ЖАҲОН АДАБИЁТИ ВА САНЪАТИ ҚИСҚАЧА ҚОМУСИ

 

АБАЙ УЙ-МУЗЕЙИ – 1940 йил 16 декабрда Қозоғистоннинг Семипалатинск шаҳрида улуғ қозоқ шоири Абай Қўнонбоев таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан ташкил этилган. Бу уй дастлаб Анияр Молдабай ўғли исмли кишига тегишли бўлган. Абай 1854–1859 йилларда ўша ердаги Аҳмат Ризо мадрасасида таҳсил олган. Анияр Молдабай ўғлининг уйида Абай, Шакарим, Кокбай, Акилбай, Абдураҳмон, Тўрағул, Қақитай сингари маърифатли кишилар тез-тез йиғилишиб турган. Кейинчалик уй адабий-мемориал музейга айлантирилгач, унга қозоқ адабиётшуноси Қаюм Муҳаммеджанов раҳбарлик қилган. Ҳозирда музей давлат муҳофазасига олинган бўлиб, уй биносининг асл кўриниши сақланиб қолган. Музей фондида ўн уч мингдан ортиқ экспонатлар сақланади. “Абай ва унинг даври”, “Абайнинг овулдаги ҳаёти”, “Абай ижоди манбалари”, “Абай ижоди”, “Абайшунослик”, “Қозоқ халқи буюк шоир хотирасини улуғлайди” номли еттита мавзулаштирилган залда  архив ҳужжатлари, шоирнинг қўлёзмалари, фото материаллар, ноёб китоблар, тасвирий санъат намуналари, абайшунослик асосчиларидан Мухтар Авезовнинг асарлари ва этнографик манбалар сақланмоқда.

 

АГИОГРАФИЯ – пайғамбарлар, авлиёлар ҳаёти хусусида ёзиладиган асарларнинг умумлашма номи. Агиография атамаси юнонча сўздан келиб чиққан, насронийлик шарҳларида “илоҳиёт ҳақида ёзаман” деган маънони англатади. Агиографик асарлар бадиий адабиётнинг катта қисмини ташкил этади. Илоҳиёт, черков, авлиё-анбиёлар ҳаёти тарихий, ижтимоий, маданий, адабий нуқтаи назардан ўрганилиши мумкин. Улар услубий жиҳатдан биографик, ривоят шаклида бўлади. Бундай турдаги асарлар Шарқ ва Ғарбда азалдан ривожланган.

 

“АКТЁР ҲАҚИДА ПАРАДОКС” – француз маърифатпарвар адиби Дени Дидронинг 1773 йилда ёзилган рисоласи. Унда актёрлик санъати масалалари таҳлил этилган бўлиб, илк бор 1830 йилда нашр этилган. Дидро ушбу асарида ўзига қадар бўлган назариётчилар орасида биринчи бўлиб кечинма санъати билан тақлидий санъат орасидаги тафовутларни аниқ ва қатъий тарзда изоҳлаб берган. У актёр ижросида ақл-идрок устуворлиги тарафдори бўлади, аммо актёр ижодидаги ҳис-туйғунинг аҳамиятини ҳам инкор этмайди. У фақат ҳис-туйғу ва ақл-идрок оралиғида мувозанат зарур деб билади. Актёрлик санъатида классицизмга хос “ясамаликдан” воз кечиш, “дабдабабозлик”ни пасайтиришни таклиф қилади. Дидронинг фикрича, тафаккур актёри совуққон, лекин уқувли бўлиб, қаҳрамонини теран ҳис қилаётгандек таассурот қолдиради, ўз навбатида томошабинни ҳам ҳаяжонга солади. Чинакам кечинма актёри эса аксинча, ўз ҳисларига ғарқ бўлиб, томошабинни ҳаяжонга сололмаслиги мумкин, деб ҳисоблайди. Лекин ҳиссиётнинг кучини ҳам инкор этмайди. Актёрлик санъатининг ана шундай парадоксиал жиҳатларини таҳлил этиб, уларни умумлаштириш тамойили хулосага айланади. Дидро олға сурган шундай тамойиллар саҳна санъатида реализмнинг ривожланишида муҳим омил бўлган.

 

АСҚАР ФАРҲОДИ – эрон кинорежиссёри. 1972 йилда Эроннинг Исфахон вилоятида таваллуд топган. 1996 йилда Теҳрон университетини тамомлаб, “Эрон Республикаси ислом овози” радиосида фаолият юритган. Кино соҳасига кириб келиши қисқа метражли фильмлардан бошланган. “Эрон ёш кинематографлари жамияти ” га тақдим этган ўн олти дақиқалик илк фильми билан назарга тушган. Кинорежиссёр сифатида профессионал фаолиятини 2003 йилда “Тўзондаги рақс” тўлиқ метражли бадиий фильми билан бошлаган. Мазкур фильм билан миллий ва халқаро фестивалларда эътироф этилган. У бугунги кунга қадар “Ажойиб шаҳар”(2004), “Мушакбозлар орасида”(2006), “О, Элли”(2009), “Нодира ва Симиннинг ажрими”(2011), “Ўтмиш”(2013), “Коммевояжер”(2016) каби муаллифлик фильмларини суратга олган. “Нодира ва Симиннинг ажрими” фильми учун Оскар, Канн, Вафта, Берлин каби нуфузли кинофестивалларда турли номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритган.Фильмлари дунёнинг бир неча тилларига таржима қилинган.

 

 АТТИКА КОМЕДИЯСИ – янги аттика комедияси деб ҳам юритилади. Юнонистонда пайдо бўлган драматургиянинг сўнгги жанри. Юнон театрида эрамиздан аввалги IV – I асрлар, яъни, эллинизм даврига келиб, драматургия, актёрлик, театр биноси меъморчилиги жиддий равишда ўзгаради. Эллинизм даври театри демократик Афина театридан кескин фарқ қилади. Муаммонинг ўткирлиги, жиддий ижтимоий-сиёсий масалаларни ўртага қўйиш бу комедия учун хос эмас. Лекин характерларни ишлаш ва хатти-ҳаракатларни кескинлаштириш борасида мазкур комедияда муайян силжишлар қилинган. Юнонистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз берган ўзгаришлар бу комедияда ўзига хос акс эттирилган. Олам тартиботининг илоҳиятга боғлиқлиги ҳақидаги тасаввур ҳамда одиллик тантанасига ишонч ўрнини тасодиф қудратига ишонч эгаллайди. Янги Аттика комедиясида ўзаро тўқнашувнинг туғилиши ҳам, ҳал этилиши ҳам тасодиф билан белгиланган. Бу комедиянинг вазифаси замонавий воқеаликни оилавий-маиший турмуш доирасида тасвирлашдан иборат эди. Унда севги-муҳаббат мавзуси асосий ўринда туради. Бу комедия тузилиши жиҳатдан ҳам қадимги сиёсий комедиялардан тубдан фарқ қилиб, унда парод, парабаза, хорнинг вазифаси йўқолган ва фақат танаффус вақтидагина хор ижросидан фойдаланилган. Лекин хотин-қизлар ролларини, аввалгидек, эркаклар ўйнаган ва ниқоб ҳам сақланиб қолаверган. Ижрода эса пафосдан чекиниб, оддийликка қараб борилган. Аттика комедияси кўплаб драматурглар ижодида акс этган. Бироқ, улар орасида Менандр энг машҳури ҳисобланади. Унинг юздан ортиқ пьесаларидан жуда оз қисми бизгача етиб келган бўлиб, “Одамови” пьесаси Зоҳир Аълам томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.

 

Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА

тайёрлади.

 

2018/2

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:

https://jahonadabiyoti.uz/2018/04/24/%d0%b6%d0%b0%d2%b3%d0%be%d0%bd-%d0%b0%d0%b4%d0%b0%d0%b1%d0%b8%d1%91%d1%82%d0%b8-%d0%b2%d0%b0-%d1%81%d0%b0%d0%bd%d1%8a%d0%b0%d1%82%d0%b8-%d2%9b%d0%b8%d1%81%d2%9b%d0%b0%d1%87%d0%b0-%d2%9b%d0%be%d0%bc-2/

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о
guest

0 комментариев
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x