Баҳром Рўзимуҳаммад (1961)

Баҳром Рўзимуҳаммад 1961 йил 10 январда Хоразм вилояти, Шовот тумани, Ижтимоият қишлоғида туғилди.

Отаси Шарифий тахаллуси билан шеърлар ёзган, машқлари туман газетасида босилган эди. Шарифий хонадонида чоғроқ кутубхона бор эди. Отасидаги бу ихлос Баҳромни ҳам бефарқ қолдирмади. Ўн уч ёшидан бошлаб шеърлар ёза бошлади. Илк машқлари Шовот туман газетасида (1974), “Гулхан” журналида (1976) босилди.

1978 йили ўрта мактабни тамомлаб, ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетига ўқишга кирди. Талабалик чоғида (1982) туркум шеърлари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилди.

Баҳром Рўзимуҳаммад университетни тугатиб (1983), Шовот туман газетаси таҳририятига адабий ходимликка ишга қабул қилинди. 1995 йилда Тошкентга қайтиб, “Кўзгу” газетасида бир муддат фаолият юритди. 1995–2000 йилларда “Ўқитувчи” нашриётида муҳаррир, катта муҳаррир вазифаларида хизмат қилди. Сўнг эса турли нашриёт, газета, журналларда фаолият кўрсатди. “Товушсиз қадам”, “Теракка яқин юлдуз”, “Икки нур” “Давсаман” шеърий тўпламлари нашр этилди.

Б. Рўзимуҳаммад германиялик олималар Зигрид Клайнмихел ва Ингеборг Балдауфлар билан ижодий алоқалар ўрнатган. Ингеборг Балдауф Баҳромнинг шеърларини немис тилига ўгирди (“Давсаман” тўплами 2000 йилда ўзбек ва немис тилларида нашр қилинди).

1999 йилда шоирнинг “Кундуз сарҳадлари” номли сайланма китоби чоп этилди. 2006 йилда “Соялар суҳбати” номли навбатдаги шеърлар тўплами босилди.

Б. Рўзимуҳаммад “Ўзбек модерн шеърияти” (2003) баёзини Шермурод Субҳон билан ҳамкорликда тузиб, чоп эттирди. Шоир, таржимон Аъзам Обид билан ҳамкорликда “Илонбалиқ” (2009), “Қуш тили” (2011) халқаро антологиялари лойиҳасини ишлаб чиқди. Б. Рўзимуҳаммаднинг шеърлари немис, инглиз, испан, француз, ҳинд, рус, турк, озарбайжон, туркман, қорақалпоқ тилларига ўгирилган. Бир туркум шеърлари халқаро нуфузли антологияларга киритилган.

У адабий танқидчилик соҳасида ҳам қалам тебратиб, “Чўлпон – тонг юлдузи демак” (1997) рисоласини ёзди.

Таржимон сифатида Б. Рўзимуҳаммад қорақалпоқ шоири С. Иброҳимов шеърларини, ХХ аср немис модерн шеъриятининг йирик вакиллари шеърларини ўзбек тилига ўгирди. Немисзабон хорват шоираси Марица Бодрожич шеърларини М. Акбаров билан ҳамкорликда аслиятдан ўгирди. Таржималаридан намуналар “ХХ аср жаҳон шеърияти” антологиясига киритилди.

 

“Ўзбек адиблари” (С. Мирвалиев, Р. Шокирова. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 2016) китобидан.

https://saviya.uz/hayot/tarjimai-hol/bahrom-rozimuhammad-1961/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x