(Турмуш кечинмалари)
Хо ишонинг, хо ишонманг,
ёзаётғонимда тирик эдим.
Гулмат Шоший
Оғзингга келганини гапираверма,
эсингга келганини ёзавер.
Кулкул афанди
Ёзсамми, ёзмасамми?
Ёзмасам, ўзимни ўзимдан ҳайдаб яшаётгандекман. Шуни ҳис қила бошлашим биланоқ юрагим сиқилади. Ёзсам, ўзим учун ҳам, баъзи-бировлар учун ҳам қанчалар оғриқли бўлмасин, имкон қадар борини борича айтишимга тўғри келади. Акс ҳолда, бу муаллақ тарвуз узра абадият уммонининг омонат кўпикчасидек кечган ҳаётим баёни табиийликдан чекиниб, бир адибнинг навбатдаги тўқимаси юзага келади-ю, умр ҳақиқатлари рамзи сифатида идрок этилгучи “Эсдалик” аталмиш сўз азалий қимматини йўқотади.
Афсуски, “чинакам” деганлари ҳам барибир нисбийдир. Ҳаётимни теварагимда юз бериб тургучи воқеалардан узуқ тарзда тасаввур қилолмас эканман, турли ҳодисаларга муносабат билдиришда ўз уқувим, ўз билимим, ўз мушоҳадам даражасидан нарига ўтолмаслигимни, бу даражам эса мақтангудек юксак эмаслигини олдиндан тан олиб қўяқолай. Демак, айрим масалаларда ҳақиқатга элтгучи баҳслар эшигини ланг очиқ қолдиришим лозим бўлади.
Истиҳолаларни йиғиштириб, шартта ёзаверсамми? Ё тилимни тийганим тузукми?
Чекдим, ўйландим; чекдим, иккиландим; охири қадрдон қаламжоним қоғозлар уюми сари ошиқдию ўнг қўлим етагида “бошлов”ни чизғилабоқ, олисдаги “тугаллов” сари биланглаб йўрғалашга тушди. Буёғи энди Ўзига таваккал…
* * *
Шахсимни тасдиқлаш, дунёга ҳар қандай шамолу эпкиннинг эрмагига айлангучи қоғоз парчаси бўлиб келмаганимни исботлаш, Ўзи аъло қилиб ясаган ақлу онгимга муносиб хўжайинлигимни намойишлаш учун қўлимдан келганича уриндим – бир умр куйиниб-ёниқиб яшадим, сўз айтмоқни касб қилдим. Ёзганларим лоақал бу юртдаги биттагина кимсанинг диққатини тортиб, кўнглини ишғол этолмаслигига ишонгим келмайди. Балки барини ўша битта одам учун яратгандирман. Гарчи бу зотга атаб айтилган, яна айтишни истаган гапларим сон-саноқсиз эса-да, унга бир савол бериш билан кифояланмоқчиман: “Мен кимман?!”
Ич-ичимдан сезяпман, бунга энг холис, энг тўғри жавобни айнан ўша битта одам топа олади. Мени ўзича билиб юрганлар ўшанда янгитдан танишади.
* * *
Баҳромхоннинг илк болалик даври, йигирма беш йиллик тўхтовсиз жанглардан сўнг, Қўқон хонлиги ҳудуди Чор Россияси томонидан тузилган Туркистон генерал-губернаторлигига тўласича тобе этилган пайтларга тўғри келди. Бунгача эса не-не одамкушликлар юз бермади дейсиз.
Икки-уч аждод нарисидаги бобо-момолари Марғилондан келиб, Олтиариқнинг Полосон қишлоғида (бу қишлоққа бир маҳаллар Туркистоннинг бошкенти мақомидаги Боласоғунга ҳавас қилиб ном берилган, кейинчалик шевада бузиб айтила бошланган экан) томир отган эшонлар авлодидан бўлмиш Баҳромхон теваракда юз бераётган ушбу воқеалардан озми-кўп хабардор эса-да, сиёсатга қизиқмас, отасидан, бошқа устозлардан зўр иштиёқ билан билим олар, қўйиб беришса, кун бўйи ҳужрадан чиқмай, китоб титкилаб ўтираркан. Камгап, босиқ, тақводор, ўта ройишли, доим ўйчан юрувчи йигит экан.
Айтишларича, ота-онаси кўп бор оғиз солишига қарамай, Баҳромхон ана-мана деб, уйланишни ортга сураверибди. Охири, аллақачон уйланиш ёшига етган укаси навбатда тиралиб турганини пеш қилишгач, индолмай қолибди. Отаси енгил тортиб, агар бирор қизда кўнглингиз бўлса, буниям билиб қўйганимиз тузук, деса, у кўзида ер чизиб, аста дебди:
– Модомики, ихтиёрни ўзимизга берибсиз, энди сазамизни ўлдирмайсиз-да, отажон. Маҳалламиздаги Дўсмат тоғанинг Сарвинисо деган битта кўзи ожизроқ қизи бор экан, тенгқурлари бир-бир узатилиб, унга совчи келмаётганидан ичикиб юрганмиш. Шу қизга одам киритиб, савоб олишга уриниб кўрсакмикин?
Чинакам руҳонийлар орага гап қўшишнинг иложи қолмаган вазиятда сукутдан нарига ўтишмайди, ота индамай туриб қолибди. Тез орада Баҳромхонни Сарвинисога уйлаб қўйишибди.
Отасининг вафотидан сўнг эшонлик мартабаси Баҳромхонга хатлаб берилибди. Туркийдан ташқари арабчани, форсчани ҳам яхши билган Баҳром эшон илмга бутунлай шўнғиб кетгач, бу зотни ортиқча безовта қилмайлик деб, уламолар унинг укаси Акбархонга ҳам эшонлик ваколатини берибди, қишлоқларни кезиш, маҳаллий муллаларга йўл-йўриқ кўрсатиб туриш энди шу кишининг зиммасига тушибди.
Туркистон тақдирга тан бергандек туюла бошлаганида, Биринчи жаҳон урушига қўшилган Россия фронт ортида ишлатиш учун бу юрт фуқароларини зўрлик билан мардикорчиликка жалб этишга киришгани ишни бузибди, халқ яна ғазабга келибди. Баҳром эшон бобомиз айни ўша паллада – 1915 йилнинг охирларида, эллик ёшлар атрофида омонатини топширган экан. 1906 йилда туғилган ўғли Обиджон ўн ёшга, 1910 йилда туғилган қизи Шафоат беш ёшга тўлиб-тўлмай етим қолишибди. Орадан кўп ўтмай, 1916 йил воқеалари – Жиззах, Тошкент, Марғилондаги қўзғалонларнинг бошланиши ва рус хоқони Иккинчи Николайнинг буйруғи билан шафқатсизларча бостирилиши натижасида халқнинг тирикчилиги янада оғирлашиб, жумладан, бу оила бошига ҳам катта қийинчиликлар тушибди.
Ер ости бойликларининг мўллиги ва хилма-хиллиги саноатни тез изга солиш, жадал ўстира бориш; иқлим шароитининг қулайлиги, тупроғининг унумдорлиги ерчилик, боғчилик, чорвачиликни ўнлаб марта юксалтириш имконини берувчи олтин ўлка энди истилочилар мулкига айланганди. Туркистонликларни мағлуб этган омил замонавий замбаракларга қарши пилта милтиқлар билан чиқишга мажбур бўлинганидагина эмасди, бир сулув канизакни талашиб, бир-бирининг устига қўшин тортишдан ҳам тоймайдиган буқатабиат хоқонларга куни қолган халқнинг руҳи синиқлиги, кўзчақнатар ички маънавий қувватнинг камлиги бунга кўпроқ сабабчи эди. Ғафлатда ётган халқни уйғотиш учун унинг тарихини тарғиб қилиш керак, деган сўзни Августин бежиз айтмаган. Алп Эр Тўнга, Тўмарис, Ўғизбек, Амир Темур, Мангуберди янглиғ улуғ элтузарларнинг, Қўрқут ота, Хоразмий, Беруний, Фарғоний, Ибн Сино, Қошғарий, Улуғбек, Форобий, Яссавий, Навоий, Бухорий каби оламга машҳур зотларнинг авлоди эканидан фахрланмай қўйган, кундалик тирикчилик ташвишидан бош кўтаролмай қолган миллат барибир эртами-кеч қайсидир олғирга қарам бўлишга, хор-зорлик кўришга маҳкум эди. Очундаги тўрт наҳангдан бирига айланмиш Россия шундоққина тумшуғи остида турган тап-тайёр луқмани бошқа ҳаппаютарга урдириб юборишни ўзига эп кўрмаганди, холос.
* * *
Дадам араб, лотин, кирилл имлоларида бемалол ўқиб-ёза олса-да, дунёвий илмларга, сиёсатга ўта бефарқ эди. Айниқса, эшонлар сулоласидан бўла туриб, диний илмда ҳам оқсоқлиги кўпларни таажжубга соларди. Эҳтимол, унга сабоқ бергучи отадан ўн ёшидаёқ айрилиб қолгани, болалик ва ўсмирлик паллалари большевикларнинг Туркистонда ўз ҳокимиятини ўрнатиш ҳамда мустаҳкамлашдаги ур-қувала замонларга тўғри келгани бунинг асосий сабабчисидир. Тарихдан маълумки, қизил империя даврида юрти ва миллатининг виждони бўлган зиёлилар, мол-мулки четдан келган зўравонлар қўлига ўтишини истамовчи давлатмандлар, эътиқоди йўлида курашга кирган ҳамиятли фуқаролар қаторида мусулмон аҳлини ғайридинларга қарши оёққа турғаза олишга қодир куч ҳисобланмиш дин пешволари ҳам аёвсиз қирғин қилинган, сургунга юборилган. Уларнинг яқин кишилари, айниқса, фарзандлари доимий таъқиб ва назорат остида бўлганлар.
Буларни кўриб қўрқув ва безилловлар остида қолган Баҳром эшон ва укаси Акбар эшон авлодларидан уй-жойлари тортиб олингач, она аждодларига қарашли ҳовлининг бир четидан қўним топиб улғаяётган дадам ўзини биринчилар қаторида янгича мактабга уради, илғор ўқувчилардан бирига айланади. Кейинчалик комсомолга (коммунистик ёшлар оқими) қабул қилиниб, йигирманчи йиллар ўртароғида бир гуруҳ фаол ёшлар билан бирга Мирзачўлни ўзлаштиришга юборилади. Бир неча ой ўтиб, безгакка чалингани сабабли, чўлқуварлар учун махсус тикилган коржомада Полосонга озиб-тўзган ҳолда қайтиб келади.
Олтиариқдаги Ванновский темир йўл станциясининг ёнида пахта қабул қилиш пункти жойлашган экан. Баҳром эшоннинг муридларидан бўлган Байзақ (Бойузоқ) қори пахта пунктида бош тарозидор экан. У киши дадамни паноҳига тортиб, пункт ёнидаги чойхонага чой ташувчи қилиб жойлаб қўйибди. Қўл-оёғи чаққонлиги, зеҳни ўткирлигини сезгач, кейинроқ ўзига мирзаликка олиб, тарозидорлик сирларини ўргата бошлабди. Бу орада дадам Сурмахон деган аёлга уйланиб, Ҳомитжон, Одилжон, Шаҳодатхон исмли фарзандлар кўрибди. Одилжон уч ёшида оғир касал бўлиб, Ҳомитжон ўн уч ёшида дарахтдан йиқилиб, вафот этибди.
Байзақ қори дунёдан ўтгач, устозидан пухта таълим олган, ўзига хос нозик томонлари кўп бўлган касбнинг сир-асрорларини чуқур ўзлаштириб улгурган дадамни бош тарозидорликка тайинлашади. Кўп ўтмай, Германия лашкари советлар юртига бостириб киради, дадамни керакли мутахассис сифатида ҳарбий хизматга вақтинча чақирмай туришади. Бу касбнинг нозик томони – лабораториялар деярли бўлмаган ўша даврда пахтанинг сифатини, ифлосланганлик ва намлик даражасини оддий чамалаш орқали аниқлаш, шунга қараб вазнидан қанча камайтириб ҳисоблашни билиш, навларга ажратиб ғарамлатиш тарозидорнинг жавобгарлигида бўлган экан. Тарозидорнинг яширин даромади – пахтанинг ифлослиги ва намлигини керагидан зиёдроқ белгилаб, бундан қанча маҳсулот ортиб қолишини аниқ чамалай олиш, шу “заҳирача”ни давлат томонидан берилган планни (режани) бажаролмай қолган колхозларга енг учида пуллаш орқали ҳосил бўларкан. Дадам ўз шогирдларига: “Орттириб ейишнинг ҳам меъёри бор, чегарадан чиқмаслик керак”, деб тез-тез тайинлагучи эса-да, ана шу “орттиргани”ни чамалашда сал янглишган бўлса керак, озгина камоматга йўл қўйиб, 1942 йили кесилиб кетибди. Турмада бир йилдан озроқ ётган бўлса ҳам, хотини Сурмахон ўғли Ҳомитжоннинг доғини кўтаролмаганми, бу оилада нимадандир безиганми, қизи Шаҳодатни бувимга ташлаб, бошқа эрга тегиб олибди.
Дадажоним қамоқдан чиққач, бу соҳада мутахассис тақчил экани туфайли, уни чекка Файзиобод қишлоғидаги пахта қабул қилиш пунктига бош тарозидорликка юборишибди. Касбдошлари шу қишлоққа ёндош бўлган Оқбўйрадан унга хотин топишибди, уруш даври таомилига кўра, тўй ими-жимида ўтказилибди. Янги келиннинг оти Мунисхон экан.
Ана, ниҳоят, мен шўрликка она ҳам топилди. Энди асосий гап – соғ-саломат туғилиб олишимда.
* * *
Четдан қараганда, дадам илмга ҳафсаласиздек эса-да, ҳаётий масалаларда анча кенг фикрловчи, ахлоқ-одоб тушунчаси қон-қонига сингган, ўта ҳаракатчан, зийрак ва кузатувчан киши эди. Тенгқурлари унинг сўзамоллиги, ишга бор вужуди билан ёпишиши, абжирлиги, феъли кенглиги, кин сақламаслиги, барчага очиққўллиги, беозорлиги, тагдор ҳазилларга усталигини алоҳида таъкидлаб гапиришади. Салга таъсирланадиган даражада кўнгли бўшлиги, душманларига кечиримлилиги, иғволарга бепарволиги, боладек содда ва ишонувчанлиги, топган мол-дунёсидан эртасини ўйлаган ҳолда фойдаланишни билмаслиги, ортиқча улфатбозлиги каби одатларини эса унинг қусурига йўйишади.
Уруш тугаганидан кейин, дадам аввалига Фарғона туманининг Каптархона қишлоғидаги пунктда ишлабди. Олтиариқ темир йўл станциясидагиси ўрнига Полосонда янгитдан пахта пункти ташкил этилаётганда, бу ерга яна бош тарозидор этиб тайинланибди, қурилишни ўзи устида туриб битказибди. Шу лавозимда 1956 йилгача ишлаб, одамларнинг таърифидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, тумандаги тўртта йирик пулдорнинг бирига айланганида, мен эсимни анча таниб олган ёшда эдим.
Дадамнинг иккинчи никоҳидан Холисхон (1944), Анваржон, яъни каминалари (1947), Акрамжон (1949), Тоҳиржон (1951), Зуҳрахон (1953), Ҳомитжон (1955), Авазбек (1957), Дилмурод (1959) деган фарзандлар дунё юзини кўрди. Шаҳодат опамиз ҳам биз билан бирга яшар, унинг онаси бошқалигини улғайибгина билгандик. Жамланса, дадам иккала хотинидан ўн битта фарзанд кўрган, бари уйда, қўшни кампирлар эначилигида туғилганди. Аямнинг олдинги рўзғоридан бўлган Маҳбуба опамиз эса, Оқбўйрада Хоним энам билан қолганди. Оқбўйрага меҳмонга борсак, қунишиб турувчи ўгай опам билан ётсираб кўришардим, уйимизга қайтгач, уни бошқа эсламасдим.
Илк болалик чоғларим оиламизнинг тўкин-сочин даврига тўғри келди. Мени жуда башанг кийинтиришга уринишарди, ҳадеб овқатлантирмоқчи бўлишаверарди, эркалатишгани-эркалатишган эди. Айрим қўрс ўспиринларни ҳисобга олмаганда, “бойнинг арзандаси” деб, маҳалла болалари, айниқса, тенгқурларим мени турткилаш уёқда турсин, ортиқча қўполлик қилишдан ҳам ўзларини имкон қадар тийиб юришарди. Бу ҳол айрим жангчаларда устунлигимни таъминлаб, ўзимни хотиржам сезишимга сабаб бўлса-да, кўнглимга заррача ҳам ҳузур бағишламас эди, аксинча, ғашимни келтирарди. Тенгдошларим мендан ҳуркимаслигини, жайдарича муомалада бўлишларини, керагида қўполлик ишлатишларини хоҳлардим. Улар билан уришиб кўришни истаб, гоҳо атайлабдан бирор нарсани талашардим, жанжал қўзирдим, улар эса мен билан олишувга киришмасликка тиришардилар, урсам ҳам ё мунғайиб туришаверарди, ё секингина қочиб қолишарди.
Болалар баъзида уйидаги қийинчиликлардан гапириб қолишарди. Бири пойабзали йўқлиги учун акасининг катта этигини кийиб мактабга бораётгани; бири синглиси ўртоғининг қўлида қанд кўриб, менгаям қанд олиб беринг, деб йиғласа, пулим бўлмаса, энангникидан олиб бераманми, дея дадаси уни тарсакилаб, бурнини қонатиб юборгани; бошқаси кеча кўчада узоқроқ ўйнаб, уйга кеч қайтгани, овқатни унга қолдирмай еб қўйишгани, очликдан анчагача уйқуси келмагани ҳақида сўзларди. Уларни тинглаётиб, гоҳ оёғимдаги қимматбаҳо туфлимни яширишга уринардим, гоҳ нонушта чоғи дастурхонимизда оққандгина эмас, ҳолваю асалгача туришини эслаб, ўз-ўзимдан қизариб кетардим.
Қўшниларникига кирганимда, кўпчилигининг дастурхонида қорамағиз нон ёки макка зоғораси, туршак-қоқилардан бўлак нарсани кўрмасдим. Бундай хонадонларда яшовчи ўртоқларимдан гоҳ унисини, гоҳ бунисини уйимизга тез-тез бошлаб кирардим, бирга овқатланардим, дастурхонга қанд ҳам қўйишларини аямдан талаб қилиб туриб олардим, укангга берарсан деб, бир қисмини чўнтагига солиб қўярдим. Сен қандни ҳар куни ейсанми, дея ҳавас-ла савол ташларди болалар. Хоҳласам, кунига ўн марта ейишим мумкин бўлса-да, нима учундир ёлғон гапириб, онда-сонда беришади холос, деб ғарибланар эдим.
Бой эканлигимиздан уялаётгандек, бошқаларга ўхшаб камбағал эмаслигимиздан ўксинаётгандек эдим. Барчадек бўлишни истардим, ўзгалардан фарқланиб, ёввойидек ажралиб туришни ёқтирмасдим. Бири-биридан жулдурвоқи болаларга боққаним сайин, раҳмим келаверарди.
Негадир, уларнинг ҳам менга раҳми келишини хоҳлардим.
* * *
Кўпчилик қондошларга аямнинг оёқ-қўли чаққонлиги, йиғинчоқлиги, бичув-тикувда чеварлиги, қўли очиқлиги ёқарди. Пазандаликда Сарвинисо бувимизнинг олдига тушолмаса ҳам, хамир овқатларга анча уста эди. Ёпган нонлари чиройли, бўрсилдоқ бўларди. Айниқса, бувимдан ўрганиб олиб, қаймоқ суртилган юпқа хамир ёймаларини қат-қат тўшаганича, сийрак чекич уриб, юпқа жувалаб тайёрлайдиган қатлама патирлари оғизда эрирди.
Бошқа ёқдан қаралса, аямнинг жаҳли жуда тез эди, ўзгалар четда пичирлашиб гаплашганини кўрса ҳам бирдан гезариб қоларди, сал нарсага жанжаллашиб кетарди, бор товушда саннашга тушса, биров бас келолмасди. Биргина дадамдан ҳайиқарди, лекин пайтини топиб, оилада ҳукмронликни қўлга олишга бот-бот уриниб кўраверарди, барибир бунга эришолмасди.
Сарвинисо бувимиз аямни унчалик хушламасди, бу ялангоёқ ўзига мунча бино қўймаса, уни ўғлимнинг пуллари қутуртиряпти, деб ғудранарди гоҳида.
* * *
1953 йилнинг баҳори эди, Шаҳодат опам кўзида ёш билан мактабдан барвақт қайтиб келди. Аям йиғининг сабабини сўраса, Исталин ўлиб қолибди, мактабда ҳамма йиғлаяпти, деди. Сталин тўғрисида дабдабали гапларни эшитиб юрган бўлсам-да, бу номнинг шахсан мен учун бир пуллик қиммати йўқ эди. Шунгаям йиғи-сиғими, деб ўйладим.
Иосиф Сталин музей ҳаккасидек қотирилиб, энди Хурушчёв компартия етакчиси, Маленков вазирларнинг улуғи, Берия бош тартиб сақловчи сифатида қизил империяни улфатчиликдагидек “бизники”лаб бошқаришга ўтган бу даврда мен биринчи синфда ўқиётгандим.
Дастлабки кун эсимда – ёлғизоёқ толкўчада қуйи маҳалла томон одимлаб боряпман-у, бу “ўқиш”и қанақа бўлсайкин, деб ўйланаман холос. Бориб кўрсам, мактаб деганлари айвонидаги устунлар чирий бошлаган эски мачитни суваб-оқлаб, шу атрофдаги кичкинтойлар учун янги дарсхонага айлантирилган тупроқтом бино экан. Мактабнинг чап ёнида мулла Аҳмадқул қорининг, ўнг ёнида Абдулла қассобнинг хонадони. Бу томонда жимжитлик, у томонда қўйлар тинимсиз бабаламоқда. Бу ёқдан райҳоннинг бўйи уфуради, у ёқдан – гўнгнинг иси.
Ўқитувчимиз Обидов (уни “мулла ака” дердик) оғир-босиқ, одоб-ахлоқи баланд, меҳри кўзида балқиб турувчи киши эди. Қанчалар ҳаддан ошмайлик, силтаб-турткилаш, бақириб жеркиш у ёқда турсин, қаттиқроқ чақчайганини ҳам кўрмаганмиз. Ортиқча ранжитиб қўйсак, маъюсланиб қовоқ уяр, мени хафа қилдиларинг-да, дея ўзини астойдил аразлагандек тутиб, деразадан ташқарига боққанича жим туриб қоларди. Ҳеч кимга озор беришни истамайдиган домламизга раҳмимиз келиб, тезроқ ярашиб олишга уринардик.
Туман газетасида ишлаганимда у киши ҳақида очерк ёзганим эсимда. “Аламазон ва унинг пиёдалари” деган қиссамда ҳам ёдга олиб ўтганман: қисса қаҳрамони Аламазон тоғдаги ғордан хазина қидиради, агар тополса, уни қишлоғининг ободончилигига сарфлашни, шу қаторда, биринчи ўқитувчиси Аҳмадали Обидийга терак бўйи ҳайкал ўрнатишни орзу қилади. У даврда қишлоқ болалари чит, бўз, тринка матолардан тикилган кийимларни кийишар, қишда ўнтадан биттасида телпак, пальто, магазиннинг жун шими бўлса бўлар, қолганлари тўн ёки фуфайкача, пўпакли иштонбоғи сонида сангиллаб турувчи қўлбола иштон, кирза этикча ва дўппида юрарди. Қизлар эса камзул устидан халатсимон пахтали чопон кийишар, бошга қалин рўмол ўрашар, жажжигина калиш-махси оёқларига жуда ярашиб турарди.
Ўқувчилар сумкаси деган нарсанинг ўзи йўқ эди. Оналаримиз қалин матодан халта тикиб берар, унинг бўйинга илиб оладиган узун боғичи, сиёҳли довот солинадиган чўнтакчаси бўларди. Ўқитувчимиз қайта-қайта уқтиришига қарамай, сиёҳга ботирилган ручканинг перосини довот четига бир суртиб олишни эсдан чиқариб қўяверардик, натижада, ортиқча сиёҳ гоҳ дафтаримизга томиб тушарди, гоҳ қўлимиз рангга беланарди. Шу қўл билан беихтиёр бурун артсак, устки лабимизда рангмўйлов пайдо бўлиб, кулгига қолардик.
Танаффус бўлди дегунча, биров мулла акамизга қўшилиб радио тинглар, биров китобхалтасига солиб келган нонини кавшай бошлар; кўпчилигимиз қий-чув билан қувалашиб юриб, дарсга қўнғироқ бўлганидагина, мактаб ёнидан оқиб ўтувчи ариқ сари чопардик, ерга ётганимизча оғзимизда симириб сув ича бошлардик; лойқа сувнинг қумлари бўғзимизни шилиб ачиштирарди, тишларимизнинг орасига тўлиб, тамшансак ғирсиллаб асабга тегарди.
Нима бўлгандаям, мактаб менга жуда ёқиб қолди.
* * *
Иккинчи жаҳон уруши уқубатларидан эндигина қутулган хонадонларнинг кўпчилиги жуда қашшоқ эди. Маҳаллада ёппасига тупроқтом уйлар, кўпининг ҳатто айвони ҳам йўқ. Фалончи томига шифер ёпганмиш дейишса, одамлар атайлаб томоша қилгани боришарди. Кўчадан дам иккала ғилдираги девор бўйи келадиган қўқонарава, дам ўрислар “бричка” деб атайдиган тўрт ғилдиракли кўтакарава, қўш отли ҳаптакач ўтиб қоларди. Колхозимизга қарашли биттагина “полатўрка” юк машинаси ёки қишлоқдаги беш-олтита хусусий мотоцикллардан биронтаси гоҳ-гоҳ ўтиб қолса, биз қий-чув кўтариб, ортидан чопқиллашга тушардик. Енгил машина учраб қолса-ку, байрам бўпкетарди.
Кунчиқарга қаратиб солинган, шиплари вассали, даҳлизининг тўрида ўчоғи бўлган, айвонсиз дўнгалак уйда биз болалар дадам ва аям билан бирга турардик. Унга биқиндош бўлган шипи бўйрали, даҳлизсиз, биттагина кичкина деразаси бор пастак уй Сарвинисо бувимиз ва унинг биз билан бирга яшайдиган дувонахонроқ укаси Усмон тоғамизга тегишли эди. Полсиз, бўйра устидан кигиз ёзилган бу уйлардан ёзда ҳам захнинг иси анқиб турарди. Олдимизга овқат қўйилиши биланоқ, шипдаги ўргимчаклар ўзини дастурхонга ташлагудек бўларди. Баъзан, ҳали ғўрлигига бориб, одамдан ҳуркишни унча ўрганмаган сичқончалар бир-бирини қувалаб ўта бошларди. Қишда эса, печкага ёлчисанг, кўмирга ёлчимайсан, ўтин ёқсанг, бир ловуллаб иситади-ю, яна тафти сўнади. Сандалнинг аҳволи ҳам шу. Қор ёки ёмғир ёғса, томдан чакка ўтгани-ўтган, сув томчилаётган жойларга териб қўйилган турли идишлардан таралаётган “чак-чук”, “тиринг-тиринг”ларга кўринмас ажиналар ўйин тушаётгандек.
Мактабга бора бошлаган чоғларимда дадам тушликка тескарилатиб синчли, гувалакли (баъзи қариялар гувалак типратиконга ўхшагани учунми “кирпича” дейишарди) уй қурди. Бувим билан аям каттароқ қилиб қуришни, томига шифер қоқтиришни қанчалар зорланиб сўрашмасин, дадам: “Замонни кўриб турибсизлар, каттароқ тўй қилсанг ҳам, шунча пулни қаёқдан топдинг, деб сўроққа тутадиганлар минг сўм ойлик билан буни қандай қурдинг, демайдими? Нима, мени қаматтириб юбормоқчимисизлар?” – дея безиллоқланиб, ихчамгина уй солдирди. Томи тупроқли бўлса-да, ҳарқалай таги тахта полли, шипи фанерли, печи пишиқ ғиштдан ясалган, даҳлизи анча кенг, айвонли эди. Дўнгалак уй энди бувимизга берилгач, аввалига опаларим, кейинчалик, мактаб ёшига етганимиз сайин, мен ва укаларим ҳам бирин-кетин шу ёққа кўчиб ўтавердик. Пастак уйда Усмон тоғамиз бир ўзи қолди.
Иложи борича кундузи дарс тайёрлашга уринардим. Қоронғига қолсанг, керосин иси анқиб турадиган лампа-чироқ кўзингни толиқтиргандан толиқтириб ташлайди. Эндигина пайдо бўлган электр чироқлари ойига уч-тўрт йилтиллаган бўлади, шундаям шамдан хира. Бу етмагандек, умумий қилиб солинган кўрпада қаторлашиб ётган опа-укаларинг: “Чироқни ўчир! Ухла!” – деб тихирлик қила бошлайди.
* * *
Мактабга бордим-у, кўпдан бери ичимда армон бўлиб турган бир орзум ниҳоят ушалди. Бошқа маҳалла болалари дадамнинг нуфузи ҳақида деярли ҳеч нарса билишмас, сал-пал эшитганлари ҳам буни юз-хотир қилиб ўтирмасдан, мен билан тап тортмай ёқалашувга киришар эдилар. Ўз обрўйимни ўз кучим билан қарор топтиришга интилавердим. Буни фақат қўрқоқлигимни яшириш, бўшанг кўринмаслик учунгина қилмасдим, ёши улуғ кишилар даврасида кўпроқ бўлганим, уйимизда тез-тез тўпланиб китобхонлик қилувчи отин ойилардан фалсафийроқ ривоятлар эшитиб улғайганим, катта болалар орасида юриб мулоҳазаларим кенгайгани, ўзимни тенгдошларимга нисбатан анча ақлли деб билганим боис, улар доим менинг етагимда бўлиши керак деган ўйда эдим. Улар ҳаммадан донороқлигимни тан олиб, ҳурматимни жойига қўйишларини истардим. Маҳалламиз болалари азалдан бунга мойил эса-да, қуйи маҳаллаликлар орасида менга писандсиз боқиб, синфда ўз ҳукмронлигини ўрнатиш иштиёқида юрганлар йўқ эмасди. Балки, мактаб шу маҳалла ҳудудида бўлгани учун улар ўзларини тепа маҳаллаликлардан устунроқ ҳис этишгандир.
Синфимизда иккита Абдулла бор эди, бирини Абдулла сариқ, бирини Абдулла калла деб атардик. Иккови ҳам қуйи маҳаллалик эди. Абдулла сариқ билан иноқ эдик, уйи мактабга яқин бўлгани учун баъзан катта танаффусда уларникига кириб, оз-моз тамаддиланиб олардик, баъзида дарсдан сўнг ҳовлиларида бирга ўйнаб, уйга кечроқ қайтардим. Шу маҳаллада яшовчи Аҳмад ва Абдураҳимлар билан ҳам киришиб кетгандим, фақат Абдулла каллагина менга сира ён бермасди, унда-бунда жанжаллашиб қолардик. Охири муштлашишга тўғри келди. Омадим бор эканми, Абдулла калла сал кўпроқ тарсаки еди, лекин қочмади, болалар ажратаётганда, қаршилик кўрсатмай, тезда шаштидан тушди, холос. Шу-шу, у ортиқча ғўдангламай қўйган бўлса ҳам, четроқда ёлғиз турганимда уч-тўртта тарафдорлари билан ёнимга келиб, менга тазйиқ ўтказишга уринарди. Бунақа пайтда тенгсиз жангга киришишни истамай, ўзимни меровликка солиб кетаверардим.
Тупроқтом мактабимиз, унинг қалин деворларига ўйиб ўрнатилган қинғир-қийшиқ кўзли ёғоч деразалар; тахталари биров болтада чўқилаб чиққандек ёрилиб ётган ғижирлоқ эшик; қоп-қора хаттахтага оппоқ-оппоқ ҳарфларни ёзаётган мулла акамиз; довот учун юмалоқ, қалам-ручка учун узунчоқ махсус ўйиқ жойлари бўлган, дафтар қўйиладиган қисми суйри, пастроқдаги қопқоқча остида халталаримиз турадиган токчаси бор қўпол парталарда бири чарақлаб, бири мўлтираб ўтирган синфдошларим – иккала Абдулла, иккала Раҳмон, Абдураҳим, Аҳмад, Раҳим, Ҳомит, Қаҳҳор, Муҳаммаджон, Эргаш, Юрсунали, Турсунбой, Аюб, Маҳмуджон, Толиб, Холинисо, Қумри, Жамила, Ҳабиба, Салима, Маҳфират, Тожихон, Раҳима, Ҳожира, Фотима, Тошхон, Ҳурнисо, Фазилат, Маҳбуба, Ибодат каби кичкинтойларнинг қадрдондан-қадрдон чеҳралари тез-тез кўз олдимда жонланаверади.
* * *
От то от бўлгунича “қулун”, “тойчоқ”, “минги” босқичларидан ўтишига тўғри келганидек, мактаб болалари бизнинг давримизда бешинчи синфгача “бошланғич”, саккизинчи синфгача “ўртанча”, сўнг, битирув “аттестат”ини олгунга қадар “юқори” синф ўқувчиси деб аталарди.
Бошланғичлар маҳаллалардаги мачит, хонақо ёки бирон бойдан мусодара қилинган биноларда алоҳидаланиб ўқишгани боис, мазкур ҳудудда бирон-бир тўйнинг иси чиққудек бўлса, ўқитувчи бошчилигида саф тортиб, барабанни “рак-така-там, рак-така-там”латиб чалганча, дошқозоннинг устига мўр-малахдек бостириб боришарди. Худо уриб, октябрятлардан баъзисига ош етмай қолса, бирдан шовқин кўтарилар, тўй эгаси советлар давлатининг ғанимига айланишдан чўчиётгандек потирлашга тушар, оқсоқол эса катталарнинг ризқини қийиб бўлса-да, болакайларнинг улушини топиб берарди. Гоҳо ўша вақтда русум бўлган биринчи май (меҳнаткашларнинг халқаро бирдамлик куни), еттинчи ноябрь (социалистик инқилоб куни) каби байрамларда биримиз байроқ кўтариб, биримиз “горн” деб аталадиган мис сурнайни қийналиб пуфлаб, ора-сира “тут, вут” этказиб қўйиб, яна биримиз барабанни чалама-чакки уриб, қишлоқ кўчасидан сафланиб ўта бошласак, мактаб ёшига етмаган кичкинтойлар булар яна тўйга кетяпти деб ўйлаб, йўқ ошнинг илинжида ортимиздан эргашарди. Синфимиздаги энг кулонғич бола ҳисобланган Аҳмад уларга бошмалдоғини бармоқлари орасидан кўрсатиб, мана сенларга ош, деб қўярди ва гулдиракланиб куларди.
Авваллари, Баҳром эшоннинг руҳини қувонтирайлик дея, маҳалладаги художўй аёллар Жаҳон отин бошчилигида уйимизда китобхонлик қилиб қолишса, Сарвинисо бувимнинг пинжига кириб тингларканман, китобларни ўзим ўқий олмаслигимдан жуда-жуда афсусланиб кетардим. Иккинчи синфга ўтганимда шариллатиб ўқийдиган бўлдим. Гоҳ опаларим, гоҳ дадам болаларга аталган бадиий асарларни онда-сонда топиб келиб беришар, кўпинча опаларимнинг китобига ёпишардим, юқори синфда ўқийдиган қўшнилардан “тишим ўтмайдиган” адабиётларни тилаб олиб, эринмай таталай бошлардим.
Мактабдан жавоб бўлди дегунча, синфимизнинг энг сулуви ҳисобланмиш Қ. нинг изига тушардим, қувиб бориб ушлолсам, кучукни қийнагандек пийпалай кетардим. Уни тутолмасам, биринчи учраган бошқа қизга ёпишардим. Устимдан арз қилишавергач, дарслар тугаганидан сўнг қизлар то узоққа кетиб олмагунларича, ўқитувчилар мени хонадан чиқармай турадиган бўлишди. Дам муаллимлардан ачитқи танбеҳлар эшитиш, дам қизларнинг ота-акаларидан тарсаки ейиш жонимга тегиб, охири бошқача усулга ўтдим, яъни танаффусда бирон-бир қизнинг синфда ёлғиз қолишини пойлаб, шартта қучоқлаб олишни ўргандим. Бунақа пайтда, гувоҳлар йўқлиги боис, қиз шўрлик бировга арз қилмай, ўзи боплаб-тоблаб қарғаш билан кифояланиб қолаверарди.
Агар, одамзод қизларнинг қарғишидан ўладиган бўлса, мен чивинтўра бошланғич синфдаёқ увол кетмасмидим?
* * *
Опаларим Қувирбошидаги саккиз йиллик мактабда таҳсил олишарди, мен эсам, учинчи синфдаям ўша мачит-мактабда ўқийвердим.
Синфдошларимдан бирортасиникига кириб қолсам, ота-оналари бундан қувониб, мени ўтқазгани жой тополмай қолар, доим шундай иноқ бўлишимизни қайта-қайта тайинлашарди. Дастурхон ёзишса, у-бу нарсадан шунчаки тотиб кўрган бўлиб, ўртоғим билан томорқа томонга кирардим, уй эгалари тезроқ бирон-бир юмушга киришмоғини тоқатсизланиб кутардим, терлаб-терлаб ишлагим келарди. Уйда бунга имкон йўқ, Усмон тоғам ёраётган ўтинни бостирма остига ташимоқчи бўлсам, ташла, қўлингга зирапча киради, деб; сигиримга ўт юлиб бермоқчи бўлсам, қоч, сузиб олади, деб; шамолда тоб ташлаган сўриток айрисини ўнгламоқчи бўлсам, қулаб тушса, бошингни ёради, деб қувғин қилишади.
Қўшниларникига кирганда бирон ишнинг устидан чиқсам, суюниб, ғайратланиб кетардим. Бириникида катталар ёнига чўнқайиб олиб, қуритиладиган ўрикларни похол тўшамалар устига авайлаб теришни бошлардим. Ўрикнинг пиндигини тепага қилиб тер, шунда шираси оқиб кетмайди, деб ўргатишарди. Бириникида сабзи, бошқасиникида пиёз ёки картошка қазиш ҳашарида қатнашардим. Ҳатто қишда совуқдан дилдираётганимни сездирмасликка тиришиб, қўшниларнинг турупини ҳовузчада ювишга кўмаклашардим. Баъзан синфдошим Раҳимларникига борардим, темирчи отасининг ўчоғига дам босиб бериб, олқишини олардим. Қўшни хонадонлар мен учун бошқа бир мамлакат эди гўё. Дунёда ялма, умоч, нонпалла, ёвғоншўрва, пиёз ва помидорга ун аралаштирилиб, қаймоқда қовурилган буламиқ сингари таомлар ҳам борлигини ўша “бегона юртлар”да кўриб билганман. Улар гўштсиз бўлишига қарамай, ишлашдан иштаҳам очилган чоғда оғзимга шунақаям мазали татирдики!
Баъзилар бирон бир нарса билан шуғулланишга ўчлигим, бировларнинг хизматига шайлигимдан чаккироқ фойдаланган пайтлар ҳам бўлган. Дадамга эргашиб, кўпинча ишхонасига бирга кетардим. Пахта пункти яқинида мотоцикл ва велосипедларни тузатадиган устахона бўларди. Бир куни уста мени ёнига имлаб:
– Сизбоп бир иш топиб қўйдим, тойбола, – дея қўлимга игнатугма тутқазди. – Шуни валасапеднинг ғилдирагига тиқсангиз, “пис-с-с” этиб дами чиқади, яна бошқасига тиқсангиз, тағин “пис-с-с” этади. Ҳиҳ-ҳиҳ-ҳи…
Дадамдан тортиб, ишчиларнинг талай қисми пунктга велосипедда келарди. Мен пайт пойлаб юриб, уларнинг ғилдирагини тешаверибман-у, бу билан устанинг чўнтагига барака киритаётганимни билмабман.
Шу каби бетаъсирликлар боис бир куни дадамдан тарсаки еганим алам қилиб, йиғлаганча борарканман, йўл четидаги қатор-қатор тутлардан бирининг устидан чумчуқ боласи тап этиб олдимга тушди. Кимдан ўч олишни билмай турганимданми, тош билан бир уриб, чумчуқчанинг бошини шағалга чаплаб қўйдим. Урдим-у, шу заҳоти ўзимга келиб, полапоннинг патини силаганимча баттардан йиғлаб юбордим. Йўлда ҳам, уйга келиб ҳам чумчуқчага ачинишдан тўхтамадим.
Жуда санғи эдим, катта болаларга қўшилиб гоҳо ярим кечагача кўчадан келмасдим. Бемаҳалда қайтсам, уйдагилар: “Фалон жойларда ўйнама, пистон кўчадан юрма, ажинаси бор”, деб қўрқитишарди. Ажинаси кўп замонда яшаётганим, олдимда ажинаси бор йўллар турганини ўшанда менга ҳеч ким тушунтириброқ айтмагани қизиқ! Айтишса, улардан сергакроқ ҳимояланмоққа, зарурат туғилса, дангал олишувга кирмоққа, енгиб ўтиш усулларини ўрганмоққа тиришиб, ўзимни ҳаётга пухта ҳозирлаб борган бўлмасмидим?
* * *
Болалигимда ғалати-ғалати тушларни кўп кўрардим. Бари рангли эди шекилли, аксарияти тўлиғича эсимда қоларди. Баъзилари ойлаб, йиллаб қайта-қайта ёдимга тушаверарди.
Бир тушимда синфдошим Қ. га уйланаётган эмишман. Хотинлар “ёр-ёр” айтиб, уни уйимизга олиб киришаётган эмиш-у, акаси келиб қолиб, мени калтаклай бошламасмикин, деган хавотирда нуқул теваракка аланглаб боқармишман.
Тушларимдан яна биттасини ҳамон қаттиқ хаяжонга чулғаниб, юрагим ўзгача тўлқинланиб эслайман.
Яланг жойда турибман. Атрофимда – одамлар. Бирдан барчаси: “Ана! Худо! Худо бу!” – дея хитоб қилганларича осмонга қўл чўзишди. Тепага қарадим. Осмон тиниқ, кўм-кўк. Биттагина оқ булут аста сузиб келяпти. Ҳаётда бунақанги товланувчан рангни сира кўрмагандим – булут ниҳоятда оқ, оқдан ҳам оқроқ, кўзни қамаштирадиган даражада жимирлоқ эди. Чўзинчоқроқ шаклдаги ушбу булутнинг олд томонида бошсимон қисм, кўз-қошлари яққол ажралиб кўринмаса-да, кишини ўзига маҳлиё қилувчи жозибали бир қиёфа порлаб турибди. “Худо! Э, Худо!” – деганимча бир зум қотиб турдим, сўнг унга нимадир дедим. Ҳамма воқеа, шакл ва ранглар эсимда, фақат, нима деб гапирганим, нечундир, ёдимда йўқ. Лекин, аниқ биламан, нимадир ёки нималардир дедим. Оллоҳимнинг рамзи устимдан текис сузиб ўтаркан, ўта сокин ҳаракат ила бошини икки-уч бор қимирлатиб қўйди. Маъқуллаб бош қимирлатди.
Ўшанда ҳали мактабга бормагандим, чамаси.
Ёшлигимда тушимда ўлиб ҳам кўрганман. Ўзимнинг жасадимни ўзим бир четдан кузатиб турибман, денг. Худди ухлаётгандек, миқ этмасдан, кўрпада узала тушиб ётибман. Сочим негадир оқ эмиш. Теварагимда бир гала одам, барининг кўзида ёш, лекин уларнинг бирортаси ҳам менга таниш эмас. Дадам қани? Аям қаёқда қолди?
Кечмишимни ёзяпман-у, булар ҳам ҳаммаси тушга ўхшаб туюляпти. Ана, тўртинчи синфга ҳам кўчдим. Эски мачит билан хайрлашиб, Қувирбошидаги ўрта мактабга қатнай бошладим. Мактаб деса дегудек узун бино, деворлар оқланган, эшик-деразалар бўялган, еттита синф хонаси, директор ва ўқитувчилар учун алоҳида-алоҳида кабинетлар, ҳовлиси кенг, бир четида волейбол майдончаси, бир томонида сумка ёки кийимлар уюмидан дарвозачалар ясаб, бемалол футбол ўйнаса бўлади. Ўқувчиларнинг бир қисми тушгача, қолганлари тушдан кейин таҳсил олишади.
У ёқда “яккахўжайин” бўлиб, яйраб юрган эканман. Бу ёқда синфлар кўп, ҳар қайси синфнинг ўз кузури бор. Мен “Б” синфда етакчироқ бўлсам, тўртинчи “А” синфнинг муштумзўри Зокир деган бола экан: ўта ҳаракатчан, қорамағиз, товуши ўткир, кўзи доим пилдираб туради. Зокир ҳам менинг обрўйим тўғрисида у-бу сўзлар эшитган бўлса керак, кел, курашиб кўрамиз, деб қолди бир куни. Кураш тушиб, бир зумдаёқ гуп этиб йиқилдим. Яна курашамиз, дедим. Яна йиқилдим. Учинчи олишувимиз жуда узоққа чўзилди, охири ёнма-ён бўлиб йиқилдик. Унинг кўпроқ чарчаганини пайқаб, тағин бир курашайлик-чи, десам, томошачиларнинг ишқовига қулоқ солмасдан, ҳансираганича қўлини силтади-ю, индамасдан нари кетди.
Шу беллашув туфайли Зокир билан иноқлашиб қолдик. Бу ҳол, асосан қувирбошиликлардан иборат бўлгани учун бошданоқ биз “келгинди”ларга тазйиқ ўтказишга уриниб юрган барча “А”чиларга ҳам таъсир этиб, “Б”чиларга дўстона муомала қила бошлашди. Бешинчи синфда ҳам шу ҳол давом этди. Лекин, гоҳ-гоҳ у синфдаги бирон-бир бола бу синфдагилардан биронтаси билан ёқалашиб қолар, ҳар гал ўзаро аҳиллигимиз дарз кетаётгандек туюларди.
Бир куни катта танаффусда иккала синф болалари аралашиб футбол ўйнаётсак, еттинчида ўқийдиган олакўз болага тўполонимиз ёқмай, сўкинганича келиб тўпимизни олди-да, мактаб яқинидаги ҳовлининг чавра деворидан ошириб тепиб юборди. Кимдир: “Сол, болалар!” – деб қичқирди-ю, ҳамма футболчи шу заҳоти рақибнинг устига ёпирилди. Бизникилардан иккала Абдулла, Раҳим, Абдураҳим; “А” синфдагилардан Зокир, Мутал, Ислом зўр муштлашарди, қолганлар жангариларни қувватлаб турардик. Шўринг қурғур олакўз нима воқеа юз бераётганини англаб улгургунча, болалар уни ерга йиқитиб, бир зумда пўстаксудраш қилиб ташлашди.
Жабрдийданинг пешанаси қонаб, этлари моматалоқ бўлиб кетгани, жанжалнинг сабаби директорнинг хонасида муҳокама этилгани боис, бу воқеа мактаб миқёсида анча шов-шув бўлди. Шу баҳонада, бешинчи синфдагиларнинг “бирлашган қўшин”и ҳамманинг оғзига тушди, юқори синфлардагилар биздан қўрқишни балки хаёлга ҳам келтирмагандир, аммо балодан ҳазар дебми, ҳартугур қитиғимизга унчалик тегмай қўйишди.
Зокир мендан кучлироқ эканини ҳис этса-да, орамиз бузиладиган даражада асабимга тегмасди. Очиғини айтсам, унинг “А” синфдаги энг таянганлари билан қадрдонлашиб олганим учун орамиз бузилиб қолишидан энди олдингичалик ташвишланмай қўйгандим.
Ўзгаларга жангаридек кўринардим-у, аслида, ҳануз қўрқоқ эдим, имкон қадар жанжал қўзимасликка тиришардим; ҳар қандай тўқнашувдан олдин юрагим пўкиллашга тушарди, олишувга киришгач эса, одатдагидек, бирданига бошқача одамга айланардим, калтак таъсир қилмай қўяр, охиригача юлишардим. Мен учун энг қулайи рақибларга гала бўлиб ташланишда иштирок этиш эди: ҳамманинг кўзи битта сенда бўлмайди, муштлашаётиб ўзингни жуда эркин сезасан; сал бўш кела бошласанг, ёнингда ҳашарчилар кўп, нуқсонингни ёпиб ташлашади.
Уйга келгач, бўлиб ўтган жангни кечаси ўйлаб ётиб, юрагим яна орқага тортарди. Биронтаси ортимдан ташланиб, аччиқ устида калламга тош-пош билан урса, нима бўларди? Ёки бошқа бир жиннироғи пичоқчасини ишга солса-чи? Ана, “тўққизинчи”даги Тўлқин ака Иброй “махорка”нинг елкасини пичоқда тилиб ташлади-ку! Яна кимдир, синфдоши билан уришиб, кўзига ручка санчибди!
Ўйланиб ётарканман, хоҳ ўзимизникилардан, хоҳ рақиблардан бўлмасин, қаттиқроқ калтак еган баъзи болаларнинг хўрланган алфозда туриши, изтиробли қиёфаси кўз олдимда жонланиб, ичим шилинарди. Ҳатто кўзим ёшланарди.
Раҳмдиллигим боис қўрқоқмидим, қўрқоқлигим боис раҳмдилмидим?
Турли эртак-ривоятларда, кишиларнинг ўзаро суҳбатларида кучсизларга, муҳтожларга нисбатан шафқатсизлик қораланиб, меҳр-мурувват улуғланиши, буларнинг бири кўнгилни эзадиган, бошқаси кишига ички енгиллик бағишлайдиган тарзда баён этилиши; туғма таъсирчанлигим боис булардан беҳад тўлқинланиб юришим, кечалари билан қайта-қайта ўйлайверишим қалбимда дам чандиқ, дам чечак шаклида ўчмас из қолдириб бораверди. Иброҳим Адҳамнинг тамтамлик тахтидан тушиб одми бандага дўна бориш, ўзини дабдабабозлик, ётларга бефарқлик касалликларидан халос этиш истагида чеккан азоблари; Машрабнинг манманликка, ҳаром бойликка ҳирс қўйган, эл дардидан буткул йироқ бўлган очкўз ва қаллоб кимсаларга қаратилган ўтли нафрати остида ётган маъноларни чуқурроқ англаганим сайин, ҳалолликка, адолатга тобора шайдоланавердим. Бор баданига яра тошиб ётган Аюб пайғамбар жароҳатидан озиқланаётган қуртлардан бири пастга юмалаб кетганида, шўрликнинг ризқи қийилмасин дея уни яна жойига олиб қўйганини Файзибой отамиздан, хотинлари қиз туғса, чақалоқни тириклайин кўмиб ташлаш даражасида ваҳшийлашган қабилаларни эзгуликлар сари етаклаш йўлида Муҳаммад пайғамбар бобомиз минглаб уқубатларга дош берганини, ҳатто қайсидир муттаҳамларнинг кесак отишига ҳам индамай чидаб тураверганини Сарвинисо бувимиздан эшитаётиб, кўзимдан ёш қуйилаверди. Шу кабилар натижасида беозорликка, раҳм-шафқатга талпингандан талпинаверишим қалбимда аёвчанликни кунма-кун юзага келтира бориб, қўрқоқликка айланаверган бўлса-чи?!
* * *
Бешинчини битиргач, умримда биринчи марта пионерлар лагерига бордим. Одат шунақа эди – ёзги уч ойлик таътил чоғида бошланғичликдан ўтган ўқувчиларни уч гуруҳга бўлиб, ҳар қайси гуруҳни бир ой-бир ой дам олишга юборар эдилар. Боришни истамаганлар мажбуран жўнатиларди.
Келган кунимдан бошлабоқ сойда чўмилиш менга кўпроқ ёқиб қолди. Қапчуғайсой саёз бўлгани учун тахтадан тўғонча ясаб, чўмилганнинг кўксини кўмадиган қилишганди. Чўмилаётиб тўғончага яқин бориб қолибман, шўнғиганимда бирдан тезкор оқимга дуч келдим-у, то нима бўлаётганини англагунимча, сув мени домига тортди, суриб бориб, калламни тахтанинг остига тиқиб ташлади. Аввалига олдинга эмаклашга уриндим, елкам шилиниб жизиллаётгандек туюлгач, иккала шапалоғимни тепадаги тахтага тираган асно ўзимни ортга тортдим. Бошим қисилиб, энди юзларим шилинаётгани, бурнимга қум тўлаётганини сездим. Салгина нафас олишданми кўкрагим қаттиқ ачишиб кетган паллада, бор кучим билан тиришдим-у, хайриятки, тахта остидан қутулиб чиқдим; оғзимдан варақлаб сув сочилди.
Умрим ўзим ўйлагандан кўра узунроқ бўлади. Ҳаётда ҳали неча бор “бир ўлим”дан қоламан. Бу – биринчиси эди.
Тўғонча остидан омон чиққач, орадан бир кун ўтиб, лагердан қочдим. Ҳеч ким мени қидириб келмади. Бекорчиликда бадиий китобларни ўқишга, шеърлар битишга берилдим.
Шоирчиликка қачон ишқим тушганини аниқ эслолмайман. Ёдимда бори шуки, тўртинчини тугаллаётганимдами, Холис опам Манзура деган синфдошининг ўлимига бағишлаб ёзган шеърини уйимиздагиларга ўқиб берганида, дадамдан тортиб ҳамма уни мақташга тушганди; бу мақтовлар менга қаратилмагани алам қилиб, шошмай тур, бу уйда барибир мендан зўри йўқ, дегандек опамга нисбатан ҳасадим қўзиган, шеър тўқишга чираниб урина бошлаган эдим. Ҳа, ётларга зиёни тегмайдиган ҳасад ижобийдир.
Бир куни дадам билан Фарғона шаҳрига айланишга борганимизда ўшанда янги пайдо бўлган “Ғунча” журналига кўзим тушиб, сотиб олдим. Уйга келгач, уни завқланиб варақлай кетдим, расмларни яйраб томоша қилдим. Лекин, ундаги шеърларнинг баъзилари жуда жўн туюлди, мен ҳозирнинг ўзида бундан яхшироқ ёза оламан, деган ҳавойи бир ишонч чақнади кўнглимда. Шу мақтанчоқлик туртки бериб, кунига шеърлар ёзавердим, уларни иссиғида конвертга тиқиб, кун ора “Ғунча”га (бошқа нашрлар ҳам борлиги сира хаёлимга келмасди) жўнатавердим. Уёқдан келган хатларнинг мазмуни ёзганларим ҳали жуда бўшлигини англатса-да, буни тан олишни асло-асло истамасдим.
* * *
Уйимиздан юз саксон қадам нарида қурила бошланган саккиз юз ўринли, биқинида стадионбоп кенггина яланги бор янги 13-мактаб мен олтинчи синфга кўчганимда битди. Бир қаватли бўлса-да, ўша замоннинг кўзи билан қаралса, Олтиариқдаги энг катта, энг кўркам мактаблардан бири эди. Саккизинчи синфни тугатгунимча шу ерда ўқидим.
Мактаб биз томонга кўчганидан сўнг “Б” синфдагиларнинг чуччаси кўтарилиб, “А” даги тенгдошларимизнинг ҳовури пасайди, кўпроқ бизнинг раъйимизга қарайдиган бўлишди. Бундан аҳиллигимиз тобора мустаҳкамланиб, ҳатто битирувчиларга ҳам гапимизни бермайдиган даражада жанговарлашиб бордик.
Бу даврда шеър ёзишга янада берилдим, бадиий китобларга жиппа ёпишиб, дарслар, дарсликларга қизиқишим сўниб бораверди. Китобларнинг аксарияти эртаклар, “Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Орзигул”, “Равшан ва Зулхумор”, “Кунтуғмиш” сингари халқ достонлари эди. Орада “Ўткан кунлар”, “Сароб”, “Қўшчинор чироқлари” каби асарлар, таржимада “Кўр музикачи”, “Муму”, Мопассан ва Лермонтов ҳикоялари, Шота Руставели достони, Шекспир пьесалари қўлимга тушиб қоларди. Охири, бошланғич синфлардаги аълочилигимдан асар ҳам қолмади.
Эҳтиётлашга қанча уринмайин, ўқувчилар дафтаридан юлқиб олинган қоғозлардаги шеърларимнинг кўпини йўқотиб қўяверардим. Ниҳоят, шеърлар учун алоҳида қалин умумдафтар тутишни одат қилдим, сақланиб қолган эскиларини эринмай унга кўчирдим, янги ёзганларимни вақтида қайд этиб қўядиган бўлдим.
Шеърларимни ҳали сиёҳи қуримасиданоқ “Ғунча”га пешма-пеш йўллаш одатим ҳануз қолмаганди. Бахтимга журналнинг Миразиз Аъзам деган ходими жуда тоқатли чиқиб қолди, узлуксиз жавоб ёзарди. Ҳатто бир сафар инжиқлигим тутиб, мен ҳар хил шеърлар юбораман, лекин келаётган жавоблар деярли бир хил, камчиликларимни яхшироқ тушунтириб, узунроқ қилиб ёзинглар, десам, шунга ҳам чидади; энди бир ярим, икки бетлаб хат ёзадиган, фалон шеърингиз анча тузук, унинг фалон-фалон жойларини бошқачароқ ифодалаб кўринг, дея эринмай йўриқчилик қиладиган бўлди. Гоҳ, битта шеърни беш-олти хил кўринишга солдириб ҳам, бошқачароқ якун ясашга яна бир урининг-чи, деса, фиғоним фалакка ўрларди.
Ниҳоят, саккизинчи синфга кўчганимда, Миразиз аканинг яхшигина таҳрири билан “Ғунча”да “Шкафчам” деган шеърим босилди (баъзи манбада илк шеърим олтинчи синфдалигимда чиққан деб хато кўрсатган эканман). Шу куни “Мен шоирман!” деб ўзимни ўзимга бор овозда таништирдим. Энди мени шоирчиликдан безитиш тугул, ҳаваскорлигимга ишонтириш ҳам амримаҳол эди.
* * *
Кўпчиликнинг кўзини куйдириб келган тўкин оиламиз бу даврда анча қашшоқлашиб қолганди. Орқароққа қайтиб айтсам, тўртинчи синфни битираётган пайтим бўлса керак, тарозидан уриб орттириб қолган пахталарни қўшни туманга қарашли Чимён пахта пунктидаги касбдош божасининг камомадини қоплаш баҳонасида пуллаган деган айб билан дадам қамоққа олинди. Бу иш дадамнинг лавозимига кўз олайтириб юрган яқин шогирди томонидан атайлаб уюштирилгани ҳақида гап-сўзлар кўпайиб, охири суддаги гувоҳликлар чоғида шубҳалар ўз исботини топди. Дадамнинг “эгри пул” олганини бўйнига қўйишолмаган бўлса-да, асосан, ҳужжатлардаги қандайдир чалкашликларни далил қилиб, бир йилга кесиб юборишди.
Уйдагилар дадамни йўқлашга гоҳ мени эргаштириб, гоҳ менсиз қатнаб юришди. Бувим алоҳида тайинлаб уқтиргани боис, учрашув чоғида ҳам, хайрлашаётганимизда ҳам ўзимни тетик, қувноқ тутишга уринардим, бироқ турманинг дарвозасидан ташқарига чиқишимиз биланоқ кўзимдан ёш тирқираб, унсиз йиғлашга тушардим.
Кўчада ўзимни дам болаларнинг, дам катталарнинг орасига суқиб, намойишкорона мунгланиб ўтирардим. Улар мендан ҳол-аҳвол сўрашларини, дадамсиз тирикчилигимиз қандай ўтаётганини суриштиришларини кутардим. Кимлардир сўраб қолар деб, уларга айтадиган дардларимни ичимда олдиндан тайёрлаб юрардим. Афсуски, менинг бугуним билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Гоҳо: “Яқинда яна дадамни кўргани борарканмиз”, дея мавзуга қармоқ ташлаган бўлардим, барибир парво қилишмасди.
Эшонтўпи маҳалласида кўккўз бир аравакаш бўларди. Бир куни у қўш отли “ҳаптакач”ида кўчамиздан ўтиб бораётиб: “Ҳа, Баҳромовнинг ўғли, даданг ҳалиям пақирга сийиб ётибдими?” – деб чинғиллади менга. Ёнида ўтирган шериги иккови қийқираб кулганича ўтиб кетишди.
Одамлар ўзидан бойроқларни негадир ёқтирмаслигини болаликдаёқ безиллаб-безиллаб сеза бошлаган эдим, аммо бойларнинг бошига тушган кулфат уларни қувонтиргандан қувонтириши мумкинлиги мутлақо хаёлимга келмаган экан. Кўккўз аравакашнинг мазахидан сўнг буни илк бор элас-элас англагандек бўлдим.
Бировнинг кулфатидан, айниқса, сенга ҳеч қачон зиёни тегмаган кишининг кулфатидан қувониш! Бу ҳолатни ҳозир ҳам тасаввуримга сиғдиролмайман. Турмушда кимларнидир хушламаслигимиз, айримларни жуда ёмон кўришимиз – бор гап. Бироқ уларга жабр-ситам тилаш, бошларига қора кун тушганидан астойдил суюниш туйғусини одамзод ўз табиатига қандай сиғдира оларкин? Ахир, биз мақбул кўрмаган кимса чўлда ёлғиз ўсган саксовул эмас, унинг оиласи бор, қўлига қараб турган ота-онаси, меҳрига зор болалари бор. Уларга ҳам дардмандлик исташ, уларнинг уволидан қўрқмаслик йиртқичликдан баттар-ку!
* * *
Дадам қамалишидан аввалроқ икки ёшли Зуҳрахон синглим қаттиқ шамоллашдан касалхонада вафот этганди, қамоқда ётган вақтида Ҳомитжон укамдан ҳам айрилиб қолдик.
Муддатидан олдин озод этилган дадам уйдагилар билан бир-бир кўришиб бўлгач, теваракка энтикиб-энтикиб жавдиради:
– Ҳомитжон қани?
Аям тўсатдан додлаб юборди.
Дунёнинг баъзи ишлари ўта синоатли. Ўсмирлигида ҳалок бўлган тўнғич фарзанди Ҳомитжонни дадам ҳеч унутолмай, кейинги ўғиллари туғилганда, ҳар гал “отини Ҳомитжон қўйсакмикан”, деб маслаҳат соларкан, бувимиз кўнмас экан. Охири Зуҳрахондан кичик укамнинг отини Ҳомитжон қўйишади. Иккаласи ҳам дадам қамоқда ётган пайтда оламдан ўтади, униси – биринчи қамалишида, буниси – иккинчи қамалишида.
* * *
Дадам қамоқдалигида гоҳ унинг айрим ўртоқлари, гоҳ баъзи бир қариндошларимиз уйимизга келиб, Обиджонни қутқариш учун фалончига фалонча сўм бериш лозим бўляпти, дея аямдан бўлар-бўлмасга пул ундириб кетаверишган экан. Бунинг устига, аям кўп йиллардан сўнг менга ўз оғзи билан айтганига кўра, тинтув бўлса, мусодара қилишларидан қўрқиб, сандиқдаги пулларнинг асосий қисмини уч-тўртта қариндошлариникига элтиб берган, асраб туришларини илтимос қилган экан (ҳозир уларнинг исмини тилга олгим келмаяпти, бари аямнинг уруғидан). Аям кейинчалик пулларни олгани борса, бизга санаб бермагансиз, бори шу эди, дейишиб, арзимаган қисмини қайтаришибди. Энг йирик, ҳали тархи бузилмаган пулларни сингилларидан бирига берган экан, олишда қараса, бари майда, эски-туски пуллар эмиш.
Ҳартугур, дадамнинг мол-дунёси таг-туги билан соврилиб кетмаган, катта гулхан сўнган эса-да, қўри қолган экан. Турмушимиз бурунгидек май-чай бўлмаса ҳам, қозонимиз кунига камида икки маҳал қайнаб, оғринмай меҳмон кутиб, бировга зориқмасдан яшашда давом этдик.
Дадам Полосон пахта пунктидаги эски ишига тикланмади. Энди бу ерда унинг бир шогирди бош тарозидор бўлиб қолганди, дадам қамоқдан бўшатилганида уйимизга ров бош тиқиб қўйганича, қайтиб қорасини кўрсатмади.
Бекорчиликдан зерикиб кетган дадамга ниҳоят амал беришиб, онамга уйланган пайтда ишлаган ўша Файзиобод қишлоғидаги пунктга яна бош тарозидор қилиб жўнатишди. Бу Файзиобод ва Оқбўйрадаги иккитагина колхоздан (бу ердаги Зилха қишлоғида ҳам дам алоҳида колхозча пайдо бўлиб, дам йўқолиб турарди) пахта қабул қиладиган кичкинагина пункт бўлиб, тарозидорнинг даромади ҳам шунга яраша эди.
* * *
Еттинчи синфга ўтганимда Алижон ака деган сайёр киночига шогирд тушдим. Полосон қишлоғи маҳаллаларида, пахта пишган мавсумда далада ётиб қолиб ишлайдиган теримчиларга шийпонларда бепул кино кўрсатардик. Баъзан қўшни повулғонлик Ҳошим-кино ҳам мени ёрдамга чақирар, энсиз кинотасмага мосланган “Украина” русумли аппаратни созлаб бергач, унга ток етказиб турувчи “движок”ка бензинни тўлдириб, энди бу ёғи ўзингга, менинг зарур ишим чиқиб қолди, деганича ғойиб бўларди. Баъзан кино тугаётганда етиб келарди, баъзан бадар кетарди.
У вақтларда аксарият уйлар ичию таши сомонли лойда сувалганича тураверарди, оҳакда оқланган, орти кўчага қараган бирорта замонавий уй топилиб қолса, кинони ўша деворда кўрсатардик; топилмаса, оқ матодан ясалган йиғма экранни осар эдик.
Киночилик менга жуда ёқарди. Бир у маҳаллага, бир бу маҳаллага борасан, ҳамманинг кўзи сенда, энг муҳими, уларнинг орасида қизлар ҳам бор, баъзилари мактабдан таниш, келиб, кино нима тўғрисида эканлигини сўрашади. Бунақа пайтда ўспиринлар менга ҳавасланиб боқарди, ҳатто катта кишилар ёнимда уймаланиб, яқинроқдан танишиб олишга интиларди. Кинопрокатдагилар “Биз – Кронштатданмиз”, “Амирликнинг емирилиши”, “Тинч оқар дон”, “Чапаев”, “Турналар учмоқда”, “Фарғонадан беш киши”, “Дайди”, Чарли Чаплин (овозлилари), “Максимка”, “Жаноб 420”, “Руслан ва Людмила”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Ленин Смольнийда”, “Насриддин Бухорода” сингари фильмларнинг гоҳ ўзбекчаси, гоҳ ўрисчасини беришарди. Уларни ўн марталаб кўриб, ҳар икки тилдаги сўзларни бир-бирига чоғиштираверишим натижасида ўрисчани тузуккина ўргана бошладим, мактабдаги рус тили ўқитувчимиз нуқул “тўрт”, “беш” баҳо қўядиган бўлди.
* * *
“Украина” аппаратини кино намойиш этишга мустақил тайёрлаш, эски “движок”нинг кичик носозликларини бировнинг кўмагисиз ҳам тузата олиш даражасига етганимда, иш чаппасига кетди. Эрта баҳор бўлса керак, ревматизм, яъни бод касаллигига чалиниб, кўрпага михланиб қолдим. Касалхонага ётқизишмади, дадамнинг дўхтир ўртоғи гоҳ тушлик, гоҳ кечки овқатни бизникида қилиб, уйимизга қатнаб юрди. Ўртоқчилик ўз йўлига, дадам ўзгаларнинг кичик хизматини ҳам азалдан қойиллатиб тақдирларди, айниқса, боласи учун пулни сира аямасди.
Дўхтирдан ташқари, сепкилюз татар ҳамшира жувон кунига икки-уч марта келиб, менга дори ичкизарди, укол қиларди, шишиб кетган оёқларимга шифобахш мойларни суртарди. Оёқларимни умуман қимирлатолмасдим, тинимсиз лўқиллаб оғрирди. Гўё оёқларим йўқолиб қолган-у, ўрнида бутун вужудимга азоб бериш учун атайлаб ясалган бигизлар ғарами пайдо бўлганди. Сатта жиқиллатиб санчарди.
Сарвинисо бувим ва аям, бири олиб, бири қўйиб, оёқларимни куну тун уқалаб ўтиришарди.
Бир ой ўтди, тузалмадим. Иккинчи ой кетяпти, тузалмайман. Дўхтир менга литрлаб магнезий ичказиш, ана-мана деб, дастурхонимизни яланглатишдан бошқага ярамай юрибди.
Баъзан юрагим пала-партиш ура бошларди. Кўзларим тепага битиб, ҳаво етишмай, ётган жойимда тўлғанишга тушардим, баданимни совуқ тер қопларди. Тамом, ҳозир жоним узилади, деб ўйлаганимда, юрагим қайта изга тушиб, аста ўзимга келардим. Юрак хуружи чоғида сезилмай қолган оёқ оғриғим бошқатдан авжга минарди.
Касалим чўзилгани сайин, қўшнилар, қариндошлар, ўртоқларим, айрим ўқитувчиларим мени тез-тез йўқлайдиган бўлишди. Рус тили ўқитувчимиз Осман Умеров, маҳалламиз кексаларидан бўлган Оймат қўрбоши, уста Орифжон тоға ҳафтасига икки-уч мартадан келишарди. Худо хоҳламаётгани учун биргина у келмаётган эди – Ажал!
Қанчалар қўрқоқ бўлмайин, ўлимни ўйлаганимда, энди негадир қалтирамасдим. Ётавериб, ўйлайвериб, шунақа бўлиб қолгандирман, балки. Зуҳрахон синглим, Ҳомитжон укам тез-тез кўз олдимга келаверарди. Соғингандан соғинардим уларни. Иккаласи ҳам гўдак боши билан у дунёда ёлғиз, қаровсиз қолишганига тоқат қилолмасдим. Бораман, уларни кўраман, Ҳомитжонни кўтариб, Зуҳрахонни етаклаб, жаннатда ўйнатиб юраман.
Ҳа, жаннатга киришим тайин. Аблаз қори бир сафар айтганидек, болалар ва калима келтиришни билган, одам ўлдирмаган ўспиринлар тўғри жаннатга бориб тушади. Мен одам ўлдирмаганман, калима келтиришниям бувим ўргатиб қўйган: “Лав иловҳа иллабло, Муҳаммадди расулибло” (ўшанда тўғри айтолмасдим).
Бир куни маҳалладошимиз Собир ака уйимизга чимёнлик табиб чолни бошлаб келди. Мирза буванинг ўғли Мамат оёғи шишиб ётганда, шу одам даволаган, дўхтирга ишонаверманглар, деди у.
Мошкичири соқолли, истараси иссиқ табиб билак томиримни ушлаб кўриб, кейинги кунларда юрагингиз ўйнамай турибди шекилли, а, деб савол берди. Мен тасдиқлаб, бош қимирлатдим. Бувим аямга таажжубланиб қараб олиб, юрагига нима қипти, деб сўради табибдан. Боланинг юраги ора-сира қаттиқ хуруж қилиб турган, нима, билмаганмидинглар, дея ҳайрон бўлди табиб. Дод солишмасин деб, юрак ўйноғимни уйдагиларга билдирмасдим.
Овқатланиб бўлгач, табиб ярим литрлик шишадан пиёлага қандайдир қўланса дори қуйиб, менга ичдирди. Ҳар куни наҳорда ва кечқурун шундан беш ҳўплам-беш ҳўплам ичиб туришимни тайинлади. Сўнг, бувим ва аямни чақиртириб, узоқ тиловат қилди, ширин дуолар билан юзига фотиҳа тортди.
– Энди бунақа танбалланиб ётаверманг, йигитчам, – деди у менга табассум қилиб. – Эрталаб “Ё пирим!” деб бошингизни азот кўтаринг, шошмасдан эмаклаб бориб, токчани ушлаганча ўрнингиздан туринг. Оғриқдан қўрқмай оз-оздан юришни бошласангиз, оёғингиздаги шишган жойлар тез қайтади.
Аям ва бувим бу гапдан ажаблангандек бир-бирига маънодор қараб қўйганини сезган табиб: “Мана кўрасизлар, бу бола эртага юриб кетади!” – дея ишонч билан таъкидлади.
Тун бўйи тиниқиб ухлаб, тонгда эрта уйғондим. Қарасам, хонада мени қоровуллаб ётадиган бувим аллақачон кўрпасини йиғиб, чиқиб кетибди.
Табиб тайинлаган гаплар эсимга тушиб, устимдаги ўранчиқни олиб ташладим, оёқларимни ўзимга аста тортиб кўрдим. Қаттиқ оғриқ қўзғалганига қарамай, нафасимни бир ростлаб олиб, муккамга ағдарилдим; қўлларимга таяниб кўксимни кўрпадан уздим, инқиллаб-синқиллаб эмаклашга тутиндим; судрала бориб, токчага тирмашдим. Томирларим чирс-чирс узилаётгандек бўлиб ўрнимдан туриб олгач, уй девори бўйлаб майда-майда одимлаганимча айвонга чиқиб бордим. Чиқибоқ: “Ая! Ая!” – деб чақиришга тушдим. Нариги дўнгалак уйдан бувим отилиб чиқди, вой, худога шукур-ей, худога шукур-ей, деганича келиб, бўйнимдан қучди. Аям молхонада сигир соғаётган экан, бувим: “Мунисхон! Мунусхон-ув!” – дея сасланиб, ҳалпиллаган асно томорқа сари йўналди.
Тушга яқин дўхтирим келди.
– Қийини орқада қолди, ҳадемай отдек бўп кетади бу ўтбосар, – деди у, аям билан бувимга илжайиб. – Қўрқиб кетманглар деб, сизларга билдирмасдан, Обиджон акамга айтгандим холос, бу боланинг юраги порокка чалинган. Касаллик варақасига ёзиб қўйдим, энди уни армиягаям олишмайди.
Дадам ишдан қайтгач, лапанглаб юришимни яна бир намойишлаб бердим. Дўхтир юрагим ҳақидаги ваҳимани кучайтириб, қаттиқ тайинлаган бўлса керак, дадагинам менга дона-дона қилиб уқтиришга тушди:
– Бундан кейин оғир ишларни қилмайсан! Вазмин юк кўтармайсан! Толиқтирадиган ўйинларни ўйнамайсан! Қовурилган овқатларни камроқ ейсан! Шўр билан аччиққа яқин йўламайсан! Хўпми?!
Ўз-ўзидан манглайим тиришди. Шўр билан аччиққа яқинлашмасликдан бошқасини уддалаб бўларканми?
Тузалиб кетганимдан кейин ҳам мактабга бормадим. Лекин, барибир саккизинчи синфга кўчириб қўяверишди.
* * *
Аввалига дадам Файзиобод пахта пунктидаги ишидан айрилиб, гоҳ Хонқиз, гоҳ Қоражийдада пилла қабул қилиб юрди, саккизинчи синфдалигимда эса тугалай юмушсиз қолди. Яхшиямки, Маҳбуба опамни қамалишдан олдин вақтида узатиб олган экан, Шаҳодат ва Холис опамни турмушга чиқаришнинг ўзи рўзғоримизни буткул қоқлаб ташлади. Ўша дамларда қулоғимга чалинишича, ҳатто кимлардандир озгина қарз ҳам олишганди.
Аям гоҳ олтин тақинчоқларини, гоҳ гиламлардан бирини, гоҳ сандиқдаги бахмал, атлас сингари тоза газмолларни сотар, ўртада баъзан ун олишга ҳам пул топилмай қоларди. Кейин қўйларни пуллашга навбат келди. Ҳартугур, сут-қаймоғи кунимизга яраб турган сигирни сотишмади.
Турли улфатчиликларга қўшилиш имкони йўқлиги учунми, “отдан йиқилиб”, қаддини ҳамон тиклаб ололмаётганидан уялибми, дадам ҳатто қўшнилар билан кўчада гаплашиб ўтиришдан тортинадиган бўлиб қолди. Меҳмонга келган аёл қариндошлар билан озгина аҳвол сўрашибоқ, ташқарига чиқиб кетарди. Оиламиздагиларнинг меҳмондорчиликка, тўйларга, сайлларга галалашиб бориши ҳам таққа тўхтаган эди. Дадамда ўзини одамлардан, гурунглардан олиб қочиш одати пайдо бўлганини барчамиз яққол сезиб турардик.
Илгарилари ҳовлимизнинг ички юмушларидан бутунлай йироқ бўлган дадам энди гоҳ кетмонни тутамлаб бодринг суғорар, гоҳ сигирга ем қоришга киришар, гоҳ тоғорада гўнг ташиб келиб жўякларнинг ичига соча бошларди. Бир куни ёрдамлашмоқчи бўлсам, нари тур, сенга мумкинмас, деди. Оғир ишларни қилиш мумкин бўлмаган ўғилчаси, уларга билдирмай, анчадан бери ҳак-ҳаклаб футбол ўйнаётганидан ота шўрлик мутлақо бехабар эди.
Аввалига, танамни зўриқтирмаслик учун дарвозабонлик қилиб юрган бўлсам, кейинчалик майдонда ўйнашга ўтдим. Дастлабки ойларда ярим соатлар югурмасимданоқ бирдан нафасим тиқилиб, юрагим бежодан бежо тепишни бошлар, аста четга чиқиб, аҳволимни зўрға ўнглаб олардим. Бора-бора, ўзимни ортиқча ўтдан чўққа урмай ўйнасам, икки тайм югургилашга бемалол чидайдиган бўлдим.
Хоним энам чевар эди, қишда пахтали камзул, ёзда кулранг матодан – пастининг ва кўкрак қисмининг ҳар икки ёғида оғзи очиқ чўнтаги бўлган кител тикиб, Марғилон бозорида сотиб пул ишларди. Аям Оқбўйрага борганда онасига қарашиб юриб, бу касбни яхшигина ўзлаштириб олган, азалдан бизга қишлик камзулни машинасида ўзи тикиб берарди. Рўзғоримиздан барака кўтарилгач, камзул ва кител тикишни бошлаб, аввалига маҳалладагиларга тортиниб-қисиниб сотиб юрди, кейинчалик бозорга олиб чиқадиган бўлди.
Гоҳо, юрагим ҳилвираганча, ичимда Тангрига зорланиб-зорланиб ялинишга тушардим:
– Э, Худо, дадамнинг ишлари тезроқ юришиб кетсин…
Ие! Бу қанақаси? Камбағал бўлишни қачонлардан бери эзгинланиб орзу қилардинг-ку? Мана, Худо охири сен нафасинг қурғурни ниятингга етказди. Энди бу хилдаги турмушни ҳам кўр, роҳатли жойини қидириб тополсанг, яйраб яшайвер.
Ҳа, яйрайсан-а! Ҳа, нолимайсан-а! Худодан дадангни яна бой қилишни сўрашга ҳозир қандай бетинг чидаяпти, билмадим. Қолаверса, Худонинг борлигига ишонасанми ўзинг?!
* * *
Бир қараганда, худосизлар мамлакатининг мафкураси, барча билим масканларида ҳукмрон бўлмиш қизил ғоя, ўқитувчиларнинг, ҳукумат фаолларининг узлуксиз ташвиқотлари Худонинг йўқлигини оммага ҳар томонлама исботлаб бериб, бунга қарийб барчани, жумладан, мени ҳам аллақачон ишонтириб улгурган эди. Айрим ўқитувчилар муллаларнинг дин, Худо, нариги дунё ҳақидаги “уйдирма”ларини орада хоҳолаб-хоҳолаб, мазахлаб-мазахлаб гапира бошласа, шерикларимга қўшилиб мен ҳам яйраб қиқирлардим.
Яна бир қарасангиз, туйқусдан муллачага айланардим, у дунёнинг борлигига, Зуҳрахон синглим билан Ҳомитжон укам жаннатда ўйнаб юришганига шубҳа қилишни хоҳламасдим, ботинолмасдим, қўрқиб кетардим. Тонтирама, у дунё бор, укаларинг роҳатда юришгани рост, деб ўзимни бийдалагудек бўлардим.
Тайинсиз банда эдим, баъзан худосизлар онгимга қайтадан таъсир ўтказа бошласа, “содда художўйлар”нинг хомтамалигидан ичимда яна кулишга тушардим; баъзан бирон-бир зарурат боис, Яратгучига такрор ялинишга ўтардим. Қувончли онимда Тангрига қуллуқ қилиш хаёлимга келмасди, оғир дамларда мунғайиб ундан кўмак излардим.
Замон Худога шайдоланишингга имкон берадиган замон эмас эди. Мавжуд муҳитнинг тақозоси билан ўз эътиқодимни ўзим топтаб ташлаётганимни сезмай қолардим. Бир нарсага сира тушунолмасдим – ё мен вазиятга қараб ўзгариб турардим, ё вазият мени ихтиёримсиз ўзгартириб қўярди.
* * *
Ўртоқларим билан дайдиб юриб, гоҳо туман марказига бориб қолардик. Роҳатдан тарвақайлаганича музқаймоқ ялаб юрганларни кўрсам, аямай дўппослаб, қўлидагини юлиб олгим келаверарди. Ҳар гал, албатта, китоб дўконига кирардим, кўзимга иссиқ кўринган ёки бировлардан таърифини эшитган китобни сотиб олишга пулим етмаса, бу ҳол “шайдосига бевафо” музқаймоқнинг куйдиргисидан ҳам ошиб тушарди.
Бир куни Холис опамнинг синфдоши, Хадича отиннинг фарзанди бўлгани учунми, ниҳоятда адабиётсевар, зеҳни ўткир, ёшига нисбатан ўта кенг фикрловчи ошнам Абдусалом билан китоб дўконига бирга кирдим. Қандайдир китоб икковимизга ҳам ёқиб қолди.
– Шуни қарзга олиб беринг, қўлимга пул тушса узилишиб кетармиз, – дедим ёши улуғроқ ошнамга ялиниб.
Абдусалом китобни сотиб олди. Ташқарига чиққанимизда уни менга тутқазди-ю, кўйлагининг пастга осилиб турган этагини кўтариб, чўзмали шалварининг қатидан яна битта худди шунақа китобни суғурди.
– Бунисини ўғирладим, – деди у, ҳозиргина пошшонинг хазинасини ўмариб чиққан Бағдод ўғрисидек тамтамланиб. – Униси сенга текин бўлақолсин.
Ий-йе, йўли боракан-ку! Ўшандан бошлаб, дўкондан китоб ўғирлаш бобида малакам ошиб бораверди. Бир киришда тўрттагача китобни устидан кўйлагим этаги солинчоқланиб турувчи шалваримнинг чўзмасига қистириб чиққан кунларим ҳам бўлди. Дўкончини чалғитиш, хавфни камайтириш учун битта арзонроғини қўлимда варақлаб келиб, одоб билан сузилганимча ҳақини тўлардим. Доимий мижозлардан бирига айланганим туфайлими, охиратинг обод бўлгур дўкончи ўз талончисини ҳар сафар дўстона жилмайиб қарши оларди.
* * *
Ҳануз шеърлар битиб турардим. Тўпоригина машқларимда ишқ мавзуси тобора кенгроқ жой эгаллаб борар, буларни ёзаётганимда дафтаримнинг варағидан тутун кўтарилаётгандек, сал ўтмай лов этиб ёниб кетадигандек туюларди баъзан. Бунинг сабаби бор эди – қизларга илиқишга қаттиқ ружу қўйган даврим эди бу…
Тунлари Қ. хонни эзилиб-эзилиб ўйлардим, унинг ҳамма кўриниши, ҳатто кўзларининг қандай қиялаши-ю, лабларининг қандай жимирилишигача хотирамда қайта-қайта жонланарди; Ж. хонни шартта қопга тиқиб, кимсасиз тоғларга олиб қочгим келарди; гоҳо эринмасдан икки маҳаллани босиб ўтиб, қўшни мактабда сулувлиги билан донг таратган А. хоннинг Мозортагидаги хонадони ёнида оч кучукчадек ғингшиб юрардим.
Баъзан аёл ўқитувчиларга ҳам тагдор гаплар отар эдим, енгил-елпи тажовузлар қилишгача бориб етардим. Дам ручкамни атайлаб полга ташлаб, партанинг остига бош суқардим ва кимё-биологиядан дарс берувчи Кидрачёванинг оппоқ оёқларини берилиб томоша қилардим; дам мактабдаги қизларга қўллаб турадиган роҳатбахш қилиғимни ишга солиб, рўмолчамдан ип суғурардим-да, чет тилини ўргатувчи олтин сочли муаллимамиз Гудилинанинг ортидан бориб, биқинини сийпалардим, ўқрайганича чўчиб ўгирилса, кийимингизга ёпишиб қолибди, дея қўлимдаги ипни кўрсатардим. Пионервожатиймиз Умерованинг кетига шапатилаб қочганимдан сўнг катта ғалва чиқиб, бу ҳол шахсан директорнинг фахрий тарсакисини ейишдан ташқари, комсомолга қабул қилинмаслигимга ҳам асосий сабабчи бўлганди.
Хулқим кун сайин бузилаверди, эркак ўқитувчилардан ҳам тап тортмайдиган бўлиб бораётгандим. Пахта теришга чиққанимизда, физкультура ўқитувчиси Ўктам ака билан олишиб қолдим. У полвонлигини намойишлаб, бўғзимдан ушлаганича ерга ағдарганида, кўзига тупроқ сочиб, то ўзини ўнглагунча, уни кучукпийпалаш қилишга тушдим. Агар бригадир Имар қирғиз мени аёвсиз шапалоқлаб ажратиб олмаганида, ёқалашув нима билан тугаши номаълум эди.
Ўзи шундайин ҳам мактабдаги “қора рўйхат”нинг тепа қисмидан жой эгаллаб келаётгандим, ўқитувчига қўл кўтаришга бориб етганим, ниҳоят, барчанинг сабрини тўлдирди, синфимизда директор ва уч-тўртта ўқитувчи иштирокида бўлган йиғилишда мени мактабдан ҳайдашга қарор қилинди.
– Сизга битта илтимосим бор эди, – деб директорга мунғайиб боқдим. – Саккизинчини шу ерда битирволай, кейин ўзим яхшиликча бошқа мактабга кетаман.
Директор савол назари билан қарагач, муаллимлар пича ўйланиб қолишди, паст товушда ўзаро маслаҳатлашишди, сўнг менга қараб, эсингда турсин, ўғил боланинг гапи битта бўлади-я, деган сўзни алоҳида таъкидлаган тарзда илтимосимни қондиришди.
Ким нима деса десин-у, келишса бўладиган яхши одамлар бу оламда барибир кўп.
* * *
Фарғона шаҳридаги Тўқимачилар шаҳарчасида яшовчи Шафоат аммамнинг тўнғич ўғли Машраб билан деярли тенгдош эдик, сенсираб сўзлашардик. Болаликда баъзан аммам уни бизникига ташлаб кетса, баъзан мен ҳам уларникида беш-ўн кун туриб қолардим. Шаҳарда “неужели”, “вот эта да”, “давай”, “ну пасматри”га ўхшаш ўрисча ибораларни, бири “пашўл” билан бошланиб, бири “мат” билан тугайдиган сўкишларни алоҳида ютоқиланиб ўрганардим, қишлоққа қайтгач, ўрни келса-келмаса, пала-партиш қўллашга тушардим.
Менга ўхшаб саккизинчи синфни битирган Машраб ёзги таътилда бизникига келиб узоқ туриб қолди. Бир куни гапдан гап чиқиб, мактабдан ҳайдалганимни айтдим. Буни эшитибоқ, унақа бўлса, Фарғонага бориб, мен билан бирга ўқийқол, деб қистай бошлади. Нима дейишни билмадим. Аммам уни олиб кетишга келганида, Машраб яна шу тўғрида гап очди.
– Шунақа қилақолайлик, ака, – деди аммам, дадамга юзланиб. – Машрабнинг ўқишлари жуда ёмон. Анварга қўшилса, бирга дарс тайёрлаб юриб, сал одам бўлармиди…
Ўша йилнинг кузидан эътиборан Фарғона шаҳридаги 11-мактабнинг кечки бўлимида тўққизинчи синфда ўқий бошладим. Менга шерик бўлиб Машраб ҳам кундузгидан кечки бўлимга ўтди. Кечкида ўқий бошлашимизнинг сабаби – Тўқимачилик комбинатида кўп йиллар мастерлик (ускуна созловчиси) қилган, яқингинада пенсияга чиққан Қосимжон опоғдадамиз иккаламизни ҳам шу жойга ишга киритиб қўйишни кўзлаганди, лекин корхонадагилар ҳозирча бўш ўрин йўқ, деган баҳона билан гапни чўзиб юраверишди.
Дастлаб дарсларга мунтазам қатнашиб юрган Машраб, бирор ойлардан сўнг ора-сира келадиган бўлди, қишга бориб, мактабни бутунлай йиғиштириб қўйди. Китоб-дафтарни кўтариб, уйдан бирга чиқсак-да, сал наридаёқ йўлимиз айри бўларди, у кечалари Ғайбулла қассобникига боришни одат қилиб олган, қартада қимор ўйнашга тобора берилиб кетаётганди. Мактабдан қайтишда йўл-йўлакай уни қартахонадан чақириб олардим, ўйин тугамаган бўлса, бирпас томошабинлик қилардим.
Машраб жуда муштлашқоқ эди. Маст келаётганини кўрса, кўчадагилар ўзини панага уришга ошиқарди. Агар, ким биландир ёқалашишни бошласа, бу ҳудудчадаги эски кузурлар аста-секин бўрибосарга айланаётган тўлпоқ кучукчанинг олишувини четдан жим кузатиб туришар, охирида яхшилик билан ажратиб қўйишар, ҳар эҳтимолга қарши илиқ муносабатда бўлиб юришарди.
* * *
Тўқимачилик комбинатида ўттиз йилдан кўпроқ ишлаб пенсияга чиққан Қосимжон опоғдадамиз умрининг катта қисми ўрислар орасида, қорақўл ишчиликда ўтган эса-да, мумтоз куй ва қўшиқларнинг ашаддий шайдоси эди. Ўзи ҳам йигитлигида дуторни жуда ўхшатиб чаларкан. Мумтоз қўшиқ янграб қолса, ўтирганларга жим деган ишорани қилиб, ўнг қўли бармоғини чап қўлининг муштумига “чирс-чирс” чертмаклаганича, ҳузурланиб тебранишга тушарди.
Шаҳарда ахлоқим сал эпақага келиб қолганди. Ўқишларим ҳам анча яхшилангандек эди. Ўрисчада туппа-тузук гаплаша оладиган бўлиб бораётгандим.
Мени бу хонадонда кимдир малол олаётганини ҳеч сезмасдим. Опоғдадам билан аммам мени ўз фарзандларидан афзал кўрадигандек туюларди, Машраб ҳар қадамда кўнглимни авайларди, укаси Маҳмуджон пинжимга суқилволиб, қизиқ гапларимдан ҳиринглагани-ҳиринглаган эди, синглиси Муҳаббатхон дарс тайёрлашга кўмаклашганим учун жавондан ўзлаштирган конфетларни секингина кафтимга қистирарди. Шунга қарамай, буларга ортиқча оғирим тушмаяптимикан, деган ўй дамо-дам кўнглимдан кечиб турарди. Баъзан ўнғайсизланаётганимни сезармиди, аммам ичимдаги андишани қувиб, ҳеч нарсадан тортинма, акамнинг бизга кўп фойдаси теккан, сенга озгина яхшилик қилсак қипмиз-да, деб елкамни силарди.
* * *
Мактабда Малина деган қиз бор эди. У европача урф-одат таъсирида тарбияланган, ғирт ўрисмижоз эканига қарамай, мендек бир қишлоқи билан ўқишнинг дастлабки ҳафталариданоқ жуда иноқлашиб кетганди.
Шеър ёзиб туришимдан хабар топгач, Малина уйидан менга шеърий китоблар олиб келадиган бўлди. Ўрисчаларининг айрим ерини ўқитиб кўриб, нималарни уққанимни сўрай бошларди, мазмунини тўлиқ англаёлмаган жойларимни, ўзбекча жумла тузишга қийналган тарзда тили тутилиб-тутилиб, эринмай тушунтиришга тушарди.
Синфдошимиз Зуҳра Малина билан мактабга доим бирга келиб, бирга кетарди. Кунлардан бир куни у қишлоқдаги оиламиз ҳақида у-бу гапларни суриштириб ўтириб, устингиздагидан бошқа шимингиз йўқми, деб сўраб қолди.
– Ҳозирча бори шу, – дедим, кутилмаган саволдан довдираб. – Нимайди?
– Бир сўрадим-да, – деди Зуҳра андак ўнғайсизланиб.
Вужудим зириллаб кетди. Бир зум энсам қотганича туриб қолдим.
Ҳа, биттагина шимим бўлиб, у ҳам дадамники эди. Бу ерга дастлаб кийиб келганим у ер-бу еридан сизилаётганини кўрган аям, бир гал қишлоққа борганимда семизгина дадамнинг йўл-йўл қорамтир чизиқли оқиш шимини менга берганди. Ўшанда у, машинасини ғалдиратиб, шимни бўйимга мослаб сал калталатган эса-да, белини, чотини торайтиришга уқуви етмаганди. Кийсам, почалари ҳолпиллаб турувчи бу каттакон шимнинг бел қисмида бир ҳандалак қистиргулик жой ортиб қолар, шу ортиқчасини орқа тарафга ғижимлаб тўплаб, тепасидан камар боғлаб олардим. Орқадаги ғижимни яшириш учун ё костюм киярдим, ё кўйлагимнинг этагини тушириб юрардим.
* * *
Қишнинг охирларида эгним ниҳоят янги кийим кўрди.
Дадам бойлик пайтида сотиб олган, коверкот деган қиммабаҳо матодан тикилган оч новвотранг плаш бир-икки марта кийилганича сандиқда ётган экан. Аям уни менга бергач, этаги узунроқ, елкалари анча кенг бўлгани учун кийгим келмай, аммамнинг шкафига илиб қўйгандим. Аммам шуни Машрабга берақол, сенга костюм-шим тикдириб бераман, деди. Жон деб рози бўлдим. Аммам эртасигаёқ мени артелга бошлаб борди, бирга мато танладик, чеварлар бўй-белимни ўлчашди. Бир ҳафта ўтмай, ишни битириб беришди.
Тим қора тусли костюм-шимни кийиб кўряпман-у, теримга сиғмай, энтикиб-энтикиб кетяпман. Болаликда нуқул эски кийим кийгим келарди-я, ғирт аҳмоқ эканман, деб ўйлаётгандим шу топда.
Чамаси, янги либос ўша куни умримда биринчи марта кўзимга ловуллаб кўринди. Ўзимни тошойнакка солиб, таъбим чарақлагандан чарақлаб кетди.
Посон кийиниб борган биринчи кунимда синфга тортинибгина кирдим. Шумқилиқ Омонча: “Ваваҳ-ҳ!” – деб юборганини ҳисобга олмаганда, бошқалар ортиқча аҳамият бермаганини кўриб, енгил тортдим. Малина молдан молнинг фарқини ажратиб, бу магазинники эмас, уни қайси артелда тиктирдингиз, дея суриштириб қўйди танаффусда.
Илгари кўнмаган эди, энди “мўдний кавалер” билан юришга уялмаса керак деган ўйда қизни яна кинога таклиф қилдим. Барибир унамади. Туфлим маймоқроқ экани ишни буздимикан, деб ҳадиксирадим бу гал.
Малина! Шаҳарда кечган умримдаги энг тотли хотира бўлиб қолди бу қиз.
Орадан йиллар ўтиб бир нарсани тушуниб етдимки, мабодо тақдир бошимизни қовуштирганида, умримда дуч келган сулувлар орасида адабиётнинг чинакам шайдоси бўлган шу қизгина тартибсиз ҳаёт тарзимга ортиқча ғалваларсиз чидашга, мени, аввало, шоир сифатида асрашга имкон қадар уриниб яшаган бўларди. Аммо мен уни ўзи лойиқ бўлган бахтга ҳеч қачон сазовор қилолмасдим.
* * *
Тўққизинчи синфни битиргач, тағин қишлоққа қайтдим.
Сербола ва серчиқим оиламиздаги аҳвол кун сайин оғирлашаётгандек, етишмовчилик қаланиб бораётгандек эди. Дадам ҳануз ишсиз эканлигидан юрагим хижилланарди. Қанчалар кенг бўлмасин, йўлбарс қафасга, эркак уйга сиғмайди. Қафасдан қутулиш учун бўлса керак, дадам анча уриниб юриб, Марғилондан ҳам наридаги Тошлоқ пахта пунктидан иш топди. Маоши борди-келдисига, еяр-ичарига зўрға етиб турса-да, ҳарқалай яна кўчанинг эркаги бўлиб олди-ку.
Мен ҳам эркакчиликка интилиб, қишлоғимиздаги пахта пунктига ишга кирдим. Бувимнинг жияни Ўринбой ака бу даврда пахта қуритиш шохобчасига бошлиқ бўлиб қолганди, унинг қўл остида майда-чуйда юмушларни бажариб юрдим: гоҳ таъмирдан чиққан ускуналарни бўяйман, гоҳ пахта қуритиш барабанининг ғилдираклари тишига чувалашиб кетган тивитларни юлқилаб тозалайман, гоҳ ёши катталарга дўкондан ароқ-вино ёки сигарет ташийман.
Бир куни пахта қуритиш цехига иккита яп-янги трактор беришди, бири – уч ғилдиракли “Т-28”, иккинчиси – тўрт ғилдиракли, лекин паканагина “ДТ-20”. Пакана қизил трактор ич-ичимда ҳавас ўтини алангалатди, шуни мен минақолай, деб Ўринбой акага ялина кетдим. Тракторчиликка ҳужжатинг йўқ, бунинг устига ҳали мактаб ўқувчиси бўлсанг, қандай қилиб сенга бераман, деб ўжарланди Ўринбой ака. Ўзим ҳол-жонига қўймай туриб олганим, бу масалага дадам ҳам аралашгани, охири унинг кўнглини юмшатиб, майли, пунктдан ташқарига чиқмаганингдан кейин, ҳужжатсиз минсанг ҳам бўлаверар, дея розилик берди.
“Т-28” тракторчиси Олим мўйлов иккимиз пункт ичкарисида ишлаб юрдик – бу ғарамдаги ҳўл пахтани пунктнинг нариги чеккасидаги қуритиш цехига ташиб борамиз, қуритилган пахтани яна тиркамага ортиб, энди бошқа ғарам ёнига келтириб тўкамиз. Андак нафас ростлашга имкон йўқ, ҳудудда чекиш қатъиян тақиқланганига қарамай, сигаретни тракторда бораётиб йўл-йўлакай апил-тапил чекиб оламан. Шу қадар чарчардимки, тушлик эълон қилинса, овқатланиш ўрнига пича ухлаб олгим келаверарди.
Олтиариққа қайтганимдан кейин ҳам ўша “ўғилболача гап”да туриб, 13-мактабга эгилиб бормадим, туман марказидаги 1-ўрта мактабнинг кечки ўнинчи синфига жойландим. Пункт ичида ишлаб юрган пайтимда дарсларга имкон қадар мунтазам қатнашиб турдим. Кейинчалик транспорт етишмовчилиги боис пунктдан вақтида олиб кетилмай дусамбаланиб ётган пахталарнинг бир қисмини Фарғона шаҳридаги пахтани қайта ишлаш заводига қиш ичи ўз тракторларимизда ташиб беришимизга тўғри келди. Ҳайдовчилик гувоҳномам бўлмаса-да, тракторни шаҳарга ҳам ўзим миниб боравердим. Ҳар бир тракторга учтадан тиркама уланарди, йўлга тушсак, худди поезд вагонларни тортиб кетаётгандек кўринарди. Мен олдинда, бирор муаммо туғилса тракторимни созлаб бериши лозим бўлган Олим мўйлов ортда борарди.
Шу зайл қиш бўйи шаҳарга пахта ташидим, баъзан кеч қайтишим, баъзан оёқ қимирлатишгаям мажолим қолмаслиги туфайли мактабга кам қатнайдиган бўлдим. Танам шу қадар зўриққандики, тўрт километр чиқиб-чиқмайдиган жойдаги мактабга етгунча ҳатто велосипеднинг педалини тепишга қурбим етмай қоларди. Шу аҳволда дамо-дам шеър ёзишгаям фурсат топганимни эсласам, ҳозирда ҳайратга тушаман.
* * *
Олтиариқнинг Бўрбонлиқ қишлоғи устидан бошланиб, қир орасидан тушлик сари юқорилаб кетгучи йўл тоғнинг этагига бориб тақалади. Ўша жойда Қирғизистонга тегишли қўрғошин кони бўларди. Шаҳодат опамнинг эри Аъзам ака шу конда шофёрлик қилар, карьерлардан очиқ усулда қазиб олинадиган (бир жойида эски шахта ҳам бор эди) маъданларни аҳоли яшайдиган қўрғон яқинидаги заводга машинада ташиб келтиришар, етти юз-саккиз юз сўмга етказиб ойлик олишарди. У даврда колхоз раиси бир юз ўттиз сўм, мактаб директори бир юз эллик сўм атрофида маош олишини назарда тутсак, кончилар пулнинг тагида яшар эди.
Арзимаган пулга трактор миниб юраверма, деб, Шаҳодат опам қишда мени ўша Рудник-конга олиб кетди, тездаёқ ишга жойлаб қўйди. Қапчуғайлик обжувозчи Арслон бургутчининг Раҳмонали деган ўғли конда бурғиловчилик қиларкан, мени унга шогирд қилиб беришди. Раҳмон аканинг вазифаси – ўзиюрар ускунани у ердан бу ерга жилдириб, тупроқни ўн беш-йигирма метр чуқурликда бурғилаш, менинг вазифам – гуп-гуп урилганича ерга тобора чуқурроқ кириб бораётган қувур устун ичига гоҳ-гоҳ сув қуйиб туриш, электр токи етказиб берувчи кабелнинг ерда эмас, темир айричалар устида туришини таъминлаш, ишдан сўнг агрегатни артиб тозалаш, айрим қисмларини солидолда мойлаб қўйиш.
Биздан кейин бу жойга қўпорувчилар келиб, бурғилаган чуқурларни дорига тўлдириб портлатишар, тупроқни экскаваторчиларга юмшатиб беришарди. Ана энди ўнлаб “КрАЗ” карьер деворидаги поғона-поғона йўлларда чумолилардек ўрлаб, руда ташишини томоша қилинг.
Четдан қараганда, ишимиз унча оғир эмасдек туюлар, унинг ҳақиқий заҳматини ишлаб кўрганларгина биларди. Уйча тугул бирон-бир дарахт ҳам бўлмаган яланг жойда қишнинг чийиллоқ совуғига чидаш; иссиқ овқат пиширишга имкон йўқлиги боис, музлаган таом билан тамаддиланиш; ҳар ҳафтада у сменадан бу сменага алмашганда, ухлашнинг янгича вақтига кўниколмай гандираклаб юришлар тинкангни қуритиб ташлайди.
Тракторчиликда саксон-тўқсон сўмга ишлаб юрган одам кончиликда, нормани қандай бажаришимизга қараб, уч юз эллик сўмнинг ён-берида ойлик ола бошладим. Ойликни дадамнинг қўлига элтиб берардим. Яшашим опамларникида, ейишим текин бўлгани туфайли маошим уйга деярли бутунича етиб борар, рўзғоримизга қайтадан барака кираётган эди. Буни дадамнинг ғойиб бўлиб кетган эски улфатлари уйимизда яна бир-бир пайдо бўла бошлаганидан ҳам билса бўларди. Дадамга дурустгина тиргак бўлиб қолганимдан, биринчи галда, Сарвинисо бувим беҳад хурсанд эди.
Қиш охирлаганида оёқларимда оғриқ ўрмалай бошлади. Уйдагилар буни опамдан эшитишгач, эски бод касалинг қўзиб, яна ётиб қолмасингдан уйга қайтақолсангмикан, деб кўнглимга қўл солишди. Тошлоққа қатнаб ишлашдан тузукроқ наф кўра олмай, энди Полосон қишлоқ ижроқўмида солиқ тўпловчи бўлиб олган дадам елкамга қоқиб, энг олдин соғлиқни ўйла, тирикчиликни сенсиз ҳам уддалармиз, деб астойдил жон тортди.
Шу тариқа, Рудник-конга қилган юришим узоққа чўзилмай, ортга қайтдим.
* * *
Кунлардан бирида эски синфдошим Аҳмад билан Мозортагига бораётиб, моторли велосипедини толга суяганича ариқ ёқасида елпиниб ўтирган Эминжон карвонга дуч келмаганимда, яна қанча вақт ишсиз саланглаб юрган бўлардим, билмадим.
Эминжон карвон қишлоқ ижроқўми раиси эди. Велосипедининг мотори бузилиб, бўғилиб ўтирган экан, бизни кўрибоқ, ҳой, бирортанг манавининг тилини тушунасанми, деб қолди. Мен биламан, ҳозир тузатамиз, дедим-у, мабодо юриб кетса, баҳонада бир эшакчопар қилволамиз деган ўй билан велосипедга ўтирдим. Мен педални тепиб, Аҳмад орқадан итариб, анча жойгача борганимиздан кейин, мотор ўз-ўзидан ишлаб кетди. Ҳакиллаб қолган Аҳмадга мукофот бўлсин деб, уни мингаштирганимча маҳаллани бир айлантириб келдим.
– Ие, вей, ёш бўлсанг ҳам мировой уста экансан-ку! – дея, келиб тўхташим биланоқ мақтов ёғдирди Эминжон карвон. – Кимнинг ўғлисан?
Ўзимни таништирдим.
– Ваҳ, ўзимиздаги Обиджон акага қарашлимисан? Ўғлимга иш қидиряпман дегандек бўлувди. Топилдими?
Ҳозирда ишсизлигимни айтишим биланоқ, Эминжон карвон тезда таклиф киритди:
– Унда, гап мундоқ, уста Анвар. Кутубхоначига ёлчимайроқ турибмиз. Миқ этмасдан ўтириб ишлайман десанг, шу штатни сенга берай. Орада велосипедимнинг мотори бузилиб қолса, тузатиб бериб юрарсан.
Эртаси куниёқ кутубхоначиликка қабул қилиндим.
Иш бошлаганимга уч-тўрт кун бўлиб-бўлмай, туман маданият бўлимидан Раънохон деган ёшгина жувон келиб, касбимнинг тартиб-қоидаларини ўргатиб кетди. Кетиши биланоқ, пайсалланиб ўтирмай, унинг айтганларини қилишга киришдим. Топшириққа кўра, биринчи галда, чанг босиб ётган китобларни пастга олдим, беш қаватли ёғоч токчаларни яхшилаб артиб тозаладим. Бухгалтер Полина опа мато олиб беришга маблағ йўқлигини рўкач қилгач, бир четда уюлиб ётган турли сиёсий-ижтимоий қоғоз плакатларнинг орқа томонини токчаларга оппоқ қилиб ёйиб, китобларнинг бадиийларини катталар ва болаларникига ажратган; фан-техника, қишлоқ хўжалиги, сиёсий, фалсафий каби мавзулардагиларини алоҳида-алоҳида туркумлаган тарзда териб чиқдим. Ҳар бир бўлим номини қалин қоғозчаларга қора туш билан ёзиб, туркумлар устига ёпиштирдим. Столларга ҳам энг катта плакатларнинг тескари томонини ёйиб, бирига газета-журнал тикилмалари, бирига шахмат-шашка тахталарини қўйиб қўйдим. Маркс, Энгельс, Ленин, Хурушчёв, Рашидов сингари “йириклар”нинг асарларини эса ойнаванд шкафга кўз-кўзлаб жойладим. Биров атайлаб тайинламаган бўлса-да, буларга озгина туз юқса, балога қолишим ҳеч гап эмасдек туюлганди ўшанда.
Топшириқ қандай бажарилаётганини текшириб кўриш учун Раънохон уч ҳафталардан сўнг яна кутубхонага келди. Келди-ю, катта ўзгаришларни кўриб, кўзи қувончдан чақнаб кетди. Келаси ҳафтада туман кутубхоначиларини шу жойга йиғиб, қандай иш юритиш лозимлигини амалда намуна қилиб кўрсатди.
Кутубхоначилик даврим, босиб шеърлар ёзишдан ташқари, бадиий китобларни тўйиб-тўйиб ўқиганлигим билан ёдимда кўпроқ из қолдирган. Ўшанда Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор, Миртемир, Шуҳрат, Шайхзода, Саид Аҳмад, Шароф Рашидов, Ғафур Ғулом, Собит Муқонов, Ойбек, Берди Кербобоев, Ҳамид Ғулом, Иброҳим Раҳим сингари “ўзимизникилар”дан ташқари, Пушкин, Экзюпери, Бальзак, Родари, Чуковский, Некрасов каби “ётлар”нинг асарларини сув қилиб ичворган эдим.
Ўқиган китобларим юзасидан кўпинча Абдусалом билан фикрлашардим. Баҳсимиз баъзида жанжалга айланиб кетишига сал қолса-да, барибир бир-биримиздан ажрагимиз келмас, ўқиган китобимиз ҳақида яйраб гурунг қуриш мумкин бўлган бошқа зотни бу атрофдан топиш мушкул эди. Абдулла Қодирийнинг ҳажвий ҳикоялари ўша дамларда икковимиз учун алоҳида севимли бўлиб қолганди. Калвак махзумни, Тошпўлат тажангни қайта-қайта эсга олиб, бу чапани қаҳрамонларнинг хурмача қилиқлари, жайдарича гапларидан ҳар сафар юмалаб-юмалаб кулардик. Бу китобни гоҳо укаларимга ўқиб берсам, уларга ҳам роса нашъа қиларди.
Китоблар хазинаси ичра кечаётган фараҳбахш кунларим узоққа чўзилмади. Бир куни дадам:
– Самарқандда молия техникуми очилибди. Техникумдагилар ҳамма молия бўлимларига хат жўнатиб, шу соҳада уқуви бор ёшларни йўлланма билан ўқишга юборишни сўрашибди. Бор, ўқи, аввало, касб ўрган, – деди.
* * *
Шу-шу, ҳаётимнинг оиладан ташқаридаги қисми бошланиб, бир неча йилга чўзилди: уч йил Самарқанд молия техникумида ўқидим, уч йил ҳарбий хизматда бўлдим.
Техникумда ўқишдан кўрган асосий нафларимнинг бири – турли вилоятлардан таниш-билишлар, қадрдон дўстлар орттирганим бўлди. Энг муҳими, бўш вақтларимда Самарқанддаги барча қадимий обидаларни қайта-қайта томоша қилардим, уларнинг тарихи билан қизиқардим. Гўри Амирнинг мовий гумбази ҳар ер-ҳар еридан чатнаб, ола-була тусга кириб қолгани; Бибихоним мақбарасининг бирёни буткул ўпирилиб тушган гумбазини бошқатдан ямаб қўйиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаётгани; Улуғбек мадрасаси деворлари бурчагидаги миноралар тоб ташлаб, шу кунларда уларнинг бўйини қисқартишга тушишганини кузатиб, таъбим хира тортарди; қаровсизлик давом этаверса, булар ҳам ҳадемай Ашратхонадек вайронага айланиши ҳеч гапмас, деб бўғилардим.
Техникум барибир кўп нарса берди менга. Касбимга бевосита боғлиқ бўлган фанларни унча чуқур ўзлаштирмаган бўлсам-да, дунёни сиёсатдан кўра иқтисодиёт қонунлари кўпроқ бошқариб келаётганини, бунинг остида ғалатидан ғалати сирлар яшириниб ётганини баҳоли қудрат тушуниб етдим. Бу орада рус тилини янада пухтароқ билиб олдим, русчада нодир китоблар кўп эди, ўқиганим сайин савиям ошаверди.
Техникумни битиргач, ҳарбий хизматга чақирилдим. Тошкентда 1966 йилнинг йигирма олтинчи апрелида қаттиқ зилзила содир бўлган, вайроналарни тиклаш учун СССРнинг ҳамма жойидан кўмакчилар келган эди. Жумладан, Ленинград ҳарбий округига тегишли, биз эндигина қарамоғига ўтган 33715 рақамли ҳарбий-қурувчилар полки ҳам Тошкентнинг Сирғали туманига келиб қўнган, “Спутник” (йўлдош) шаҳарчасини бунёд этишда қатнашаётган экан. Биз ўн учинчи октябрда уларга қўшилиб, ялангликка қаторлаштириб тикилган брезент чодирлардан бирига жойлашдик.
1967 йилнинг эрта баҳорида қисмимизга тегишли уйлар тўлиқ битди, барчамиз “Строителю Ташкента” (Тошкент қурувчисига) деган эсдалик нишони билан тақдирландик. Бир неча кундан сўнг бизни махсус поездга чиқаришди, бир ҳафтача йўл юргач, ниҳоят, Москва билан Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) оралиғидаги Бологое шаҳарига етиб келдик. Кимсасиз қалин ўрмон орасидаги бетон трассадан машиналарда икки соатча юриб бориб, Виползово деган жойдан ўтгач, қори депсинавериб тойғоққа айланган тор йўлга бурилдик, яна ярим соатдан сўнг, бизнинг полкимиз учун яқинда қуриб битказилган объектга етиб тўхтадик.
Ўшанда Совет-Америка муносабатларида “совуқ уруш” деган давр юзага келган, Москва атрофида ҳаво ҳужумига қарши ракеталарнинг уч қаторлик ҳимоя ҳалқасини ташкил этиш ишлари авжга минганди. Полкимиздаги бир рота ракета шахталари барпо этишда қатнашса, бошқаси уларга тортиб бориладиган кабеллар учун траншеялар қазир, яна бири янги йўллар қурар, уларга бириктирилган махсус взводлар иккинчи жаҳон урушидан қолиб кетган бомба ёки снарядлар учраса, четроққа тўплаб, мутахассислар назоратида портлатиб юбориш билан шуғулланарди.
Турли юмушларни бажариб юрдик. Қиш заптига олган кунларда бригадамиз кабель траншеяларини қазишга жалб этилди. Илгари траншеяни бир метр чуқурликда ковлаётгандик, юқоридан каттароқлар келиб, чуқурлик икки метр бўлиши керак, деб кетишди. Қўшимча қазишлар бошланди-ю, аҳволимиз мушкуллашди – бир ярим метрдан кейиноқ ер ости сувлари сизиб чиқаверди, иккинчи метрга борганимизда, сув этигимизнинг сағини кўмадиган даражага етарди. Ўт ёқиб, оёқларни иситиш, пайтаваларни қуритишдан бўшамай қолдик. Сув кўпайса, траншеянинг деворлари емирилиб тушавериши ишимизга иш қўшиб, бизни баттар ҳолдан тойдираётганди.
Қўнжи узун резина этиклар беришди охири. Пайтавани қанча қалин ўрамайин, сувнинг ичида оёғим тош қотиб қолаверарди. Бир ойдан сўнг бўғинларимда оғриқ пайдо бўла бошлади. Эски ревматизмим қайтовланиб қолишидан хавфсираб, госпиталдагилар қонимни бир текшириб кўришсамикан, дея полкимиз врачига маслаҳат солсам, чидаб тур, оёғингни қимирлатолмай қолмагунингча сени касалхонага жўнатолмайман, деди.
1968 йил мен учун омадли келди, қай йўл билан излаб топганларини билмайман-у, Молия техникумини битирган аскар борлигини билишиб, мени гарнизон миқёсидаги ҳарбий-таъминот базаси бухгалтериясида ишлашга чақириб олишди. Гарнизон тасарруфидаги барча ҳарбий қисмларга қурилиш ашёлари, эҳтиёт қисмлар, ёнилғи-мойлаш материаллари кабиларни етказиб беришга ихтисослашган база бухгалтериясидаги йигирмадан зиёд ходимнинг барчаси аёл бўлиб, омборчилар, уларнинг ёрдамчилари ичида ҳам хотинлар кўпчиликни ташкил этар, эркакларнинг аксарияти истеъфодаги офицерлар, уруш ветеранлари, махсус соҳаларнинг мутахассислари эди.
Бош бухгалтеримиз Тамара опа ўта кенгбағир аёл эди, қарийб икки йил давомида унинг қўлида жуда яйраб ишладим.
1969 йилнинг ёзида қишлоқдан келган хатларнинг бирида маҳалламиздаги магазинда дўкончилик қилишга ўтган дадам тўсатдан оғир касалга чалинганини маълум қилишди. База бошлиғи подполковник Могилёвга шу тўғрида гап очсам, ўзи хизматинг тугашига оз қолди, борди-келдингга анча харажат кетади, ундан кўра сабр қилиб тур-чи, гарнизондаги катталар билан маслаҳатлашиб, сени армиядан эртароқ бўшатишларини сўраб кўраман, деди.
Командиримиз айтганини қилди. Хизмат муддатини ўтаб бўлган аскарларни резервга қайтариш ҳақида ҳали Мудофаа министрининг буйруғи чиқиб-чиқмасиданоқ, мени озод қилиб юборишди. Ортга ўгирилиб боқсам, умримнинг уч ойи кам уч йилини бирда пўрим, бирда кир-чир ҳарбий кийимда ўтказибман.
Ҳарбийдан қайтганимда, дадам анчадан бери вилоят касалхонасида ётган экан. Таътилга келганимда ҳам, бир вақтлардагидек бўйни бағбақали бўлмаса-да, жуссаси ҳалиям гўштдоргина эди. Шу қисқа вақтда буткул озиб-тўзиб, эти суякка ёпишиб қолибди. Киртайган кўзларида илгариги тийракликдан асар йўқ. Ҳатто таъби хирароқ чоғидаям кулимсираш аломатлари зоҳирланиб тураверадиган чеҳрасини энди мунг тўлиқ қоплаб олганди.
Қўшнилар, таниш-билишлар, қондошларнинг келди-кетдиси тугаганидан кейин, касалхонадан вақтинча жавоб сўраб келган дадам мени ёнига чақириб, тўйни тезлатиш хусусида гап очди. Умримда кўрмаган қизга менинг розилигимсиз оқ кийиб, фотиҳа тўйини ҳам ўтказиб улгуришганидан жаҳлланиб юрганим учун, журналистликка ўқиш ниятим борлигини билардингиз-ку, уйланадиган бўлсам, рўзғорда уймаланганча қишлоқдан чиқолмай қолишимни ўйламадингизми, деб жеркиндим.
– Умрим жуда оз қолганини билиб турибман, – деди дадам хотиржам товушда. – Катта ўғлимсан. Ҳеч бўлмаса, сенинг бошингни иккита қилиб, кўнглим тинчиброқ кетай.
Мен нодон яна тихирланишга тушдим:
– Сиз айтсангиз, шахтада ишлашгаям розиман, дада. Омалейкин, уйланиш масаласига келсак…
– Э, болам-ма! – сўзимни бўлиб, хиёл зардаланди дадам. – Бир нарсани ҳисобга олмаяпсан. То уйланмагунингча, укаларингга оталик салобатида кўринолмайсан. Ё гапимга ҳалиям тушунмадингми?
Ҳаммаси тушунарли: мен кетяпман, энди бу ҳовлининг хўжайини сенсан. Тезроқ уйлан, рўзғор тебратиш масъулиятини чуқурроқ ҳис эт. Кенжа уканг, бор-йўғи, ўн ёшда, катталари ҳам ҳали ғўрроқ. Шоирликни ҳавас қиласанми, пошшоликними, энг олдин, оила аъзоларининг бирлигини таъминлашинг, хонадон мавқеини бундан оширолмасанг, лоақал борини асраб туришга интилишинг, ота бўлиб, уйнинг файзу тароватини қўриқлашинг шарт!
Қанчалар қайсар бўлмайин, дадамнинг шу аҳволида орага бундан ортиқ сўз сиғмаслигини англаб, бўпти-да, нима десангиз – шу, деб пешанамни тириштирдим. Дадам қувониб кетиб, опангларга айтаман, сени келин билан бирор жойда учраштиришади, бир кўз уриштириб оларсан, деган эди, барибир уйланадиган бўлсам, кўриб нима қилдим, дея лаб жимирдим.
Бу орада, дадам яна касалхонага тушгани, дарди кучайиб бораётгани боис, унга қарашли магазинни янги дўкончига ўзим топширишимга тўғри келди. Ёшгина, буткул тажрибасиз бир татар қизни ревизор қилиб тайинлашган экан, ишни уриниб-суриниб зўрға охирига етказдик. Анчагина камомад чиққанидан кўнглим жуда хира тортди, матлубот жамияти раҳбарларидан бири бўлган Обидов идорасига чақиртириб, пул тезроқ жойига қўйилмаса, иш судга ошади, деганида, юрагим пўкиллашга тушди. Воҳ! Энди нима бўлади? Наҳот, дадамни шу аҳволидаям суд қилишса? Йўғ-е, бунгача боришмаса керак. Балки, қарзни ойлигимдан секин-секин узишимга тўғри келар…
Кўп ўтмай, энди даволашга уринишдан фойда йўқ, уйда борича парваришлаб тура қолинглар, деб дадамни касалхонадан қайтаришди. Гоҳо маҳаллий дўхтирлар келиб, у-бу муолажалар қилиб туришди. Ўшанда йигитдек вазмин туролмаганим, дўконнинг қарзидан қутулиш масаласида дадамга инжиқланиб гап очганим, дадам мени тинчлантиришга тиришиб, қўрқма, тирик қолсам, жавобини берарман, ўлиб кетсам, сенга ёпишиб олишмайди, деб изтироблангани эсимга тушса, бировларга қамчи тутқазиб, ўзимни аёвсиз савалатгим келади ҳануз. Аксинча бўлиши керак эди-ку! Мабодо, дадамнинг ўзи шу мавзуни қўзғаб қолса, кўп сиқилаверманг, то жоним ичимда экан, ҳамма иш жойига тушиб кетади, деб таскин беришим керак эмасмиди?
Дадам умрининг сўнгги ҳафталарида яшаётганини дўхтирлардан суриштириб билишганми, бир куни ўша матлуботчи Обидов келиб, дўконингизнинг камомадини амаллаб-тақаллаб ёпиб юбордик, энди ташвиш тортманг, деб дадамга хушхабар айтди. Ичимга бирдан ёруғлик ёғилди. Буни сезган дадам, менга қараб, мажолсизгина кулимсираб қўйди. Ўзининг иши битганидан кўра, менинг қўрқувим барҳам топганидан кўпроқ хурсанд эди, чамаси.
Амалиётда юрган вақтимда туман молия бўлими мудирига маъқул кўринганманми, ўзи мени ишга таклиф этиб қолди. Одамларни пўписалаб юриб солиқ йиғишга бўлган азалий безиллоғим боис, ана-мана деб, гапни мужмаллаб юравердим. Бир куни колхозимиз раҳбарлари дадамни йўқлаб келиб, шу Анварингизни бизга беринг, ҳозирча далада табелчилик қиптурсин, пахта терими тугаганидан кейин идорага буғолтир қилиб оламиз, томорқа-поморқа берамиз, деб қолишди. Бир маслаҳатлашайлик-чи, деди дадам. Улар кетгач, укаларинг орқангда қаторлашиб турибди, колхозда ҳеч бўлмаса икки-уч йил ишлаб, томорқа олволишинг керак, деб менга йўл кўрсатди.
У даврда пахта сиёсати ўта тажовузкор эди. Қўриқ ерлар тинимсиз ўзлаштирилар, боғларни бузиб, зовур дўнгларини текислаб, йўл четидаги ва ариқ ёқасидаги уватларни торайтириб бўлса ҳам кўпроқ ғўза экишар, пахтазорлар кўпинча хонадонларнинг деворига бориб тақалар, томларгаям чигит қадагилари келарди (бундан Орол денгизи қуриб бораётганини ҳали билмасдик). Маҳаллий фуқароларга, ҳатто колхозчиларга кенг-кенг томорқалар бериш аллақачон эллигинчи йиллар “сарқити”га айланганди. Энди томорқа сўрасанг, ҳозир беролмаймиз, Ўзбекистон қишлоқларидаги ҳар бир қарич ер Москвадагиларнинг назоратида туради, пахтазорни бир қаричга камайтириш учун ҳам ўшалардан рухсат олиш керак, дейишарди.
Томорқа деган бахтни орзу қилиб, молиячиликни эмас, табелчиликни; биққи курсили покиза хонани эмас, чангли далани танладим. Ҳарбийдан қайтганимдан беридаги сатангликлар тугади; ўша маҳаллари кенг русум бўлаётган карнайпоча “клёш” шимни, матросларникидек йўл-йўл чизиқли шойи кўйлакни, тарсиллаган хиром туфлини ечиб, ёғ суртиб ялтиратилган қалин сочимни устарада қирдирдим; эгнимга атлас белбоғли парпаша беқасам тўн, оёғимга кирза этик кийиб, бошимга марғилонча дўппини бостирдим. Маҳалламиз дўконидан тепада яшовчилардан тузилган бригадага табелчи бўлиб, “ЗИЛ” юк машинасининг усти очиқ кузовида далага йўл олдим. Темир йўлдан анча пастдаги бу бригадага ўқувчилик давримизда пахта теришга келиб турардик, энди янги ер ўзлаштирувчи чўлқуварлар учун томорқали уйлар қуриб беришга мажбур бўлиниб, манзара анча ўзгариб кетибди.
* * *
1969 йилнинг 5 сентябрида тўйим бўлди. Полкдош ошнам Қаҳрамонни йўқлаб Самарқандга борганимда мезбонлар елкамга ёпган олача беқасам тўнни кийволган дадамни қўлтиғидан суяб чиқиб, ташқидаги каравотга ёнбошлатдик, тўйни шу жойдан бошқариб, шу жойдан томоша қилиб ётди.
Тўйдан ўн кунча кейин дадамнинг аҳволи жуда оғирлашди. Ёмон хаёлларга бориб, руҳи бутунлай чўкмасин дея, дўхтирлар билан келишиб, яна вилоят касалхонасига ётқиздик. Анча ётди, яхши томонга ўзгариш бўлмади. Бир куни дўхтир бизни ёнига чақириб, жигари бутунлай тугаб, бу ёғи яқин қолди, уйга олиб бориб, тайёргарлик кўраверинглар, деди. Яна уйда озгина дам олиб, уколларни сингдиришингиз керак экан, дея дадамни алдаб, ҳовлимизга олиб кетдик.
– Ҳа, яхшилаб дам оладиган пайтим келди, – деди дадам ўзини сокин тутиб.
Буни эшитиш аламли эди. Дадам гап нимадалигини аллақачон фаҳмлаб етганди, чамаси. Уйинг куйгур ароқлар, қотиллар! Чайирдан чайир дадагинамни ўшалар шу аҳволга солди. Бунга қўшадиган бўлсак, ёшгина вафот этган уч фарзанднинг қиёфасини кўз олдига келтиравериш ҳам отанинг жигарини тўкмасдан қўймайди…
Шафоат аммам кийим-кечакларини тугиб келиб, бизникида муқим яшай бошлади (эри Қосимжон опоғдадамиз анча олдин вафот этганди). Аям иккови навбатма-навбат ухлаб, дадамни гоҳ уқалашар, гоҳ овқатлантиришар, гоҳ ювиб-тараб қўйишарди. Мен эса, далага эрта кетиб, кеч қайтардим, дадамнинг ёнида узоқроқ ўтириб қолсам, бор, уйингга кир, вақтида ухла, деб буюрарди. Янги уйланган ўғилга бу гап хуш ёқарди, албатта.
Пахта терими авж олгач, даладан кеч қайтадиган бўлдим, бригадир ва табелчилардан кундалик ҳисобот олинадиган мажлисларга гоҳо бормай, дадамнинг ёнида уймаланардим, кўнгилни кўтарадиган ширин сўзларни тахлаб ташлашга азалдан уқувсизроқлигим важҳидан, унга нима дейишни билмасдим, бир аштдан, бир даштдан гапириб ўтирардим. Бунақада аммам жонимга ора кирар, эски қизиқ воқеаларни эслаб, дадамни жилмайтиришга урина бошларди.
Бир гал мажлисга бормаганимда, раис одам юбориб, чақиртириб кетди. Боришим биланоқ, заҳрини сочишга тушди.
– Мен табелчиман, – деб жирракиландим. – Вазифам – одамларнинг ишига тўғри ҳақ қўйиш. Пахтанинг оз-кўплигига бригадир жавоб беради. Бунақа мажлисларга келмайман энди.
У замонда бригадир топишдан кўра, ҳисоб-китобни жойига қўя оладиган табелчини топиш қийинроқ эди, салга ҳайдаб юборишавермасди.
Ишда қийинчилик кўп бўлса ҳам, бригададаги муҳитнинг яхшилиги чарчоғимни сездирмасди. Эркагу аёлнинг барчаси кўнглида кири йўқ, иғводан, хусуматдан олис, анча-мунчага кек сақлайвермайдиган шалдир-шулдур кимсалар эди. Бригадирим Мўса ака отаси Оймат қўрбоши раҳматлига ўхшаб ниҳоятда босиқ, ройишли киши эди. Бирор нарсадан бўғилсам, кенгроқ бўлинг, ҳар қандай ғалва ўтади-кетади, соғлик кетмаса бас, деб қўярди.
Кунда оломоннинг ичида юрардим, бу одамларнинг энг майда ташвишу эҳтиёжларидан деярли тўлиқ хабардор эдим, уларнинг тавозедан холи турмуш тарзи менга секин-аста юқиб бораётганди. Ҳаётнинг бу янгича бўлаги ҳар қандай ижодкор учун қиёси йўқ академия эди.
* * *
Октябрнинг яримларидан ўтиб, дадамнинг аҳволи кескин оғирлашди, ҳатто бир қошиққина овқат ейиш ёки бир қултумгина сув ичиш учун ёстиқдан ўзича бош кўтаришга ҳам ҳоли келмай қолди.
Бригадир дадамнинг аҳволидан хабардорлиги туфайли, кўпинча тушдан кейиноқ даладан қайтишимга ижозат берарди. Бемордан хабар олишга келадиган қишлоқ фельдшери, касалхона дўхтирларини кутиб-кузатиб, вақтлари бўлса, бирор пиёла чой ичкизиб жўнатардим.
Акрам укам ҳарбийда эди, чақиртирайлик десак, дадам кўнмасди. Укамнинг кийимларини қозиққа илдириб, суратини токчага тиккалатиб қўйганди, гоҳо уларга бир-бир тикилиб, бу зарғалдоқ жудаям мунғайган бола-да, уни хафа қилманглар, деб шивирларди. Ниҳоят, 28 октябрда, Акрамбойни чақирсакмикан, деди. Шу куниёқ туман ҳарбий комиссариати орқали Туркманистонга телеграмма жўнатдик.
Дадам, икки кун ўтиб, 30 октябрда вафот этди. Акрам укам дадамни қабристонга қўйиб қайтганимизда етиб келди.
* * *
Фотиҳага келиб-кетувчиларга кўчада қўл қовуштириб туришим уч кунгинага чўзилди. Тўртинчи куни маҳаллага ош берганимиздан кейин, бригадирим Мўса ака курагимни сийпалаб туриб, дунёнинг ишлари шунақа, укам, битта-битта бўлиб ўтаверамиз, қолганлар яна тирикчилигини қилаверади, деб таскин бергач, мени далага етаклади.
Далада ишлар беҳад тиғиз эди. Кетма-кет терилавериб, пайкаллардаги ҳосил ҳафтама-ҳафта камайгани сари пахтани бугун кечагидан кам топшириб кўр-чи, уни қаердан бўлмасин топасан, биринчи синф ўқувчиси тугул, менга деса, боғча болалариниям далага ҳайда, дейдиганларнинг қамчисидан кўпроқ қон томиб бораётганди.
Аям ёзда далачилар киядиган кителлар, қишда эркакларнинг пахтали камзулини тикиб сотиб, меникидан икки-уч баравар кўп пул топса-да, рўзғоримиздаги етишмовчиликлар ортиб бормоқда эди. Ўспиринлик белгилари қиёфасида эндигина тепчиланаётган Авазбек укам қийинчиликларга чидамай, кузнинг бошроғида, ҳатто, уйдан қочиб ҳам кетди. Жон ҳовучлаганча қидириб-суриштириб юрганимизда, хайриятки, тўрт-беш кундан кейин ўзи уйга қайтди. Қўқонга бориб, бир чойхоначига югурдаклик қилишни бошлаганида, участка милиционери уни сўроққа тутиб, қамамасимдан олдин тезда уйингга жўна, деб қувиб солибди.
Буғолтир бўлиб олсам, балки аҳволимиз анча яхшиланар, деб умид қилардим. Лекин янги йилга ўтиб, эски йилнинг якунлари ҳисоб-китоб қилинаётган кунлари раҳбарлар билан орам баттардан бузилди-ю, бу умид тугал чиппакка чиқди. Ғалати бир қоида мавжуд бўлиб, йил давомида далачиларга иссиқ овқат пишириб бериб турилди дея, ҳар қайси бригадага алоҳида ведомостлар тузиларкан, колхозчилар буларни егани ҳақида қўл қўйиб беришгач, уларнинг “отчёт” деган йиллик қўшимча мукофотидан маълум миқдорда пул чегириб қолинар экан. Аъзолар уйларидан навбати билан қаймоқ опкелиб шўрва пиширишарди, емаган нарсаларига қандай қўл қўйдираман, деб кўнмадим. Ана тортишув, ана машмаша!
Партком котиби маҳалладошим эди. Бир куни унинг онаси аямнинг олдига кириб, ўғлимнинг айтишича, болангиз ҳаддан ошиб кетганмиш, энди уни буғолтирликкаям олишмайди, томорқаям беришмайди, дебди.
Қишлоғимизда иккита колхоз бўлиб, мен ишлаётганим Жданов номида эди, унисини “Ленинобод” дейишарди (у даврда ўзбекона аталгучи колхоз деярли йўқ эди). “Ленинобод”га уйимизнинг ортидаги ҳовлида яшовчи Мамадали Ғиёсов раис эди. Аям унинг онаси ёки хотини орқали илтимос қилган бўлса керак, бир куни мени кўчада учратиб, бизнинг колхозга ўтиб ишласангиз-чи, деб қолди. Дарров рози бўлдим.
* * *
Янги жойга ўтишимдан олдин, аям мени ёнига ўтирғизиб, суянадиган даданг кетди, энди оиланинг отаси сенсан, укаларинг изингдан юришини ўйлаб, ўзингни босвол; ким нима буюрса, тўғри-нотўғрилигини суриштириб ўтирмай, “хўп” деявер-чи, шундаям кўкрагингдан туртаверадиган баттол топилса, уни Парвардигор ўзи йўлингдан олар, деб анча насиҳат қилди. Кўпинча бўладиганидек жеркиб эмас, сокин товушда йиғламсираб гапиргани учунми, сўзлари кўнглимга қаттиққина таъсир қилди.
“Ленинобод”да мени Граждан мудофааси штаби бошлиғи лавозимига тайинлашиб, клуб мудирлигиниям вақтинча эплаб турасиз, дейишди. Кунда хил-хил юмуш кўндаланг келаверарди. Партком котиби қўлимга қизил мато, чизув қуролларини тутқазар, дам қўшни туман, дам бошқа вилоят ёки қардош республикадан келиб, тажриба алмашиб кетадиган мусобақадошларни алқовчи шиорлар ёзиб беришимни сўрар; асли касбимдан хабардор бош бухгалтер баъзи бир ҳисоб-китоб ишларига кўмаклашишимни илтимос қилар; раисимиз ўтган беш йиллик мобайнида колхознинг давлатга пахта, пилла, дон, гўшт, сут, жун каби маҳсулотлар сотишдаги ўсишларини катта-катта оқ картон қоғозларга суратдор қилиб чизиб, хонаси деворларига қоқиб қўйишимни буюрар эди. Гоҳ консерва заводига колхознинг мева-сабзавотини топшириб келардим, гоҳ омборчига нарсаларини тартибга солишда кўмаклашардим, гоҳ пилла қурти парваришини текширувчилар билан бирга уйма-уй юрардим, гоҳ чокидан кетган стулларни тузатиб берардим, гоҳ пахта теримига чиққан қарияларга вақтинча бригадир бўлардим, гоҳ колхоз аъзоларини газета-журналларга обуна қилардим, гоҳ идора ходимларига овқат пишираётган ошпазнинг ёнида ўчоққа ўт қалаб ўтирардим…
Бошқача одам бўлиб бораётгандим. Бирда аямнинг насиҳати, бирда оғир ётган дадамнинг ака-укалар бирлигини йўқотмаслик, оила нуфузини қаттиқ асраш ҳақидаги гаплари тез-тез ёдимга тушар, хулқимни ўнглашга астойдилроқ интила бошлаган эдим.
Олдингидан яхшироқ пул топаётган бўлсам-да, ҳалигача томорқа ололмаётганим, бўш вақтимда ҳовлидаги ишларга уннамай, яна нималарнидир ёзиб-чизаверишим ҳануз аямнинг асабига тегарди. Ҳарбийдан қайтган Акрам укангни уйлашимиз керак, унга жой қани, деявергач, дадам қурдирган уйнинг биқинига уста Абдуқаҳҳор бошчилигида айвонли иморат солишга киришдим. Шундаям ора-сира шеър ёзаверардим. Колхозимиздаги зафарларга бағишланган бири гугуртнинг, бири сигаретнинг қутисидек келадиган хабар-мақолачалар қаторида гоҳ-гоҳ шеърларим ҳам кўриниб қоларди. Баҳонада, туман газетасидаги барча ходимлар, жумладан, муҳаррир Турсунали Азизов билан ҳам яқинроқдан танишиб боравердим. Гоҳи газетада адабий ходимлик қилувчи қишлоқдошим Эркин Иброҳимовга, гоҳи редакторнинг ўзига шу даргоҳга ўтиб ишлаш орзум борлигини чикитиб турардим. Ҳарбийда юрганимда, узоқ вақт шеър жўнатмай қўйганимдан таажжубланиб, обуна ташвиқоти баҳонасида уйимизга шоир Миразиз Аъзамни юборган “Ғунча” журнали жамоаси билан ҳам эски алоқани тиклаб олдим – хатда шеърлар йўллашни давом эттирдим.
Колхоз парткоми котиби Қаҳҳор акага мажлислар протоколини расмийлаштириб, папкаларга тикиб боришда, коммунистлардан аъзолик бадаллари йиғишда, юқори ташкилотдан келган кўрсатмалар қандай бажарилаётгани юзасидан ҳисоботлар тайёрлашда кўмаклашиб турар эдим. Шу боисдан у мени бот-бот қистовга олиб, баъзида қўлингиздан ҳатто партиянинг махфий ҳужжатлари ўтяпти, сизни партияга қабул қилмасак бўлмайди, дейишга тушар; мен эсам, бирон-бир коммунист хотинини қаттиқроқ хафа қилиб қўйса ҳам, аямай пўстагини қоқаверадиган партияга аъзо бўлишдан чўчиб, ишни пайсалга солаверардим. Ваҳоланки, ўша даврда, айниқса, зиёлилар, мутахассис кадрлар орасида партияга киришга уринувчиларнинг сони бесаноқ эди; партия эса, ўз сафида кўпроқ оддий ишчи-деҳқонлар бўлишини истарди, бундайлар билан умумий тил топишиш осон эди, чамаси.
Темур ҳазратлари 1370 йили Балҳда бўлган қурултойда Туркистоннинг амири деб тан олинганидан сўнг, орадан роппа-роса олти юз йил ўтиб, 1970 йилда турмушимдаги энг қувончли, энг эсда қоларли воқеалардан бири юз берди – ўғил кўрдим, “ота” деган унвон олдим. Эшон бобомизнинг хотирасини эъзозлаб, биринчи фарзандимга Баҳром деб от қўйдим.
* * *
Баҳромбойнинг қадами қутлуғ келди, ўша йили хонадонимизга янги уй қўшилди, у туғилган октябрь ойида колхоздагилар маошимни оширишди. Яна десангиз, 1971 йилнинг бошидаёқ туманимиздаги “Пахта учун” газетасига ишга чақирилиб, биринчи февралда адабий ходим лавозимига тайинландим. Эркин ака ўрнини менга бериб, ишдан бўшаб кетган бўлим мудирининг жойини эгаллаганди. Шу давргача босиб ўтган йўлимдаги турли-туман ишларни тиқиштириб ўтирмайин, Тангрим умр берса, пенсияга чиқишимда бундан буёнги меҳнат фаолиятимнинг ўзи етиб ортади деб, редакцияда янгитдан “Меҳнат дафтарчаси” очтирдим.
Журналистиканинг “одми қолипи”га тушишим осон кечмади. Шоирчиликда гапнинг гажагини бураб, жумлаларга бадиий қалпоқ кийдириб ёзишга ўрганиб қолган эканман, қайсидир бригада аъзолари пахта топшириш планини туманда биринчилар қаторида бажарганлиги тўғрисидаги кичкинагина оддий хабарни ҳам қуюқ рангларга тўлдириб, фалон бригада Алпомишзодалари халқпарварликда тенги йўқ ҳукуматимизнинг табаррук топшириғини оҳудек илдам қадамлилар сафида шараф билан дўндиришга мушарраф бўлдилар, каби жимжимадор сўзларни қалаштириб ташлардим. Бўлим мудири буларни индамай таҳрир қилар, агар битганларим шундайича редактор ўринбосарининг қўлига бориб қолса, жайбиллоси қўзиб, шовқиндан хона деворларининг сувоғи кўчгудек бўларди. Дастлабки чоғларда танбеҳларни менсигим келмай, ўзлари чиройли ёзишолмайди, уддалаганни кўришолмайди, деб ранжиб юрган бўлсам, бора-бора эпақага келиб, икки-уч ойда шароитга деярли тўлиқ мослашдим.
Адабий ходим деган номни тузукроқ оқлаш учун олдин газетанинг тўртинчи бетида “Шанба саҳифаси” деган рукн ташкил этиб, устига ўзим суратли рамка чизиб бердим; сал ўтиб, редакция қошида адабий тўгарак очдим. Тўгаракда ойига икки марта машғулот ўтказиб турилар, қатновчилар сони йигирмадан ошиб қолган, улар орасида кейинчалик шоира сифатида кенг танила бориб, Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган Энахон Сиддиқова (Эркабоева), Мақсуда Эргашевалар ҳам бор эди. “Шанба саҳифаси”да тўгаракчиларнинг шеър ва ҳикоячаларига биринчи навбатда ўрин бериларди.
Турсунали ака ўзи ҳам шеър, ҳажвиялар ёзиб турарди. Мен гоҳида русларнинг “Крокодил” журналидан ҳажвиялар таржима қилиб, “Шанба саҳифаси”да берсам, қаламингиз бор, шунақа нарсаларни ўзингиз тўқиёлмайсизми, дерди. Илгариям ҳажвия жанрида салгина машқ қилиб юрардим, астойдилроқ қўл урдим. Баъзан Турсунали ака бирор мавзуни шама қилиб қолса (кейинчалик, ҳатто, шама қилмаса ҳам), ҳажвия ёзиб, кўпинча иккаламизнинг номимиздан босардим.
Бир йилдан сўнг мени қишлоқ хўжалик бўлими мудирлигига тайинлашган бўлса-да, “Шанба саҳифаси”ни чиқариш барибир зиммамда қолаверди. Матбуот бошқармасидаги танқидлардан кейин, муҳаррирнинг айтганини қилиб, дастлабки даврларда асосан замонани, меҳнат қаҳрамонларини улуғловчи шеърларни бериб бордик, тепадагилар қайтиб инжиқлик қилишмагач, гоҳ-гоҳ “ўткирроқ”ларини ҳам қўша бошладик.
У даврда оммавий ахборот воситалари устидан давлатнинг қатъий назорати ўрнатилган, нашриётлардаги китоблар, республика, вилоят газеталари, телерадио материаллари олдин цензурадан ўтказилиб, сўнг оммага тарқатиларди. Туман газеталарини эса, назоратчи кадрлар сони камроқ бўлса керак, чиқиб бўлганидан кейин, бир ойлигини тўпича текшириб, эътирозлар туғилса, редакторга маълум қилиб туришар, каттароқ хатога йўл қўйганларни партиядан ўчириб, ишдан ҳайдашгача бориб етишарди.
Бир галги жумада, ишлар тугагач, Турсунали ака мени хонасига чақириб, буни бировга кўрсатиш мумкин бўлмаса ҳам, сизга ишониб беряпман, уйга олиб кетиб, шанба-бозор ичи яхшилаб ўқиб чиқинг, унда ёзилганларни бошқаларга гапириб юрманг, дея қўлимга юпқагина китобчани тутқазди. Бу – газета ишида нималарга алоҳида эътибор бериш лозимлиги ҳақида цензурачилар томонидан тайёрланган қўлланма экан. Ўқиб кўрдим: фалон-фалон йўналишдаги завод-фабрикалар ҳақида умуман оғиз очмаслик керак; фалон-фалон корхоналар ишини ёритса бўлади-ю, режалар ошириб бажарилаётганини мақташ билан чекланиб, қандай турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани айтилмасин; далага самолётларда кимёвий дори сочилаётганини ёзиш мумкин, самолётларнинг умумий миқдорини кўрсатиш, ҳатто фалон жойдаги эскадриляга қарашли дейиш мумкин эмас; аскарларни мақташга ижозат бор, улар қай ҳудудда жойлашган қисм ихтиёрида эканини маълум қилишга рухсат йўқ ва ҳоказо, ҳоказо.
Муҳаррирнинг нияти нималигини душанба куни китобчани қайтариб берганимдан кейин билдим.
– Кўриб юрибсиз, ора-сира бир-икки кун даволаниб туришимга тўғри келяпти, – деди у. – Ўринбосарим андак масъулиятсизроқ одам. Бундан кейин йўқлигимда саҳифаларни ўзингиз ўқиб, босишга ўзингиз рухсат берасиз. Манави ўқиган китобчангизда нимаики тақиқланган бўлса, бошқаларга тушунтириб ўтирмай, мақолалардан индамасдан ўчириб ташлайверасиз.
Муҳаррир ўринбосарининг кўнгли нозиклигини эслаб, мен турганда, саҳифага нега бу бола қўл қўяркан, деб Ёқуб ака хафа бўлмасмикин, десам, бир кўзингиз ожизлигини ўйлаб, сизни хатга кўп тикилтириб қийнагимиз келмаяпти, дейман-да, деб кулди муҳаррир. Шундан кейин муҳаррир ишга чиқолмаган кунлари саҳифаларни ўқиб, босишга мен рухсат берадиган бўлдим. Бундай эътибор, бундай ишончлардан жуда қувонардим, ўзимни босишга қанча уринмайин, секин-секин ҳаволаниб ҳам бораётгандим.
Орзулай-орзулай, зўрға топган ишимни келгусида бехавотир давом эттириш учун Тошкентдаги университетнинг журналистика факультетига сиртдан бўлсаям ўқишга киришим зарур эди. Йўқса, қачондир дипломли журналистлар кўпайиб, менга ўхшаган “малакасиз”лар табиий равишда суриб чиқарилади. Шуни мулоҳазалаб, 1972 йилнинг ёзида Тошкентга бордим. Суриштириб билсам, сиртқи факультетга ҳужжат топширувчилар камида икки йил бирон редакцияда ишлаган бўлиши шарт экан. Орзуни кейинроққа суришга тўғри келди. Имкон туғилганидан фойдаланиб, менга ғойибона устозлик қилиб юрган Миразиз Аъзам билан учрашиш ниятида “Ғунча” журналига кирдим, ўзимни танитганимдан кейин, сизни кўрадиган кун ҳам бор экан-ку, деб илиқ сўраша кетдилар. Бир папка шеърлар олиб борган эдим, икки-учтасини танлаб олишди.
Миразиз ака бу пайтда комсомол-ёшларнинг “Ёш гвардия” нашриётига ўтиб ишлаётган экан, излаб бориб, у билан умримда биринчи бор юз кўришдим. Ишдан сўнг уйига олиб кетди, папкамдаги шеърларни бирма-бир кўздан кечириб, тузуккина тўплам бўлибди, менга қолса, шу йилиёқ босмахонага туширтирардим, лекин бизда ишлаб чиқариш режаси бир йил олдин тузилади, етмиш учинчи йилники аллақачон тасдиқлаб бўлинган, бу шеърларингизни етмиш тўртинчи йил режасига киритиб, китоб қиламиз, деди.
Мен ҳали илтимос қилиб улгурмасимдан айтилган бу гапдан сўнг ҳушимдан кетиб йиқилишимга оз қолди. Нима дейишни билолмаётгандим. Миразиз ака буни тушуниб, ўзининг самимий чеҳрасига ярашиқли чиройли табассум билан менга зимдан мулойим боқиб турарди.
– Энди “Обиджонов”ликдан қутулинг, – деди Миразиз ака. – Китобга нима деб ёзайлик? Анвар Обид дебми, Анвар Обиджон дебми?
– Билмадим, – дедим ҳануз ҳушимни йиғолмай. – Сиз нима десангиз, шу…
Миразиз ака билан гоҳ хат ёзишиб, гоҳ телефонлашиб турдим. Унинг маслаҳатига кўра, 1973 йили яна Тошкентга бориб, тўпламни янги ёзган шеърларим, бахиллар футбол жамоаси, сотқин бароқ ҳақидаги эртаклар билан тўлдирдим. Бу гал ҳам устознинг хонадонида тунаб, онаси Хатира ойининг суҳбатини олдим, Сиддиқа келин опамиз пиширган мошкичирини ўғиллари Мирсодиқ, Мирвосил, Мираҳмадлар билан талашгудек бўлиб тановул қилдим.
Эртаси куни ҳайит эди. Миразиз ака мени барвақт уйғотди, қўлимга жойнамоз тутқазиб, Ҳастимом мачитига бошлаб борди. Намоз ўқишни билмасам-да, ҳамма эгилганда эгилиб, тикланганда тикланиб туравердим. Ортга қайтаётганимизда, коммунист одам бўлсангиз, бирортаси бошлиқларингизга айтиб қўйса, гап тегмайдими, десам, қандайдир айғоқчидан қўрқсам-у, Худодан қўрқмасам, шу тўғри бўладими, деб кулимсиради Миразиз ака. Эътиқодни кўринг! Юракнинг бутунлигини қаранг!
Ўша йили университетнинг журналистика факультетига ўқишга кириб олдим. Сал кейинроқ партияга ўтдим.
Тошкент қишлоқ хўжалик институтини тугатгач, энди туман қишлоқ хўжалиги бошқармасида бош агроном бўлиб ишлаётган Абдусалом ошнамнинг эскидан эски “Газик” машинасида кечқурун далама-дала кезиб, сувчилар ишини текшириб юрсак, оқ “Волга” қоронғиликдан чиқиб келиб, олдимизда тўхтади, ундан тушган туман партия қўмитасининг биринчи котиби Зокиров мени кўриб, э қойил, мухбир дегани сизга ўхшаб кечани кеча демай ишласа-да, деб мақтай кетди. Журналистликка кириб олганимниям эшитган экан, қўлимни сиқиб табриклади. Кейин, сиздақалар партия сафида бўлиши шарт, индинига бюро ўтказамиз, редакторингизга айтинг, тезда ҳужжатларингизни тайёрласин, деди. Икки кундан сўнг компартия аъзолигига номзод этиб қабул қилиндим.
Ўша палладан туриб қаралса, 1974 йил мен учун жуда “серҳосил” бўлди. Ниҳоят, китобим ҳам чиқди. Уни кеч кузда, вилоят партия қўмитаси қошидаги малака ошириш курси тингловчилари билан бирга Марғилондаги “Атлас” фирмасини томоша қилишга бориб, орада китоб магазинига кирганимда, биринчи марта қўлимда ушлаб кўрдим; борини сотиб олиб, бир қисмини шерикларимга тарқатдим, бир қисмини уйга олиб кетдим.
Ишга қайтган кунимоқ редакциядагилар китобни ювишди. Ўшанда ўн икки мингдан зиёд нусхада чиқувчи “Пахта учун” газетасида туман миқёсидаги бу катта янгилик баралла овоза қилинди.
Шундай “ҳаёв-ҳаёв”лардан кейин ҳам ўзимни камтарроқ тутиб, катта-кичикнинг хизматига доим шай туришга, ижрочи ва итоаткор бўлиб кўринишга уринавердим. Олдингидан фарқи, энди руҳим баландлашиб, кимдир зуғум қилиб қолишидан безиллаш туйғуси кўнглимдан буткул ғойиб бўлган, қайсидир зўравон мени бу туманга сиғдирмаслиги мумкинлигидан қўрқадиган жойим қолмагандек эди. Сиғдиришмаса, бошқа жойга кетиб ҳам, бундан яхшироқ кун кўра оламан, деб ўйлардим.
* * *
Китобим чиққач, шоирликка кучлироқ берилдим. Ҳануз болалар ва катталар учун аралаш-қуралаш ёзардим. Ҳажвий ҳикояларга қўлим анча келиб қолганидан чуччам кўтарилиб, насрга ҳам кенгроқ кўламда қўл ура бошладим. Кулгилироқ бир қисса ёзиб кўрдим, кўнглимга ўтирмади. Уни четга суриб (бу асарчага кейин ҳам қайтиб қўл урмадим, ундаги баъзи эпизодлардан бошқа қиссаларимда фойдаландим), “Уйқудаги қотил” деган детектив қисса ёздим. Маслаҳат олиш учун муҳарриримизга берсам, ўқиб кўриб, тантилиги қўзиди-ю, газетамизда сонма-сон бера бошлади (бу ҳам газетада чиққанича қолиб кетди, бирорта китобимга киритмадим). Кейин дилимда Аламазон исмли шарттаки бола ҳақидаги қувноқ қисса ғояси туғилди. Айрим парчаларни ўша маҳаллардаёқ қораламалаб қўйган эсам-да, ёзишни бошлаёлмай, миямда пишитиб юравердим.
Биринчи китобим бирорта танқидчининг назарига тушмаган бўлса ҳам, барибир, асосан болалар учун ёзаверишим керак, Миразиз ака айтганидек, шу жанрда назарга тушиш имкониятим кўпроқ, деб ўзимга йўл кўрсатардим. Қўлим бўшади дегунча, тўшакка чўзилиб ёзаверардим.
Болаларга аталган яхши китоблар камлиги, ўзбек болалар адабиёти Иттифоқ даражасидан анча орқадалиги, миллий адибларимизнинг кичкинтойларга аталган асарлари орасида Худойберди Тўхтабоевнинг “Сеҳрли қалпоқча”сигина кенг шуҳрат қозона олганини мунаққидлар кўп таъкидлашарди. Болалар шоирлари ичида Миразиз Аъзам янгича овози билан ажралиб бораётганини гоҳо андак шамалаб, Қуддус Муҳаммадий, Пўлат Мўминларнинг болаларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги хизматларини тез-тез дўмбиралаб туришарди. Бу жанрда ичингни қайнатадиган китоб йўқ ҳисоби эди. Асосан катталар адабиётини ўқирдим.
Навоийга тишим ўтавермас, Машраб, Фурқат, Муқимий, Огаҳий, Маҳтумқули, Бобурларни кўп мутолаа қилардим, ўзбекчага ўгирилган шоирлардан Есенин, Гейне, Бёрнс назмини беҳад хуш кўрардим. Ўзимизнинг замонавий шоирларимизга келсак, “Коммунистлар гуллатмиш бу озод Осиёни”, “Осмондаги юлдузни санаб етоман дема, Ҳамроҳингман ёнингда, ташлаб кетоман дема”, “Бизларга устоз доно партия, Эрксевар халқнинг суянган тоғи”, “Осмондаги ойга қаранг, Кўринади кўзга аранг. Тўйингизга ўзим бориб, Ўйнаб берай қилмай таранг”, “Жон Москвам – пойтахтим, салом сенга Хоразмдан”, “Эй, улуғ партия, минг яша, яша” каби шеърлари қўшиққа айланиб кетган номи улуғ унсурларни четлаб ўтардим, адабиёт отбозорига уриниб-суриниб бош суқаётган Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Рауф Парфи каби “бошқачалар”нинг китобларини қидириб топиб, қаърига шўнғирдим. Бунақа пайтда, қаламим яна ўз-ўзидан катталар шеърияти томон бурилаверарди. “Бошқача” шоирларнинг баъзи сатрлари тагига яширинган ғалаёнларни кўпинча айрим зукко шеърхонлардан эшитибгина англаб етардим, шеъриятдан янгича олам кашф этаётгандим.
Катталар шеъриятида кун кўриш мураккаброқдек туюлар, бу “ўрмон”даги сон-саноқсиз, турли-туман “дарахт”лар орасидан бўй чўзиб чиқиш, кўзга ташланиш мушкулдан мушкуллигини англаб олиш кишидан катта ақл талаб қилмасди. Кўнглим эса, ақлимга қулоқ солавермасди, қаламимни ҳадеб катталар шеъриятига етаклайверарди. Катталар адабиётида торгина жой эгаллай олиш учун керакли омиллар етарлидек эди – тақдир тақозоси билан, ҳаётнинг кўп оғирликларини кўрдим, кўряпман; оддий кишиларнинг энг митти дардларигача менга боламдек таниш; миллат дегани нима эканини, “эрк” сўзининг салмоғи “мол-давлат”, “обрў-мартаба”, “шон”, ҳатто “жон”никидан минг-минг баравар ортиқлигини Тошкентдаги зиёлилар гурунгларида чуқургина ҳис этиб улгурдим…
Ҳа, Ватан эрки, миллий ғурур борасидаги тушунчаларнинг менга шу дамгача нотанишроқ бўлган уруғлари кўнглимга энди қалингина сепилиб, улар тобора гуркираб унаётган эди. Буларнинг ҳаммаси “Муштум” журналида босмачиларни мазахловчи уч-тўртта латифачаларим эълон қилинишидан бошланди. Миразиз Аъзам буларни ўқиган экан, бир гал Тошкентга борганимда олдига ўтиргизиб олиб, босмачиларнинг нимасини ёмон кўрасиз, деб ўқрайди. Бу – устознинг менга биринчи марта қўрс муомала қилиши эди, довдираб қолдим.
– “Босмачи” деган ҳақоратли номни қизил большевиклар атайлаб тўқиб чиқарган, – деб куйканди у. – Аслида, улар юртимизни келгиндиларга бермаймиз, ўзбекни қулдорларга қарам қилиб қўймаймиз, деб жонини аямай курашган ботирлар, миллатимизнинг энг ориятли кишилари.
Миразиз ака, шу тариқа, мени эзаверди, эзаверди, қанийди, бирданига ер ёрилса-ю, оёғим осмондан бўлганича тубига ағанаб тушсам. Юрагим увушиб бораётганди. Бунақа ишни сотқинлар қилади, деворди-я устоз, энди алоқани чирт узиб, бетимга буткул қарамай қўйса-чи?
Кейинроқ Ўктам аканинг уйида Миразиз ака, Маҳкам Маҳмудов, Тоҳир Малик сингари адиблар иштирокидаги ошхўрликда ҳам миллат ғурури, миллий орият мавзуси давом эттирилди. Бири грузинлар ўз юртидаги “катта оға”ларни умуман менсимаслиги, уларни асосан “қора иш”ларга ёллашидан сўзласа, бошқаси Болтиқбўйи республикаларидаги ерли аҳоли совет ҳукуматини ҳалиям очиқчасига “оккупант” дейишдан қўрқмаслигини ҳайратланиб ҳикоя қиларди.
Дамо-дам ўйланиб қолардим. Агар руслар кетиб, бизни барибир каттароқ бир давлат босиб оладиган бўлса, нима ўзгаради? Улардан қайси бири инсофлироқ? Ё у, ё бу зўравоннинг оёғи остида яшашга маҳкум эсак, қай бири “ўзимизбоп”роқ бўлсайкин?
Буларга жавоб тополмасдим. Фақат, мутойибасимон бир ўй бошимда лип этиб ёниб-ўчарди – ҳартугур, ўрисча гаплашишни биламан…
Шу тариқа, бир қатор шеърларимда исёнкорлик, эрксеварлик, миллатпарварлик учқунлари яллиғланиб, алангага айланиб бораверди. Улардан айримлари марказий нашрларда ҳам кўрина бошлади. Бош муҳаррир Асқад Мухторнинг муруввати билан, ўшанда киоскалардан сотиб олиш тугул, миқдори чеклаб қўйилгани туфайли ҳатто обуна бўлиш мушкул ҳисобланмиш довруқли “Гулистон” журналида босилган “Мартин Иден” сарлавҳали шеърим кўпчиликнинг эътиборини тортди, биринчи ўринда Миразиз ака мени телефон орқали табриклаб, астойдил мақтаганидан бошим осмонга етди.
Катталарга аталган шеърларимнинг талайи севги мавзусида эди. Буларда нимадир етишмаётганга ўхшайверарди. Ўйлаб-ўйлаб кўрсам, мени мактабларда, қисман техникум ва ҳарбийда куйдириб юрган нозанинларим энди йўқ; гоҳ томорқада бодринг чопаётган, гоҳ букчайиб кир юваётган, гоҳ даладан юлиб келган ўтларини ҳансираб офтобга ёяётган, гоҳ молга терит қораётган, салга жиззакиланувчи, янгироқ рўмоли йўқлигини ҳам фожиага айлантирувчи хотинингга тикилиб эса, кесатибми, ҳазиллашибми, ачинибми уч-тўртта шеър ёзиш мумкиндир, аммо у ҳақда ичикиб-ичикиб хаёл суролмайсан, тинимсиз ўртанолмайсан, ёниқиб тўлғанолмайсан.
Ҳа, аллақачон пайқаб улгурганингиздек, юрагимни бетўхтов жазиллатиб турувчи битта хушбичимроқ, ўжарроқ “севикли ёр” камлик қилаётганди менга. Бунақаси ҳадеганда олдимдан чиқавермади. Дуч келавермагач, камтарликка ўтиб, уни ўзим қидиришга тушдим. Босмахонамизда боши очиқ қизлар кўп эди, яқинроқда бўла қолсин деб, “объект”ни шуларнинг орасидан излаб юрганимда, бирдан редакциямизнинг ўзида ишловчи саноқли қизлардан бири лоп этиб саҳнага чиқди. Бир куни у писмайиб туриб, хотинингизни яхши кўрасизми, деб савол берди.
– Кўрмай-танимай уйланганман-у, барибир ёмонмас, – дедим.
Қизи тушмагур яна сўроққа тутди:
– Шеър ўқишни ёқтирадими?
– Шеърни гапирасиз-а, – деб кулдим мен. – Ўзининг отини зўрға хатосиз ёза олади боёқиш.
– Мен шеъриятни жуда яхши кўраман, – деди қиз. – Дафтарларингизни бериб туролмайсизми? Босилмаган шеърларингизни шунақаям ўқигим келадики!
Ана-а, бор экан-ку! Туйқусдан қўлга тушди шўринг қурғур! Қидириб топишимни кутмасдан, мени ялинтириб-нетмасдан, ўзи чангалимга қўниб ўтирибди-я! Ҳе, сабрсиз! Ҳе, лодон! Нима бўлгандаям, энди мендан қутулиб бўпсан! Шу пайтнинг ўзидаёқ сенга дабдабали ном берганим бўлсин – “Севгилим”! Гап тамом!
Ишни пайсалга солмадим, кейинги йилларда тўлдирилган шеърий дафтарларимдан бирини эртасигаёқ олиб келиб, Севгилимнинг қўлига тутқаздим. Дафтарни уч-тўрт кун ўтиб қайтаргач, тушликдан сўнг ҳовлидаги фонтанчали ҳовузча ёқасига қўйилган боғкурсида ўтириб, олган таассуротларини ўртоқлашдик. Сатрларимдан анчагинасини, баъзи шеърларимни тўлиғича ёдаки айтганидан бир қувонсам, булар аллақачон китоб бўлиши керак эди, зўр китоб бўлади, деганидан икки қувондим. Кейин аста-секин “интим” гапларга ўтдик, мен турмушдаги бир хилликлардан жуда зерикиб бораётганимни айтдим, у эса, бу олди-юлди ҳаётда кунлари мазмунсиз кечаётгани, уйидагилар оила қуришга қанча қисташмасин, лоақал салгина дидлироқ йигитни учратолмаётганидан нолиди.
Ана энди шеър ёзишми! Семиз-семиз “умумдафтар”ларни баъзан икки ой ўтиб-ўтмай тўлдириб ташлайман, ичимдаги илҳом парисининг қитиққўзар дугонасига айланаётган Севгилим уларни бир бошдан олиб ўқийверади, мени мақтайверади, ўзининг қиёфаси, қилиқлари бўртиб турувчи шеърлардан гап очиб, булар кимга аталган, дея сирли жилмаяди. Ишдан қайтгач, тунлари танамда ҳузурли титроқ ўрмалаб ўйлайман: ҳозир Севгилим шеърларимни ёниб-ёниб ўқиётгандир, ўзига очиқ шама қилинган жойлари учраса, балки юраги оқишни бошлагандир. Йиғлаётган бўлса, янаям яхши…
Туман газетасидаги салкам етти йиллик фаолиятим даврида шоирчилигимда кескин ўзгаришлар кузатилаётган эса-да, оиламиздаги аҳвол ҳалиям ўша-ўша эди. Аям тикув машинасини туну кун ғалдиратиб, чеварчиликдан пул топишда давом этар, бу тушум ёнига менинг ва ҳарбийдан сўнг ўрта маълумоти билан мактабда жисмоний тарбиядан дарс бераётган Акрам укамнинг маоши, аскарликдан қайтибоқ четга сабзавот олиб чиқиб сотишни ўрганган Тоҳир укамнинг орттиргани қўшилиб ҳам, тирикчилигимиз барибир яхши томонга ўзгармаётганди. Айниқса, Акрам укамни уйлантиришдаги харажатлар эндигина тикланаётган тирикчилигимиз қўрғончасини қайтадан нуратгандек эди.
Баҳромнинг ёнига энди Баҳодир ва Бобур ўғилларим келиб қўшилган, Акрам укамда ҳам бирин-кетин фарзандлар пайдо бўлаётган бу тиқин-тўпалон хонадоннинг бурчак-бурчакларига биқиниб бўлса-да ижод қилишдан кўра, камхарж рўзғорда қалашиб ётган икир-чикирларга ҳадеб қоқинавериш мени кўпроқ толиқтираётганди.
* * *
Леонид Брежнев йигирма йилда коммунизм қуришни ваъда қилган хомхаёл Никита Хурушчёвдан ҳокимиятни юлиб олиб, коммунистик ғояни бутун дунё ишчи-деҳқонлари кўнглига чуқурроқ сингдиришга берилиб кетган даврларда партияга ҳақиқий аъзоликка ўтиб, “ишончли зотлар” сафига суқулиб улгурган мен шилдирвоқини Севгилим билан бўлган муносабатларнинг бир кунмас бир куни қалтис нуқтага етувими, ёки тумандаги айрим ахлоқи нотўкис “гражданка”лар билан гоҳо пана-панада шивирлашиб туришимми тугалай бадном қилиши мумкиндек туюлар, буни ўйласам, юрагим нотинч тепарди. Хайриятки, ишдан кетишимга тамоман бўлак нарса, обрўйимга қаттиқ рахна солмайдиган бошқа бир воқеа сабабчи бўлди.
Бунгача муҳаррирнинг менга бўлган муносабати ҳар доимгидек илиққина эди. Ўзбекистон милицияси ташкил топганининг қирқ йиллиги шарафига 1975 йили ўтказилган республика конкурсида пул ишлаб олиш умиди билан атайлаб ёзган “Милиция солдатлари ўлмайдилар” деган достоним Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб”, Эътибор Охунованинг қандайдир асаридан сўнг учинчи ўринни олганидан қувониб, мени ҳаммага мақтаб юрганди. Достонни газетадаям босганди.
Муҳаррир гапимни иложи борича ерда қолдирмасди. Ёшлар номидан қилган илтимосим билан бизга аввал стол тенниси, сўнг биллиард столи олиб берди. Қишда ҳам ўйнашимиз учун алоҳида спорт залчаси қурдирди. Гоҳ Шоҳимардон, гоҳ Арслонбоб, гоҳ Йигитпиримга саёҳат уюштирилса, ғазначиликни битта менга ишонарди. Тўнғич ўғлини журналистликка ўқишга киритишда яна меҳрибонлиги тутиб, орада шеърларингизни редакцияларга тарқатиб келарсиз, дея мени Тошкентга эргаштириб кетди. Кўпинча йиғинларга мени ё бирга олиб борарди, ё машинасида ўзимни юборарди. Баъзан соғлигимдан ташвишланиб, иш кетаверади, курортгами, санаториягами бориб дам олишни ўрганинг, деб қистар, шу туртки боис бир гал Бологоедаги туристик базага йўлланма олиб, баҳонада ҳарбийда орттирган эски қадрдонларимни йўқлаб келгандим.
Қисқаси, муҳаррир менга аёвли муносабатда эди, у билан ака-укадек бўлиб бораётгандик. Кейин… орамиз бирдан бузилди…
Шафоат аммамизнинг ўғли Машраб тимсоҳсимон Россиянинг думи бўлмиш Камчаткага тез-тез қатнаб турар, у ердаги базаларга жўнатилувчи мева-сабзавотни Фарғона тайёрлов идораси вакили сифатида топшириб қайтарди. Вагонлардаги давлат юклари орасига ўзиникини ҳам озгина тиқиштириб, уларни “бозор учарлари”га қиммат нархда кўтарасича бериб юборишдан, базадагилар билан келишиб, топширилаётган маҳсулотнинг бир қисмини ириди-чиридига чиқариб юборишдан катта пул ишлаб олар эди. 1976 йилнинг кузида бир ойлик таътилга чиққан кунларим у уйимизда меҳмон бўлиб ўтириб, ишга қайтгунингча мен билан Камчаткага бориб келсанг-чи, вагондаги юкларни кузатиб борувчи қилиб расмийлаштирсам, бир ёқдан – яхшигина ҳақ тўлашади, иккинчи ёқдан – кўрган фойдамиздан улуш оласан, деб қолди. Суюнганимча кўндим.
Кўнибман-у, бу ишлар қанчага чўзилишини суриштириб кўрмабман. Вагонларга бир ҳафта пиёз урдик, жўнатдик. Ўзимиз ўн кундан кейингина учоққа ўтириб, Владивосток шаҳрига бориб қўндик. Борсак, вагонларимиз эндигина етиб келган экан, пиёзлар портга туширилиб, юк кемасига жойлангач, тўрт кун денгизда сузиб, Камчаткага йўл олдик. Пиёзларни у ердаги базага топширишга ҳам ўн кунча вақт кетди.
Ҳарбийдаги Аваз укам Владивосток шаҳридан олисроқдаги Олга деган бухтада хизмат қиларди, уни йўқлаб бориб, командирлари билан биргаликда уч кун айш-ишратга берилдик. Шу асно, салкам икки ойда ишхонамга кириб келдим.
Кириб борсам, муҳаррирнинг қовоғидан қор ёққан, ўринбосари шовқин кўтарган, ходимларнинг сўрашиб-кўришишида ҳам қандайдир ноқулайлик. Жуда узоқда эдим, аҳволни телефонда тушунтиришга, таътилимни ўз ҳисобимда чўзиб туринглар дейишга имконим бўлмади, деган гапларимни раҳбарият ҳатто эшитгиси келмаётганди. Мени аллақачон бўлим мудирлигидан бир хона пастлатишган экан. Эртасига муҳаррирнинг олдига сокин кайфиятда кириб бориб, ўз хоҳишим билан ишдан бўшатишларини сўраб ёзган аризамни қўлига тутқаздим. Унинг бирдан авзойи бузилди, э, қанақа одамсиз, шунга шунчами, деб аризамни йиртиб ташлади.
– Чиқинг, ишланг! – деб пўписалади у. – Тоқат қиптуринг-чи, амал керак бўлса, яна қайтариб берармиз!
Хонадан чиқиб, аризани бошқатдан ёздим-да, уни бу гал ўринбосарга топшириб, гап битта, энди бу ерда ишламайман, дедим. Бу нарсани мен эмас, муҳаррир ҳал қилади, дея у мени ўтирган жойида совуқ кузатиб қолди.
Шу тариқа, 1976 йилнинг ноябрида ишсиз қолдим. Аямга ёлғон гапирдим, ишдан ўзим аразлаб бўшадим, десам қаттиқ жаҳли чиқишидан чўчиб, мени ҳайдашди, дедим. Тергамади. Раҳми келди.
Ишдан хўрланиб ҳайдалганимга ўша кунлари, негадир, ўзимни ҳам ишонтиргим келаверди. Бундан қанча ғазаблансам, кучимга шунча куч қўшилаётгандек, қадримга етмаганларга тезроқ ўзимни кўрсатиб қўйишга бўлган иштиёқим тошқинланиб, турмушнинг қандайдир янгича поғонасига бўлган интилувим ошаётгандек эди. Бу ғалати ҳолат сабабини орадан неча йиллар ўтиб англадим. Ўшанда шундай қилишим зарурати туғилган экан: Тошкентга бориб ижодимга кенгроқ йўл очишни тез-тез орзулаб турсам-да, аямни бунга кўндиришим амримаҳол эканини билиб, зўрға чидаб яшаётгандим, энди кутилмаганда қулай вазият туғилди, бундан фойдаланиб қолиш учун воқеани уйдагиларга бўрттириб кўрсатишим керак, токи бош олиб кетишдан бошқа иложим қолмаганига иқрор бўлишсин. Бу қишлоқдан шунақа қилиб қочмасам, қутулишнинг бошқа йўли йўқ. Кетмасам, бу баракасиз муҳитда ўлгунчаям овим юришмайди, “ов”нинг энг гавжум жойига бориш учун эса “аслаҳалар”им етарли. Ана, Миразиз Аъзам охирги дафтарларимдаги шеърларни ўқиб кўриб, агар ихтиёр менда бўлса, болаларга аталганларини ҳозироқ китоб қилиб чиқарардим, булар тамоман янгича нарсалар, деб турибди. “Гулистон”даги, “Ғунча”даги, “Муштум”даги танишлар ҳам жон куйдириб, имкон бўлса, пойтахтга келинг, қишлоқда юриб назарга тушиш қийин, дейишгани дейишган.
Хуллас, Тошкентга кетишга кўпдан баҳона излаб юрардим. Мана, ниҳоят катта баҳона топилди…
Ўзингни ноҳақликка учраган муштипарга солгин-да, пойтахтга ғизилла. Дангал жўнайверсанг-чи, ландавур!
* * *
Кейинчалик “Ялтироқ тугма” асаримда битганимдек, барча ақли расо саркардалар каби забткорликни буғдой ўримида бошламай, Қўқонни қаҳратонда қамал қилган Бухоро амири Насруллога ўхшаб, юриш қилишга туруп пишиғида киришдим. Камчатка сафари чоғида, Машраб ошнамнинг маслаҳати билан, биз томонда камёб бўлган бахмал матодан икки тўпини почта орқали уйга жўнатгандим, шундан қолган фойданинг ўзи аямни қониқтиргани учун, топган мўмайроқ пулимнинг кўпроғини ўзимда олиб қолгандим, шу маблағнинг ҳовури билан пойтахтга тетик кайфиятда келдим.
Бирон ишга кириш учун энг аввало паспортимни Тошкентга қўнимдор (прописка) қилишим шарт эди. Масаланинг энг қийини шу бўлиб, у замонда ўзбекларнинг вилоятлардан, айниқса қишлоқлардан “қочиб келиб”, ҳузирижон пойтахтда тирбандланишининг барча йўллари тўсиб ташланган, бу масалада фақат икки тоифага катта имтиёз бор эди: бири – четдан ишга чақириб олинган керакли мутахассислар, иккинчиси – Россияда хутор системасини тугатишга қаратилган ҳукумат қароридан сўнг, рус қишлоқларидан тўп-тўпича оқиб келаётган сариқсочлар. Шу “қалтис масала”нинг кетидан бир ойча югурдик, баъзи амалдорларни ўртага солдик, пора таклиф қилдик, барибир ишимиз битмади. Охири Ўктам аканинг Тошкент вилоятига қарашли Янгибозор шаҳарчасида яшовчи ошпаз таниши Тўхтасин аканинг хонадонига бир амаллаб қўнимдор қилиндим.
Сўнг иш қидиришлар бошланди. Эндиликда Ғафур Ғулом нашриётида муҳаррирлик қилаётган Миразиз ака олдин ўзи ишлаган “Ёш гвардия” нашриётидан менга бирор ковакча топилишига аминдек эди. Лекин, бош муҳаррирга учраб, сизларда корректорлик лавозимида битта бўш ўрин бор экан, шу нашриётда китоби чиққан бир йигитни ўша жойга олсаларинг-чи, деса, бизга шоир эмас, малакали корректор керак, деб жавоб қилибди. Директорга кирса, ўзи нашриётимизнинг қоровулигача шоир бўлиб ётибди, дея қўлини силтабди. Гоҳ Миразиз акага, гоҳ Ўктам акага, гоҳ Маҳкам Маҳмудовга эргашиб мен бош суқмаган нашриёт, газета-журнал қолмади. Ҳамма жойда икки хил жавобдан бири: “Ҳе, аттанг, паспорт пропискаси Тошкент вилоятида экан, Тошкент шаҳрида яшовчиларгина ишга олинсин деган кўрсатма бор”, ёки “Ҳозирча бўш ўрин йўқ!”
Бир куни Миразиз ака мени Ёзувчилар уюшмасига бошлаб бориб, болалар адабиётининг йўғонбилак югандорига айланиб турган Пўлат Мўминга йўлиқтирди, олдин таърифимни келтириб, сўнг ишга жойлашишимга кўмаклашишини сўради. Ўта дабдабали тарзда дастхат битилган китобчамни олаётиб, бир ўйлаб кўрармиз, деди-ю, ўйлаб юриши жуда узоққа чўзилди. Балки, мени қайтиб эсламагандир ҳам. Шоирлик даъвосида дайдиб юрганлардан кўпи бораканми!
Биргина “Ғунча” журналидагилар очиқ юз билан қаршилаб, одамдек гаплашишди: “Ёши ўтиброқ қолган иккита ходимимиз бор, ё униси, ё буниси пенсияга чиқадиган бўлса, сизни жон-жон деб ишга олардик”. Орқасидан пойлаб юриб, шулардан бирини машинанинг тагига итариб юборсаммикин, деб кулимсирардим ичимда.
Баҳор ўтди, ёз охирлаяпти, ҳануз ишсизман. Заҳирадаги пулларим аллақачон тугаб бўлган, бир нав қишлоққа бориб олсам, қайтишимда аямдан ташқари укаларим ҳам чўнтагимга беш-олти сўм тиқиб қўйишади. Хотиним дайдилигимдан шикоятланиб, ҳар гал ичимни хуфтон қилиб жўнатади. Тағин қачон келасиз, деб ўғилларим кўчагача эргашиб чиқади. Бундан юрагим оқади, ўпкам бўғзимга тиқилади, додлаб юборгим келади. Болаларимнинг мунгли нигоҳлари ҳафталаб кўз олдимдан кетмай қийнайверади.
Бир жумада яна қишлоққа бордим. Уйда икки кун тунагач, кечки 559-поезддаТошкентга жўнашга (бу поезд пойтахтдан Андижон сари қайтишда 660-га айланарди) шайланиб, бошқа хонадонларда камдан-кам учровчи, ҳосилдорлиги пастроқ, лекин шираси тилни ёрадиган, дадам Мамасоли деган миришкор танишиникидан олиб келиб эккан карсиллоқ ҳасайни узумларни халтага жойлаётсам, болаларингни тентиратиб, қачонгача шу аҳволда юрасан, ўғлим, дея аям қайтадан куйканишга тушди. Бор қоним тепага йиғилаётгандек туюлди, ҳозир бошим гумбурлаб портлайди-ю, мия парчаларим тирқираб учиб, деворларга чапланиб қолади, деб ўйладим. Халтани ерга ташладим-у, гандираклагудек одимлаганимча бориб, уйдан қизил қутини кўтариб чиқиб, қопқоғини очдим-да, манавилар ҳаммаси пул, ая, дедим Аламазон ҳақидаги қисса, болаларга аталмиш пьеса ва туркум ҳикоялар солинган папкаларни пеш қилиб. Кейин ўшанда сони қирқтага яқинлашиб қолган, кўплари тўқсон олти бетли умумдафтарлардан айримларини варақлаб кўрсатдим:
– Манавилар ҳам пул! Пайти келиб, булар китоб бўлади! Китоб бўлса, ҳар битта сатрига камида етмиш тийиндан тўлашади! Кўргансиз, биринчи китобимга етти юз сўм беришди! Ҳали каттароқлари чиқса, уч минг, беш минг сўмлаб оламан! Озгина тоқат қиптуринглар, худо хайрингни бергурлар!
Икки минг сўмга кичикроқ уй қурса бўлади, бу ҳоббонининг безрайиб беш мингдан келишини кўринг! Олдин беш сўмга бир кило гўшт олиб беришга қурбинг етсин-чи.
Кечки овқат татимади. Кетаётганимни билиб, болаларим тағин мўлтираб туришибди. Улар қиммат кийимлар, чиройли ўйинчоқлардан кўра доим ёнларида бўлишимни кўпроқ исташаётганга ўхшарди. Наҳотки, менга ўчакишиб, йўқлигимда буларни атайин ўксинтираётган бўлишса? Йўғ-е, бунчаликка боришмас…
Тошкентдаги жонкуярларим менга бошқа иш топишди, республика радиосининг қишлоқ хўжалик бўлимига олти ойлик синов муддати билан югурдакликка қабул қилиндим. Югурдакликнинг маъноси шуки, синов даврида ишга расмийлаштиришмайди, бўлимдагиларнинг топшириғи билан тайёрлаган эшиттиришларингга қалам пули оласан холос. Қалампули ёмон эмас, чидаб кун кўрса бўлади. Энг муҳими, бўлимдагилар билан қалинман, ўртада совуқ гап ораламади.
Ярим йил ҳам ўтиб, ниҳоят мени ишга оладиган бўлишди. Қувониб турганимда, кадрлар бўлимидаги музкўз қария паспортим Тошкент шаҳрида қўнимдор эмаслигини баҳона қилиб, ишнинг белига тепди, бўлимимиз бошлиғининг илтимоси ҳам ўтмади. Тарвузим яна қўлтиғимдан тушди. Энди нима қиламан? Яна қаерга бориб ялинаман?
Шунча ташвишлар ичида университетдаги ўқишимнинг ғалвалари ҳам бор эди. Гоҳ синов иши, гоҳ курс иши ёзасан, имтиҳон ойи келса, умринг аудиторияларда ўта бошлайди, “қониқарсиз” баҳо олмаслик учун муаллимларга пой-патак бўлишга тушасан. Дарс тайёрлашга вақтинг бўлмай, гоҳ бирига “Талабалар шаҳарчасидан МУМга саёҳат” каби қизиқ шеърларингдан ўқиб бериб, гоҳ иккинчисига тишинг қаттиқ оғриётганидан шикоят қилиб ўтириб, минг найранг билан имтиҳондан ўтасан.
Аҳволим оғирлашаверди. Олтиариққа шалвираб қайтишга бетим чидамасди, Тошкентда яшашга қурбим қолмаганди. Хонани ижарага берган кампир кўнгли юмшоқ аёл эди, топганда пул тўлардим, вақтида тўлолмасам, қистовга олмасди. Барибир бу хонадондан кетишимга тўғри келди. Гоҳ Миразиз аканикига, гоҳ Ўктам аканикига, гоҳ қишлоғимиздан келиб турли жойларда ўқиётган танишларимникига бориб тунайман, овқатларига шерик бўламан. Бир неча марта темирйўл вокзалига бориб, узункурсида мудраганча тонг оттирган кунларим ҳам бўлди. Бир қултум винони Тангрининг чексиз инояти сифатида қабул қилувчи уйсиз саёқларнинг юзаки қараганда ўта қувноқдек туюладиган, уларнинг ўрнига ўзингни қўйиб кўрсанг, беҳад аянчли бўлган турмуш тарзи билан шу жойда тобора яқиндан танишавердим. Ўзимни ухлаганга солиб, уларнинг ўзаро суҳбатларини зўр қизиқиш ва ҳаяжон ила тинглаб ўтирардим баъзан.
Нонуштадан тортиб кечки овқатимгача бир хил таом – бор-йўғи, тўрт тийин турадиган, биров “ухо-горло-нос”, биров “беданакабоб” деб атайдиган гумма сомсачалардан тўрт-бешта олиб, чапиллатиб-чапиллатиб ейман, ҳиқичоқ тутса, артизоннинг сувидан босиб ичаман. Ҳеч илож қолмаганда, аҳволи меникидан яхшироқ бўлмаган Ўктам акага қўшилиб, тиламчиларнинг олдида тўпланиброқ қолган тангаларни талашда ҳам қатнашардим. Бу – жуда уятли, жуда изтиробли эди.
Болалар нашрларида, гоҳо “Муштум” журналида исмим кўриниб турарди, аммо плагиатлик авж олган, баъзилар туман, вилоят миқёсидаги газеталарда босилган шеърларни йиғиб, пойтахтда ўз номидан китоб қилиб чиқаришгача бориб етган, бу кўчирмачилар ҳақида фельетонлар босилаётган муҳитда битганларимни туркум-туркум тарзда бировларнинг қўлига топшириб қўйишни истамасдим, редакцияларга уч-тўрттадан шеър тарқатиб турардим, холос. Худди шундан чўчиб, саргардонликда ёзиб тугалланган “Аламазон ва унинг пиёдалари” деган қиссамни ҳам анчагача бировга кўрсатмай юргач, кейинроқ “Шарқ юлдузи”га, наср бўлими мудири Шукур Холмирзаевга топширдим. У икки ойчадан сўнг остига фамилия қўйилмаган тақризни қўшиб, папкамни қайтариб берди. Тақризда кўрсатилган камчиликлардан ўринлироқларини тузатган бўлиб, қиссамни яна олиб бордим. Шундан кейин ора-сира йўлиқиб турдим, аммо мудир асар ҳақида бошқаларнинг ҳам фикрини эшитиш учун кимгадир бергани, кимлиги эсида йўқлигини айтарди. Охири суриштирмай қўйдим.
Ҳозирда ўша дамларни ўйлаб қолсам, қанчалар оғирчиликлар кўрмайин, ёзганларимни тезроқ нашр қилдиришнинг орқасидан қувавермай, ўзим таг-тагигача тушуниб етмаган ҳолда, асосий вақтимни ёзишга сарфлайверганим зап тўғри иш бўлган экан, деб қўяман. Зеро, вақт ўтиб, ёшликдаги кучни ҳам, кўнгил ёниқликларини ҳам топиб бўпсан!
* * *
Бир куни қишлоқдош студент ўртоғимнинг квартирасида тунашга бориб, телевизор кўриб ўтирсам, Озиқ-овқат саноати министри (вазири) Воҳид Содиқов билан суҳбат намойиш этила бошланди. Бу одам олтиариқлик экани эсимга тушиб, уч-тўрт кундан сўнг унинг ҳузурига бордим, журналистликка ўқиётганим, пойтахтда ишлашга уринаётганим, ҳозирда турар жой масаласида қийналиб қолганимни айтсам, у киши ўзингизбоп жой топилгунича Тошкент Ёғ-мой комбинатида ишлаб туринг, умумётоқдан алоҳида хона ҳам берамиз деди.
Шундай қилиб, 1977 йилнинг ўнинчи октябридан эътиборан Тошкент Ёғ-мой комбинатида “боғбон” деган штатда иш бошладим. Янгиободдаги умумётоқдан бир хонали ҳужра ҳам беришди. Ётоғим алоҳида-ю, ошхона, душхона, ҳожатхона кабилар умумий.
Комбинат директори Пўлатов “министрнинг одами” эканимни назарда тутиб, вазифамга кўра дарахтларни суғориш, гуллар остини ўтлардан тозалаб туриш ишларига мени яқин йўлатгиси келмади; журналист экансиз, Раъно опангизга қарашиб юрақолинг, деб мени комбинат бошланғич партия ташкилоти котибининг ихтиёрига юборди. Яна ўша “Ленинобод” колхозидаги аҳвол такрорланди – коммунистлардан ҳар ойда бир марта партия бадалларини тўплайман; йиғилиш ўтказилса, котиблик қиламан; ё ўша куни, ё эртасига мажлис баённомасини ёзиб, папкага тикаман. Кўпинча одамларни ишдан қолдирмаслик учун мажлис ўтказилмас, лекин барибир “ўтказилди” деб баённома ёзилаверарди. Фалон куни фалонча коммунист иштирокида КПССнинг фалон қарори муҳокама қилинди, йиғилишда фалончи-фалончилар сўзга чиқиб, фалон-фалон фикрларни билдиришди, деган жумлаларни ҳаводан олиб тўқишга тушаман. Буларни ўқиб кўриб, жуда чиройли тайёрлабсиз, дея Раъно опанинг оғзи қулоғига етади.
Коммунистлигим жонимга ора кираётганди. Шаҳарнинг энг баланд тепалигига чиқиб, партияни шарафлаб қичқиргим келарди: Гапфуруш большевиклар ўйлаб топган сиёсий дабдабаларга минг тасанно! Бу дабдабалар маҳсули бўлмиш барча қоғозбозликларга миллион-миллион офаринлар бўлсин!
Деярли бекорчихўжа эдим. Ойлигим тўқсон сўмгина эса-да, ҳарқалай, лоақал тушликда тузукроқ овқатланишимга, қишлоққа олдингидан серқатновроқ бўлишимга учма-уч етиб турарди. Ишхонага ҳафтада бир-икки марта бош суқиб қўярдим. Қолган кунлари каравотдаги кўрпамни полга тўшаб чўзилганимча, шеър тўқиганим тўқиган эди. Маош олган кунларим қишлоққа кетиб, баъзан бир ҳафта ўтказиб қайтардим. Қайтгач, қўлим бўшасаёқ, яна тинимсиз шеър битишга тушардим. Болаларга аталган туркум шеърларимнинг асосий қисми шу умумётоқдаги бор жиҳози бир шкаф, бир каравот, бир стол, бир стулдан иборат бўлмиш торгина хона деворлари орасида дунёга келган. Пиёниста қўшниларнинг улфатчиликка чорлашларидан, таниш жувонларнинг дам олиш кунлари залда ташкил этиладиган “танца”ларга судрашларидан безиб, эшикни ичкаридан қулфлаб олиб ёзардим. Айрим қилиқларимни ахлоқсизликка йўйиб, тепадагиларга арз қилиб юрмаслиги учун қишлоқдан олиб келган мева-чевалардан бир қисмини умумётоқ комендантига бериб турардим. Шу боис, мажлис бўлиб қолса, менинг интизомимни, хонани тоза тутишимни мақтагани мақтаган эди.
Ижоддан бош кўтаролмай қолсам, кўзларим зўриқишдан қизариб, киприкларим остида ярачалар пайдо бўла бошларди. Бундай дамларда гоҳ қадрдонларимни уйларига бориб йўқлардим, гоҳ редакцияларга уч-тўрттадан шеър тарқатиб чиқардим, гоҳ тушлик чоғи таниш адиблар билан ошхонада гурунг қурардим. Торроқ доирадаги суҳбатларда кўпинча мавзу яна миллатимиз тақдирига, эрксизлигимиз фожиаларига бориб тақалаверарди. Бунинг сайин, истибдодни қоралаш, юрт мустақиллигини орзулаш катталар учун ёзганларимдагина эмас, болаларга аталган асарларимда ҳам кенг аксини топиб бораётганди.
Энг хавфлиси – тобора миллатчига айланаётганим эди. Қишлоқлардаги ўзбек болалари ҳатто тўп тепиб чигил ёзишга майдонча тополмаётган, эгни тузукроқ либос кўрмай яшаётган бир пайтда, бошқа миллат вакилларининг ясаниб олган болалари истироҳат боғларида бири арғимчоқ учиб, бири отўйинда айланиб қувнаётганини; барча қулайликларга эга бўлган спорт мактаблари, турли-туман тўгараклар шуларнинг ихтиёрида эканлигини кўрсам ҳам юрагим эзилишга тушарди. Идоралардаги маъмурий ходимларнинг аксарияти европаликлар, кўча супурувчиларнинг бари ўзбек. Қайсидир ҳинд киносидаги бир шофёр инглизларга қарамликдан қутулиш йўлида курашиб, кўзида жиққа ёш билан ўзини қурбон қилаётганида, унга қўшилиб ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлардим, оддий ўзбекларнинг ҳамма-ҳаммаси қачон шундай олий тушунчага эга бўларкин, дея олдимдаги телевизорни тепиб синдиргудек кепатада тутоқар эдим.
1978 йилнинг ўттизинчи январида тўртинчи ўғлим Ботир ҳам туғилди. Учгудек бўлиб, қишлоққа бордим. Чақалоқни кўриб, кўзим қувонгандан қувониб кетди – Яратганга минг қуллуқки, дадам раҳматлининг ўзгинаси-я!
Тўрт ўғил, тўрт севинч, тўрт юпанч… тўрт баравар эҳтиёж…
Бош омон бўлса, буларни Худо ризқсиз қўймас, қорнини амаллаб тўйдирарман, ундоқроқ бўлмаса, мундоқроқ кийинтирарман. Лекин, ёнларида доим парвона бўлиб, тузукроқ тарбиялашга вақт, имкон топа олармиканман? Пайти келиб, етарлича ғамхўр бўлолмаганимни таъна қилишмасмикин?
Бутун бошли умумётоқ каби менинг хонам ҳам қишда яхши исимади, электр плитаси сотиб олишга камбағаллик қилдим. Комендантдан тагимга қўшимча матрас сўраб олган, ёпинчиғим устидан пальтомни ташлаб ухлашга ўтган эсам-да, туни билан дилдирайверардим. Бошим тумовдан чиқмай қолди; бир йўтал тутса, ўпкам узилгудек бўларди; суякларим қақшай бошласа, ревматизмим қайтовланишидан қўрқишга тушардим.
Баҳорга чиқиб, негадир, қувватим қочиб бораверди. Ўнгланиб кетарман деб, аввалига парвосиз юрдим; иштаҳам кескин пасайиб, кўнглим тез-тез айнийдиган бўлгач, ўлсам ҳам уйимда ўлайин, Тошкентда даволанишга ётадиган бўлсам, ким ҳолимдан хабар олади, деган хаёлга бордим. Май ойида ишимдан бўшаб, қишлоққа жўнадим.
Шу тариқа, Тошкентга қилган ғаввоғав юришим батамом мағлубиятга учрашим билан тугади. Бу – асабим буткул дош беролмай қолса, руҳимни умримнинг охиригача тикланмас даражада синдириб ташлаши мумкин бўлган жуда шармандали, ўта қақшатқич мағлубият эди.
* * *
Яна Олтиариқдаман. Касалхонада ётишни азал жиним суймаса-да, соғлигим тез ёмонлашиб бораётгани важҳидан дўхтирга учрашишга мажбур бўлдим. Текшириб кўришса, сариқ касалига чалинган эканман. Юсуфжон дўстим бу маҳалда туман марказий касалхонасида бош врач ўринбосари эди, унинг меҳрибончилиги туфайли мени чўлнинг бир четидаги “инфекционний”га жўнатмай, темир йўл станцияси ёнидаги нефтчилар шифохонасига ётқизишди. Алоҳида хона бериб, касалим бошқаларга юқмаслиги учун, имкон қадар бўлимнинг ўнг қисмидан нарига ўтмаслигимни тайинлашди.
Ўша даврда сариқ касали бутун республикада эпидемияга айланиб бораётганди, бундан анча олдин хотиним ҳам шу ташхис билан ётқизилиб даволанган, қишлоқларда у ёки бу кишиси ушбу дардга чалинмаган хонадонни топиш амримаҳол эди. Америкаликлар Вьетнам урушида аҳоли устига ҳарбий учоқлардан ўта заҳарли “Бутефос” химикати сочганини бир пайтлар ҳаммадан баланд овозда қоралаб юрган СССР хўжайинлари, ҳозирга келиб, ўзимизда айнан ўша “Бутефос”, ундан-да кучлироқ бўлган “Меркоптофос”, “Би-58” кабилар қишлоқ уйларига туташ пахтазорларда ҳам қўлланилаётганини била туриб билмаганга олишаётганди.
Инфекцион касалхона тўлиб-тошиб кетгани боис, нефтчилар шифохонасидаги терапия бўлимининг ўнг қаноти ҳам “сариқ”ларга ажратилиб, бу ерга нуфузлироқ шахслар, ёш болалар ётқизилар экан. Бу шифохонада беҳад ҳассослиги билан довруғ қозонган, гоҳо вилоят касалхонасидаги врачлар ҳам баъзи масалаларда маслаҳатлашиб турадиган Доронина деган хуштабиатгина аёл ишларди. Касални жуда ўтказиб юборибсан, жигарни буткул ишдан чиқаришингга оз қолибди, ҳозирча фақат ошқовоқ еб тур, икки ҳафтагача ҳатто нон ҳам емайсан, деб буюрди у.
Касални ўтказиб юборганим рост шекилли, бошқаларга қараганда узоқроқ даволандим. Соғайиб қайтганимдан кейин ҳам ўзимни лоҳас ҳис қилавердим.
Оиламиздагилар уриниб-тиришиб яшашда давом этарди. Акрам укам мактабдан маош оларди, Тоҳир укам мева тижоратидан маблағ топиш йўлини ўрганаётганди, томорқачиликни уддалаётган Авазбек укамнинг ҳам қўли пул кўра бошлаганди. Хотинимнинг далада ишлаб топгани, ҳарқалай, бир-икки қоп унга етгулик эди. Йил сайин кексайиб бораётган аям энди аввалгичалик бетиним ишлай олмаса-да, барибир чеварлигини ташламай, тикканларини ҳафта оралаб бозорда сотиб келарди.
Дўхтирим қанчалар такрор-такрор уқтирган бўлмасин, касалхонадан чиққанимдан кейин парҳезга амал қилмадим; амал қиламан деганимдаям, бу бирқозонли уйда менга алоҳида овқат пишириб беришнинг иложи қаёқда дейсиз. Бунинг устига, асабни тинчлантиришга бўлган ички иштиёқ мени ароққа кўпроқ етаклайверганими; кечалари туз тотмасдан, кетма-кет чекиб, шеърлар, болаларга аталган туркум ҳикоялар, пьеса, Қодирий қаҳрамонларига тақлидан ҳажвиялар битишга ружу қўйганимми жигаримни зўриқтирди шекилли, сариқ касалим қайтовланиб, яна нефтчилар шифохонасига ётдим.
– Ўзи-ку, биринчисида ўлиб кетишинг мумкин эди, организминг итникидек чидамли экан, омон қолдинг, – деб жеркишга тушди дўхтир Доронина опа. – Майли, яна бир даволаймиз, аммо бундан кейин ўзингни эҳтиёт қилмасанг, ўлишинг аниқ.
Зора ўлақолсам, деб ўйладим ўшанда. Ҳеч нимадан ташвишланмай, тинчгина ухлайверасан, ухлайверасан, ухлайверасан. Сени на ўнлаб йилларга чўзилган очлик безовта қила олади, на кимларнингдир устингдан тепалаб ўтиши.
Доронинанинг ибораси билан айтганда, итникидек қаттиқ жоним мени яна оёққа турғазди. Бу сафар ҳам парҳезга қатъий амал қилолмаган эсам-да, спиртли ичимликлардан нарироқда юришга астойдил интилдим. Кеч кузга бориб, олдинги бардамлигимни топгандек бўлдим.
* * *
Бекорчилик қанча чўзилса, юрагим шунча сиқилаверди. Энди, кичикроқ ковакларни титкилаб бўлса-да, астойдил иш қидиришим керак, деган қарорга келдим. Тўғри-да, бу аҳволда ўтмаслашиб, ҳатто занглаб қолиш ҳеч гапмас.
Хайрият, аммамнинг қизи Матлуба опамиз танишларидан суриштириб юриб, салкам тўққиз ойга чўзилган бекорчиликдан сўнг, охири шаҳардан менга иш топди, 1979 йилнинг ўн саккизинчи январида Фарғона радиосининг мухбирига айландим.
Раисимиз Дониёр Эргашевнинг очиқкўнгиллиги бошқаларга ҳам юқиб борганми, жамоадаги муҳит мусаффо, ходимларнинг кўпчилиги дилкаш кишилар эди, баҳрим очилиб ишлай бошладим.
Мени энг қийнаётгани – Олтиариқдан йигирма беш километр масофадаги шаҳарга кунда қатнашга мажбурлигим эди. Эрта саҳарда туриб, шоша-пиша нонушта қиламан; қишнинг қирчиллама қирқида Тоҳир укам берган қуёнтери оқ телпакнинг қулоғини тушириб олиб, пулни тежаш мақсадида тўрт километр наридаги туман марказига пиёда чиқиб бораман. Эгнимда Акрам укамнинг куёвлик костюм-шими, оёғимда оҳори кетган қишки ботинка.
Бошимдан ҳовур кўтарилганича туман автобекатига кириб бораман. Шаҳарга қатнаб ишловчилар, бирон-бир юмуш билан кетаётганлар одатдагидек бесаноқ, барчаси эрталабки автобусга улгуришга ошиқади; “ЛАЗ”ларнинг бунисига бўлмаса, унисига базўр илашиб, тирбанд салонда тик турганча йўлга тушаман. Совуқ кучайиб кетган ёки ишим кўпайган кунлари аммамникида, гоҳо Матлуба опамникида тунаб қоламан.
Аҳволим мушкуллигини сезган бўлса керак, бир куни раисимиз меҳмонхонанинг калитини қўлимга тутқазиб, зарурат туғилса, диванда ётиб юраверинг, аммо бошқа одамни киритманг, деб тайинлади.
Бир нав баҳорга чиқиб олдим. Бу фаслда менга боғлиқлик томони бўлмаган иккита кўнгилсиз воқеа юз берди. Биринчиси – сел келиб, Фарғонани сув босди. Иккинчиси – Минскка учиб бораётган, 1960 йили олий лигага ўтганидан буён ашаддий ишқибози бўлиб келаётганим “Пахтакор” футбол жамоаси авиаҳалокат туфайли деярли тўлиқ таркибда нобуд бўлди. Чарм ғилофли репортёрни елкага илиб, қанчадан-қанча корхоналарни, муассасаларни, дала-боғларни кездим, неча-неча эшиттиришлар тайёрладим.
Бекорчиликнинг зах ўрасидан зўрға қочиб чиқиб, энди яйраб-яйраб ишлаётганимга қарамай, тинимсиз елиб-югуришларданми, вақтида тузукроқ овқат еб туриш имконим йўқлигиданми, учинчи бор сариқ касалим қўзиди. Врач дўстим Юсуфжоннинг маслаҳати билан, бу гал шаҳар инфекцион касалхонасига ётдим. Азамат жигарим мислсиз қаҳрамонлик кўрсатиб, “сариқ ажал”нинг учинчи зарбасидан ҳам мени омон олиб чиқди.
* * *
Тошкентдан улкан ютқизиқ билан қайтганим рост. Кейинроқ билсам, бир ўчоқ “мағлубият куллари” остида сочин-сийрак “ютуқ чўғлари” ҳам аралаш экан, яширин қўрланиб тургани учун ўшанда сезмабман. Пойтахтдаги дайдиликлар тугалай бесамар кетмаганини кейинроқ пайқай бошладим.
Бу даврда, энг зарури, тинимсиз шарақлаб қайнаётган адабий муҳит қозони таомларидан иссиғида, имкон қадар мўндароқ тановул қилиб, миямни тез тўйинтириб бордим; кўп танишлар орттирдим, уларнинг феъл-атворини, қай бирига қайси ёқдан ёндашмоқ қулайлигини идроклаб етавердим. Оташин миллатпарвар Миразиз Аъзам, мутолаасевар олим Маҳкам Маҳмудов, қайтмас курашчиларга айланаётган ёш китоббоз ёзармонлар билан бўлган суҳбатларда ўтмишимиз Римникидан-да улуғворлигини, маданий меросимиз битмас-туганмас хазина эканини, маънавиятимиз остдевори жамики инсоният ҳавас қиладиган даражада мустаҳкамлигини ёрқинроқ англаб бордим, етти эмас, етти минг пушти покиза элдан тарқаганимни билиб, ўзимни бошқатдан кашф этдим.
Талай китоблар ўқидим. Ўз классикларимиздан ташқари, Жек Лондон, Мопассан, Дюма, Гунтегин, Байрон, Толстой, Бальзак, Есенин, Айтматов, Несин, Ҳамзатов сингари “сеҳргарлар”нинг русча ёки ўзбекчадаги асарлари билан чуқурроқ танишдим. Савиям юксалишида рус тили зўр суянч бўлди.
Шеърий тўпламимни ўқиб кўришга бериб, фикрини ололмаган бўлсам-да, Эркин Воҳидов билан лоақал бир лаҳза юзма-юз гаплашишдек улкан орзум рўёбга чиқди. Ўктам ака билан уйига йўқлаб бориб, Ҳабибий домланинг қўлидан чой ичганим; “Мартин Иден”имни эълон қилганидан сўнг менга алоҳида эътибор билан қарашни бошлаган, ижодкор деган банда бўрини пойлаётган овчидан-да тоқатлироқ бўлиши лозимлигини қайта-қайта таъкидловчи, ҳузурига бостириб киришга анча-мунча қаламкашнинг юраги бетламагучи Асқад Мухтор билан суҳбат қурганим, болалар адабиётида ғазал жанрини тирилтирганимни олқишлагани, шеърларимни шахсан ўзига кўрсатиб туришдан тортинмаслигимни тайинлагани катта бахт эди.
“Муштум”да масъул котиб бўлиб ишловчи Неъмат Аминов билан ҳам илгари сал танишиб олгандим, юмористик шеър ва ҳажвий ҳикояларимни журналда ора-сира ёритиб турарди. Хат орқали юборган Мирзақанд туркумидаги ҳажвияларимни ёқтириб қолиб, кетма-кетига чоп этишни бошлади-ю, мени ўзига тобора яқин тутиб, Тошкентга борсам чой ичдирмасдан жўнатмайдиган бўлди. Ҳажвияларим ҳатто атоқли адиб Саид Аҳмадга ҳам маъқул келганини айтиб, бир гал мени жуда шодлантирганди.
Тошкентда орттирган дўстларимдан бири қашқадарёлик ёш шоир Муҳаммад Раҳмон эди. Талаба Юсуф Ҳамдамовникидаги ўтиришда танишганимиздан сўнг у билан тез-тез учрашиб турадиган бўлдик. Курсдошим Акрамжон, Усмон Азим, Эркин Аъзам кабилар иштирокидаги бир улфатчилигимизда магазиндан вино олиб, кўчада ичишга идиш тополмаганимиз, шунда мен бозорчадан катта сариқ бодринг топиб учини кесганим, ичидаги уруғни бармоғимда ковлаб чиқариб стакан ясаганим, ундан шароб ҳўплабоқ четидан озгина тишлаб газак қилаверишимиз оқибатида қадаҳ тобора кичрайиб бораверганини Муҳаммаджон доим кулиб-кулиб эсларди. Шу ошнам энди университетни тамомлаб, “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррир бўлиб ишлар, болаларга аталган шеърий тўпламим унинг жонкуярлиги билан 1980 йил нашр режасига киритилган эди.
Радионинг адабиёт бўлимида ишловчи Усмон Азим шеърларимни гоҳ эфирга тарқатиб, тузуккина қалампули жўнаттириб турарди. Ғафур Ғулом нашриётининг бўлим муҳаррири Шавкат Раҳмон бир туркум битигимни “Ёшлик баёзи” тўпламида чиқариб берди.
Тошкентда дайдиб-дайдиб қайтмаганимда, булар қаёқда эди.
* * *
Радиода тўртта бўлим бор эди – ўзбек, рус, тожик, қрим редакциялари. Қайнотамдан сўнг Шафоат аммам вафот этиб, Бунёд ўғлим туғилган 1980 йилнинг февралида мени ўзбекча эшиттиришлар бўлимига бошлиқ этиб тайинлашди.
“Баҳромнинг ҳикоялари” деган иккинчи китобим ҳам шу йили босилиб чиқди. Қани энди, ўн қоп пулим бўлса-ю, охирги тийини тугаб битмагунича “ювди-ювди”лардан бўшамай, табрикка оғиз жуфтлаган банда борки, ҳар бирига алоҳида зиёфат бераверсам!
Афсуски, ёнчиғим ҳамон юпқа эди. Тошкентга ров бориб, муҳарририм Муҳаммад Раҳмон орқали йиғилган ёш ижодкор оғайнилар учун қуюғидан суюғи кўп ўтиришча қилиб беришга зўрға ярадим.
Ҳарқалай, сўнгги пайтларда рўзғоримизга анча қут кира бошлаганди. Аям чеварчиликдан топиб турибди, менинг чўнтагим олдингидан қаппайганроқ, укаларим тобора қад ростлаяпти – Акрамники оиласига етиб турибди, Тоҳир Россияга мева-сабзавот олиб бориб сотишдан тузуккина наф кўряпти, Файзиобод бетон буюмлар комбинати ошхонасида ошпазлик қилаётган Авазбекка маошдан ташқари ҳафтасига қўшимча хом харажат бериб туришади, армиядан қайтган Дилмурод милиционерликка жойлашиб олган. Фақат, ари уясини эслатувчи хонадонда ғужланиб яшаш билан боғлиқ қийинчиликлар баттардан ошиб бораётган, Тоҳир укамнинг уйланиши бир муаммога ўн муаммо қўшгандек эди. Хайрият, ёш келинни ёлғиз ташлаб Россияда ҳафталаб юришни истамадими, Тоҳир укам аввалига майда-чуйда юмушларга ўралашиб вақт ўтказди, кейин Шаҳодат опам яшайдиган Рудник-кондан ёғлиқроқ иш топиб, шофёрлик қила бошлади. Кўрпа-тўшакларини машинага юклади-ю, ижарахонага хотинини ҳам олиб кетди.
Ёппасига тупроқтом уйлардан иборат бўлган, отамиз энг катта мерос қилиб қолдирган, нураб бораётган дуволларидаги ҳар қайси кесакдан тортиб, қаровга муҳтожликдан зардаланмай озми-кўп ҳосил туҳфа қилиб турувчи дов-дарахтигача юрагимизнинг бир парчасига айланиб улгурган ғарибгина ҳовлимиз ечими қийин муаммоларга лиммо-лимдек кўринарди. Аммо ўзимиз сезиб-қадрламаган ҳолда, энг улкан бахт, энг катта бойликка бўғзимизгача кўмилиб яшаётгандик – ҳаммамиз соғ-саломат эдик.
Минг шукурки, ўзимнинг ҳам соғлигим жойида эди. Четдан кузатганлар буни бир нарсадан сезиб олиши қийин эмасди – қорнимнинг оч-тўқлиги, шароитнинг бор-йўқлигидан қатъи назар, қўлим сал бўшасаёқ, тинимсиз ёзаётган, ёзаётган, ёзаётган эдим.
* * *
Радиода ишлаётганимнинг учинчи йили бошланиб, 1981 йилнинг қиши тугаётганида, раисимиз Дониёр аканинг одамгарчилиги, ишни тезлаштириш учун ходимимиз Тоштурғун аканинг ёнимда идорама-идора юриши натижасида, Тўқимачилар шаҳарчасига туташ массивдан менга икки хонали уй берилди. Янги уйланган Авазбек укам Тоҳир акаси бўшатиб кетган уйда яшаётгани учун ҳозирча ҳовлимизда жой етиб турганди, оилам билан шаҳарга кўчишга шошилмадим. Ишда юмушларим кеч тугаса, янги уйимга бориб, одамдек овқатланадиган, бемалол ухлайдиган бўлдим. Қишлоқдагилар бирда бир меҳмонга келиб, супуриб-сидириб кетишарди. Баъзан ошна-оғайнилар, баъзан бу ердан сал нарида яшовчи Машраб жияним қартабоз шериклари билан йиғилиб, тун бўйи улфатчилик қилишар, хонанинг ўртасига тўшалган юпқа ипшолча устида маст-алас ғужанакланиб қолгунча ичишарди. Инсондек ухлашни исташганда ҳам, бу уйда ўзимникидан бошқа кўрпа йўқ эди.
Бошпанали бўлганимдан сўнг, радиодаги ишимга янада унум қўшилди. Гоҳо юқори идораларнинг кечки мажлисларида қатнашардим, гоҳо тунги соат тўққиз-ўнгача ишхонада қолиб, каттаконлар топшириғига кўра шошилинч тайёрланган материалларни кичик техник Насибахон ёрдамида эрталабки эфирга тахт қилгач, уйга кўнглим хотиржамланиб қайтардим.
Ходимларимиз ўзаро суҳбатда, раисимиз бу йигитни ўзига ўринбосарликка тайёрлаяпти, деб қўйишаркан. Ишдошим Абдумутал ака бир куни шу ҳақда шама қилиб қолди. Э, қўйсангиз-чи, шу ишимни эплаб турсам ҳам катта гап, дедим-у, бошимда ўз-ўзидан бир ўй чақнади: “Шу пайтгача қизиқиб кўрмабман-а, ўринбосаримиз қанча ойлик оларкин?”
Дониёр ака, сал ўтмай, вилоят партия қўмитасининг ташвиқот бўлими бошлиқлигига кўтарилиб кетди-ю, бундай тусмол гаплар ўз-ўзидан барҳам топди. Шу қўмитада учинчи котиб бўлиб ишлаб юрган Роза Каримова бизга раис этиб тайинланди.
“Ялтироқ тугма” деган қиссамни бир йил олдин ёзишга киришиб, асосий қисмини қораламалаб бўлган эдим. Янги уйдаги тинч шароит қўл келиб, шуни чалароқ тарзда бўлса ҳам баҳор ичида охирига етказдим. Қисса, балки ўша йилнинг ўзидаёқ мукаммал шаклга эга бўлармиди, лекин бирдан шароит ўзгариб, ичимга тугиб қўйганларим – айрим жойларга қўшимча киритишлар, жумлаларга қайта жило беришлар ниятлигича қолиб кетди.
Ёзнинг бошларида, жонтортар дўстларим қаторида турувчи Муҳаммад Раҳмон ишхонамдаги телефонга қўнғироқ қилиб, муҳим бир гап бор, тезда Тошкентга келиб кетинг, деди. Бордим. Матбуотчилар ошхонасида бирга тушлик қилаётиб, жуда шошилинч чақириб қолдингиз, яна бирорта китобимни чиқармоқчимисиз, деб ҳазаллашдим унга.
– Бундан ҳам зўрроқ масала бор, – деди Муҳаммаджон. – Ишқилиб, Худо йўлингизни очсин.
Билсам, “Ёш гвардия” нашриётининг янги бош муҳаррири Эркин Воҳидов “Баҳромнинг ҳикоялари” тўпламимни босмахонага топширишдан олдин ўқиб кўрибоқ, китоб муҳаррири Муҳаммаджонни хонасига чақирибди, мен ҳақимда сўраб-суриштиришга тушибди. Муҳаммаджон ҳайрон бўлиб, бу йигит ўзингизнинг Олтиариғингиздан-ку, танимайсизми, деса, бир-икки кўришганмиз-у, тузукроқ гаплашганимизни эслолмаяпман, дебди. Сўнг шеърларим жуда ёққанлигини айтиб, булар менга болалар адабиётида янгиликдек бўлиб кўринди, ё адашдиммикан, деб савол берибди.
– Бир Тошкентга келиб, иш тополмай кетган эди, – деб гапни керакли мавзуга бурибди Муҳаммаджон. – Шу йигитни Тошкентга олиб келолмайсизми?
Буни эшитиб, Эркин ака кулиб юборибди:
– Ўзим ҳам худди шуни ўйлаб турувдим. Бошқа жойдан иш топсак, уларга нимасидир маъқул келмай қолиши мумкин. Яхшиси, ўзимизда бирорта ўрин бўшашини кутайлик. Бўшаши биланоқ, тезда эсимга солинг.
Бундан икки-уч кун олдин бир муҳаррир бўлак ташкилотга ишга ўтиб, ўрни бўшаб қолган экан. Муҳаммаджон ўша куниёқ Эркин аканинг олдига кириб, мени ёдига солибди. Бугундан қолдирмай чақиринг, бир гаплашиб кўрайлик-чи, дебди Эркин ака.
– Бу жойга ишқибоз кўп, – деди Муҳаммаджон. – Ўзимиздаги кичик муҳаррирлардан тортиб, четдагиларгача ғиззо-ғиз бўлишни бошлашди. Эркин ака директорга сизни шипшитган бўлса керак, ҳозирча бировга ён бермай турибди.
Аслида, муҳаррирлик лавозими у ёқда турсин, китоб чиқаришга оид ҳужжатларни расмийлаштириб ўтирувчи кичик муҳаррир, имловий хатоларга жавобгар корректор (мусаҳҳиҳ), ҳатто куни нашриёту босмахона ўртасида бўзчининг моккисидек борди-келди билан ўтадиган югурдак техник ходим бўлиб ишлашга ҳам шай эдим. Илон бошини ковакка сиғдириб олса бас, кейин сичқон ундан қутулиб бўпти!
Соат учларда Эркин аканинг олдига кирдик. Муҳаммаджон гап-гапга қовушгунча пича ўтирди-ю, мен ишлаб турай, бўлмаса, деб чиқиб кетди. Эркин ака диплом бўйича касбимни, қаерларда ким бўлиб ишлаганимни, турмуш шароитимни бир-бир суриштира кетди, мен борини борича айтавердим. Гап оилавий аҳволимга бориб тақалганда, Эркин ака наъра тортиб юборай деди:
– Бешта?! Хаҳ ҳў-ў! Шунча бола билан Тошкентга келиш учун жасорат керак бўлади одамга. Жасоратга тобингиз қалай?
– Ҳаммасига чидайман, – дедим дадил. – Ҳатто уйсизликкаям.
Эркин ака уй муаммосини бирор йилда ҳал этишга ҳаракат қилишини айтган эса-да, тўрт-беш йил бошпанасиз юришга ҳам рози эдим.
– Тугунингизни тугиб тураверинг, – ниҳоят, кирганимдан бери мен илҳақ бўлиб кутаётган гапни айтди Эркин ака. – Директорнинг олдидан яна бир марта ўтиб, ишни пиширай. Кейин сизга хабар қиламан.
Бошим кўкка етди деган сўзнинг туб маъносини англаш учун киши менинг шу топдаги ҳолимга тушиши лозим бўлади. Осмонда бўлгандаям, еттинчи осмонда эдим. Қуёш тизимидаги барча кезғичлар аллақачон пастда қолиб кетганди.
Ўша куни бошқа бир нарсадан ҳам қувондим – қишлоқдош дўстим Абдусалом билан полкдош бўлган эски оғайним Аҳмаджон Мелибоев бу нашриётга яқинда бош муҳаррир ўринбосари этиб тайинланган экан. “Ёш ленинчи” газетасида ишлаётганида, бутун иттифоқ миқёсидаги зарбдор жабҳага айланган Қарши чўлини ўзлаштиришга бағишлаб битган “Қаршига қарши” достонимни чиқаришга кўп уринганди; ҳатто бош муҳаррир ҳам босишга мойил бўлиб турганида, катталигидан газетанинг бир саҳифасигаям сиғмаяпти, беролмайдиган бўлдик, деб бирдан айниб қолишди. Газетанинг маданият бўлимида, бир опа ишларди, икки йилча олдин унга кўрсатган шеърларимни маъқул эмас деб қайтарганида, озгина айтишиб қолган эдик; билсам, шу аёл яна монелик қилибди.
* * *
Сал ўтмай, Тошкентдан хушхабар келди. Июннинг ўн бешинчи кунида раисимиз Роза Ўринбоевнага ишимдан озод этиш ҳақидаги аризамни олиб кирсам, сизни анча-мунчага қўлдан чиқармасдим-у, кўтарилишингизга тўсқинлик қилолмайман-да, деб қўл қўйиб берди. Ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб айтганда, баъзида ишдан бўшаш ўзинг суймаган хотин билан ажрашаётгандек ҳузурбахш туюлади. Шу топда эса, Тошкентга қанчалар интиқиб талпинаётган бўлмайин, бу ишхонадагилардан ҳам айрилгим келмаётганди.
Агар туғма ланж бўлмасанг, яхши кайфиятда бошлаётган юмушинг унум келтирмай қолмайди. Тошкентни забт этишга қаратилаган иккинчи юришим олдидан чеҳрам яшноқ, кўнглим сокин эди: опаларим бир этак-бир этак болаларини эрлари Собирвой, Аъзамбой, Тўлқинбойларга боқтириб, тинчгина яшаб ўтиришибди; Акрам укамга колхоз томонидан қурилган кооператив уйлардан бири тегиб, чўлда кун кечириш азобларидан фориғ бўлди; Авазбек магазинчиликка ўтиб, ўзини янаям ўнглади, мотоцикл сотиб олди, оиламизнинг умумқозони жазлари, асосан, унинг бўйнида; Дилмурод ҳануз милиционер, лейтенантлар мактабига киришга уриняпти; ака-укалар ўртада тўй қилиб, каттароқ ўғилларимизни мактаб ёшига етмасидан “кестириб” олганмиз…
Бу пайтда Тоҳир укам юк машинасида довон оша Қирғизистоннинг шимолий минтақаларига қатнайверишдан толиқиб, Рудник-конда буфетчилик қилишга ўтганди, тоғ-тошда юрмасдан шу ерга келиб яшайвер, деб шаҳардаги уйимни унга бердим. Яхши ўйлаган эканман, укам кейинроқ аммамнинг ўғли Машрабга қўшилиб, Камчаткага мева-сабзавот топшириб келадиган бўлди, картмони бўртиб, қишлоқдаги оиламизнинг пишиққина таянчига айланди. Аямни кўпдан бери хавотирлантириб юрган эски дўнгалак уйни бузиб, пастакроқ бўлсаям, бошқа иморат қуришимизга катта улуш қўшди, гоҳо ҳатто болаларимнинг кийим-пийимига ҳам парво қилиб турди.
Тошкент сари шайланувни радиодаги меҳмонхонада тунаб қолганимда кечалари машинкалаб юрган шеърларим ва насрдаги бири битган, бири чала қўлёзмаларимни картон папкаларга йиғиб, жомадонга жойлаб қўйишдан бошладим. Буларнинг аксариятини болаларга аталган асарлар ташкил этарди, энг ишонган кузур қарталарим шулар эканига “Баҳромнинг ҳикоялари” китобимга мақтовлар кўпайгани сайин тобора иқрор бўлиб бораётгандим.
Эркин аканинг таклифи ҳақида ишхонадагиларгаям, уйдагиларгаям охирги паллагача ҳеч нима демагандим, тўйдан олдин ноғора чалишни илгаритдан ёқтирмасдим. Тошкентга ишга ўтаётганимни аямга радиодан бўшаб борган куним айтдим. Аям ҳайратга тушиб, қачон кетишимни сўраган эди, бугун кечқурун поездга чиқаман, дедим.
ТУГАЛЛОВ
Ўзинг бир ботқон балчиқзорга боратуриб, ковушингни тозалаб ол.
Гулмат Шоший
Умримнинг, асосан, қишлоқда кечган даври якунига етганди. Ҳаётимнинг бу қисмида илк бор инсон фазога учгани (СССР), Ой кезғичига қадам қўйгани (АҚШ), совет фазогирлари ҳалокатга учрагани; руслар эндигина синовдан ўтказаётган ҳарбий ракета воситасида америкаликларнинг “У-2” айғоқчи учоғи уриб туширилгани; Корея уруши, бир миллатнинг бўлиниб кетуви, Вьетнам уруши эса, ажратиб ташланганларнинг бирлашуви билан барҳам топгани; икки уммонни туташтирувчи қазилма Сувайш канали, Мисрда Осуан тўғони фойдаланишга топширилгани; чапани Хурушчёвнинг “омон-омон”ида юз минглаб сиёсий маҳбуслар, урушда душманга асир тушгани учун қамалган аскарлар озодликка чиқиб, халқ душмани сифатида отилганлардан кўпининг номи оқлангани; Отатурк қайта шакллантирган Туркияни бут асраб қолиш ниятида ҳокимиятни ҳарбийлар қўлга олгани; рангли телевизор, қўполдан қўпол симсиз телефон, нейлон мато, нейтрон бомбаси, одам аъзосини кўчириб ўтқазиш кашф этилгани; Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги урушни тўхтатиш юзасидан иккала давлат раҳбарлари Ўзбекистонда музокара олиб бориб Тинчлик шартномасини имзолагач, ҳиндлар етакчиси Лаъл Баҳодир Шастри Тошкентда бандаликни бажо келтиргани; совутгичлар, магнитофонлар, кир ювиш машиналари қишлоқларгача кириб келаётгани; жаҳонда энг узунлардан ҳисобланмиш Байкал-Амур темир йўл магистрали барпо қилингани; қирғинбарот Афғон уруши бошлангани; Тошкентда метрополитен пайдо бўлгани каби тарихий воқеаларнинг шоҳидига айландим.
Жавоҳарлал Неру, Сталин, Мао Цзе Дун, Ким Ир Сен, генерал Де Голл, Анвар Саодат, Чемберлен, Жон Кеннеди, Анвар Хўжа, Индра Ганди, Фидел Кастро, Хошимин, Ёсир Арофат, Салвадор Алйенде янглиғ шов-шувчи давлат арбобларига; жанубий америкалик Чегевара, жазоирлик Жамила, америкалик Мартен Лютер Кинг, россиялик Солженицин, африкалик Манделла каби бири халқининг ҳақ-ҳуқуқи, бири юртининг озодлиги учун жонини тикиб курашган кўламдор исёнчиларга озми-кўп муддат замондош бўлдим.
Тағин айтсам… Газета парчасига ўраб чекиладиган бадбўй махорка; найчадум “Красная звезда”, “Прибой”, “Север”, “Беломор канал”, “Казбек” папирослари; “Памир”, “Прима”, “Махорочная”, “Лайка”, “Космос”, “Шипка” сигаретлари замонидан тортиб, советлар юртига ниҳоят четдан (асосан, Болгариядан) кириб кела бошлаган “Ту-134”, “Стюардесса”, “БТ”, “Родопи”дек фильтрлилар, ҳатто Куба сигараларни кўзкўзлаб тутатиш давригача бўлган йўлни босиб ўтдим.
Миллатчилик туйғуси кўнглимда ўз қўрғонини кунма-кун мустаҳкамлаётгандек эди. Бу туйғу ҳаётда ўз бошимдан ўтказган, жисмимда оғир асоратлар қолдириб улгурган айрим касалликлардан-да хатарлироқ ҳисобланмиш руҳий хасталик эканини тушуниб етишим учун ҳали анча вақт керак бўлади.
Кимларга замондош бўлмадим, неларни кўрмадим. Насиб этса, ҳали яна кўраман.
Советлар мамлакатидаги каби Ер кезғичида ҳам аҳоли тинимсиз кўпайиб бораётганди. Хомтамаликни қарангки, миллиардлардан бири бўлиб турган Анвар Обиджон шу тор-тиқинлик ичра алоҳида кўзга ташланиш учун ўзича терлаб-потирлаб ирғишлаётган эди.
* * *
Эркин Воҳидов билан учрашганимдан сўнг, бошкентга кетишим ойдинлашиб қолган чоғларда, куну тун ўйланиб, ўзимни тергаб юрдим. Ўпкангни янаям босиб ол, шоир. Эндиям енгилсанг, бари тамом дегани. Чоҳга ағдарилиш тугул, қаттиқроқ қоқинишдан ҳам асранишинг шарт. Емиши ерда бўлса-да, туяларга тепаланмаслик учун тўрғай учишни ўрганди. Тўрғай тажовузчи эмасди, шу боис туялар унинг ўзларидан баландда эканлигини малол олмади, зиён етказишга уринмади. Ҳар юмушда етти ўлчаб бир кесишинг, етмиш ўйлаб бир сўзлашинг; оғирчиликларга, ноҳақликларга, қадрланмасликларга, иғвогарликларга, ҳаттоки камситишларга – ҳамма-ҳаммасига сабр-тоқат билан чидашинг; ўзингни гоҳ анқовликка, гоҳ омиликка, гоҳ карликка солиб яшашинг; бири биридан дағдағадор девларнинг оёғи остида мажақланганча буткул ном-нишонсиз йўқолиб кетмаслик учун тиришиб-буришиб кучанмоғинг керак бўлади. Яна бир муҳими – эски кин-гиналарни кўнглингдан ёппасига супуриб ташла, янги жойга топ-тоза юрак билан кириб бор. Салобатини йўқотиб бўлган оиланинг нуфузини бошқатдан кўтармоқчи бўлсанг, шуларга қатъий амал қилишга қувват топ. Энг аввало, ўта шармандали ишга қўл уришдан, жиноят кўчасига кириб қолишдан, айниқса, эҳтиётсизлик ёки жаҳолат боис аҳмоқона ўлиб кетишдан ўзингни асра.
Кўриниб турибди, бу қадар эҳтиёткорлик, бу қадар ҳуркаклик кўнглимга мустаҳкам ин қуриб олса, бўйин қисиб яшаш даражасида қўрқоқлашиб кетмайманми; турмушда ўта қалтис вазиятга тушиб, назокатли туйғуларни четга суриб туриш зарурати туғилса, бу кўникмалар қуршовидан лоақал вақтинча суғурилиб чиқа оламанми, деб безиллаяпсан. Буни билмадим, лекин у томонини ўйлаб ўтираверсанг, бу томонда сезиларли силжиш юз бериши қийин…
Бунақа ўйларнинг адоғига ҳам, тагига ҳам етиб бўлмасди. Хаёлларга нуқта қўйишга интилардим – бу ёғини Худонинг ихтиёрига ҳавола қилиб, йўлингдан дангал бораверсанг-чи. Аммо бошга тушганнинг барини ҳам Худодан кўраверма, кўпига, барибир, ўзинг сабабчи бўласан.
Қандайлиги менга тузуккина маълум бўлган манзилда мени номаълум бир қисмат кутмоқда эди. Ўшанда ўттиз беш ёшга тўлаётгандим. Тошкентга кетиб, яна шунча яшайманми, йўқми, билмасдим. Униб-ўсаманми, тугалай оёқости бўламанми, буниси ҳам қоронғи эди. Тангрисини ҳануз хира-ярим таниб юрган мен чаламусулмон банда фақат бир нарсани – шу дамгача қай тарзда кун кечириб келганимни билардим, холос. Болалик – пошшолик, ўсмирликдан бошлаб эса, нуқул бахтимни қидириб яшадим.
Баъзан бошимда ажиб бир ўй эловланиб, ғойибдан келаётган товушдек, мени саволга тутарди – Яратгучининг амри ила ҳаётни янгитдан бошлашни истармидинг?
У вақтда қандай жавоб қайтаришни билмасдим, энди эса, ҳеч иккиланмасдан айта оламан: нелардан яйраб, нелардан ўксиган, кимларга талпиниб, кимлардан безиган бўлмайин; худди ўша муҳитда, айнан ўша одамлар билан бирга бошқатдан яшашга розиман. Бегона муҳит – бировнинг уйи, у ерда бирон-бир нарса кўзга иссиқ кўринмоғи даргумон. Берсангиз, яна ўзимнинг кечмишимни беринг. Фақат, жоиз топсангиз, биттагина саволим бор – янги ҳаётга, озгина бўлса-да, энг зарур ўзгартишларни киритиш мумкинми?
Мумкин бўлса, биринчи галда, лоақал, дадамни имкон қадар камроқ ранжитган, аямга кўпроқ дам берган бўлардим; тили ҳали бурроланмасдан вафот этган Ҳомитжон укам, Зуҳрахон синглимни кўз қорачиғимдек асрардим, уларни ўша лаънати дардларга чалинтирмасдим; болалигимда бошини тошда чақиб ўлдирган гуноҳсиз чумчуқчани энди секингина ердан олиб, тутдаги инига авайлабгина жойлаб қўярдим. Кейин… агар-р, яна мумкин бўлса…
Яна нималар қилай? Нималарни қилмайин? Ўзингиз шипшита қолинг, яхшилар…
Анвар ОБИДЖОН
“Шарқ юлдузи”, 2014–1
https://saviya.uz/ijod/nasr/ajinasi-bor-yollar/