап айтмоқчи бўлса, овози чиқмас, худо суйган банда каби, шивирларди, холос.
Хасталиги узоқ чўзилмади – нари-бериси билан бир ой ётди холос. Бечора даволангани ҳам йўқ, ахир одамнинг пешонасига ажал деб ёзиб қўйилган бўлса, дорилар фойда берармиди? Ҳолбуки, лаққа чўғ бўлиб турган кўмирни тўрт марта сувга ташлашди, икки кўза ёвшан қайнатмаси ичди, ёстиғининг остига супурги қўйиб ётди, темир косовни том ошириб отди, еттита булоқ сувида чўмилди, қайсидир қариқизнинг кўйлагини кийди, лекин… бари бефойда, пешонасига ўлиш ёзилган экан, тақдир – номаи аъмолига, қоровул – Алемпийнинг қовурғаларига шуни ёзиб қўйганидан кейин қаёққа ҳам борарди?! Модомики, тақдирнинг ўзи ҳам мана шундай иккиюзламачилик қилишни бошлаган экан, тамом бўлди деяверинг, ҳеч қандай дори-дармон фойда бермайди!
Ўзингни қаёққа урма, бефойда, зеро, ҳеч бўлмаганда, роман муаллифига қўл келиши учун ҳам Алемпий барибир ўлиши керак, чунки муаллифнинг иши қасдма-қасдига, ҳатто, биринчи бобдаёқ бевасиз битмайди.
Алемпийни муносиб равишда дафн этишди, Аника бўлса, фарзандсиз бева бўлиб қолди. У эндигина йигирма учга кирган, гўзал ва бақувват жувон. Икки қўлида икки нафар жуссадор йигитни бемалол кўтариб кетиши мумкин. Шу боисдан ҳам кўплар марҳум эрининг пўстагини ўзи қоқмаганмикан, деб шубҳаланишарди. Лекин бу бекор гап – Аника билан Алемпий ҳақиқатан ҳам аҳил яшаган. Икки ярим йил ичида у атиги беш ёки олти марта эрининг ёқасидан олган, кўтариб ерга урган, гўё хамир қоргандек, яхшилаб ийлаган, холос. Аммо, ҳатто, бундай ҳолларда ҳам Алемпий: “Вой, Аника, худо ҳаққи, қўйвор!” деб сал ҳайқирса борми, у дарров қўйворарди. Аниканинг олдида Алемпий ким бўпти? Пак-пакана. У бўлса – сарвқомат, қадди-қомати келишган. Юзлари қирмизи, худди йил бўйи тинмай гўшт ейдиганга ўхшайди, ҳолбуки, онт ичаман, у неки рўза бор – ҳатто, энг арзимасигача – ҳаммасига қатъий риоя қилади. Шунчаки худо уни шундай яратган – ҳатто, бевалик унга ярашиб тушди; айтиш мумкинки, у туғма бева эди. Дафн вақтида ва биринчи шанба куни тўккан кўз ёшлари на юзини, на кўзини бузди – аввал қандай бўлса, шундайлигича гулжабин бўлиб қолаверди, – қараб тўймайди киши.
“Бизда бунақангги бева кўпдан бўлмаган эди, бундай бева баайни поп учун яратилган-да!” – дейишарди ҳамқишлоқлар. Албатта, буларнинг ҳаммаси шунчаки гап-сўз, холос. Хўш, поп Пера тасалли бериш мақсадида баъзан Аниканикига кирса нима қипти? Бошқа ҳар қандай кишини ёзғирса бўлади, лекин тақсир бошқа гап – у руҳоний шахс, бу иши учун унга ҳеч қандай таъна-маломат ёғдириш мумкин эмас. Агар попларнинг ўзи поп ҳам одам, деган нуқтаи назарда туриб олсалар, бошқа гап, унда, албатта, тақсирга ҳам бирон баҳонада таъна тоши отиш мумкин бўларди. Масалан, Алемпий тирик бўлган вақтларда Аниканинг уйига бирон марта кирмагани учун тақсирга таъна қилиш мумкин. Лекин бу ҳолда ҳам тақсир юпатадиган кишининг ўзи йўқ – Аника тирик бўлатуриб Алемпийга, Алемпий тирик бўлатуриб Аникага тасалли беришнинг ҳожати йўқ, деб ўзини оқлай оларди.
Нафсиламрини айтганда, тақсир нега энди ўзини оқлаши керак? Депутатлар − сайловчиларга, ҳисобдорлар тафтишчиларга ҳисоб берадилар, поплар бўлса, фақат худога, шунда ҳам бу дунёда эмас, у дунёда ҳисоб берадилар, улар ер юзида хотинидан бўлак бирон жонзотга ҳисоб бермайдилар.
Гарчи худо қаттиққўл тафтишчи бўлса-да, ҳамма нарсага қўли тегмайдиган, эски, ҳали кўрилмаган ҳисоботлар кўпайиб кетган кўринади. Хотин бўлса, аксинча, эски ишлар учун ҳам, янгилари учун ҳам бирдай ҳисобот беришга мажбур қилиш пайида бўлади. Сиз балансни қанчалик маҳорат билан тузган бўлсангиз-да, у қандайдир “ноўрин харажат”ни излаб топади.
Поп Перада ана шундай “харажатлар” бўлган-бўлмаганини биз романнинг кейинги бобидан билиб оламиз. Шунингдек, бу бобда бошқа кўпгина муҳим нарсалар ҳам ойдинлашади.
ИККИНЧИ БОБ
Прелепница қишлоғида турли-туман миш-мишлар ўрмалаб қолади ва бу миш-мишлар бемалол романга муқаддима бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Прелепница ҳазилакам қишлоқ эмас. Уни уезд шаҳри деб эълон қилиш тўғрисида Халқ скупшчинасига[1] уч марта таклиф киритилди, лекин ҳар сафар бу таклифни барбод қилишди, бироқ Прелепница тараққиёт йўлидан олға бораверди. Уезд идорасига эга бўлиш мақсадида бутун Прелепница уч марта у партиядан бу партияга ўтди, лекин ҳар гал ўқ нишонга тегмади. Энди Прелепница аҳолиси уч партияга бўлинишга келишиб олди – шояд бу партиялардан бири ҳокимият тепасига келиб қолса…
Қишлоқ текисликда жойлашган, шимол томони ўрмонга туташиб кетган, иккита сой уни сув билан таъминлаб туради. Бу сойлардан бирининг устида тошкўприк бор. Тошкўприкнинг шундоққина ёнидан савдо даҳаси − агар бир неча уйни даҳа деб аташ мумкин бўлса − бошланади. Бу уйларнинг бирида баққоллик дўкони, иккинчисида қовоқхона ва учинчисида сартарошхона жойлашган. Сартарош айни чоғда отларни ҳам тақалайди. Иккинчи сойда, қишлоқ ортида Йоцконинг аллақачонлар ташландиққа айланган тегирмони бор. Жамоанинг розилиги билан бу ерда етимча Савка бошпана топган.
Прелепница қишлоғининг одамлари ҳаммаси бирдай яхши. Мабодо уларнинг биронтасида қусур бўлса, айбга буюрманг, ахир одам – фаришта эмас-да. Масалан, оқсоқол Мича жуда меҳр-шафқатли киши; у ҳамқишлоқларининг оқсоқоли эмас, отаси, деса бўлади. Икки дунёда бировни хафа қилмайди, аксинча, у ҳар бир кишига ғамхўр. Лекин, барибир, кичкинагина камчилиги бор: у дунёда ҳамма нарсадан кўра хазинани чимдиб юлиб туришни, солиқ тушумларидан озгинасини яширишни яхши кўради. Азбаройи тирикчилик важидан эмас, балки шунчаки, принцип юзасидан шундай қилади. “Бизнинг патимизни, дейди у, давлатнинг ўзи юлиб турибди, ҳа шунақа!” У бу пулларни жиғилдонига урмоқчи, деб айтолмайди киши, худо сақласин. Аксинча, жаноб бошлиқ уни деворга тақаса ва бу ишдан суднинг иси келаётганини кўрса, оқсоқол шу заҳотиёқ ўз чўнтагидан пул чиқариб, камомадни дарров ўрнига қўяди. Виждонли одам-да, яна: “Нега энди судга боришим керак? Судма-суд сарсон бўлгандан кўра, тўлаб қўяқолган яхши!” деб қўяди.
Пера отанинг ягона камчилиги – унинг хотини. Тақсир давангирдай, кучли одам ва, ё худойим ўзинг мени кечир, руҳонийдан кўра, артиллерия фельдфебелини[2] эслатади, хотини бўлса, қотма, қоқсуяк. Тақсир хотинини “зағизғон” деб атайди, баъзан эса қўлларини мушт қилиб, бўғин суякларини кўрсатар экан: “Унинг орқаси худди мана шундай!” деб қўяди. Кимдир унга, муқаддас рутбага эга бўлган шахсга хотинининг орқаси тўғрисида сўзлаши одобдан эмас, деб айтмаслиги учун, шуни дарҳол писанда қилиш даркорки, поп черковда ҳеч қачон бунақа гапларни гапирмайди, худо кўрсатмасин, у черковни ҳурмат қилади, черковда у авлиёнинг ўзи. Фақат бир мартагина ибодат вақтида у меҳробда пономарнинг[3] чаккасига шундай шапалоқ туширдики, ибодатхона гумбурлаб акс-садо берди, атроф зириллаб ва ғижирлаб кетди, художўй насронийлар жаҳаннамнинг дарвозаси очилди, шекилли деб ўйладилар.
Муаллимга келсак, қишлоқда унинг бор-йўқлиги билинмайди, ҳеч қачон кўчага чиқмайди. У ўзини олим деб атайди ва шу боис мактабдан ташқарига чиқмайди.
Мирза Пая Еремич ҳақида у ҳам ниҳоятда олим одам дейиш мумкин, чунки қовоқхонадан чиқмайди, аммо мирза ҳамиша эътироз билдиради: “Агар олим бўлсам, бу вақт-соати келганида ўзини намоён қилади, ҳозирча бўлса, менга бундай дейишларини истамайман!” Мирза қачонлардир унтер-зобит бўлган, аммо фақат биргина “йўқ” сўзи учун бир йил турмада ўтирган, чунки у: “Ҳарбий уставда ҳеч қандай “йўқ” кўзда тутилмаган, мен эсам, агар ҳақиқат бўлмаса, худонинг ўзига ҳам “йўқ” дейман!” дейди. (Унинг бу “йўқ”ининг моҳияти командирининг хатжилдидан пул ўғирлашидан иборат бўлган эди.)
Кейин у дўконча очди, лекин битта мол – олхўри рақиси[4] олди-сотдисида ортиқча харажатга йўл қўйди, айни мана шу мол туфайли бошқа барча моллар ҳам даромад бермади. Ниҳоят, ҳамма молларини ичиб тугатган мирза дўкончани ёпди, барча қарз берувчилари ва қарздорларини бирма-бир зиёрат қилди ва ўзи айтганидай, “молга кетди”. Беш-олти йил қорасини ҳам кўрсатмади. Айтишича, у бу вақтлари Германияда бўлган ва у ерда кўп нарсани ўрганган эмиш. Қайсидир ҳамқишлоғи мирза кўп ичади, деб қолса, оқсоқол: “Ичса ичавермайдими, қанча хоҳласа шунча ичсин; у дунё кезган, ўша ёқларда ҳам одамлар, яна қандай улуғ одамлар ҳам ичганини кўрган!” дерди. Бир марта оқсоқолнинг ўзи мирзага маст эканини айтиб, дашном берди, мирза унга жавобан деди: “Агар маст бўлсам, бу вақт-соати келганида намоён бўлади, ҳозирча бўлса, менга бундай дейишларини истамайман!”
Мирза муаллимдан кўра билимдонроқ – чунки у жаҳонгашта бўлган ва турли-туман мўъжизалар ҳақида гапириб беради, дейдиганлар ҳам бор. У қурбақа ейдиган кишиларни кўрган. “Немислар қурбақа ейдилар, ўз кўзим билан кўрдим”, дейди у.
– Мирза, италияликлар илон ейди, деган гап ростми? – деб сўрайди Радое Убогий.
– Рост, – деб жавоб беради мирза, – ўз кўзим билан кўрганман. Менга ҳам таклиф қилишди. Марҳамат, синьор Панта (синьор уларнинг тилида жаноб дегани), марҳамат, олинг, енг. Мен бўлсам, дейман: раҳмат, ҳозир иштаҳам йўқ! Иштаҳа – итальянчасига ошқозон дегани. Шундай дедим-да, ичимда ўйладим: суф сенларга, агар илон еганимизда, Сербияда қолган ва бой одамга айланган бўлардим.
– Бу таомни қандай тайёрлашади, мирза? – деб сўрайди қовоқхона эгаси кучи борича мирзанинг елкасига қоқиб. Одатда қарз берганлар қарздорларининг елкасига мана шундай қоқишади.
– Қандай бўларди?.. Пиёз билан. Озроқ пиёзни қовуришади, сўнг ҳалигини… Ҳиди чиқсин деб яна нимадир сепишади…
Ҳа, мирзада айтишга арзирли гап кўп. Лекин ичиб бўкди дегунча, ҳушёрлигида айтган гапларини эсидан чиқарар ва тамоман тескарисини бутун тафсилотлари билан ҳикоя қилишга ўтар эди.
Бир куни, қандайдир байрам ибодатидан сўнг халқ тўппа-тўғри қовоқхонага ёпирилди, чунки ўша куни поп Пера ваъз ўқиган ва байрам дегани насронийларнинг жисмонан ва руҳан дам олиши учун чиқарилган, деган эди. Тақводор қавм ибодатдан сўнг бир жон, бир тан бўлиб руҳан дам олиш учун қовоқхонага йўл олди, у ерга бориб яхшигина дам олган мирзани кўрди. Ўшанда мирза худди қушга ўхшаб учадиган одамни ўз кўзи билан кўрганини айтди. Ўша одамнинг учта “бурама мих”и бор экан. “Бурама мих”ларнинг иккитаси қўлтиқлари, биттаси бўлса, нақ қорнининг остида жойлашган экан. Мирза бу “бурама мих”лар тахминан қаерда жойлашганини кўрсатди.
– У биринчи бўлиб қўлтиғи остидаги бурама михни буради, мана бундай, мана бундай… бир-икки… бир-икки… бир-икки… Шунда қанотлари ёйилди. Сўнгра қорни остидаги михни буради… шиқ… шиқ… шиқ ва оёқлари орасидан мешга ўхшаш бир нарса шишиб чиқаверди, ўзи бўлса арқон билан ерга боғлаб қўйилган. Шунда…
Тингловчиларнинг қизиқиши ниҳоятда зўрайганини кўриб, мирза кичкина рақи шишасини олди ва шошилмай, роппа-роса ўн дақиқа давомида симирди…
– Арса, айт, яна бир шиша келтиришсин.
Арса, албатта, буюртма берди.
– Шунда “пишш” этди… У нимадир қилувди, оёқлари орасидаги меш худди нафас олаётганга ўхшаб қолди… гоҳ шишиб, гоҳ бужмая бошлади, қанотлари қушникига ўхшади ва учди, учди, учди… Марко, буюртма бер!
– Ҳамма ҳам уча оладими? – сўрайди Радое Убогий.
− Ким билади, дейсан, жин урсин! Немислар менга: марҳамат, синьор Панта (синьор уларнинг тилида жаноб дегани), сиз ҳам синаб кўринг, дейишди, мен бўлсам, раҳмат, хоҳламайман, дедим, лекин синаб кўрмаганим учун ҳозиргача афсусдаман.
– Эҳ, учиб кўриш керак эди! – деди бир нечта тингловчи бир оғиздан.
Эшитадиган одам борми бас, мирза гап сотаверди. Аммо барча бирин-кетин тарқалди, қовоқхонада фақат Радое Убогий қолди.
Ҳамма кетгач, Радое сирли қиёфада мирзанинг ёнига келди, унинг ёнига ўтирди ва мирзага рақи буюрди, шундан кейингина гап бошлади:
– Сен, мирза, ҳалиги… айтиш мумкинки, олим одамсан.
– Агар олим бўлсам, бу вақт-соати келганида намоён бўлади, ҳозирча эса, менга бундай дейишларини истамайман! – деди унга мирза икки қўлини нимчасининг чўнтагига тиқиб.
− Майли, майли, – уни тинчлантиришга уринди Радое Убогий, – мен сенга бутунлай бошқа гап айтмоқчи эдим.
– Марҳамат, айтақол.
– Биласанми… ҳалиги… поп черковдан чиққач, қаёққа кетди?
– Билмайман. Аникага шекилли.
– Ҳа, ўшаникига. Лекин менда ундан ҳам тозароқ янгилик бор.
Шуни билиб қўйишингиз керакки, Радое Убогий[5] бева эди, агар қашшоқ бўлмаганида ўзига аллақачон хотин топган бўларди. У ҳамиша қандайдир тул хотин чиқишини кутиб юрар, лекин бева хотинларни овутувчилар ҳар гал уни доғда қолдириб кетишарди.
– Тозароқ деганинг нимаси?
– Оқсоқол-чи? У эрталаб нега черковда кўринмади?
− Мен қаердан билай? – деди мирза лоқайдлик билан ва бўш шишани столга тақиллатиб шама қилди.
− Эрталабки ибодат вақтида у ҳам Аниканикида эди. Қишлоқдагиларнинг айтишига қараганда, бу биринчи бориши эмас.
− Оқсоқол?! – мирзанинг аччиғи чиқди ва столга гумбурлатиб мушт урди. – У буни нега мендан яшириб юрибди?..
Яна бир шишани бўшатиб, жаҳл билан ўрнидан турди ва эшикни қарсиллатиб ёпиб, чиқиб кетди.
Радое Убогий бўлса, кулимсираганча мирза ичган ўн битта шишачанинг пулини тўлади.
УЧИНЧИ БОБ
Бу бобда Аника эрининг ўлимидан роппа-роса ўн уч ой ўтгач, ҳеч кутилмаганда ўғил туғиб қўяди.
Радое Убогий оқсоқол ва тақсир ҳақида сўзлаб бериб, мирзанинг ғазабини қўзғатганидан буён анча вақт ўтди. Шундан кейин ҳам мирзага яна кўп марта ғазабланишга тўғри келди ва оқсоқол билан иккови бир-бирига олайиб қараб юришди.
Радое Убогий бўлса, тинч ўтиргани йўқ, ҳадеб сувни лойқалатаверди, бировларнинг қулоғига пичирлайверди, миш-миш тарқатаверди. Аммо тақсир бунга ҳеч қандай эътибор бермади. Радоени фақат бир мартагина, унда ҳам яхшиликча, оталарча койиб қўйди:
– Агар мен ҳақимда ҳар хил бўлмағур гапларни акиллаганингни яна бир марта эшитсам, ўттиз икки тишингни томоғингга жўнатаман, черковда причастие[6] бермайман, билдингми?!
Радое Убогий тақсирга тақводорларга муносиб тарзда жавоб берди:
– Агар черков кўкат сотадиган дўкон-у, причастие – кўкпиёз бўлса, сен хоҳласанг беришинг, хоҳламасанг бермаслигинг мумкин. Агар менинг тишларим, поп, томоғимга кетадиган бўлса, сенинг кулоҳинг ҳам унчалик катта эмас, бурнингга ҳам, қулоғингга ҳам тиқиб қўйишга бемалол етиб ортади! Хўш, акиллашни эса, поп, сендан ўрганганман, у вақтлари ҳали шогирд бўлиб юрган эдинг.
Тақсир ақлли одам эди, Радоега ҳеч қандай жавоб бермади, ҳатто, руҳонийнинг оғиз-қулоғига кулоҳ тиқишга қодир “адашган қўзи”га раҳм-шафқат билан маъюс қараб қўйди холос.
Нафсиламрини айтганда, Радоени “адашган қўзи” деб айтиш мутлақо тўғри эмасди: унга аслида “адашган қўчқор” деса бўларди. Чунки учинчи тул хотинни ҳам қўлдан чиқаргач ва қачондир уйланиш умиди пучга чиққач, қишлоқда шундай ғалва кўтардики, оқсоқол билан мирза унинг тилини тийиб қўйиш чораси устида бош қотира бошладилар.
Агар қишлоқда бир воқеа содир бўлмаганида Радоега ким ҳам қулоқ соларди, дейсиз?
Катта байрам, благовешчение бўлса керак. Прелепницага, ҳатто, бошқа қишлоқлардан ҳам халқ йиғилди. Поп Перага халқ йиғилса бўлди, черков минбаридан нутқ ирод қилиш имконини қўлдан чиқармайди. Бундан беш йилча олдин халқ депутатлигига сайлансам, яхши бўларди, деган фикр поп Перанинг калласига уриб қолди ва шундан бери у черков минбаридан тез-тез сафсата сотадиган бўлди. Крманлик Рая бир марта халойиқ ўртасида бундай деди: “Нима қипти, одамлар, тақсиримиз Пера бизга тоғдек суянчиқ бўларди!” Бундай фикрга келган биргина у эмасди, лекин энг муҳими, поп Перанинг ўзи шундай деб ўйларди.
Ўша вақтдан бошлаб тақсир қовоқхонага тез-тез қатнайдиган бўлди. У бу ерда фурсат келди дегунча столга мушт урар ва “Улар, бу юқоридагилар халққа нима керак эканини билишмайди, бу гапларни айтадиган одамнинг ўзи йўқ!” деб ҳайқирар эди. Ўзининг диний ваъзларидан у шундай ҳикматли хулоса чиқарарди: “Халққа худо олдида ҳам, ердаги ҳокимлар олдида ҳам яхши ҳимоячи даркор. Муносиб ҳомий халқнинг илтижоларини парвардигорга, халқнинг орзу-умидларини бўлса, ердаги ҳокимларга етказади!”
Мана, тақсир благовешчение байрамида ваъз ирод қилди. Ваъздаги энг муҳим фикр бундай эди: агар экинзор эгасиз қолса, барча биргалашиб меҳнат қилмоғи даркор (шу сўзларни айтаётганида Радое йўталиб қўйди, аммо поп нутқини охирига етказди, ундан кейин эса Радоега причастие неъматини бермади). Тақсир айтадиган гапини жуда қойиллатиб айтди; диний ибодат тугади ва барча сиполик билан черков олдида майдончага чиқди ва муҳтарам зотларга хос тарзда ундан-бундан гаплашиш мақсадида тўхтадилар.
Пера ота ҳам, оқсоқол ҳам, жамоа бошқарувининг бир аъзоси ҳам, Буринаца қишлоғининг оқсоқоли ҳам, шунингдек собиқ оқсоқол Райко, баққол Йова, драйковацлик Исайло ва бошқа кўпгина кишилар ҳам шу ерда ҳозиру нозир эдилар. Бу жамоанинг орасида фақат қовоқхоначи билан мирза йўқ эди; улар қовоқхонада эдилар, ахир, ҳар ким ўз иши билан шуғулланиши керак-да! Черков олдида ниҳоятда сўлим бўлиб турган каштан остидаги ўриндиққа тақсир, Исайло ва оқсоқол ўтириб олди, бошқалар бўлса оёқда қолди, кимдир ҳассасига таянди, кимдир тош олиб келиб, ўтирди. Кимдир қоғозга махорка ўраб тутатди, кимдир трубка тортди ва суҳбат бошланиб кетди.
Драйковацдан келган Исайло шаҳар бозорига бориб келган кишилардан Россияда вабо тарқалганини эшитганини айтди. Модомики, гап шу ҳақда кетган экан, баққол бобосининг акаси вабодан қандай ўлганини узоқ ҳикоя қила кетди. “Амаким ҳаммамизга бирдан жовдираб қаради (ўшанда мен ёш бола эдим), бирдан қорнини чангаллади ва бир зумда ўлди-қўйди!” Шундан кейин ўлат ҳақида бироз гаплашдилар, лекин тақсир қуйидагича маълумот беришни ўзининг бурчи деб билди:
– Биродар, ўлат-пўлат деган гап йўқ. Унинг борлигини тарихан исботлаш мумкин эмас: бу ҳақда халқ қўшиқларида айтилган, холос.
Буринацлик оқсоқол қурол-яроғ солиғи тўғрисида гап бошлади. Унга бу янги солиқ ҳақида уезд мирзаси айтган экан. Депутатликни кўзлаб юрган Пера ота, албатта, бу ўринда ҳам ўз сўзини айтишга қарор қилди:
– Қуролланишга келсак, у жуда даркор, лекин шахсан мен қурол-яроғ солиғи тизимига қаршиман.
Оқсоқол тақсирнинг бу фикрини ўзича ўзгартирди, яъни у ҳам қуролланиш, ҳам солиқ тарафдори экан. Бу оқсоқолнинг солиқларни яхши кўриши бизга олдиндан маълум.
Шундан кейин жамоа бошқармасининг аъзоси бўлган маслаҳатчи черковни оққа бўяш кераклигини айтди, лекин ҳеч ким бу мавзуни қўлламагани учун бошқа мавзуга ўтилди. Гапиришиб тўйишди, шекилли, аста-секин тақсирнинг уйи томонга юриш учун оёққа қалқа бошладилар. Бирданига Радое Убогий ҳовлиқиб келиб қолди ва деди:
– Байрамингиз муборак, парвардигор ҳаммангизга бахт берсин!
Одатда Радое шошилмай, лапанглаб юради, энди бўлса, шошиб келгани кўриниб турибди, у етиб келмасиданоқ саломлашди ва заҳархандалик билан ҳиринглади.
– Сенга ҳам худо бахт берсин! – деб жавоб беришди унга.
− Айтганингиз келсин, − давом этди Радое, − илоё бу байрам ҳаммамизнинг уйимизни ноз-неъматларга тўлдирсин! Илоё, йилимиз маҳсулдор бўлсин, совлиқлар қўзи туғсин, сигирлар бузоқ туғсин, илоё ҳатто туллар ҳам фақат ўғил туғсин! – гапини тугатган Радое худди қадаҳ кўтаргандай, қўлини юқори кўтарди, ўзи бўлса, тинмай заҳархандалик билан ҳиринглар, кўзи бирин-кетин барчани сузарди.
Тақсирнинг томоғига бир нарса тиқилгандай бўлди, лекин у ўзини қўлга олди ва гапни ҳазилга буришга уриниб кўрди:
− Э… э… э… табрик сўзинг мунча узундан-узоқ бўлмаса! Кимнинг соғлиғи учун ичмоқчисан?
Радое ҳануз ҳиринглаганча деди:
– Кимнинг соғлиғи учун эканини ўзим биламан!
– Ундай бўлса, ичавер! Биз ҳам ҳозир тақсирникига борамиз ва ичамиз, − қўшимча қилди оқсоқол. У орқага ўгирилди ва унинг учун ҳақиқатан ҳам бошқа муҳим мавзу йўқдай, ҳалигина черковни оқлаш кераклиги ҳақида айтилган гапни давом эттирди.
− Наҳотки, − қичқирди Радое, − наҳотки, ҳеч нарсадан хабарингиз йўқ бўлса?
– Йўқ, − деди Исайло, − сен айтсанг, билиб оламиз.
− Айтаман, албатта, айтаман. Бу гапни эшитиш сиз учун, бутун жаҳон учун, айниқса, халқнинг оқсоқоллари ва черков катталари учун жуда фойдали!
Радое “халқнинг оқсоқоллари” ва “черков катталари” сўзларига алоҳида урғу берди ва унисига ҳам, бунисига ҳам кўз қисиб қўйди.
– Гап шундаки, – давом этди Радое, – бева Аника эрталаб туғди, ўғил туғди!
Тақсир ўзини эшитмаганга солди, кулоҳини пешонасига сурди ва сўради:
– Ким туғди дединг, Савками?
– Савка эмас, бева Аника!
Тақсирнинг яна томоғи бўғилди (оёқлари ҳам қалтиради, фақат жуббаси узун бўлгани учун кўринмади). Тақсир оқсоқолга қаради, оқсоқол маслаҳатчига, маслаҳатчи баққол Йовага қаради, йиғилганлар орасида энг кичиги бўлган баққол Йова бўлса, ерга тикилиб қолди. Баққол Йова ниҳоят ердан кўзини узди ва деди:
– Илоё, унинг бахтини берсин. Ҳар ҳолда туққан аёлникига бормаймиз, қани, тақсирникига кетдик!
– Э, одамлар, эшитинг, ахир бугун унинг эри Алемпий ўлганига роппа-роса бир йилу бир ой бўлди-ку!
– Ҳа шундай, бир йилу бир ой, – деди тақсир жиддий, худди ундан биров сўрагандай. – Халос бўлишининг имкони йўқ эди, бу худди ҳозиргидай эсимда. Бироз ўғрилигини айтмаганда, яхши одам эди.
Энди Радое Исайлога юзланди ва сўради:
– Худо ҳаққи, сен айт-чи, сизларда тул хотинлар эрининг ўлимидан ўн уч ой ўтганидан кейин туғадими?
– Бу қанақадир ғалати иш! – жавоб берди Исайло. – Оқсоқол, бу кимнинг иши эканини фаҳмладингми, а?
– Ким? Менми? – қайта сўради оқсоқол. – Фаҳмладим, албатта, фаҳмладим.
− Шунинг учун ҳам уни оқсоқол қилиб қўйишибди-да, – қўшимча қилди Радое, – қишлоқда шармандагарчилик бўлмаслигини назорат қилиши даркор. Халқ разолатга ботмаслиги, парвардигор йўриқларидан чиқмаслиги учун тақсиримиз бор!
Тақсир бу вақтда эгасиз қолган экинзорга барча биргалашиб ишлов бермоғи даркорлиги тўғрисидаги гапни айни бугун айтмаслиги кераклиги ҳақида ўйлаб турарди; тақсир яна оқсоқолнинг ўтакетган аҳмоқлиги тўғрисида ҳам ўйлади: ахир, бирон нарса демайдими? У бўлса, тўнкага ўхшаб миқ этмай турибди. Сўнг черковни ҳақиқатан ҳам бўяш кераклиги тақсирнинг эсига тушиб қолди. Калласида шу фикр ғужғон ўйнайверди ва ҳамсуҳбатларининг гап-сўзлари қулоғига кирмай қўйди. Ўзига келгач, Буринацдан келган оқсоқол Исайлога юзланди:
– Хўш, нега бу ерда қаққайиб турибмиз, меникида гаплашамиз. Бу гап таъбимни тирриқ қилди. Прелепницада бунақаси ҳеч қачон бўлмаган эди. Кетдик меникига!
Уникига кетишди. Радое бўлса, янгилигини суюнчилагани қовоқхонага югурди, у ердан қудуқ бошига борди, хотинларга янгиликни айтди, сўнг тегирмонга йўл олди, у ерда ҳар доим одам кўп бўларди ва ниҳоят, у уйдан бунисига кириб чиқа бошлади, пировардида оёқлари уни қўшни қишлоққа олиб кетди.
ТЎРТИНЧИ БОБ
Бу боб ҳар қандай арзимаган ишдан кутилмаган оқибат чиқиши мумкинлигидан далолат беради.
Янги туғилган чақалоқнинг руҳи кириб олган бир неча фунт гўшт нима дегани ўзи? Айтишга ҳам арзимайди. Лекин, ҳатто, мана шу айтишга арзимайдиган гап жуда катта ва кутилмаган оқибатлар чиқаришига сал қолди.
Романимизнинг олдинги бобида юз берган воқеа ҳақида бошида фақат шивирлашиб гаплашишди. Радоедан бошқа ҳеч ким бу ҳақда дамини ҳам чиқармади. Аҳён-аҳёнда фақат қовоқхонада рақи отаётган кимдир бу ҳақда тамоман мужмал тарзда оғиз очар ва қўшнисига кўз қисиб қўяр эди.
Лекин қалтис хабар хотинларнинг қулоғига етдими, иш расво бўлди деяверинг. Хотинлар бу хабарни тарқатишади, кўпиртиришади, яна бу ишни жуда усталик билан, кифтини келтириб қилишади. Масалан, уйга кириб келишади ва гапни узоқдан бошлашади, қимматчилик, ёшлар, уй-жойлар ҳақида сўзлашади, бирдан қарабсизки, гап орасида фалончи хотинини ҳайдаганини эслаб қолишади. Ёки бўлмасам уйда эмас, черковда дейлик. Бу ерда хор “Ё малаклар…” даги “ё-ё-ё…” авжини узундан-узоқ айтаётган вақтни ҳамма художўйлар гаплашиб олиш имконини берадиган пауза деб билишади. Ушбу пауза пайтида бир хотин иккинчисига дейди: “Мен ўзимдан кўра қўшним Перка учун худога кўпроқ ёлвораман. Бу бечоранинг нақадар бахтиқора эканини, эри қанчалар азоб бераётганини сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз. Биласизми, бу гапни айтгим йўқ эди, лекин унга жуда-жуда ачиниб кетяпман-да. Ҳар ҳолда биз қўшнимиз, парвардигор ҳам яқинингни сев деган!” Шу тариқа имо-ишора, қочиримлар билан ҳаммасини хуфёна айтади қўяди.
Қишлоқда бунақа ишлар бошқача йўсинда қилинади. Чунончи, Станойка ҳовлисига чиқади ва боғида юрган қўшниси Паунани чақириб қолади:
– Пауна-ҳу, Пауна!
– Нима гап?
– Аниканинг чақалоғи тўғрисида нима дейишаётганини эшитдингми?
– Йўқ!
– Попга ўхшайди, дейишяпти.
– Нима деяпсан, гуноҳга ботма!
– Худо ҳаққи! Айтишларича, қуйиб қўйгандай тақсиримнинг ўзи эмиш, чақалоқнинг эгнига попнинг жуббасини кийдирса бўлди – ибодатни бошлайвериши мумкин эмиш.
Айтайлик, Станойканинг Пауна билан суҳбати шу тариқа якунига етади. Стамена бўлса, пичан уюми устида турганча Живкага қичқира бошлайди, унинг саси йўлгача бориб етади, бутун ўтлоқни тутиб кетади.
– Живка, ҳой Живка-а! Эшитдингми-и? Аниканинг боласи оқсоқолга ўхшар эк-а-ан!
– Менга бўлса, баққолга ўхшайди-и-и, деб айтишувди, – деб қичқиради Живка йўл устида туриб, – баққолга-а-а!
Шундай қилиб бутун қишлоқ хотинлари овозининг борича бир-бирига қичқиришади. Олдинига улардан биронтаси Аниканинг уйига киришни хоҳламайди. Бугина эмас, улар Аниканинг уйи олдидан ўтаётганларида юзларини тескари томонга буриб олишади, сўнгра бирин-кетин етимчани кўргани совға-салом кўтариб кела бошлашади – ахир, бечорадан ҳол сўрасанг, худога ҳам ёқади-да. Лекин, аслида, улар чақалоқнинг кимга ўхшашини ўз кўзи билан кўриб, ишонч ҳосил қилгани келишади. Тафсилотлар борган сари кўпириб-шишиб бораверди, нақ мўъжизанинг ўзи.
Хуллас, хотин дегани хотин-да, тақсирни, оқсоқолни, баққолни ва яна кимларнидир расвои радди бало қилганлари етмади, уларнинг ҳар бири чақалоққа тикилиб, қайсидир эркакка ўхшатди ва уйга қайтганидан сўнг бечораларга ҳужум қилишди. Чунончи, Стана ўзининг гуноҳкор Ивкосини кўча эшиги олдидаёқ кутиб олди.
– Қани, тўхта-чи, Ивко, – дейди у эрига, – қани, кўзимга бир қара-чи!
– Нима бало, ақлдан оздингми? – ҳайрон бўлади Ивко.
− Кўриб турибсан, ақлдан озганим йўқ. Хўш, нега кўзларинг анавиникига ўхшайди…
– Кимникига?
– Аниканинг боласиникига!
Ивко изоҳ беришни ёқтирмаслигини дарҳол тушуниб олиши учун Станага муштини дўлайтиради. Стана унини ўчиради. Ивко шундай қилди, лекин, айтишларича, Радован Кнежевичга хотини чақалоқнинг бурни нақ унинг бурнига ўхшашини айтар-айтмас, у хотинининг бурнини пачоқ қилган. Ҳикоя қилишларича, Спас Видкович хотинининг гарданига роса мушт ёғдирган. Ҳолбуки, хотини боланинг елкаси билан эрининг елкаси ўхшаш деб айтмаган, фақат чақалоқнинг лаблари эриникига ўхшашига шама қилганди, холос.
Кун ўтаверган сари хотинлар ўзаро уриша бошладилар: “Бу гапни менга сен айтдинг!” Униси эса: “Йўқ, мен эмас, сен айтдинг…” Шундан кейин қарғишлар ёғилади, бир-бирининг юзига тупуришади, охири кокилларини бурашга, юмдалашишга ўтишади.
Қишлоқда ёппасига бемазагарчилик бошланиб кетди. Агар фақат хотинлар сўкишганда баҳарнав эди, машмашага эркаклар ҳам аралашди.
Айтишадики, биринчи бўлиб оқсоқол ва мирза уришиб қолган. Бу Радое Убогий диний ибодат вақтида оқсоқол Аниканикида бўлганини мирзага айтганидан кейиноқ содир бўлди. Мирза оқсоқолга таъна қилди:
– Ҳой, оқсоқол, сен ўзи нима қилиб юрибсан?
– Нима қипман?
– Черковга бориш ўрнига Аниканикига… Кўзингга қара, шарманда бўласан. Худо кўрсатмасин, уезд бошлиғи билиб қолса борми. Бошлиқ қанча катта бўлса, шунча кўпроқ билади-ку, ахир.
− Сен ўзи менга нималар деяпсан?! – ёлғондакамига жаҳли чиқди оқсоқолнинг.
– Эшитганингни айтяпман! – жавоб берди мирза.
Бу гаплар анча олдин бўлиб ўтганди, эндиликда ҳамма гап ошкор бўлгач, улар чинакамига ёқа бўғишиш даражасига бордилар.
– Оқсоқол, сенга, вақти келса, бу намоён бўлади, деб айтгандим.
– Нима намоён бўлади? – ҳайрон бўлди оқсоқол.
– Номаъқулчилигинг! – деди мирза.
− Бу ерда ҳеч қанақа номаъқулчилик йўқ! Мен бу Аника деганидан, айтиш мумкинки, умуман, хабарим йўқ. Марҳум Алемпий эсимда бор, икки-уч марта уни авахтага тиққандим, бу аёлни эса мутлақо танимайман.
– Чўпчагингни бошқасига айт! Мени лақиллатаман деб ўйламай қўяқол. Нима қилиб юрганингни яхши биламан.
– Мен бўлсам, сеникини биламан! – бўкирди оқсоқол.
− Модомики, билар экансан, − қони қайнаб кетди мирзанинг, − энди биз менинг ишларим билан ҳам, сеники билан ҳам шуғулланамиз, у ёғига худо пошшо!
Шундан кейин оқсоқол билан мирза гаплашмай қўйишди. Гўё ҳеч қачон таниш бўлмаганга ўхшардилар.
Оқсоқол баққол Йова билан ҳам жанжаллашиб қолди. Бир куни баққолдан сўраб қолди:
– Сен Аникага қарзга мол бериб турармидинг?
– Бериб турардим.
– Қарзларини дафтарга ёзиб қўярмидинг?
– Йўқ, − деди Йова.
– Турган гап! Сен унинг қарзларини бошқа жойга ёзгансан, виждонли тужжор қарзни бунақа жойга ёзиши мумкин эмас. Ана энди лаззатланавер, ёзган жойингдан нима туғилди. Бор болангнинг олдига!
– Бунга менинг нима алоқам бор? – аччиқланди баққол.
− Бошқа ким бўларди? Ўзинг тан олдинг-ку, Аникага қарз берганингни!..
– Бердим, нима бўпти… Ахир, раҳмдилман-да.
– Модомики, раҳмдил экансан, бор-да, болани ол. У сенинг боланг!
− Биласанми, оқсоқол, − баққолнинг тоқати тоқ бўлди, − агар гап шунга борган бўлса, айтайки, боланинг отаси кимлиги аниқ. Сенинг ҳокимиятинг менинг қарзимдан қудратлироқ.
– Бу гапни иккинчи марта эшитмай! – тутақиб кетди оқсоқол.
– Бошқа эшитмайсан ҳам, бу гапни мен тергов пайти уезд бошлиғига айтаман! – бақирди баққол.
Оқсоқол қарздор бўлиб қолмади, ҳаммага маълум миллий анъанага кўра, бошлиқлар фуқароларни сийлайдиган сўзлар билан баққолни сўка кетди.
Ўша вақтдан бошлаб баққол оқсоқол билан сўзлашиш у ёқда турсин, ҳатто, саломлашмай қўйди. Бу гапни эшитган тақсир оқсоқолнинг ёнини олди ва баққол билан уришиб қолди, бир кундан кейин эса поп билан оқсоқол ўртасида жанжал чиқди. Бу ҳазилакам жанжал эмасди.
Оқсоқол тақсирникига келди ва оҳиста, дўстона оҳангда гап бошлади:
– Тақсир, сеникига маслаҳатлашгани келдим: бу ишни нима қиламиз?
– Қайси ишни?
– Қишлоқда бўлаётган номаъқулчиликни.
− Менинг нима ишим бор? Бу менинг эмас, сенинг ишинг. Ҳар ким ўз ишига жавоб бериши керак.
– Қанақасига? – қони қайнаб кетди оқсоқолнинг.
– Шунақасига, биродар, бу жамоанинг иши. Агар минорадан қўнғироқ тушиб кетса, бошқа гап, лекин жамоада бола пайдо бўлдими, нима қилиш кераклиги ҳақида жамоа бош қотириши даркор.
− Бу, албатта, тўғри… гап йўқ, – айёрлик билан маъқуллади оқсоқол, – лекин бу ишга черков ҳам аралашган-да.
– Қайси черков, нимага аралашган?
– Ўзингни гўлликка солма, поп! – қартани очиб ташлади оқсоқол. – Марҳум Алемпийнинг гўри совимасдан турибоқ сен Аниканинг ёнига югура бошладинг.
Тақсирнинг кўзлари олайиб, соқоли титрай бошлади.
– Бу гапни менга сен айтяпсанми? Сен-а?! Якшанба кунлари мен ибодат хизматида бўлган вақтимда Аниканинг ёнига ким борганини бутун қишлоқ билади. Уялмайсан ҳам: бошлиқсан, айтиш мумкинки, парвардигорнинг марҳамати билан ҳокимиятга қўйилгансан, лекин ҳеч қачон черковга қадам босмайсан.
– Сен мен учун худога илтижо қилиб турганингдан кейин черковга боришнинг нима кераги бор?
– Сен учун менинг илтижоларим кифоя қилармиди? Оқсоқол, гуноҳларинг шунчалик кўпки, ўнта архиерей ва учта патриарх истиғфор келтирганида ҳам уларни ювиб бўлмайди.
– Бунинг сабаби бошқа, поп – ўзингнинг гуноҳларинг бошингдан ошиб-тошиб ётибди. Пасхадан олдин бир ҳафта давомида ароқ шишасининг оғини кемирганингни ўзим кўрганман, шундай экан, мен учун қилган дуоларинг ўтармиди?!
– Майли, ҳатто, шишани еган ҳам бўлай, шиша ўзимники, аммо бировларга ўхшаб давлат хазинасини кемирмадим-ку!
Оқсоқолнинг юз мушаклари ўйнай бошлади, қўлида ушлаб турган таёқни қаттиқ қисди, лекин ўзини босиб олди ва деди:
– Майли, поп, икковимизга ҳам узоқ умр ва соғлиқ берсин, бир куни соқолингни қирганларини кўриш насиб қилсин.
– Билмадим, билмадим, бу дунёда ҳамма нарса бўлиши мумкин, бироқ сени кишанда кўришимни, худди “Отче наш”дай[7], аниқ биламан, – деди тақсир.
Шундай қилиб икки дўст – тақсир ва оқсоқол душман бўлиб ажралишдилар.
Ўшандан бери тақсир черковда ваъз ўқимай қўйди, умуман, ҳеч қаерда қорасини кўрсатмади, черковдан тўғри уйига қайтади ва ҳеч қаёққа бормайди. Баққол Йова ҳам дўконидан чиқмайди. Оқсоқол қовоқхонага кирмай қўйди, мирза бўлса, қовоқхона бандасига айланди.
Радое Убогий энди мирзага ёпишиб олди, қачон қараса, у билан шивирлашгани-шивирлашган, ароқ ҳақини ҳам у тўлайди.
Бутун қишлоқ мана шу тариқа уришиб қолди, энг яхши дўстлар пўм чиқишди. Хўш, сабаби нима? Йўқ ердан ғавғо чиқди. Арзимаган бир неча фунт гўштни деб.
БЕШИНЧИ БОБ
Чўқинтириш
Бу режани мирза билан Радое Убогий бир шиша рақи устида пишитдиларми ёки бу Радоенинг калласига келдими, ҳозиргача аниқ эмас. Фақат шундай бўлдики, ажойиб кунларнинг бирида Радое тепаликка кўтарилиб, Аниканинг эшигини тақиллатди. Аника Радоени жинидан баттар ёмон кўрар, ўзи ҳақидаги иғволарни қишлоқда у тарқатаётганини биларди. Лекин келганидан кейин нима ҳам қиларди, қувиб юбормайди-ку.
Радое уйга кирди, хонани, йўргакка ўроғлиқ чақалоқни кўздан кечирди, шундан кейингина Аникага юзланди.
– Аника, мени ёқтирмаслигингни биламан, лекин мен сенга айтайки, ҳақиқий дўст бошга иш тушганда билинади. Мени билиб олганингдан кейин сенга ёмонлик тиламаслигимни тушунасан.
Радое гапни қаёққа тақамоқчи эканини билолмагани учун Аника жим тураверди.
– Сенда, ҳалиги, бола пайдо бўлибди, – давом этди Радое, – сен бўлсанг, мана уч ҳафтадирки, уни чўқинтирмай уйда олиб ўтирибсан.
– Чўқинтираман, вақт-соати келади! – деди Аника ўқрайиб.
– Албатта, чўқинтирасан, лекин чўқинтирган ота бўлишга қишлоқда ким ҳам рози бўларди? Ўшалар, дўстларинг боланинг чўқинтирган отаси бўлишга ор қилишади, агар улар бош тортсалар, бошқалар ҳам шундай қилишади.
Аника бу ҳақда ҳозиргача ўйлаб кўрмаган эди, энди Радоенинг сўзлари унга ҳақиқат бўлиб кўрина бошлади ва диққат билан қулоқ солди.
– Мен айтайки, – давом этди Радое, – отаси номаълум бўлса, нима қипти, боланинг руҳи парвардигорники-ку. Парвардигор ўгитларини унутиш гуноҳ, деб ўйлайман. Етимчанинг бошини силаш – энг олижаноб иш. Шуларни ўйладим-да, Аниканинг ёнига боришим керак, дедим ўзимга. Модомики, бошқалар хоҳламас экан, болани ўзим чўқинтираман.
Радоенинг яхшилиги Аникани ҳанг-манг қилиб қўйди ва туққанидан бери то ҳозиргача ҳеч ким унга яхши гап айтмагани учун, Радоенинг таклифини сўзсиз ва эътирозсиз қабул қилди.
– Раҳмат сенга!
Агар Радое жим тура олганида эди, унинг маккорона режаси бемалол амалга ошган бўларди. Бироқ у шу заҳоти қовоқхонага йўл олди, ҳаммани бир шишачадан рақи билан сийлади, нима муносабат билан меҳмон қилаётганини қизиқсиниб сўраганларга баланд овозда:
– Отасиз бола туғиб қўйган бахтиқора Аника менга чўқинтирган ота бўлишни таклиф қилди, шу муносабат билан сизларни меҳмон қиляпман.
Радое Убогий боланинг чўқинтирган отаси бўлиши ҳақидаги хабар бир соатга қолмай бутун қишлоққа тарқалди. Янгилик қаҳқаҳаларга сабабчи бўлди. Ялпи вақтичоғликни биргина тақсир қувватламади. Аксинча, хабарни эшитган тақсирнинг бутун аъзойи баданигина эмас, ҳатто, жуббасига ҳам сон-саноқсиз қумурсқа ўрмалай бошлади. Шу заҳотиёқ чўқинтириш маросими ва ўзи бу маросимни ижро этаётгани кўз олдида намоён бўлди. Радое қўшни қишлоқлардан ҳам чақириб келган халойиқ черковга тиқилиб кетганини аниқ-равшан кўрди. Барча, катта-ю кичик, тақводорлар ҳам, шу чоққача черковга қадам босмаганлар ҳам келган. Барча Радое нега чўқинтирган оталикка рози бўлганини билиш устида бош қотиряпти. У бўлса болага, албатта, ё тақсирнинг, ёки оқсоқолнинг отини қўяди. Буниси ҳали ҳолва. Тақсир гўдакни “чўқинтирилганлар” дафтарига ёзаётганида “Унинг ота-онаси ким?” (бу саволга чўқинтирган ота жавоб бериши лозим) деб сўраши керак ва бу саволга Радое муҳтарам халойиқ олдида шундай бир жавоб берадики, э худо ўзинг асра, марҳаматингни дариғ тутма!
Тақсир мана шуларни ўйлади, жуббаси титради, жубба остидаги юраги шундай ўйнай бошладики, бамисоли милтиқ тиғига кўзи тушган қуённики дейсиз! Тақсирнинг боши ғовлади, маслаҳатлашадиган, қайғусини баҳам кўрадиган одамнинг ўзи йўқ – аксига олиб, пиширган ошларини бирга тановул қилиши лозим бўлган ҳамтовоқлари билан уришиб қолган. Бундай оғир дамда улар ҳар қачонгидан кўпроқ ҳамжиҳат бўлиши кераклигига тақсирнинг ақли етди; руҳонийлик рутбаси ҳам кишиларни яраштиришни тақозо этишини эслаб қолди ва уни ҳаммадан кўпроқ ҳақорат қилган оқсоқолнинг ёнига кетди.
Оқсоқол идорасига кириб келган попга ғижиниб қараб қўйди, лекин тақсир ҳақиқий насроний хатиблар каби мулойимлик ва ширинсуханлик билан сўз бошлади. У оқсоқолга, энг аввало, қадимги серб шиорини эслатди: “Сербни фақат ҳамжиҳатлик қутқаради”, сўнг мақол қўшимча қилди: “Икковлон бир бўлса, тоғни талқон қилар, еттовлон ола бўлса, оғзидагини олдирар”. Сўнг у иборага мурожаат қилди: “Ўзингники ўзагингни узар!” Ниҳоят, оқсоқолга машҳур қадимий тарихий ҳикматдан сўзлади: бир подшо ўлимидан олдин еттита новдани боғлаб, ўғилларига синдиришни буюрибди. Лекин биронта ўғил уни синдира олмабди, битта-битта ажратилган новдаларни бўлса, осонгина синдиришибди. Бу билан ўзи битта новда бўлса, иккинчиси – оқсоқол, учинчиси ва тўртинчиси – баққол ва мирза эканини айтмоқчи бўлган эди. Оқсоқолни батамом ишонтириш учун тақсир аслзодаларнинг ихтилофи сабабли Косово майдонида серб подшолиги ҳалокатга учраганини эслатди[8].
Охирги далил оқсоқолни кучли ҳаяжонга солди, кўз ўнгида Султон Боязид қиёфасига кирган уезд бошлиғи, уларнинг тўртталаси – ўзи, тақсир, баққол ва мирза Косово майдонида баҳодир ака-ука Юговичлар каби жонсиз ётгани гавдаланди. Ҳатто, ғазнани тафтиш қилишган вақтда ҳам юз-кўзи ўзгармаган оқсоқол кўзига ёш олди, тақсирга қучоқ очди ва ўпишди.
Бу хайрли ишни охирига етказишгач, қўлтиқлашиб, баққолникига йўл олишди. У билан иш осонроқ кўчди, шекилли. Тақсир уни мулойим сўзлар билан забт этди ва улар бир-бирига қўл узатишди. Эндиги навбатда мирза бор эди; улар мирзани унатиш осон бўлмас деб хавфсираётгандилар. Усиз бўлса, бир қадам ҳам ташлай олмасдилар. Мирза кейинги вақтларда нима учундир шаҳарга кетишини айтиб таҳдид қилаётгани уларни, айниқса, ташвишлантираётганди. Шунинг учун ҳам учовлашиб жамоа идорасига боришди. Мирзани ўша ердан топишди. У курсига тескарисига миниб олиб, чекаётган ва ҳуштак чалаётган эди. Мирза уларни бирга кўриб ҳайрон қолди ва шу заҳотиёқ оқсоқолга мурожаат қилди:
– Менга қара, оқсоқол, мен эртага шаҳарга кетаман!
– Майли борақол, – хотиржамлик ва хушмуомалалик билан жавоб берди оқсоқол. – Истасанг, менинг отимни ол!
– Отингнинг кераги йўқ, бир оёғи оқсайди.
– Икки оёғи оқсамайдими, барибир, олавер. Хўп деяқол, мирза… агар олмасанг, хафа бўламан.
– Нега энди хафа бўларкансан? Отинг оқсаётган бўлса.
− Сен мени хафа қилдинг, мирза, қаттиқ хафа қилдинг. Оқсайди, оқсамайди… Гап отда эмас, менда! Мен отимнинг тўрттала оёғини ҳам уриб синдираман, орамизда хафагарчилик бўлмаса бас.
Гапга тақсир аралашди.
– Мирза, сен ноҳақ кўринасан, оқсаётган от, оқсоқол эмас-ку…
– Нима қилишим керак, оқсоқолни миниб кетишим керакми?
– Худо хайрингни бергур, бир отни деб нега энди одамни хафа қилиш керак?
– Хўп, майли, майли, отни оламан! Хафагарчилик бўлмасин! – рози бўлди мирза.
Оқсоқол мирзанинг юмшаганидан фойдаланиб қолди ва ниҳоятда мулойимлик билан сўради:
– Мирза, шаҳарда сенга нима керак бўлганини бизга айтсанг бўлармиди. Ул-бул сотиб олмоқчимисан ё ўйнаб келмоқчимисан, ёки балки уезд бошлиғига борарсан?
Оқсоқол охирги сўзни урғу бериб айтди ва тақсир билан баққолга маънодор қараб қўйди.
Мирза индамади.
– Нега энди сен, – давом этди оқсоқол, – бошлиқда нима ишинг борлигини бир аканг, қолаверса, оқсоқолинг сифатида менга айтмайсан?
– Бу вақт-соати келганда ўзини намоён қилади! – деб жавоб қилди мирза ўзининг суюкли ибораси билан.
– Намоён қилса, қилар, лекин сен ўзимники деб менга айтавер…
Тақсир воизлик қобилиятини ишга солиб, оқсоқолга ёрдамга шошилди.
– Бўтам, оғир замонлар келди. Одамларда самимият қолмади, ҳаммаёқни нафрат босди. Ҳолбуки, оила ҳам, жамоа ҳам, давлат ҳам самимиятга суянади…
– Поп, нимага шама қилаётганингни билиб турибман! – гапини бўлди мирза.
– Агар билган бўлсанг, кўп яхши! – илиб кетди тақсир. – Унда ўзинг айт, ташвишларимизни фақат биргаликда ҳал қилиш мумкин бўлган бир чоғда бир-биримиз билан уришиб юришимиз, ўзимизни четга олишимиз яхши ишми? Мана кўриб турибсан, биз ярашиб олдик, сени ҳам жуда ҳурмат қиламиз ва яхши кўрамиз. Шундай экан, сен нега ўзингни биздан четга оласан?
Тақсирнинг сўзлари мирзага қаттиқ таъсир қилди, у тақсирга, оқсоқолга ва баққолга назар ташлаб, уларнинг ҳақиқатан ҳам ташвишланаётганини ва дилгир эканини кўрди. Мирзанинг раҳми келди, улар ўз жигарларидай кўринди. У ўйлаб-ўйлаб оқсоқолга шундай деди:
– Биласанми, нима? Менга эллик динор керак бўлиб қолди. Солиқ пулларидан беролмайсанми?
– Албатта, мирза, нега бермас эканман… Бу пуллар меники эмас, қизғанадиган жойи йўқ. Шаҳарга борадиган бўлдингми?
– Йўқ!
– Ана энди сени яхши кўриб кетдим! – хитоб қилди оқсоқол, мирзани қучди, ғазнани очди, қўлини тиқиб, солиқ пулидан мирзага эллик динор олиб берди.
Шундан кейин бошқалари ҳам қучоқлашишди ва мирзанинг таклифига кўра, қовоқхонага йўл олишди.
Қовоқхона бўм-бўш, бемалол баланд овозда гаплашиб ўтирса бўларди. Биринчи шиша бўшаган заҳоти тақсир муддаони баён қилди: мана шундай, мана шундай. Радое Аниканинг гўдагига чўқинтирган ота бўлишга қарор қилибди ва якшанба куни болани чўқинтиргани черковга олиб келади. Шундан кейин тақсир бунинг оқибати нималарга олиб келишини, қандай шармандалик юз беришини тушунтирди.
У бу гапларни ҳаммага қарата айтаётган бўлса-да, фақат мирзага тикилиб турар, нигоҳидан: “Мирза, дўстим, ҳамма умид сендан!” деган маънони уқиш мумкин эди.
– Бунақа ҳолларда нима қилиш кераклигини билмайман, – оқсоқол биринчи бўлиб сўзлади ўйчан тарзда. – Радоега чўқинтирган ота бўлишни маън қиладиган қонун йўқмикан?
– Бунақа қонун йўқ ва бўлмаган ҳам, чунки Радое ғайридин эмас, – деди тақсир.
– Сен нима дейсан, мирза? – сўради оқсоқол.
Мирза ўйлаб қолди, барчаси бетоқатлик билан унга бақрайиб турарди. Ниҳоят, у елка қисди ва деди:
– Давлат тўнтариши қилишдан бошқа чора йўқ!
– Қандай қилиб? – ташвишланиб сўради тақсир. “Давлат тўнтариши” нималигини бу жамоадагилардан фақат у биларди.
– Мана шундай қиламиз! – дея тушунтира бошлади мирза ва яна бир шиша буюрди. – Радое болани якшанба куни чўқинтирмоқчими?
– Ҳа, − деди оқсоқол.
– Бугун бизда чоршанбами?
– Ҳа, – деди тақсир.
– Болани эртага эрталабки ибодатдан кейин чўқинтирса бўладими? – сўрашда давом этди мирза.
– Албатта, бўлади, – жавоб берди поп.
– Ундай бўлса, қулоқ солинглар! – деди мирза. Ҳаммаси қулоғини динг қилиб, яқин сурилди. – Эртага, эрталабки ибодатдан кейин, сен, тақсир, черковдан чиқма, сен бўлса, оқсоқол, югурдак Среяни Аниканинг ёнига югуртир: оқсоқол болани чўқинтириш учун ҳозироқ черковга олиб келишни буюрди, чунки насронийлар қонунига кўра, бундан кейин у чўқинтирилмай қолиши мумкин эмас, десин. Агар Аника оёқ тираб, Радое уни якшанба куни чўқинтиради деса, Срея: якшанба куни тақсир қишлоқда бўлмайди, қолаверса, Радое аллақачон болани черковда кутиб ўтирибди, десин.
− Ундан кейин-чи? – сўради тақсир. Мирза ўйлаган “давлат тўнтариши”нинг моҳияти унга энди аён бўлганди.
– Ундан кейин Срея жамоа номидан болани чўқинтиради!
− Жуда зўр! – суюниб кетди тақсир ва юзлари ёришди. – Раҳмат сенга, мирза! Бу ақлинг билан сен архиерей бўлишинг керак эди!
– Бунақасини давлат назоратининг ўзи ҳам топмаган бўларди! – қўшимча қилди оқсоқол. Солиқларни ўз билганича тасарруф қиладиган оқсоқол учун дунёда давлат тафтишчисидан қўрқинчлироқ ҳеч нарса йўқ эди.
Айтишга сўз тополмаган баққол маъқуллаш аломати ўлароқ дарҳол бирданига ярим литр рақи буюрди.
– Жамоа гўдакка биронта исм топиб қўйиши ҳам керакмиди? – дея оқсоқол узилиб қолган суҳбатни давом эттирди.
– Ёмон бўлмасди, − маъқуллади тақсир, − бирданига Срея оқсоқол сифатида сенга ҳурмат юзасидан гўдакка сенинг исмингни қўйса-я.
– Бир ками шу эди! – қўрқиб кетганидан қичқириб юборди оқсоқол. Энди бу масалани кўтариб ақлли иш қилгани унинг ўзига ҳам аён бўлганди.
– Менимча, – биринчи марта оғиз очди баққол, – тақвимга қараш керак, эртага қайси авлиё туғилган бўлса, ўшанинг исмини бериш керак.
Тақсирга баққолнинг таклифи мақбул туюлди, у шу заҳоти қўлини жуббасининг чўнтагига тиқиб, ёғ босиб кетган тақвимни чиқарди ва бармоғига туфлаб, варақлай бошлади. Пайшанбани топгач, ўқиди:
– Трофим!
– Бўлди, гўдакка Трофим деб от қўямиз! – деди баққол.
– Қўйсанг-чи, – эътироз билдирди мирза, – бутун қишлоқ кулади. Йўқ, унга муносиброқ исм танланглар.
Павел, Тодор, Викентий каби қатор чиройли ва муносиб исмлар таклиф этилди, лекин уларнинг ҳаммаси рад қилинди, чунки ҳар гал қишлоқда бундай исмли киши борлиги маълум бўлди, улар жанжал чиқариши мумкин эди. Ниҳоят кимдир “Милич” деган исмни айтиб қолди ва шунга тўхташди. Барча ҳамқишлоқларни эслаб кўришди, лекин ҳеч кимнинг исми бундай эмасди, шекилли.
Эртасига ҳаммаси хамирдан қил суғургандай битди. “Давлат тўнтариши” шунчалик кутилмаган тарзда амалга оширилдики, Радое бу гапдан фақат пешиндагина хабар топди. Янгиликни эшитгач, сиртмоққа тушган илондай вишиллади:
– Олам яратилгандан бери одамни чўқинтирган ота бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилишдай зўравонлик бўлмаган эди. Ҳатто турклар ҳам бундай қилмаган. Ўзимизнинг озод давлатимизда, мана, қандай ҳолга тушдик!..
ОЛТИНЧИ БОБ
Бу бобда воқеалар фақат китобхон учунгина эмас, балки Прелепница жамоа кенгаши учун ҳам мутлақо кутилмаган тус олади.
Югурдак Срея бу бобгача муаллифга шунчаки керак бўлмагани учунгина ҳикоямизда кўринмади, яна унинг яшириниб юрадиган одати бор экан, деб ўйлаб юрманг. Бошқа ҳолларда Срея чақирилса ёки чақирилмаса-да, барча оилавий байрамлар, зиёфатлар, чўқинтириш маросимлари, маъракаларда кунда-шунда бўлади. Инчунин, Срея ўзини жамоа “раҳбарияти”га мансуб ҳисоблайди. Яйлов талашиб судлашаётган томонларга у ўзини катта олиб: “Бошқача қарор бўлиши мумкин эмас, биз адолат юзасидан ҳукм чиқардик!” дейди гердайганча. Ҳолбуки, оқсоқол бошқа аъзолар билан иш кўраётган пайтда у мирзанинг идора пичанхонасида турган бочкасида қишга тузлама қилаётган бўларди.
Шундай қилиб, ажойиб кунларнинг бирида мана шу Срея Йоцконинг тегирмони жойлашган тепаликдан оёғи куйган товуқдай бор кучи билан чопиб келиб, жамоа бошқармаси идорасига отилиб кирди, сув тўла хумни ағдариб юборди, мирзанинг оёғини босиб олди ва ниҳоят, худди ўзининг оёғини босиб олишгандай, бўкириб юборди.
Ярим соатдан бери қандайдир ҳужжатни имзолаётган ва имзосининг охирги ҳарфини ёзаётган оқсоқол адашиб кетди ва қандайдир узундан-узоқ чизиқ тортиб юборди.
Босилгани учун оёғининг қадоғи қаттиқ оғриган мирза даъво ҳужжатларидан бирини олиб, полга улоқтириб юборди. Даъвогар томонлардан бири қонини қайнатиб юборганида у шундай қиларди. Лекин ҳозир бу ўшандай ҳолат эмаслиги учун, мирза шу заҳотиёқ ўзини қўлга олди ва сочиб юборилган қоғозларни теришга киришди. Оқсоқол ўрнидан ирғиб турди ва хириллаган овозда сўради:
– Нега шовқин кўтаряпсан?
– Кечаси қочиб кетибди, – деди зўрға Срея.
– Ким?
– Ўша аёл!
Среянинг шошқалоқлиги йиғилган солиқларни текшириш учун қишлоққа келган қандайдир комиссияга алоқадор эмаслигини тушунган оқсоқол яна тетиклашди ва мавқеига мос келадиган қатъий, жарангдор товушда деди:
– Хў-ўш, ким экан у қочган?
– Ўша… Аника, – жавоб қилди Срея.
– Жуда яхши бўлибди-да, – деди лоқайдлик билан оқсоқол, – кетса садқаи сар.
– Худди шундай! – деди мирза.
– Шундайку-я… лекин болани қолдириб кетибди-да.
Ҳозиргина енгил тортган оқсоқол яна тундлашди.
– Яна қайси болани… ўзининг боласиними?!
– Ўзиникини!
− Демак, бола билан тил бириктирилмаган, − давом этди оқсоқол гўё расмий тилда. У ўрмонда қўрқувига чора излаб ашула айтаётган кишидай, фақат нимадир дейиш учунгина тўнғиллаб қўйганди.
– Демак, Аниканинг ўзи қочган, боласини эса, жамоага ташлаб кетган бўлиб чиқади, – қисқа қилиб якун ясади мирза.
– Худди шундай! – деди оқсоқол астагина. У жим қолди, сўнг чуқур ўйга толди, яқиндагина имзо чеккан қоғозини чайнай бошлади.
Оқсоқол жим, мирза ҳам жим, Срея бўлса, олдин унисига, кейин бунисига боқди, сўнг сўради:
– Энди нима қилиш керак?
Оқсоқол ўзини Среянинг саволини эшитмаганга солди, чунки ичида ўзидан бир неча бор шундай деб сўраган эди.
Срея жим турмади:
– Энди нима қилиш керак?
Оқсоқол яна ўзини саволни эшитмаганга солди ва содир бўлган воқеанинг тафсилотларини суриштира бошлади.
– Қачон қочибди?
– Кечаси, дейишяпти.
– Кимдир унга шундай қилишни ўргатган ва кўндирган, – қўшиб қўйди мирза.
– Шундайлиги аниқ, қайсидир иблис уни йўлдан урган… Срея, бир дақиқа чиқиб тургин, мирза билан гаплашиб олишимиз керак.
Мирза иккови холи қолгач, оқсоқол дўстларча унинг елкасига қўлини ташлади ва шундай ширинсўзлик ва мулойимлик билан сўзлай бошладики, гўё олдида қандайдир комиссия тургандек эди:
– Мирза, жонажон дўстим, кел оғайниларча гаплашиб олайлик.
– Нима ҳақда гаплашишимиз керак?
– Хўш… умуман гаплашамиз-да.
– Ҳамма гап аён, гаплашадиган гапнинг ўзи йўқ, – деди мирза.
– Ҳамма нарса аёнлигини ўзим ҳам кўриб турибман, лекин бирон нарса ўйлаб топсанг яхши бўларди-да, мирза!
– Майли. Сен воқеа содир бўлган жойга бор, кўр-чи, нима гап экан, унгача мен бирон нарса ўйлаб қўярман.
Оқсоқол “воқеа жойига” кетди, йўл-йўлакай попникига бурилди. Тақсир жанозага ҳозирлик кўраётганди ва хотини ашқол-дашқолларини ҳозирлагунча боғда, уйдан чиқарилиб ёнғоқ дарахти остига қўйилган диванда ўтириб, жигар кабобни тушираётган эди. Оқсоқолни кўриб, қичқирди:
– Бу ёққа кел, қара қандай думба, оғзингда эрийди!
Лекин оқсоқолнинг жигар егулик ҳоли йўқ, у попнинг ёнига чўкди. Шивирлаша бошлади. Нима ҳақда шивирлашганини биз шундоғам биламиз. Ликопчада ейилмай совиб ва қотиб қолган энг мазали жигар бўлаги эса тақсирнинг бу суҳбатдан кейинги кайфиятидан дарак бериб турарди.
Оқсоқол тақсирникидан чиқиб, баққолникига кетди. Янгилик баққолни нақадар ҳанг-манг қилиб қўйганини, ҳеч бўлмаса, шундан ҳам билиш мумкинки, у бир деҳқон аёлга юз грамм ўрнига бир килограммдан кўп гуруч тортиб берди ва деҳқон аёл дўкондан биринчи марта баққол виждонли одам эканига ишонч ҳосил қилиб чиқди.
Оқсоқол баққолникидан кейин “воқеа жойига” йўл олди. Қочишнинг барча тафсилотларини сўраб олиш учун тегирмонга кирди. Савкадан эшитишича, Аника саҳармардондан туриб олган ва попнинг хотини ёнига боришим керак, деб чиққан-у, қайтиб келмаган.
Савка ҳикоя қиларкан, тегирмоннинг қайсидир хилват бурчагида гўдак Милич биғиллади; оқсоқол ўша томонга нафрат билан қараб, тупурди, тегирмондан чиқди ва орқасига ҳам қарамай, қадам ташлаб кетди.
(Давоми бор)
Рус тилидан Бобохон МУҲАММАД ШАРИФ
таржимаси
2019/1
[1] Халқ скупшчинаси – парламент (бу ва кейинги изоҳлар таржимонники).
[2] Фельдфебел – рота командирининг хўжалик бўйича ёрдамчиси, катта унтер-зобит.
[3] Пономарь – православ черковида унвони пастроқ руҳоний.
[4] Рақи – узум, анжир, олхўри ва бошқа мевалардан тайёрланадиган спиртли ичимлик.
[5] Убогий – қашшоқ.
[6] Причастие – насронийлар маросимида бериладиган вино ва нон.
[7] “Отче наш” – насронийлар дуоси.
[8] Косово жанги – 1389 йил 15 июнда (янги ҳисобда 28 июнь) Косово майдонида турк султони Мурод I армияси билан Сербия қироли Лазар бошчилигидаги серблар ва боснияликларнинг бирлашган армияси ўртасида бўлиб ўтган ҳал қилувчи жанг. Жангда сон жиҳатидан оз бўлишига қарамай, турк армияси ғалаба қозонган, Лазар асир олинган ва қатл этилган. Аммо серб аслзодаларидан бири, Лазарнинг куёви Милош Обилич султон Муродга суиқасд қилиб, ханжар уришга муваффақ бўлади. Натижада султон вафот этади ва катта ўғли Йилдирим Боязид тахтга ўтиради. Султон Боязид кейинчалик Болқон ярим оролидаги катта ҳудудларни босиб олишга эришади. Косово жанги натижасида Сербия Усмонийлар империясига қарам бўлиб қолди. Бу жанг серблар учун куч-қудрат ва мустақилликни йўқотиш тимсолигина бўлиб қолмай, кўпгина афсона ва ривоятлар тўқилишига ҳам сабабчи бўлган. Бу ривоятларда серб қўмондонлари ўртасида бирлик бўлмагани, ихтилоф ва келишмовчиликлар, хиёнатлар мағлубиятнинг асосий сабаби сифатида кўрсатилган.
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
https://jahonadabiyoti.uz/2019/06/03/%d0%b1%d1%80%d0%b0%d0%bd%d0%b8%d1%81%d0%bb%d0%b0%d0%b2-%d0%bd%d1%83%d1%88%d0%b8%d1%87-1864-1938-%d1%9e%d0%bd-%d1%83%d1%87-%d0%be%d0%b9%d0%b4%d0%b0%d0%bd-%d1%81%d1%9e%d0%bd%d0%b3/