ЖАҲОН АДАБИЁТИ ВА САНЪАТИ ҚИСҚАЧА ҚОМУСИ

ВАГНЕР РЕХАРД (Вельгельм Рехард Вагнер) – XIX аср жаҳон мусиқасининг йирик намояндаси, композитор, дирижёр, санъат назариётчиси. Вагнер 1813 йили Германиянинг Лейпциг шаҳрида таваллуд топган, 1883 йилда Италиянинг Венеция шаҳрида вафот этган. У йирик ислоҳотчи сифатида опера ва симфоник жанрнинг янги босқичга кўтарилишига улкан ҳисса қўшган. “Ман этилган муҳаббат”, “Фауст”, “Учар голландлар”, “Тангейзер”, “Валькирия”, “Рейн олтини”, “Зигфред”, “Худолар қатли”, “Тристан ва Изольда”, “Парсифаль”, “Нибелунг ҳалқаси” сингари асарлари жаҳон мусиқасининг мумтоз намуналари сафидан ўрин олган.

ВАЛЬС – оҳиста ижро этиладиган икки кишилик ёпиқ позициядаги бал рақси. Атама французча “valsе” сўзидан келиб чиққан. Вальс бутун дунёда кенг тарқалган рақс тури бўлиб, унинг ватани Германия ҳисобланади. Вальс­нинг илдизлари Европа халқларининг “Матеник”, “Фуриантэ”, “Вольт” номли рақсларига бориб тақалади. Мустақил рақс сифатида XVII асрда юзага келган ва XVIII асрдан бошлаб Австрия, Чехия мамлакатларида оммалашган. Вальс мусиқасининг ўлчови тез ва вазмин суръатларда бўлади. Аёл ва эркак жуфтлиги томонидан аниқ қадам ҳаракатлари орқали ижро этилади. Вальс опера, оперетта, балет каби мусиқали саҳна асарларида кенг қўлланилади. Фортепиано, симфоник оркестр учун вальслар яратилади. Вальс Европада кўплаб бошқа рақсларнинг пайдо бўлишига асос бўлган. Бугунги кунда вальс­нинг қуйидаги турлари мавжуд: Русча вальс, Вена вальси ҳамда фигурали вальс. Ижро этилиш суръатига кўра, тез суръатли вальс, ёпиқ позициядаги халқаро стандарт вальс, очиқ позицияда ижро қилинадиган вальс турлари тавсифланади.

ВАЛТОРНА – тенор регестридаги мис-пуфлама мусиқий чолғу асбоби. Валторна XVII аср ўрталарида оркестрда қўлланила бошлаган. Сознинг номи французчадан таржима қилганда (“Waldhorn”) “Ўрмон бурғуси” деган маънони билдиради. 1830-йилларга қадар бошқа мундштукли созлар каби вентилларга эга бўлмаган ва классик ва борокко мусиқасида ишлатилган табиий ҳолатида бўлган. Валторна учун Бах, Бетховен, Моцарт, Глиэр, Штраус каби буюк композиторлар асарлар ёзгани маълум. Валторнанинг бирлик ва иккилик турлари мавжуд. Валторна ва туба асосида тузилган “Вагнер тубаси” деб аталувчи бас-тенор регестрдаги мундштукли соз эса тузилиши жиҳатдан валторнага ўхшайди, товуши эса саксгорн созлари оиласига мансуб эуфониум чолғусига жуда яқин. Сознинг Вагнер номи билан аталишининг сабаби, буюк композитор уни ихтиро қилган ва илк бор ўз асарларида қўллаган. Вагнернинг “Нибелунг ҳалқаси” тетралогияси, Антон Брукнернинг симфониялари, Игор Ставинскийнинг “Муқаддас баҳор” балети, Рихард Штрауснинг “Электра”, “Соясиз аёл” опералари ва бошқа машҳур асарларда Вагнер тубаси садоларидан унумли фойдаланилган. Мазкур тубадан бугунги кунда жуда кам фойдаланилади.

ВАРИАЦИЯ – кўп маъноли тушунча бўлиб, лотинча “variatio” – “ўзгариш”, “алмашиш” деган маънони билдиради. Атама математика, статистика, биология, астрономия, иқтисодиёт, адабиёт, мусиқа, хореография соҳаларида қўлланилади. Мусиқа соҳасида вариация мусиқий асар мавзуси, куйи ёки жўр қисмининг турланишини билдирса, хореография санъатида тез суръатда якка тартибда ижро қилинадиган мумтоз рақс тушунилади. Шеъриятда вариация тушунчаси мавжуд шакллардан чекинган ҳолда ёзилган жумлани билдиради.

ВИРЖИНИЯ ВУЛФ – британиялик атоқли адиба, адабий танқидчи. ХХ асрнинг биринчи ярмида юзага келган модернистик адабиёт намояндаларидан бири. У 1882 йилда Англияда таваллуд топган, 1941 йилда вафот этган. Виржиния Вулфнинг адабий майдонга кириб келишида ўша даврда Англияда ташкил топган “Блумсбери” ижодий гуруҳининг таъсири катта. Вулф янгича қарашдаги мусаввирлар, шоир ва санъаткорларни бирлаштирган мазкур гуруҳнинг фаол аъзоси бўлган. Адиба “Дэллауей хоним”, “Маёқ сари”, “Орландо” романлари, “Ўз хонамда” эссеси билан Лондон адабий муҳитида катта шуҳрат қозонган. 1970-йилларга келиб, Вулф ижоди феминизм назариётчилари томонидан ҳар жиҳатдан тадқиқ этилиб, эътироф этилиши адиба асарларининг нуфузини яна ҳам оширади. Унинг асарлари дунёнинг ўн бешдан ортиқ тилига таржима қилинган. Виржиния Вулф умрининг сўнгги йилларида руҳий касалликка чалиниб, қирқ тўққиз ёшида вафот этган. Адибанинг “Соатлар” романи ва шу сингари деярли барча асарлари кинематографчилар томонидан экранлаштирилган.

ВОДЕВИЛЬ – комедик руҳдаги қўшиқ ва рақслардан иборат драматик асар жанри. Маълумотларга кўра, XVI асрда “Voix lt Ville” (“Шаҳар овози”) деб аталувчи эркин мазмундаги қўшиқлар мавжуд бўлган. Атама XVII асрда пайдо бўлиб, оддий халқ орасида мураккаб бўлмаган созлар жўрлигида куйланадиган сатирик мазмундаги қўшиқлар ривожланади ва улар “voudeville” деб аталади. XVII асрнинг иккинчи ярмида эса кичик саҳна томошаларида айтиладиган қўшиқлар “водевиль” деб ном олади. XIX–XX асрларда водевиль театр-эстрада томошаларининг асосий шаклига айланган. Француз инқилобидан сўнг мустақил томоша жанри сифатида бутун Европада оммалашади. Ҳатто водевиль “Америка шоу-бизнесининг юраги” деб атала бошлаган. 1792 йили Парижда илк “Водевиль театри” ташкил этилган. Ушбу жанрда Антон Чехов, Эжин Сркиб, Эжен Марин Лабаш, Нажак Эмиль, Александр Аблесимов, Александр Шаховский, Дмитрий Ленский, Александр Писаров, Николай Куликов, Федор Кони, Петр Каратигин, Каровкин сингари водевиль усталари ижод қилган.

Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА
тайёрлади

2019/1

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2019/06/28/%d0%b6%d0%b0%d2%b3%d0%be%d0%bd-%d0%b0%d0%b4%d0%b0%d0%b1%d0%b8%d1%91%d1%82%d0%b8-%d0%b2%d0%b0-%d1%81%d0%b0%d0%bd%d1%8a%d0%b0%d1%82%d0%b8-%d2%9b%d0%b8%d1%81%d2%9b%d0%b0%d1%87%d0%b0-%d2%9b%d0%be%d0%bc-5/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x